(Маккада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Мадинада нозил бўлган ҳам дейилади.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. (Эй Муҳаммад!) Мунофиқлар ҳузурингизга келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», - дерлар. Сиз Унинг пайғамбари эканингизни Аллоҳ албатта билур ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик берур.
Аллоҳ азза ва жалланинг «(Эй Муҳаммад!) Мунофиқлар ҳузурингизга келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», - дерлар» ояти тафсирига келсак, муфассирлар Аллоҳ таолонинг «Гувоҳлик берамизки...» деган сўзининг таъвили борасида ихтилоф қилганлар. Баъзилар, уни «қасам ичамиз» маъносида, бошқалар «шаҳодатнинг ибтидоси» маъносида таъвил қилганлар. Ким уни «қасам» маъносида талқин этса, кейинги оятни қуйидагича қироат қилган:
«(ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб».
Кимки уни шаҳодатнинг ибтидоси маъносида талқин қилган бўлса, мазкур оятни қуйидагича қироат қилганлар:
«Имонларини, яъни тасдиқларини қалқон қилиб олишиб».
У битта қироатли оят эмас, балки иккала лафз билан икки маънода қироат қилинган. Валлоҳу аълам!
Фақиҳ (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад!) Мунофиқлар ҳузурингизга келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», - дерлар» ояти ҳақида бундай деган: «Мунофиқларнинг барчаси тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келмаганлар, балки баъзилари келган, холос. Шунингдек. Аллоҳ таолонинг [нашҳаду] - «Гувоҳлик берамизки, ...» деган сўзига келсак, у баъзи таъвилларда [нуқсиму] - «қасам ичамиз» маъносида талқин қилинган. Қасам кимгадир эргашувчи, қуйидаги инсонларнинг иши эмас, балки у улуғларнинг ва бошлиқларнинг феълидир. Демак, бу мунофиқларнинг баъзиси қасам ичганига далолат қилади. Сўнгра, Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзисини (мунофиқларнинг барчасига далолат қилувчи) [куллу] лафзи замирига киритиб зикр қилди. Демак, бундан зоҳирдан умумни ифодалайдиган сўз, ўз остига кирувчи барча нарсани қамраб олмаслиги маълум бўлади. Лекин бундай ҳолатда сўзнинг маъносига ва ҳақиқатига қаралади. Умумни ифодаловчи лафзнинг умумий маънони ифодалашига бирор далил бўлса, у умумлигича қолади. Борди-ю, уни хослашга бирор далил бўлса, у хос маънода талқин қилинади. Валлоҳу аълам!
«...ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик берур». Мунофиқлар: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», деганлар бўлса, нимага Аллоҳ таоло уларга қарата: «...ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик берур», демоқда. Ҳолбуки, мунофиқлар ўз тасдиқларида ростгўй эдилар. Оятдаги айни шу сўзлар кишини ўйга толдиради.
Фикримизча, бунинг маъноси бундай бўлади: «Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқанинг олдида (у зотга) қарши эканликларини ва ёлғончига чиқаришларини айтгани учун маломат қилинадилар. Улар бу қилмишимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билиб қолдилар деган ўйда, гўё узр айтиш илинжида у зот ҳузурларига келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз». Биз ҳақимизда Сизга етиб келган сўз ёлғон, уни биз айтмадик», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Улар: «Биз бундай демадик» деб айтган сўзларида ёлғончи-дирлар», деб хабар берди. Валлоҳу аълам! Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай деган:
«(Ёмон сўз) айтмадик, деб қасам ичадилар. Ваҳоланки, куфр сўзини айтганлар» (Тавба сураси, 74-оят).
Оятнинг маъноси шундай бўлиши ҳам мумкин: «Албатта, биз тилимиз билан намоён қилганимиздек, қалбимизда (ҳам) сизни Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берамиз». Шунда, Аллоҳ таоло (улар ҳақида) хабар берди: «...мунофиқлар ҳақиқатан ёлғончи...» Яъни «қалбимизда имон бор» деб айтган сўзларида ёлғончидирлар. Аллоҳ таолонинг (мунофиқлар тилидан) «...гувоҳлик берамизки...» деган сўзи «қалбимизда сизнинг рисолатингизни биламиз» деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
Мунофиқларнинг: «Рисолатингизни қалбан биламиз» деб айтган сўзлари борасида, Аллоҳ таоло: «Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик берур», деди. Улар оятлар ва далиллар орқали Расулуллоҳнинг рисолати ҳақида маълумотга эга бўлишлари лозим эди. Аммо улар бу илмга нисбатан паст назар билан қараб, ўжарлик ила ундан юз ўгирдилар. Натижада, бу илм улар учун том маънода мажҳул нарсага айланди. Сўнг улар қалбларидаги нарсадан хабар бериб: «Бу ҳақда маълумотга эгамиз» дейишди. Лекин Аллоҳ таоло: «Улар Пайғамбарнинг рисолатини биламиз, деб айтган сўзларида ёлғончидирлар», деб хабар берди. Валлоҳу аълам!
«Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дейишга уларни ундаган нарса нима эканини билиш лозим. Аксарият мўминлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашганларида бундай дейишмас эди. Мунофиқлар нима учун бундай деб айтган бўлишлари мумкин? Наздимизда, маъноси бундай: «Улар Аллоҳ ва Расулини алдашга одатланганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларни шу сўз билан имтиҳон килди». Валлоҳу аълам!
Мунофиқлар ўз одатларига кўра иш тутган бўлишлари ҳам мумкин. Улар одатда бирор мусулмон билан учрашиб қолса: «Сизлар каби биз ҳам имон келтирдик», дейишарди. Мабодо. мушриклар билан учрашиб қолишса: «Биз, сизлар билан биргамиз, фақат биз (мўминларнинг устидан) истеҳзо қилувчимиз, холос», дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолишса, одатларига кўра: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дер эдилар. Чунки улар йўлда учратган кишининг динидан келиб чиқиб, у билан муомала қилишарди. Валлоҳу аьлам!
Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бўлганлари ва ёлғончига чиқарганларининг хабари Пайғамбаримизга етиб боришидан хавфсирашиб, қачон у зот билан учрашиб қолишса: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дейишар эди. Мабодо улар айтган сўз Расулуллоҳга етиб борган бўлса, бу билан улар гўё узр сўрагандай бўлишарди. Эътибор берсангиз, Аллоҳ таоло уларнинг ҳолати ҳақида бундай деган:
«Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устиларига (тушаётган бало ва офат деб) гумон қиладилар» (Мунафиқун сураси, 4-оят).
Мунофиқлар қалбларидаги нифоқнинг ёмонлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашган ҳар бир одам борасида: «У биз ҳақимизда Расулуллоҳ билан гаплашяпти», деб гумон қилишар эди. Юқоридаги оят ҳам худди шундай талқин қилинади. Валлоҳу аълам!
Бу ўринда (Аллоҳ таоло мунофиқлар тилидан): «Гувоҳлик берамизки...» деди. Оятда, «Аллоҳ ҳаққи, гувоҳлик берамиз», дейилмади. Чунки бундан қасам маъноси тушунилади. Урфда мўминлар Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичадилар. Шунинг учун «Аллоҳ ҳаққи» деган сўз ўрнига «Гувоҳлик берамизки...» деган сўз билан кифояланилди. Бу асҳобларимизнинг: «Қасам талқинида Аллоҳ таолонинг «Гувоҳлик берамизки...» деган сўзи қасам маъносидадир», деб айтган сўзларига далилдир. Юқорида унинг маъносига ишора қилдим. Валлоҳу аълам!
2. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилиб юрган амаллари нақадар ёмондир!
«Аллоҳ йўлидан тўсдилар». Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи борасида икки хил таъвил бор: Биринчиси, тўсдилар, яъни ўзлари Аллоҳга итоат қилиш ва У Зотнинг Расулига имон келтиришдан юз ўгирдилар. Иккинчиси, оддий, заиф кишиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан, имон келтиришдан тўсдилар.
Аллоҳ таолонинг «Уларнинг қилиб юрган амаллари нақадар ёмондир!» деган сўзи «Уларнинг далил ва ҳужжатлардан юз ўгириб, куфрни имондан устун қўйишлари нақадар ёмон!» деган маънони англатади. Шунингдек, оят «Заиф-ночорларни ва эргашувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришдан тўсишлари нақадар ёмон!» деган маънони англатиши ҳам мумкин.
3. Бунга сабаб уларнинг (тилларида) имон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (ҳақиқатни) англай олмаслар.
Аллоҳ таолонинг «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) имон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир» ояти борасида икки хил таъвил бор: Биринчиси, улар тиллари билан имон келтириб, сўнгра қалблари билан кофир бўлдилар. Иккинчиси, ҳақиқатда имон келтиришиб, сўнгра куфр келтиришди. Яъни улар Бадр куни мусулмонларнинг оз сонли бўлганларига. ночарликларига қарамай, кофирлар устидан ғалаба қозонганларига гувоҳ бўлишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришди. Шундан кейин, улар: «Мусулмонлар энди асло енгилишмайди» деб ўйлаб қолишди. Сўнгра, Уҳуд куни мусулмонлар мағлуб бўлиб, мусибатга дучор бўлишгач, улар имонларида саросимага тушиб, иккиланиб, яна кофир бўлдилар. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам ўз аксини топган:
«Одамлар орасида Аллоҳга шак узра ибодат қиладигани ҳам борки, унга яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирор бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур» (Ҳаж сураси, 11-оят).
Аллоҳ таолонинг «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) имон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир» ояти ҳам айни шу маънодадир. Оятдаги «Бу...» сўзи уларнинг нифоқи, қасамлари ва «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» деган сўзларни айтишларига сабаб бўлган нарсага, яъни аввал имон келтириб, сўнгра кофир бўлганларига ишорадир. Уларда имоннинг ҳақиқати ҳам, куфрнинг ҳақиқати ҳам топилмаган бўлиши мумкин. Улар дунё ва унинг кўплиги қизиқтирган қавм бўлиб, дунё ким билан бўлса, ўша билан эдилар. Агар бойлик мўминларнинг қўлида бўлса, ўзларини мўмин деб намоён қилишар, борди-ю, бойлик кофирлар қўлида бўлса, ўзларини кофир сифатида кўрсатишар эди. Уларда на имоннинг ҳақиқати ва на куфрнинг ҳақиқати топилган.
Мадад Аллохдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди» оятидаги «муҳр» сўзи қалбларидаги тўсиқ ва зулматга нисбат бўлиши мумкин. Шу сабабли уларнинг қалблари ҳақни ва унинг ҳужжатини кўролмай қолди. Қалб торайиб, ўз манфаати ва зарарини кўролмай қолиши учун Аллоҳ таоло қалбни куфр зулмати билан чулғаб қўяди. Кўрса ҳам, зулмат ёғдусида кўради. Натижада, у қандай бўлмасин, кофир бўлади. Ушбу ҳолат қалбнинг муҳрланиш суратидир, яъни уларнинг куфр билан шуғулланиб, уни касб қилиб олишлари (зулмат каби) қалбларини қоплаб олиб, ҳақиқат ва унинг ҳужжатларини кўришдан тўсиб қўяди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Энди улар (ҳақиқатни) англай олмаслар» ояти «Улар англай олмайдилар, чунки уларнинг қалбларига муҳр урилган. Акс ҳолда, ҳақдан ва очиқ-ойдин далиллардан юз ўгирмаган бўлар эдилар» деган маънони англатиши мумкин. Сабаби, улар ўзларини ҳақ узра деб ўйлар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Ҳақни англай олмайдилар» деб хабар берди. Уларнинг қалбларига муҳр урилгани сабабли ўзларини ҳақ узра деб билиб, барча ҳимматларини дунёвий фойда ва зарарларга қаратишди. Улар Аллоҳ таолонинг яна бир (охират) диёри ҳам борлигини, унда амалларига яраша жазо ёки мукофот олишларини англаб етганларида, эътиқод қиладиган дин лозимлигини билган ҳамда ўзларининг (дунёвий) фойда ва зарарларига қарамаган бўлар эдилар. Мадад Аллохдандир!
Аллоҳ таолонинг «Улар англай олмаслар» ояти улар Аллоҳ таолони ҳамда Унинг Уз расулига итоат қилишлари, эргашишларига буюрганини ва ибодатга чорлаганини англамайдилар. «Улар англай олмаслар» ояти «Улар ҳаддан ошганлардир» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Албатта, Аллоҳ таолонинг бошқа ҳовлиси (охират диёри) бор, унда уларнинг (дунёда) нима амаллар қилганини сўрайди ва барчасига жазо ёки мукофот беради.
Сўнг, Аллоҳ таоло [лаа яфқоҳуун] - «Улар англай ол-маслар» деди-ю,[лаа яъламуун] - «билмаслар» демади. Чунки бир нарсанинг воситасида иккинчи нарсани билишга араб тилида [ал-фиқҳу] - «англаш» дейилади. Демак, Аллоҳ таоло уларнинг дунё орқали охиратни англамаганлари ҳақида хабар берган. Ибн Сурайж(Ибн Шурайҳ. Аҳмад ибн Сурайж ал-Бағдодий Абул Аббос. Шофеъийлар фақиҳи. Бағдодда туғилиб, ўша ерда 306/918 йили вафот этган. Зириклий. Ал-Аълом. 1/185.) раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Фиқҳ - бир нарсани ўзининг ўхшашига далолат қилувчи маъно билан билишдир», деган. Бизнинг наздимизда, «фиқҳ» - бир нарсани ўзидан бошқасига далолат қилувчи маъно билан билишдир. У «бошқа» хоҳ унга ўхшаш бўлсин ёки бўлмасин. Чунки ким яратиқларни ўз маъноси ила билса, бу уни Сонеъ (Аллоҳ таоло)ни танишга йўллайди. Ким дунёни билса, таниса, бу уни охиратни англашга олиб боради. Ҳолбуки, у иккиси бир хил нарса эмас. Фиқҳ ва илм ўртасида бир жиҳатдан фарқ бор бўлса-да, аслида у иккиси бир маънони англатади. Чунки «илм» деб бир нарсанинг инсонга тажаллий этиши ва ўз-ўзидан зоҳир бўлишига айтилади. «Фиқҳ» эса, бир нарсани далил сифатидаги бошқа нарса воситасида билишдир. Нарсалар Аллоҳ таолога тажаллий қилгани учун: «Аллоҳ олим», дейиш мумкин. Аммо «Аллоҳ фақихдир», дейиш мумкин эмас. Чунки У Зот нарсаларни далиллар воситасида билмайди (балки, Узининг илми ила барча нарсадан хабардордир). Тавфиқ Аллоҳдандир!
[ал-ҳикмату] - «ҳикмат» нарсаларни ўз ўрнига қўйишдир. [ал-ийқону] - «аниқ ишонч» сабаблар намоён бўлиши натижасида пайдо бўлади. Шунинг учун: «Аллоҳ таоло ҳаким (ҳикматли Зот)», дейиш мумкин, аммо «Аллоҳ мувқин (аниқ ишонч эгаси)» деб бўлмайди. Мадад Аллохдандир!
4. Уларга қарасангиз, уларнинг гавдалари сизни ажаблантирур, сўзлаганларида сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз. Улар гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устиларига (тушаётган бало ва офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ урсин! (Ҳақиқат турганда улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!
«Уларга қарасангиз, уларнинг гавдалари сизни ажаблантирур, сўзлаганларида сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз». Ушбу оятда уларга Аллоҳ гўзал сурат ва чиройли баён ато этганининг зикри бор. Дарҳақиқат, Аллоҳ уларга илм ато этди. Зеро, гўзал баён (этиш) фақат илм орқали бўлади. Гўё Аллоҳ таоло (бу оятда) уларга берган неъматларини зикр қилмоқда. Зеро, у (мунофиқ)лар Аллоҳнинг неъматларига шукр қилмадилар, неъматларга ёмон муомалада бўлдилар. Гўё Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга: «Қандай қилиб улардан ўзингизга яхши муомала (шерик) умид қилмоқдасиз? Ахир улар оламлар Парвардигорининг неъматларига яхши муомалада бўлмадилар-ку!» демоқда. Демак, бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш маъноси ҳам бор. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмон муомалада бўлишиб, эргашиш ва итоат этишдан юз ўгирдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...сўзлаганларида сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз» ояти «гапирганларида сўзларини ҳақ деб ўйлайсиз ва уни қабул қилиш учун сўзларига қулоқ солурсиз» деган маънони англатади. Ёки бу оят «сўзлари сизни ҳайратлантиргани учун беихтиёр қулоқ солурсиз» маъносида бўлиши мумкин. Ёки «сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз» ояти «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақидадир. Яъни у зот одатда гапираётган кишига қулоқ солар эдилар. У зот (ўзлари билан гаплашган одамни) уялтирмас, сўзини тугатгунча гапини бўлмас, қабул қилиш лозим бўлса, уни қабул қилар эдилар. Агар таъна қилишга арзирли бўлса, (ўша гап) эгасига эътироз қилиб, уни қайтарар эдилар», деган маънода бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар» ояти «Улар гўзал сурат. чиройли баён билан сизни ҳайратга солишди. Сиз уларга айтаётган ҳақ, дин ва ҳикмат сабабли «гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар» деган маънодадир. Уларга ҳақ (сўз) таъсир қилмайди, гўё суяб қўйилган ёғоч каби уни қабул қилмайдилар. Бу ўрнида ёғоч билан зарбулмасал келтирилган бўлиши мумкин. Чунки ташқарига суяб қўйилган ёғоч ичида нарса қўйишга коваклари ҳам йўқ, қуруқ бўлади. Худди шундай, мунофиқларда ҳам ҳикмат, дин ва ҳақни қабул этадиган коваклари (қалб) йўқдир. Валлоҳу аълам!
«Улар гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар» ояти «Суяб қўйилган ёғочнинг қулоғи, кўзи ва қалби бўлмагани каби, мунофиқлар ҳам ҳақ ва уни қабул қилишга нисбатан кар, соқов ва кўрдирлар» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Мадад Аллохдандир!.
Аллоҳ таолонинг «Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устиларига (тушаётган бало ва офат деб) гумон қиладилар» ояти икки хил маънода бўлиши мумкин: Биринчиси, эшитаётган ҳар бир қичқириқни айбларини фош қилиб, расво қиладиган сўз деб ўйлайдилар. Аллоҳ таоло бу маънода шундай деган:
«Мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарса (мунофиқлик)ни фош қиладиган сура нозил қилинишидан қўрқиб турадилар» (Тавба сураси, 64-оят). Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар фош бўлиб, айблари очилиб, қалбларидаги нарса маълум бўлиб қолиши ҳақида ўйлайдилар» деб хабар берди. Шунингдек, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашган ҳар бир одамни уларнинг айбини очадиган ва фош қиладиган нарсани гапирмоқда, деб билишар эди. Мадад Аллоҳдандир!.
Иккинчиси, бу ҳолат урушга тегишли бўлиши мумкин. Улар қачон уруш борасида бирор чақириқ эшитсалар, у сабабли ҳалок бўлишдан қўрқар эдилар. Бунга ҳар бир тоифа билан ўзларини худди дўстдек кўрсатишлари сабаб бўлган. Борди-ю, бу (яъни, бир) гуруҳ билан дўстлашишса, бошқа гуруҳ билан урушишларига, бошқа гуруҳ билан дўстлашишса, нариги гуруҳ билан урушишларига тўғри келар эди. Шунда, Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай хабар берди: «Эшитишган ҳар бир қичқириқни ҳалокатимизга сабаб бўлади, деб билишади».
Рухсат берилмаган томондан хотиржамликни умид қилганлари учун Аллоҳ таоло доимий қўрқув билан уларни таъқиб қилган. Бу айтганимиздек, омонлик умидида ҳар бир тоифа билан дўстликни намоён қилганлари сабаблидир. Уларнинг бор мақсадлари қайсидир динга эътиқод қилиш эмас, балки дунёвий манфаатни қўлга киритиш учун бўлган. Бунга эса, асло рухсат берилмаган. Рухсатсиз нарсани танлаб, уни устун қўйгач, Аллоҳ таоло уларни доимий қўрқув билан таъқиб қилди. Ушбу таъқиб ё уларни шарманда қилиш ё қалбларидаги нарсадан ҳамма хабардор бўлиши ёки ҳалокатдан иборатдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг!» оятининг бир неча таъвили бор: Биринчиси, «Улар душмандирлар», яъни сизнинг энг яқин душманингиздир. Бас, улардан ейиш, ичиш ва бошқа барча ҳолатларида эҳтиёт бўлинг! Чунки узоқ ва олисдаги душмандан кўра, яқиндаги душмандан (кўпроқ) эҳтиёт бўлиш лозим.
(Иккинчиси,) махфий ва сирли жанг ҳамда уруш сирларини уларга ошкор қилишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки улар шу орқали сизга ҳийла ишлатишлари ёки сирингизни кофирларга маълум қилиб қўйишлари мумкин.
(Учинчиси,) асҳобларингиз борасидаги уларнинг сўзларини қабул қилишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки улар асҳобларингизни сизга қарши гижгижлашади. Шу боис, асҳобларингиз борасидаги уларнинг гап-сўзларини қабул қилишда огоҳ бўлинг.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларни Аллоҳ урсин!» ояти «Аллоҳ уларни лаънатласин» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «(Ҳақиқат турганда улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!» оятининг икки хил таъвили бор: Биринчиси, қайси нарса уларни Сизга имон келтиришдан, Сизга итоат қилишдан ва эргашишдан тўсмоқда? Ахир сиз уларнинг сирларидан огоҳ эканингиз борасида далил ва ҳужжатлар келтирган бўлсангиз. Бу ваҳийдан бошқа нима орқали бўлиши мумкин?
(Иккинчиси,) «(Ҳақиқат турганда улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!» яъни бу борада уларга ҳужжат маълум бўлмай туриб, анави кофирларга эргашиб, қандай (қилиб сизни) ёлғончига чиқаришади. Улар ҳужжат ва далилга эргашмайдилар, акс ҳолда Сизга эргашган бўлар эдилар! Валлоҳу аълам!
5. Қачонки, уларга: «Келингиз, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун мағфират сўрасин!» - дейилса, албатта, улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибрланган ҳоллари-да юз ўгиришларини кўрасиз.
«Қачонки, уларга: «Келингиз, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун мағфират сўрасин!» - дейилса, албатта, улар бошларини буриб кетурлар». Зоҳиран мазкур оятнинг маъноси барча мунофиқларга тегишлидир. Эътибор берсангиз, айни шу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам акс этган:
«...кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур...» (Мунафикун сураси, 8-оят). Хабарда айтилишича, ушбу оят мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлган. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума куни ўринларидан турганларида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам масжиднинг бир бурчагида туриб: «Бу Аллоҳнинг Расули, бас, уни ажратинг (алоҳида муомала қилинг) ва улуғланг!» деди. Ҳатто ушбу сура тушганида ҳам шунга ўхшаш гапни айтди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Утир, эй кофир! Албатта, Аллоҳ сени фош қилиб бўлди», деди. Кейин у Жума намозини ўқимасдан, масжиддан чиқиб кетди. Баъзилар Жума намозини ўқимай масжиддан чиқиб кетиш сабабини сўрашганида, уларга бўлиб ўтган воқеанинг хабарини берди. Шунда улар: «Аллоҳ таолодан сен учун мағфират сўрашлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бор», дейишди. Шунда у бошини буриб: «Унинг истиғфорига ҳожатим йўқ», деди(Қаранг: Суютий. Ад-Дурр ал-мансур. 8/175.).
Ривоят қилинишича, у қуйидагиларни айтди:
«Қасамки, агар (Бани Мусталиқ жангидан) Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур» (Мунафиқун сураси, 8-оят). Шундан сўнг, у Мадинага кирмоқчи бўлганида, ўғли Мадинага киришдан уни тўсиб: «Сиз хорлигингизга иқрор бўлиб, Расулуллоҳнинг азизлигини эътироф қилмагунингизгача, унга киришга рухсат бермайман», деди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боргач, отасини ўз холига қўйишга амр этдилар. Сўнг унга: «Абдуллоҳ деб аталишга отангдан кўра сен ҳақлироқсан», дедилар. Шундан сўнг у «Абдуллоҳ» деб аталди. Унинг олдинги исми Ҳубоб эди(Қаранг: Тафсири Табарий. 28/143.). Мазкур икки хабар мунофиқлардан бири ҳақида оят нозил бўлганини билдиради. Лекин оятнинг зоҳири жумла мунофиқлар ҳақида нозил бўлганига далолат қилади.
Аммо бизнинг бу борадаги қарашимиз бундай: «Мунофиқларнинг барчасининг эътиқоди шундай бўлиши мумкин. Уларнинг эътиқоди бир бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло жумла мунофиқларнинг васфини зикр қилди. Сабаби, улар охиратга имон келтирмаган қавм бўлганлар. Валлоҳу аълам!
Истиғфор - мағфиратни талаб қилиш бўлиб, у охиратда амалга ошади. Барча мунофиқларнинг эътиқоди шундай бўлгач, Аллоҳ таоло шунга биноан уларни зикр қилди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам худди шу маънодадир: «...кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур...». Уларнинг эътиқодича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан афзал бўлганлари сабабли Аллоҳ таоло уларга азизликни, бойликни ва шарафни ато қилди. Шу сабабдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилишар эди.
Оятда зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло қуйидаги нарсалар ҳақида хабар берди: «Неъматларнинг ҳақи, улуғлиги ва шукри билан имтиҳон қилиш учун уларга дунёдаги барча азизлик ва шарафни ато қилди. Улар эса неъматларга худди кофирлар муомала қилгандек, ёмон муомала қилишди. Ушбу оятда уларга ҳам барча дунёвий неъматлар берилганининг исботи бор:
«Уларга қарасангиз, уларнинг гавдалари сизни ажаблантирур, сўзлаганларида сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз». Ушбу оят мунофиқларга гўзал сурат ва чиройли баён берилганига далолат қилади.
«Улар (ўзларининг тобеларига): «Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилмангиз, токи улар тарқалиб кетсинлар!» - дейдиган кимсалардир» (Мунафиқун сураси, 7-оят). Бу оят мунофиқларга Аллоҳ томонидан бойлик берилганига далил бўлади.
Аллоҳ таолонинг «...кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур...» ояти, уларга азизлик ва шараф берилганига далолат қилади. Биз айтган бу сабаблар зоҳирий азизлик ва шараф экани маълумдир. Сўнгра Аллоҳ таоло: «Улар берилган неъматнинг шукрини тарк қилдилар. Аслида улар берилган неъматга шукр сифатида ҳақни улуғлашлари ва унинг шукрини адо қилишлари керак эди», деб хабар берди. Сабаби, улар ботинда ношукрлик борасида ўта ёмон ҳолатга келиб қолишган эди. Чунки улар хайр-эҳсон қилишдан бош тортибгина қолмай, ўзгаларни ҳам инфоқ қилмасликка чақиришди. Бу бахилликнинг энг охирги чегарасидир. Бунга қуйидаги оят далил бўлади: «Улар (ўзларининг тобеларига): «... эҳсон қилмангиз... дейдиган кимсалардир».
Аллоҳ таолонинг «Улар гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар» ояти (мунофиқлар) Аллоҳнинг зикридан ва панд-насиҳатни қабул қилишдан ўта ғафлатда эканликларига далолат қилади.
«Қачонки, уларга: «Келингиз, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун мағфират сўрасин!» - дейилса, албатта, улар бошларини буриб кетурлар». Ушбу оят улар Пайғамбаримизга нисбатан беписанд бўлишгани учун инсофсизлик, ўта адолатсизлик ва кибр йўлини тутишганига далолат қилади.
«Мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарса (мунофиқлик)ни фош қиладиган сура нозил қилинишидан қўрқиб турадилар» (Тавба сураси, 64-оят). Бу оят уларнинг ботиний оламлари ўта ёмон эканига далолат қилади.
Буларнинг барчаси улардан икки сабаб билан содир бўлаётган бўлиши мумкин: Биринчиси, мунофиқлар дунёда уларга азизлик ва шараф ато этилишини Аллоҳнинг зиммасидаги мажбурият деб билишган. (Иккинчиси,) Аллоҳ таоло бошқалардан улуғ бўлганимиз учун бизга бу неъматларни ато қилган деб ўйлашган. Шу сабабли улар кибрланишиб, ўзларини бошқалардан улуғ санашар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менсимас эдилар. Аммо улар Аллоҳ таоло бу неъматларни синов учун берганини, бандалик билан уларнинг шукрини ва ҳаққини адо этишга масъул эканликларини лоақал ўйлаб кўришмас эди. Бу «...англай олмаслар...» оятининг маъносидир, яъни улар «неъматларга назар солиб, фикр юритмайдилар».
Борди-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида ҳам, улар ўзларига ато этилган неъматлар борасида тафаккур қилиб, ўйлаб кўришлари лозим эди. Бу ҳақда тафаккур қилсалар, мунофиқлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўзлари-га мукофотни лозим қиладиган бирор амални топмайдилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ҳузурида бошқалардан афзал этадиган ҳеч қандай фазилат уларда йўқ. Демак, Аллоҳ таоло уларга ушбу неъматларни, шукрини адо қилиб, Узига банда бў-лишлари учун синов тариқасида бергани маълум бўлади.
Илм ва фиқҳ ўртасидаги фарқ шу тариқа юзага чиқади. Тафаккур юритиладиган ва ўйлаб, фикр қилинадиган нарсаларга нисбатан [яфқоҳууна] - «тушунадилар», [лаа яф-қоҳууна] - «тушунмайдилар» сўзлари ишлатилади. Эшитиш ва хабар орқали билинадиган нарсаларга нисбатан [ал-илму] -«билиш» лафзи ишлатилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло азизлик, ғалаба ва нусрат сўзлари билан [лаа яъламууна] «...билмаслар...» деб зикр этган (Яъни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида: «Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» (Мунафикун сураси, 8-оят).). Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганида нусрат ва ғалабани билмас эдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва уларнинг кибрланган ҳолларида юз ўгиришларини кўрасиз» оятининг икки хил маъноси бор: Биринчиси: улар сизга итоат этиш ва эргашишдан юз ўгирадилар. Иккинчиси: ораларидаги заифларни сизга эргашишдан тўсадилар.
6. (Эй Муҳаммад!) Сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми, уларга фарқи йўқдир. Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас. Албатта, Аллоҳ фосиқлар қавмини ҳидоят сари йўлламас.
«(Эй Муҳаммад!) Сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми...» Чунки улар ўзлари тутган йўлни тойилиш ва гуноҳ деб билмас эдилар. Зеро, улар ўзларини ҳақ узра деб билардилар. Иккинчидан, юқорида айтганимиздек, улар охиратга имон келтирмаган эдилар. Билингки, мағфират Аллоҳ таолодан сўралади ва у охиратда амалга ошади. Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас» ояти ҳам айни шу маънодадир. Яъни сиз мағфират сўрасангиз ҳам, мағфи-рат сўрамасангиз ҳам, Аллоҳ уларни мағфират қилмайди.
(Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ) шундай дейди: «Мунофиқларнинг нифоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум бўлиб, асло мунофиққа истиғфор айтмаганлар. Лекин бу ҳолат мунофиқларнинг нифоқи Расулуллоҳга намоён бўлишидан олдин юз берган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас» ояти икки хил маънони ифодалайди: Биринчиси, улар нифоқда бардавом бўлиб, тавба қилмасалар, «Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Иккинчиси, Аллоҳ таоло ҳаргиз имон келтирмаслигини билган қавм борасида: «Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас», деб айтган. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам айни шу маъно бор:
«Уларни огоҳлантирсангиз ҳам, огоҳлантирмасангиз ҳам, уларга барибир - имон келтирмагайлар» (Бақара сураси, 6-оят).
«Албатта, Аллоҳ фосиқлар қавмини ҳидоят сари йўлламас». Ушбу оятда Аллоҳ таоло иршод ҳидояти ортидаги амалий ҳидоятга ҳам молик эканига далил бор. Чунки бирор нарсага молик бўлмаган зотнинг «У фалон нарсани қилмайди» деб улуғворлик билан васфланиши тўғри бўлмайди. Зеро, у бирор нарсага қодир, молик бўлмаса, албатта, уни қила олмаслигини билади. Албатта, бу сифат билан, аввал у сифатга молик бўлиб, кейин уни қилмаган зот сифатланади. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасида «ҳидоят» феълини яратишга молик ва қодир бўлмаса, «фосиқлар қавмини ҳидоят сари йўлламас» деган сифат ила васфланмас эди. Демак, бу оят иршод ҳидояти ортидаги амалий ҳидоятга ҳам Аллоҳ таоло молик эканига далил бўлади. Аллоҳ таоло ҳидоятда бўлишини билган бандаларига ҳидоятни яратади. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Абу Бакр Асом «(У) фосиқлар қавмини ҳидоят сари йўлламас» ояти борасида шундай деган: «Фосиқликка уларни ҳидоят қилмайди». Мўътазилийлар эса: «Фосиқ ва адашган кимсаларни Аллоҳ таоло ҳидоят топувчилар деб номламайди», деганлар.
Мазкур икки гапдан ҳар бири маҳолдир. Чунки адашган инсонни адашишга бошлаган кимса аҳмоқдир. Гўё Абу Бакр бу гапи билан: «Аллоҳ таоло аҳмоқ бўлмайди», демокда. Ким адашган кимсани ҳидоятда деса, у ёлғончи ҳисобланади. Мўътазилийлар эса бу гаплари билан гўё: «Аллоҳ таоло ёлғончи эмас», дейишмоқда. Бу икки қараш ҳам нотўғридир. Бизга маълумки, У аҳмоқ ҳам, ёлғончи ҳам эмас. Демак, Унинг мулкида ҳидоят йўлини кўрсатишдан ўзга бир ҳидоят ҳам бор. Аллоҳ у билан хоҳлаган бандасини ҳидоят қилади. У Зотнинг мулкида биз айтган ҳидоятдан ўзга бир ҳидоят бўлса, бандаларни ҳидоят қилишда Унинг ихтиёри борлиги ҳам собит бўлади. Чунки бирор нарсага молик зотдан ихтиёри айро бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун биз айтамизки, Аллоҳ таоло бандалари орасидан куфрни танлаб, уни ҳидоятдан афзал билганларини адаштиради. Залолатдан ҳидоятни афзал билган бандаларини эса ҳидоят қилади. Демак, Аллоҳ таоло бандани бу ишга ҳидоят қилиб, тавфиқ беради ва тўғри йўлга бошлайди. Мадад Аллоҳдандир!
7. Улар (ўзларининг тобеларига): «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилмангиз, токи улар тарқалиб кетсинлар!» - дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки, осмонлар ва Ер хазиналари фақат Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.
«Улар (ўзларининг тобеларига): «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилмангиз, токи улар тарқалиб кетсинлар!» - дейдиган кимсалардир». Юқорида уларнинг бундай қилишлари ўта бахил бўлганликлари сабаблидир, дегандик. Аллоҳ таолонинг «...токи улар тарқалиб кетсинлар...» оятида, бу нурни улар ўчирмоқчи ва йўқ қилмоқчи эканликларига далолат бор. Аммо Аллоҳ таоло уни ўчиришни эмас, аксинча, намоён қилишни ирода этди.
«Ҳолбуки, осмонлар ва Ер хазиналари фақат Аллоҳники-дир». Аллоҳ таоло ўз хазинасини мунофиқлар ҳузурига «улар мўминларга инфоқ қилармикан» деган синовда ёйиб қўйди. Ёки бу оят мўминларга башорат бўлиши ҳам мумкин. Яъни мўминларга дунё тор бўлганидан кейин Аллоҳ таоло мўминларга уни мўл-кўл қилиб берган. Дарҳақиқат, уларга фатҳларни (насиб) қилиб, душманлари устидан нусрат ва ғалаба берди. Валлоҳу аълам!
8. Улар: «Қасамки, агар (Бани Мусталиқ жангидан) Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», - дерлар. Ҳолбуки, куч-қувват фақат Аллоҳники, Унинг Пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар.
«Улар: «Қасамки, агар (Бани Мусталиқ жангидан) Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», - дерлар». [ал-аъаззу] сўзининг бир неча маънолари бор: Биринчиси, «ғолиб, енгилмас». Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мисол бўлади:
«...ва мени баҳсда енгиб қўйди» (Сод сураси, 23-оят), яъни менга баҳсда ғолиб келди.
Иккинчиси, «ўта қувватли, шиддатли». Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«...кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи» (Моида сураси, 54-оят), яъни улар ўта кучли ва шиддатлидирлар.
Учинчиси, «энг олий, ўта улуғ» маъносини англатади. Ушбу оятда айни шу маънода келган: «Ҳолбуки, олийлик фақат Аллоҳники, Унинг Пайғамбариники ва мўминларникидир». Оятдаги [ал-аъаззу] сўзидан «энг олий, ўта улуғ» маънолари назарда тутилса, мўминлар ҳужжатлар ила ҳикматга эргашганлари учун олий ва ўта улуғ бўладилар, кофирлар эса ўзларининг ҳавои нафсларига эргашадилар, деган маънони, бу сўздан «энг ғолиб, енгилмас» маънолари назарда тутилса, оят мўминлар учун ғанимларига қарши ғалаба ва нусрат маъносини ифодалайди. Ундан «қувват, шиддат» маъноси назарда тутилса, бу ҳам мўминларга тегишли бўлади. Чунки бу мўминлар учун бўлмаганида, мунофиқлар мўминларга таслим бўлиб, мувофиқликни намоён қилмаган бўлар эдилар. Улар қувват ва шиддат бир сафар мўминларда, бошқа сафар кофирларда эканини кўргач, иккала томонга ҳам ён босишни намоён қила бошлашди. Шунинг учун мунофиқ (Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул): «Албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», деди. Сабаби, у Уҳуд жанги куни кофирларда қувват ва шиддатни кўргач, улар доимо мусулмонлар устидан ғалаба қозонади, деб ўйлаган ва мунофиқликни намоён қилиб: «Албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», деган. Валлоҳу аълам!
9. Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин!» ояти борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар ушбу оятни мунофиқлар ҳақида деган бўлсалар, яна баъзилар уни мўминларга тегишли деганлар. Оят мунофиқлар ҳақида бўлса, гўё У Зот бундай демокда: «Эй тилда имон келтирганлар, молларингиз ва фарзандларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитиб қўймасин».
Оят мўминлар ҳақида бўлса, гўё У Зот шундай деган: «Эй имони мустаҳкамлар! Молларингиз ва фарзандларингиз Аллоҳнинг зикридан чалғитиб қўймасин».
Оятдаги [аз-зикру] сўзи борасида ҳам муфассирлар ихтилоф қилганлар. Баъзилар «аз-зикру» сўзи «Қуръон» маъносини англатади, деб, қуйидаги оятни далил қилганлар:
«Дарвоқе, У Зот, сизларга Зикрни (Қуръон)ни нозил қилди ва Пайғамбарни (юборди)...» (Талоқ сураси, 10-11-оятлар). Яъни Қуръони каримни нозил қилиб, Пайғамбарни юборди.
Баъзилар «аз-зикру» сўзи «тавҳид» маъносини англатади, деганлар. Агар оятдаги «аз-зикру» сўзининг таъвили «Қуръон» бўлса, мазкур оят мунофиқларга ҳам, мўминларга ҳам қаратилган бўлади.
Оят мунофиқларга қаратилган бўлса, Аллоҳ гўё шундай демокда: «Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам Қуръонга назар солишдан, фикр юритишдан сизларни тўсмасин». Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда мунофиқларнинг бошқалардан яшириб, ўзаро зоҳир қиладиган ишларини баён қилди. Чунки Пайғамбар уни ўзидан тўқимайди, балки ваҳий орқали сўзлайди. Яъни Аллоҳ таоло мунофиқларга қарата: «Қуръон борасида ақл юритсангиз, бу сизларни имон келтиришга ундайди. Мол ва фарзанд муҳаббати эса, Қуръон борасида тафаккур юритишни тарк қилишларингизга ундаб қўймасин. Чунки Қуръонга назар солиб, тафаккур қилсангиз, у орқали имон ҳақиқатига эришасиз», демоқда. Валлоҳу аълам!
Мазкур оят мўминларга қаратилган бўлса, унинг маъноси шундай бўлади: «Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам Қуръони каримга назар солиб, тафаккур юритишдан чалғитиб қўймасин. Агар Қуръони каримга назар солиб, тафаккур қилсангиз, Унинг аҳлига айланиб, қадрингиз улуғ бўлади».
Борди-ю, оятдаги «аз-зикру» сўзидан «тавҳид» маъноси ирода қилинган бўлса, унда оят барча инсониятга қаратилган бўлади. Уни мўминларга нисбатан оладиган бўлсак, Аллоҳ таоло: «Мўминларнинг мол-дунё ва фарзандларга муҳаббати Аллоҳни яккаю ягона деб билишни, Расулуллоҳга, қайта тирилишга имон келтиришни эсдан чиқаришга ундаб қўймасин, деб огоҳлантирмоқда». Яъни У Зот гўё шундай деган: «Молларингиз, фарзандларингиз кофирларни чалғитганидек, сизларни ҳам чалғитиб қўймасин». Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни у иккисининг муҳаббати сабаб ҳалокатга дучор бўлишдан огоҳлантирмокда. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бошқа оятда шундай деган:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!» (Оли Имрон сураси, 131-оят). Яъни кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахга олиб борадиган сабаблардан ўзларингизни сақлангиз. Биринчи оятнинг маъноси ҳам худди шундайдир.
Мазкур оятнинг мунофиқларга нисбатан маъноси гўё шундай бўлади: «Мол-дунё ва фарзандлар муҳаббати сизларни имон ҳақиқати, Аллоҳнинг тавҳиди ҳамда У Зотнинг Расулига итоатни тарк этишга олиб бормасин».
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир» оятининг зикр қилинган «қайта тирилиш» ва «тавҳидни инкор этиш»га доир икки таъвилга кўра ҳам маъноси маълумдир. Агар оят мўминларга қаратилган бўлса, «зиён кўриш»нинг маъноси бошига ваъид (азоб) тушишидан хавф қилиш бўлади.
10. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: «Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!» - деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» деган сўзи «На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин!» оятига боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни улар сизларни инфоқ қилишдан ҳам тўсиб қўяди. Хайр-эҳсондан тийилсангиз, бойликка нисбатан муҳаббатингиз ортиб, Аллоҳнинг яккаю ягоналигини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишни унутиб қўясизлар...»
Аллоҳ азза ва жалланинг «Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи...» ояти борасида баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Банда ҳақларни тарк этгани сабабли ҳалокат ва азобга дучор бўлса, яна дунёга қайтишни орзу қилади». Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар банданинг борган жойи яхши бўлса, у дунёга яна қайтишни орзу қилмайди»(Қаранг: Абу Ҳайён. Ал-Баҳр ал-муҳит. 8/274.). Лекин бизнинг наздимизда бунинг маъноси шундай: «Улим онларида банда фақат инфоқ қилишгагина эмас, балки садақа қилиб, солиҳлардан, яъни тавҳид аҳлидан бўлиш учун дунё ҳовлисида қолишни орзу қилади». Тавҳидни тарк этиб, бошига ўлим келса, у ҳақда шундай дейиш тўғри бўлади: «Ҳалокат ва уқубатни кўргани учун қайтишни орзу қилади». Валлоҳу аълам!
Оят тавҳид аҳли, яъни мўминлар ҳақида бўлса ҳам, ушбу маъно тўғри бўлаверади. Яъни мўминлар гуноҳ ишларга қўл урганлари, савобли амалларни тарк этганлари, Аллоҳ зиммаларига юклаган фарз ибодатларда камчиликка йўл қўйганлари сабабли Раббиларидан ҳаё қилиб, дунё ҳовлисига қайтишни орзу қиладилар. Ҳар бир мўмин Раббисига йўлиққанда зиммасига юкланган ҳақ-ҳуқуқлар ва мажбуриятларни тарк этгани учун ҳаё қилиши керак бўлади.
11. Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечга қолдирмас. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир.
Оят, банданинг ажали келганида Аллоҳ таоло уни кечиктиришини тақозо қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло банданинг ажалини ўз вақтидан кечиктирса, Унда банданинг ажалига нисбатан янги нарса пайдо бўлиб қолади. Ва кимда бирор иш юзасидан янгилик пайдо бўлса, бу унинг ишларнинг оқибатини билмаслигига далил бўлади. У оламлар Раббиси деб васфланишга лойиқ бўлмайди. Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир» ояти, яъни сизларнинг амалларингиздан ҳеч бири, хоҳ яширин, хоҳ ошкора бўлсин, Аллоҳ таолога махфий эмас, деган маънодадир.
Аллоҳ таоло Узи ирода қилган нарсанинг ҳақиқатини билгувчи ва тавфиқ Унинг Ўзидан.