close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

058. Мужодала сураси

(Мадинада нозил бўлган, 22 оятдан иборат)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир.
Бир гуруҳ муфассирлар: «Бу оят Убода ибн Сомитнинг иниси Авс ибн Сомит ҳамда унинг хотини ҳақида нозил бўлган», деганлар. Лекин ўша хотиннинг исми борасида турли хил фикр билдирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Унинг исми Хавла эди», деган бўлса, Оиша розияллоҳу анҳо: «Унинг исми Жамила эди», деган. Айрим муфассирлар унинг исми Хувайла бўлганини айтганлар. Хувайла - Хавланинг кичрайтирилган шакли (исми тасғири)дир. Ривоятларда келишича, Авс ўз хотинига бу гап (зиҳор)ни айтишига сабаб қуйидагича бўлган: Бир оқшом у хотинини тўшакка чақиради. Ўша пайтда хотини нопок бўлгани (ҳайз кўргани) учун эрининг талабини бажармай, уйдан чиқиб кетмоқчи бўлади. Шунда Авс унга: «Агар уйдан чиқсанг, сен мен учун онамнинг бели кабисан (зиҳорсан)», деди. Аммо Хавла уйдан чиқиб кетди. Тонг отгач, эри унга: «Фикримча, сен менга ҳаром бўлдинг», деди. Хотини: «Аллоҳга қасамки, менга талоқ (лафзини) айтмадинг», дейди. Авс: «Ундай бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, бу ҳакда сўраб кўр. Чунки у зотдан бу ҳакда сўрашга уяламан», деди.
Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани у зотга сўзлаб беради. Шунда икковлари ҳақида ушбу оят нозил бўлади(Суютий ривояти.).
Айрим хабарларда келишича, (ислом келганидан сўнг) хотинини зиҳор(Зиҳор - эрнинг ўз хотинига: «Сен мен учун онамнинг бели кабисан», дейишидир. Жоҳилият даврида аёлни онасига ёки унинг бирон аъзосига ўхшатиш орқали талоқ қилиш одат бўлган.) қилган илк киши - Авс бўлган. Ровий шундай деган:
«Унда (Авсда) «ламам» бор бўлиб, қаттиқ асабийлашган ҳолда ўша гап (зиҳор)ни айтган». Бу хабарни Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ривоят қилган. Бироқ Қуразий: «Авсда «ламам» бор бўлиб...», деганида жинниликни назарда тутмаган. Чунки мажнун одамнинг зиҳори зиҳор бўлиши у ёқда турсин, ҳатто хотинини талоқ қилса, талоғи ҳам тушмайди. Демак, унинг: «Авсда «ламам» бор бўлиб...», деган сўзи «унинг жаҳли ва ғазаби кучли бўлиб, худди ақли йўқ одам каби бўлиб қолар эди», деб талқин қилинади.
Сўнгра Хавла билан эри ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақида бир-биридан фарқли ривоятлар келган. Муфассирлардан бири Муҳаммад ибн Каъбнинг айтишича: «Хавла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, шундай деди: «Боламнинг отаси, амакимнинг ўғли ва мен учун энг суюкли инсон - Авс арзимас бир сўзни гапирди. Сизга Китоб нозил қилган Зотга қасамки, талоқ (лафзи)ни зикр қилмади. У: «Сен менга онамнинг бели кабисан (зиҳорсан)», деди». Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Унга (эрингга) ҳаром бўлибсан, деб ўйлайман», дедилар. Хавла: «Эй, Аллоҳнинг расули, бундай деманг, у талоқни тилга олмади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Унга ҳаром бўлибсан, деб ўйлайман», дедилар. Хавла яна ўша гапини такрорлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша гапларини қайтардилар. Сўнгра у шундай деди: «Эй Аллоҳ! Эримга бўлган кучли муҳаббатим ва менга оғир келадиган фироқидан Сенга шикоят қиламан. Эй Аллоҳ! Пайғамбарингга (менинг ишим ҳақида оят) нозил қил». Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ... эшитди» оятидан «олтмишта мискинга таом бериш бордир...» оятигача нозил қилди.
Калбий ривоят қилган айрим хабарларда келишича, у (Хавла) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, эрим Авс ибн Сомит менга уйланди. У пайтда аҳли кўп, давлатманд бир қиз эдим. У менинг молимни еди, ёшлигимни тугатди. Энди аҳлим кетиб. давлатим битиб, унинг ҳузурида қариб кучсизлашиб қолган чоғимда мени зиҳор қилди ва ҳеч нарсасиз қолдирди. У ҳам. мен ҳам надомат қилдик. Эй Аллоҳнинг Расули, айтингчи. иккимизнинг орамизни жамлайдиган бирор нарса борми?» -
деди. «У сени талоқ ҳилдими?» - дедилар у зот алайҳиссалом. У: «Иўқ», деди. У зот дедилар: «Сен ҳақингда менга ҳеч нарса амр қилинмади. Агар сенинг ишинг юзасидан менга бирор нарса нозил бўлса, уни сенга айтиб бераман». Шунда у қўлларини осмонга кўтариб, ўзи ва эрининг ишини баён қиладиган бирор оят нозил қилишини сўраб, Аллоҳга дуою илтижолар қилди. Кейин у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, эрининг олдига келди. Ана шунда Жаброил алайҳиссалом мазкур оятни олиб тушди.
Айрим хабарларда келишича, Хавла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эрим Авс ибн Сомит ёшлигим, бадавлатлигим ва яқинларим кўп вақтда менга уйланди. Энди молимни еб, ёшлигимни адо қилиб, ўзим қариб, суякларим мўртлашиб, яқинларим ҳалок бўлганида, мени зиҳор қилди. Менинг ундан сағираларим бор. Агар уларни эримга берсам, зое кетадилар. Агар ўзимга олиб қолсам, оч қоладилар», деди. Шунда у зот унга: «Олдимдан нари кет. Эҳтимол, ўзинг эрингга зулм цилувчи аёлдирсан», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг еридаги ишончли бандаси, ахир менга зулм қилаётган эримнинг ўзи-ку?!» - деди. «Бу ердан кет, чунки сиз (аёллар)да ожизлик ва заифлик бор», дедилар у зот.
Ровий айтади: «Шундай қилиб, Хавла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баҳслашишга тушиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом унга эътибор бермаётганларини кўргач, у зот ҳузурларида ўз ишига чора топмаслигини билиб, у ердан ташқарига чиқди ва эрининг қилмишидан шикоят қилган ҳолда нигоҳларини осмонга қаратиб: «Эй Аллоҳим! Мен Сенинг ердаги ишончли банданг ҳузурига келдим, аммо у зот менга эътибор бермадилар. Бас, менинг ишимга Узинг бош бўл, ожизлигим ва чорасизлигимга раҳм қил!» - деди.
Аёл ҳали ўз уйига етиб бормасидан туриб, Жаброил алай-ҳиссалом ваҳий олиб тушди: «Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл,)-нинг сўзини эшитди...» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хавланинг эри Авсни чақириб: «Хавлага нисбатан бундай иш ҳилишга сени нима мажбур қилди? Дарҳаҳиҳат, Аллоҳ у ҳақда оят нозил қилди», дедилар. Хавлага одам юбориб, уни табрикладилар.
шайтоннинг ишини қилдим. Мен билан аёлимнинг ўртасини Аллох жамлайдиган бирор нарса борми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа», дедилар ва зиҳорнинг каффорати ҳақидаги оятларни охирига қадар ўқиб бердилар»(Табарий, Суютий ривояти.).
Мазкур ривоятлар ўртасида турлилик мавжуд. Қуразийнинг ривоятида зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом: «Билишимча, сен эрингга ҳаром бўлибсан», деган бўлсалар бошка бир ривоятда Хавлага: «Сенинг ишинг юзасидан бирор нарсага амр қилинмадим», деганлар. Бироқ бу икки хабарнинг ўртасини шундай мувофиқлаштириш мумкин: жоҳилият одамлари зиҳорни (эрга ўз хотинини) ҳаром қилувчи деб билганлари сабабли, (Расулуллоҳ) «Унга ҳаром бўлибсан, дебўйлайман», деганлар. Яъни у зот: «Унга ҳаром бўлибсан дебўйлайман, аммо бу ишнинг баёни борасида менга бирор нарса нозил бўлмади. Агар бу иш баёни ҳаҳида менга бирор нарса нозил бўлса, мен уни сенга айтиб бераман», деганлар. Иккинчидан, у зотнинг: «ўйлашимча», деган сўзларида (зиҳор билан хотин ўз эрига) ҳаром бўлишини тасдиқлаш маъноси йўқ, балки у одамлар ўзларича ҳаром бўлади, деб билган нарса ҳақида гумон билан айтилган бир сўздир. Шундай экан, ваҳий орқали бу ишга ойдинлик киритилиши ёки (Авс ва унинг хотини билан кечган) шу воқеа туфайли (зиҳор билан хотин ўз эрига) ҳаром қилиниши мумкин эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом (зиҳор билан хотин ўз эрига) ҳаром бўлиши тарафининг эҳтиётини қилиб, Хавлага ўз эридан тийилиб туриш ишорасини бериб, унинг саволига жавоб бермай турдилар. Валлоҳу аълам!
Айрим фақиҳлар оят нозил бўлишидан олдин зиҳорнинг ҳукмида салафлар ихтилоф қилганларини айтганлар. Икримадан ривоят қилинишича, у: «Аллоҳ таоло шу оятни нозил қилгунга қадар хотинлар зиҳор билан (ўз эрларига) ҳаром бўлар эдилар. Мазкур оят нозил бўлишидан илгари зиҳор талоқ ҳукмида эди. Аллоҳ таоло бу оят орқали уни зиҳор қилиб белгилади»(Ибн Касир ривояти.), деган.
Абу Қилоба ва бошқалар бундай деган: «Жоҳилият даврида уларнинг талоғи «ийло»(Ийло - луғатда «қасам ичиш» маъносини англатади. Шариатда эса, эрнинг ўз хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.) ва «зиҳор» эди. Ислом дини келгач, Аллоҳ таоло «зиҳор»га унинг ўз ҳукмини, «ийло»га унинг ўз ҳукмини белгилаб берди»(Табарий ривояти.).
Зуҳрий: «Жоҳилият аҳлининг талоғи зиҳор эди», деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай дегани ривоят қилинган: «Жоҳилият аҳлининг талоғи зиҳор эди. Сўнг Аллоҳ таоло уни бу уммат учун Узи вожиб қилган каффорат билан бекор қилиб, йўққа чиқадиган ҳаромлик деб белгилади».
Ҳасан (Басрий): «Зиҳор энг кучли талоқ ва ўта ҳаром иш эди. Ким ўз хотинини зиҳор қилса, унга абадий қайта олмас эди», деган.
Ҳақиқатга яқин гап шуки, зиҳор жоҳилиятда талоқ ҳисобланса-да, исломда талоқ ҳисобланмаган. Шунингдек, Ҳасан (Басрий) айтганидек, зиҳор (эр-хотин ўртасида) умуман бекор бўлмайдиган ҳаромни ифодаламайди. Чунки Хавланинг ҳадисида айтилишича, эри унга: «Менга ҳаром бўлдинг, деб ўйлайман», деганида у: «Аллоҳга қасамки, менга талоқ демадинг», деди. Бордию (жоҳилият даврида) зиҳор талоқ ҳисобланганида, албатта, Хавла уни билган бўлар эди. Шунингдек, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эрим менга: «Сен менга онамнинг бели кабисан (зиҳорсан)», деди» деб айтганида, у зот: «Унга ҳаром бўлибсан, дебўйлайман», деганлар. Хавла эса: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бундай деманг, у талоқ демади», дейди. (Шу ўринда) Пайғамбар алайҳиссалом «зиҳор - бу талоқдир» деб аёлга раддия бермадилар. Шунингдек, узун ҳадиснинг бошқа ривоятида бундай дейилган: «У мени ўзига онасининг бели каби (зиҳор) қилиб, сўнг мени ҳеч нарсасиз тарк қилди. Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, мени ва уни жамлайдиган бирор нарса борми?» - деди. «У сени талок, ҳилдими?» - дедилар у зот алайҳиссалом. Аёл: «Иўқ», деди. У зот: «Сен ҳақингда бирор нарсага амр этилмадим», дедилар». Ислом дини келганидан кейин ва бу оят нозил бўлишидан олдин зиҳор талоқ ҳисобланганида Хавла: «У мени ўзига онасининг бели каби (зиҳор) қилди», деганидан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом ундан: «Сени талоқ қилдими?» - деб сўрамас эдилар. Ва яна: «Сен ҳақингда менга ҳеч нарса амр ҳилинган эмас», деб айтмай, «зиҳор мулк (никоҳ)ни кетказувчи талоқ», деб ўз шариати билан ҳукм қилган бўлардилар. Бу ҳолат Хавла ва Авс ҳадиси асосида «исломда (аёлини) илк зиҳор қилган киши Авс бўлса, қандай қилиб зиҳор талоқ ўрнига ўтиши мумкин?» деб айтган сўзимизни асослашга далил бўлади.
Эътироз сифатида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (Хавлага): «Унга ҳаром бўлибсан, деб ўйлайман» деб айтмадиларми? Зиҳор сабабли никоҳни бекор қилмайдиган ҳаромлик шу оят нозил бўлганидан кейингина ўз тасдиғини топган. Оят эса Авс ибн Сомит борасида мазкур сўз (Расулуллоҳ с.а.в. томонидан) айтилганидан кейин нозил бўлди. Демак, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (мазкур айтган сўзларидан) муродлари талоқ сабабли тушадиган ҳаромлик эканига далолат қилади. Бу эса ушбу ҳукм зиҳор ояти нозил бўлишидан олдин тиловат қилинмайдиган ваҳий (ҳадис) орқали Расулуллоҳнинг шариатларида бўлганига далолат қилади. Гарчи у бундан олдин жоҳилият ҳукмида бўлса ҳам. Шунингдек, ўша эркак аёлга: «Билишимча, сен менга ҳаром бўлдинг», деди. Бу мазкур оят нозил бўлишидан илгари ҳам зиҳор талоқ ҳисобланганига далилдир», дейилса, бундай жавоб берилади:
Бу ўзингизга қарши ҳужжатдир. Чунки Пайғамбар алайҳисса-ломнинг: «Унга (эрингга) ҳаром бўлибсан, дебўйлайман», деган сўзларидан зиҳор талоқ ҳисоблангани сабабли у билан (Хавла ўз эрига) ҳаром бўлиши ирода қилинса, айнан битта шахс борасида айнан ўша сўз билан талоққа ҳукм қилинганидан сўнг, яна қандай қилиб у (аёл)нинг устидан зиҳор сабабли (эрига) ҳаром бўлиш ҳукми берилади?! Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом Авсни чақириб, унга каффорат беришни амр этиб, иккиси ўртасидаги никоҳни ўз кучида қолдиришлари саҳиҳ ҳадисда келган. Борди-ю, зиҳор талоқ бўлиб, (унга) талоқнинг ҳукми берилганида эди, албатта унинг ҳукми оят билан бошқа бир ҳукмга ўзгартирилган бўлар, бу нарса ўтмишда эмас, келажакда ўз ифодасини топар эди. Бундан келиб чиқадики, юқоридаги (эътироз) гаплар ўз эгасига қарши ҳужжатдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга ҳаром бўлибсан деб ўйлайман», деган сўзларини биз юқорида келтирган икки маъно(Жоҳилият даврида одамлар «зиҳор»ни эр-хотин риштасини тугатувчи деб билишлари ва Расулуллоҳнинг зиҳор борасида ҳурмат жиҳатига кўра, эр-хотин бир-бирига ҳаром деб ўйлашлари.) сабабли айтганлар. Валлоҳу аълам!
Айтилсаки, Пайғамбар алайҳиссалом зиҳор талоқ бўлишига қарамай, Хавла хусусида қатъий қилиб талоқ ҳукмини бермадилар, балки зон (гумон)га асосан: «Унга ҳаром бўлибсан деб ўйлайман», дедилар. Чунки Аллоҳ таоло у зотга бу сўз (зиҳор) нинг ҳукмини яқинда насх қилиб, уни талоқ (маъносини англатиши)дан мутъани(Эрнинг аёлидан баҳра олиши.) ҳаром қилишга ўзгартиришини билдирган бўлиши мумкин. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом бу оят нозил бўлгунга қадар зиҳор ҳақида аниқ бир гап айтмадилар.
(Бунга жавобан) айтилади:
«Бу Пайғамбаримизнинг шариатида муқаррар, ўзгармас ҳукм бўлганида, Расулуллоҳга уни яқинда насх қилиниши билдирилган бўлса ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга амал қилишдан ва насх қилувчи (ҳукм) тушмаганича, у билан ҳукм қилишдан тийилмаган бўлар эдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига биноан нозил қилинган ҳукмларга Пайғамбаримиз амал қилишлари вожиб бўлади:
«Улар ўртасида Аллоҳ нозил этган нарса (оятлар) билан ҳукм қилинг» (Моида сураси, 49-оят)(«Улар ўртасида Аллоҳ нозил этган нарса (оятлар) билан ҳукм қилинг. Уларнинг ҳавойи (фикрлари)га эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган (ҳукмлари)нинг баъзиларидан сизни чалғитишларидан эҳтиёт бўлинг!» (Моида сураси, 49-оят).).
«Раббингиздан сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг!» (Моида сураси, 67-оят)(«Эй Расул! Раббингиздан сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг! Агар (буни) қилмасангиз, Унинг рисоласи (топшириғи)ни етказмаган бўлурсиз» (Моида сураси, 67-оят).).
Бунга зид, яъни насх (оят ҳукмини бекор) қилувчи ҳукм нозил бўлса, унга ўтган замонда эмас, келажакда амал қилинади. Бу гап биз айтган қуйидаги фикрларга боғлиқ:
Шубҳасиз, бу оят нозил бўлишидан олдин Ислом динида зиҳорга тегишли ҳеч қандай ҳукм бўлмаган. Жоҳилиятда эса у (эр-хотинни бир-бирига) ҳаром қилувчи нарса ҳисобланган. Сабаб топилиб, ушбу ҳодиса юз бергач, Расулуллоҳ унга (Хавлага) эҳтиётини қилиб, то бу иш юзасидан бирор оят нозил бўлиб, унинг ҳукми аслида қандай бўлиши ойдинлашгунига қадар эридан сақланишга амр этдилар. Чунки бу ишни қилган кишида у ҳақда илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло бу (зиҳор ояти) билан ушбу ҳукм (эрга аёлидан баҳра олиш ҳаром бўлиши)ни назарда тутган бўлиши мумкин. Зеро, унга амал қилишга ҳожат тушсагина, у ҳакда илмга эга бўлиш мумкин. Ҳукм - бир ҳукмни вожиб қилишда мужмал (умумий) нозил бўлган, сўнгра баёни келган насс (далил)га ўхшайди. Баёни кечиккан умумий насс (далил) зоҳирий маъносига хилоф бўлади (яъни зоҳирий маъно бошқа, ундан кўзланган мурод бошқа бўлади). Бу ердаги масала ҳам шунга кўра тушунилади. Валлоҳу аълам!
Сўнгра Аллоҳ таолонинг ушбу ояти бундай тафсир қилинади:
Яъни: «Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган... (аёл)нинг сўзини эшитди». Аллоҳ таоло аёлнинг сўзини, эри борасида тортишувини ва эрининг «Сен менга онамнинг бели кабисан», деб айтган сўзи сабабли бошига тушган синов ҳақида Расулуллоҳга берган саволини, шу хусусда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишувини эшитди.
[ал-мужаадалату] - «баҳслашиш» сўзи [ал-мухосамату] - «тортишиш» маъносини англатади. У эса [ал-муҳааварату] - «сўзлашув» маъносидадир. Хавланинг эри унга: «Агар уйдан чиқсанг, сен менга онамнинг бели кабисан (зиҳорсан)», деганидан кейин аёл уйдан чиқди ва эри унга: «Менимча, сен менга ҳаром бўлдинг», деди. Шундан сўнг Хавла эри билан: «Аллоҳга қасамки, талоқ сўзини тилга олмадинг», деб тортишди.
Аммо Хавланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баҳслашиши ва сўзлашишига келсак, бу аёлнинг: «Бу гапни айтманг», деган сўзи ҳамда у зотнинг: «Эрингга ҳаром бўлдинг, дебўйлайман», деган гапларидир. Икковларининг сўзлашувлари мана шудир.
Айрим уламолар: [ал-муҳааварату] сўзи сўзлашиш жараёнида (гапни) қайтаришдир. У иккилари бир гапни қайта-қайта такрорлашган», деганлар. Яъни Пайғамбар алайҳисса-лом: «Эрингга ҳаром бўлдинг, деб ўйлайман», деб қайта-қайта айтган бўлсалар, Хавла: «Бу гапни айтманг, эй Аллоҳнинг расули. Чунки у талоқ сўзини тилга олмади», деган гапини такрорлаган. Аммо бу ҳам аввалги маънога яқиндир.
«Ва Аллоҳга шикоят қилаётган» ояти икки хил талқин қилинган. Биринчиси, Хавла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилган, аммо Аллоҳ таоло уни Узига нисбат бериб зикр этган. Чунки Хавланинг мақсади Аллоҳ таоло томонидан Унинг Расулига бирор қувончли оят нозил қилиниши эди.
Иккинчиси, Хавла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эрингга ҳаром бўлдинг, деб ўйлайман», деган сўзларидан қувонч ва (тушган вазиятидан чиқишга) чора топмаганидан сўнг, Аллоҳ таолога ҳолини арз қилиб, то Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга ўз иши ҳақида оят нозил қилиб, хабарда келганидек, каффоратдан кейин эри билан бирга бўлишига рухсат берилгунига қадар ялиниб-ёлвориб дуолар қилди.
Валлоҳу аълам!
«Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда». Яъни Аллоҳ таоло Хавланинг дуосини ижобат қилиб, шикоятини эшитди ва ғамини аритиш ила у аёлни халос этди. Тўғри ҳукм чиқариш мураккаб ва ноаниқ бўлган ва Пайғамбар алайҳиссаломни шубҳага солган ўша воқеа юзасидан ўз ҳукмини баён қилиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам эшитди.
Айрим тилшунос олимлар:    [таҳаавурокумаа] ибораси «иккингизнинг сўзлашувингизни», деган маънодадир. [ат-таҳаавуру] сўзи икки киши ўртасидаги суҳбатга айтилади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хавла ва унинг эри Авсни ҳузурларига чақириб, икковларининг масаласи юзасидан нозил бўлган оятнинг хабарини берганларидаги ҳолат ҳакида ҳам турлича фикрлар билдирилган. Қуразий ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, мазкур оят нозил бўлгач, Пайғамбар алайҳиссалом Хавланинг эри Авсни чақириб, унга: «Бир кул озод қил», дедилар. У: «Озод қилишга менда қул йўқ», деди. «Ундай бўлса, пайдар-пай икки ой рўза тут», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен бир кунгина рўза тутаман, ўша ҳам менга оғирлик қилади. Қандай қилиб пайдар-пай икки ой рўза тута олардим», деди Авс. Пайғамбар алайҳиссалом: «Унда олтмишта мискинга таом бер», дедилар. У: «Аммо бунисини қила оламан», деди. «Ундай бўлса, олтмишта мискинга таом бериб, хотинингни (ўз никоҳингда) олиб қол», дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Калбий зикр қилган бошқа бир ривоятда қуйидагича келган: «Иккисининг (яъни Хавла билан Авсга эр-хотин бўлиб яшаш) рухсати нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг эри Авсга одам юбордилар. У ҳузурларига келгач: «Шўринг курисин! Қилган ишингга ва айтган гапингга сени нима мажбур цилди?» - дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Шайтон ундади. Мен ва уни (яна қайта) жамлайдиган рухсат борми?» - деди Авс. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб, ушбу тўрт оятни унга ўқиб бердилар. Сўнгра, Расулуллоҳ: «Бир кул озод кулишга курбинг етадими?» - дедилар. У: «Иўқ, валлоҳи, эй Аллоҳнинг Расули! Мол оз, аҳли-оила эса кўп, қуллар эса жуда қиммат», деди. Расулуллоҳ: «Унда пайдар-пай икки ой рўза тута оласанми?» дедилар. У: «Иўқ, Аллоҳга қасам, эй Аллоҳнинг Расули! Бир кунда бир ёки икки марта егулик емасам кўзим хиралашиб қолади ва ҳозир ўлсам керак, деб ўйлаб қоламан», деди. Расулуллоҳ: «Унда олтмишта мискинга таом бера оласанми?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, йўқ. Аммо садақа билан ёрдам берсангиз, қў-лимдан келади», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн беш соъ(Соъ - сочилувчан нарсалар учун ҳажм ўлчов бирлиги. Ҳанафий мазҳабига кўра, саккиз ироқий ратлга ёки 4,125 л. / 3,264 кг.га тенг. Ал-қомус, 2-жилд, 881-бет.) (буғдой) билан унга ёрдам бердилар. Авс эса ўзидан (унга) ўн беш соъ (буғдой) қўшиб, уни олтмишта мискинга садақа қилиб юборди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло у билан аёлининг ўртасини (яна қайта) жамлади»(Табарий, Суютий ривояти.).
Бошқа бир хабарда зикр қилинишича, бир киши ўз хотинини зиҳор қилган ва унинг (каффорати) учун рўза тутган эди. У рўза тутган вақтида хотинига яқинлик қилиб қўйди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берганида, у зот уни қилган иши учун айбладилар ва биз баён қилиб ўтган каффоратларни адо этишга амр қилдилар. У киши улар (каффоратлар)нинг ҳар бирида: «Қурбим етмайди», деди. (Мазкур хабар ровийси уни давом эттириб, бундай) дейди: «Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга фалон жойдаги Абу Зурайқнинг олдига бориб, ундан бир васақ (195 кг.) хурмони олиб олтмиш мискиннинг ҳар бирига бир соъдан беришни, қолган қисмини ўз аҳли оиласига ишлатишни буюрдилар».
(Зиҳорнинг каффорати сифатида) олтмишта мискинни таомлантириш борасида бошқа ривоятда: «Қурбим етмайди» дейилган бўлса, яна бирида: «Аммо бунисига қурбим етади» дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: «Иўқ, аммо садақа ҳисобидан ёрдам берсангиз, қурбим етади», дейилган. Зиҳор қилган кишининг: «Аммо бунисига қурбим етади», деган сўзи Пайғамбар алай-ҳиссалом унга ёрдам беришни ёки ҳаммасини тўлаб беришни ваъда қилганларидан кейин айтилганга ўхшайди. Шунда (мазкур) хабарлар (бир-бирига) мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам!
Мазкур хабарларда каффоратда таом бериш лозим бўлса, буғдойдан ярим соъ эканига далил бор. Ва яна унда ярим соъ буғдой - бир нафар мискиннинг таоми эканига ва у фитр садақаси сифатида жоиз бўлишига ҳам далил бор. Валлоҳу аълам!
«Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир». Яъни сиз икковингизнинг сўзингизни эшитувчи, икковингизнинг ишингизни кўрувчи ва иккингиз ҳақингиздаги ҳукмдан хабардордир.

2. Сизлардан ўз хотинларини зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у (хотин)лар оналари эмас. Туққан оналари-дан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар. Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчидир.
Мазкур оятдаги [юзоҳируна] феъли [яззоҳҳару-на] деб, алифсиз ва «зо» ҳарфи иккилантириб ўқилган. У, аслида [ятазоҳҳаруна] бўлган. Ундаги «та» ҳарфи «зо» ҳарфи ичига киритилиб, иккилантирилган. Ундаги «йа» ҳарфи фатҳа билан, «зо» ҳарфига ташдид қўйилиб, «алиф» билан [яз-зоҳарун] деб ҳам ўқилган. У, аслида [ятазоҳарун] бўлиб, «та» ҳарфи «зо» ҳарфи ичига киритилган ва иккилантирилган. Шунингдек, у «йа» ҳарфи заммаси, «зо» ҳарфи ташдидсиз ва алиф билан [юзоҳируна] деб ҳам ўқилган бўлиб, у [зоҳаро, юзоҳиру, музоҳаратан боби]дан олинган. Қироатлардаги турлиликка қарамай, уларнинг маъноси бир хилдир.
[зоҳаро ар-рожулу мин имроатиҳи, тазоҳаро минҳа, иззооҳаро, иззоҳаро, тазоҳҳаро минҳа] - барчасининг маъноси битта, яъни хотинига: «Сен менга онамнинг бели кабисан», дейишдир.
Қутабий бундай деган: яъни оналарнинг белларини ҳаром қилгани каби ҳаром қиладилар».
Абу Авсажа эса: «У^йаг - зиҳор - кишининг ўз хотинига: «Сен менга онамнинг бели кабисан», деб қасам ичишидир. Аммо [яззоҳаруна]га келсак, [ат-тазоҳуру] сўзидан олинган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик қилиш маъносидадир. (таз-зоҳарол-қавму) жумласи «ўзаро ҳамкорлик қилди» маъносидадир. Лекин бу маъно оятнинг мазмунига зиддир», деган. Валлоҳу аълам!
Аслида, зиҳор ўша қавм (маккаликлар)га маълум ва машҳур иш бўлган. Чунончи, хабарлардан бизга маълум бўлишича, Авснинг хотини уйдан чиқмоқчи бўлганида, унга эри: «Уйдан чиқсанг, сен менга онамнинг бели кабисан (зиҳорсан)», деди. Бунга [аллазина юзоҳируна] - «зиҳор қиладиганлар» оятида ҳам далолат бор. Зиҳорнинг номи [аз-зоҳру] - «инсоннинг орқаси, бели» сўзидан олингандир. Мусулмонлар ҳам одатларига кўра, бу лафзни худди шу тарзда билганлар. Яъни зиҳор - «Сен менга онамнинг бели кабисан», дейишдир, (деб тушунганлар). Аммо оятнинг зоҳирий маъноси «Сен менга онам кабисан», дейишда зиҳор юзага келишини тақозо қилади. Яъни Аллоҳ таоло: «у (хотин)лар оналари эмас. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар», деб оналарни зикр қилиб, уларнинг белларини зикр қилмади. Демак, оятнинг зоҳири (Сен менга онам кабисан) зиҳор тушишини тақозо қилади. Муҳаммад ибн Ҳасан шуни ҳужжат қилиб, хотинига: «Сен менга онам кабисан», деган кишининг аёли ниятсиз ҳам зиҳор бўлади, деган. Аммо Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Эр ўша гапи билан хотинининг (ўзига) ҳаром бўлишини ният қилмаса, зиҳор бўлмайди. Эр уни ният қилса, (аёли) зиҳор бўлади», деган. Абу Ҳанифа бу фикрининг исботи учун хабарларда келган ўша калимани, яъни «Сен менга онамнинг бели кабисан», деган сўзни асос қилиб олган. Унинг фикрича: «Бу оят ўша сўзни айтган киши ҳақида нозил бўлган. Шундай бўлгач, бирон далилсиз уни бошқа маънога буриш бизга ҳалол бўлмайди».
«Сизлардан ўз хотинларини зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у (хотин)лар оналари эмас». Яъни аёллар эрларига уларнинг оналари каби эмаслар. Чунки Аллоҳ таоло: «Сизлардан ўз хотинларини зиҳор қиладиганлар», яъни хотинларига: «Сизлар биз учун оналаримизнинг беллари кабисиз». дейдиган кишилар борасида хабар бериб, уларга: «у (хотин) лар оналари эмас», дея раддия ҳам берди. Аллоҳ таолонинг «у (хотин)лар оналари эмас» ояти зоҳиран қаралса, аёлларига: «Улар бизнинг оналаримиз» деб айтган кишиларнинг сўзига раддиядир. Оят «Улар бизнинг оналаримиз кабидирлар» ёки «Улар бизнинг оналаримизнинг беллари кабидирлар», деган кишиларнинг сўзларига раддия эмас. Ушбу сўзга асосан, Аллоҳ таолонинг: «у (хотин)лар оналари эмас», деган сўзи «улар оналари каби эмаслар», деган маънони ифодалаши мумкин. Лекин чигаллик (муаммо) - «улар оналари каби эмаслар» деб айтилишида бўлса, Аллоҳ таолонинг: «Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар» деган ояти қандай маънони англатади? Чунки улар хотинларини оналарига ўхшатишни даъво қилар эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг ушбу ўхшатишларини инкор этди. Шундай экан, оятда оналар ҳақида аниқ қилиб: «уларни туққан (аёл)лардир», дея баён қилишда қандай маъно бор? Ваҳоланки, улар буни билганлар, инкор этмаганлар. Улар хотинларини чин оналаримиз деб даъво қилмаганларки, «Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар» ояти билан уларнинг даъволари рад этилса.
Яна бир чигаллик шундаки, Аллоҳ таоло: «Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар», деган. Уларнинг бу сўзлари аслида номақбул ва ёлғон сўз бўлмаган. Чунки уларнинг: «Белинг онамнинг бели кабидир» ёки «Сен менга онамнинг бели кабисан» ёхуд «Сен менга онам кабисан», деган сўзларида ташбеҳ (ўхшатиш)дан бошқа нарса йўқ. Эҳтимол, чиндан ҳам шундайдир (яъни хотинининг бели онасининг белига ўхшар ва ҳоказо). Чунки хотинларнинг беллари кўриниш ва яратилиш жиҳатидан оналарнинг белларига ўхшаш бўлади. Ташбеҳ умумийликни тақозо этмайди. Шундай экан, уларнинг ўз хотинларини оналарига ўхшатишларини номақбул ва ёлғон сўз деб аташда қандай маъно бор?
Яна бир чигаллик шундаки, Аллоҳ таоло уларни туққан оналаридан ўзгаларни ҳам мўминлар учун «она»лар деб атаган. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари - розияллоҳу анҳунна - ҳақларида: «Унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир»(«Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлирокдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир» (Аҳзоб сураси, 6-оят).), деган. Ўзгаларнинг фарзандларини эмизадиган аёллар ҳақида гарчи уларни туғмаган бўлсалар ҳам: «эмизган оналарингиз»(«Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар - бу, оналарингиз, қизларингиз. опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари - жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз. сизларга гуноҳ бўлмас - яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром килинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ кечиримли ва марҳаматли Зотдир» (Нисо сураси, 23-оят).), деган.
Аллоҳдан тавфиқ сўраб, бундай деймиз:
«Улар (зиҳор қилиш орқали) ўз хотинларига оналарида бўлган ҳақ-ҳуқуқ ва ҳукмларни жорий қилишни истар эдилар. Аслида, уларга бундай қилишга рухсат берилмаган эди. Чунки улар хотинларни оналарга ўхшатиб, бу билан сурат ёки хилқатдаги ўхшатишни ирода қилмас эди. Балки, улар бу билан (никоҳланиш) ҳаромлигида (хотинларни оналарга) ўхшатишни мақсад қилар эдилар. Аслида, аёлларнинг никоҳи ҳаромлиги билан оналарнинг никоҳи ҳаромлиги орасида фарқ бордир. Чунки никоҳ орқали онадан лаззатланиш абадий ҳаром қилин-ган, аммо киши ўз онасининг олдига кириб-чиқиб юриши, хизматини қилиши, у билан сафарга чиқиши, унга қараши, ушлаши, уловга миндириб қўйиши ва тушириши, у билан ёлғиз қолиши, у билан бирга яшаши жоиздир. Хотин эса уч ёки боин талоқ билан эрига ҳаром бўлар экан, (она билан бола ўртасидаги) мазкур ҳақ-ҳуқуқлардан бирортаси (аёл билан эри ўртасида) қолмайди. Икки нарса ўртасидаги ўхшашлик ҳар жиҳатдан у иккиси орасида тенглик борлигини тақозо қилмаса-да, лекин у иккиси орасида жиҳатлардан қайси биридадир тўлик ўхшашлик борлигини тақозо қилади. Чунки воқеликда бирор шахсда илм бўлса, уни «олим» дейилади. (Бошқа томондан) Аллоҳ таоло ҳам Олим (билувчи) деб аталади. Аммо бу икки илм ўртасида ҳар жиҳатдан ўхшашлик ва тенглик йўқлиги учун у (олимлик сифати) ўхшашликни тақозо қилмайди. Демак, бу ўхшашлик деб ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло бундай нарсалардан пок ва олий Зотдир.
Демак, бу шунга далолат қиладики, улар хотинлар(и)ни ўз оналарига ўхшатиш орқали аёлларининг ҳурматини ўз оналари ҳурматига ўхшатишни ирода қилганлар. Улар ўз оналари билан қандай муомала қилиш жоиз бўлса, хотинлари билан ҳам ўша муомалани қилишлари ва оналари билан қандай муомала ҳаром бўлса, аёллари билан ҳам ўша муомала ҳаром бўлиши ҳамда аёлларининг эҳтироми худди оналарининг эҳтироми каби бўлмоғи учун оналарига тегишли ҳақ-ҳуқуқ ва ҳукмларни хотинларига ҳам жорий қилмоқчи бўлганлар. Аммо Аллоҳ таоло бунга рухсат бермади ва уларни бу ишдан қайтариб, шундай деди: «улар (хотинлари асло) оналари эмасдирлар». Яъни улар исботламоқчи бўлган ҳурматда хотинлари ўз оналари каби эмасдирлар. Аллоҳ таоло уларнинг хотинларига оналарининг ҳурматини жорий қилишларига рухсат бермади.
Сўнгра Аллоҳ таоло бундай деди: «Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар», яъни «улар хотинлари учун жорий қилишни истаган мана шу ҳурматни Биз фақат уларни туққан оналари учунгина тайин қилганмиз. Бас, уларга нима бўлдики, ўзларича Мен тайин этмаган ва қонун қилиб бермаган нарсани ўйлаб топадилар?!» Аллоҳ таоло бу сўзи билан уларнинг қилмишларини инкор этди.
«Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар» ояти ҳам шунга асосан таъвил қилинади. Аллоҳ таоло уларни ёлғончига чиқаришига сабаб шуки, Аллоҳ таоло тайин қилмаган ҳақ-ҳуқуқлар ва ҳукмларни (зиҳор орқали) ўзларича хотинларига тайин қилиб олдилар. Уларнинг гап-сўзлари зоҳирий ўхшатиш эътиборидан гўёки қабул қилинадиган ва тўғридек туюлса-да, аслида улар оналарида бўлган ҳақ-ҳуқуқларни хотинларига тайин қилишда ва аёлларини ҳукмлар, ҳуқуқлар ҳамда ҳурматда оналарига ўхшатишда номақбул ва ёлғон сўз айтадилар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мунофиқларни сифатлаб айтган ушбу сўзига ўхшайди:
«Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар» (Мунафиқун сураси, 1-оят).
Мана шу мунофиқлар ўзларининг гувоҳлик тўғрисида айтган сўзларида ростгўйдирлар. Аммо уларнинг мақсадлари бошқа ва дилларида тилларига чиқарганидан бошқа нарсани тайин қилганлари учун Аллоҳ таоло уларни ёлғончилар деб атади. Худди шунингдек, хотинларини зиҳор қилувчи манави кишилар ҳам уларга ўхшаб, ўзларига рухсат берилмаган бир ҳукмни жорий қилишни исатаганларида Аллоҳ таоло уларнинг сўзларини «номақбул» ва «ёлғон» деб атади. [ал-мункару] - шариатда (таърифи) билинмаган нарса, [аз-зуру] сўзи эса «ёлғон» маъносидадир. Аллоҳ таоло уларни бундан қайтарди.
Аммо уларнинг: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларидан ва улар (мўминлар)ни эмизган аёлларни ҳам мўмин-лар учун «она» деб атаган-ку» деган сўзларига келсак, айрим муфассирлар бундай деганлар: «Эҳтимол, бу оят (яъни Мужодала сурасининг 14-оятлари) «эмизган «она»ларингиз» (Нисо сураси, 23-оят)(«Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар - бу, оналарингиз, қизларингиз. опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари - жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз. сизларга гуноҳ бўлмас - яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никохдаб) олишингиз (ҳам ҳаром қи-линди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ кечиримли ва марҳаматли зотдир» (Нисо сураси, 23-оят).) ва «Унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир» (Аҳзоб сураси, 6-оят)(«Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир» (Аҳзоб сураси, 6-оят).) оятларидан илгари нозил бўлган. Яъни ўша вақтда сут оналар бўлмаган, балки улар кейинроқ бўлганлар. Шундай, бу ҳақда хабар бериш ўша вақтга қайдланган бўлади. У Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Айтинг: «Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)дан таом ейдиган кишига ...ҳаром қилинган нарсани топмаяпман»(«Айтинг: «Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)дан таом ейдиган кишига ўлимтик, тўкилган қон, чўчқа гўшти - у, албатта, палид - ва (сўйишда) Аллохдан ўзганинг номи аталган «фисқ» («ҳайвон»)дан бошқа ейиш ҳаром қилинган нарсани топмаяпман»» (Анъом сураси, 145-оят).).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда Қуръондан уни (таом ейдиган кишига ...ҳаром қилинган нарсани) топмаганлар. Кейинроқ ундан (оятда ейиш ҳаром қилинган нарсалардан) бошқа нарсаларнинг ҳам ҳаром қилинганини топганлар. Демак, бу (уларни туғмаган аёлларни уларга «она»лар деб аталиши) ҳам ана шунга кўра тушунилади.
Айрим тафсирларда айтилишича, Аллоҳ таоло бу гапни уларда сут оналар бўлмаган муайян бир қавм ва муайян бир қабила ҳақида айтган. Ана шунда, «мўминларнинг чин оналари уларни туққан аёллар» деган хабарнинг ҳақиқати аён бўлади. Аммо бу таъвил (кишининг) ўзини қийнашидан бошқа нарса эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг: «Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар» оятлари билан вожиб қилинаётган ушбу ҳақ-ҳуқуқлар ва ҳукмлар фақат у (мўмин)ларни туққан ёки Аллоҳ таоло белгилаб қўйгани учун шаръан уларнинг оналари ўрнига ўтадиган аёлларга тегишли бўлади. Булар - Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ва сут оналик сабабли онага айланган аёллардир. Аллоҳ таоло уларнинг (зиҳор қилувчиларнинг) хотинларига на ўша ҳуқуқларни берди ва на уларни (ҳақ-ҳуқуқлар борасида) оналар сафига қўшди. Шундай экан, улар ўз хотинларини ушбу ҳақ-ҳуқуқларда оналарига ўхшатишлари номақбул ва ёлғон сўз бўлиб чиқади. Валлоҳу аьлам!
Аллоҳ таолонинг:
«Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчи-дир» оятининг маъноси маълумдир.

3. Ўз хотинларини «зиҳор» қилиб, сўнгра айтган сўзла-ридан қайтадиган кимсалар (зиммасида) қўшилишларидан илгари бир (мўмин ёки кофир) қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга қилинаётган насиҳатдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Зиҳорнинг ҳукми нима экани борасида ихтилоф қилинди. Оятдаги [аъвдун] «қайтиш» сўзининг маъноси ҳақида Товусдан(Абу Абду Раҳмон Товус ибн Кайсон Хавлоний Ҳамадоний тобеъинларнинг улуғларидан, ҳадис ровийларидан. Зоҳидликда ҳаёт кечирган. Халифалар ва подшоҳларга панд-насиҳат беришга журъатли инсон бўлган. Асли форслардан бўлиб, Яманда туғилиб вояга етган. У 106/724 йили ҳаж қилаётиб, Муздалифа ёки Минода вафот этган. Зирикли. Ал-аълом, 3-жилд, 422-бет;) икки хил ривоят мавжуд. Бир қарашда у: «сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар» оятидаги «қайтиш» - бу қўшилишдир. Шунга кўра, эр қачон қасамини бузса, унга каффорат вожиб бўлади», деган. Бу оятга зид, ҳақиқатдан йирок таъвилдир. Чунки Аллоҳ таоло: «қўшилишларидан илгари», демоқда. Товус илгари сурган фикр ийлонинг ҳукми бўлиб. (унда) эр қачон хотини билан қўшилса, унга каффорат вожиб бўлади. Аммо зиҳорда (эр аёли билан) қўшилишдан олдин каффорат вожиб бўлади. Бошқа бир ривоятда эса: «Эр (аёлига) зиҳор (сўзи) билан гапирса, унга каффорат вожиб бўлади ва унга бошқа нарса шарт қилинмайди», деган.
Моликдан ривоят қилинишича, агар эр ўз хотинини зиҳор қилса, сўнг уни ўз никоҳида олиб қолиб, у билан қўшилишга қарор қилса, унга каффорат вожиб бўлади. Ҳатто эр уни талоқ қилса ёки уни олиб қолишга ва у билан қўшилишга қарор қилса ёки қўшилганидан сўнг хотин вафот этса, эрнинг зиммасидаги каффорат вожиблигича сақланиб қолади. Агар хотинини ўз никоҳида олиб қолишга қарор қилмаса ва у вафот этса, каффорат соқит бўлади. Шунингдек, (бу вазиятда) эр хотинини талоқ қилса ҳам, ҳукм шудир. Аммо (талоқ қилганидан) кейин, уни яна никоҳига олса, то каффорат бермагунча унга яқинлик қилмайди. Демак, (оятда зикр қилинган) «қайтиш»дан мурод эрнинг ўз хотинини қўшилиш учун ушлаб қолишидир.
Ҳасан (Басрий)дан ривоят қилинишича, (оятдаги мазкур) «қайтиш»дан мурод (хотини билан) қўшилишга қарор қилиш-дир, ҳатто кейин хотинини тарк қилиш нияти билан қўшилишга қарор қилса ҳам, унга каффорат вожиб бўлади.
Усмон Баттий(Усмон Баттий - басралик фақиҳ ва жун ёки ипакдан тайёрланган чопон савдоси билан шуғулланган. У 140/757 йиллар атрофида вафот этган. Тўрт фиқҳий мазҳаб имомлари - Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ибн Анас ва Аҳмад ибн Ҳанбал ундан фиқҳий масалаларни ривоят қилган. Ал-Вофий би-л-вафаёт, 19-жилд, 310-бет.) хотинини зиҳор қилиб, қўшилишдан аввал уни талоқ қилган киши ҳақида бундай деган: «Мен у каффорат бериши керак деб биламан, хотинини қайтиб оладими ёки йўқми - фарқи йўқ. Борди-ю, хотин вафот этса, зиҳор ва каффорат бекор бўлмайди. Эр то каффорат бермагунича ундан (аёлдан) мерос олмайди».
Шофеъий: «(Оятда зикр қилинган) «қайтиш»дан мурод (хотинни ўз никоҳида) ушлаб қолишдир. Каффорат шу сабабли вожиб бўлади. Зиҳорнинг ҳукми - хотиндан лаззатланишни ҳаром қилишдир. Ҳатто уни зиҳор қилганидан кейин талоқ қилиш имкони бўлатуриб, талоқ қилмай, у билан қўшилиш мақсадида уни бир муддат ўз никоҳида ушлаб турса, хотин хоҳ яшасин, хоҳ вафот этсин, барибир эрга каффорат вожиб бўлади. Борди-ю, аёл яшаб, эри уни талоқ қилса ёки талоқ қилмаса, қайтариб олса ҳам, олмаса ҳам каффорат вожиб бўлади. Эр аёлни зиҳордан сўнг дарҳол талоқ қилса, зиҳор йўққа чиқади ва хотинини ушлаб қолишга қарор қилиши билан каффорат вожиб бўлмайди», деган.
Мутааххир уламолардан баъзилари Аллоҳ таолонинг: «сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар» ояти таъвили борасида бу оятга: «сўнгра аввалги сўзларига қайтиб, уни яна такрорлайдиган кимсалар», деб маъно берганлар. Уларнинг нигоҳида киши хотинига: «Сен менга онамнинг бели кабисан», деб икки марта айтмагунича зиҳор бўлмайди.
Аммо бизнинг наздимизда зиҳорнинг ҳукми - (эр-хотинлик риштасини) каффорат сабабли вақтинчалик тўхтатишдир. Уни фақат каффорат кўтаради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан худди шундай ривоят қилинган. Яъни унинг айтишича: «Эр ўз хотинига: «Сен менга онамнинг бели кабисан», деса, то каффорат бермагунича у хотин ўз эрига ҳалол бўлмайди». Бизнинг наздимизда зиҳорнинг ўзи билан каффорат вожиб бўлмайди. Зиҳор (эр-хотин ўртасида) ҳаромликни вожиб қилади холос, бошқа нарсани эмас. Эр аёлига қайтсагина, каффорот вожиб бўлади. Ҳатто хотин вафот этса, эрга каффорат вожиб бўлмайди. Чунки (аёлнинг ўлиши билан) лаззатланишни мубоҳ қиладиган маъно йўққа чикди. Шунингдек, эр хотинини боин ёки уч талоқ қилса, мазкур сабаб билан каффорат вожиб бўлмайди. Мабодо хотин (боин ёки уч талоқдан сўнг бошқага) никоҳланиб, яна эрига қайтса ва эр унга яқинлик қилишга азм қилса, каффорат вожиб бўлади.
Мазҳабдошларимиз наздида эр (зиҳор каффоратини адо этиб,) хотинини аввалги ҳолига қайтаради, уни ўзига аввал кандай ҳалол бўлса, шундай ҳалол қилиб олади унга қўшилиши мубоҳ бўлади. Эр хотинини ўзига ҳалоллаб, мубоҳ қилиб олиб. у билан қўшилишни истаса, каффорат бериши вожиб бўлади. Ушбу ҳаромлик фақат каффорат бериш билан йўқолади. Демак, каффорат - ҳалолликка сабабдир. Қуммий(Абул Ҳасан Али ибн Мусо ибн Довуд Қуммий, ҳанафий мазҳаби фақиҳи, 305/917 йили вафот этган. Ибн Надим. Ал-фиҳрист, 260-бет; Котиб Чалабий. Кашф аз-зунун, 1-жилд, 20-бет; Исмоил Пошо Бағдодий. Ҳадият ал-орифин, 1-жилд, 675-бет.) ҳам «сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар» ояти таъвилида худди шундай, яъни «сўнгра айтган сўзи (зиҳор)ни бекор қилиш ва бузишга қайтадилар», деган.
Қуммий ўзининг бу таъвилига Асмаийдан(Абу Саид Асмаий номи билан машҳур бу олимнинг исми Абдул Малик ибн Қурайб ибн Али ибн Асмаъ Боҳилий бўлиб, араблар ровийси, луғат, шеърият ҳамда мамлакатлар тарихи билимдони. У ўз бобоси Асмаъга нисбат берилиб Асмаий дейилган. Басрада туғилиб, 216/831 йили шу ерда вафот этган. Зирикли. Ал-аълом, 4-жилд, 162-бет.) қилинган ушбу ривоятни далил қилган: «Бир аъробий (бадавий) унинг олдида бир уй бино қилаётганини, кейинроқ унга яна қайтиши ҳақида гапиради. Асмаий унга: «Бу билан нима демоқчисан?» - деганида, у: «Уни бузиб, йўқ қилмоқчиман», дейди». Демак, бу ҳол Аллоҳ таолонинг: «сўнгра... қайтадиган кимсалар» оятида «ўзлари (зиҳор билан) ҳаром қилган нарса (хотин)ни ҳалол қилишга қайтадилар. Бу (зиҳор)ни бузадилар ва ҳалолликни аввалги ҳолатига қайтарадилар...» деган маъно ирода қилинишига далолатдир. Лекин оятнинг зоҳири айтилган сўздан қайтиш маъносини ифодалайди. Бу сўзга «сўнгра... қайтадиган кимсалар» ояти асос бўлади.
Бироқ Аллоҳ таоло бу ўринда айтилган сўзни ва у билан собит бўлган ҳукм, яъни (эр-хотиннинг бир-бирига) ҳаром бўлишини ирода қилган. Аллоҳ таоло гўё: «Сўнгра («Сен менга онамнинг бели кабисан», деган) сўз билан ҳаром қилган нарса (хотин)га қайтиб, уни яна ўзларига мубоҳ қилиб оладилар», демоқда. Зеро, феъл зикр этилиб, ундан мафъул, яъни қилинган иш ирода қилиниши мумкин. Бунга мисол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: «Ҳибасини (ҳадясини) қайтиб олган киши кусугини цайтиб олган ит кабидир»(Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий ривояти.) Аслида, у ҳадя қилган нарсасини қайтариб олувчидир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам мисол бўлади:
«Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Раббингга ибодат қил» (Ҳижр сураси, 99-оят). Аллоҳ таоло бу оятда «аниқ нарса» деб, аниқ ишонилган нарса (ўлим)ни назарда тутган. Валлоҳу аълам!
Агар: «Каффоратни вожиб қиладиган қайтиш - (эрнинг аёли билан) қўшилишга қарор қилишими, аёлини ўзига ҳалол қилишга қасдими, ҳалолликни аввалги ҳолига қайтаришми ёки қўшилишга отланишми ёки қўшилишми?» - дейилса, (бундай жавоб берамиз):
«Биринчиси ирода қилинса, Молик раҳматуллоҳи алайҳ ва Ҳасан айтгани каби, мубоҳ санаш ва ҳалоллашга қарор қилишнинг ўзи билан каффорат вожиб бўлади, дейиш лозим бўлади. Агар (қайтишдан) қўшилиш ирода қилинса, бир қавм айтганидек, қўшилишдан кейин каффорат вожиб бўлади, дейиш лозим эди. Бу - оятга ҳам, сизнинг сўзингизга ҳам хилофдир.
Айтилишича: «Бундан (оятдаги қайтишдан) қўшилишни мубоҳ қилишга киришиш, уни амалга ошириш билан шуғулланиш назарда тутилади». Шундай экан, аввал каффорат бериб, сўнг у (жинсий яқинлик)ни қилади. Аммо қасд қилишнинг ўзи билан ё (эр аёли билан) қўшилгандан кейин каффорат вожиб бўлмайди. Бундай бўлишига сабаб шуки, эр зиҳор қилса, шу туфайли хотини унга ҳаром бўлади. Аёл бокира бўлса, унинг жинсий эҳтиёжини адо этиши шариат нуқтаи назардан эркак кишига вожиб бўлади ва ҳатто (эр) шу ишга мажбур қилинади. Агар у жувон бўлиб, бир марта у билан қўшилган бўлса, диёнат юзасидан эр ўша ҳақни аёлига етказиши вожиб бўлади.
Айрим мазҳабдошларимиз наздида аёл жувон бўлса ҳам, эр шариат ҳукмига кўра, унинг жинсий эҳтиёжини қондиришга мажбур қилинади. Эр зиммасидаги вожибни адо қилиш учун жинсий алока қилишга юзланса, аввало у каффорат бериши вожиб бўлади. Чунки жинсий алоқа каффоратсиз ҳалол бўлмайди. Бу худди намоздаги таҳорат каби, айнан ўзи мақсад қилинган фарз эмас. Балки таҳорат намозни адо қилиш учун олиш вожиб бўлади. Зеро, намоз таҳоратсиз жоиз бўлмайди. Қаранг, киши зиммасидаги фарзни адо этиш учун намозга турса, таҳорат олиши вожиб бўлади. У ирода қилишнинг ўзи билан ҳам, таҳоратсизлик билан ҳам вожиб бўлмайди. Ва ҳатто, ҳали намознинг вақти кирмаган бўлса ва уни адо этишга турмаган бўлса, таҳорат олиши вожиб бўлмайди. Худди шу каби аёл киши намоз вақти кирганидан кейин ҳайз кўрса, ҳатто намоз ҳам, таҳорат ҳам ундан соқит бўлади. Бу ҳам шунга ўхшайди, яъни (зиҳор қилган) эр зиммасидаги вожибни, яъни жинсий эҳтиёжни қондиришга киришганида каффорат бериши вожиб бўлади. Бу (каффорат вожиб бўлиши) учун зиҳор шартдир. Шунинг учун ҳам (зиҳор қилинган) аёл вафот этса, каффорат соқит бўлади. Чунки (зиммадаги) асосий мақсад, яъни жинсий алоқа йўққа чиқ-ди. Шунингдек, (зиҳор қилган) эр аёлини уч ёки боин талоқ қилса, у (бошқа эрга текканидан сўнг биринчи) эрига қайтса, эр жинсий алоқага юзланганида, унга каффорат лозим бўлади. Мақсаднинг юзага чиқиши мумкин бўлгани учун (уч ёки боин талоқ қилинса ҳам) зиҳор йўқ бўлмайди. Валлоҳу аълам!
Мазкур оят яна бир талқинни қабул қилади. У ҳам бўлса шуки, «Ўз хотинларини «зиҳор» қиладиган кимсалар...» ояти жоҳилият даврида (хотинларини) зиҳор қиладиган қавмнинг зиҳоридан хабар бермоқда. Яъни «Уша вақтда зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтган кимсалар», деган маънода. Борди-ю, мусулмон бўлганларидан сўнг ўша гап («Сен менга онамнинг бели кабисан»)ни айтсалар, уларга (ушбу оятда) зикр қилинган нарса вожиб бўлади. Чунки зиҳор жоҳилият даврида ҳаммага аён иш бўлган. Ким мусулмон бўлганидан кейин ўша гапга қайтиб, уни яна айтса, (ушбу оятда) зикр қилинган нарсалар зиммасига лозимдир. У Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом оладир»(«Ўтганларини Аллоҳ авф қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом оладир» (Моида сураси, 95-оят).).
Бу оят аввало, ўша (қайтарилган) ишни қилишга, иккинчидан, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санашга тааллуқлидир. Ким ўша иш (зиҳор)га ҳалол деб билмай, қайтса, Аллоҳ таоло ундан жарима билан интиқом олади. Борди-ю, ҳалол деб билиб, (зиҳорга) яна қайтса, Аллоҳ ундан азоблаш билан интиқом олади. Рибо ҳақидаги оятда ҳам худди шу маънодаги сўзлар келган. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Кимки Раббидан мавъиза келганида тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки яна қайтса...»(«Кимки Раббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар» (Бақара сураси, 275-оят).).
Яъни Ислом дини келишидан аввал қилиб юрган иши (рибо) га қайтса... Бу ўриндаги зиҳорга қайтиш ҳам худди шундай. Бизнинг фикримизча, бу оят мана шу асосга кўра таъвил қилинади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди:
«(Эй Муҳаммад!) Ўзаро шивирлашишдан қайтарилганларидан сўнг, яна тақиқланган нарсага қайтадиган... кимсаларни кўрмадингизми?!» (Шу суранинг 8-ояти). Яъни улар жоҳилият даврида ўзаро шивирлашар эдилар. Аллоҳ таоло уларни аввалги ишларига қайтишдан қайтарди. Зиҳор масаласи ҳам худди шундай талқин қилинади. Валлоҳу аълам!
Бироқ, бу таъвилга кўра, мазкур далил (зиҳорда эр аёли билан) қўшилишга юзланишнинг ўзи каффорат вожиб бўлишига асос бўлмайди. Фақат далилда зиҳор каффорат сабабли вақтинчалик ҳаромликни тақозо қилиши бордир. Авс ўз хотинини зиҳор қилган пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат беришни буюрганликлари ҳақидаги биз келтирган ҳадислар ҳам худди шу маънода тушунилади. Яъни (каффоратнинг сабаби) далилларнинг далолати орқали билиб олинади. Чунки (эр-хотин ўртасидаги) ҳаромлик вақтинчалик бўлиб, каффорат ҳаромликни кўтарувчи бўлгач, ушбу (ҳаромликни) кўтарувчи жинсий алоқага юзланиш билан каффорат вожиб бўлади, (яқинликни) ҳаром қилувчи собиқ сабабга кўра эмас. Чунки ўртадаги ҳаромликни бекор қилувчи нарса, яъни каффорат ҳаромликка сабаб бўлган зиҳор сабабли вожиб бўлмайди. Зотан, биз таҳорат масаласида ҳам айтиб ўтдик-ки, у таҳорат-ни кетказувчи ҳадас (таҳоратсизлик) сабабли вожиб бўлмайди. Аммо мукаллаф (балоғатга етган, оқил мўмин-мусулмон)га намоз таҳорат билан вожиб бўлгач, у таҳоратсиз адо қилиш мумкин бўлмаган намозга турганида таҳорат олиши вожиб бўлади. Зиҳор масаласи ҳам шундай. Валлоҳу аълам!
Оятда зикр қилинган «қайтиш»ни никоҳни сақлаб қолиш ва унда давом этишга азму қарор қилиш, деб таъвил қилган кишининг сўзи фосиддир. Чунки Авс ибн Сомит ўз хотинини зиҳор қилганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффоратни вожиб қилганлар. Расулуллоҳ ундан хотинини ўз никоҳида тутиб қолишни ва никоҳда давом этишни сўрамаганлар. Чунки (мазкур оятдаги) «қайтиш»ни «никоҳида тутиб қолиш» деб изоҳлаш тўғри эмас. Негаки, хотинни никоҳида ушлаб қолиш аслида унга қайтиш деб билинмаган. Бирор нарсани ушлаб қолиш ҳақида ҳам «унга қайтиш» сўзи ишлатилмайди. Демак, бу - луғатга хилоф гапдир. Чунки биз юқорида айтиб ўтдикки, бир нарсага қайтиш - бу унинг асл ҳолига қайтишдир. «Қайтиш» рўёбга чиқиши учун у ўзининг йўқ бўлишини ва заволини тақозо қилади. Зеро «қайтиш» иккинчи пайдо бўлдиларр. Бу нарса биз айтиб ўтган ҳалолликда (яъни каффорат бериб, хотинини ҳалоллаб олишда) рўёбга чиқади, чунки ҳалоллик ҳаромлик билан ўрин алмашади.
Аммо никоҳ битимига келсак, у (аввалгидек) мавжуд бўлиб, зиҳор сабабли бекор бўлмайди. Шундай экан, битим қандай қилиб яна битимга қайтади? Билингки, никоҳда давом этиш ва унда аёлни тутиб туриш «қайтиш» ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло: «сўнгра қайтадиган», деди. Бу оятдаги [сумма] боғловчиси «бир ишнинг кечикишини» тақозо этади. Мазкур оятда келган «қайтиш»ни ким «хотинни тутиб туриш» ва «никоҳда давом этиш» деб талқин қилса, эр зиҳор сўзини айтганидан-оқ, кечиктирмай, уни «қайтувчи» ҳисоблайдилар. Бу эса оятнинг зоҳирига хилофдир.
Оятдаги «қайтиш»ни «жинсий яқинликка азму қарор қилиш» деб талқин қилганларнинг сўзида ҳеч қандай маъно йўқдир. Чунки зиҳорнинг оқибати (эрнинг ўз хотини билан) жинсий яқинликка азму қарор қилишни эмас, жинсий яқинликни ҳаром қилади. Чунончи, тақиқланган ишга азму қарор қилиш ҳаромга васила бўлгани учун тақиқланган бўлса-да! Демак, биринчи таъвилга кўра, оятдаги «қайтиш» - зиҳор сабабли қўлдан бой берилган мақсадга қайтишдир, унга олиб борадиган василага эмас. Чунки бошқа усул қоидаларида ҳам азму қарорнинг шаръий ҳукмларга ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Масалан, битим ва ҳаром қилишлар азму қарорга боғлиқ эмас. Демак, зиҳор масаласида ҳам (жинсий яқинликка) азму қарор қилишнинг ҳеч қандай эътибори йўқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, уни гапирмас ёки унга амал қилмас эканлар, Аллоҳ таоло умматимнинг хаёлидан ўтган нарса (ички кечинмалари)ни афв этди»(Имом Бухорий, Имом Насоий ривояти.) деганлар.
Оятдаги «қайтиш» бу «аввалги сўзни такрорлаш», деб айтган кишиларнинг сўзини оятнинг зоҳири қабул қилса ҳам, у фосиддир. Чунки бу ижмоъга ҳам, шариатнинг туб қоидаларига ҳам зиддир. Ижмоъга хилофлиги шуки, салаф ва халафлар оятдан кўзланган нарса бу эмаслигига иттифоқ қилганлар. Шундай экан, бу гапни айтган киши ижмоъдан чиққан бўлади. Унинг шариат қонун-қоидаларига хилофлигига келсак, ҳалоллик ва ҳаромликнинг вожиб бўлиши гапнинг биринчи бор айтилишига боғлиқ бўлади, унинг такрорланишига эмас. Савдо-сотиқ, никоҳ, талоқ, қул озод қилиш ва ижара каби муомалотларга тегишли барча қоидаларда ҳам худди шундай. Бошқа сабаблар ва кўринишларда ҳам ана шу қоида кишининг сўзи билан ҳаромликни вожиб қилувчи бўлган экан, бу нарса шунга далолат қиладики, зиҳордаги ҳаромликни вожиб қилувчи ҳам иккинчи эмас, балки биринчи айтилган сўздир. Бинобарин, (эр-хотин ўртасидаги) ҳаромликни унга олиб борувчи сабабга боғлаб қўйиш шариатнинг бошқа туб қоидаларига зиддир. Шу билан Шофеъийнинг (эмизиш орқали собит бўладиган) ҳаромликни бир марта эмишга эмас, такрор-такрор эмишга боғлаб қўйиши ҳам асоссиз бўлиб чиқади. Валлоҳу аълам!
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Авсдан ўша сўзни неча марта такрорлагани ҳақида сўрамай туриб, унга каффорат беришни амр этдилар. У зотнинг Авсдан неча бор айтганини сўрамаганлари ҳукм ўша сўзни такрорлашга боғлиқ эмаслигини кўрсатади. Шофеъийнинг: «Агар эр (ўз хотинини) зиҳор қилгандан кейин дарҳол талоқ қилса, унга каффорат вожиб эмас. Агар бир муддат туриб, кейин талоқ қиладиган бўлса, каффорат беради. Хотинини қайтариб оладими, йўқми - фарқи йўқ», деган сўзи унинг тафаррудоти (бошқалардан фарқли айтган сўзи) ҳисобланади. Чунки Товус(Абу Абду Раҳмон Товус ибн Кайсон Хавлоний Ҳамадоний тобеъинларнинг буюкларидан. У 33/654 йили Яманда туғилган бўлиб, асли форслардандир. Жуда кўп саҳобаларни кўрган, улардан ҳадис эшитган. Фиқҳ ва ҳадис бобида пешқадам бўлган. У кўпроқ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган. Товус ибн Кайсон 106/724 йили ҳаж кунлари Мино ёки Муздалифада вафот этган.) аёлини зиҳор қилган эрга каффорат вожиб бўлади, хотинини талоқ қиладими ёки никоҳида ушлаб қоладими, фарқи йўқ, деган. Бошқа тобеъинлар: «Хотин вафот этса ёки эри уни талоқ қилиб, қайтариб олмаса, унга каффорат вожиб бўлмайди», деганлар. Улар бу талоқ зиҳордан кейиноқ бўладими ёки ундан бир оз ўтиб бўладими, фарқи йўқ деганлар. Демак, Шофеъий бу гапи билан салафларга хилоф қилган бўлади ва унинг гапи эътиборга олинмайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «қўшилишларидан илгари бир (мўмин ёки кофир) қулни озод қилиш бордир» оятининг зоҳири эрга каффорат беришидан аввал хотини билан қўшилиш тақиқланишини тақозо қилади. Чунки Аллоҳ таоло эр-хотин ўртасидаги ҳаромликни каффоратга боғлаб вақтинчалик қилиб қўйган. Агар эр унга яқинлик қилса, зиҳор ва каффорат бекор бўлади. Чунки шартга боғлаб қўйилган ёки маълум бир вақт билан қайдланган ҳар бир нарса юқоридаги шаръий матн туфайли вақт ўтиши ёки шарт йўқолиши билан ўз вожиблигини йўқотади. Иккинчи вақтда худди шунга ўхшаш ишни вожиб қилиш учун бошқа бир далил керак бўлади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлишича, ўз хотинини зиҳор қилиб, сўнг унга қўшилиб қўйган киши Расулуллоҳдан бу ҳақда сўраганида, у зот: «Аллоҳга истигфор айт. То каффорат бермагунча крйтиб бу ишни қилма»(Ибн Можа, Термизий ривояти.), деганлар. (Уз хотинини зиҳор қилган эр у билан) қўшилиб қўйганидан кейинги ҳаром бўлишнинг ҳукмини биз суннатдан билиб олганмиз. Валлоҳу аълам!
«...(мўмин ёки кофир) қулни озод қилиш бордир» жумласи икки жиҳатга оиддир: бир гал (қул маъносида келган) [ар-роқобату] исмига, бир гал [ар-роқобату] ҳукмига ҳақли бўлган нарсага. Агар [ар-роқоба]нинг зикридан мутлоқ қул ирода қи-линса, демак [ар-роқобату] исми тўғри келадиган ҳар қандай қул, яъни катта ёки кичик, кофир ёки мусулмон, икки қўли ёки икки оёғи кесилган, кўзи ожиз ёки ким бўлса ҳам барибир - ирода қилинган бўлиши мумкин. Бишр Марисий(Абу Абду Раҳмон Бишр ибн Ғиёс ибн Абу Карима Абду Раҳмон Марисий - мўътазилий мазҳаби фақиҳи, фалсафа билимдони бўлган. Ҳатго уни зиндиққа чиқарганлар ҳам бўлган. У «иржо» ҳақидаги фикрни илгари сурувчи ва унга нисбати берилувчи «марисия» тоифасининг асосчисидир. Фиқҳни қози Абу Юсуфдан ўрганган. У жаҳмийлар қарашларининг тарафдори бўлган. Ҳорун ар-Рашид даврида кўп азоб тортган. Унинг бобоси Зайд ибн Хаттобнинг мавлоси (озод қилган қули) бўлган. Унинг отаси яҳудий эди, деган гаплар ҳам бор. У Бағдоддан бўлиб. у ердаги «Дарб ал-марис» деган жойга нисбат берилган. Марисий 218/833 йили вафот этган. Унинг бир қанча асарлари бор. Зирикли. Ал-аълом, 2-жилд, 55-бет.) шу фикрни илгари су-ради ва: «қул қандай бўлишидан қатъи назар», деб хабар беради.
Агар [ар-роқоба]нинг зикридан унинг ҳукмига ҳақли бўлган нарса ирода қилинса, бироз нуқсони бор қулни озод қилиш ҳам жоиз эмаслиги келиб чиқади. Чунки қуллар ва чўрилардаги асл қоида шуки, жонга тегишли бўлмаган нуқсон бутун бошли жоннинг ўзидаги нуқсон деб ҳисобланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам уни озод қилиш жоиз бўлмайди. Чунки бундай ҳолатда қулнинг ҳаммаси эмас, ярми озод қилинган бўлиб қолади. Сўнгра қул борасида жонга тегишли бўлмаган нуқсон худди унинг ўзига етган нуқсон каби ҳисобланишига далил шуки, агар унинг бир қўли кесилган ёки кўзининг биттасига мил тортилган бўлса, соғломлик вақтидаги нархнинг тенг ярмига сотиб олинади. Бинобарин, жондан бошқасида топилган нуқсон қулнинг қийматидан тенг ярмига талафот етган сингари бўлиб қолади, аслида ўша нарса унинг жонининг ярми бўлмаса ҳам. Шунга кўра, агар унда озгина нуқсон топилса, (уни озод қилиш) жоиз бўлмай қолади. Чунки жондан бошқа нарсаларга тегишли ҳукмлар ҳам - жоннинг ҳукмидир. Уларга нисбатан қилинган жиноятнинг ҳукми ҳам бутун бошли жоннинг ҳукмига тегишли бўлади. Аммо мазкур оят борасида бу икки таъвил ҳам тўғри эмас.
Энди гапнинг иккинчи қисмига жавоб берсак, қулнинг ярмига етган нуқсон, гарчи қуллик мавжуд бўлиб турган вақтда қул ҳукман нуқсонли бўлса-да, унинг ҳаммасига етгандек ҳисоб қилинади. Чунки уни озод қилиб юбориш билан ўша нуқсон йўққа чиқади. Сабаби ўша одам ўзининг қулини озод қилиши билан унинг учун комиллик ҳукмида бўлиб қолади. Чунки у ўз қулини озод қилиш билан манфаатдордир. Қулдаги ўша нуқсон уни озод қилиш билан бартараф этилади ва натижада маъно жиҳатидан қул тўлиқ соғлом бўлиб қолади. Ана шунда худди соғлом қулни озод қилгандек уни озод қилиш ҳам жоиз бўлади. Бунинг далили шуки, озод қилинганидан сўнг қулга нисбатан жиноят қилинса, гарчи қуллик вақтида унда ўша нуқсон бор бўлса-да, унинг хунидан бирор нарса камаймайди. Бу билан аниқ бўладики, қул ўзига нисбатан комил шахсдир, ундаги нуқсон қуллик вақтидаги баҳоси борасида унинг хожасининг ҳақига оиддир. Чунки у ўзига нисбатан нуқсонли ҳисобланса, ўша нуқсон ундан умуман кўтарилмаслиги лозим. Қулнинг ҳукмида ўша нуқсон бекор бўлар экан, бу нарса уни (зиҳорнинг каффорати учун) озод этиш жоизлигига далолат қилади.
Аслини олганда, Аллоҳ таоло ушбу каффоратларни гуноҳга қўл урган кишилар адо этишлари учунгина фарз қилган, холос. Банда ўзига тақиқланган шаҳватларга қўл ургани учун қайтиб бу ишни қилишдан қайтарсин, деган мақсадда ана шу каффоратни адо этиш билан озорланади. Шундай экан, биз ана шу каффоратга назар солишимиз керак. Агар банда жони озор чекмайдиган ва қийналмайдиган нарса билан каффоратни адо этмоқчи бўлса, уни каффорат ҳисоблаш жоиз эмас. Агар акси бўлса, уни каффорат учун берса жоиздир.
Қулни озод этганда кишига етадиган озор икки хил кўринишда бўлади. Биринчидан, ўзининг хизматига яраб турган ўша қулнинг манфаатлари қўлдан кетишини ўйлаган вақтда ундан озорланади ва алам қилади. Иккинчидан, ҳозир ундан фойдаланмаётган бўлса-да, охир-оқибат фойдаси тегишини умид қилгани учун умид қилаётган ўша манфаат қўлидан кетгани учун ҳам қийналади. Бинобарин, мана шу икки хил кўринишдаги озорга сабаб бўладиган ҳар кандай қулни каффорат учун озод қилиш мумкиндир. Агар акси бўлса, жоиз эмас. Валлоҳу аьлам!
Кўзи ожиз, ногирон, икки қўли кесилган қулни ва шу кабиларни зиҳорнинг каффорати учун озод қилиш жоиз эмас. Буни икки қарашга кўра тушуниш керак. Биринчиси, Шофеъийдан зикр қилинишича, у зиҳорнинг каффорати учун кофир қулни озод қилишни жоиз деб билмаган. Бу фикрига далил сифатида: Аллоҳ таоло (бир мўминни янглишиб) ўлдириб қўйишнинг каффорати учун мўмин қулни(«Мўмин (иккинчи бир) мўминни фақат янглишибгина ўлдириб қўйиши мумкин. Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдирган бўлса, (унинг зиммасига) бир мўмин қулни озод қилиш ва у (марҳум)нинг оиласига - агар кечиб юбормасалар - хун тўлаш (фарздир)» (Нисо сураси, 92-оят).) озод қилишни зикр этган. Ҳар иккиси ҳам каффорат бўлгани учун зиҳорнинг каффорати ҳам шунга ўхшайди, деган.
Лекин биз бундай деймиз: Бу фикр Шофеъийнинг ўз мазҳаби қоидасига кўра хатодир, чунки (қул озод қилиш борасида) унинг мазҳаби умумийдир (яъни кофирми, мўминми - қул бўлса, бўлди). «Қул» лафзи бу дунёда ҳар қандай қулни ўз ичига қамраб олади. Бу масалада биздаги қоида шуки, Аллоҳ таоло зиҳорнинг каффоратида мўмин қулни зикр этмаган. Шундай экан, (янглишиб мўминни) ўлдириб қўйишнинг каффорати ҳа-қида зикр қилинган нарса бу ўринда ҳам вожиб қилиниши жоиз эмас. Бунга далил шуки, ўша оятнинг ўзида бир қанча нарсалар зикр қилиниб, шундай дейилган:
«Мўмин (иккинчи бир) мўминни фақат янглишибгина ўлдириб қўйиши мумкин. Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдирса, (унинг зиммасига) бир мўмин қулни озод қилиш ва у (марҳум)нинг оиласига - агар кечиб юбормасалар - хун тўлаш (фарздир)» (Нисо сураси, 92-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда дияни зикр қилди. Қатл (янглишиб бир мўминни ўлдириб қўйиш) оятида хуннинг зикр қилиниши зиҳор қилувчига ҳам хунни фарз қилмайди. Чунки зиҳор оятида хун зикр қилинмаган. Шунингдек, қатлнинг каффоратида имоннинг зикр этилиши ва қул мўмин бўлишининг шарт қилинишига худди зиҳор оятида ҳам (айни шу нарсалар) зикр қилинган каби деб қаралмайди. Қуръони каримда бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп учрайди(Қуръони каримда жарима сифатида бир неча жиноятларга қул озод қилиш белгиланган, лекин уларнинг баъзисида қулнинг сифати баён қилинган ва яна баъзисида мутлоқ қул зикр этилган. «Қул» сўзи мутлақ келган ўринларда ҳам фақат «мўмин» сифати билан зикр қилинган қул тушунилади, дейиш тўғри эмас.). Қолаверса, (қатл) каффорати учун энг ҳақли нарса - ғайридин қулни озод қилишдир. Бунга сабаб шуки, мусулмон киши ғайридин қулни озод қилганида мусулмон қулни озод қилганидан кўра кўпроқ қийналиши мумкин. Чунки ғайридинга яхшилик қилишни мўмин кишининг табиати хуш кўрмайди, аммо мусулмонга яхшилик қилишда ундай эмас. Биз баён қилиб ўтдикки, каффорат - ўз мулкида бўлган нарсани Аллоҳнинг амрига асосан (ўзининг мулкидан) чиқариш билан қийналиш учундир. Шундай бўлса-да, Қуръони каримда уларга (ғайридинларга) яхшилик қилиш жоизлигига далил мавжуд ва у қуйидаги оятдир:
«Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию камбағалларга пинҳона берсангиз - ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир. Уларнинг ҳидояти Сизнинг зиммангизда эмас (эй Муҳаммад!)» (Бақара сураси, 271-272-оятлар)
Аллоҳ таоло юқоридаги оятдан сўнг яна бундай деган:
«Қилган ҳар бир хайр-эҳсонингиз (савоби) мукаммал қайтарилур» (Бақара сураси, 272-оят).
Қиссада айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалари Ислом динига киришдан юз ўгирган қариндошларига яхшилик қилишдан бош тортганлар. Ана шунда улар ҳақида мазкур оят нозил бўлган. Ушбу оят ғайридин қулларга яхшилик қилиш, уларни озод қилиш каффорат ҳисобланишига далилдир.
(Иккинчиси,) Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида «қўшилишларидан илгари» ояти «қўшилишларидан илгари қул тўлиқ озод этилади», деб таъвил қилинади. Чунки унинг наздида қул озод қилиш қисмларга бўлиниши мумкин. Яъни аввал унинг ярмини, сўнг қолган қисмини озод қилиш мумкин. Зиҳорнинг каффоратида эса жинсий яқинликдан олдин қулнинг ҳар икки қисмини ҳам озод қилиш шарт. Ҳатто икки қисмнинг орасида (яъни қулни тўлиқ озод қилмай туриб) аёлига қўшилиб қўйса, яна бошқа бир қулни ҳам озод қилиш лозим бўлади.

4. Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишдан илгари (зиммасида) пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Бас, ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, (унинг зиммасида) олтмишта мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришларингиз учундир. Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегараларидир. (Илоҳий қонунларни инкор этувчи) кофирлар учун эса (охиратда) аламли азоб бордир.
«Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишдан илгари (зиммасида) пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир» ояти ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек, икки ой рўзани тўлиқ тутмагунча, аёлига қўшилмай туради, деб таъвил қилинади. Агар тўлиқ икки ой рўза тутмай аёлига яқинлик қилиб қўйса, рўзани яна қайтадан бошлайди. Демак, бу оят «каффоратни ўташ даврида аёли билан жинсий яқинлик қилмайди», деган маънони англатади. Шундай экан, каффоратни тўлиқ адо этмай аёлига яқинлик қилиб қўйса, каффоратни янгитдан бошлаши лозим бўлади.
Аллоҳ таолонинг «қўшилишдан илгари» ояти Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида бундай таъвил қилинади: «Қўшилишдан олдин қул озод қилади, (зиҳорнинг каффоратига икки ой рўза тутмоқчи бўлса) рўзани ҳам шундай тутади». Абу Юсуфнинг фикрича, бу оят зиҳор каффоратининг вақтини баён қилиш учун нозил бўлган. Бунга кўра, киши зиҳор рўзаси асносида аёлига яқинлик қилса, келган жойидан рўзасини давом эттиради, уни янгитдан бошламайди. Чунки у киши (вожиб) рўзанинг вақтини ўтказиб юбориб, зиммасидаги қазо рўзани тутаётган кишига айланади. Яқинликдан сўнг зиҳор рўзасининг вақти ўтиб кетади ва рўза қазога айланиб, энди уни бўлиб-бўлиб ва кетма-кет адо этиш жоиз бўлади. Бу Рамазон ойининг рўзасига ўхшайдики, унинг вақтини ўтказиб юборганга қазосини кетма-кет тутиши вожиб бўлмайди. Балки уни бўлиб-бўлиб тутиб бериши жоиз бўлади.
Қул озод қилиш борасида эса, буни тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки Абу Юсуф наздида қул жузларга бўлинмайди. Шу нарсада хилоф йўқки, ўттиз нафар мискинни таомлантирганидан сўнг хотинига яқинлик қилса, (фақирларга) таом беришни янгидан бошлаши шарт эмас. Шунингдек, каффорат бермай туриб, хотинига яқинлик қилса, унга тавба ва истиғфордан бошқа ҳеч нарса лозим бўлмаслигида ихтилоф йўқ. Бу - кўпчилик фақиҳларнинг сўзидир. Фақат айрим фақиҳлар бу ҳолатда эрга иккита каффорат лозим бўлади, деганлар.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрини юқорида айтиб ўтдик (яъни зиҳор рўзаси асносида аёлига яқинлик қилиб қўйса, рўзани келган жойидан давом эттиради). Чунки эр ўз вақтида каффоратнинг ярмини адо этиб, қолганини вақт ўтганидан кейин адо қилиши барчасини вақти ўтганидан кейин адо қилганидан кўра афзалроқдир. Мискинларга таом беришда ҳам шу маъно бор.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида зиҳор каффоратни вожиб қилмайди, аммо каффоратсиз кетмайдиган ҳаромликни вожиб қилади. Бундай ҳолатда эр атайлаб каффорат беришга буюрилмайди, бироқ хотинидан баҳраманд бўлишни истаса, унга: «Каффоратини ўтамасдан бу ишни қилишинг мумкин эмас», дейилади. Шундай экан, эр каффоратнинг ярмини адо этиб, сўнг хотинига қўшилса ва ундан кейин (каффоратнинг) қолган қисмини адо этса, қўшилганидан кейин адо этган каффорати ундан олдинги вақтнинг қазоси бўлмайди. Агар у олдинги вақтнинг қазоси бўлмаса, юқоридаги оятлар «(Зиҳордан кейин аёлларингиз билан яқинлик қилишдан олдин бир қул озод қилинглар. Зиҳордан кейин аёлингизга кайтмоқчи бўлсангиз, пайдар-пай икки ой рўза тутинг») бу ҳолатга тегишли деб тайин қилинади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом хотинини зиҳор қилиб, унга қўшилиб қўйган кишига: «Аллоҳга истигфор айт ва то каффорат бермагунча, бу ишни қайтиб ҳилма»,(Ибн Можа, Термизий ривояти.) деганлар.
Бунга кўра, (зиҳор қилган киши каффоратига олтмишта мискин) таомининг ярмини бериб, сўнг хотини билан қўшилса, яна қайтадан таом тарқатмайди. Лекин биз айтиб ўтган ибора қайтадан таом тарқатишни тақозо қилади ва қайтадан таом тарқатиши маъқул ҳисобланади. Чунки таом аслида алоҳида-алоҳида нарса бўлиб, ҳозир бир қисмини таомлантириб, бир йилдан кейин қолганини таомлантирса, барча жиҳатга кўра жоиздир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қул озод қилиш ҳам шунга ўхшайди. Чунки қулнинг ярмини ҳозир озод қилиб, қолганини бир йилдан сўнг озод қилиши жоиздир. Лекин ўша ораликда хотини билан қўшилиб қўйса, қайтадан (бошқа қул озод қилишни) бошлаши шартдир.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида бу оят (каффорат бериш) вақтини баён қилиш учун нозил бўлган, дейиш тўғри эмас. Чунки биз оятни вақтга буриб таъвил қилсак, оятда фойдасиз нарса келган бўлиб қолади. Зеро, каффоратнинг вақтини билиш ақлий далолат билан собит бўлади. Бунга сабаб шуки, биз зиҳор сабабли (эр-хотиннинг қўшилиши) ҳаром қилинганини ва у (ҳаромлик) каффоратсиз кетмаслигини билганмиз. Шундай экан, (эр-хотиннинг бир-бирига) ҳалол бўладиган вақти (бир-бирига) ҳаром бўлиш вақти зикр қилиниши билан маълум бўлди.
(Эр-хотиннинг бирга бўлишини ҳаром қиладиган) талоқ ва унга ўхшаш барча ишларда ҳам ҳолат худди шунга ўхшайди. Яъни бу ҳаромлик уни йўққа чиқарадиган сабаб билангина бекор бўлади. Агар бу оят (эр-хотиннинг бирга бўлиш) вақтини баён қилиш учун нозил бўлган, деб таъвил қилинса, у ҳеч қандай ҳукмни ифодаламайди. Агар бу оят каффоратни ўташ даврида (эр-хотин) қўшилиши мумкин эмаслигини ва бу нарса бошқа бир фойдани ифодалашини баён қилиб келган, деб таъвил қилинса, тўғрироқ ва муносиброқ бўлади.
Зеро, оятнинг ўзида ҳам у (зиҳордан сўнг эр-хотиннинг қўшилиши ҳалол бўладиган) вақтни баён қилиш учун келмаганига далил бор. Яъни «Бас, ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, (унинг зиммасида) олтмишта мискинга таом бериш бордир». Иккинчидан, Аллоҳ таоло (зиҳорнинг каффоратини баён қилар экан) қул озод қилиш ва рўза тутиш даврида (эр-хотин) қўшилмаслиги кераклигини зикр қилган, аммо таом беришда бу нарсани айтмаган. Агар бу оят ўша вақтни баён қилиш учун келган, деб таъвил қилинса, унда ҳам албатта қўшилиш зикр қилинган бўларди. Чунки каффорат битта нарса учун берилса, каффоратнинг вақтлари турлича бўлмайди, балки вақти ҳам битта бўлади.
«Аллоҳ таоло мискинларга таом беришда (эр-хотиннинг қўшилиши ҳалол бўладиган) вақтни зикр қилмаганига сабаб шуки, қул озод қилиш ва рўза тутишда уни зикр қилиши худди таом беришда ҳам зикр қилишидекдир. Чунки таом бериш ҳам зиҳорнинг мана шу каффорат турларидан биридир. Бинобарин, каффоратнинг баъзиларида вақтнинг зикр қилиниши бошқаларида ҳам зикр этилиши ҳисобланади. Шундай экан, ўша каффоратнинг ярмини ўз вақтида, қолган ярмини ўз вақтидан бошқасида адо этиши унинг ҳаммасини ўз вақтидан бошқасида адо этганидан кўра афзалроқдир», дейиш тўғри эмас. Чунки қул озод қилиш ва рўза тутишда вақтнинг зикр қилиниши таом беришнинг баёни бўлиб келишга ярамайди. Чунки баён уч хил кўринишда бўлади: етарли, тўлиқ ва батафсил баён қилиш.
Етарли даражада баён қилиш умумий нарса ичидан бирини ёки озини баён этиш билан кифояланишдир. Бу ўша нарсанинг ижтиҳод орқали ва ўзига ўхшашларига қиёс қилиш орқали билиниши учундир. Бу ундаги маъно (иллат)га, ижтиҳод ва тақлидга далолат қилади.
Аммо тўлиқ баён қилишга келсак, у барча нарсани муболаға йўлига кўра баён қилишдир. Ҳатто унда ижтиҳод учун ўрин қолмайди.
Батафсил баён қилиш эса масаланинг кўпроғини баён қилади, аммо тўлиғича баён қилиб бермайди. Демак, бунда баён қилинаётган масаладан бошқасига ўтилмайди. Чунки унда барчасини ўзида жамлайдиган маъно бўлса, ундан зиёдаси зикр этилиб, бир қисми тарк қилинишида ҳеч қандай маъно қолмасди.
Оятда (зиҳор масаласи) батафсил шаклда баён қилинган. Чунки уни зикр қилишда каффоратнинг фақат бир тури билан кифояланилмаган ҳамда масалани тўлиғича баён қилиб ҳам келмаган. Шунга кўра, у батафсил баён қилиб келган бўлиб, уни зикр қилинаётган масала билан кифояланади ва ундан бошқасига ўтмайди, деб айтдик.
Агар бу оят (эр-хотиннинг қўшилиши ҳалол бўладиган) вақтни баён қилиш учун нозил бўлганида эди, Аллоҳ таоло каффоратнинг ҳамма турларини эмас, биргинасини зикр қилиш билан кифояланган бўларди. Чунки ҳаммасида у муболаға услубига кўра зикр қилинган. Бу оятда ўша вақт батафсил тарзда баён қилинган экан, у вақтни баён қилиш учун келмаганига ишора қилади. Бироқ вақт зикр қилинган рўза тутиш ва қул озод қилиш даврида қўшилиш ҳалол эмаслиги баён қилинган (вақт) зикр қилинмаган таом бериш даври эмас. Бундан аён бўладики, рўза тутиш ва қул озод қилиш даврида қўшилиш ҳалол бўлмаслиги маъносини ақл билан идрок қилиб бўлмайдиган оят ёрдамида билинган ҳукмдир. Шунинг учун ҳам у ўшандан бошқасига татбиқ этилмайди. Унинг мисоли қуйидаги оятда зикр қилинган нарсага ўхшайди:
«Мўмин (иккинчи бир) мўминни фақат янглишибгина ўлдириб қўйиши мумкин...» (Нисо сураси, 92-оят). Бу оятнинг таъвили ўз ўрнида келади.
Хулоса шуки, бу масалада икки йўл бор. Биринчиси қиёсга, иккинчиси эҳтиёткорликка тегишли. Қиёсга келсак, биз тепада айтиб ўтдикки, Аллоҳ таолонинг «қўшилишларидан илгари», деган сўзи каффоратни ўташ даврида қўшилмасликни ва (каффорат) рўзасини тутиш мобайнида қўшилиб бўлмаслигини баён қилиб келган. Аммо таом беришда эмас, қул озод қилиш ва рўза тутишда зикр қилинган, холос. Бу эса батафсил баён эканига далолат қилади. У ҳукмнинг фақат нассга қайдланиб, бошқасига ўтмаслигига далилдир. Ақл бу маънони идрок қилишдан ожиз қоладиган илм бўлгач, биз рўза тутиш ва қул озод қилиш даврида (эрнинг ўз хотини билан) қўшилмаслигини насс билан вожиб деб белгиладик. Демак, бусиз каффорат (собит) бўлмайди. Аммо (каффорат учун) таом беришда бу нарса (қўшилмаслик) шарт қилинмади.
Эҳтиёткорлик йўлига келсак, (зиҳор ҳақидаги оят эр-хотиннинг бир-бирига ҳалол бўлиш) вақтининг баёни ёки рўза асносида қўшилиш жоиз эмаслигини баён қилиш учун бўлгач, эҳтиёт йўли тутилди. Таом беришда эса қиёсга амал қилинган, чунки унда қўшилиш ҳақида сўз кетмаган. Аллоҳ таолонинг рўза ва қул озод қилишда уни (қўшилишни) зикр қилиши етарли даражадаги баён қилиш эмасдирки, унда зикр қилиниши таом беришда ҳам зикр этилгандек ҳисобланса. Аксинча, у батафсил баён қилиш учун келган, унинг ҳукми насс (далил) келган нарса билан чекланишдир, ундан бошқасига ўтиш эмас. Валлоҳу аълам!
Бу оятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қул озод қилишда, уни қисмга бўлиш мумкин, деган қараши дурустлигига далолат бордир. Яъни қулнинг ярмини озод қилиб, қолган ярми ўз ҳолича қолдирилади. Маълум вақтдан кейин қолган қисмини озод қилади. Чунки Аллоҳ таоло: «қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир», яъни каффоратни адо этиш даврида қўшилиш бўлмаган ҳолда, қул озод қилиш бордир, деган. Агар қулнинг ярмини озод қилиш уни тамоман озод қилиш бўлганида, «қўшилишларидан илгари», деган сўз ҳеч нарсани ифодаламаган бўлар эди. Чунки қулни озод қилиш (эр ўз хотини билан) қўшилишидан олдин амалга ошади. Бу оят Аллоҳ таолонинг - валлоҳу аълам! - қуйидаги маънони ирода қилганига далолат қилади: «Қулни бутунлай озод қилмай туриб, ярмини озод қилган пайтингизда, бу иш охирига етиб, тўлалигича озод бўлмагунича, хотинларингизга қўшилмангиз». Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ рўзада бўлгани каби, қул озод қилишда ҳам каффорат беришни янгидан бошлайди, деган. Бу эса «қул озод қилиш» қисмга бўлинишни қабул қиладиган иш эканига далолат қилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло зиҳорнинг каффоратида фақатгина тавба ва истиғфорни эмас, биз юқорида айтиб ўтган нарсаларни ҳам шарт қилди. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ таоло зиҳорда эрнинг тавбасини шарт қилганида, бу бошқаларга ошкор бўлмай қолар эди. Чунки у эр билан аёл ўртасидаги иш бўлиб, эрнинг тавба қилгани ё қилмагани билинмай қоларди. Кўпинча, у чин қалбдан тавба қилмаса-да, сўз билан ўзини тавба қилгандек кўрсатиши ва бу хотиннинг ўз эрини айблашига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло зиҳорнинг каффоратидаги тавбани ҳаммага аён бўладиган бир иш қилиб белгиладики, бу билан эр айбловдан ҳимоя қилинади ва хотиннинг қалбига таскин берилади. Валлоҳу аълам!
Иккинчидан, Аллоҳ таоло никохдаги лаззатланишни буюк бир неъмат қилди. Шунинг учун эрнинг ўз хотинини ўзига абадий маҳрам бўлган онасига ўхшатиши жуда хунук ишдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло эрга чиқиб кетиши осон нарсани тайин қилмади. Шу сабабли иккинчи-учинчи марта яна шу ишга қўл уролмайди. Аксинча, у ва унга ўхшаган инсонларни келгусида яна шу каби ишларга қўл уришдан тийиб қўйиш мақсадида унга оғир келадиган, уни қийнаб қўядиган нарсани тайин қилди. Бу ҳолат зино ва ундан бошқа гуноҳ ишларда ҳам кузатилади.
Оятда Аллоҳ таоло чўрига бу ҳаромлик (зиҳор)дан улуш тайин қилмаган. Чунки хожаларга ўз чўриларидан лаззатланишларига рухсати берилган бўлса ҳам, чўрига эгалик қилиш ҳуқуқи хожасига фақатгина лаззатланиш учун тайин қилинмаган. Шунингдек, чўриларга ҳам ўз ҳожаларидан лаззатланиш ҳуқуқи тайин қилинмаган. Шунинг учун чўриларни юқорида зикр қилинган зот (она) га ўхшатиш куфрони неъмат ҳам, хожаларнинг чўрилардаги ҳақларини йўққа чиқариш ҳам бўлмайди. Шунинг учун бу иккиси (чўри ва ҳур хотин) орасида фарқ бордир. Валлоҳу аълам!
Айтишларича, зиҳор бир қавмнинг талоғи бўлган. Кейинча-лик у жинсий яқинликни тақиқлайдиган зиҳорга айлантирилди. Чўриларда эса аслдан, яъни талоқдан насиба йўқ экан, аслнинг ўрнига ўтган зиҳордан қандай қилиб чўриларнинг насибаси бўлиши мумкин(Зиҳор чўриларга тааллуқли эмаслиги борасидаги мазкур иллатнинг заифлигига Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ эътироз билдириб: «Лекин бу (зиҳорнинг талоқ бўлгани) аниқ бўлса...» деб гап бошлади.). Лекин бу (зиҳор жоҳилиятда талоқ бўлгани) аниқ бўлса, юқорида зикр қилинганидек зиҳор никоҳ билан бартараф бўладиган талоқни эмас, абадий ҳурмат (ҳаромлик)ни тақозо қилувчи талоқ бўлиб қолади. Чўрида ушбу ҳаромликдан насиба йўқ, чунки никоҳ мулки билан чўрилик мулкини биргаликда тасаввур қилиб бўлмайди (яъни зиҳор ҳукми чўриларга тегишли эмаслигига ушбу сўзимиз асос бўлади). (Қуйидаги сўзлар, чўриларнинг зиҳордан насибаси йўқлиги борасида биринчи қараш вакиллари келтирган иллатга қарши эътироздир) Аммо маҳрамлик сабабли (никоҳи) абадий ҳаромликда чўриларга ҳам насиба бордир. Бу ҳаромлик асл бўлиб, чўрилик мулки бўлатуриб, улар унга (абадий ҳаромликка) салоҳиятли бўлишса, албатта, чўрилар вақтинчалик ҳаромликка ҳам аҳл бўлишади. Бу сўзлар биз айтган сўзнинг тўғрилигини асослайди. Валлоҳу аълам!
Бу оятда баённи кейинга қолдириш мумкинлигига далолат бор. Чунки ўша одам (Авс ибн Сомит розияллоҳу анҳу) ўз хотинини зиҳор қилгач, мусулмонлар у ҳақда қандай ҳукмлар вожиб бўлишини билишга жуда муҳтож бўлганлар. Шундай бўлса-да, уларга вожиб бўладиган ҳукмнинг баёни кечиккани боис, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукмни баён қилишни сўраганлар. Бу нарса шунга далолат қиладики, баъзан ҳукмнинг баёни хитоб қулоққа етиб борган вақтдан кейинга қолиши мумкин. Зиҳор масаласи бундан мустаснодир. Чунки воқеа юз бериши биланоқ унинг ҳукмини билишга эҳтиёж ҳам пайдо бўлган. Хос ҳукм ирода қилинган умумий оят нозил бўлган ўринда ундай эмас. Шунга ўхшаб, ийлога ва хотинини зинода айблаган эрга тегишли ҳукмларнинг юкорида ўтган услубга кўра воқеа содир бўлган вақтдан кечикиб нозил бўлгани ҳам бу фикрларимизга далилдир. Валлоҳу аълам!
Сўнгра зиҳор ва (янглишиб бир мўминни) ўлдириб қўйиш ҳамда Рамазон ойи рўзасини бузиб қўйганликнинг каффоратида қул озод қилиш ўрнига икки ой рўза тутиб бериш фарз қилинган. Қасамнинг каффоратидаги қул озод қилиш ўрнига уч кун рўза тутиш фарз қилинган. Биз бунинг сабабини юқорида(Моида сурасининг 319-323-оятлари таъвилида.) айтиб ўтганмиз. Валлоҳу аълам!
«Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришларингиз учундир». «Ал-Возиҳ» асарининг муаллифи зикр қилишича, бу оятдаги [заалика] сўзи «Буюрилган (бу амрлар) ва қайтарилган (бу тақиқлар) сизлар имон келтиришларингиз учундир», деган маънони англатади.
Бироқ бизнингча, ушбу оятнинг таъвили бундай: «Аллоҳ тао-лонинг «Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳга... имон келтиришла-рингиз учундир» ояти «Аллоҳ Сиз билан ўз эри ҳақида баҳс-лашаётган... аёлнинг сўзини эшитди» (шу суранинг 1-ояти) га боғлиқдир. (Шунда, оятнинг маъноси бундай бўлади:) Аллоҳ таоло: «У сизлар махфий равишда содир қилган амалларингиз ҳақида сизларга хабар берур ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамба-рига имон келтиришларингиз, яъни амалларингиздан ҳеч бири Аллоҳ таолога махфий қолмаслигини билишингиз ва тасдиқлашингиз учун сизларни улардан бохабар қилур», демоқда.
Айрим муфассирлар бундай деганлар: [заалика] - «бу» сўзи «Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда» (шу суранинг 1-ояти) жумласига тааллуқлидир. Яъни «Сизларга оғирлик қилган ва (зиҳор сабабли эр-хотин ўртасида юз берадиган) ҳаромлик билан имтиҳон қилинган вазиятдан чиқиб кетишингиз ва қутулиш ҳақидаги суҳбатингизни Аллоҳ эшитди. Зикр қилинган нарса (мусибат)лардан халос қилгани туфайли шояд «Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтирсаларингиз...» Валлоҳу аълам!
Яна айрим муфассирлар бундай деганлар: [заалика] - «бу» сўзидан мурод «сизлар айтган номақбул ва ёлғон сўздир». Яъни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришларингиз учун У зот сизларга у (зиҳор)нинг номақбул ва ёлғон сўз эканини билдирди». Бинобарин, бу оят Аллоҳ таоло уларга инъом қилган неъматлар, (каффоратини) адо этиш билан имтиҳон қилинган нарсалардан чиқиб кетиш ва қутулиш йўлини муҳайё қилгани учун бандалар У Зотга шукр қилишга буюрилмокда, деб тушунилади.
Бандаларга буюрилган ибодатлар ҳам худди шу кабидир. Яъни улар қуйидаги учта хислатнинг бири учун ибодат қилишга буюрилганлар: ўзларига берилган неъматларга шукр қилишлари ёки ишни Аллоҳ таолога топшириб, бўйинсунишлари ёки йўл қўйган камчилик ва нуқсонлар сабабли истиғфор айтиб, каффорат беришлари учун. Валлоҳу аълам!
Оятдаги «Сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришларингиз учун» жумласи юқорида айтилганлардан бошқа маънода келган бўлиши ҳам мумкин. Яъни «Нозил қилинган бу оятлар сизлар имон келтиришингиз, яъни ҳамма вақт ва барча замонда Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига бўлган имонингизни янгилаб туришингиз учун нозил қилинди». Чунки мўминлар янги-янги рухсатлар ва мажбуриятлар келган пайтларда имонларини янгилаб туришлари лозим бўлган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегараларидир» сўзига баъзи тафсирларда «Бу Аллоҳнинг сизларга фарз қилиб қўйган ҳукмларидир», деб маъно берилган.
Зажжож: «Аллоҳнинг чегаралари, яъни У Зот ман этган ишлар ва ҳужжатлардир. Шунинг учун эшик оғасига «ҳаддод» (тўсиб турувчи) номи берилган. Чунки у одамларни ундан тўсиб туради», деган. Бизнинг фикримизча, «Булар Аллоҳнинг (белгилаб кўйган) чегараларидир» ояти «Бу Аллоҳнинг зажри ва ман қилувчи нарсаларидир. Яъни бу бошқаларнинг ҳудудига киришдан тўсиб туради. Ботилни ҳақиқатнинг чегарасига дахл қилиб, унга аралашиб кетишдан тўсади», деган маънони англатади.
Бу оятда бандаларнинг феъллари яратилганлигига далолат бор. Чунки Аллоҳ таоло чегараларни, яъни тоатларни Узига нис-бат бериб: «Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегараларидир», деган. Шунингдек, улар (чегаралар) бандаларнинг феълларидир. Бу оят бандаларнинг барча амаллари Аллоҳнинг махлуқи эканига далолат қилади. Барча амалларни Аллоҳ таоло яратишига қарамай, айнан тоатни Узига нисбат беришидан мақсад, тоат-ибодатларни улуғлашдир. Чунончи, Аллоҳ таоло оятда:
«Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир»,(«Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!» (Жин сураси, 18-оят).) деб, масжидларни улуғлаш ва ҳурматлаш мақсадида, уларни Ўзига нисбат берган.
Аллоҳ таолонинг:
«Қиёмат албатта келувчидир... уни (қачон қойим бўлишини Ўзим) яширишни истайман (нега уни сизларга баён этай?)»(«Қиёмат албатта келувчидир. (Лекин) ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун уни (қачон қойим бўлишини) яширишни истайман» (Тоҳо сураси, 15-оят).) ояти борасида сўз айтган кишининг таъвили ҳам шундай тушунилади. Яъни Аллоҳ таоло қиёматни Ўзига нисбат бериш орқали унинг ишини улуғлаш ва ҳурматлашни ирода этган. Аллоҳ таоло гўё бундай деган: «Мен қиёмат ишини мана шу даражадаги бандаларга ошкор этмадим. Шундай бўлгач, нега уни сизларга билдиришим керак?» Яъни Мен бундай қилмайман (қиёмат қачон қойим бўлишини ошкор этмайман).
«Кофирлар учун эса (охиратда) аламли азоб бордир». Чунки Аллоҳга ва Унинг буйруқларига кофир бўлган кимса учун охиратда аламли азоб бордир. Зеро, куфрнинг азоби охиратда доимий, ниҳоясиз бўлади. Тоатга қувват фақат Аллохдандир!

5. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қиладиганлар, улардан аввалгилар хор бўлганидек, хор бўлурлар. Ҳолбуки, батаҳқиқ Биз очиқ-ойдин оятларни тушириб қўйганмиз. Ва кофирларга хорловчи азоб бор.
Айрим адабиётшунослар: [ал-муҳаадду] - Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари буюрган ҳаддан бошқа бир ҳадда, Унинг Пайғамбари бўлиб турган ҳаддан бошқасида бўлувчи кимсадир, деганлар.
Аллоҳ таолонинг:
«Ундай бўлиши, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилганлари учундир»(«Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолиф бўлганларидир. Кимки Аллоҳга қарши турса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир» (Ҳашр сураси, 4-оят).) ояти ҳам худди шундай тушунилади, яъни «Расулуллоҳнинг маслагидан бошқа томонда бўлганлари учун» ёки шунга ўхшаш бошқа маънода бўлади.
Баъзилар бу сўз: [ҳаддадтуҳу ъан ториқиҳи], яъни «уни ўз йўлидан буриб юбордим» маъносини англатади, деганлар. Бу маънолар бирбирига яқиндир. Унинг асли «Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қиладиганлар» оятидир. Яъни «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, эргашиб кетмасин, деган мақсадда тўсқинлик қилишар ва уларни йўлда тўхтатиб қолар эдилар».
Аллоҳ таолонинг «...улардан аввалгилар хор бўлганидек, хор бўлурлар» ояти: «Узларидан олдин яшаб ўтган кимсалар мағлуб бўлиб, ортга қайтарилгани каби, улар ҳам мағлуб бўлдилар ва ўзларига керак бўлмаган нарса (мағлубият) билан қайтарилдилар», деган маънони англатиши мумкин.
Бир тафсирда: «Улардан олдингилар ҳалок қилинганлари каби ҳалок қилиндилар», деб таъвил қилинган. «Узларидан олдинги кимсалар хор бўлганларидек, хор бўлдилар», деб маъно берилган тафсирлар ҳам бор.
Мазкур оятни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан ман қилган манави маккаликлар ўзларидан аввалги кимсаларга ўхшаб, ҳалок қилинурлар. Ёки (иккинчиси) Мадинада одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсган ушбу кимсалар худди Маккада одамларни у зотдан тўсган кимсалар каби ҳалок қилинурлар. Чунки бу сура Мадинада нозил бўлган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, батаҳқиқ Биз очиқ-ойдин оятларни тушириб қўйганмиз» ояти «Яъни Аллоҳнинг ҳадларини У Зотдан бошқанинг чегараларидан ёки ҳақни ботилдан ёхуд Пайғамбарни пайғамбар бўлмаган кимсадан ёки мухолифни мухолиф бўлмаган кимсадан ажратиб берадиган оятларни нозил қилдик», деган маънони англатади.   
Аллоҳ таолонинг «Ва кофирларга хорловчи азоб бор» ояти «Кофирларга, яъни уларнинг барчасига улар худди мўминларни хор қилганлари каби хорловчи азоб бордир», деган маънони ифодалайди.

6. Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, уларга қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда» ояти «аввалгиларию охиргиларини ёки мухолифларинию мувофиқларини қайта тирилтиради», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «...уларга қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар» ояти «Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган яхши-ёмон амалларининг хабарини берур. Гарчи бунга узоқ ёки кўп вақт ўтган бўлса-да, Аллоҳ уларнинг амалларини ҳисоблаб қўйган. Уларнинг ўзлари эса ўша амалларни унутиб юборганлар», деган маънони билдиради. Бу оят таҳдид учун айтилган деб тушунилади. Шунингдек, оятда Пайғамбаримизнинг рисолатига ҳам далолат бор. Чунки оятда Аллоҳ таоло бандаларнинг амалларини ҳисоблаб борилиши, бандаларнинг ўзлари эса уларни унутиб юборишлари ҳакида хабар бермокда. Аслида, у бандаларнинг: «Биз уларни унутган эмасмиз», деб мазкур гапни инкор этишга тоқатлари йўқдир. Бу эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу ҳақиқатдан Аллоҳнинг ёрдами билан хабардор бўлганларига далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсата шоҳиддир» ояти «Аллоҳ (амалларнинг) ҳисоблаб борилишига, (номаи аъмолда) ёзиб қўйилишига ва бошқа ишларга гувоҳдир», деган маънони ифодалайди.

7. Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми? Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бешта бўлсалар, У зот олтинчидир, бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир. Сўнг қиёмат кунида уларга қилган ишларидан хабар берадир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми? Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир» оятидаги хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса, у ҳолда оятда Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатига далолат бордир. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг у зотга ва саҳобаларига нисбатан макр қилиш ҳақида сир тутиб юрган, ҳийла ва алдовдан иборат ўзаро шивирлашиб юрган гапларидан хабардор қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсадан Аллоҳнинг ёрдами билан хабар топганлари ошкор бўлиши учун Аллоҳ таоло Ўз Расулини бу нарсадан воқиф қилган. Иккинчидан, Аллоҳ таоло (мазкур оятда) Пайғамбар алайҳиссаломга нусрат ва ёрдамининг башоратини ҳам берган. Бу Аллоҳ таолонинг Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга айтган сўзларига ўхшайди:
«Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман - эшитаман ва кўраман» (Тоҳо сураси, 46-оят). Яъни Фиръавн сиз икковингизга айтаётган гапларни ва сизга бераётган жавобларини эшитаман. Агар икковингизга (ёмонлик етказишга) қасд этса, Мен кўриб тураман ва сизларни у қасд этган нарсадан ҳимоя қиламан. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган ушбу сўзлари ҳам шу маънода тушунилади:
«Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми? Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У Зот тўртинчидир». Бас, улар сизга қилмоқчи бўлган ва сиз ҳақингизда сир тутган ёмонликдан Аллоҳ таоло сизни хабардор қилиб, сизга ёрдам беради ҳамда сиздан уларнинг макрларини даф этади.
Мазкур оятдаги хитоб айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлмай, бошқа ҳар кимга қаратилган бўлиши ҳам мумкиндир. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Аллоҳ яратган нарсалар - осмонлар ва Ернинг ҳамда улардан кейин уларнинг ичида яратган махлуқотларнинг ажойиботларини кўрмадингми? Агар У яратган осмонлар ва Ернинг ҳамда ундаги нарсаларнинг ажойиботларини кўриб, уларни (Аллоҳ таоло яратганини) билсанг, бас, шуни ҳам билгилки, У Зот уларнинг юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида шивирлашиб гаплашишларидан ҳам хабардордир». Шунингдек, бу оят (айрим ўринларда) сир тутиш ва шивирлашиб гап-лашишдан қайтариш ҳамда танбеҳ маъносида ҳам тушунилади.
- «уларнинг тўртинчиси», - «уларнинг олтинчиси», - «улар билан биргадир» ва шунга ўхшаш сўзларда оятларда гапнинг аввалига қараб, «У улар билан биргадир» оятини унга буриб тушуниш керак бўлади. Аллоҳ таолонинг:
«Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар билан (ҳамиша) биргадир»(«Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша биргадир» (Наҳл сураси, 128-оят).)   
«Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!»(«Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жахд) қилганларни, албатта, Уз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!» (Анкабут сураси, 69-оят).) оятлари ва бошқа шу каби оятлар(да зикр қилинган «бирга бўлиш»дан мурод) уларга тавфиқ, ёрдам ва нусрат бериш орқали бирга бўлдиларр. Аллоҳ таолонинг «У улар билан биргадир» деган ояти «ўзаро шивирлашиб гаплашаётганларида Аллоҳ улар билан бирга, яъни уларнинг олдиларида ҳозир ва устиларида кўриб турувчидир. Уларнинг макру ҳийлаларини сизлардан даф этади ва сизларга ёрдам беради», деб тушунилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Сўнг қиёмат кунида уларга қилган ишларидан ҳабар берадир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир» ояти «Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга ўзаро шивирлашиб гаплашган ва сирлашишган макру ҳийлаларининг хабарини беради», деб тушунилади.

8. Сирли сўзлашувдан қайтарилганларни кўрмадинг-ми?! Ман этилган ишга яна қайтурлар, гуноҳ ва душманлик-ла ва Пайғамбарга осий бўлиб, сирли сўзлашурлар. Ва ҳузурингга келсалар, сен билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашурлар. Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар. Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой!
Аллоҳ таолонинг «Сирли сўзлашувдан қайтарилганларни кўрмадингми?! Ман этилган ишга яна қайтурлар» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата айтилгандир. Аллоҳ таоло: «Сирли сўзлашувдан қайтарилганларни кўрмадинг-ми?! Шуни билингки, Ман этилган ишга яна қайтурлар...», демоқда. Оятда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлайдиган далил бор. Чунки Аллоҳ таоло (у зотга) улар тақиқланган нарсага, яъни сирли шивирлашишга қайтганларининг хабарини бермоқда. Маълумки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳузурида тақиқланган нарсага (шивирлашишга) қайтмайдилар, балки улар бўлмаган жойда, яширин қайтадилар. Бу эса Пайғамбар алайҳиссаломга бу нарсани Аллоҳ билдиргани учун билганларига далолат қилади.
Мазкур оятда ўша шивирлашиш сабаби тўғрисида турли фикрлар илгари сурилган. Айрим уламоларнинг айтишлари-ча, яҳудийлар билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида душманлик ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисида битим мавжуд бўлган. Аммо шунга қарамай, яҳудийлар бирор мусулмоннинг ёлғиз юрганини кўриб қолсалар, уни ўлдириш ҳақида ўзаро шивирлашиб гаплашар эдилар. Бояги мусулмон улар мени ўлдириш ёки менга озор берадиган нарса ҳақида шивирлашмоқдалар, деб ўйлагани учун қўрқиб, ўз йўлини ўзгартирар эди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боргач, уларни бундай шивирлашишлардан қайтардилар, аммо улар бу нарсадан тийилмадилар ва яна шу ишга қайтдилар. Ана шунда юқоридаги оят нозил бўлди(Ибн Касир, Суютий ривояти.).
Яна айрим муфассирлар бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг ҳузурларидан чиқсалар, яҳудийлар ва мунофиқлардан бир нечтаси мусулмонлар йўқ жойда туриб, ўзаро шивирлашишиб, мўминлардан бирор кишига олақараш қилиб қўяр эдилар. Уша мўмин уларнинг ўзи томонга қараётганини кўргач: «Уйлашимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сарийя (ҳарбий бўлинма)лар таркибида юборган қариндошларимнинг ўлдирилгани ёки ўлгани ҳақидаги хабар уларга етиб борган», деб ўйлар ва бундан унинг қалбида хафалик пайдо бўлар эди. Унинг яқини ўша сарийядан қайтиб келгунича шу тахлит хавотирланиб яшар эди».
Аммо, бизнингча, шу ва шунга ўхшаш ишлар ҳақида сўз юритишдан кўра сукут сақлаш афзалроқдир. Чунки бу оят ҳужжат келтириш маъносида бўлиб, кофирларга қарши оятдир. Шундай экан, (шивирлашишнинг тақиқланиш сабаби) юқорида қайд қилинганидан бошқача бўлиши ҳам мумкин. Натижада, бу ҳол у гапда ёлғонни тақозо қилади. Демак, ундан тийилиш энг тўғри йўлдир.
Аллоҳ таолонинг «Ва ҳузурингизга келсалар, сиз билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашурлар» ояти тафсирига келсак, айтишларича, улар (яҳудийлар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келсалар: [ас-сому ъалайка, я Муҳаммаду] - «Эй Муҳаммад, сизга ўлим бўлсин!» дер эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларга: [ъалай-кум] - «Сизларга ҳам!» - деб жавоб қайтарар эдилар(Бухорий, Муслим ривояти.).
Бу оятда ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига далолат мавжуд. Чунки улар Пайғамбар алайҳисса-ломга у зотдан сир тутиб салом берар эдилар. Аллоҳ таоло у зотни улар сир тутган нарсадан хабардор қилар эди. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар» ояти «махфий айтган ёмон сўзимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», деган мазмунни ифодалайди. Ушбу оятда пайғамбарликнинг далили бор, чунки улар бу гапларни ўзларича махфий равишда айтганлар. Аллоҳ таоло Уз Пайғамбарини уларнинг ичларида яширган нарсадан бохабар қилган. Демак, оятдан маълумки, Пайғамбар алайҳис-саломга бу нарсани Аллоҳ таоло билдирган.
Аллоҳ таолонинг «...шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди» ояти ўзаро шивирлашганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан яҳудийларни азоблашга таҳдид бўлиши мумкин. Огоҳлантирилган азоб кечиккач улар: «Агар Муҳаммад ўзи айтганидек пайғамбар бўлганида, айтган ва ваъда қилган нарсасига биноан азобланган бўлар эдик», дедилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни азобдан огоҳлантирган бўлсалар-да, қачон азобланишларини айтмаган эдилар. Уларнинг азоблари - ушбу оятда зикр қилинган:
«Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой!». Валлоҳу аълам!
Яҳудийлар: «...шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди» деган сўзни Расулуллоҳ уларнинг саломларига «Сизларга ҳам!» - деб алик олганларида айтган бўлишлари мумкин. Улар: «Муҳаммад «Сизларга ҳам!» - деб бизларни дуоибад қилди. Агар у пайғамбар бўлса, унинг бизга қилган дуоибади, албатта, ижобат бўлади», дер эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни дуоибад қилмадилар. Балки уларнинг сўзларини ўзларига қайтардилар, холос. Валлоҳу аълам!

9. Эй мўминлар! Сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганингизда гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашмангиз, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашингиз ҳамда сизлар ҳузурига (бориб) тўпланадиган зот - Аллоҳдан қўрқингиз!
Таъвил қилувчилар бу оятнинг маъносини мунофиқларга йўналтирганлар. Бизнингча, оятни анави кимсалар шивирлашганлари каби шивирлашишдан мўминларни қайтаришга буриб, таъвил қилиш мумкин. Яъни «Эй мўминлар, улар сизлар ҳақингизда шивирлашганларидек, сизлар ҳам улар ҳақида гуноҳ ва адоват ила шивирлашмангиз!» Аллоҳ таоло: «Уларнинг ўзлари сизларга қилган нарса билан уларни жазоламанг, лекин улар борасида яхшилик ва тақво тўғрисида шивирлашингиз!» - демоқда. Бу оят ҳам қуйидаги оят кабидир:
«Сизларни Масжиди Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин!» (Моида сураси, 2-оят);
Аллоҳ таоло мусулмонларни Масжиди Ҳаромдан тўсган қавмни жазолашдан мўминларни қайтариб, улар билан яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга буюрди:
«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2-оят), демоқда. Шивирлашиш (олақараш) ҳақидаги оят ҳам шундай тушунилади. Валлоҳу аълам!
Мазкур оят аслида, аввалбошдан мўминлар ҳақида бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан уларни (ножоиз) шивирлашишдан қайтариш учун нозил қилинган бўлиши ҳам мумкин. Яъни У Зот айтмоқда: «Агар шивирлашсангиз, сизларни гуноҳкор қиладиган ва адоватга - (Аллоҳ белгилаб қўйган) чегарага тажовуз қилишга, Пайғамбар сизларни буюрган ва қайтарган ишларда унга итоатсизлик қилишга ундайдиган нарсалар ҳақида шивирлашмангиз».
Оятда: «...яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашингиз», дейилган. Яъни ундаги [ал-бирру] калимаси барча кўринишдаги яхшиликни ўз ичига олади. Аммо [ат-тақво] сўзига келсак, унинг маъноси бандалар ўзларини дўзахдан сақлайдиган ҳамма нарсани қамраб олади. У ҳақида юқорида сўз юритганмиз.
Аллоҳ таолонинг хитоби: «Сизлар ҳузурига (бориб) тўпланадиган зот - Аллоҳдан қўрқингиз!» Ушбу хитоб уларга, яъни қайта тирилишни эътироф этган мўминлар ва кофирларга қаратилган бўлиши мумкин. Чунки аҳли китоблар ва мушрикларнинг баъзилари қайта тирилишни эътироф этганлар. Мушриклардан баъзилари ва даҳрийлар кайта тирилишни инкор этганлар.

10. Албатта, имонлиларни ранжитиш учун қилинган сирли суҳбат шайтондандир, Аллоҳнинг изни билан қилинган сирли суҳбатгина уларга ҳеч зарар етказмас. Мўминлар Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар!
Аллоҳ таолонинг «сирли суҳбат шайтондандир» оятида гуноҳ, адоват ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш ҳақидаги ўзаро шивирлашишлар назарда тутилган. Ҳар қандай сирли суҳбат хитобнинг умумий зоҳирига мос келмайди. Лекин оят биз айтиб ўтган сирли суҳбатлашиш, яъни қайтарилган шивирлашиш ҳақидадир.
Аллоҳ таолонинг «сирли суҳбат шайтондандир» ояти «Ёмонлик ҳақидаги шивирлашишнинг бошланиши шайтондандир», деган маънода бўлиши мумкин. Бу хусусда айрим ривоятларда келган гапларга кўра, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганда, Иблис фаришталарга: «Айтингчи, агар у сизлардан афзал қилинса, нима қиласизлар?» - деганида, улар ўз жавобларини беришган. Шунда у: «Агар мен ундан афзал қилинсам, албатта, уни ҳалок қиламан. Борди-ю, у мендан афзал қилинса, албатта, унга душманлик қиламан», деган. Демак, Иблис улар билан Одам алайҳис-саломга ёмонлик қилиш ҳақида сирли суҳбатлашган ва ёмонлик ҳақидаги дастлабки шивирлашиш шайтондан содир бўлган.
Аллоҳ таолонинг «имонлиларни ранжитиш учун» ояти «шайтон (бандаларнинг) маҳзунлик ҳолатларида уларни йўлдан оздиришга, Аллоҳ таолонинг амридан чиқариб, У Зот тақиқлаган ишларга киргизишга яна ҳам салоҳиятли бўлмаганида, Аллоҳ таолонинг «Албатта, имонлиларни ранжитиш учун қилинган сирли суҳбат шайтондандур», деган сўзидан ҳеч бир маъно чиқмас эди. Бу нарса шунга далолат қиладики, шайтони лаъин (банда) ғамгин ва ғазабнок бўлганида шодлик ва кенгчилик ҳолатига нисбатан (уларни бузиб, Аллоҳнинг амридан чиқаришга) моҳирроқ ва қодирроқ бўлади. Шунингдек, у инсонни лаззатларга чақириш ва кўп нарсаларни орзу қилдириш билан уни танглик ва машаққатга солиб қўйишни хоҳлайди. Чунки у банданинг ўша ҳолатида (бошқа вақтдагидан кўра ёмон ишга) қодирроқ бўлади. Шунинг учун ҳам у Одам ва Ҳавво алайҳимассаломга айтди:
«Мен сени абадият дарахти ва чиримас (йўқ бўлмас) мулкка бошлаб борайми?» (Тоҳо сураси, 120-оят). У Одам ва Ҳавво алайҳимассаломни ўзи айтган нарсалар билан алдаб қўйди ва уларда ўша нарсаларга нисбатан истак пайдо қилди. Унинг бу ишдан мақсади икковларининг авратларини очиб юбориш, уларни танглик ва мусибатга солиб қўйиш эди. Чунки Аллоҳ таоло:
«Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди...» (Тоҳо сураси, 121-оят), деган. Аллоҳ таоло Иблисга биз юқорида эслатган нарсалар (алдаш ва орзулантириб қўйиш) билан ёмонлик қилиш имконини берди. Аммо унга таом, либос, ичимликлар ва шу кабиларни бузишга имкон бермади. Ваҳоланки, бу иш юқоридагидан кўра енгилроқ, аввалгиси эса машаққатлидир. Лекин бунинг дунёвий зарари кўпроқ бўлгани учун Уз марҳамати, инсонларга қилган яхшилиги ўлароқ, Иблисга ризқ-рўзни бузиш имконини бермади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг изни билан қилинган сирли суҳбатгина уларга ҳеч зарар етказмас» ояти «улар мўминларга қарши макру ҳийла қилиш борасидаги сирли суҳбатлари билан зарар етказа олмайдилар», деган маънони англатади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Мўминлар Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар!» ояти «мўминлар ўзларига нисбатан макру ҳийла ишлатиш ва ҳалок қилишни мақсад қилган кимсаларни даф этишда Аллоҳгагина таваккул қилсинлар! Узларига нусрат, душманларига қарши кўмак беришни, ҳар қандай яхшиликка муваффақ қилишни Аллоҳнинг Ўзидан сўрасинлар!» деган маънони англатади. Буларнинг барчаси мўминларнинг сифатларидандир.
Аммо мўътазилийларга келсак, улар бу оят маъносидан узоқдадирлар. Шунингдек, уларнинг сўзларига кўра, мўминлар Аллоҳга таваккул қилувчи эмаслар. Чунки улар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар кимга ўз душманлари устидан ғалаба қилиш ҳамда улардан интиқом олиш учун нусрат ва ёрдам бериб бўлган. Ҳатто Унинг ҳузурида бирор нарсага қарши бандаларга қўшимча нусрат ва мадад қолмаган», дейдилар. Уларнинг сўзларига кўра, мўминлар Аллоҳ таолога таваккул қилганлари билан, ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки Унинг ҳузурида мўминларга нусрат олиб келадиган ва ёрдам берадиган нарса мавжуд эмас деб билишади.
Мўътазилийлар айтганидек, Аллоҳ таоло биз қайд қилган нарсаларга молик бўлмаса, мўминлар нима учун Унга таваккул қилишлари керак? (деб эътироз билдирамиз).
Упар яна бундай дейдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло (ўз бандасига) ёрдам ва тавфиқнинг ҳаммасини бериши вожиб, ҳатто Унинг ҳузурида ортиқчаси қолмаслиги керак. Агар ундан бир озини бермай қўйса, зулм қилувчи бўлиб қолади».
(Упарнинг бу гапига қарши бундай деймиз) Аллоҳ таоло бандаларга мўътазилийлар айтганидек, нусратни ва кўмакни берса-ю, улар ҳидоят ҳам топмасалар, ғалаба ҳам қозонмасалар. (Бу қанақаси?) Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай деб турган бўлса (мўътазилийларнинг сўзи қандай тўғри бўлиши мумкин?):
«Агар сизларга Аллоҳ мадад берса, ҳеч ким сизларга ғолиб бўлмас» (Оли Имрон сураси, 160-оят). Бошқа оятда бундай дейилган:
«Кимники Аллоҳ ҳидоят қилган бўлса, бас, ўша (одам) тўғри йўл топувчидир» (Аъроф сураси, 178-оят).
Демак, бу оятлар мўътазилийларнинг айтган гаплари Қуръонга зид эканига далолат қилади.
Сўнгра [ан-нажваа] сўзининг нимадан олингани (этимологияси) тўғрисида ҳар хил қарашлар мавжуд. Масалан, айрим муфассирлар: «У баланд, тепалик жой маъносидаги [ан-нажвату] сўзидан олинган. (Бу сўзнинг Қуръонда келишига) сабаб шуки, улар тепалик жойда туриб олиб, ўша ерда суҳбатлашар эдилар. Борди-ю, ўзлари томонга биров келаётганини кўриб қолсалар, дарҳол тарқалиб кетар эдилар», деганлар ёки шу маънода фикр билдирганлар.
Яна айрим муфассирлар бундай деганлар: [ат-танаажии] - юқорида айтилган гаплар билан бир-биридан юз ўгиришдир. Бинобарин, оятини «Агар бир-бирингиздан хафа бўлсангиз, оятда зикр қилиб ўтилган нарсалар билан бир-бирларингиздан юз ўгирмангиз!» маъносида бўлади».
Қутабий: [ ат-танаажии] сўзи [ат-ташаавур] - «ўзаро маслаҳатлашиш, кенгашиш» сўзидан олинган», дейди. Валлоҳу аълам!

11. Эй имон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг, дейилса, бас, силжинг, (шунда) Аллоҳ сизларга ҳам (хоҳлаган ерингиздан) жой берур. Агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Ушбу оятни икки хил кўринишда изоҳлаш мумкин.
Биринчиси, яъни «агар сизларга силжиброқ ўтиринг!», дейилса, бас, силжинг!»
Яъни «Агар туринг дейилса, туринг!» Бинобарин, оятдаги [тафассаҳу] феъли (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига) илм олиш, динни чуқур ўрганиш эмас, балки уни эшитиб, эшитганларига амал қилиш мақсадида келган кишилар биринчи бўлиб ҳозир бўлишса, уларга: «Орқага силжингиз, токи одамларга имомлик ва фақиҳлик киладиган кишилар яқинроқ келсинлар!» - деган маънода айтилган бўлади.
Расулуллоҳнинг ҳузурларига биринчи келган кишиларнинг мақсади динни чуқур ўрганиш эди, эшитиш ва унга амал қилиш мақсадида келган кишилар улардан кейин келсалар, биринчи бўлиб келган кишиларга: «Тепароққа ўтинг ёки олдинга силжинг, токи сизлардан кейин келганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини (яхши) эшитсинлар», деган маънода айтилган бўлади. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси шуки, мажлисда бир оз жой бўлса, бошқаси у ерга кимдир ўтирган жойидан турмай, қимирлаш ва ҳаракатланишнинг ўзи билан жойлаша оладиган бўлса: [тафассаҳу] - «силжиброқ ўтиринг» - дейилади. Бундай бўлмаса, яъни фақат кимдир ўрнидан туриш билан жой бўшатса, уларга: «Туринглар, олдинроқ силжинглар!» - дейилади.
Аллоҳ таолонинг «(шунда) Аллоҳ сизларга ҳам (хоҳлаган ерингиздан) жой берур» оятини бир неча хил таъвил қилиш мумкин. Шулардан бири, Аллоҳ сизлар учун қабрда ёки охиратда ёхуд жаннатда кенг жой берур. Ёки Аллоҳ сизларга мажлисларда кенг жой берур. Бу - қалбнинг илм ва ҳикмат учун кенг қилиб, очиб қўйилишидир. Валлоҳу аълам!
Ҳасан Басрий: «Агар сизларга мажлисларда силжиброк ўтиринг, дейилса...» оятидаги (мажлис сўзини) урушда ва жангда» деб (изоҳлаган). «Агар туринг дейилса, туринг» оятини «душман томонга кўтарилинг!» - дейилса, кўтарилинг». деб тафсир қилган.
Қатода: «Қачонки, бирор яхшиликка ёки намозга чақирилсангиз, бас, унга жавоб қилингиз!» - деб маъно берган. Бошқалар эса: «(Ҳар қандай яхшиликка, яъни душманга карши жангга ёки амри-маъруф ёки наҳий мункарга ёки ҳаққа чақирилсангиз, нима бўлганда ҳам (чақириққа жавоб қилингиз!)», деб маъно берганлар. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур» оятида Аллоҳ таоло имон келтирган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтаришини хабар қилмоқда. Жиҳод ва ундан бошқа ибодатларга нисбатан илм афзал бўлгани туфайли Аллоҳ таоло мўминлар орасидан илм ато этилганларни илмсизларга қараганда баланд даражаларга кўтаришининг хабарини бермоқда. Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларни (уйида) ўтирувчилардан (кўра) ортиқ даражали қилди» (Нисо сураси, 95-оят) деб, сафарбарликка чиқувчиларга уйида ўтирувчилардан кўра ортиқ даража тайин қилиб қўйган. Лекин, илмнинг бошқа нарсалардан афзаллиги маълум бўлиши учун илм ато этилган олимларнинг даражаси илмсизларникидан кўра баландроқ қилинган.
«Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба сураси, 122-) ояти ҳам худди шундай маънони англатади.
Баъзи муфассирлар айтишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмни динни чуқур ўрганишлари учун ўз ҳузурларида олиб қолиб, бошқа бир қавмни ҳарбий бўлинма сифатида жанг қилишга юборар эдилар. Ҳарбий бўлинма жангдан қайтиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олиб, динни ўрганган кишилар уларни огоҳлантирар эдилар. Бу оятнинг таъвили шундай бўлса, демак, илмнинг жиҳоддан афзаллиги тушунилади, чунки мужоҳидлар ҳам олимга муҳтож бўладилар.
Яна айрим муфассирлар: «Ҳар бир қавмдан бир тоифа кишилар динни ўрганиш учун (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига) бориб, қайтиб келгач, қавмини огоҳлантирар эдилар», деганлар.
Қатода: «Шубҳасиз, илм сабабли олим учун фазилат бор. Илмнинг ўз аҳли устида ҳаққи бор. Жоним сенга фидо бўлсин, эй олим, сенинг зиммангдаги ҳақ афзалдир. Аллоҳ таоло ҳар бир фазл эгасига Ўз фазлидан ато қилади», деган.
Қатода Аллоҳ таолонинг «Агар сизларга... силжиброқ ўтиринг, дейилса...» ояти хусусида бундай деган: «Улар ўз биродарларидан бири ўзларига қараб келаётганини кўрсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдидаги ўринларини қизғанишар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга бир-бирлари учун жойни кенг қилишни амр этди».
Муқотил эса бундай деган: «Бадр жангида иштирок этган ансор (мадиналик мусулмон)лардан бир гуруҳи келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг ён-атрофидагиларга салом бердилар. Улар саломга алик олдилар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган жойларини қизғаниб, улар учун жойни кенг қилмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганлардан Бадр жангида қатнашмаган бир гуруҳига: «Эй фалончи, эй фалончи, сиз туринг!» - деди-лар. Мунофиқлар бу ҳақда ҳар-хил гап-сўз қилганларида, шу оят нозил бўлди». Валлоҳу аълам!

12. Эй имон келтирганлар! Агар Пайғамбар билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг. Шундоқ қилмоғингиз ўзингиз учун яхшироқдир ва (калбингиз учун) покроқдир. Агар (садақа) топмасангиз, албатта Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар! Агар Пайғамбар билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг» оятида зикри келган Пайғамбар алайҳиссалом билан (саҳобаларни) сирли суҳбатлари бир неча хил кўринишда бўлиши мумкин. У зот билан одамларнинг суҳбатлашиш даражалари ҳар хилдир. Кимдир у зот билан диний бир масала ва ўзига етган бахтсиз тасодиф ҳақида маслаҳат сўраб суҳбатлашади. Кимдир бошқаларга мақтаниш ва фахрланиш учун у зот билан сирли суҳбатлашади ҳамда бу билан ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздларида ўз ўрни ва бошқалардан устунлиги борлигини билдириб қўйишни мақсад қилади. Бу иши мунофиқларнинг қилмишларидандир.
Учинчи тоифа инсонлар ёлғон-яшиқ ва эшитмаган нарсаларни эшиттириш учун Пайғамбар алайҳиссалом билан сирли суҳбатлашадилар. Бунга мисол қуйидаги оятда баён қилинган:
«(Улар) ёлғон (тўқиш) учун (сизнинг гапларингизни) эшитиб олувчи ва бошқа қавм (яҳудийлар) учун (гапларингизни) эшитиб олувчилардир» (Моида сураси, 41-оят).
Улар яҳудийлар бўлиб, оятда зикр қилинган ишлар уларнинг қилмишларидир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сирли суҳбатлашишни биз айтиб ўтган таъвиллар асосида тушуниш жоиздир.
Пайғамбар алайҳиссалом билан сирли суҳбатлашиш олдидан оятда зикр қилинган садақа тақдим этишни бир неча хил тушунса бўлади. Улардан бири шуки, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрлари баланд бўлгани учун садақа тақдим қилишга амр этган. У зотнинг ўзига хос мартабалари ўша садақа билан намоён бўлади ва у туфайли мўминлар Набий алайҳиссалом билан суҳбатлашишга муносиб кишига айланадилар. Бу иш ҳам Парвардигор билан суҳбатлашиш (намоз)га эришиш учун восита қилиган таҳорат сингаридир.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло у (саҳоба)ларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сирли суҳбатлашиш учун танлаб олгани, уларни ўша суҳбатга муносиб зотлар қилиб қўйгани учун бу неъматларнинг шукронаси маъносида садақа беришга буюрган.
Учинчиси, Аллоҳ таоло уларнинг асл ниятларини ошкор қилиш мақсадида Расулуллоҳ билан учрашишдан олдин имтиҳон юзасидан садақа қилишга амр қилди. Бу худди сафарбарликка қилинган буйруқ билан мунофиқларни ва шаккокларни (мўминлардан) ажратиб олишга ўхшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сирли суҳбатлашишдан олдидан садақа қилиш буйруғи ҳам худди шу сингаридир.
Валлоҳу аълам!
Оятда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан) сирли суҳбатлашувчилар Расулуллоҳнинг ҳузурларида ўз эҳтиёжларини сўраб турган кишиларга садақа қилишга буюрилаётган бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, улар сирли суҳбатлашиш билан Пайғамбар алайҳиссаломни банд қилганлари боис у зот ўз ҳузурларида турганларнинг ҳожатларини раво қилишдан тўсилиб қолар эдилар. Аллоҳ таоло суҳбатталабларнинг қалбларини поклаш мақсадида ҳожатмандларга меҳрибонлик қилишни амр этган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Шундоқ қилмоғингиз ўзингиз учун яхшироқдир ва (қалбингиз учун) покроқдир» ояти «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сирли суҳбат қилиш олдидан) садақа бериш уни бермагандан кўра яхши - қалбларингизни покловчидир», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Агар (садақа) топмасангиз, албатта Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» оятидаги амр камбағалларга эмас, бойларга қаратилган бўлиши мумкинлигидан, Аллоҳ таоло ҳатто: «Агар (садақа қилишга нарса) топмасангиз», билингки «албатта Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир»деб марҳамат қилди.

13. Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими? Агар бажармасангиз, (майли) Аллоҳ авф қилди. Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Аллоҳ таолонинг «Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими?» ояти борасида аксарият таъвилчилар: «Эй бойлик эгалари! (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан) сирли суҳбатингиз олдидан садақа беришдан қизғаняпсизларми?» - деб маъно берганлар.
Аллоҳ таолонинг «Агар бажармасангиз, (майли) Аллоҳ авф қилди» ояти «сизлар садақа қилмасангиз ҳам, Аллоҳ сизларни афв этди», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар» ояти «ўша садақани бермасангиз, у ҳолда молингизнинг закотини беринг!» деган маънони англатади. Таъвил аҳллари: «У (Пайғамбар алайҳиссалом билан) сирли суҳбатлашиш олдидан садақа бериш ҳукми оятдаги «намозни тўкис адо этиш» ва «закот бериш» буйруғи билан бекор қилинди», деганлар.
Аллоҳ таолонинг «Ва Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» ояти таҳдиддир.
Сўнгра айтамизки, Аллоҳ таолонинг «Агар Пайғамбар билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз» оятида оҳод хабарнинг қабул қилинишига далолат бор. Чунки у киши Пайғамбар алайҳис-салом билан сирли суҳбатлашар экан, уни ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу суҳбат дин ва дунё ишларига доир бўлади. Борди-ю, оҳод хабарчининг бошқага етказган хабари қабул қилинмаса, бундай сирли суҳбатнинг ҳеч бир маъноси бўлмайди ва бошқаларни қўйиб, айнан Пайғамбар алайҳиссалом билан сирли суҳбатлашиб ўтирмайди. Демак, бир киши сирли суҳбатни ўзидан бошқага етказса, унинг хабари қабул қилинишига бу оятда далил бор. Шунингдек, бу оятда ҳар кандай сирли суҳбат шайтон томонидан бўлмаслигига ишора бор. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур кишилар билан сирли суҳбатлашганлар. Бинобарин, «сирли суҳбат шайтондандир», ояти, юқорида зикр қилин-ганидек, яҳудий ва мунофиқлар ҳақида эканига далолат қилади.
Мазкур оятдаги [ал-яд] - «қўл» сўзидан белгиланган аъзо тушунилмайди. Чунки Аллоҳ таоло: [байна ядай нажваакум] - «сирли суҳбатингиздан аввал» деди, яъни сир-ли суҳбатлашишнинг «қўли ҳам», «ораси ҳам» йўқдир.
«Унга олдидан (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас» (Фуссилат сураси, 42-) ояти ҳам шу кабидир.
Аллоҳ таоло мазкур оятларда [ал-яд] - «қўл» сўзини зикр қилиб, ундан маълум аъзони кўзламагани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан,    у- «Аслида (Аллоҳнинг) «икки қўли»
очиқ»(«Яҳудийлар: «Аллоҳнинг «қўли» боғлиқ (бахил)», - дедилар. Ўзларининг қўллари боғланур ва (бу) гаплари сабабли лаънатланурлар. Аслида (Аллоҳнинг) «икки қўли» очиқ. Қандай хоҳласа, (шундай) эҳсон қилаверади» (Моида сураси. 64-оят).), оятида [ал-яд] - «қўл» сўзи Аллоҳ таолога нисбат берилишидан қандай асосда аъзони тушуниш мумкин? Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Садақа Раҳмоннинг «кўли»га тушади»(Табарий, Ибн Касир ривояти.) деган ҳадисларида ҳам қандай қилиб аъзо тушунилиши мумкин? Қани энди улар (мужассималар) Аллоҳ таоло тўғрисида бузуқ эътиқодлар қилмаган бўлсалар, улар У Зотни халойиқларга ўхшатмаган бўлсалар эди!
Қатода бундай деган: «Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сирли суҳбатлашишни кўпайтириб юборганлари учун Аллоҳ таоло уларни бу ишдан ман қилди ва: «Агар Пайғамбар билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг», - деди»(Табарий ривояти.).
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг: «Унга амал қилган дастлабки мусулмон менман. Шунча нарсани садақа қилдим. Кейинроқ рухсат (ҳақидаги оят) нозил бўлди»(Абдураззоқ, Табарий ривояти.), дегани ривоят қилинган.

14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми? Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичурлар.
Аллоҳ таоло бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мунофиқларнинг эси пастлигини, яъни билатуриб, Аллоҳ ғазаб қилган бир қавмни дўст тутганларини зикр қилмокда. Улар яҳудийларнинг қўлларидаги мол-мулкдан, улардаги кенгчилик ва дунё бойлигидан умидвор бўлиб, уларни дўст тутганлар. Сўнг Аллоҳ таоло хабар бериб: «Улар сизлардан эмас, яъни сизларнинг динингизда эмаслар ва сизлар ҳам улардан эмас. Яъни (ўша яҳудийларнинг) динида эмассиз. Бироқ улар (мунофиқлар) у (яҳудий)ларнинг қўлларидаги дунё молидан умидвор бўлиб, уларни дўст тутадилар», деди.
Аллоҳ таолонинг «Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичурлар», ояти мунофиқлар ҳақидадир. Гўёки уларга: «Аллоҳ таоло ғазаб қилган қавмни нега дўст тутдингиз?» - дейилганида, улар яҳудийларни дўст тутмаганликларига қасам ичадилар. Шунда Аллоҳ таоло улар ёлғондан қасам ичаётгани ҳақида хабар берган.
Бу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чинакам пайғамбар эканларига далолат бор. Чунки мунофиқлар яҳудийларни мўминлардан яширин равишда дўст тутганлар ва (уларни дўст тутмаганликларига) ёлғондан қасам ичганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга яҳудийларни дўст тутганликлари ва ичган қасамлари ёлғонлигини айтганлар. Яъни оят маъноси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сирни ваҳий орқали билиб олганларига далолат қилади.

15. Аллоҳ улар учун шиддатли азобни тайёрлаган. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!
Сўнг Аллоҳ таоло мунофиқлар яҳудийларни дўст тутганликлари ва ёлғон қасам ичганликлари сабабли охиратда уларга тайёрлаб қўйилган нарса ҳақида хабар бериб, бундай деган: «Аллоҳ улар учун шиддатли азобни тайёрлаган. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!». Яъни улар дунёда қилган амаллари билан ўзларига ёмонлик қилдилар.

16. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир.
Аллоҳ таолонинг «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олдилар» ояти «улар яҳудийларни дўст тутмаганликлари борасида ичган (ёлғон) қасамларини ўзларига қалқон қилиб олдилар» деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Ва (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар» ояти «Улар ўзларини Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар», деб ёки «Улар юқорида зикр қилинган нарсалар билан одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар», деб таъвил этилиши мумкин.
«Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир».
Яъни улар ўша азоб ичида хор қилинадилар.

17. Моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ (азоби)дан ҳеч нарсани улардан қайтара олмас. Улар дўзах аҳлидирлар. Улар унда абадий қолурлар.
Аллоҳ таоло Узининг ушбу «Моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ (азоби)дан ҳеч нарсани улардан қайтара олмас» оятида бойлик сабабли яҳудийларни дўст тутган ва мўминларга қаршилик қилган мунофиқларга Аллоҳнинг азоби тайин, ўша бойликлар улардан азобни даф қила олмас, деб хабар бермокда.

18. У кунда (қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганида, улар худди сизларга ҳозир қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларига (қасамлари сабабли) бирор нарса (фойда) бўлади деб ҳисоблайдилар. Огоҳ бўлингизки, албатта, улар айнан ёлғончилардир!
Аллоҳ таоло мазкур ояти билан улар ўта эсипаст эканлари ҳақида хабар бериб, «Улар охиратда ҳам худди дунёда сизларга қасам ичганларидек, қасам ичадилар», демоқда. Аллоҳ таоло бу ҳақда «У кунда (қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганида, улар худди сизларга ҳозир қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар» оятида баён қилган. Ушбу мўъжизалар ҳеч кимни Аллоҳга имон келтиришга, Уни ягона деб эътиқод қилишга ундамайди. Зеро, қиёмат даҳшати қанчалар улуғвор бўлмасин, уларни на имон келтиришга ундади, ёлғон гапиришдан, куфр келтиришдан ҳам тўсиб қола олмади.
«Сўнгра, Раббимиз Аллоҳга қасамки, мушрик бўлмаган эдик, дейишдан бошқа фитналари бўлмас» (Анъом сураси, 23-) ояти ҳам худди шу маънога далолат қилади.
Ушбу айтиб ўтганларимиз тўғри бўлса, Аллоҳ таолонинг:
«Агар Биз хоҳласак, уларга осмондан мўъжиза нозил қилар эдик-да, у сабабли бўйинлари эгилиб қолар эди» (Шуъаро сураси, 4-) ва
«Агар Биз уларга фаришталарни туширсак ҳам, уларга ўликлар гапирса ҳам ва уларнинг олдига ҳамма нарсани очиқ-ойдин тўпласак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, имон келтирмаслар» (Анъом сураси, 111-) оятларининг таъвили бундай бўлади: «Улар Аллоҳ таоло хоҳласагина имон келтирадилар, (агар У хоҳламаса,) мазкур оятда зикри келган мўъжизалар содир бўлган тақдирда ҳам, имон келтирмайдилар. Билингки, фаришталарнинг туширилиши, ўликлар тирилтирилиб, мунофиқлар ноҳақ йўлда эканларини айтишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорлаган нарса ҳақ эканини баён қилишларидан ҳам буюкроқ мўъжиза йўқдир. Буларнинг барчаси мўъжиза ўз аҳлини (ким учун келган бўлса, шу кимсаларни) имонга ундамаслигига далилдир. Валлоҳу аълам!

19. Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирди. Ана ўшалар шайтоннинг ҳизби (гуруҳи)дирлар. Огоҳ бўлингки, албатта, шайтоннинг ҳизби зиён кўрувчидир!
Аллоҳ таолонинг «Уларни шайтон эгаллаб олиб» ояти хусусида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: [истаҳваза] сўзи «шайтон уларга ғолиб келди» деган маънони англатади, деган. Муқотил эса: «Ҳар томондан уларни ўраб олди», деб тафсир қилган. Зажжож ва Қутбий эса: «Уларни эгаллаб олди», деб маъно берганлар. Буларнинг барчаси битта маънога бориб тақалади.
Шайтон эгаллаб олганидан, улар шайтоннинг «Аллоҳ таолони, Пайғамбарини ва мўминларни душман тутиш»га бўлган чақириғини лаббай деб қабул қилишди, унга таслим бўлдилар. Лекин шайтоннинг султонлиги «Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутувчилар устидандир»(«Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутиб, Унга ширк келтирувчилар устидандир» (Наҳл сураси, 100-оят).) оятида зикр қилинган кимсалар устидан бўлади. Улар шайтон хоҳлаган нарсага амал қилиб, унинг чақириғини қабул қилганларида, шайтон уларни мағлуб қилади.
Аллоҳ таолонинг «уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирди» ояти «Шайтон уларга Аллоҳнинг буюклигини ёки Унинг неъматларини ва эҳсонини ёхуд неъматларининг шукрини унуттирди», деган маъноларни англатиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «Ана ўшалар шайтоннинг ҳизби (гуруҳи) дирлар» оятидаги «ал-ҳизбу» сўзи «фирқаларнинг барчаси»га нисбатан ишлатилади. [таҳаззабу] сўзи эса, «бўлиниб кетдилар» деган маънони англатади. Таъвил аҳли айтганидек, «шайтоннинг лашкарлари» унинг ҳизби дейилади. Чунки улар аввал гуруҳларга бўлинадилар, сўнгра бирлашиб, унинг лашкарига айланадилар. «Кишининг лашкари» деганда уруш ва бошқа ишларда у фойдаланадиган ҳамда унинг фикри асосида иш тутадиган инсонлар тушунилади. Ана шу маънода кофирлар шайтоннинг лашкарларидир.
«Огоҳ бўлингки, албатта, шайтоннинг ҳизби зиён кўрувчидир!» Чунки шайтон уларга дунёда жуда кўп, узун орзу қилдириб, хомтама қилиб қўйди. Аммо улар ўша нарсалардан ҳеч бирига эриша олмадилар. Охират ҳақида эса, шайтон: «Қайта тирилиш йўқ, жаннат йўқ, дўзах йўқ», деб уларни (алдаб қўйди). Ҳолбуки, у ерда уларга азоб бўлади ва ҳар икки дунёни қўлдан бой берадилар.

20. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилганлар, ана ўшалар, энг хор кимсалар ичида бўлурлар.
Ушбу оятда келган [фил-азаллийна] иборасига тафсирларда «пасткашлар орасида», «мағлублар сафида» ва «бошқалар қаторида» каби маънолар берилган. Манбаларда бу ҳолат охиратда бўлиши айтилади. Бунга қуйидаги оят ҳам далил бўлади:
«Ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устун бўладилар» (Бацара сураси, 212-оят). Аммо бу дунёда баъзан кофирлар ҳам ғолиб ва устун бўладилар. Айрим муфассирлар: «Бу оят ҳар икки дунёга ҳам тегишли бўлиб, улар (икки дунёда ҳам) хор бўладилар», маъносида деганлар. Валлоҳу аълам!

21. Аллоҳ (Лавҳул-маҳфузда): «Албатта, Мен ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», - деб ёзиб қўйган. Албатта, Аллоҳ (ҳар нарсани қилишга) кучли ва қудратлидир.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ (Лавҳул-маҳфузда): «Албатта, Мен ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», - деб ёзиб қўйган» мазмунли ояти «Аллоҳ таоло, албатта, Мен ғолиб бўламан, деб ҳукм қилди», деган маънони англатади.
Баъзи муфассирлар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта, ғолиб бўладилар» деган маъно беришиб, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилганлар:
«У Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир»(«У Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар ёқтирмасалар-да - барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир» (Тавба сураси, 33-оят).). Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек ислом динини барча динлардан ғолиб қилди.
Ушбу оятдаги ғолибликдан барча расулларнинг ғолиблиги ирода қилинган бўлиши мумкин. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари далил бўлади:
«Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақидаги (ушбу) лафзимиз кечгандир: «Шубҳасиз, улар қўллаб-қувватланувчилардир ва албатта, Бизнинг қўшинимиз (яъни пайғамбарлар ва мўминлар) ғолибдирлар» (Соффот сураси, 171-173-оятлар).
«Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирганларга ёрдам берурмиз» (Ғофир сураси, 51-оят).
Сўнгра, ғалаба икки жиҳатга кўра бўлади:
Биринчиси, далил-ҳужжатлар билан. Барча пайғамбарлар хусуматчилари устидан ҳужжатлар билан устун келганлар. Иккинчиси, уруш ва жанг орқали. Бундай ғалаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло (бу оятларда) Расулуллоҳ ўлдирилди, деб айтмаган(Имом Мотуридий фикрича, ҳеч бир пайғамбар ўлдирилмаган. Кофирлар тарафидан ўлдирилганлар эса пайғамбарларнинг элчилари бўлишган.). Валлоҳу аълам!
Мазкур оятда Аллоҳ таоло ғалабани Ўзига нисбат бериб, ундан расулларни ва Ўзининг дўстларини назарда тутган. Биз бу ҳақда бир неча ўринда сўз юритганмиз.
Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ (ҳар нарсани қилишга) кучли ва қудратлидир» ояти «У Ўз зоти билан кучлидир. Чунки бошқаларнинг кучи Аллоҳ (нинг яратиши) билан бўлади. Шунингдек, бошқалар Унинг таквини билан азиз бўладилар.
Ёки ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз зоти билан азиз ва қувватли экани ҳақида хабар бериб, душманларга қарши мадад ва ғалаба беришини айтаётган бўлиши мумкин.

22. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган қавмни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилувчилар билан - гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндошлари бўлсалар ҳам - дўстлашаётган ҳолда топмассиз. Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйган ва уларни Ўз (томон)идан бўлмиш руҳ (имон нури ёки Қуръон) билан қувватлантирган. У уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган (жаннатдаги) боғларга киритур. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Айнан ўшалар Аллоҳнинг ҳизби (динининг ҳимоячилари)дир. Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчидир!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган қавмни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилувчилар билан дўстлашаётган ҳолда топмассиз» ояти хусусида таъвил аҳлининг барчаси: «Бу оят Ҳатиб ибн Абу Балтаа ҳақида нозил бўлган. Чунки у маккаликларга «Расулуллоҳ сизлар томонга юрмоқчилар, эҳтиётингизни қилинг», деб хат ёзади. Унинг Маккада яқинлари бўлиб, уларга ўзининг борлигини кўрсатиб қўйишни хоҳлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни сезиб, унга: «Сени бу ишга нима ундади?» - деб сўраганларида, у биз зикр қилиб ўтган сўзларни айтган. Шунда ушбу оят нозил бўлди», деганлар.
Муфассирлар айтганларига кўра, бу оят Ҳатиб ибн Абу Балтаа ҳақида нозил бўлган бўлса, у Ҳатибни икки жиҳатдан оқлаш учун келган. Биринчиси, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирган имони ва тасдиғидан воз кечмаган. Бундан кейин у шунга ўхшаш ишларни умуман такрорламади. Иккинчиси шуки, Ҳатиб ибн Абу Балтаа ўз қилмиши билан улар (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилувчилар)га дўст бўлишни мақсад қилмаган. Аммо улар Ҳатиб бизни дўст тутмоқда, деган хаёлга боришлари учун уларга дўстлик (ҳақида хабар) юборишни истаган. Аслида у воқеликда ҳам уларга дўстлик қўлини чўзган. Бунинг мисоли ҳудди қуйидаги оятда зикр қилинганидекдир:
«Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хабар) юборурсиз»(«Эй имон келтирганлар! Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни (яъни мушрикларни) дўст тутмангиз! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хабар) юборурсиз, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақиқатни (Қуръонни) инкор этгандирлар» (Мумтаҳана сураси, 1-оят).). Валлоҳу аълам!
Бу оят Ҳатибдан бошқаларга тегишли бўлса, у ҳолда оят Аллоҳ таолога чинакам имон келтириб, унда маҳкам турган мўминлар борасида нозил бўлган. Зеро, (ўшанда) мўминлар уч тоифа бўлишган: имонида кучли ва собит, душманларга қарши туришга тайёр мўминлар; душманларга очиқчасига уруш қила олмайдиган ва уларга қарши туришга қурби етмайдиган, аммо кучли мусулмонларга эргашадиган мўминлар; душманга қарши чиқишда тараддуд қиладиган, мўминларга дўстликни намоён қиладиган, динсизлар билан хуфёна дўстлашган мусулмонлар.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга... имон келтирган қавмни...» ояти «Аллоҳ таолога ва охират кунига чинакам имон келтирганларни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилувчилар билан дўстлашаётган ҳолда топмассиз», деган маъно бўлиши мумкин. Аммо имони кучли ва собит бўлмаганлар улар билан дўстлашишлари мумкин. Шунда, ушбу оятдан «қалбида мустаҳкам имон ўрнашган мўминлар» ҳақида хабар бериш кўзланган бўлади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам айни шундай маъно бор:
«Айнан ўшаларнинг қалбларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйган». Шунинг учун ҳам улар имондан воз кечмадилар. Ушбу оятда имоннинг ўрни қалб эканига ишора этилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида бу оят қуйидагича ўқилади:
«Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган қавм Унга душманлик қилганларни дўст тутишлари мумкин эмас».
Аллоҳ таолонинг: «...уларни Ўз (томон)идан бўлмиш руҳ (имон нури ёки Қуръон) билан қувватлантирган» оятига «Қалбларига имонни битиб қўйган Зот, имон нури билан уларни қувватлантирган», деб маъно берилган. Аллоҳ таоло мўминларни имон узра собитқадам қилиб қўйганини хабар бериб, бундай деган:
«Аллоҳ имон келтирганларни барқарор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилади» (Иброҳим сураси, 27-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилган:
«Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайди» (Иброҳим сураси, 24-оят).
Бир қарашда, Аллоҳ таолонинг «уларни Ўз (томон)идан бўлмиш руҳ (имон нури ёки Қуръон) билан қувватлантирган» оятига «Уз раҳмати билан» деб маъно берганлар ҳам бор. Сўнгра Аллоҳ таоло уларнинг охиратдаги ҳолатларини ва савоблари (мукофотлари)ни тавсифлаб бундай деди:
«У уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган (жаннатдаги) боғларга киритур. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам (Аллохдан) рози бўлурлар. Айнан ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидир».
Яъни улар Аллоҳнинг лашкарларидир. Биз юқорида айтиб ўтдикки, улар Аллоҳнинг амри билан иш кўрадилар, Унинг душманлари билан жанг қиладилар, Унинг дўстларини дўст тутадилар. Демак, улар Аллоҳнинг лашкарларидир.
Аллоҳ таолонинг «Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчидир!» оятидаги [ҳумул-муф-лиҳун] иборасига баъзилар: «Улар нажот топувчидирлар» деб, бошқалар эса: «Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида боқий қолувчидирлар», деб маъно берганлар. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир. Қайтиш фақат Унинг ҳузуригадир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase