close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

064. Тағобун сураси

(Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат.)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтурлар. Мулк Уникидир, мақтов (ҳам) Уникидир ва У барча нарсага қодирдир.
«Тасбеҳ» сўзи уч хил маънони эҳтимол қилади. Бу ҳақида (маълумот) юқорида ўтди.
«Мулк Уникидир, мақтов (ҳам) Уникидир» оятидаги «мулк» сўзи икки маънони кўтаради: Биринчиси, мулк сўзи «ҳукмронлик» ва «султонлик» маъноларини ифодалайди. Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг «Мулк Уникидир» ояти «барча подшоҳларга эга бўлди» деган маънони англатади. Бу бошқа оятда ҳам шундай дейилган:
«Айтинг: «Эй Аллоҳим, барча мулкнинг эгаси!» (Оли Имрон сураси, 26-ояти). Подшоҳларнинг барча мол-мулки Аллоҳ таолоники, ким мулкка эга бўлса, фақат Унинг ёрдами ва инъоми билан эришишини Аллоҳ таоло (ушбу оятда) хабар берди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Мақтов (ҳам) Уникидир» ояти уч хил таъвилни кўтаради: Биринчиси, «Мақтов (ҳам) Уникидир» дегани «олий сифатлар ва гўзал исмлар ила чиройли мақтов Уникидир», маъносидадир.
Иккинчиси, «Мақтов (ҳам) Уникидир» ояти «ҳамд айтувчиларнинг барчасининг мадҳи Унга бўлсин», деган маънода бўлади. Аслида, Аллоҳ таоло бизларга эҳсон ва инъом қилгани боис Унга ҳамд бўлсин. Бу Аллоҳ таолонинг «Мақтов Аллоҳникидир» (Фотиҳа сураси, 1-) ояти маъносидир. Яъни Аллоҳ таолонинг бизга қилган эҳсони ва инъоми туфайли гўзал ҳамду санолар Унга бўлсин. Учинчи таъвилда «ҳамд» сўзи «шукр» маъносини ифодалайди деб олинади. Чунки «ҳамд» сўзи баъзан «шукр» маъносида ҳам зикр қилинадида.
Аллоҳ таолонинг «У барча нарсага қодирдир» ояти «У Ўзи истаган барча нарсага қодирдир» деган маънони англатиши мумкин. Бу оят мўътазилийларга қарши (ҳужжат)дир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзини доимо «кўриб, билиб турувчи» ва «барча нарсага қодир» деб мадҳ этади. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг кўриб, билиб турувчи эканига иқрор бўлганлар. Лекин улар «бандаларнинг феълларини яратишга ёки бандалардан бирортасини ислоҳ қилишга Аллоҳ таоло қодир эканига иқрор бўлишдан бош тортадилар. Бу эса Аллоҳ таоло Узини (Китобда) мадҳ этган сифатларга зиддир. Тавфиқ Аллоҳ таолодандир!

2. У сизларни яратган Зотдир. Бас, баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдирсиз. Аллоҳ қиладиган амалларингизни кўриб турувчидир.
Аллоҳ таолонинг «У сизларни яратган Зотдир. Бас, баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдирсиз» ояти «Баъзиларингиз куфр динини танлайди ва баъзиларингиз ислом динини танлайди» деган таъвилни кўтариши мумкин. Бу эса маъсият ва тоат бир кишининг динида жамланиши мумкинлигига ҳамда маъсият (гуноҳлар) мўминни динидан чиқармаслигига далолат қилади. Чунки мўмин маъсиятни дин сифатида қабул қилиб олгани учун эмас, балки шаҳвати (кучли хоҳиш) ёки ғазаби устун келганидан амалга оширади. Аммо инсон куфр ёки имонни ихтиёрий равишда танлайди ва ўз наздида ҳақ деб топгани учун куфр ёки имонни (ўзига) дин сифатида қабул қилади.
Ушбу оятда куфр ва имоннинг ўртасида учинчи манзил йўқлигига далил бор. Асл ҳолат мўътазилийлар «гуноҳи кабира қилган кишини куфр ва имон ўртасида бўлади», деб айтганидек эмас.
Аллоҳ таоло инсониятни икки тоифага ажратди. Яъни улардан баъзилари куфрни ва баъзилари эса имонни танлади. Аллоҳ таоло у иккисининг ўртасида учинчи манзилни яратмади. Шундай экан, учинчи манзилнинг «пайдо қилиниши» вожиб эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Бу ерда биз айтиб ўтган нарсадан бошқа, нозик бир жиҳат ҳам бор. Яъни ҳақиқатда дунёда ҳар бир шахс (бир вақтнинг ўзида) мўмин ҳам, кофир ҳам бўлади. Чунки Аллоҳга мўмин бўлган (имон келтирган) шахс тоғут (шайтон)га кофир бўлади, Аллоҳга кофир бўлган шахс эса, тоғутга итоатли бўлади. Шундай экан, Аллоҳнинг «баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдирсиз» ояти маъносини тадқиқ қилиш лозим бўлади. Аслида, («куфр» ва «имон» сўзлари борасидаги) ҳақиқат шундай бўлса-да, бизнинг наздимизда «имон» сўзи ҳеч қандай қайдсиз, мутлақ ишлатилса, ундан фақат «Аллоҳ таолога имон келтириш», «куфр» сўзи ҳам ҳеч қандай қайдсиз, мутлақ қўлланилса, ундан фақат «Аллоҳга кофир бўлиш» маъноси тушунилади. Шундай экан, Қуръони каримнинг ибораси одатий урфда маълум ва машҳур бўлган нарсадан ташқарига чиққан бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳ қиладиган амалларингизни кўриб турувчидир». Яъни У бандаларнинг қилмоқчи бўлган амалларидан азалда хабардор Зотдир. Баъзилар: «Аллоҳ таоло банданинг феълини, фақат уни қилаётган вақтда билади», дейдилар. Улар бунга қуйидагиларни «ҳужжат» қиладилар: «Аллоҳ таоло азалда бизнинг қиладиган ишларимизни кўриб туради» деб айтсак, бу ақлга тўғри келмайдиган сўз бўлади. Чунки воқеликда инсон билиб туриб, келажакда зиён келтирадиган бинони қурмайди ёки келажакда душманлик қиладиган қулни сотиб олмайди. Худди шунингдек, «Аллоҳ таоло билиб туриб, келажакда Ўзига душманлик қиладиган кишини яратди», деб айтишимиз тўғри бўлмайди».
Бунга жавоб шундай бўлади: «Ушбу айтиб ўтган мисол воқеликка тўғри келмайди. Чунки бандалар қиладиган амалнинг манфаати ва зарари ўзларига тегишлидир. Инсон бир ишнинг зиён келтиришини билатуриб, уни қилиши ақлга тўғри келмайди. Аммо оламлар Раббиси ҳақида гап кетганда, Унга ҳеч кимдан фойда ҳам, зарар ҳам етмаслиги сабабли, У Зот Ўзига «душманлик» қилиши мумкин бўлганларни ҳам яратаверади. Шу орқали у Ўзига ҳеч ким зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмаслигини кўрсатиб қўяди. Ҳикмат ҳам аслида шундадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ қиладиган амалларингизни кўриб турувчидир», «Хабардордир» (Бақара сураси, 282-оят), «Вакилдир» (Оли Имрон сураси, 102-оят), «муҳофаза қилувчидир» (Сабаъ сураси, 21-оят) каби оятларида муроқабага, сақланишга ва ҳушёр бўлишга чақириш ҳамда яхши амалларга тарғиб ва азобдан қўрқитиш маънолари бордир. Чунки инсон ўзининг ҳар бир амалини кузатиб турган Зот борлигини билса, ҳушёр тортади ва фақат Раббисини рози қиладиган ишларни қилади. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!

3. У осмонлару Ерни ҳақ билан яратди. Ва У сизларни қиёфалантириб, суратингизни гўзал қилди. Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир.
Юқорида тавсифлаганимиздек, «ҳақ» сўзи зикр қилинса, ҳар бир ўринда ундан ўзига муносиб бўлган маъно тушунилади. Масалан, «ҳақ» сўзи хабарларга нисбатан ишлатилса, «чин, рост», ҳукмларга нисбатан ишлатилса, «адолат», сўзларга нисбатан ишлатилса «тўғри» деган маънолар ирода қилинади. Аллоҳ таоло бу ўринда «ҳақ билан» иборасидан «ҳикмат» маъносини назарда тутган. Яъни мазкур оятда «У осмонлару Ерни ҳикмат билан яратди» деган маъно бор. Баъзилар оятдаги «ҳақ билан» иборасини «ҳақ учун» деб тушуниб, ундан «қайта тирилиш»ни ирода қилганлар. Гўё улар ушбу изоҳ орқали «Аллоҳ таоло ушбу иккисини бекорга яратмади, балки ибодат учун яратди», деган маънони назарда тутганлар.
Аллоҳ таолонинг «Ва У сизларни қиёфалантириб, суратингизни гўзал қилди. Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир» ояти икки хил маънони ифодалаши мумкин:
Биринчиси, оятдаги «аҳсана» сўзи «мукаммал ва мустаҳкам қилди» маъносини англатади. Бунинг таъвили қуйидагичадир: «Аллоҳ таоло Одам фарзандлари қиёфасини Ўзининг ёлғизлиги, рубубиятига далил ўлароқ тайин қилди. Яъни У Зот инсонларда (ўзлари орқали) маърифатнинг ҳақиқатини ва Аллоҳ таолонинг ёлғизлигига далилни жойлаб қўйди. Аммо бошқа жонзотларнинг қиёфалари ваҳдониятдан бошқа сифатларга далил қилинади. Зеро, ушбу қиёфаларнинг ўзида Аллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш ва англаш ҳақиқати мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам Одам фарзандининг қиёфаси мукаммал ва мустаҳкам қилинди». Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, оятдаги «аҳсана» сўзида «гўзал кўринишли» деган маъно бўлиши ҳам мумкин. Бу қуйидаги маънони ифодалайди: «Аллоҳ таоло Одам фарзандларини шундай суратда яратдики, улар бошқа мавжудотларнинг қиёфасида бўлишни сира хоҳламайдилар. Шу орқали уларнинг суратлари энг гўзал сурат экани маълум бўлади». Бу Аллоҳ таолонинг «У сизларни қиёфалантириб, суратингизни гўзал қилди» оятининг маъносидир. Валлоҳу аълам!
«Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир», яъни қайта тирилиш Унинг даргоҳида бўлади. Бандаларнинг яратилишидан кўзланган мақсад ва якуний иш (Унинг даргоҳида қайта тирилиш) бўлгани учун «қайтиб бориш» феълини Ўзига нисбат берди. «Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир» ояти Аллоҳ таолога нисбат берилгани сабабли ҳеч ким ундан «бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш» маъносини тушунмаган. Аслида, «қайтиб бориш» феъли икки киши иштирокида юз бергани учун, у бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш маъносини англатиши керак эди. Чунки кимдир нимагадир қайтиб борса, худди «учрашмоқ», «келмоқ» ва шунга ўхшаш сўзлар каби у ҳам бунга юзланади. Шу каби, Аллоҳ таолонинг «Раббингиз келиб, фаришталар саф-саф бўлди» (Фажр сураси, 22-оят) оятидан ҳам «бир жойдан иккинчи жойга кўчиш» маъноси тушунилмайди. Валлоҳу аълам!

4. У осмонлару ердаги нарсаларни билади. Сизлар махфий қиладиган нарсангизни ҳам, ошкор қиладиган нарсангизни ҳам билади. Аллоҳ қалбларни эгаллаган нарсаларни билувчидир.
Аллоҳ таолонинг мазкур нарсаларнинг барчасидан хабардор экани ҳақида хабар беришида муроқаба, ҳушёр бўлиш, (оламга) теран назар билан боқиш ва Унинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилишни вожиб қилиш бордир. Шунингдек, оятда «Аллоҳ таоло сизлар яширин қилаётган амалларингиздан хабардор ва ошкора қилаётган барча ишларингизни ҳисоблаб турувчидир. Шундай экан, ҳар икки ҳолатда ҳам Унинг ғазабига сабаб бўлувчи амалларни қилиб қўйишдан сақланинглар», деган (огоҳлантириш) ҳақида хабар берилмоқда. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
Аллоҳ таолонинг «қалблар эгаси» оятини муфассирлар: «қалбдаги нарсалар» деб изоҳлаганлар. Оятдаги «бизати» («эгаси») сўзидан қалблар жойлашган нафслар ва «тафаккурли ва тадбирли нафслар» деган маъно тушунилиши мумкин. Чунки шундай сифат эгаси ов «қалб эгаси» дейилади. Шунда унинг маъноси «Тадбир (ниятлар) ўша жойда содир бўлиб, унга алоқадор бўлади», дейилади. Билингки, барча одам фарзандида қалб ила тафаккур ва тадбир қилиш қобилияти бордир. Шунинг учун улар борасида шу нарса зикр қилинди. Валлоҳу аълам!

5. Сизларга олдин кофир бўлиб, ўз қилмишлари қийинчилигини татиганларнинг ҳабари келмадими? Уларга аламли азоб бор.
Бизнинг наздимизда, оятнинг таъвили бундай: «Ҳақиқатда, сизларга олдин кофир бўлганлар ва куфри, қайсарликлари боис бошига ёғилган бало (азобини) тортганларнинг хабари келди». Валлоҳу аълам!» Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло кофирларни охиратда бўладиган турли азоблардан огоҳлантирди, лекин улар қайта тирилишга имон келтирмаганлари учун, асло насиҳат олмадилар. Бу нарса уларга фойда бермагани аниқ.
Агар улар туғёндан тийилмайдиган бўлсалар, Аллоҳ таоло (бу дунёда ҳам) уларнинг бошига тушажак азобдан огоҳлантирди.
Аллоҳ таолонинг «ўз қилмишлари қийинчилигини татиганлар» оятидаги [вабаала амриҳим] ибораси «қилмишларининг касрини» маъносидадир. Шунингдек, у «қилмишларининг оқибатини» маъносида бўлиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло Узининг «Уларга аламли азоб бор» ояти орқали «Уларнинг бошига бу дунёда тушган азоб куфрнинг жазоси эмас. Албатта, дунёдаги азоб куфрда қилган қилмишларининг уқубатидир. Охиратда эса албатта куфр ва ширк келтиришнинг азобини тотадилар», деб хабар бермоқда. Валлоҳу аьлам!

6. Бу нарса, уларга Пайғамбарлари далиллар олиб келганда, улар бизни башар ҳидоятга бошлайдими, деб кофир бўлганлари ва юз ўгирганлари сабабидандир. Аллоҳ беҳожат бўлди ва Аллоҳ Ғаний ва Ҳамиддир.
Аллоҳ таоло У зининг «Бу» сўзида ўтган умматларга тушган ўша азоб-уқубатларни ирода қилган. Яъни бошларига азоб тушишига, Пайғамбарлари далил олиб келганида, уларнинг: «...бизни башар ҳидоятга бошлайдими» деб айтишлари сабаб бўлган. Уларнинг: «...бизни башар ҳидоятга бошлайдими», деган сўзлари Иблис томонидан уларга ўргатилган нарсадир. Зеро, шайтон уларга Расулуллоҳга қарши боришни, уни ёлғончига чиқаришни ўргатди. (Уларга шайтон шундай деди:) «Агар сизлар Расулга итоат этишга эҳтиёж сезсангиз, орангизда ундан кўра даражаси улуғи ва мартабаси юксаги бор. Орангиздаги мартабаси улуғларга итоат этмасангиз, қандай қилиб ўзингизга ўхшаган кишига итоат қиласиз». Буларнинг барчаси қайсарлик ва адашишдир. Чунки улар (олдин адашган) инсонларга тақлид қилганлари сабабли бут-санамларга ибодат қилар эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Албатта, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз» (Зухруф сураси, 23-оят).
Аслида, инсонларнинг сўзигатаяниб, ўзларига бут-санамларни маъбуд тутишлари мўъжиза билан исботланган Аллоҳнинг Расулини тасдиқ этиш қаршисида (соғлом ақл кўтармайдиган) ўта хунук итттдир. Улар бут-санамларга ибодат қилишда инсониятга тақлид қилиш мумкин деб биладилар-у, лекин нима асосда Расулуллоҳнинг Аллоҳнинг тавҳиди ва тоатига чақириғини тасдиқ этмайдилар? Ҳолбуки, тоатда ўзларига манфаатни жалб қилиш ва зиённи даф қилиш бор-ку! Иўқ, улар ақлсиз қавм эдилар. Шунинг учун ҳам улар аҳмоқ ва қайсар шахсларнинг этакларини тутдилар. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, уларнинг: «Бу (Қуръон) фақатгина очиқ-ойдин сеҳрдир» (Моида сураси, 110-оят) деган сўзлари ҳам худди шунга ўхшайди. Қандай қилиб Қуръон сеҳр бўлиши мумкин! Ахир, Расулуллоҳ уларни ҳам, сеҳргарларни ҳам лол қолдирадиган оятларни келтирган бўлсалар! Лекин улар қайсарлик қилишди ва «Бу (Қуръон) фақатгина очиқ-ойдин сеҳрдир» деган сўздан бошқа ҳийлани топа олишмади.
Аллоҳ таолонинг «Улар кофир бўлганлар ва юз ўгирганлар» ояти «Улар расулларни инкор қилишди, Аллоҳнинг тоатидан ҳамда Унинг Расули кўрсатмаларидан юз ўгиришди», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ беҳожат бўлди» ояти хусусида бирор мутакаллимнинг сўз аввалида [истағналлоҳу] - «Аллоҳ беҳожат бўлди» деб айтгани қулоққа чалинмаган. Лекин ушбу оят бундан мустаснодир. (истиғно) сўзини хабар (кесим) шаклида ишлатиш, яъни [Аллоҳу мусағнин] - «Аллоҳ беҳожатдир» дейиш мумкин. Аммо шак ва гумонни ифодалайдиган жумлаларда гапни (истиғно) сўзи билан бошлаш, яъни [истағналлоҳу] дейиш мумкин эмас.
Баъзи муфассирларнинг (мазкур оятни) «Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилганларнинг тоати билан исён қилганларнинг гуноҳларидан беҳожат бўлган» деб тафсир қилишлари хатодир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини бирор умид қилган манфаати ёки қўрққан зарари сабабли имтиҳон қилмайди. Балки У Зот бундай нарсадан азалданоқ буткул беҳожатдир. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, оятда бошқа бир сўз яширинган бўлиши, яъни «Аллоҳнинг ёрдами билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг итоатидан беҳожатдирлар», деган маънода бўлиши мумкин. Ёки оятдаги (истиғно) сўзини «Аллоҳнинг зотидан хабар бериш» маъносига буриш, яъни оят «Аллоҳ таоло азалдан буткул беҳожатдир», деган маънода бўлиши мумкин. Ҳақиқатда, У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмас, динсизнинг куфри Аллоҳга зиён етказмагани каби, мўминнинг имони ҳам Унга наф келтирмайди. Балки буларнинг барчаси куфр ва имон билан имтиҳон қилинадиганлар ҳақидадир. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳ Ғаний ва Ҳамиддир». «Ғаний» сўзининг маъносини юқорида зикр қилдик. «Ҳамид» сўзи эса икки хил маънода қўлланади. Биринчиси, «мақталган», яъни «Ўз зоти ила мақтовга сазовор бўлган» маъносида. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар кимга яхшилик қилгани сабабли мақтовга лойикдир. (Иккинчиси,) «Ҳамид» сўзи «мақтовчи» маъносида бўлиши мумкин. Яъни «Аллоҳ таоло гўзал хулқлиларни ва уларнинг амалларини мадҳ этади». Аслида, хайрли амалларга тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳ таолодан бўлса ҳам (қарангки, У Зот бандаларининг хайрли феълларини мадҳ этмоқда). Бу фазлу карамли бўлишнинг энг юқори чўққисидир.

7. Кофир бўлган кимсалар қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Айтинг: «Йўқ, Раббим билан қасамки, албатта қайта тирилтирилурсиз, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинурсиз. Бу эса Аллох, учун осондир».
Аллоҳ таолонинг «Йўқ, Раббим билан қасамқи, албатта қайта тирилтирилурсиз...» ояти икки маънони англатади. Биринчиси, қайта тирилтириш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган хабарни таъкидлаш учун Аллоҳ таоло у зотга бу оят орқали қасам ҳақида таълим бераётган бўлиши мумкин. Шунингдек, Қуръони каримда келган барча қасамлар шу маънони ифодалаши мумкин. Чунки қасам юзага келган шубҳани даф қилиш учун ишлатилади. Аллоҳ таолонинг хабарида эса шубҳа бўлмайди. Мушриклар Расулуллоҳнинг далилларига назар солмаганлари учун у зот келтирган хабарларга шубҳа қилишади. Шу сабабли Аллоҳ таоло у зотга қасамни ўргатди. Бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган хабарларини таъкидлайдилар ва шубҳани кетказадилар. Валлоҳу аълам!
(Иккинчиси,) бу қасам кофирларнинг қайта тирилиш(нинг инкори) борасида ичган қасамларига муқобил тарзда келтирилган бўлиши мумкин. Уларнинг қуйидаги сўзига эътибор қилинг:
«Улар жон-жахдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар. Йўқ! Бу (қайта тирилтириш), У Зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир» (Наҳл сураси, 38-оягп).
Аллоҳ таолонинг «Бу эса Аллоҳ учун осондир» ояти икки хил маънони англатади. Биринчиси, қайта тирилтириш Аллоҳга енгил ва осондир. Чунки улар инсон тупроққа айланиб кетганидан сўнг яна қайта тирилишини инкор қиладилар. Аллоҳ таоло (ушбу оятда) хабар бериб айтмоқдаки, ақл юритиб қарашса, қайта тирилтириш йўқдан бор қилишга нисбатан осон ва енгилдир. Улар Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиш қудратини инкор қилмас эканлар, нима асосда тупроққа айланиб кетганларидан кейин Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтиришга ҳам қодирлигини инкор киладилар? Аллоҳ таоло бу нарса Ўзига осон эканлигининг хабарини берди.
Оятнинг иккинчи таъвили бундай: «Ўзларининг номаи аъмолларида буни кўришлари ва у Аллоҳ таолога ҳақиқатда енгил эканлигини билишлари учун Аллоҳ таоло уларнинг яхши-ёмон қилган амалларини эслатиб, ошкор ва махфий, катта ва кичик барча қилмишларини санаб беради».

8. Бас, Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз туширган нурга имон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган ишингиздан хабардордир.
Аллоҳ таолонинг «Бас, Аллоҳга, Унинг Расулига... имон келтиринглар» ояти ўзидан олдинги оятга боғлиқ бўлиши мумкин. Сабаби, Аллоҳ таоло олдинги оятда аввалги умматларга тушган уқубатларни зикр қилган. Аллоҳ таолога кофир бўлишлари ва пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлари бошларига бало-азоб тушишига сабаб бўлган. Шундай экан, уларга тушган жазо ва уқубатлар сизларга ҳам ёғилмаслиги учун Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига имон келтиринглар, дейилмокда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Биз туширган нур» оятидаги «нур» сўзидан Қуръон ирода қилингандир. Қуръони каримнинг «нур» деб аталишига сабаб худди кундузининг ёруғлигида яхши-ёмон нарсаларнинг моҳияти билинганидек, Қуръон билан ҳам тоат, маъсият, яхшилик, ёмонлик, имон ва куфр каби нарсаларнинг моҳияти идрок қилинади. Шунингдек, у билан тоатнинг манфаати ва маъсиятнинг зарари билинади. Шу маънода Қуръон «нур» деб номланди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ қилаётган ишингиздан хабардордир» ояти «Аллоҳ таоло сизларнинг ошкора ва махфий амалларингиздан хабардордир. Шундай экан, икки ҳолатда ҳам Унинг кузатиб турганини ҳис қилиб, У(нинг буйруқ ва қайтариқлари)ни муҳофаза қилинглар», деган маънони англатади. Ушбу оятда «Аллоҳ таоло бандаларнинг қилаётган ва қиладиган амалларидан азалдаёқ бохабар эди. У баъзи жоҳил кимсалар тавсифлаганидек (замонга боғлаб) васфланмайди», деган маъно ҳам бор. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!

9. У сизларни «Жамлаш куни»га тўплайдиган кунни эсланг. У кун «зарар кўриш» кунидир. Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ ҳолида амал қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Унда абадул-абад қолурлар. Бу улкан ютуқдир.
Ўша кун ҳақиқатдан ҳам жамлаш, ажратиш, зарар кўриш ва фойда кўриш кунидир. Аслида бу оятда «зарар кўриш»нинг ўзи зикр қилинган бўлса-да, у кун «фойда кўриш» куни ҳамдир. Бунинг далили бошқа бир неча оятларда зикр қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бир тоифа жаннатда ва бир тоифа дўзахдадир» (Шуро су-раси, 7-оят). Аллоҳ таоло бу ҳакда «У кун «зарар кўриш» кунидир» оятидан кейин шундай деган: «Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ ҳолида амал қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур». Бу ўша «фойда кўриш» маъносидир. Лекин Аллоҳ таоло улардан бирини келтириш билан чекланиб, бошқасини зикр қилмади.
Оятда келган [ғабнун] - «зиён» сўзи одатда тижоратларда ишлатилади. Бундаги асл меъёр шуки, ҳар бир соғлом табиатли инсон амал қилишдан ҳоли эмас. Шундай экан, унинг амали қуйидаги уч кўринишдан бирига мансуб бўлади: мубоҳ ёки буйруқ ёки қайтариқ. Маълумки, (еб-ичиш каби) мубоҳ амални қилган киши, у орқали буйруқларни бажаришга куч топади. Чунки буйруқларни бажариш учун инсон тирик бўлиши керак. Тирик бўлиш учун эса, мубоҳ нарсаларни истеъмол қилиши ва уни топиш сабаблари билан машғул бўлиши лозим. Шундай қилган инсон буйруқни бажариш пайида бўлган киши ҳисобланади. Бунинг моҳияти шуки, барча амаллар воқеликда «буйруқ» ёки «қайтариқ»дан бирига мансуб бўлади. Ким буйруқни бажараётган бўлса, қайтариқни тарк этувчи ва ким қайтариққа қўл урган бўлса, буйруқни эътиборсиз ташлаган бўлади. Тижорат ҳам аслида бир нарсани олиб, бошқасини тарк қилиш (олмаслик)дир. Одам фарзандларининг қилаётган амалларида (шундай) тижорат маъноси топилса, унинг амалларига нисбатан «тижорат» сўзини қўллаш мумкин бўлади.
(Мотуридий) айтди: Дунёнинг учта исми бор: (ал-матжару) «тижорат жойи, бозор», (ал-мазраъу) «экинзор» ва (ал-маслак) «йўл». Тижоратнинг маъносини баён қилдик. «Мазраъ» (экин-зор) сўзининг маъноси шундай: Дунёга келган ҳар бир шахс оқибат учун ишлайди. Унинг оқибати, албатта, ё яхши ё ёмон бўлади. Кимнинг оқибати яхши бўлса, у хайрли уруғ қадовчи ва кимнинг окибати ёмон бўлса, ёмон уруғ қадовчи бўлади. Валлоҳу аълам!
«Маслак», яъни «йўл»нинг маъноси бундай: махлуқотлар бу дунёда қўним топиш учун яратилмаган. Балки улар мукофот ёки жазодан бирини қўлга киритишлари учун яратилганлар. Мукофот ва жаннатга олиб борувчи амални қиладиган шахс гўё жаннат йўлини тутган киши каби бўлади. Дўзахга олиб борадиган амални қиладиган шахс эса гўё дўзах йўлини тутган киши каби бўлади. Шунинг учун дунё «маслак» ва «йўл» деб номланган. Валлоҳу аълам!
«Тағобун» (зарар кўриш) сўзи (мушрикларга нисбатан ишлатилса) бизнинг наздимизда қуйидаги маънода бўлиши мумкин: Мушриклар дунёда аҳли ва молларидан ёрдам, кўмак олар эдилар. Бундан келиб чиқиб улар охиратда ҳам шундай бўлади деб ўйлашади. Лекин охиратда кофирлар улардан зиён кўришади. Улар (охиратда аҳли ва мол-мулкини) топа олмай, бири иккинчисини лаънатлашади. Натижада, умид қилган нарсалари пучга чиқиб, зиён кўрадилар.
Баъзи муфассирлар «тағобун» сўзига: «Ҳар бир кофирнинг жаннатда қасри, уйи ва аҳли бўлади. У дўзахга тушса, мўмин жаннатдаги унинг аҳли ва қасрини қўлга киритади. Бу ўша «тағобун», яъни «зарар кўриш» ҳисобланади», деб маъно берганлар. Бу бизнинг наздимизда нотўғри қарашдир. Чунки Аллоҳ таоло кофирнинг жаннатга кирмаслигини била туриб, унга у ерда қаср барпо қилиши мумкин эмас. Бундай қилиш (яъни кофирларга жаннатда қаср қуриш) пировард натижани билмайдиган ва бефойда иш билан шуғулланадиган кишиларнинг феълидир. Аллоҳ таоло бундай сифатдан покдир.
Борди-ю, мазкур гап тўғри бўлса ҳам, у ваъда маъносида тушунилади. Яъни кофир инсон ислом динини қабул қилса, жан-натда унга қаср берилади. Мабодо, ислом динидан воз кечиб, муртад бўлса, унинг манзили дўзах бўлади.
Аллоҳ таоло инсоннинг оқибати куфр ёки ислом, борар жойи дўзах ёки жаннат бўлишини жуда яхши билади ва Узининг илми ҳамда иродасига кўра ҳукм қилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло вужудга келган, келадиган нарсаларни, яратилмаган нарсалар яратилса, қандай бўлишини ҳам билади ва шунга кўра хабар беради. Биз қайд қилган ушбу маъноларга кўра, баъзиларнинг сўзи тўғри эмас. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ таоло у кунни «тағобун куни» деб аташига қуйидаги нарса сабаб бўлиши ҳам мумкин: Дунё гўё бир бозор, инсонларнинг ундаги ҳолатлари дастмоя, улар бажарадиган амаллар эса тижоратдир. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи «тижорат»га далолат қилайми? Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар» (Соф сураси, 10-11-оятлар).
Яна бошқа бир оятда бундай дейилган:
«Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди» (Тавба сураси, 111-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилади:
«Улар залолатни ҳидоят баробарига сотиб олдилар» (Бақара сураси, 16-оят).
Ва яна бошқа оятда бундай дейилади:
«Ўшалар дунё ҳаётини охират баробарига сотиб олган кимсалардир» (Бақара сураси, 86-оят).
Дунё тижорат макони бўлса, охират фойдалар тақсимланадиган жойдир. Тижорат ҳовлисида фойда ва зиён юз беради. Охират ҳовлисида эса (ҳақиқий) зиён, фойда, нуқсон ва зиёдалик рўёбга чиқади. Валлоҳу аълам!
Дунё ҳовлисида рўёбга чиқмаган зиён ва фойда охиратда намоён бўлгани учун Аллоҳ таоло қиёмат кунини «тағобун куни» (зиён куни) деб номлади. Сўнгра Аллоҳ таоло фойда ва зарар келтирувчи амалларни ҳамда фойда ва зиёнга олиб борувчи тижорат ҳақида: «Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ ҳолида амал қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур», деди ва «Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар...», деди.
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ ҳолида амал қилса...» ояти «Расуллар олиб келган нарсанинг барчасида ким Аллоҳга имон келтириб, Уни холиқ ва амр этувчи сифатида иқрор қилса ва пайғамбарларга, қайта тирилишга ишонса, мана шу Аллоҳ таолога имон келтиришдир», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Солиҳ ҳолида амал қилса...» ояти «Ким Аллоҳга имон келтириб, то вафот этгунича солиҳ ҳолида, имонида амал қилса», деган маънони англатади.

10. Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар Дўзах эгаларидир. Унда абадий қолурлар. Қандоқ ҳам ёмон жой у!
Аллоҳ таолонинг «Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар» ояти «Аллоҳ таолонинг ягоналигига, қудратига куфр келтириб, Унинг ҳужжатларини ёлғонга чиқарганлар ёки қайта тирилишни ёлғонга чиқарганлар», деган маънони билдиради. «Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Унда абадий қолурлар. Қандоқ ҳам ёмон жой у!».

11. Ҳар бир мусибат фақат Аллоҳнинг изни билан етади. Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
Аллоҳ таолонинг «Ҳар бир мусибат фақат Аллоҳнинг изни билан етади» оятидаги «Аллоҳнинг изни билан» иборасини баъзилар: «Аллоҳнинг амри билан» деб изоҳлашган. Бу Ҳасан (Басрий)нинг сўзидир. Ва яна баъзилар «Аллоҳнинг изни билан» иборасини «Аллоҳнинг илми билан» деб тафсир қилганлар. Бошқалар эса «Аллоҳнинг изни билан» иборасини «Аллоҳнинг хоҳиши билан» деб изоҳлаганлар. Буларнинг ҳар бирининг ўз далили бор.
«Аллоҳнинг изни билан» иборасини «Аллоҳнинг амри билан» деб тафсир қилганларнинг изоҳи «Бу мусибатларнинг барчаси жазолардир» деган маънони ифодалайди. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
«Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир» (Шуро сураси, 30-оят). Маълумки, инсон қўли билан касб қилган нарсанинг жазоси - унга уқубат бўлади. Азоблаш ва уқубат эса, Аллоҳнинг амри билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг изни билан» деган сўзини «Аллоҳнинг амри билан» деб тафсир қилдилар. Лекин бизнинг наздимизда мазкур (яъни Шуро сураси, 30-) оятда «бандаларга етадиган мусибатлар инсонларнинг ўз қўлларининг касбидан келиши» баён қилинмоқда. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Уларга қарши жанг қилинглар, Аллоҳ уларни сизнинг қўлингиз билан азоблайди» (Тавба сураси, 14-оят).
«Сизлар биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузуридан бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз...», деб айт» (Тавба сураси, 52-ояти). Мазкур мусибатлар «Аллоҳ таолонинг амри билан» деган маънони англатмайди.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг изни билан» оятини «Аллоҳнинг илми билан» деган маънода таъвил қилган кишиларнинг изоҳи қуйидагичадир: Бу мусибатлар бандаларни ҳалок қилади. Воқеликда эса, бирор киши ўз қулини ёки хизматкорини ҳалок қиладиган ишни билишни хоҳламайди. Бу мусибатларда бандалар ҳалок бўлса-да, у Аллоҳ таолонинг илми билан бўлиши ҳақида хабар берилмоқда. Билингки, бандаларнинг ҳалок бўлиши Аллоҳ таолога на зиён етказади ва на мулкидан бирор нарсани камайтиради. Чунки махлуқотлар ҳожатманд, манфаатдор ва зиён кўрувчи бўлгани сабабли Аллоҳ таоло уларни яратди. Уларга тушаётган мусибат Аллоҳ таолога зарар ҳам, манфаат ҳам бермайди.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг изни билан» оятини «Аллоҳнинг хоҳиши ва иродаси билан» деб таъвил қилган бўлса, бунинг изоҳи қуйидагичадир: Аллоҳ таоло (мўминларга мукофотни), (кофирларга жазони) ваъда қилди. Шубҳа йўкки, Аллоҳ таоло (мушрик) бандаларига берадиган жазосида адолатли ва (мўминларга) берадиган ваъдасида вафолидир. Шундан келиб чиқиб айтсак, Аллоҳ таолонинг ҳар бир кишидан содир бўлиши маълум бўлган нарсани ирода қилиши собит бўлади. Зеро, У дўзахни яратиб, у билан (инсонларга) таҳдид қилди. Борди-ю, Аллоҳ таоло бу (дўзахий)ларнинг барчасини тоат қилишини хоҳлаб, сўнгра (уларни) олов билан куйдирса, Узи тоат қилишини ирода қилганларни Узи куйдирган бўлиб қолади. Натижада Аллоҳ таоло золимлар ҳукми остига (наузан биллаҳ) кириб колади. Борди-ю, уларнинг барчаси маъсият қилишини ирода қилиб, сўнгра ваъдасига вафо қилиб, жаннатга киритса, мукофотини ўрнига қўймаган ва ҳикматсиз ишга қўл урган бўлади. Шундай экан, банда ихтиёр қилиши (Аллоҳга) маълум бўлган нарсани Аллоҳ таоло ирода этиши собит бўлади. Тавфиқ Аллохдандир!
Биз айтамизки, Аллоҳ таоло бир неча ўринларда [изнун] -«изн» сўзини зикр қилган. Улардан ҳар бирининг бошқаларидан фарқли маъноси бор. Шундай экан, «изн» сўзини ҳар бир ўринда ўзига муносиб маънода тушуниш лозим бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбини ҳидоятга солур» ояти (маъноси) хусусида Абу Бакр Асом бундай деган: «Ким (Аллоҳнинг) ўзи гувоҳ бўлган тадбир(и)га имон келтирса, Аллоҳ таоло у бандани ушбу тадбирни амалга оширган ва бу мусибат билан уни имтиҳон қилган Зот (Аллоҳ)ни танишга ҳидоят қилади».
Бу оятнинг таъвили бошқа маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни ким яратиш ва буйруқ Аллоҳга тегишли эканига имон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини сукунатга ва яратиш ҳамда амр этишга лойиқ зот Аллоҳ эканини англашга йўллайди. Шунда банда Аллоҳ таолога истиржоъ (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.) айтади. Бу эса оятни [яҳдау қолбуҳу] - «унинг қалби ҳотиржам бўлади» деб ўқиган кишининг таъвилидир. Бу сукунат маъносидаги [ал-ҳадъу] сўзидан олингандир. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, оятдаги ушбу «ҳидоят» сўзи «пайдо қилиш» маъносида бўлса-да, аслида у «пайдо қилиш» маъносида эмас. Балки у «Банданинг Аллоҳга имони Аллоҳнинг ҳидояти билан бўлган» деган маънони англатади. Чунки имон биринчи топилиб, ҳидоятнинг кейин юзага чиқиши мумкин эмас. Аммо Аллоҳ уни ҳидоят қилган вақтда, банда Унга имон келтиради. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам ўз аксини топган:
«Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур» (Бақара сураси, 257-оят).
Бу оятда ҳам зоҳиран янги ҳолатни пайдо қилиш зикри (тарзи) бор. Бироқ, аслида ундай эмас. Яъни унинг маъноси, улар имон келтиргач, Аллоҳ таоло уларни имонлари сабабидан зулматлардан нурга чиқарган. Юқоридаги оят ҳам шу маънодадир.
Валлоҳу аълам!
Ушбу оятнинг таъвили бундай бўлиши ҳам мумкин: «Албатта, Аллоҳ унинг қалбига ҳидоятни солади. Яъни ўлим вақтида унинг қалбини тойилишдан сақлайди. Зеро, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда бундай деган:
«Ва Аллох, мўминлар ва мўминаларни кечиради» (Аҳзоб сураси, 73-оят).
Айтилишича, бу оятда қуйидаги тўрт луғат (маънодан бири) бўлиши мумкин:    [яхди қолбаҳу] (унинг қалбини ҳидоят қилади) каби «йа» ва «ба» ҳарфларини фатҳа билан ўқиш; [юҳда қолбуҳу] (унинг қалби ҳидоят қилинади) каби «йа» ва «ба» ҳарфларини замма билан ўқиш; [яхду қолбуҳу] тарзида «йа» ҳарфини фатҳа, «ба» ҳарфини заммали ўқиш билан, яъни «қалби ҳидоят топади» маъносида; [яҳдау қолбуҳу] (унинг қалби хотиржам бўлади), яъни «хотиржамлик» маъносида.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир» ояти тафсирига келсак, (Аллоҳ ва бандаси ўртасида) муштарак исмлардан бирортаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилса, уни Аллоҳ таолога хослаб, бандаларга тегишли эмаслигини англатиш учун, умумий [куллун] - «барчаси, ҳар бири») исмига изофа қилинади. Мисол учун, «Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир», деб айтилади. Махлуқотлар борасида эса «фалончи шу нарсани билади», деб хослаб айтилади. Шунда бандаларнинг ҳар қандай ишлари Аллоҳнинг илмига кўра эканлиги билинади. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам ўз исботини топган:
«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир» (Бақара сураси, 284-оят, Оли Имрон сураси, 29-, 189-оятлар).
Бу эса мўътазилийларга қарши далилдир. Чунки улар: «Аллоҳ таоло кўп нарсаларга қодир эмас» деб эътиқод қилади. Улар қудрат сифатида худди Аллоҳ таолога бошқани шерик қилгандек бўлади. Зеро, ҳар бир махлуқотда маълум бир қудрат бордир. Борди-ю, Аллоҳ таолонинг баъзи ишларга қодир ва баъзиларига қодир эмас, десак, У Зот билан бандаларни тенглаштириб, Уни бандаларга ўхшатган бўламиз. Аллоҳ таоло бу каби сифатдан пок ва олийдир. Аллоҳнинг Узи мададкордир!

12. Аллоҳга итоат қилинг ва ҳамда Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга очиқ-ойдин етказиш (бор), холос.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга итоат қилинг ва ҳамда Расулга итоат қилинг» ояти «сизларни ибодатга чорлаганида Аллоҳга итоат қилинглар. Расулуллоҳнинг Аллоҳдан келтирган хабарларида, унга итоат қилинглар» ёки «берилган буйруқларда Аллоҳга итоат қилинглар. Расулуллоҳ чорлаган нарсада, унга итоат қилинглар», деган маъноларни англатади. Ибодатдан ташқари, бошқа барча маънолар баробардир. Чунки ибодатнинг нисбатини Расулуллоҳга бериб бўлмайди. Бундан бошқа амр, дуо, хабар каби маъноларни Аллоҳ таолога ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берса бўлади.
Аллоҳ таолонинг «Агар юз ўгирсангиз» ояти «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириғига «Лаббай!» деб жавоб беришдан ва итоат этишдан юз ўгирсангиз», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «бас, Бизнинг Расулимизга очиқ-ойдин етказиш (бор), холос» ояти «Расулуллоҳнинг чақириғини қабул қилишдан уларнинг бош тортишлари ва у зотни инкор қилишлари, рисолатни етказишда (бирор) камчиликни келтириб чиқармайди», деган маънони билдиради.

13. Аллоҳ, Ундан ўзга (ибодатга сазовор) илоҳ йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ, Ундан ўзга (ибодатга сазовор) илоҳ йўқ» оятининг маъноси «Мулк Уникидир, мақтов (ҳам) Уникидир ва У барча нарсага қодирдир» ва «(Аллоҳ ҳар бир нарсани) билувчидир» ҳамда «Сизлар махфий қиладиган нарсангизни ҳам, ошкор қиладиган нарсангизни ҳам билади» каби юқоридаги оятларга боғлиқдир. Сўнг Аллоҳ таоло «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», яъни юқорида айтилган сифатларга эга илоҳ, Ундан ўзга маъбуд (ибодат қилинадиган Зот) йўқдир», деди. Уларнинг илоҳларида мазкур сифатлар бўлмагани учун маъбудликка салоҳиятсиздир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар» ояти «қўллаб-қувватловчилари кам бўлса ҳам, мўминлар Аллоҳ таолога суянадилар. Улар мунофиқлар каби қўллаб-қувватловчиси кам бўлгани сабабли мусулмонларни тарк этмайдилар», деган маънони баён қилмоқда. Аллоҳ таоло: «Мўминларнинг сифатлари мунофиқларнинг сифатларининг тамомила аксидир. Уларнинг ишончлари ва суянишлари, фақат Аллоҳ таологадир. Улар (душманларнинг) тарафдорлари кўп сонли эканига қараб ўтиришмайди. Валлоҳу аълам!

14. Эй имон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва болаларингиздан сизга душман бор, бас, улардан ҳазир бўлинг. Ва агар афв этсангиз, кечирсангиз ва айбидан ўтсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир.
Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва болаларингиздан сизга душман бор, бас, улардан ҳазир бўлинг» оятидаги «адоват» сўзи ҳақиқий маънодаги «душманлик» бўлиши ҳам ёки «душманлик феъли» бўлиши ҳам мумкин. Агар у ҳақиқий маънодаги «душманлик» маъносида бўлса, икки хил маънони билдириши мумкин: Биринчиси, очиқ-ойдин душманлик, яъни куфр ва ширк адовати. Бунинг сабаби шуки, ўша замонда киши исломни қабул қилса, фарзанди ва хотини мушрик ҳолида қолар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятда «фарзандлар ва хотинлар сизларни куфр ва ширкка чақирса, ҳазир бўлинглар ва итоат қилманглар», демоқда.
Сизларни даъват этган нарсага биноан уларни жазолашни (биламиз) «Ва агар афв этсангиз, кечирсангиз ва айбидан ўтсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир».
Аллоҳ таоло кофир фарзанд ва хотинлар билан суҳбатда кечиримли бўлишни таъкидлади. Бироқ Аллоҳ таоло мушрик ота-оналар борасида бундай кўрсатма бермай, дунёда улар билан яхши муомала қилишга амр этиб, бундай деди:
«У иккисига дунёда яхшилик ила ҳамроҳ бўл» (Лукрюн сураси, 15-оят).
Бизнинг наздимизда, бунинг изоҳи қуйидагича: эркак кишида хотини ва фарзанди устидан раҳбарлик, ҳукмронлик ва қаттиққўллик масъулияти туради. Бу ўринда Аллоҳ эрга уларни афв қилиш ва кечиришга амр этди. Лекин ота-она борасида болада раҳбарлик, ҳукмронлик ва қаттиққўллик масъулияти бўлмайди. Шунинг учун уларга нисбатан афв қилиш ва кечиримли бўлишга амр этилмади. Лекин Аллоҳ у иккиси билан дунёда яхши муомала қилишга ва қайтарилган амалларда уларга итоат этмасликка амр қилди. Валлоҳу аълам!
Оятдаги «адоват» сўзидан мурод яширин адоват, яъни мунофиқлик бўлиши мумкин. Гўё Аллоҳ бундай демоқда: «Албатта, жуфтларингиздан ва болаларингиздан сизга душманлари бор, лекин сизлар уни сезмайсизлар. Агар уларнинг жиноятларини афв этсангиз, ушбу ишлари учун уларга азият бермасангиз, кечирсангиз ва айбидан ўтсангиз, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир». Эътибор беринг, Аллоҳ таоло мунофиқлар қанчалар заиф ва пароканда бўлишмасин, мўминларни уларнинг ёмонлигидан огоҳлантирди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Ҳар қичқириқни зиддиларига хисоблайдилар. Улар душмандирлар, улардан ҳазир бўлинг» (Мунафицун сураси, 4-оят).
Худди шунингдек, хотин ва фарзандлар эркакнинг қўл остида, қарамоғида бўлишларига қарамай, Аллоҳ таоло эркакни улардан огоҳ бўлишга амр этди. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, оятдаги «адоват» сўзи ҳақиқий маънодаги адоват эмас, феълий адоват бўлиши мумкин. Бунинг сабаби шуки, хотин ва бола-чақалар одатда оталарни бахилликка, бошқаларга хайру эҳсон қилмасликка чақирадилар. Улар оталарининг инсонларга қилган хайр-эҳсонларини ёқтиришмай, уларни ёмон кўрадилар. Фарзандларнинг ушбу хатти-ҳаракати зоҳиран душманнинг феълидир. Аллоҳ таоло улар билан муомала қилишни қуйидаги оятда таълим бериб, хотинларингиз ва фарзандларингиз орасида душманлик қиладиганлари бўлади, сизлар уларнинг сўзи билан яхшилик ва эҳсон қилишдан тийилишдан сақланинглар, деб буюраётган бўлиши мумкин. Уларнинг сизларга нисбатан хатти-ҳаракатини «агар афв этсангиз, кечирсангиз ва айбидан ўтсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир».

15. Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитнадир. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор.
«Фитналанган шахс» деб бир нарсага қаттиқ муҳаббат қўйиб, унга ошиқ бўлган кишига айтилади. Гўё Аллоҳ таоло бундай деди: «Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз сизларнинг маъшуқингиздир. Уларга бўлган муҳаббатингиз (хайр-эҳсон орқали) Аллоҳнинг ҳузуридаги улкан ажрни талаб қилишдан сизларни тўсиб қолмасин».
Бунинг маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: «Албатта, Аллоҳ таоло хотинлар ва фарзандларни сизлар учун бекорга яратиб қўймади. Балки Аллоҳ таоло уларни яхши кўришингизга қарамай, буйруқ ва қайтариқларда Яратган билан қандай муомала қилишингизни имтиҳон қилиш ва синаш учун яратди.
Инсонлар бола-чақа, молу давлатга ўта муҳаббат қўйишларига қарамай, Аллоҳнинг амри ва қайтариқларида катта қийинчиликларни кўтаришлари учун Аллоҳ таоло: «Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор», деб хабар берди. Бу баъзиларнинг қуйидаги гаплари маъносидир: «Киши Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлса, унинг хотин ва бола-чақалари бўйнига осилиб: «Аллоҳ ила сўраймиз, бизни ташлаб қўйманг ва бизни зое қилманг!» дер эдилар».
Тўғрироғи бундай воқеа юз бермаган. Чунки ушбу оят Мадинада нозил бўлган, уларнинг бундай ҳаракатлари Маккада содир бўлган. Лекин улар буни ёзма тарзда эрларига йўллаган бўлишлари ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!

16. Аллоҳга имкон қилганингизча тақво қилинг ва тинг-ланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг - ўзингизга яхши бўлади. Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга имкон қилганингизча тақво қилинг» ояти борасида баъзилар: «Ушбу оят Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳдан ҳақиқий тақвода тақво қилинглар» (Оли Имрон сураси, 102) деган оятини насх қилган. Аллоҳ таоло бу ерда имкон қадар тақво қилишга амр қилди, нариги оятда эса унинг аксига буюрди, дейишади. Лекин бу талқин тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг «Аллохдан ҳақиқий тақвода тақво қилинглар» оятидан «тоқатлари етмайдиган нарсаларда тақво қилиш» маъноси ирода қилинмайди, яъни тоқат ва имкониятдан ортиғи ирода қилинмайди. Лекин шундай бўлса ҳам, бунинг маъноси қуйидагичадир: Тоқатларингиз етмаса ҳам, Аллоҳдан ҳақиқий тақвода тақво қилинглар. Зеро, Аллоҳ таоло уларни қуйидаги оятда тоқатлари етмайдиган тақвога буюрди.
«Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдиринг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда (озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар)» (Нисо сураси, 66-оят).
Агар уларга ўзларини ўзлари ўлдириш фарз қилинса, у ҳам жоиз бўлади. Лекин бунда уларнинг тоқатлари тугаб-битади. Аввалгиси ҳам худди шу кабидир. Сўнгра Аллоҳ таоло енгиллаштириш ва осонлаштириш учун «Аллоҳга имкон қилганингизча тақво қилинг», деб айтди. Валлоҳу аълам!
Бироқ Аллоҳ таоло қандай қилиб «Аллоҳга имкон қилганингизча тақво қилинг» деб айтди? Ҳолбуки, бу оят бўлмаганида ҳам, имконимиз доирасида тақво қилар эдик, холос. Бунинг маъноси башорат тарзида қуйидагича бўлади: «Агар сизлар тақвони қасд қилсангизлар, Аллоҳ таоло сизларга тақво доирасида тоқатни беради». Валлоҳу аълам! Зеро, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда бундай деган:
«Бизнинг йўлимизда жидду-жаҳд қилганларни йўллари-мизга ҳидоят қиламиз» (Анкабут сураси, 69-оят).
Бошқа оятда шундай дейилади:
«Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса» (Лайл сураси, 5-8-оятлар).
Ушбу оят мўътазилийларга қарши далилдир. Чунки улар: «Тоқат феълдан олдин бўлади. У иш-ҳаракатнинг бажарувчисидан кетиб, иш-ҳаракатдан олдин келади», дейдилар. Борди-ю, шундай бўлса, Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга имкон қилганингизча тақво қилинг» сўзи иш-ҳаракат бажарувчилардан кетган тоқат бўлиб қолади. Шунингдек, «Бас, уларни қувват ила тут» (Аъроф сураси, 145-) ояти ҳамда «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг» (Бацара сураси, 63-) оятларида ҳам уларда йўқ тоқат юзага чиқиб қолади. Бу эса маҳолдир. Бизнинг сўзимизни қувватловчи далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
«Ким қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом беришдир» (Мужодала сураси, 4-оят). Асл ҳукмнинг ўрнига унинг бадалини бажараётганда ушбу тоқатга эҳтиёж тушади. Лекин ишни бажаришдан олдин қодир бўлиш ва қодир бўлмаслик орасида ҳеч қан-дай фарқ йўқдир.
Аллоҳ таолонинг «Ва тингланг ва итоат қилинг...» ояти «Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни буюрган нарсага қулоқ тутинг» деган маънони англатади. Ёки «тингланг» деган оят «Аллоҳ таоло сизларни буюрган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули чорлаган нарсани қабул қилинглар», деган маънони англатади. Бу худди [самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ] «Аллоҳ Узига ҳамд айтган инсонни эшитади» сўзидаги [самиъа] феълининг «қабул қилиш» маъносида бўлгани кабидир.
Аллоҳ таолонинг «Ва инфоқ қилинг - ўзингизга яхши бўлади» ояти «Ризқ қилиб берилган нарсадан инфоқ қилишларингиз, буйруқни қабул қилмаслик ва ризқ қилиб берилган нарсадан инфоқ қилмасликдан кўра ўзингиз учун яхшидир», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса...» сўзи борасида Суфён ибн Уяйна бундай деган: «Ким нафсининг зулмидан сақланса». Оятдаги «аш-шуҳҳу» сўзи «зулм» деган маънони англатади. Баъзилар «аш-шуҳҳу» сўзини «очкўз, бахил» деб изоҳлаганлар.
Яратганнинг лутфи ва карами билан инсон (қайтариқлардан) сақланганини билиши учун Аллоҳ таоло «тақво» сўзининг нисбатини инсонга бериб: «кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса...», деди. Бошқа оятда бундай деган:
«Ўзларингиз ва аҳлларингизни дўзахдан сақланглар» (Таҳрим сураси, 6-оят), оятига назар солинг.
Бошқа оятда Аллоҳ таоло қандай сақланишни таълим берган:
«Бизни дўзах азобидан сақлагин» (Баҳара сураси, 201-оят). Яъни: Эй бандаларим! «Бизларни дўзах азобидан сақлагин», деб айтинглар. Бу билан бандаларнинг барча феъллари Аллоҳнинг тадбири, тавфиқи, тақдири ва ҳидояти билан бўлиши маълум бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир» оятида бир қанча далолатлар бор:
Биринчиси, Аллоҳ таоло «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса» оятида гапнинг эгаси, яъни фоилни очиқ баён қилмади. Бу эса «Аллоҳ таолонинг султонлиги ва мулкида бандани қизғанчиқликдан сакдайдиган нарса бор. Агар Аллоҳ бандани нафс қизғанчиқлигидан сақласа, у албатта нажот топади», деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида шундай маъно бор:
«Агар Аллоҳ сизларга нусрат берса, сизларга ғолиб келадиган бўлмайди» (Оли Имрон сураси, 160-оят). Ушбу оятда Аллоҳ кимга ёрдам берса, у мағлуб бўлмаслиги айтилмоқда. Баъзан воқеликда қизғанчикликдан асло халос бўла олмаётган кишиларни кўрамиз. Шунингдек, қизғанчиқликдан халос бўлса ҳам, нажот топа олмаётганлар бор. Аллоҳнинг ваъдаси - «У фақат ғолиб бўлади, мағлуб бўлмайди», деган хабарига қарамай, баъзида душманларга қарши курашиб, мағлуб бўлган кишиларни кўрамиз. Бунинг маъноси қуйидаги таъвиллардан бири бўлиши мумкин:
(Биринчиси) Аллоҳ таоло ваъда қилганидек, Унинг мулки ва салтанатида нусрат Ўзи учун бўлмаслиги мумкин. Натижада, У Зот Ўз даъвосида ёлғончига чиқиб қолади. Ёки Аллоҳ нафсини қизғанчиқликдан сақлайдиган қувватни бандага ато қилади, лекин у нажот топмайди. Натижада Аллоҳ таоло Ўз хабарида ёлғончига чиқиб қолади.
(Иккинчиси) Ёки мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло бандага уни қизғанчиқликдан ўзини сақлайдиган барча қудратни берди, ҳатто Унинг хазинасида қизғанчиқликдан сақлайдиган қудрат қолмади», деб ёлғон гапираётган бўлади. Бу ўринда ёлғоннинг нисбатини Аллоҳ таолога ёки мўътазилийларга беришдан бошқа чора қолмагач, унинг нисбатини оламлар Раббисига бергандан кўра, мўътазилийларга бериш яхшироқдир. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг берган хабарида (ҳамиша) тўғрисўздир. Унинг мулки ва султонлигида нафсини бахилликдан сақлаш учун бандасига берилмаган қудрат (ҳамиша) мавжуддир. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
Шунингдек, оятда «Бу ибодат ва ҳақ-ҳуқуқларни адо қилиш кофирларга ҳам фарздир», деганларнинг сўзи ботиллигига далил бор. Чунки Аллоҳ таоло ушбу оятда қизғанчиқликдан ўзини сақлаган ва зиммасидаги вазифаларни адо қилган кишининг нажот топишини ваъда қилди. Баъзан воқеликда динсиз инсон қизғанчиқликдан ўзини сақлаганини, бойлигидаги ҳақларни адо қилаётганини ва инсонларга хайру саховат улашаётганини кўрамиз-у, лекин у нажот топмайди. Борди-ю, унинг зиммасига ибодатлар ва ҳақ-ҳуқуқлар фарз бўлганида, албатта, у нажот топган бўлар эди. Демак, динсиз инсондан ибодатларни адо қилиш эмас, аввало имонга келиш талаб этилади. Валлоҳу аълам!
Яна ушбу оятда, гуноҳи кабира қилган киши тавба қилмай вафот этса, нажот топиши мумкинлигига далолат бор. Чунки баъзан гуноҳи кабира қилган киши қизғанчиқликдан ўзини сақлаганини кўрамиз. Аллоҳ таоло эса, қизғанчиқликдан ўзини сақлаган кишининг нажот топишига ваъда берди. Гуноҳи кабира қилган киши нафсини қизғанчиқликдан сақлай олса, албатта, унинг нажот топиши умид қилинади. Валлоҳу аълам!

17. Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалимдир.
Аллоҳ таолонинг «Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур» оятидан бир неча фосид гумонлар туғилиши мумкин:
Биринчиси, яҳудийларнинг гумони, яъни улар: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз» (Оли Имрон сураси, 181-оят) дедилар. Бунга сабаб, улар Аллоҳ таолонинг «Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз...» оятини эшитиб: «Воқеликда қарз сўраш, қарз сўровчининг қарз бераётган кишига ҳожатманд эканига далолат қилади», деб хулоса чиқаришди. Шунингдек, улар Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини сотиб олди» (Тавба сураси, 777-) оятини эшитиб: «Сотиб олиш харидорнинг ҳожатмандлигига далолат қилади», деб ўйладилар. Ундан ташқари Аллоҳ таоло бандаларига бир қанча амаллар қилдириб, сўнг «Сизлар учун улуғ ажр бордир» (Оли Имрон сураси, 179-оят) деди. Улар «Бошқаларни ишлатаётган киши манфаати ўзига қайтадиган ишда ундан фойдаланади ва унга эҳтиёжи бўлади», деб ўйладилар ҳамда ушбу оятларни эшитгач, «Аллоҳ таоло фақирдир ва У Зот муҳтождир», деб гумон қилдилар.
Мўътазилийлар эса, бандаларнинг жонлари ва моллари уларнинг ҳақиқий мулкидир. Булардан бирортасида Аллоҳнинг мулки ҳам, тадбири ҳам йўқ, деб ўйладилар. Мўътазилийлар: «Бунга сабаб Аллоҳ таоло бандаларидан қарз сўради. Воқеликда киши ўзининг мулкидан қарз сўрамайди. Аллоҳ таоло бандалардан қарз сўраб, сотиб олгач, булар бандаларнинг ҳақиқий мулки экани юзага чикди», деганлар. Мўътазилийларнинг эътиқоди биз тавсифлагандек эканига, уларнинг «Аллоҳ таоло эвазсиз бирор кишини касал қилиши ёки бирор ҳайвонга оғриқ бериши мумкин эмас», деган сўзлари далолат қилади. Ким бирор нарсани эваз ёки бадал баробарига бажарса, унинг ҳақиқий молик эмаслиги равшан бўлади. Демак, уларнинг наздида Аллоҳ таоло ҳақиқий молик эмас, балки у банданинг мулкидир.
Яҳудий ва мўътазилийларнинг мазкур гумонлари, уларнинг: «Аллоҳ таоло бандасига фақат манфаатли бўлган нарсани яратади», деган сўзларидан келиб чиққандир. Яҳудийларнинг эътиқодига кўра, Аллоҳ таолога банда учун манфаатли нарсани яратиб бериши вожиб бўлса-ю, У буни қилмаса, албатта, У золим бўлади яна ким ўзи қилиши керак бўлган иш ёки вазифадан сўроққа тутилса, демак, бундан бу ишга у эмас, бошқаси молик экани келиб чиқади, дейдилар. Шунинг учун (яҳудийларга) қарши айтамизки, уларнинг гумонлари «Аллоҳ банда учун (фақат) манфаатли нарсани яратиб бериши лозим» деган қарашдан пайдо бўлгандир. Аллоҳ ёрдам сўралувчи Зот!
Ҳакимлар, ақлли инсонлар ва ақлидан фойда оладиганлар ушбу оятларни Аллоҳ таоло томонидан юксак карам ва ўта беҳожатлик маъносида тушунадилар. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига (бойлик) бериб, сўнг ушбу нарса доимийга, яъни охират неъматига айланиши учун Узи берган нарсани ундан қарзга сўради. Маълумки, ким ўзи берган нарсасининг давом этишини хоҳласа, бу ўта карамли ишдир. Шунингдек, Аллоҳ бандага доимий ҳаётни бериш учун фоний дунёни сотиб олди. Бу ҳам юксак саховатдир. Кимки ўз қулини унинг яхшилик қилувчи, сахий, у билан шараф ва карамга эришадиган ишга ишлатса, сўнг шарафга эришадиган ишида унга доимий ажрни ваъда қилса, бу унинг беҳожат эканига далолат қилади. Демак, Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан Ўзининг бениҳоя карамли, юксак саховатли, ўта бой экани ҳамда унинг саховати ва карами бизнинг ақлимиз етмайдиган даражада (чексиз) эканига далолат қилади. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
Аллоҳ таолонинг бениҳоя карами, юксак саховатига далолат қиладиган нарса шуки, У фақирларимизга қиладиган садақамизни, силаи раҳмларимизни Ўзига қарз сифатида қабул қилиб, банда ўз фойдаси учун қиладиган ва зиммасида бажариши лозим бўлган амалларга ҳам ажру савобни ваъда қилди. Шубҳасиз бу нарса юксак саховат ва карам ҳисобланади. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
Аллоҳ таолонинг «Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз...» ояти борасида баъзи муфассирлар: «Қарз» сўзи «кесмоқ» маъносида бўлиб, гўё Аллоҳ таоло: «Молларингиздан Аллоҳ таоло учун яхши бўлагини кесинглар (ажратинглар)», демоқда», деганлар.
Бошқалар эса бу оят: «Ҳожатингиздан ортиғини фақирларингизга садақа сифатида улашиб, Аллоҳ таолога яхши қарз беринглар. Шунда, У Зотга ҳожатингиз тушганда, албатта, унинг ажрини сизларга беради», деган маънони англатади, деганлар.
Аллоҳ таолонинг «У сизга кўпайтириб берур» ояти «дунёда қилган садақаларингиз туфайли охиратда сизларга савобингизни мўл-кўл қилиб беради», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ шакур ва ҳалимдир» ояти «Аллоҳ берган нарсадан инфоқ қилганингиз учун У зот сизларга шукр (раҳмат) айтади», эса «ҳалимдир» ояти эса «Ўзини ҳалимлик билан сифатлаган», деган маънони англатади. Мўътазилийларнинг эътиқодига кўра, бу сифат ўз исботини топмайди. Чунки улар: «Уқубат бериш керак бўлса, Аллоҳ таоло уни Ўз фазли билан кечиктириши мумкин эмас. Борди-ю, азобни кечиктирса, бандага манфаат бўлгани учун уни кечиктирган бўлади», дейдилар. Билингки, ким зиммасидаги мажбуриятни бажарса, у ҳалимлик билан сифатланмайди. Лекин «зулмдан сақланди», дейилади. Ҳалим - муқаррар жазони ортга суриб, тарк қилиб, кечиб юборган кишини ҳалимлик билан васф этилади. Аммо Аллоҳ таоло жазони ортга сурса, ҳалимлик билан васф этилмайди.

18. У ғойиб ва ошкорни билувчи, азиз ва ҳаким Зотдир.
Аллоҳ таолонинг «У ғойиб ва ошкорни билувчи» ояти «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг фаришталарга маълум бўлган ва маълум бўлмаган феълларини ҳам, бандаларга маълум бўлган ва маълум бўлмаган ғайбдаги нарсаларни ҳам билувчидир», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Азиз ва ҳаким Зотдир» ояти «Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайдиган Зотдир», деган маънони ифодалайди. Аллоҳ таоло «ҳаким», яъни «тадбирида (асло) хатога йўл қўймайдиган Зотдир», деган маънодадир.
Қуръони карим тартибига кўра, кофирларнинг яратилиши зикр қилинганидан сўнг Аллоҳ таолонинг «Азиз» ва «Ҳаким» сифатлари қайд этилади. Бу орқали кофирларнинг фисқу фасоди Аллоҳнинг тадбири ва ҳикматига таъсир қила олмаслиги ва азизлигини, султонлигини барбод қилмаслиги маълум бўлади. Ўзи аслида, бирор кишининг бошқа одамга бузишини билатуриб, нарса ясаб бериши унинг тадбирсизлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини ҳалокатли ишга солиши, бу уни хорлашига далолат қилади. Аллоҳ таоло кофирларни яратганидан сўнг, улар Унинг азизлигига путур етказолмасликлари ва хорлик келтиролмасликларини билдириш учун Ўзини «Азиз» деб васфлади. Бандаларнинг фисқу фасоди Аллоҳ таолони ҳикмат ва тадбиридан асло чиқариб юборолмайди. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase