close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

095. Тийн сураси

 Маккада нозил бўлган, 8 оятдан иборат.
Бу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи сўзидан олинган.Аллоҳ таоло бу сурани «Тийн»–«Анжир» ила қасам ичиш билан бошлагани учун ўша калима унга ном бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло аввалги сурада комил инсон–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида сўз юритди. У зот Аллоҳ таоло яратган махлуқот ичида энг мукаммалидир. Бу сурада эса сўз умумий инсон нави ҳақида кетади, унинг оқибати нима бўлади, Аллоҳ иймон келтирганларга нималар тайёрлаб қўйгани ҳақида сўз кетади.
«Тийн» сураси анжир, зайтун, Тури Сийно ва эминлик юрти–Маккаи Мукаррама ила қасам ичиб, инсонниАллоҳ таоло энг гўзал суратда яратганини таъкидлаш билан бошланади.
Сўнгра эса, Аллоҳ таолонинг адолатини баён қилиб, мўминга савоб, кофирга иқоб берилишини таъкидлаш ила тугайди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам.
Аллоҳ таоло бу меваларнинг манфати улуғ бўлгани учун улар билан қасам ичмоқда.
Бу ояти кариманинг иккинчи таъвилига биноан, анжир ва зайтун ила қасам ичишдан мурод, ўша мевалар кўп ўсадиган макон-Байтул Мақдис ила қасам ичишдир. Чунки, кейинги оятларда Тури сийно ва Маккаи Мукаррама каби Пайғамбарларга ваҳий нозил бўлган жойлар ила қасам ичилмоқда. Шунинг учун бу оятларда ҳам анжир ва зайтун билан эмас, улар кўп ўсадиган ер–Байтул Мақдис билан қасам ичилмоқда. Чунки, у жой ҳам Пайғамбарларга ваҳий тушган жойдир.

2. Ва Тури Сийно билан қасам.
Тур тоғи Аллоҳ таоло билан Мусо алайҳиссалом сўзлашган тоғ. У Сийно ярим оролида жойлашган. «Сийно»нинг луғавий маъноси муборак деганидир. Бу макон ҳам Аллоҳнинг ҳузурида эътиборли бўлгани учун унинг номи билан қасам ичмоқда.

3. Ва мана бу эминлик юрти (Макка) билан қасам.
Маккаи Мукарраманинг Аллоҳ таоло ҳузурида қадри қанчалик улуғ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳеч қаерда у жойдан муқаддасроқ макон йўқ. Маккада қадимдан бировни уриш, сўкиш, ҳайвон, ҳашаротлар ва ҳатто ўсимликлар, тиконларга ҳам зарар етказиш ман қилинган.

4. Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик.
Аллоҳ инсоннинг жасадини ҳам, ақлини ҳам, руҳини ҳам энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум.

5. Сўнгра уни асфала сафилинга қайтардик.
Яъни, инсон ёмон ишлари, нотўғри ҳаракатлари туфайли пасткашларнинг ҳам пасткаши бўлиб кетади.
Аллоҳ таоло фаришталарни ақлли этиб, ҳавои нафссиз қилиб яратди, яъни уларда еб-ичмоқ, жинсий ҳожат, ҳою-ҳавас каби хусусиятлар йўқ. Шунинг учун улар доимо ибодатда бўладилар, гуноҳ ишларни қилмайдилар.
Ҳайвонларни эса ақлсиз, фақат жисм ва жинс талаблари билан яратди. Уларда еб-ичмоқ, жинсий хирс бор-у, ақл йўқ, шунинг учун улар қилган ишларига жавобгар эмаслар.
Аммо инсон Аллоҳ яратган нарсалар ичида энг мураккаби. Унда ақл ҳам бор, ҳою-ҳавас ҳам бор. Шунинг учун инсон ҳою-ҳавасдан устун чиқиб, Яратганига ибодатда бўлса, фариштадан ҳам афзалроқ мартабага эришди. Аммо ҳавои нафси, ҳайвоний ҳирслари ақлидан устун келиб нафснинг айтганидан юрадиган бўлса, ҳайвондан ҳам баттар ҳолатга тушади. Ана ўшанда асфала сафилинни кўраверади. Шунинг учун ҳам аввалги оятдаги пасткашлардан келаси оят иймонли ва солиҳ амалларни қилувчиларни истисно қилади.

6. Магарам иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларга миннатсиз ва узлуксиз ажрлар бордир.
Фақатгина ҳақиқий мўминлар, иймонлари тақазоси ила солиҳ амалларни қилиб юрганлар асфала сафилинга қайтарилмайдилар. Аксинча улар иззат–эҳтиромда бўладилар. Уларга ҳеч миннат қилинмайдиган ва ҳеч кети узилмайдиган ажрлар берилади.

7. Бас, сени охиратни ёлғонга чиқаришга нима олиб келур?!
Ҳамма нарса аён бўлди: Сени Аллоҳ таоло йўқдан бор қилганлиги ҳам, энг яхши сувратда яратгани ҳам, иймон келтириб амали солиҳ қилганлар охиратда кети узилмайдиган ажрга сазовор бўлиши ҳам, бошқалар асфала сафилин бўлиши ҳам. Энди, сени нима охиратни, ундаги ҳисоб-китобни ва жазони ёлғонга чиқаришга ундайди? Аллоҳга иймон келтириб, У зотга итоат ва ибодат қилсанг бўлмайдими?

8. Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси эмасми?
Ривоятларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларидан сўнг «ва ана ала залика минаш шаҳидийн», деб ўқисин, деганлар. Маъноси: «Ва мен ҳам ўша нарсага шоҳидларданман».
Албатта, Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси–одилидир. Ҳар бир бандасининг амалига яраша адолат билан ҳукм қилади.
Барро ибн Озибдан қилинган ривоятда айтилишича, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардаги намозларнинг бир ракаатига «Ват тийн»ни зам қиларканлар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase