close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

056. Воқеа сураси

(Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қиёмат юз берганида.
Бу - хитоб (одатда) шу тарзда бошланмайдиган услуб. Аслида, бу зикр қилинмаган савол ва хитобнинг жавоби ҳисобланади. Бу оят мазмуни эҳтимолига кўра, мўминлар ўзларига қиёматда берилиши ваъда қилинган неъматлар хақида сўзлаганлар. Шунда, кофирлар уларга қарата: «У сизларга қачон бўлади?» деганлар. Мўминлар эса, «Қиёмат юз берганида», деб жавоб қилганлар. Бу худди бир киши «фалон иш қачон юз беради», деб сўраганида «Шундай бўлганида», деб жавоб беришга ўхшайди. Бу эса унинг саволига жавобдир. Қуръони каримдаги мазмуни шунга ўхшаш барча оятлар мазкур қоидага мувофиқ баён этилади. Мисол учун:
«Қачонки, Ер ўзининг (энг кучли) зилзиласи билан қимирлаганида» (Залзала сураси, 1-оят).
Аллоҳ азза ва жалланинг «воқеа» сўзини «мукофот ва жазо юз берганида» деб таъвил қилиш мумкин. Бу ўринда, мазкур икки сўз қиёматга нисбат берилади. Шунингдек, «воқеа» сўзи кайта тирилишнинг «қиёмат», «соат» ва шу каби номларидан бири бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!

2. Унинг воқеъ бўлишини ёлғон қилувчи йўқдир.
Баъзилар оятнинг маъносини: «Қиёматнинг юз беришини орқага қайтариш ва рад этиш йўқ», деганлар. Араб тилида «унга ташланди ва ёлғончи бўлмади», жумласи «ортга қайтмади» маъносида ишлатилади.
Айримлар оятни «Қиёматнинг содир бўлиши рост бўлиб, у ёлғон эмас», деб изоҳлаганлар. Яна бошқалар: «Қачонки қиёмат содир бўлса, ҳеч ким уни ёлғонга чиқармайди», деганлар. Зеро, қиёмат бу - кофирларнинг бу дунёда кўзлари билан кўриб ва била туриб, ёлғонга чиқарадиган мўъжизалар каби эмасдир. Аллоҳ таолонинг «Агар уларга осмондан бир эшик очсагу, ундан чиқиб турсалар ҳам. Улар: «Албатта, кўзларимиз боғланди, балки биз сеҳрланган қавмдирмиз», дерлар» (Ҳижр сураси, 14-15-оятлар) ва бошқа оятларида кофирлар, мўъжиза эканини билган ҳолларида уларни ёлғонга чиқарганлари айтилади.
Кофирлар қачонки, қиёматни ўз кўзлари билан кўрсалар, унга иқрор бўладилар ва уни тасдиқлайдилар ҳамда инкор этмайдилар. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг тилидан:
«Эй Раббимиз! Бизларни чиқар! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қилурмиз!» (Фотир сураси, 37-оят), дегани бир неча оятларда баён этилган.
«Унинг воқеъ бўлишини ёлғон қилувчи йўқдир» ояти «Қиёматнинг воқе ва содир бўлиши борасида келган маълумотлар ҳамда хабарлар ёлғон эмас, балки ростдир», деган маънони англатиши ҳам мумкин.

3. У ҳам пастлатувчи, ҳам кўтарувчидир.
Баъзилар оят маъносини «яқиндан эшитадиган даражада паст ва узоқдан эшитадиган даражада баланд», деганлар. Ушбу таъвил соҳиби «Воқеа» сўзининг тафсирини «қичқириқ» деб. у паст ва баланд бўлади, деган. Шунингдек, айримлар оятни «Баъзи инсонларнинг жаҳаннамда даражасини пастлатувчи ва баъзи инсонларнинг жаннатдаги даражасини кўтарувчи» деб тафсир қилган.
Оят «инсонларга нисбатан такаббурлик қилиб ва ўзини катта олиб, уларни рад қиладиган кимсани пастлатувчи ҳамда одамларга нисбатан тавозеъли бўлиб ва бўйинсуниб, уларни қабул қиладиган кимсани кўтарувчи» маъносини билдириши ҳам мумкин.
Яна «жаҳаннам аҳлини жаҳаннамда пастлатувчи ҳамда жаннат аҳлини жаннатда кўтарувчи» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда шундай деган:
«Улар юз тубан ҳолларида дўзах сари судраладиган кунда» (Қамар сураси, 48-оят).
«(Улар) Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар» (Қамар сураси, 55-оят).
«Раббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик бор» (Юнус сураси, 2-оят).

4. Қачонки, ер қаттиқ ларзага келганида.
Бу оят саволга жавоб ўлароқ келтирилади. Гўё кофирлар қиёмат ва воқеанинг васфини мўминлардан эшитганларида: «Вокеа қачон содир бўлади?», деб сўраганлар. Ушанда, Аллоҳ таоло: «Қачонки, Ер қаттиқ ларзага келтирилганида», деган. Бу эса, Аллоҳ таолонинг:
«Қачонки, Ер ўзининг (энг кучли) зилзиласи билан қимирлаганида» (Залзала сураси, 1-оят) оятининг маъноси каби бўлиб, ўшанда Ер қаттиқ силкиниб, ўз қаъридаги нарсаларни ташқарига чиқаради.

5. Тоғлар майдаланиб, титилганида.
Ушбу оят «тоғлар парчаланиб, ҳатто «ун»га айланади», деган маънода дейилган. Шу маънода, чайналган таомга нисбатан ҳам шундай дейилади. Арабларда ёғ билан қорилиб ва омихта қилинадиган талқон «басиса» дейилади. Ҳасан (Басрий) эса, ушбу оятга «тоғлар қаттиқ ҳаракатлантирилади» деб маъно берган.

6. У тарқаб кетган тўзон бўлур.
Оятда келган «тўзон» - олов сўнганидан кейин унинг устида пайдо бўладиган чангдир, бошқаси эмас. [мунбассан] сўзи «тарқаб кетган», деган маънони англатади.
Яна, оятдаги [ҳабаан мунбассан] ибораси «сочилган тупроқ» маъносида экани айтилган. Яна айтилганки, бу сўз «от туёқларидан тўзиган чанг-тўзон» маъносини ифодалайди. Бошқа бир нақлда айтилишича, [ҳаба] бу - «қуёш нури девор тирқишидан тушганида кўринадиган ғубордир».
Ушбу оятда ўша куннинг шиддати ва даҳшати ҳақида хабардор қилиш бор. Зеро, у кунда мустаҳкам ва Аллоҳ таолога бўйсунган тоғлар шу даражада титиб ташланса, эй Одам фарзандлари, ожиз, куфр келтирган ва гуноҳкор ҳолингизда, сизлар қандай кўйга солинаркансиз?! Валлоҳу аълам!

7. Ва сизлар уч тоифа бўлганингизда.

8. Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари не (саодатлилар)дир?!

9. Ва чап тараф эгалари. Чап тараф эгалари не (бадбахтлар)дир?!

10. Ва пешқадамлар, пешқадамлар.
Оятдаги «уч тоифа» ундан кейин келган оятларда тафсир қилинган. Бир нақлда айтилишича, «уч тоифа», булар - яхшилик килувчилар, ёлғончилар ва эзгу ишларда ўзиб кетувчилардир.
Оятдаги [асҳаабул маймана] («ўнг тараф эгалари» деб таржима қилинган) ва [асҳаабул машъама] («чап тараф эгалари» деб таржима қилинган) оятлари икки маънони эхтимол қилиши мумкин:
Биринчиси, [асҳаабул маймана] - «бахтлилар» маъносида, [асҳаабул машъама] - «бахтсизлар» маъносидадир.
Зеро, улар «яхшилик эгалари»дир. Чунки «ўнг» сўзи яхшиликларга нисбатан қўлланади. Кофирлар эса «қабиҳ иш эгалари» деб номланди. Чунки «чап» сўзи гуноҳларга нисбатан кўлланилади. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг:
«Бас, кимгаки китоби ўнг қўлидан берилса...» (Ҳаққо сураси, 19-оят) ояти кабидир. Чунки уларнинг китоблари (номаи аъмоли)да эзгуликлар ва яхшиликлар бўлади. Кофирларнинг китоблари (номаи аъмоли)да эса, ёмонликлар бўлиб, улар чап томонларидан берилади.
Шунингдек, «ўнг тараф эгалари» ва «чап тараф эгалари» кимлиги қуйидаги оятларда зикр қилинган:
«Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ сураси, 7-8-оятлар).
«Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса...» (Иншиқоқ сураси, 10-оят). Номаи аъмоли ўнг томонидан бериладиган ҳар ким ўнг томон эгаларидан ва номаи аъмоли чап томонидан бериладиган ҳар ким чап томон эгаларидандир.
Аллоҳ азза важалланинг «Ва пешқадамлар, пешқадамлар» ояти ҳам икки маънони эҳтимол қилади. Биринчиси, «яхшиликларда пешқадамлар» бўлиб, улар ҳар бир яхши ишда инсонлардан ўзиб кетадилар. Иккинчиси эса, «Аллоҳ даъват қилган нарсада Унга ва Унинг Расулига бўйсунишда пешқадамлар».
Шунингдек, бу оятлардаги хитоб аввал ўтган инсонларга ҳам, кейин келадиган инсонларга ҳам умумий бўлиши мумкин. Демак, шунда барча инсонлар уч тоифа бўладилар: эзгу ишларда ўзиб кетувчилар, ўнг томон эгалари ва чап томон эгалари.
Мазкур оят бутун умматга хоссатан бир хитоб бўлиши ҳам мумкин. Бу уммат орасида пешқадамлар ва ўнг томон эгалари ҳам бўлиб, улар далилларни, оятларни муҳокама ва мушоҳада қилувчи оқиллардир. Бундан ташқари, улар орасида чап томон эгалари ҳам бўлиб, улар кофирлардир.
«Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари не (саодатлилар) дир?!» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўнг томон эгаларига икром қилинадиган нарсалар билан ҳайратга солиш ёки даражалари юксак бўлгани учун уларни улуғлаш маъносидадир.
«Ва чап тараф эгалари. Чап тараф эгалари не (бадбахтлар)дир?!» ояти ҳам ушбу икки маънода бўлади: ҳайратланиш ва уларга тушадиган азобнинг катта эканини билдириш.
«Ва пешқадамлар, пешқадамлар» ояти ҳам мазкур икки маънога мувофиқ бўлади. Чунончи, арабларда: [фуланун ма амру фулан] - «фалончи, унинг иши недир?» ибораси фалончининг иши ва унинг қадрини баланд қилиш учун ишлатилади. Бу ҳам шу қоидага мувофиқдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизлар уч тоифа бўлганингизда» оятида асҳобларимиз раҳимаҳумуллоҳнинг: «Куфрнинг барчаси бир тоифадир», деган гапларига далолат бор. Чунки Аллоҳ таоло куфр аҳлини, гарчи уларнинг йўналишлари ва динлари ҳар хил бўлсада бир тоифа, аҳли исломни эса икки тоифага ажратди, яъни барча инсонларни уч тоифа қилди. Валлоҳу аълам!

11. Ана ўшалар (Аллоҳга) яқин бўлганлар.
Ушбу оятда ўша инсонларнинг яқинлик сифати билан васф килиниши уларнинг дунёда яхшиликлар қилишда бир-биридан ўзиб кетганлари учун бўлиши мумкин. Шунингдек, улар дунёда яхшиликлар ёки итоат қилишда пешқадам бўлганлари учун охиратда «турли неъматларга яқин бўлдилар» деб тушуниш ҳам мумкин. Бу ўринда «пешқадам бўлиш» - ўша инсонларнинг хатти-ҳаракати, яқин қилиш эса, Аллоҳ таолонинг лутфи ва фазли ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

12. Наъим (неъматлар) жаннатларида.
Жаннатларнинг барчаси «наъим»дир. Чунки уларда ноз-неъматлар бор. Аллоҳ таоло уларнинг бирини «наъим» ва бошқаларини «Аднон», «Фирдавс», «Маъво» каби номлар билан номлаган. Зеро, Аллоҳ таоло нимани қандай хохдаса, ўшандай қилади.

13. Аввалгилардан кўпгина жамоатдир.

14. Ва охиргилардан озгинадир.
Бу борада турли фикр билдирилган. Баъзилар, «Аввалгилардан кўпгина жамоатдир» - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга яқин бўлганлардан кўпгина жамоат, «Ва охиргилардан озгинадир» эса - ушбу уммат орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яшаган, суҳбатларидан бебаҳра ва замондош бўлмаганлардан озгина, деганлар. Яъни кейингилар орасидаги муқарраблар оздир. Бу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам бор:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрим (дагилар). Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеин)лар, (сўнг уларга яқин бўлганлар)».
Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги ояти ҳам шу маънодадир:
Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмайдир (Ҳадид сураси, 10-оят). Валлоҳу аълам!
Айримлар: «Аввалгилардан кўпгина жамоат»ни «олдин ўтган умматлардан бўлган мўминларнинг бир жамоаси» маъносида, «охиргилардан озгина» иборасини эса, «ушбу уммат (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати)нинг бир гуруҳи» маъносида, деганлар. Агарда ушбу умматнинг имон аҳли билан аввал ўтган умматларнинг мўминлари жамланса, бу уммат олдинги умматларнинг мўминлари сонидан озроқ бўлади.
Шунингдек, ўтган умматнинг «пешқадам муқарраблари» ушбу умматнинг «пешқадам муқарраблари»идан кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки пайғамбарлар (алайҳимуссалом)нинг барчаси олдин ўтган умматлардан бўлганлар.
Таъвил аҳли айтади: «Аввалгилардан кўпгина жамоатдир. Ва охиргилардан озгинадир» ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари қаттиқ тўлқинланиб: «Жаннатга биздан жуда оз инсонгина кирадими?» дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги ояти нозил бўлди:
«Аввалгилардан кўпгина жамоатдир. Ва охиргилардан ҳам кўпгина жамоадир» (Воқеа сураси, 39-40-оят).
Аммо бундай бўлиш эҳтимоли йўқ, хабарларда унинг мансух бўлгани ҳақида маълумот келмаган. Таъвил аҳли айтган гап саҳиҳ эмас, оятнинг маъноси биз айтгандек бўлади.
Аллоҳ таолонинг «Аввалгилардан кўпгина жамоатдир. Ва охиргилардан ҳам кўпгина жамоадир» (Воқеа сураси, 39-40) оятлари аввалги ва кейинги умматдан ўнг томон эгаларининг барчаси, яъни аввалги умматлардан ҳам ва кейинги умматнинг муқаррабларидан кўпгина жамоа, деган маънони англатиши мумкин. Шунингдек, оятдаги «аввалгилар» ва «охиргилар» ушбу умматнинг ўзи бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, оятдаги «аввалгилар» олдин ўтган умматлардан ва «охиргилар» ушбу умматдан бўлиши ҳам мумкин ва улар мўминлар бўлади. Шунда, Аллоҳ таолонинг «Аввалгилардан кўпгина жамоатдир ва охиргилардан озгинадир» ояти фақат «муқарраб» бандалар хусусида бўлади. Валлоҳу аълам!

15. Тўқима сўриларидалар,
Аллоҳ таоло Тур сураси 20-оятида:
«Қатор сўриларда...», дейди.
Сўрилар ушбу дунёда ҳам қаторлаштирилган бўлиши мумкин, лекин улар тўқилган бўлмайди. [ал-вадну] сўзи «тўқиш» маъносини билдиради.
Аллоҳ таоло ушбу оятда жаннатдаги сўрилар орасида бу дунёдаги каби узилиш ва оралиқ масофа бўлмаслиги, балки улар ўзаро бир-бирга боғланган бўлишини хабар бермоқда.

16. Бир-бирларига рўбарў бўлиб, ёнбошлаган ҳолларидалар.
Яъни, юқорида айтилганидек, улар қатор ва тўқилган сўриларда ёнбошлаган ҳолларида бўладилар, шунингдек, улар бу дунёда бўлганидек бир-биридан юз бурган ва бир-биридан узоқда ўтирган каби эмас, балки бир-бирларига қараган ҳолда орқа қилмасдан ўтирадилар. Яъни жаннат аҳллари охиратда бу дунёдаги тарзга зид ўлароқ, ўзаро бир-бирларига бирор ҳолда ҳам озор бермасликлари айтилмокда.

17. Атрофларида мангу ёш йигитлар айланиб юрурлар.
Яъни жаннат аҳлларига жаннатда бу дунёда ўзлари ёқтирган шараф ва ёш йигитларнинг юриб хизмат қилишлари ато қилинади. Шунингдек, оятда зикр қилинган сўрилар, тўшаклар ва бу дунёда уларнинг нафслари истаган бошқа турфа неъматлар ҳам жаннат аҳлларига берилади.
Сўнг, жаннатда туғилиш бўлмаса-да, хизмат қиладиганлар ёш йигитлар бўлиши айтилди. Бу икки маънода тушунилади. Биринчиси, гарчи улар туғилмаган бўлсалар-да, ёш йигитлар қиёфасида бўладилар. Иккинчиси, гарчи улар жаннатда туғилмаган бўлсалар-да, бу дунёда туғилганлари сабаб ёш йигитлар, деб номланган. Туғилиш бу дунёда наслни давом эттириш эҳтиёжи учун бўлиб, жаннат аҳллари эса боқийдирлар.
Баъзилар ушбу оятдаги [мухолладун] сўзи «зирак билан зийнатланган» маъносида, зеро [ал-хулд] сўзи «зирак» маъносида, деганлар. Айримлар эса, бу «абадий қолиш» маъносида деб, қуйидаги оятни далил сифатида келтирганлар:
«Унда абадий қоладилар» (Бақара сураси, 162-оят).
Бошқа бир нақлда эса, бу сўз «билагузук билан зийнатланган» деган маънода дейилган.

18. Оқар чашмадан қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан...
Ушбу оятдаги [акваб] сўзи «дастасиз боши думалоқ шаклдаги идиш (қадаҳ)» бўлса, [абариқ] эса «дастали ва жўмракли думалоқ кўзалар» саналади.
Инсонлар ичимлик ичиш учун ишлатадиган қадаҳларни [акваб] деб номлашган. Чунки дунёда ичимлик ичадиганларда дастали ва жўмракли думалоқ шаклдаги кўзалар ва қадаҳлар бўлади ҳамда улар кўзалардан қадаҳларга шаробларни қуйиб, кўзалардан эмас, балки айни қадаҳлардан ичадилар. Шунга асосан, жаннат аҳлига ҳам улар ваъда қилинган.
Ушбу оятдаги [ал-каъс] сўзининг маъноси «шароб билан тўлдирилган қадаҳ»дир. Баъзилар «маъин» бу «кўзга кўриниб турадиган сув. Чунки бу дунё аҳли кўз тушадиган шаробни ичишни яхши кўради. Жаннат аҳлига эса, шу нарса ваъда қилинди, деганлар. Валлоҳу аълам!

19. Ундан бош оғриғи ҳам, маст ҳам бўлмаслар.
Ушбу оятдаги [йунзифун] сўзидаги [за] ҳарфи касрали (йунзифун) ва фатҳали (йунзафун) шаклларида ўқилган.
Бу дунёда хамр уларнинг бошларини оғритгани каби жаннат аҳлининг жаннатдаги шароблари уларнинг бошларини оғритмайди.
Оят «йунзифун» деб ўқилганида «жаннат аҳлларининг шароби тугамайди», деган маънони англатади. Фатҳа билан [йунза-фун] ўқилганида «маст бўлмайдилар», деган маъно чиқади. Зеро, жаннат аҳлининг шаробларида бу дунё хамрларидаги ақлни кетказиш, бошни оғритиш ва маст қилиш каби офат бўлмайди.

20.    Ва улар хоҳлаган мевалари билан...
Жаннатнинг барча мевалари инсон хоҳлайдиган (ёқимли) бўлади. Лекин бу оят икки маънода бўлиши мумкин. Биринчиси, жаннатнинг барча мевалари жаннат аҳллари хоҳлайдиган мевалар бўлади. Иккинчиси, одатда, мевалар бир хил ранг ва бир турда эмас, балки ҳар хил ва турли рангдагилари тақдим этилади. Жаннат аҳллари эса, улардан қайси бирини иштаҳалари тортса ва қайси бирини хоҳласалар, ўшани танлаб оладилар.

21.    Ва иштаҳалари тусаган қуш гўшти билан...
Дарҳақиқат, жаннат аҳллари эҳтиёж учун эмас, балки шаҳват (хоҳиш) учун тановул қиладилар. Зеро, бирор егулик иштаҳа учун тановул қилинаркан, уни ейиш лаззатли бўлади. Бирор эҳтиёж қондириш учун тановул қилинаркан, уни ейиш ўша ҳожатни ва очликни кетказиш учун бўлади. Бу эса, қуйидаги оятда зикр қилинган ҳолат кабидир:
«У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бордир» (Зухруф сураси, 71-оят).

22.    Яна кўзи гўзал ҳурлар бор.

23. Мисоли яширилган дурдир.
Оятда ҳурларнинг дурларга ўхшатилишида икки маъно бўлиши мумкин. Биринчиси, маржон ва ёқутдан тиниқроқ нарса йўқ бўлиб, Аллоҳ таоло ҳурларни уларнинг тиниқлиги ва оклигига ўхшатиб, мақтади. Зеро, жаннатда ваъда қилинган ҳурларнинг маржонга ўхшатилиши учун маржоннинг яна қандай улуғлиги бор?
Иккинчиси, араб халқларида дур ва ёқутнинг қадри ҳамда ўрни алоҳида бўлиб, ушбу нуфуз дурдан бошқа нарсаларга берилмаган. Шунингдек, ҳурларнинг дурга ўхшатиб мисол келтирилиши бу - дурнинг улар наздида қадри баландлиги бўлиб, ундан бошқасида бу эътибор йўқ. Бу худди қуйидаги оят кабидир:
Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган кабидир (Ҳаж сураси, 31-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таолога ширк келтирган киши худди осмондан қулаган кишига ўхшатилган. Зеро, ширк келтириш зикр қилинган фожиадан ҳам каттарокдир. Лекин етти қават осмондан йиқилишдан катта ва даҳшатли ҳалокат йўқдир. Аввалги оятдаги ўхшатиш ҳам шунга кўрадир. Валлоҳу аълам!

24. (Булар) қилган амалларининг мукофотидур.
Бу оятда Аллоҳ таоло бандаларнинг мукофотини гўё уларнинг У Зот учун бажарган амалларига берилгандек қилиб зикр этди. Ваҳоланки, инсонлар амалларини ўзлари учун қиладилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
Агар яхшилик қилсангиз, ўзларингиз учун яхшилик қилган бўлурсиз (Исро сураси, 7-оят).
Шунингдек, бандаларнинг жонлари ва моллари Аллоҳ таолоники бўлса-да, У Зот мўминлардан жонлари ва молларини сотиб олишини ҳамда «Аллоҳга «қарзи ҳасана» берганлар» (Ҳадид сураси, 18-оят) деб, Узига «қарз беришларини» зикр этган. Лекин У Зот фазл ва карам қилиб, бандаларнинг жонлари ва моллари борасида гўё Узиники эмасдек муомала қилди. Шунга кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг қилган (яхши) амалларига мукофотни, гўё улар Аллоҳга эҳсон ва яхшилик қилаётгандек қилиб зикр этади. Аслида, бандалар ўз нафслари учун амал қиладилар ва Аллоҳнинг фазли ва карами сабабли амалларининг фойдалари ўзларига бўлади. Валлоҳу аълам!

25. Улар у ерда беҳуда, гуноҳ сўзларни эшитмаслар.
Ушбу оят маъноси ҳам жаннат аҳлларининг шароблари сифатига алоқадор. Яъни уларда дунёнинг хамрларида бўлганидек, ичилганида ақлнинг кетиши ва одамларнинг тилига келадиган турли беҳуда, лағв гаплар каби офатлар бўлмайди. Аллоҳ таоло бандаларга ушбу шаробларнинг жаннатда борлигини зикр қилишидан мақсад шуки, бир гуруҳ инсонлар бу дунёда хамр ичишни истайдилар. Аллоҳ таоло эса, инсонлар жаннат шаробларини ичишни исташлари ва бу дунёда ҳаром хамрлар ичмасликлари учун уларга жаннатда бу шаробларни ваъда қилди. Валлоҳу аълам!

26. Фақат «Салом, Салом» деган сўзларни (эшитарлар).
Бу оятни икки маънода тушуниш мумкин. Биринчиси, жаннатда зикр қилинган барча офатлардан холи гапни эшитадилар. Иккинчиси, жаннат аҳли бир-бирлари билан «Салом!» дея сўрашадилар. Бунга эса, қуйидаги оят далолат қилади:
Уларнинг у ердаги сўрашишлари «Салом»дир (Юнус сураси, 10-оят).

27. Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари не (саодатлилар)дир!

28. Улар тиконсиз сидрзорлардадир.

29. Сермева бананзорлардадир.
Юқорида айтганимиздек, ўнг тараф эгалари мўминлардир. Шунингдек, оятда ўнг томон эгаларига берилиши зикр этилган сидр боғи, бананзор ва бошқалар ҳақида турли фикрлар айтилган. Жумладан, баъзилар қуйидагича фикр билдирганлар: Аллоҳ таоло «муқоррабун»(яқин бўлган)ларнинг «ўнг томон эгалари»га нисбатан афзаллигини ушбу оятда баён қилган. Чунки Аллоҳ таоло «муқоррабун»ларга бериладиган турли иззат-икромларни айтиб: «Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, (Аллоҳга) яқин бўлганлар. Наъим (неъматлар) жаннатларида» деган. Аллоҳ таоло «муқоррабун»ларнинг «ўнг томон эгалари»га нисбатан афзаллигини билдириш учун «ўнг томон эгалари» учун бундан озроқ неъматларни зикр қилди.
Айримлар эса бундай деган: Арабларнинг бир қавми мевали бўлгани учун сидр дарахтидан фойдаланади. Лекин у тиконли бўлгани боис ўзига жалб қилмас эди. Аллоҳ таоло уларга нафақат тиконсиз ва озорсиз, балки ҳавасни келтирадиган сидр берилиши ҳақида хабар берди. Бу худди Аллоҳ таоло жаннатда уларга шароб-хамрларни ваъда қилиб, жаннат шаробларидан офатларни кўтаргани сингаридир. Шунга кўра, сидр дарахти ҳам жаннатда озорсиз шаклда бўлиши жоиздир. Валлоҳу аълам!
Сермева бананзорлардадир. Баъзилар оятдаги [манзуд] («сермева» деб таржима қилинган) сўзини қуйидаги оятда зикр қилингани каби «зич, тиғиз», маъносида деб изоҳлаганлар:
Зич (тиғиз) мевали (Қоф сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло ушбу сўзни икки оятдан бирида [фаъил] вазнида ва иккинчисида [мафъул] вазнида зикр қилган. Луғавий жиҳатдан мазкур икки шаклда берилиши мумкин. Айтилишича, оятдаги [толҳ] сўзи «банан» маъносини англатади. Ривоят қилинишича, Али розияллоҳу анҳу бир қорининг
[толҳин манзуд] деб ўқиётганини эшитганида, у ўша қоридан: «Толҳ» нима у? Ахир у [толъин манзуд] дир», деганлар. Шунда у кишига: «Мусҳафда [ва толҳин] келган-ку? Биз уни ўзгартирайликми?», дейишди. Шунда, Али розияллоҳу анҳу «Мусҳаф бугун ўзгартирилмайди», деб жавоб қилганлар. Бу эса биринчи таъвилни қувватлайди.
Абу Муоз: «Арабларда «толҳ» бу катта сершох дарахтлар бўлиб, унинг бирлик шакли «толҳа»дир», деган.
Оятдаги [махзуд] сўзи бу - «тиконлари кесилган», деган маънони билдиради. Жаннатда ўша дарахт тиконларсиз ҳолда яратилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «шажар ал-ҳаром» ҳақида: «Унинг тиканлари юлинмайди ва дарахтлари кесилмайди», деганлар.

30. Ва ёйилган соялардадир.
Ушбу оятда азоб берадиган Қуёш ҳарорати ёки совуқлик жаннатда бўлмаслиги, балки соя бўлиши васф этилган. Чунки соя бу - нафақат баданга зарарсиз, озорсиз, латиф нарса, балки у баданга хуш ёқади ва енгил бўлади. Айтилишича, «ёйилган» дейишдан мурод жаннатда сояни кетказадиган Қуёш бўлмаслигидир. Зеро, бу дунёда соя Қуёш орқали билинади. Охират сояси эса, абадий «ёйилган»дир.

31. Оқар сувлардадир.
Бир нақлда айтилишича, оятнинг маъноси «тўхтовсиз окар сув» бўлиб, бу фикр Қутабийникидир. Абу Авсажа эса, оятни «қуйилган сув» маъносида, деган. Мазкур икки қарашнинг дастлабкиси ҳақиқатга мувофиқроқдир. Яъни жаннатдаги сув абадий оқар бўлиб, у дунёдагига ўхшамайди. Лекин (иккинчи фикрга кўра,) қачон сувнинг қадаҳга қуйилиши хоҳланса, юқоридан пастга қуйилиши назарда тутилиши мумкин. Зеро, ушбу ҳолат ҳам дунёда инсонлар ёқтирадиган нарсалардандир.
Шунингдек, ушбу оят ўнг томон эгалари ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Лекин «Бир булоқданки, ундан Аллоҳнинг бандалари ичарлар (Инсон сураси, 6-оят) ва «У (шароб)нинг аралашмаси «тасним»дандир» (Мутоффифун сураси, 27-оят) оятлари эса муқаррабларга бўлади. Шунингдек, «остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар» (Бақара сураси, 25-оят) ҳам муқарраблар учундир. Улар «Иллиййин»да бўладилар ва анҳорлар уларнинг тагида бўлади. Унг томон эгалари учун сув юқоридан оқади ва қуйилади. Чунки улар даражада «муқоррабинлар»дан қуйироқда бўладилар. Валлоҳу аълам!

32. Сероб мевалардадир.

33. Узилмайдиган ва ман қилинмайдигандир.
Яъни дунёдаги мевалар узилиб қолганидек бўлмайди. Аллоҳ таоло ушбу оятда жаннатдаги мевалар бирор вақт ҳам тугаб қолмаслиги, мевалар узилган вақт унинг ўрнига бошқаси янгидан эҳтиёжсиз пишиб етилиши - пайдо бўлиши ҳақида, хабар бермоқда. Зеро, бу дунёда мевалар ғўралигидан то пишгунича, пишиб етилганидан кейин унинг ўрнига янги ҳосил пайдо бўлгунгача вақт оралиғида узилиш бўлади.
Оятдаги «ман қилинмайдиган» сўзидан мурод шуки, дунёдаги мевалар каби, жаннат меваларида ейишдан тўсадиган офат бўлмайди. Зеро, баъзан бирор сабаб билан дунё меваларини ейиш ман этилади. Қутабий ва Абу Авсажа: «Узилмайдиган» сўзи бу дунёда баъзилар баъзиларга қаршилик қиладигандек «тўсиб қўйилмайди», маъносида деганлар.

34. Кўтарилган кўрпачалардадир.
Яъни қадри ва ўрни юксак ёки кўрпачаларнинг ўзи кўтарилган, деган маънони англатади. Бу эса, қуйидаги оятда баён қилинганига мувофиқдир:
Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди (Ар-Раҳмон сураси, 7-оят).
Айтилишича, бу оят «аёллар» маъносида. Зеро, араблар А «фариш» ва «фуруш» сўзларини аёлларга нисбатан ишлатадилар.

35. Албатта, Биз у (ҳурлар)ни дафъатан яратдик.
Асом ва бошқаларнинг фикрича, ушбу оят «Яна кўзи гўзал ҳурлар бор, мисоли яширилган дурдир» ояти билан боғлиқ. Бу сўзни Аллоҳ таоло худди ушбу икки оятдан сўнг айтгандек.
Қутабий айтганки, Аллоҳ таоло «Кўтарилган кўрпачалардадир» оятини «Албатта, Биз у (ҳур)ларни дафъатан яратдик» оятидан кейин зикр этганига кўра, бу «кўрпачалар»дан мурод «хотинлар» экани англашилади. Чунки ҳурлар ётқизиб қўйилган бўлади.
«Фуруш» сўзининг бирлик шакли «фариш»дир. Айтилишича, арабларда ибораси нор туянинг шаҳвати қўзиганда урғочи туя ётиб берди, маъносида ишлатилади.
Тўғрироғи, бу оят ҳам юқоридаги «Яна кўзи гўзал ҳурлар бор, мисоли яширилган дурдир» ояти билан боғлиқ. Чунки «Яна кўзи гўзал ҳурлар бор» ояти мажлис аҳллари ва хотинлар зикридан сўнг айтилган. Уша ўринда эса ҳурлар ҳақидаги гапнинг маъноси бўлмайди.
Албатта, Биз у (ҳурлар)ни дафъатан яратдик. Яъни Биз уларни дунё аёллари каби (аста-секин) эмас, балки бошданоқ фойдаланишга лаёқатли қилиб яратдик. Бу худди меваларни «кесилмайдиган ва ман қилинмайдиган» деган сифат билан айтилгани каби. Яъни мевалар дунёдаги мевалардан фарқли ўлароқ, аввалданоқ ейишга яроқли ҳолда яратилади.

36. Бас, уларни бокиралар қилдик.

37. Тенгдош маҳбуба-лар қилдик.

38. Ўнг тараф эгалари учун.

39. Улар аввал-гилардан кўпгина жамоатлардир.

40. Кейингилардан ҳам кўпгина жамоатлардир.
Бас, уларни бокиралар қилдик, тенгдош маҳбубалар қилдик. Яъни Биз ҳур қизларни шундай ҳолатда яратдик ва абадий шундай ҳолатда бўладилар. Уларнинг иффати кетганида, яна янгиланади ва абадий шундай лаззатбахш бўладилар. Чунки улар шу ҳолатда яратиладилар, дейилган. Валлоҳу аълам!
Аксар таъвил аҳллари шундай дейди: «Бас, уларни бокиралар қилдик, тенгдош маҳбубалар қилдик, яъни Биз жаннатда дунёнинг бокира ва жувон аёлларини янгитдан, дунёдагидек бўлмаган ҳолда яратамиз. Бас, уларни бокиралар қилдик, яъни дунёда аёллар қари ва жувон бўлган эдилар».
Улар бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Биз у (ҳур)ларни дафъатан яратдик» оятидаги «уларни» сўзидан «жувон ва бокира аёллар», деган ҳадисларини келтирадилар. Агар ушбу ҳадис саҳиҳ бўлса, жоиздир.
Баъзи ривоятларда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақицат, жаннатга кампирлар кирмайди», деб: «Албатта, Биз у (ҳур)ларни дафъатан яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик» оятларини тиловат қилдилар», дейилган.
Кимки ушбу оятни «Яна кўзи гўзал ҳурлар бор» оятига боғлиқ деса ҳам, улар дунё аёллари каби бўлмайдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [урубан атробан] оятидаги [уруб] сўзининг [ро] ҳарфи касрали (урибан) ва заммали (урубан) ҳолатда ўқилган. Абу Убайд айтган: «Биз ушбу сўзни икки сабабга кўра [урубан] ўқиймиз: Биринчиси, [ро] ҳарфининг тафхим, яъни йўғон ўқилишлиги бўлса, иккинчиси араб тили қоидасига кўра, шундай вазнга жамланади. Чунки унинг бирлик шакли [аруб] бўлади. Мисол учун, [собур] сўзи [субур] вазнида, [шакур] сўзи эса [шукур] вазнида кўплик шакли ҳосил бўлади.
Бошқа бир сабабга кўра, бу ҳарф ингичка талаффуз қилинади.
Бу сўзнинг таъвилида: «Уруб» бу - эрларига ошиқ бўлган аёллар, дейилган.
Абу Авсажа эса бу сўзни - «роҳат берувчи» маъносида, деган бўлса, Қутабий «эрига нисбатан муҳаббатли», деган. Бошқа нақлда эса, унга «эрларига ноз-карашма қилувчи аёллар» маъноси берилган. Яна бир нақлда айтилишича, маккаликлар бу сўзни [ал-ариба], мадиналиклар [ғонижа] ва ироқликлар [аш-шакила], дейдилар.
Саъид ибн Жубайр [урубан] сўзини араб тилида «зобъатун» деб изоҳлаб, «эрларига шаҳватни кўрсатувчи аёллар» маъносида деган. Шунингдек, эркак туяни хоҳлаб турган урғочи туяга ҳам араблар «зобъатун», дейдилар.
Оятдаги [атробан] сўзи «тенгқур аёллар» маъносидадир. Ал-Қутабий: [ат-тирбу] ва зд111 [ал-лидату] сўзлари бир маънода бўлиб, у форс тилида [ҳамзод] дейилади. Яъни асл маъноси, жаннат аёллари дунё аёллари каби ёш жиҳатидан ҳар хил эмас, балки улар туғилишсиз яратилиб, барчаси тенгқур бўлади, деган.
Кейингилардан ҳам кўпгина жамоатлардир. Ушбу оят таъвили ҳам юқорида баён қилганимиз каби икки хил бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Икки жамоа ҳам менинг умматимдандир», дедилар. Шунингдек, бу «Аввалгилардан кўпгина жамоатдир ва охиргилардан озгинадир» оятининг ҳам таъвилидир.

41. Ва чап тараф эгалари. Чап тараф эгалари не (бадбахтлар)дир?!

42. «Самум» ва «ҳамим»дадирлар.
Аллоҳ таоло ўнг томон эгалари борасида гўё таажжуб маъносида зикр қилиб, уларга ҳадя қилинадиган нарсалар ва ато қилинадиган неъматлар ҳақида хабар берган. Шунингдек, Аллоҳ таоло чап томон эгаларини зикр қилиб давомидан, улар «Самум» ва «ҳамим»дадирлар» деб, уларга ҳозирлаб қўйилган азоб ва хўрланишни баён қилган.
Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида «маймана» эгалари ва «машъама» эгаларини зикр қилган бўлса-да, уларга бериладиган мукофот ва жазони баён қилмаган эди. Чунки ушбу оятлардаги «маймана» ва «машъама» сўзлари замирида улар учун нима ҳозирлаб қўйилганига далолат мавжуд. Буни Аллоҳ билгувчироқдир. Зеро, «маймана» сўзи «бахт» негизидан ва «машъама» сўзи «бадбахтлик» негизидан олинган. Шунга кўра, ушбу сўзлар зикрида «маймана» эгаларига ато қилинадиган неъматлар ва «машъама» эгаларига ҳозирлаб қўйилган азоблар ҳақида баён мавжуд. Аммо мазкур оятлардаги «ўнг» ва «чап» сўзлари зикрида жазонинг баёни йўқ. Шу сабабли, оятнинг давомидан ҳар бир тоифага нима ҳозирлангани хабар берилмоқда. Валлоҳу аълам!
«Самум» ва «ҳамим»дадирлар. Бир нақлда айтилишича, Ушбу оятдаги «самум» - жаҳаннам иссиқлигининг уфуриши ва «ҳамим» эса энг юқори даражадаги иссиқ ҳароратдир. Яна бир нақлда, «самум» оловнинг иссиқлиги, дейилган бўлса, баъзилар эса уни «совуқ шамол» ёки «иссиқ шамол» деб таъвил қилганлар. Ушбу оятнинг моҳияти шуки, ўша одамларга «самум» етганида уларни қаттиқ чанқоқ қамрайди. Ўша ҳолатда улар ўзларининг чанқоқларини қондириш умидида «ҳамим»дан ичадилар ва чанқоқлари кетгандай бўлади-ю, аммо яна олдингисидан ҳам қаттиқ ҳолда чанқоқлари кучаяди. Валлоҳу аълам!

43. Қоп-қора тутундан бўлган «соя»дадирлар.
Айтилишича, оятдаги [яҳмуум] - «қора тутун»дир. Баъзилар [яҳмуум] сўзи [ҳамийм] негизидан ясалган, деган. Абу Бакр (Асом) оятни «буғдан бўлган сояда бўлиб, у яҳмумни буғга айлантиради», деб изоҳлаган.
Шунингдек, бу ўринда зикр қилинган соя қуйидаги оятларда баён этилган соя бўлиши ҳам мумкин:
Уч бўлакли сояга борингиз! (Мурсалот сураси, 30-оят).
Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган «соялар» бор (Зумар сураси, 16-оят).
Бошқа бир нақлда айтилишича, оятдаги соя оловдан бўлган чайладир.

44. На салқин ва на мукаррамдир.
Яъни у совуқ эмас, чунки у оловдан бўлади. Шунингдек, у «мукаррам» ҳам эмас, чунки у кофирларни хўрлаш учун бўлиб, роҳатланиш учун эмасдир. Ҳасан (Басрий) ва Қатода оят маъносини «у совуқ жой ҳам эмас, чиройли кўринишда ҳам эмас», деганлар.

45. Албатта, улар бундан олдин ҳой-ҳавасга берилганлардан эдилар.
Яъни ушбу жазо шулар учундир. Чунки улар бу дунёда қуйидаги сўзларни айтар эдилар:
«(Улар дедилар:) Бизларнинг молларимиз ва фарзандларимиз кўпроқ, бизлар азобланувчи эмасмиз» (Сабаъ сураси, 35-оят). Бу гапни оддий эргашувчилар ва паст табақадагилар эмас, балки дабдабага берилувчилар айтади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деди:
«Лекин унинг ҳой-ҳавасга берилганлари: «Биз сизлар юборилган нарса (дин)га кофирмиз», - дедилар» (Сабаъ сураси, 34-оят).

46. Ва мудом катта гуноҳ ишлар қилар эдилар.
Олимлар ушбу оят маъноси борасида турли фикрлар айтганлар. Жумладан, баъзилар оят маъносини «Улар катта гуноҳ, яъни ширк қилар эдилар», деганлар. Яна бир нақлда айтилганки, «катта гуноҳлар» бу кабира гуноҳлардир, [исрор] эса «доимий қилиш» маъносини билдиради.
Айримлар ушбу оятни «Улар қасам ичишда давом этар эдилар, яъни қасам ичиб, (доим) уни бузардилар» маъносида деганлар. Бунга қуйидаги оятлар далолат қилади:
«Улар жон-жахдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар» (Наҳл сураси, 38-оят).
Яъни улар ўзларининг қайта тирилмасликларига қасам ичганлар. Кейин, улар ушбу қасамни бузганлар. Чунки Аллоҳ таоло қуйидаги оятида уларнинг қайта тирилишлари ҳақида хабар берган:
«Йўқ! Бу, У Зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир» (Наҳл сураси, 39-оят).
Шунингдек, уларнинг қасами қуйидаги оятларда зикр қилинган нарса бўлиши ҳам мумкин:
«Агар уларга мўъжиза келса, албатта, унга имон келтиришлари ҳақида жидду жаҳд билан Аллоҳга қасам ичадилар» (Анъом сураси, 109-оят).
«Агар уларга бирор огоҳлантирувчи келса, албатта, ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топувчироқ бўлишлари ҳақида жон-жахдлари билан қасам ичгандилар» (Фотир сураси, 42-оят).
Яъни ўша одамларга пайғамбар келганида, ҳидоят топувчи бўлмадилар ва мўъжизалар келганда, уларга имон келтирмадилар. Натижада, қасамларини буздилар.
Агар уларнинг қасами ўзларининг қайта тирилмасликлари борасида бўлса, қасам ичишлари биланоқ, уни бузган бўладилар. Чунки улар қасамдан ноумиддирлар. Бунда эса, асҳобларимизнинг «ким осмонни ушлайман, деб қасам ичса, у қасамни ичиши биланоқ, қасамини бузган бўлади», деган масалалари тўғри эканига далил бўлади.

47. Ва «Биз ўлиб, тупроққа ва суякка айланганимиздан кейин қайта тирилтириламизми?

48. Аввалги оталаримиз ҳам-а?!» дер эдилар.
Ушбу гапни улар қайта тирилишга нисбатан масхаралаш билан ва эҳтимолдан йироқ деб рад этиш учун айтганлар. Аллоҳ таолонинг уларга берган жавобига назар солинг:

49. Айтгил: «Албатта, аввалгилар ва охиргилар.

50. Маълум куннинг белгиланган вақтигача албатта тўпланувчилар.
Бу оятлар икки хил маънода бўлиши мумкин. Биринчиси, Аллоҳ таоло аввалгилар ва кейингиларни яратишда жамлайди. Яъни Аллоҳ таоло кейингиларни аввалгиларнинг ортидан яратиб, уларни вужудга келтиришда жамлайди. Акс ҳолда, «тўпланувчилар» дейилганида улар тўпланмаган, яъни кейингилар ҳали яратилмаган бўлар эди. Иккинчиси, улар Ерда, яъни қабрларда маълум куннинг белгиланган вақтигача жамланадилар.

51. Сўнгра, сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар!
Яъни Аллоҳнинг ягоналиги, расуллари ва қайта тирилишга далолат қилувчи оят-далилларни инкор этувчи гумроҳлар!

52. Албатта, заққум дарахтидан еювчисизлар.
Аллоҳ таоло ўша инкор этувчи гумроҳлар Заққум дарахтидан ейишларини хабар берди. Демак, Аллоҳ хабар бергандек бўлади.
Заққум дарахти ҳақида қуйидаги оятда баён қилинган:
«Дарҳақиқат, у бир дарахт бўлиб, дўзах қаъридан чиқур. Унинг (мева) тугар жойи, худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди» (Соффот сураси, 64-65-оятлар).
Ушбу оят таъвилини ўз ўрнида келтирганмиз.

53. Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар.
Аллоҳ таоло ўша одамлар ейдиган ва ичадиган нарсада, улар учун қоринларни тўлдиришдан бошқача бўлмаслигини хабар бермоқда. Зеро, улар еган Заққум ва бошқалар улардаги очликни бартараф қилмайди ва ичган «ҳамим»лари ҳам чанқоқларини босмайди, аксинча шу билан улар учун олдинги ҳолатдан кўра очлик ва чанқаш янада кучаяди. Валлоҳу аълам!

54. Бас, устидан ўта қайноқ сувдан ичувчисизлар.

55. Бас, чанқоқ туядек ичувчисизлар.
Оятдаги [ҳийм] сўзи «чанқоқ касалига чалинган туя» маъносида бўлиб, у сув ичиб қорнини тўлдирсада, касаллиги боис сувга абадий қонмайди. Худди шу сингари, дўзах аҳли ҳам ичадилар ва ейдилар, ҳатто қоринлари тўлади. Лекин уларнинг чанқоғи босилмайди ва очлиги кетмайди. Валлоҳу аълам!
Яна айтилганки, [ҳийм] бу - кўп кунлар давомида сув тополмай, тентираб, қаттиқ чанқаб юрган туя бўлиб, у сув топилганида, ундан ичади ва қорни тўлади. Ҳатто у қориннинг сувга тўлишидан ҳалок бўлади. Бу (Абу Бакр) Асомнинг қарашидир.

56. Бу уларнинг қиёмат кунидаги зиёфатларидир!
Яъни айтиб ўтилган нарсалар уларнинг қиёматдаги овқати ва ризқидир.

57. Биз сизларни яратганмиз, тасдиқ қилсаларинг-чи!
Ушбу оятни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, Аллоҳ таоло хитоб қиладики, сизлар Мени ва элчиларимни, биз сизларни аввалбошда яратганимиз ростлигини эътироф этаркансиз, Мени ва элчиларимни, Биз сизларни яна қайта яратишимиз ҳам ростлигини тасдиқламайсизларми ахир? Чунки яратиш ибтидосида қайта тирилтиришга нисбатан кўпроқ ҳайратланарли ҳолатлар бор. Бу эса, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек:
«Бу Унга жуда осондир» (Рум сураси, 27-оят).
Иккинчиси, дарҳақиқат, сизлар Аллоҳ таолони ва элчиларини, У сизларни оналарингиз қоринларида учта зулматда яратгани ва сизларни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказганининг ростлигини эътироф этдингиз. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг сизларни бекорга натижасиз ташлаб қўйиши эҳтимолдан йироқ ва бунда қайта тирилтиришнинг исботи бор. Агар шундай бўлмаганида, сизларнинг яратилишингиз ва бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказилишингиз беҳуда иш бўларди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган:
«Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (Муъминун сураси, 115-оят). Валлоҳу аьлам!

58. Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а!

59. Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?!
Улар ўзлари тўкадиган манийсини ҳам, ўз жонларини ҳам яратмаганликларини билар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло гўё шундай деб хитоб қилади «Сизлар манийингизни ва ўзингизни ўзингиз яратмаганингизга ҳамда бунга қодир эмаслигингизга иқрор бўлдингиз. Шундай экан, «Албатта, сизларни ва уларнинг барчасини Аллоҳ таоло яратганини ва уларнинг Эгаси эканини», билдингизлар. Қачонки, буни англар экансиз, сиз «аҳлу тамйииз» ва бошқалардан ақл жиҳатидан комил экансиз, сизлар ўзларингизни яратишга қодир эмас экансизлар, сизлардан қуйи бўлган бошқа (бут)лар сизларни ва зикр қилинган нарсаларни яратишга қодир эмасликлари энг катта ҳақиқатдир. Ана энди, Аллоҳ таоло барча нарсани Яратувчи экани собит бўлди. Қандай қилиб Аллоҳдан бошқа нарсага ибодат қилдингиз ва уларни илоҳ деб билдингиз?

60. Орангиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз.

61. Сизнинг ўрнингизга сизга ўхшашларни алмаштиришдан ва сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизларнинг орангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаганмиз» сўзи бир неча маънони англатиши мумкин. Биринчиси, Аллоҳ таоло сизларни ва бошқа айтиб ўтилган нарсаларни яратиб, сўнг сизларнинг орангизда ўлимни белгилаб қўйгани, орангизда Аллоҳ таолога дўст ҳам, душман ҳам мавжуд бўлиши, асли ҳикматга кўра, дўст ва душман ораси ажратилсада. лекин Аллоҳ таоло дунёда уларни ўзаро тенг қилгани - уларнинг оралари ажратиладиган бир диёр борлигига далолат қилади.
Иккинчиси, сизларнинг ўртангизда эрта ёки кеч келадиган ўлимни белгиладик. Яъни Аллоҳ таоло сизларнинг ўлимингизни бир вақтда қилмаган, балки ким учундир нисбатан эртароқ ва ким учундир нисбатан кечроқ қилган. Аллоҳ таоло бир кимсанинг ажали муддатини иккинчи бир шахс ўлими муддатига нисбатан узунроқ қилган.
Бир нақлда айтилишича, «Сизларнинг орангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаганмиз» ояти «биз сизларнинг азизларингиз ва разилларингиз, аслзодаларингиз ва оддийларингиз орасида ўлимни бир хил қилдик. Ҳеч ким ундан омонда қолмайди», деган маънодадир.
Шунингдек, оят яна бир бошқа маънони ҳам эҳтимол қилади, бу муносиброқ маънодир: Аллоҳ таоло сизларнинг орангизда ўлимни белгилаганида, ҳар бирингиз ўша ажалдан нафратландингиз, лекин уни ўзларингиздан даф қилолмадингиз. Демак, бу Аллоҳ таолонинг Қоҳир, Қодир эканлигига далолат қилиб, Унинг мавжудлигини, буйруқларига ва қайтариқларига бўйсунишни тақозо этади. Бу эса, нисбатан устун қараш ҳисобланади.
Аллоҳ таолонинг «Сизларнинг орангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаганмиз», оятида баъзи тоифаларнинг «ўлдирилган киши ўз ажали билан ўлмайди» деган қарашини рад этиш мавжуд. Чунки Аллоҳ таоло инсонлар ўртасида ўлимни бегилаб қўйгани ҳақида хабар берган. Зеро, ўша тоифаларнинг наздида «ким ўлдирилса, у на Аллоҳ белгилаган нарса билан, на ўз ажали билан ўлади», деган қараш бор. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўлимни белгилаб қўйгани ҳақида хабар берган ва уни содир этишда ожиз бўлмайди. Бунга эса, Аллоҳ азза ва жалланинг «Биз ожиз эмасмиз» ояти далолат қилади.
Агар ким мўътазилалар айтганидек, «ўлдирилган киши ўз ажалидан олдин ўлади» деса, Аллоҳ таоло ўлдирилган инсонга ўлимни белгиламаган ва ўша қотил эса, Аллоҳ таолони ожиз қолдирган ва Аллоҳ ўлдирилганга белгилаган ажални амалга ошишдан ва белгиланган муддатига етишдан тўсади, деган бўлади.
Шунингдек, қотил Аллоҳ таолонинг уни ўша ажалга етказгани ҳақидаги хабарини ёлғонга чиқарган бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Биз ожиз эмасмиз, сизнинг ўрнингизга сизга ўхшашларни алмаштиришдан» ояти «Биз ўринларингизга сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишда мағлуб эмасмиз» маъносида ёки «У Зот айтади: биз ўринларин-гизга сизларга ўхшашларни алмаштириб қўйишимизда ожиз эмасмиз» каби маъноларни англатади.
Абу Бакр Асом Аллоҳ азза ва жалланинг «сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан» ояти «Сизларни маймун, чўчқа ва шу каби жирканч шармандали суратга солиб қўйишга ожиз эмасмиз», деган маънода, деган.
Яна айтилганки, Аллоҳ азза ва жалланинг «сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан» сўзи «Аллоҳ таоло хоҳлаган шаклда яратади» деган маънони билдиради. Ушбу маъно бундан олдингисига яқинроқ маънодир.
Шунингдек, оятнинг маъноси «Биз сизларни инсоният илми ва ҳакимларнинг донолиги етмайдиган уч зулматда пайдо килишга ҳам ожиз эмасмиз» деган мазмунда бўлиши ҳам мумкин. Демак, бундай қилишга қодир Зот қайта тирилтириш ва бошқа ишларда ожиз бўлиши эҳтимолдан йироқдир. Валлоҳу аълам!

62. Ва дарҳақиқат, аввалги яратилишни билдингиз-ку, эсламайсизларми?!
Ушбу оятни тушуниш юқорида зикр қилганимизга мувофик бўлиб, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларни дастлабки яратишда йўқдан яратган экан, У яратишга ожиз бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки иккинчи яратиш биринчи яратишга ўхшашдир. Зеро, сизнинг наздингизда иккинчи яратишни амалга ошириш биринчисига нисбатан енгилроқ ва осонроқдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эсламайсизларми?» ояти айтиб ўтганимиздек, «Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ва рубубиятини эсламайсизларми?» ёки «Аллоҳ таолонинг қайта тирилтириш-га қодирлигини эсламайсизларми?» ёки «Аллоҳ таолонинг сизларга ато қилган неъматларига шукр қилишни талаб этишини ва Унинг неъматлари ва эҳсонини эсламайсизларми?» каби маъноларни англатиши мумкин.
Баъзи инсонлар ушбу оятдаги «аввалги яратиш» иборасини Одам алайҳиссаломнинг яратилиши, деб изоҳлаганлар. Яъни сизлар Одам алайҳиссаломнинг йўқдан ва бошқасига ўхшатиш-тақлидсиз пайдо қилинишини билдингиз. Ким дастлабки яратишга қодир бўлса, бошқа яратиш (қайта тирилтириш) га ҳам қодирдир. Сизнинг тасаввурингизга кўра, бунга қодир бўлиши осонроқдир. Аллоҳ тавфиқ берувчи Зот!

63. Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а!

64. Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?
Ушбу оятлар олдин келган «Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а!» оятига боғлиқ бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло гўё «Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Экинларни сизлар яратдингизми ёки биз яратувчимизми?» демоқда. Маъно биз зикр қилганимиздек бўлади. Валлоҳу аълам!
Бошқа таъвили эса, «Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Ўсимликларни сизлар ундирдингизми ёки биз уни ундирувчимизми?» деган маънони билдиради. Валлоҳу аълам!
Таъвил аҳли «Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?» ояти «Экинни сизлар ундиряпсизларми ёки биз уни ундирувчимизми?» деган маънони англатади, дейдилар. Унинг асл маъноси биз юқорида зикр қилганимиздек.

65. Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз. Сизлар эса надоматда ажабланасизлар.
Оятдаги [ҳутом] - «қуруқ», деган маънони англатади. Абу Авсажа эса, уни «синдирилган» маъносида, деган.
Бу ўринда Аллоҳ таоло одамларга ато қилган неъматларини эслатиб: «У Зот экинни фойдаланиладиган ва омонда қилиши ёки хоҳласа, уни фойдаланиб бўлмайдиган қилиши ҳам мумкин бўлган Зотдир», деб огоҳлантирмоқда. Ёки Аллоҳ таоло экинни кўкартириш ва ҳалок қилишга қодирлиги ҳақидаги Уз қудрати борасида хабардор қилмоқда. Шунга кўра, Аллоҳ таоло учун бирор нарсани йўқдан бор қилиш ҳам, уни яна йўқликка қайтариш ҳам осондир.
Аллоҳ азза ва жалланинг    [фазолтум тафаккаҳуун] оятидаги [тафаккаҳуун] сўзи «ажабланмоқ» деган маънони англатиши айтилган. Шунингдек, мазкур сўз Укл қабиласи тилида «пушаймон бўлмоқ» маъносини ҳам билдиради.
Абу Бакр Асом ушбу оят «Сизлар роҳатланувчиларга ва лаззатланувчиларга айландингизлар» маъносини англатади, деган. Бу худди, киши бирор шахсга: «Агар сенинг молингни олсам ёки қўлга киритсам, мен бойга айланаман ёки бой бўламан», дегани кабидир. Лекин бундай дейиладими ёки йўқ, унисини билмаймиз. Агар шундай дейилса, ўша шахс моли қўлидан кетгач, худди у лаззатланувчи ва роҳат-фароғатда яшовчидек, молини доим эслайди.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг тафсирида бу оят «ўзингизни маломат қиласиз» маъносини англатади, дейилган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қироатида оят [Фасиртум тафаккаҳун] шаклида ўқилган бўлиб, [фазолтум] сўзи тунги пайтга эмас, балки кундузги пайтга нисбатан қўлланилади.

66. Албатта, биз зиён кўрувчилармиз.

67. Балки биз маҳрумлармиз, (дейсиз).
Яъни сизлар: «Биз зиён кўрувчилармиз», дейсизлар. Ушбу оят маъноси борасида турли фикрлар айтилган.
Айтилишича, ушбу оят «Биз азобланувчилармиз» деган маънода бўлиб, унга қуйидаги оят далолат қилади:
«Дарҳақиқат, унинг азоби ҳалокатлидир» (Фурқон сураси, 65-оят).
Бошқа бир нақлда эса, ушбу оят «биз ёмонликка дучор бўлган, маломатланганлармиз» маъносини билдиради, дейилган.
Аммо оятдаги [муғромуун] сўзи «зарар» маъносини англатиши аниқ. Чунки унинг асл маъноси молига талафот етиши ёки ўзидан бошқага муҳтож бўлгани боис зарар кўриш, деганидир.
Аллоҳ таоло гўё айтмокда: «Агар У Зот экинни сизлар ундан фойдалана олмайдиган қуруқ чўп қилиб қўйса, сизлар ажабланиб «Биз зиён кўрувчилармиз», дейсизлар». Валлоҳу аълам!
Балки биз маҳрумлармиз. «Маҳрум» сўзи «моли бўлмаган ёки молдан фойдалана олмайдиган киши» деган маънони англатади. Баъзилар эса уни «чекланганлар» маъносида деса, айримлар «баракаси йўқлар» маъносида, деганлар. Аммо оятдаги «маҳрум» сўзи равшан бўлиб, уни тафсир қилишга ҳожат йўқ.

68. Узингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а!

69. Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширувчимизми?

70. Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилмайсизми?!
Аллоҳ таоло инсонларга берган неъматлари - улар учун чучук сувни туширгани ва уни одамлар ичишларини зикр қилмоқда. Шунингдек, агар У хоҳласа, сувни одамларни ҳалок қиладиган ва уларга фойдали бўлмайдиган шўр сув қилиб қўйишини айтди. Худди шу каби, Аллоҳ таоло «Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз», деди. Яъни бу ҳолатда сув озиқа бўлиш хусусиятидан чиқади. Лекин У Зот фазли ва раҳмати билан сувни инсон учун озиқа ва ичимлик сифатида қолдирди. Шу туфайли ҳам, Аллоҳ таоло мазкур оят охирида: «Шукр қилмайсизми?!», яъни» Аллоҳ таоло сизларга ато қилган нарса учун шукр қилмайсизларми?», деди.
Мазкур оятларда бандалар феъллари борасида мўътазилийларнинг қарашини синдирувчи далолат мавжуд. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деди:
Ўзингиз тўкадиган манийни ўйлаб кўринг-а! Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?! (Воқеа сураси, 58-59-оятлар).
Ушбу оятда баён этилган «манийни тўкиш» (эякулация) бу банданинг феълидир. Чунки бу манийнинг тўкилишидир. Кейин Аллоҳ таоло «Уни сизлар яратасизми...» оятида унинг яратувчиси Ўзи эканини айтган. Шунингдек, ер ҳайдаш ва экин экиш банданинг хатти-ҳаракати саналади. Аллоҳ таоло эса, унинг яратувчиси Ўзи экани ҳақида хабар берди.
Аллоҳ таолонинг «Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз» ёки «шўр қилиб қўямиз» деган сўзида мўътазилийларнинг «аслаҳ» борасидаги қарашини рад этиш мавжуд(Мўътазилаларнинг «аслаҳ» борасидаги қараши банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб дейишдир.).
Уларга айтилади: «Аллоҳ таоло «Агар хоҳласак, шундай қиламиз» деб, кейин уни қилмаса, бу бандаларга фойдали иш қилгани бўлса ёки шундоғича қолдириши ҳам улар учун фойдали бўлса, Аллоҳ таоло гўё: «Агар У Зот хоҳласа, адолат ва ҳақ бўлган ишни зулмга айлантириши мумкин», дегандек бўлади. Лекин «Аллоҳ таоло зулм қилишни хоҳласа, зулм қилади» дейиш мумкин эмас. Ҳар икки ҳолат эҳтимолида ҳам уларнинг қарашини рад қилиш бор.
Уни булутлардан сиз туширдингизми ёки Биз туширувчимизми? Оятдаги [музн] сўзи таъвили борасида ихтилоф қилинган. Жумладан, таъвил ва адаб аҳлининг кўпчилиги [музн] - «булут» маъносини англатади, деганлар. Абу Бакр Асом эса, [музн] бу - «чучук сув» деган. Унинг фикрига кўра, оятдаги [мин] - «-дан» предлоги зиёда бўлиб, худди: «Чучук сувни сизлар туширдингизми?» дегандек бўлади.
Лекин тўғрироғи таъвил ва адаб аҳли билдирган фикр бўлиб, «Аллоҳ таоло сувни булутлардан ёғдиради», деганидир. Валлоҳу аълам!

71. Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а!
Баъзилар ушбу оятдаги [туруун] сўзи «ўт ёқасизлар» маъносидадир, деган. Айримлар эса, «олов чиқариш» маъносида, деганлар. Баъзи нақлда айтилишича, у «нур таратадиган», деган маънода ҳам келади.

72. Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?
Оятдаги «дарахт» сўзи ўтин қилинадиган, устма-уст қўйиб, ёқиладиган деган маънони англатади, дейилган. Бошқа нақлда айтилишича, унда ўти бўлган, ундан чақмоқтош сифатида фойдаланиладиган дарахтдир. Биринчиси тўғрироқ саналади.
Валлоҳу аълам!

73. Биз уни эслатма ва йўловчилар учун манфаат қилиб қўйдик.

74. Бас, улуғ Раббинг исмини поклаб ёд эт!
Таъвил аҳлининг баъзилари: «Биз ушбу оловни катта олов, яъни охират олови учун эслатма қилдик», маъносида деган. Шунингдек, оят «Биз ушбу ҳозир бўлган неъматларни ваъда қилинган неъматлар учун эслатма қилдик» ёки «дунёдаги ушбу бало ва қийинчиликларни охиратда ваъда этилган азоблар учун эслатма қилдик», деган маънони ҳам эҳтимол қилади. Валлоҳу аълам!
«Йўловчилар учун манфаат қилиб қўйдик» оятидаги [муқвийн] (йўловчилар деб таржима қилинди) сўзини баъзи таъвил аҳллари «йўловчилар» маъносида деганлар. «Иўловчилар саҳрода бўлгани учун уларни алоҳида ажратиб кўрсатди», деганлар. Бу Қутабийнинг қарашидир. Бошқа бир нақлда, оятдаги [муқвийн] «фойдаланувчилар» маъносида, дейилган.
Абу Авсажа уни «озиқ-овқати йўқ киши» маъносида, деган. Яна бир нақлда эса, «кимсасиз жойда турган киши» маъноси берилган. Абу Убайда эса: «Мен ёнида озиқ-овқати бўлмаган кишини озиқ-овқати бўлган кишига нисбатан оловга ҳақлироқ ва эҳтиёжи кўпроқ деб билмайман, балки озиқ-овқати бор инсон унга кўпроқ муҳтож бўлади», деган. Яна бир нақлда ай-тилишича, ёнида бақувват туяси бор кишига нисбатан [рожулун муқвийн] жумласи ишлатилади.

75. Юлдузларнинг манзиллари билан қасам ичаман.

76. Албатта, агар билсангиз, бу улуғ қасамдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Иброҳим (Нахаъий)лар ушбу оятдаги [мавақиъ] сўзини [мавқиъ] деб бирлик ҳолида қироат қилганлар. Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ)нинг ушбу оятни кўплик ҳолда [мавақиъ] деб қироат қилгани айтилади. Абу Убайд айнан ушбу қироатни ушлаб, аҳли таъвилнинг баъзилари ушбу сўзни «Қуръони карим ўринлари», айримлари эса, «юлдузларнинг ботиш ва тушиш жойлари» маъносида, деганларини айтган. Ҳар икки таъвилда ҳам, ушбу сўзни кўплик ҳолида қироат қилиш бирлик ҳолатидан кўра яхшироқ ҳисобланади.
Ушбу оятдаги [фалаа уқсиму] иборасининг маъноси борасида турлича ёндашувлар бор. Баъзилар бу ўринда [лаа] ҳарфи зиёда бўлиб, «Юлдузларнинг манзиллари билан қасам ичаман» маъносида, деганлар. Бу тилшунослик жиҳатидан ҳам мумкин бўлиб, қуйидаги оят кабидир:
«У Зот айтди: «Сажда қилишингдан нима тўсди?» (Аъроф сураси, 12-оят).
Мазкур оятдаги [лаа] ҳарфи таъкидлаш учун зиёда маъносида бўлади.
Айримлар ушбу оятдаги [фалаа] ҳарфини ўз ўрнида собит қилганлар. Аллоҳ таоло ушбу ҳарфни зикр қилиши кофирлар томонидан билдирилган гапни рад қилиш ва зиддиятни бартараф қилиш учундир. Аммо Аллоҳ таоло бу нарса маълум бўлгани учун зикр қилмасдан, «Йўқ!» сўзини зикр этиш билан уни рад этган ва кейин қасамни «қасам ичаман» сўзи билан бошлаган. Бу эса, худди «Юлдузларнинг манзиллари билан қасам ичаман» деганидек бўлади.
Шунингдек, ушбу оятдаги [би мавақиъ ан-нужум] ибораси борасида ҳам биз баён қилган икки шаклда таъвиллар айтилган.
Баъзилар, ушбу ибора «Қуръони каримнинг бўлиб-бўлиб нозил этилиш ўринлари билан» маъносида бўлиб, унинг далили ўзидан кейин келган оятдир, деганлар.
Албатта, у Қуръони каримдир. У сақланган Китобдир (Воҳеа сураси, 77-78-оятлар). Баъзилар айтганидек, унинг иккинчи таъвили - «юлдузларнинг ботиш ва тушиш жойлари билан» маъносидадир. Агар ушбу оят «юлдузларнинг ботиш ва тушиш жойлари» мазмунида бўлса, у ҳолда, улар билан касам ичиш бир неча сабабларга кўра бўлади:
Биринчиси, қалбларда юлдузлар жойларининг ва аҳамиятининг катталиги ва инсонлар тафаккурида уларнинг қадри баландлиги ва ҳатто баъзи динсизлар юлдузларни оламни тузиб турувчи сифатида белгилашлари сабабли улар билан қасам ичилган.
Ёки юлдузлар орқали йўллар ва йўналишларни аниқлаш, кўлмак сувлар ва булоқларни топиш, вақтлар ва замонларни билиш каби инсонларга фойдали жиҳатлар кўплиги жиҳатидан ҳам улар билан қасам ичилган.
Ёки унинг маъноси «юлдузларнинг тушиш жойлари билан» маъносида бўлиб, бунда юлдузларнинг Аллоҳ таолога итоати қаттиқлиги ва улар инсонлар фойдаланишлари учун бўйсундирилгани ҳақидаги хабар бор. Юлдузлар беш юз йиллик масофани бир кун, ҳатто бир кечада босиб ўтади. Лекин масофаларни энг тез босиб ўтадиган қанотли ва жонли нарсалар ҳам бу масофани босиб ўтиши тасаввур қилинмайди. Валлоҳу аълам!
Таъвил аҳлининг барчаси ушбу оятдаги қасам Аллоҳ таоло томонидан ичилган, деганлар. Шунингдек, ушбу қасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу ўринда Аллоҳ таоло қасамни Узига нисбат бериши сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу нарсаларнинг Раббиси билан қасам ичишни ўргатишдир. Бундан ташқари, бошқа расулларга ҳам ушбу нарсалар Раббиси билан қасам ичишни ўргатиш бор. Зеро, инсонлар ва Аллоҳ таоло ўртасида қасам ичишга сабаб бўладиган мунозара йўқ. Аллох таоло қачон қасам келтирса, у инкор ва баҳс бўлгандагина хабарни таъкидлаш учун зикр этилади. Ваҳоланки, бу низо оддий инсонлар ва расуллар ўртасида содир бўлади. Шунингдек, қуйидаги оятда ҳам қасам Аллоҳ таоло томонидан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бўлган:
«Бас, машриқлар ва мағриблар Раббиси билан қасам ичаман» (Маориж сураси, 40-оят).
Чунки бу ўринда Рабб азза ва жалла қасам ичувчи бўлиши ва «машриқлар ва мағриблар Раббиси билан», дейиши мумкин эмас. Ушбу оятнинг зоҳири шуки, бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам ичувчидир. Юқоридаги оятда ҳам шу кабидир. Валлоҳу аълам!
Айрим инсонлар эса, қуйидагича фикр билдирганлар: Қуръони каримдаги турли ашёлар зикри келган қасамларда, гарчи ўша нарсалар билан қасам ичилмаган бўлса-да, ўша ашёлар қасамни таъкидлайди ва тақозо қилади. Гарчи ўша ашёлар билан қасам ичилмаган тақдирда ҳам, қасам уларни таъкидлайди. Чунки Қуръони каримда келган қасамларнинг аксари қайта тирилишни, тавҳидни ва рисолатни исбот қилиш каби ҳолатларга тааллуқлидир. Қасам улар билан ичилмаган бўлса-да, улар қасам тақозо қиладиган нарсани тақозо қилади. Чунки ушбу нарсаларнинг ўзида қайта тирилиш, тавҳид ва рисолатга дало-латлар мавжуддир. Аллоҳ тавфиқ берувчи Зот!

77. Албатта, у Қуръони каримдир.
Юқоридаги оятдаги қасамни Қуръон деб таъвил қилганлар фикрига кўра, бу маъно равшан бўлиб, «Албатта, у Қуръони каримдир», яъни Аллоҳ таоло (у билан) қасам ичган, уни бўлиб-бўлиб нозил қилган Китоб каримдир.
Қуръоннинг «карим» деб номланишини бир неча маъноларда тушуниш мумкин:
Биринчиси, Қуръоннинг «карам» сифати билан васф қилинганига сабаб бу - у дунёвий ва ухровий эҳтиёжларни бажариш учун асосдир. Урфда эса, ўзини инсонларнинг эҳтиёжларини қондириш ва рўёбга чиқаришда ёрдамлашишга тайёрлаган ва камарбаста бўлган кишига нисбатан «карим» сўзи қўлланилади.
Ёки унинг «карам» сифати билан васф қилиниши, ким Қуръонга эргашса, карам ва шараф қозониши туфайли бўлиши мумкин.
Ёки Қуръон Аллоҳ таоло ҳузурида карим ва буюкдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни «карам» сифати билан васф қилган. Валлоҳу аълам!

78. У яширилган Китобдадир.
Таъвил аҳли бу оят маъносини «У Лавҳул маҳфуздадир» деб айтган. Аллоҳнинг ҳузурида, яратиқлардан яширин бўлгани учун «яширилган» деб номланган.

79. Уни фақат покланганларгина ушлайди.

80. У оламларнинг Раббисидан туширилгандир.
Аллоҳ таоло: «Қуръонни фақат покланган одамларгина ушлайди» деб марҳамат қилмоқда. Баъзилар ушбу оятдаги «покланганлар» - «Қуръон қўлларида бўлган фаришталар» маъносини англатади, деганлар. Бунга эса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далолат қилади:
«Элчи (фаришта)лар қўлларидадир. Улар ҳурматланган ва ўта яхшидирлар» (Абаса сураси, 15-16-оятлар). Яъни фаришталар гуноҳ ва айб-нуқсонлардан покдирлар.
Бу оятлар гўё инсонлар ушбу Китобни ўзгартириш ва алмаштиришдан доимо сақланишлари учун зикр қилинган.
Зеро, ундан кейин Аллоҳ «У оламларнинг Раббисидан туширилгандир» деди. Яъни Қуръони карим алмаштириш ва ўзгартиришдан ҳимоя қилингандир. Уни фақатгина гуноҳдан покларгина ушлайди. Зеро, Қуръонни ўзгартириш бу - айб ва гуноҳдир, чунки Қуръони каримни оламларнинг Раббиси нозил қилгандир.
Бу қуйидаги оятларда ҳам зикр қилинган:
«Уни Руҳул амийн олиб тушди. 194. Сизнинг қалбингизга, огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун» (Шуъаро сураси, 193-194-оятлар).
«Унга шиддатли қувват эгаси ўргатди» (Нажм сураси, 5-оят).
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Қуръонни осмондан олиб тушган фаришта ишончли экани, у томонидан алмаштириш ва ўзгартириш бўлмаслиги, жин ва инсонлардан бирортаси унинг қўлидан тортиб олишга ва ўзгартириб қўйишга қодир бўлмайдиган даражада кучли экани ҳақида хабар қилди. Сўнг, тўлиқ омонлик қуйидаги оят билан собитдир:
«Албатта, Биз зикр (Қуръон)ни нозил қилдик ва албатта, биз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло Қуръонни сақлашни яратилганларнинг бирортасига буюрмаган, балки Узининг зиммасига олган ва Қуръон ўзгартириш ҳамда алмаштиришдан ҳимояланган. Валлоҳу аълам!

81. Сизлар мана шу сўзга бепарволик қиласизларми?!

82. Ва ёлғонга чиқаришни ризқ қилиб оласизларми?!
Баъзилар оятнинг маъноси «Сизлар Қуръонга куфр келтирасизларми?» бўлади, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръонни диннинг ҳаёти ва унинг озиқаси қилди, ризқни эса, баданлар ва жонларнинг ҳаёти ва озиқаси қилди. Мушриклар эса иккисини, яъни дин ва баданларнинг озиқасини ёлғонга чиқардилар. Бу ўринда ризқларни ёлғонга чиқариш бир неча маънода бўлиши мумкин:
Биринчиси, баъзи аҳли таъвиллар айтганидек, улар: «Биз фалон юлдуз сабабидан ризқлантирилдик» деб, ризқни ўша юлдузга боғлардилар. Бу мунажжимларнинг «юлдузлар оламнинг тадбир қилувчи ва ризқ берувчисидир», деган (нотўғри) эътиқодларига асосланган бўлиб, улар бу ишда бошқаришни Аллоҳ таолога нисбат бермайдилар.
Лекин ким ризқни Аллоҳ таолога нисбат берса ва Аллоҳ таоло бизни фалон юлдуз сабабидан ризқлантирди деса, бу гапда ёлғончига чиқариш йўқ. Бу ўринда «юлдуз» сўзи қўлланишини - Аллоҳ таоло сабаб қилиб ризқ берадиган нарсалардан бири сифатида тушуниш мумкин. Шунингдек, кимдир ризқни сабабларнинг бирортасига боғлиқ деб ўйласа ҳам, мазкур ҳолатга тушади. Кимдир: «Аллоҳ таоло бизларни фалон нарса сабабли ризкдантирди», деб айтса, жоиз бўлади.
Абу Убайда ва баъзилар Аллоҳ таолонинг «Ва ёлғонга чиқаришни ризқ қилиб оласизларми?!» оятини «ризқингиз шукрини қилиш ўрнига уни ёлғонга чиқарасизларми?» маъно-сида, деган.
Шунингдек, уларнинг «ризқни ёлғонга чиқаришлари» - улуҳийят номини уларни ризқлантирган Зотдан бошқасига буришлари ҳамда ибодатни унга лойиқ бўлмаганга нисбат беришлари маъносида бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Ҳасан (Басрий) «Ва ёлғонга чиқаришни ризқ қилиб оласизларми?!» ояти мазмуни борасида шундай дейди: «Қавм ўзига қандай ҳам ёмон нарсани олди, ўзлари учун Аллоҳ таолонинг китобини тинглаб, фақат уни инкор этишни танладилар». Яъни Аллоҳ таоло «Сизларнинг Қуръони карим(тинглаш)дан улушингиз - уни ёлғонга чиқариш бўлди», демокда ва ушбу оятни «Сизлар мана шу сўзга бепарволик қиласизларми?» ояти билан бирга зикр қиляпти.
Абу Бакр Асом: «Ва ёлғонга чиқаришни ризқ қилиб оласизларми?!» оятидаги «ризқ» ушбу Қуръон бўлиб, Аллоҳ таоло у билан аждодларингизни эмас, балки фақат сизларни хослади. Яъни Қуръон ва у билан аждодларингиз ризқланмасдан, балки сизлар ризқландингиз. Сўнг сизлар ўзингиз хосланган ва фақат сизга берилган ушбу «ризқ» (Қуръон)ни ёлғонга чиқардингизлар», деган ёки шунга яқин гапларни айтган. У бунга қуйидаги оятни далил қилади:
Сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсаларни сизга ўргатган (китобни ким туширди?!) (Анъом сураси, 91-оят).
Шунингдек, Абу Бакр Асом [мудҳин] сўзини «келишиб кетадиган, ўзига лозим бўлиб қоладиган нарсаларнинг ҳужжатини даф қилишда ҳийла-найранг қилишга ўтадиган шахс» деган. Ёки шунга ўхшаш гап айтган. Валлоҳу аълам!
Абу Муоз айтади: [мудҳин] ва [муддаҳҳин] сўзлари икки маънони ифодалайди. [мудоҳана] - «алдов» маъносини ифодалаиди». Лекин арабларда [даҳантуҳу] ва [ад-ҳантуҳу], деб айтилади.
Шунингдек, «мудоҳана» ва «мудорот» сўзларининг ўзаро фарқи шуки, «мудоҳана» бу - «киши ўзига манфаати бор муайян бир нарсага иккинчи томонни алдаб эришиши» бўлса, «мудорот» эса - раҳм қилиш бўлиб, киши ҳақиқат ўзи томонида эканини юзага чиқариш ва динини сақлаш учун ўзига раҳм қилиб бошқага хушомад қилиш»идир. Аммо зоҳиран ушбу икки сўз бир мазмунни англатиб, мулойимлик ҳамда ўзини паст олиш-дир. Лекин уларнинг моҳиятидаги фарқ биз келтирган маънодир. Валлоҳу аълам!

83. Жонингиз ҳалқумга келиб қолсачи?!

84. Ҳолбуки, ўша вақтда ўзларингиз қараб турган бўласизлар.
Ушбу оятлар олдинги оятнинг узвий давоми эмас. Балки, мазкур икки оят қуйидаги оятдаги кофирлар мўминларга айтган сўзга боғлиққа ўхшайди:
(Кофирлар айтади:) Агар бизнинг ҳузуримизда бўлганларида, ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар (Оли Имрон сураси, 156-оят).
Аллоҳ таоло гўё айтмокда: Сизларнинг гумонингизга кўра, улар ҳузурингизда бўлганларида, ўлмаган ва қатл қилинмаган бўлур эдилар, дейсиз. Агар сизлар «Агар бизнинг ҳузуримизда бўлганларида, ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар» деган гапингизда ростгўй бўлсангизлар, ҳузурингизда уларнинг руҳлари ҳалқумларига келадиган бўлса, руҳларини жасадларига қайтара олармидингиз? Оятнинг таъвилини шунга кўра тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, ўша вақтда ўзларингиз қараб турган бўласизлар» оятини икки маънода тушуниш мумкин.
Биринчиси, сизлар руҳнинг қачон чиқишини кутиб ўтирасизлар. Уни олдинги жойига қайтаришга имкон тополмайсизлар. Аммо руҳ қачон чиқаркан, деб унинг чиқишини кутасизлар, деган маънодадир.
Иккинчиси, оятдаги «назар солиш» ҳақиқий маънода бўлиб. ўша (руҳлар ҳалқумга келган) вақтда «сизлар султонлигимни ва қудратимни кўрасизлар» деган мазмундадир.
Бир нақлда айтилишича, оят кутиш маъносида бўлиб, «сизлар ўзингизга ўлим келишини кутиб турасизлар», деган мазмундадир. Буни эса, биз ҳам зикр қилдик.
«Ҳолбуки, ўша вақтда ўзларингиз қараб турган бўласизлар» ояти қуйидагича маънода бўлиши ҳам мумкин: «Улар бутларга ҳолат танг бўлганида ўзларини ҳимоя килишидан умид қилган ҳолларида сиғинар эдилар. Ўлим содир бўлганида улар танг ҳолда бўладилар. Чунки уларнинг эътиқодида қайта тирилиш бўлмайди. Шунда, Аллоҳ таоло уларга: «Руҳлар ҳалқумларга келганида, сиғинаётган бутларингиз сизларни ҳимоя қилмайдими ва руҳларни олдинги жойига қайтармайдими. Агар бутлар бунга қодир бўлмас экан, нима учун уларга сиғинасизлар?» дейди». Валлоҳу аълам!

85. Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар.
Баъзи таъвил аҳллари оятнинг маъноси борасида шундай деганлар: «Биз, яъни фаришталарим ва элчиларим ўша вақтда сизлардан кўра унга яқинроқмиз, аммо сизлар фаришталарни кўрмайсизлар». Лекин Аллоҳ таоло бу ишни Ўзига нисбат беришининг сабаби шуки, фаришталар доимо Аллоҳ таолонинг амри ва бўйсундириши билан амал қиладилар. Валлоҳу аълам!
Бир нақлда эса, Аллоҳ таолонинг «Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз» ояти «Биз унга ўша вақтда сизлардан кўра ҳақлироқмиз. Чунки у ўша вақтда қилган хатосини англайди ва унинг учун ҳақиқат ботилдан ажралади, «аммо сизлар кўрмайсизлар», яъни сизлар буни билмайсизлар, маъносида», дейилган.

86. Агар сиз ҳисоб бермас бўлсангиз.

87. Уни ўрнига қайтаринг-чи! Агар ростгўй бўлсангиз!
Баъзилар оятни шундай таъвил қилганлар: «Агар сизлар, гумонингизча, Аллоҳ таолонинг мулки бўлмасангиз, у ҳолда, руҳларни олдинги жойига қайтаринглар-чи, агар сизлар «мулк эмасмиз», деган гапингизда ростгўй бўлсангиз... Агар сизлар Аллоҳнинг мулки бўлмасангиз, у ҳолда сизлар мулкнинг эгаси бўласизлар. Чунки фақат мулк ва мулкдор бўлади. Агар сизлар мулк бўлмасангиз, у ҳолда сизлар (руҳларга) эга бўласизлар ҳамда руҳларни олдинги жойига қайтара олишингиз керак. Қачонки, сизлар бунга қодир эмас экансиз, унда сизлар ҳам мулк ҳисоблансиз». Валлоҳу аълам!
Айримлар эса, оятдаги [ғойро мадийниин] сўзини ҳисоб қилинмайдиган, жазоланмайдиган ва қайта тирилмайдиган маъносида, деганлар. Бу [кама тадийну тудану] - «Қандай жазоласанг, шундай жазоланасан», деган иборадан олинган. Шунингдек, дин сўзи ҳисоб-китоб маъносида ҳам қўлланади. Бу оят икки жиҳатдан уларнинг ақллари калталиги ва аҳмоқлигини исботлаш учун бўлиши мумкин.
Биринчиси, Аллоҳ таоло гўё айтмоқда: «Агар сизлар ҳисоб қилинувчи ва жазоланувчи бўлмас экансизлар, у ҳолда дастлабки яралишга қайтарилиб, уни ҳикмат бўлиши учун ўзларингиз яратинглар. Аввалги яратишда ҳикмат бўлиши учун уни қиёматда қайта яратувчи Зотдан ўзгасига нисбат беринглар». Валлоҳу аълам!

88. Агар у муқарраблардан бўлса.

89. Равҳ-у райҳонда ва сернеъмат жаннатдадир.

90. Агар ўнг тараф эгаларидан бўлса.

91. Бас, «Сизга ўнг тараф эгаларидан Салом»дир.

92. Ва агар ёлғонга чиқарувчилардан, гумроҳлардан бўлса.

93. Бас, ўта қайноқ сувдан зиёфатдир.

94. Ва дўзахга киришдир.
Ушбу оятларда зикр қилинган сўзларнинг қачон айтилиши борасида турлича таъвиллар бор. Баъзиларнинг фикрича, ушбу сўзлар мўминларнинг вафот пайтларида улар учун жаннатда бўладиган неъматлар башорати сифатида айтилади.
Айримлар эса, мазкур сўзлар мўминлар жаннатга ва кофирлар дўзахга кирганларида айтилади, деганлар.
Шунингдек, ушбу оятлардаги хитоб мўминларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида - жаннатда айтилиши ҳам мумкин. Яъни бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот ёнида жаннатда кимлар бўлишини ва ўша инсонларнинг мақомлари уларнинг бу дунёдаги даражаларига асосан бўлиши баён қилинди. Муқарраблар дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнида бўлдилар ва уларнинг у зот ҳузуридаги даражалари бошқа мўминларга нисбатан яқинроқ бўлади. Шунга кўра, даъватга илгари ижобат қилганлар охиратда у зотнинг ҳузурларига яқинроқ бўладилар. Аллоҳ таолонинг «Равҳ-у райҳон» сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга бўладилар ва улар ҳам у зот билан бирга бўладилар, дунёда бўлганидек, у зотдан айрилмайдилар ва у зот ҳам улардан айрилмайдилар, деган маънодадир. Бошқа мўминлар эса, баъзи вақтларда у зотга салом берадилар. Бу эса оятда айтилганидек, улар бу дунёда қилганларидек: «Сизга ўнг тараф эгаларидан Салом» дейилади. Бу биз айтиб ўтган икки таъвилнинг маънога энг яқинроғидир.
Шунингдек, мазкур оятлар мўмин ва кофирларга ўлим вақтида башорат сифатида зикр қилиниши маъносида бўлиши ҳам мумкин. Яъни Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида шундай дейди: «Агар, у муқарраблардан бўлса. Равҳ-у райҳонда ва сернеъмат жаннатдадир. Агар ўнг тараф эгаларидан бўлса...» Кофирлар ҳақида эса: «Ва агар ёлғонга чиқарувчилардан, гумроҳлардан бўлса. Бас, ўта қайноқ сувдан зиёфатдир...» дейди.
Шунингдек, баъзилар айтганидек, бу сўзлар жаннат аҳлига улар жаннатга кирганларида ва дўзах аҳлига улар дўзахга кирганларида айтилади. Валлоҳу аълам!
Ушбу оят тиловати ва таъвили турличадир. Жумладан, ушбу оят тиловати борасида Оиша (розияллоҳу анҳо): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур оятни [фа руҳун] шаклида, яъни «замма» билан тиловат қилар эдилар», деганлар. Ҳасан ҳам худди шундай тиловат қилган.
Заҳҳок эса [фа ровҳун] шаклида «фатҳа» билан тиловат қилгани ривоят қилинган. Барча қорилар ҳам шундай ўқиганлар.
Абу Убайд: «Агар умматга хилоф қилишнинг кароҳати бўлмаганда эди, мен мазкур оятни «замма» билан (фаруҳун деб) тиловат қилган бўлардим. Лекин мен сўзни «замма» билан ўқийдиган ҳеч кимни топмадим ва мен одамлардан ажралиб, ўзим яккаланиб коламан. Зеро, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини залолатда жамламайди», деган.
Ушбу оятнинг таъвили эса, «замма» билан ўқилса, Ҳасандан қилинган ривоятга кўра, «руҳ» - «раҳмат» ва «райҳон» эса - ўзимизнинг райҳон маъносидадир.
Абу Убайдадан қилинган ривоятга кўра, «руҳ» сўзи «ҳаёт», «боқийлик» деган маънони англатади. Заҳҳок эса, «равҳ» - «роҳатланиш», «райҳон» - «ризқ» маъносини англатади, деган. Баъзилар яна шундай деганлар: «Равҳ» неъмат ҳамда фаровонликнинг давомий-лигига нисбат бўлиб, инсон кенгчилик ва неъмат устида бўлса, «у равҳдадир» деб айтилади. «Райҳон» бу шараф ва улуғликдан киноя бўлиб, инсон шарафли ва улуғ бўлгани учун «фалончи райҳонийдир» дейилса, унинг шарафи ва даражаси учун» айтилган бўлади».
Айримлар эса, «равҳ» сўзи «роҳат» ва «райҳон» - «жаннатдаги ризқ» маъносидадир, деганлар. Яна баъзилар, «руҳ» сўзи «раҳмат», «равҳ» эса «роҳат» маъносида, деганлар.
Биз эса, «равҳ» ва «руҳ» сўзларининг иккиси ҳам «раҳмат» маъносида бўлиши мумкин, деймиз. Зеро, қуйидаги оятда шундай дейилган:
«Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур» (Юсуф сураси, 87-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагича марҳамат қилган:
Уларни Ўз (томон)идан бўлмиш раҳмат билан қувватлантирган (Мужодала сураси, 22-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло муқаррабларнинг жаннатда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва неъмати остида бўлишларини хабар қилмоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Агар ўнг тараф эгаларидан бўлса. Бас, «Сенга ўнг тараф эгаларидан Салом»дир» оятлари мазмуни айтиб ўтганимиздек, ўнг томон эгалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берадилар ва улар бир-бирларига ҳам салом лафзи билан салом берадилар.
Мазкур оятдаги «Сенга Саломдир» ибораси «Сенга улар томонидан бўладиган барча офатлар ва озорлардан омонлик бор», маъносидадир.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоятига кўра, - «Салом бўлсин! Албатта, сен ўнг томон эгаларидансан», деб қироат қилинган. Агар ушбу қироат собит бўлса, унинг маъносини саломни ўша мўминга ўлим пайти етказиладиган хушхабар сифатида тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, мазкур ибора «ўнг томон эгаларига фаришталар салом берадилар», деган маънони англатиши ҳам айтилган. Валлоҳу аълам!

95. Албатта, ушбу очиқ-ойдин ҳақиқатдир.
Айтилишича, Аллоҳ таолонинг мазкур ояти «Биз муқарраблар, ўнг томон эгалари ва ёлғончилар учун зикр қилганларимизнинг барчаси аниқ ҳақиқат, яъни муқаррар (юз берувчи) бўлиб, унда шак-шубҳа йўқ, деган маънодадир. Бу каби жумлалар, таъкидлаш ҳамда зикри ва васфи (юқоридаги оятларда) келган нарсаларни исботлаш учундир.

96. Бас, улуғ Раббингиз исмини поклаб ёд этинг!
Аллоҳ таоло айтадики, Раббингни Ундан ўзга (ҳеч бири) номланмаган исм билан покла. Яъни тасбеҳинг билан Аллоҳ таолони динсизлар томонидан айтилган «фарзанди бор», «шериги бор» деган гаплардан ҳамда Ундан бошқани «илоҳ» дейиш каби эътиқодлардан поклагин. Аллоҳ тўғри йўлга муваффак қилувчи Зот ва қайтиш ҳам фақат Унгадир.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase