close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

096. Алақ сураси

Маккада нозил бўлган. 19 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг иккинчи оятидаги «алақ» сўзидан олингандир. «Алақ» сўзини тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» маъносини англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум зулук номли чувалчангга ўхшаш, қон сўрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган ҳайвонни араблар «алақ» дерлар. Араб тилида «алақ» ўзаги эса ёпишиб, осилиб олиш маъносини англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб-осилиб олгани учун «Алақ» номини олган. Аммо, барча тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган қон» маъносини берганлар. Чунки, онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки, эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқабатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни қотган қон, лахта қон, деб тафсир қилганлар. Улардан олган маълумотларимизга кўра биз ҳам «Тафсири Ҳилол»нинг биринчи нашрида худди шу маънони келтирганмиз.
Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши ила Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказила бошлади. Ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳайвончалар зулукка ўхшашлигини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғини аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг сувратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ-зулук аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар. Бу Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига далил эмасми?! Қуръоннинг биринчи нозил бўлган лафзлари шунчалик мўъжизаларни ичига олганлиги ҳаммани иймонга, Исломга, тоат-ибодатга чорлаши керак эмасми?! Бу моддий мўъжиза Қуръони Каримнинг иккинчи оятида ўз аксини топган бўлса, унинг биринчи оятида энг улкан мўъжиза, маънавий мўъжиза ўз аксини топгандир. Бу сўз–«Иқроъ»–«Ўқи!»-сўзидир. Ҳа, мана шу сураи карима Қуръони Каримнинг энг аввал тушган сурасидир. Муҳаммад алайҳиссалом Ҳиро ғорида ўзларича ибодат қилиб ўтирганларида, кунлардан бир кун Жиброил (алайҳиссалом) фаришта шу суранинг аввалги беш оятини келтирганлар, қолган оятларни эса кейинроқ олиб келганлар.
Энг муҳими, биринчи сўз «Иқроъ»–«Ўқи»дан иборат бу хитоб ўқиш-ёзишни билмайдиган халқдан чиққан, ўқиш-ёзишни ўрганмаган зотга бўлганидур. Бу хитоб ўқишга ва илмга даъватдир ва Ислом ўзининг биринчи лаҳзаларидан бошлаб илм тарқатиш, жаҳолатни йўқотиш учун келганидан нишонадир.
«Алақ» сураси инсонни алақдан халқ қилган, акрам сифатига эга бўлган, қалам билан таълим берган, инсонга у билмаганини билдирган Робби номи билан ўқишга амр қилишлар билан бошланади.
Сўнгра илмсиз бўлиб молу дунё туфайли туғёнга кетган инсон ҳақида сўз юритилиб, қайтиб бориш Роббининг ҳузуригагина бўлиши таъкидланади.
Кейин эса, туғёнга кетганларнинг биттаси қилган кирдикор мисол қилиб келтирилади.
Хотимада эса, ўша туғёнга кетган кофир ўз залолатидан, туғёнидан қайтмаса, оқибати ёмон бўлиши таъкидланади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали барча мўмин- мусулмонларга туғёнга кетган осийларнинг таҳдидидан қўрқмай, Аллоҳнинг тоатида ва ибодатида бардавом бўлиш амр қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Яратган Роббинг номи билан ўқи.
Демак, ўқиш, илм талаб қилиш Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши, бойлик, мансаб, шон-шуҳрат ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун бўлмаслиги керак экан.

2. Ул инсонни алақдан яратди.
Эрнинг манийси аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб урчигандан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб ҳомила бўлади. У эса зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «Алақ»дан мурод шу.

3.Карамлиларнинг карамлиси бўлган Роббинг  ила ўқи!
4. Ул  қалам билан илм ўргатгандир.
5. Ул инсонга билмаган нарсасини ўргатди.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ушбу беш оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида «таҳаннус»-деб номланган ибодат қилиб ўтирганларида нозил бўлган. Бу муборак беш оят, илоҳий дастур–Қуръони Каримнинг инсониятга етиб келган бош дебочасидир. Худди ушбу беш муборак оят нозил бўлган ондан бошлаб, инсоният ўз тарихидаги энг бахтли, эн нурафшон лаҳзаларини яшашга бошлади. Ушбу муборак беш оят нозил бўлган лаҳзадан бошлаб, инсоният ўз Роббисининг абадий мўъжизаси, қўлланмаси–Қуръони Каримни қабул қилиб ола бошлади. Ушбу муборак беш оят туша бошлаши ила Аллоҳ таолонинг Ўзи шахсан бандаларининг мукаммал дастурни татбиқ қилишларига аралаша бошлади. Бу инсониятнинг камолга етганлиги аломати эди. Аллоҳ таоло томонидан унга муваққат эмас, доимий ва баркамол шариатни ато қилишни бошлаган эди.
Инсоният тарихидаги бу улкан ҳодисани таърифлашга сўз ожиз. Кўпчилик қўлидан келганича бу ишни қилишга уриниб кўрган. Ана ўша уринишлардан бир мисол келтирамиз.
Аллома Исмоил ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирларида бу ҳақда қуйидагиларни ёзадилар: Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш «алақ»дан бўлганига ишора бордир. Инсонга у билмаган нарсани таълим бериш У зотнинг карамидан эканлигига ишора бордир. Аллоҳ уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир».
Ҳа, мана шу оятларда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат асбоби бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким билмаган ҳам. Лекин Қуръон илоҳий китоб бўлганидан бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларида берди.
Ундан сўнг келаси оятларда инсон табиатининг баъзи хусусиятлари баён қилинади. Жумладан, агар у бой бўлиб, молу мулкка эга бўлса туғёнга кетади. Ҳаддидан ошади.

5. Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур.
6. Гар ўзини бой кўрса.
8. Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир.
Инсон бойлик, мансаб орттирса, дарров туғёнга кетади, ҳовлиқади, ҳаддидан ошади. Ҳа, ўзини билмаган ва шу ўзини билмаслигаи оқибатида Роббисини ҳам тан олмаган инсон ўзини бой кўрса, туғёнга кетади. Босар тусарини билмай қолади. Ўз бойлигини, ўз беҳожатлигини ўзгалардан устунлик деб ўйлайди. Ундоқ одам туғёнга кетиб, ҳаддидан ошади ва турли гуноҳларни содир этади.
Ўша туғёнга кетган инсон билиб қўйсинки,

8. Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир.
Ҳа, қиёмат куни барибир ҳамма Аллоҳга қайтади. Ўшанда ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби бўлади, буни ҳечким унутмасин.
Энди келаси оятларда одамларнинг–Аллоҳнинг ибодатидан қайтарувчиларнинг ёмонлиги ҳақида сўз кетади.

9. Қайтарганни кўрдингми?!
10. Бандани намоз ўқиётганида?!
Яъни, намоз ўқиётган бандани намоздан қайтарувчининг, уни намоз ўқитмасликка ҳаракат қилувчининг туғёнга кетганни кўрдингми?
Ривоятларда келишича, Макка мушриклари раҳбари Абу Жаҳл, Муҳаммадни Каъба ёнида намоз ўқиётганини кўрсам, бўйнидан оёғим билан босаман, деган экан. Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда у зот, менга яқинлашса, уни фаришталар олиб кетишади, деган эканлар. Шунга биноан бу оятлардаги намоз ўқувчидан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, намоздан қайтарувчи эса Абу Жаҳлдир.

11. Айтинг-чи, агар ўша ҳидоятда бўлса,
12. Ёки тақвога чақирса,
яхши бўлмасмиди? Албатта яхши бўларди. Лекин утуғёнга кетган инсон ҳидоятда бўлиш ўрнига, кишиларни тақвога чақириш ўрнига, Аллоҳнинг суюкли бандаси намоз ўқиса уни намоздан қайтариш пайидан бўлиб юрибди.  
                        
13. Айтинг-чи, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса,
14. Аллоҳ  уни кўриб туришини билмасми?
Яъни, ўша туғёнга кетган инсон Аллоҳнинг динини ёлғонга чиқараётганини  ва иймондан юз ўгириб кетаётганиниАллоҳ таоло кўриб туриши билмайдими?! Ахир Аллоҳ таоло унинг барча қилмишларини кўриб турибди ва албатта қилган гуноҳларининг жазосини беради –ку!

15. Йўқ! Агар қайтмаса, пешонасидан, шиддатла тутамиз!
16. Ёлғончи, хатокор пешонасидан!
Агар мазкур кофир ва туғёнга кетган банда куфридан ва туғёнидан қайтмаса, шу ҳолида юраверса, қиёмат куни Биз уни хатокор пешонасидаги сочидан тортиб дўзах томон судраймиз. Ана ўшанда...

17. Бас, у ўз тўпини  чақирсин.
Яъни, ўша туғёнга кетган инсон Биэ уни пешонасидан тутиб шиддатла жаҳаннам томон судраганимизда, ёрдамга ўз тўпини–ошна–оғайниси, ёру биродари, хешу ақробоси ва бошқаларини чақирсин.

18. Биз ҳам забонияларни чақирурмиз.
Яъни, Биз ҳам дўзахийларни азобловчи фаришталарни чақирамиз. Дўзахнинг ишини бошқариб, дўзахиларни азобловчи фаришталар «Забония», деб номланадилар. Демак, қиёмат куни бу дунёда молу мулкига ишониб туғёнга кетган кофир ва осийлар ўзларига ёрдам берувчи топа олмайдилар. Улар бу дунёда пулнинг кучи билан хоҳлаган ишлари учун, хоҳлаган вақтларида, хоҳлаганларича ёрдамчи топиб ўрганиб қолган эдилар. Охиратда ундоқ бўлмайди. Улар залолатдадирлар.

19. Йўқ! Сен унга итоат қилма!  Сажда қил ва қурбат ҳосил қил.
Яъни, сен ҳеч қачон ундоқ туғёнга кетган хатокорга эргашма! Сен Аллоҳга сажда қил ва У зотга қурбат ҳосил қил. Ушбу оят сажда оятларидандир. Ким уни ўқиса ёки эшитса, тиловат саждасини қилиш вожиб бўлади.
Имом Муслим улкан саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда Аллоҳга энг яқин бўлган пайти–сажда пайтидир, у пайтда дуони кўп қилинглар», деганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase