close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

057. Ҳадид сураси

(Маккада нозил бўлган, 29 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. У Зот Азиз ва Ҳакимдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг [саббаҳа лиллааҳи] деган сўзини [саббаҳа лиллаҳи] ва [саббаҳаллоҳа] деб қироат қилиш жоиз, худди гапда [шакаро лиллаҳи] ва [шакароллаҳа] ҳамда[насоҳа лиллаҳи] ва [насаҳаллоҳа] дейилганидек. [саббаҳа лиллаҳи] ва [саббаҳаллоҳа] жумлаларининг маънолари зоҳиран фарқли, ҳақиқат ва моҳиятан бир хил бўлиши мумкин. Сабаби, тасбеҳ халос этиш, поклаш, оқлаш маъноларини билдиради. Қачон феъл Аллоҳ таолога нисбат берилса ва Аллоҳ лафзи тўлдирувчи бўлса [саббаҳаллоҳа] дейилади. Шунда «У Зотни яратилмишга тегишли барча маънолардан поклади, оқлади ва махлуқотларга ўхшашликдан холи этди», деган маънода бўлади. Агар [саббаҳа лиллаҳи] дейилса, иш-ҳаракат яратилган нарсалар устида бажарилган бўлади. Шунда «Аллоҳ таоло барча нарсаларни фақат Ўзигагина тегишли қилди, Ўзидан ўзганинг уларга алоқаси йўқлигини баён қилди», деган маънода бўлади. Қачонки барча нарса Уники, уларнинг эгаси ёлғиз Унинг Ўзи, улар Унинг бандалари, итоат этувчи, ночор қуллари деб сифатлаган бўлса, демак. У Ўзини беҳожат деб сифатлаб, ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини, У Зот Ўзининг қуллари ва махлуқотларига ўхшашликдан пок эканини исбот қилган бўлади. Мазкур икки [саббаҳа лиллаҳи] ва [саббаҳаллоҳа] жумлалари шу жиҳатдан бир маънони ифодалайди. Гарчи зоҳиран фарқли кўринса-да, моҳиятан бир хилдир. Ислом яратилган барча нарсалар истисносиз, холис Аллоҳ таолоники деб иқрор қилиш, имон эса ҳар бир нарсада У Зотнинг рубубиятини тасдиқ этишдир. Қачонки банда яратиш ва амр қилишда Аллоҳ таолонинг Раб эканини тасдиқласа, демак. бутун яратиқлар ёлғиз Уники эканини эътироф этган бўлади. Қачон барча яратиқларни яккаю ягона Унинг Ўзи яратган деб тан олса, Унинг рубубиятини тасдиқлаган бўлади. Бинобарин, иккиси зоҳиран фарқ қилса-да, маъно-мазмун жиҳатидан бирдир. Бу ҳам худди шундай. Тавфиқ Аллоҳдан!
Зикр қилинган тасбеҳ хилқат тасбеҳи бўлиши мумкин. Ҳар бир нарсанинг яратилиши У Зотнинг ваҳдонияти ва улуҳиятига гувоҳлик беради. Бу барча кофиру мўмин ҳамда бошқа махлуқотларнинг яратилишида акс этади.
Осмонлару ердаги имтиҳон қилинадиганлар ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда хос тасбеҳ назарда тутилган бўлади. У эса ихтиёрий равишда айтилган нутқ ва тил тасбеҳидир. Ҳар бир жонли нарсага тегишли бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло бу нарсалар ботинида фақатгина Ўзи биладиган, бошқалар эса У билдирсагина, биладиган Ўзига тасбеҳ айтиш хусусиятини жо этган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У Зот Азиз ва Ҳакимдир» деган сўзи бир неча маъноларни англатади. Биринчиси, [ал-Азиз] - «махлуқотларни ночор ва Ўзига муҳтож қилиб қўювчи», [ал-Ҳаким] эса «нарсаларни бекам-кўст, мукаммал ва бенуқсон қилувчи» маъосини билдиради. Ёки [ал-Азиз] - «ўз ҳукми билан бўйсундирувчи», «ғолиб», [ал-Ҳаким] эса «нарсаларнинг ҳақиқатини билувчи», деган маънодадир. Ёки [ал-Азиз] - «барча мулкнинг эгаси» маъносида. Худди Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби:
«Мулк (подшохдик) эгаси» (Оли Имрон сураси, 26-оят).
[ал-Ҳаким] эса «ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўювчи» маъносини билдиради.

2. Осмонлару Ернинг мулки Уникидир. У тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Осмонлару Ернинг мулки Уникидир» деган сўзи «У Зот Азиз ва Ҳакимдир» сўзининг тафсири бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «У тирилтирур ва ўлдирур» деган сўзи У Зот бир бандани тирилтириш ва бошқасини ўлдиришга қодир, маъносида ёки У Зот хоҳлаганини тирилтиради ва хоҳлаганини ўлдиради, Ўзи хоҳлаган кимсаларни тирилтириши ва хоҳлаганини ўлдириши мумкин, деган маъноларда бўлиши мумкин. «Ва У ҳар бир нарсага қодирдир». У Зот тирилтириш, ўлдириш ва бошқа ишларга қодирдир.

3. У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У хар бир нарсани билувчидир.
Ботинийлар (тоифаси) айтади: [ал-Аввал] - «аввалги ўхшаши йўқ қилиб яратувчи»,[ал-Ахир] - «иккинчи ўхшаши йўқ қилиб яратувчи», [аз-Зоҳир] - «сўзловчи» маъносида бўлиб, ундан мурод Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, [ал-Батин] - «таъвил соҳиби»дир». Улар яна: «Биринчи (ўхшаши йўқ қилиб) яратувчи иккинчисига тўлиқ ёрдам беради. Бу оламни яратиш ва уларни пайдо қилишда иккинчи яратувчи ана шу ёрдамдан фойдаланади». Яна улар айтадилар: «Иккинчи яратувчи биринчи яратувчининг ёрдами билан бу оламни пайдо қилади ва бошқаради. Нотиқ (сўзловчи) - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шариат аҳкомларининг тадбирини қилади. Ботин - таъвил соҳиби Нотиқ (сўзловчи) тадбирини қиладиган шариат аҳкомларини баён қилиб беради», дейдилар. Улар Аллоҳ таолони «У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир деб васф қилмайдилар. Улар: «Аллоҳ таоло ушбу нарсалар билан васф қилиниши мумкин эмас, чунки аввал сифати охир сифатига, зоҳир эса ботин сифатига тескари. Ушбу сўзларнинг ҳар бири воқеликда бошқасига зид келади», дейдилар.
Бунга жавобимиз шуки, сизларнинг «биринчи» ва «иккинчи» (ўхшаши йўқ қилиб) яратувчи, «нотиқ» (сўзловчи) ва «ботин» деганларингиз маъноли гаплар эмас. Биз бу ҳақда ўз ўрнида гапириб ўтганмиз. Аммо бизнинг қарашимиз бўйича, Аллоҳ таолонинг «У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир» деган сўзи тавҳид сўзидир. У Уз Зоти ила аввалдир, Уз Зоти ила охирдир Уз Зоти ила ошкордир ва Уз Зоти ила пинҳондир. Аллоҳ таоло Узининг авваллигидан бошқанинг авваллиги, охирлигида-бошқанинг охирлиги, шунингдек, зоҳирлигидан Ундан бошка нинг зоҳирлиги, пинҳонлигидан Ўзидан ўзганинг пинҳонлиги тушуниб қолинмаслиги учун мана шундай деган. Воқеликка кўра, кимда авваллик бўлса, унда охирлик бўлмайди, кимда охирлик бўлса, унда авваллик бўлмайди. Шунингдек, ошкорлиги бўлганнинг пинҳонлиги, пинҳонлиги бўлганнинг ошкорлиги бўлмайди. Бу сўзларнинг ҳар бири воқеликда ўзаро қарама-карши бўлиб, бир-бирига зиддир. Унинг аввал (азалий)лигидан нарсаларнинг аввал (азалий)лиги, Унинг охир (абадий)лигидан нарсаларнинг охир (абадий)лиги англашилмаслиги учун бу сўз-ларни зикр қилган. Унинг ошкорлиги ва пинҳонлиги ҳақида зикр килинган сўзлар ҳам худди шундай. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзини «Буюк ва Латиф (лутф-марҳамат кўрсатувчи)дир», деб сифатлашига ўхшайди. Воқеликда бу икки сўзнинг бири бошқасига хилоф бўлиб, қарама-қарши маънодадир. Чунки «буюк» «латиф»нинг аксидир. У Зотнинг буюклигидан ўзгаларнинг буюклиги, Унинг латифлигидан ўзгаларнинг латифлиги тушунилмаслиги учун бу сифатлар билан сифатлаган. Тавфиқ Аллохдандир!
Баъзи муфассирлар: [ал-Аввал] - «ибтидоси йўқ», [ал-Ахир] - «интиҳоси йўқ», [аз-Зоҳир] - «ғолиб», «ҳукмини ўтказувчи», «мағлуб бўлмайдиган», [ал-Батин] - «ўй-хаёллар идрок қила олмайдиган Зот», деган маънода», дейдилар.
Айрим муфассирлар: [ал-Аввал] - «нарсаларнинг бошланиши Уники бўлган Зот». [ал-Ахир] - «нарсаларнинг охири Уники бўлган Зот», [аз-Зоҳир] - «ҳужжат-далиллар, оят-аломатлар билан ошкор бўлган Зот», [ал-Батин] - «тасаввурлар, хаёллар идрок эта олмайдиган Зот»», деб изоҳлаганлар. Тавфиқ Аллохдандир.

4. У, осмонлару Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга «истиво» қилган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир. У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У, осмонлару Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга «истиво» қилган Зотдир» деган сўзининг тафсири шуки, гўё У Зот осмонлару Ер ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратган. Улар дунё кунларидан олти кун бўлиб, улар ҳикмат кунларидир. Албатта, бу кунларда жамики нарсаларни, абадулабад вужудга келадиган нарсаларни эмас, балки нарсаларнинг табиати ва асосларини яратган. Шунга кўра, Аллох таолонинг «...сўнгра Аршга «истиво» қилди» деган сўзи Унинг «амри жорий» бўлди ва имтиҳон қилинувчини, яъни инсонларни яратди, маъносида. Зеро, ушбу нарсаларнинг барчаси яратилишидан мақсад башариятдир. Бу нарсалар башарият учун яратилган.
Агар Аллоҳ таолонинг «У, осмонлару Ерни олти кунда яратиб...» деган сўзидан мурод бошқа оятда зикр қилинганидек, бир куни дунё кунларининг минг йилига тенг кунлар бўлса, унда «осмонлару Ер ва улар орасидаги нарсаларни яратиш» деганда нарсаларнинг асослари, табиати ҳамда улардан келиб чиқадиган нарсаларни ҳам яратиш тушунилади. Яъни жамики нарсалар унинг қамровига киради. Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг «...сўнгра Аршга «истиво» қилди» деган сўзининг таъвили «қайта тирилтириш» бўлади. Яъни Аллоҳ яратган ва пайдс қилган оламнинг хилқати қайта тирилтириш орқали тикланди Агар ушбу қайта тирилтириш бўлмаганида биринчи олам яратилишининг ҳикмати бўлмас эди. Бу дунёни яратишдан максад қайта тирилтиришдир. Шундагина уни яратишда ҳикмат бўлади ва иш мукаммал бўлади.
«Арш»нинг таъвили мулк бўлиши мумкин. Унинг мулки имтиҳон қилинувчиларни яратиш ёки биз юқорида зикр қилган қайта тирилтириш билан мукаммал бўлди. Биз «...сўнгра Аршга «истиво» қилди» сўзидан нима ирода қилганини тафси? қилмаймиз. Чунки бундан нимани ирода қилгани маълум эмас Бу борада шундай деган:
«Бас, ўша Хабардордан сўранг» (Фурқон сураси, 59-оят).
Хабардор Зотдан сўрашга амр килган. Лекин бу хусусда сўралгани ҳақида бирор ривоят келмаган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир» деган сўзи маъноси шуки, биринчидан, нарсаларнинг кўплиги ва тиғизлигидан (уларнинг ҳисобида) чалкашмайди ва Унга бирор нарса яширин қолмайди.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло хабар бермоқдаки, осмонлару Ер оғир ва қалин бўлишига қарамай, кираётган нарсани ҳам, чиқаётган нарсани ҳам, тушаётган нарсани ҳам, улар У Зотдан тўсиб, беркита олмайдилар. Ана шундай иҳота қилинганининг ҳикмати шуки, ҳеч нарса Унинг назоратидан четда эмаслиги, ҳеч нарса Ундан махфий қолмаслиги, ҳеч нарса Уни ожиз қолдирмаслигини улар билсинлар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан биргадир» деган сўзи икки хил маънони билдиради. Биринчиси, «У сиз билан биргадир», яъни сизларни ҳам, қилаётган ишларингизни ҳам билади, сизларни ҳар томондан ўраб, муҳофаза қилувчидир. Иккинчиси, «У сиз билан биргадир» ояти ҳолатларнинг ўзгаришига қараб, турли маъно ифода этади. У Зот шундай демоқда: «Агар сизлар У Зотни севсангиз, бўйсуниб, итоат қилсангиз, душманларингизга қарши нусрати ва кўмаги ила У сизлар билан биргадир. Мабодо, Ундан юз ўгирсангиз, итоатсизлик қилсангиз, сизларга қарши ёрдам бериш ва сизлардан интиқом олишда сизлар билан биргадир». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» ояти ҳақида таъвил аҳли айтади: «Яъни У Зотнинг илми, ҳукмронлиги ва қудрати қаерда бўлсангиз ҳам, сизлар билан биргадир». Бунинг асли юқорида айтганимиздек, агар Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни эмас, фақат якка Узини зикр қилса, азалийлик сифати билан сифатланади. Вақт, чегара, бирор макон ва бошқа нарсаларсиз мутлақ У Зот ҳамиша Билувчи, Қодир, Яратувчи, дейилади. Агар У Зот билан бирга яратиқлардан бирор нарса зикр қилинса, Аллоҳ таолога эмас, махлуқотларга жорий бўладиган вақт, макон ва уларга тегишли ҳолатлар назарда тутилади. Яратилган нарсаларнинг қадимлиги ҳақида гумон пайдо бўлмаслиги учун «У Зот яратилмиш пайдо бўлган вақтда уларни билган эди, олам пайдо бўлган вақтда ҳам Аллоҳ таоло унинг яратувчиси сифати билан сифатланган» деб айтилади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари ана шу асосга биноан тушунилади:
«Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад сураси, 31-оят).
«Аллоҳ Ўзидан ғойибона қўрқадиганларни билиш учун (сизларни синайди)» (Моида сураси, 94-оят).
«Аллоҳ ким Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун...» (Ҳадид сураси, 25-оят).
«Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон (талафоти) ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!» (Бақара сураси, 155-оят).
«Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни ҳам, мунофиқларни ҳам яхши билур» (Анкабут сураси, 11-оят).
Халойиқнинг ҳолатлари билан боғлиқ бўлган шунга ўхшаш оятлар талайгина. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам шунга кўрадир: «У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан биргадир». Куч-қувват фақат Аллохдандир!

5. Осмонлару Ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Узигагина қайтади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Осмонлару Ернинг мулки Уникидир» оятининг тафсири шуки, хоҳиши, амри ва ҳукми ўтгани учун «мулк» У Зотга нисбат берилади. Аллоҳ азза ва жалланинг «Осмонлару Ернинг мулки Уникидир» деганда «Унинг хоҳиши сўзсиз бажарилади, Осмонлару Ер ва уларнинг аҳлига У эгалик қилади ва улар устидан якка ўзи ҳукмрон» деган маъно бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Осмонлару Ернинг мулки Уникидир» деган сўзининг маъноси бундай бўлиши ҳам мумкин: «Осмонлару Ернинг хазиналари Уникидир, хоҳлаганига беради ва хоҳлаганини маҳрум қилади». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва барча ишлар Аллоҳнинг Узигагина қайтадир» деган сўзининг маъноси шуки, пайдо қилиш, вужудга келтириш, ато этиш, бериш, ман қилиш, маҳрум қилиш каби барча ишларнинг тадбири яратилмишнинг эмас, Аллоҳнинг ихтиёридадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва барча ишлар Аллоҳнинг Узигагина қайтадир» деган сўзи «Имтиҳон қилинувчилар нинг охиратдаги ҳисоб-китоби, савол-жавоби, мукофот ва жазоси ҳамда бошқа ишлари Аллоҳнинг ихтиёридадир», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!

6. Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади ва У кўксингиздаги нарсани ҳам билувчидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади» ояти (тафсирига келсак), бир нарсани иккинчи нарсага «киритиш» деганда кирган нарса ўз жойида турган ҳолида унинг ичига солиш тушунилади. Бу ўз-ўзидан маълум. Лекин бу ерда буни унга, уни бунга киритиш жараёни ўзгачадир. Тун чегарасида барқарор ҳолатда турган нарсани кундузга, кундуз чегарасида барқарор турган нарсани тунга айлантиришдир. Бу жараённи улардан ҳеч бирини ўз ўрнида сақлаб қолмасдан бошқаси билан кетказган ҳолда юзага чиқаради. Бунда бир қанча далиллар бор.
Биринчиси, бу (жараён) қўлидан бошқариш келмайдиган бир неча илоҳнинг иши эмас, балки барча нарсанинг бошқаруви ихтиёрида бўлган ягона, билувчи Зотнинг иши эканига далолат қилади. Агар бу жараён бир нечта илоҳнинг иши бўлганида. пайдо бўлганидан бошлаб ҳамма вақт бир хил тарзда ва бир хил бошқарув асосида ҳаракатланмас эди. Балки хоҳишлар карама-қаршилиги ва бирининг бошқаси устидан ғолиб бўлишга уриниши рўй берарди. Подшоҳларнинг одатидек, ҳар бири ўзиники бўлган нарсани бошқага бермасликка ҳаракат қилар, ундан ғолиб келиб, унинг бошқарувига рози бўлмас эди. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Агар иккиси (Ер ва осмон)да Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлгани-да, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди» (Анбиё сураси, 22-оят.)
«Акс ҳолда, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан (кибрга) кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эди (Муъминун сураси, 91-оят).
Иккинчиси, унда қайта тирилтиришга далил бор. Бу кундуз изи йўқолганидан сўнг тун келиши ва тун изи ғойиб бўлгач, кундуз келтирилишидир. Бу хусусда юқорида ҳам айтилди. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ таолонинг «...ва У кўксингиздаги нарсани ҳам билувчидир» сўзи ҳақида таъвил аҳли айтади: «У Зот қалблардаги нарсаларни билувчидир». Унинг таъвили: «У Зот қалб эгаларини билувчидир» тарзида бўлиши ҳам мумкин. Қалб эгалари деганда қалби ва ихтиёри бўлган инсонлар назарда тутилади. Чунки «қалблар» деган сўз ихтиёр қилиш, фарқлаш қобилиятига эга бўлганларга нисбатан ишлатилади. Улар эса инсонлардир. Валлоҳу аълам!

7. Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиринглар ҳамда сизни ўринбосар қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан имон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиринглар» оятидаги «Аллоҳга имон келтиринг» сўзлари У Зотни барча нарсанинг Раббиси, яратиш ва буюриш Унга хос деб эътиқод қилинг, деган маънодадир. «Унинг Расулига имон келтириш» эса у зот Аллоҳ таолодан хабар берган ҳар бир нарса, ҳар бир сўз ва амалда ростгўй, у зотни тўғрисўз ва ҳақ деб ишонишингиздир. Шунингдек, у зот ўзидан келиб чиқиб эмас, Аллоҳ таолонинг амри, буюриши ва қайтариғи билан қайтаришини билишингиздир. Мана шу Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган имондир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ҳамда сизни ўринбосар қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар» деган ояти тафсирига келсак, У Зот, валлоҳу аълам, шундай демоқда: «Сизлардан олдин ўтганларнинг сизларни ўринбосар қилиб қўйган молдан инфоқ қилинглар. Чунки одамлар бу молу дунёда бир-бирларига ўринбосар бўладилар». Яъни «Кейинги (авлод)ларни сизларга ўринбосар қилишидан олдин, ўзингиздан олдингиларга сизни ўринбосар қилиб қўйган молдан инфоқ қилинглар. Сизлардан олдингилар инфоқни тарк қилган эдилар. Зеро, мол-дунё шундайлигича қолдириб кетиш учун эмас, инфоқ-эҳсон қилиш ва фойдаланиш учун яратилган» маъносидадир. Валлоҳу аълам!
Сўнгра, Аллоҳ таоло: «Бас, сизлардан имон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир» деган сўзида шундай хабар берган: «Ким У Зотга имон келтирган ва эҳсон қилган бўлса, унинг учун улкан ажр бор». Уларга ваъда қилинган ажр унга лойиқ бўлганлари учун берилган эмас, балки У Зотнинг инъоми ва фазлидир. Зеро, мол - Унинг моли, улар эса - Унинг қуллари, қулга хожаси зиммасида ҳеч қандай ҳақ бериш лозим бўлмайди.Тавфиқ Аллоҳдандир!

8. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Раббингизга имон келтиришга чақириб турибди. У Зот сизлардан аҳд олган эди. Агар имон келтирувчи бўлсаларингиз.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Раббингизга имон келтиришга чақириб турибди».
деган сўзининг зоҳирида қарама-қаршилик бор. Чунки У Зот: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайгамбар сизларни чақириб турибди», демоқда. Агар улар Аллоҳга имон келтирмасалар, қандай қилиб Аллоҳ ва Пайғамбарга иқрор бўлиб, у зотни Аллоҳнинг Расули деб тасдиқлайдилар? Зеро, Пайғамбарни тасдиқлаш, уни юборувчини ҳам тасдиқлашдир. Ҳолбуки, улар Аллоҳга имон келтирмайдилар, қандай қилиб Пайғамбарни тасдиқлашлари мумкин? Лекин бунинг иккита маъноси бор. Биринчиси, «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар. Яъни нега Аллоҳ сизларни қайта тирилтириши ва ўлганингиздан кейин яна ҳаёт беришига қодир эканига ишонмайсизлар? Ҳақиқатан, Пайғамбар келиб, сизларда Аллоҳ таоло қайта тирилтиришга қодирлиги ҳақида шубҳа қолдирмайдиган далиллар келтириб, даъват қилди. Нима учун Аллоҳнинг қудратига имон келтирмайсизлар? Оят мана шу маънода бўлиши мумкин. Чунки Макка аҳли бир неча гуруҳга бўлинган эди. Упарнинг ичида даҳрийлик йўлини тутганлари ҳам, ширк йўлидан борганлари ҳам, тавҳидга иқрор бўлиб, қайта тирилишни инкор этадиганлари ҳам бор эди. Валлоҳу аълам.
Иккинчиси, У Зот оятда: «Аллоҳ таолога имон келтирмаслик учун қандай узрингиз бор? Ваҳоланки, Пайғамбар сизларни даъват қилди, сизда узр қолдирмайдиган ва шубҳаларингизни кетказадиган оят-мўъжизалар ва ҳужжатлар олиб келди. Унга имон келтирмасликка қандай узрингиз бор, сизлар нега имон келтирмайсизлар? - демоқда.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У Зот сизлардан ахд олган эди» деган сўзи тафсирига келсак, юқорида Аллоҳ таоло томонидан аҳд олишнинг бир неча маънолари борлигини зикр қилдик. Биринчиси, пайғамбарлар тилида бўлиб, бу борада Аллоҳ таоло шундай деган:
«Аллоҳ деди: «Дарҳақиқат, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозни баркамол адо этсангиз, закот берсангиз, пайғамбарларимга имон келтирсангиз ва уларни шарафлаб, мадад берсангиз ҳамда (савобли ишлар қилиб) Аллоҳга чиройли «қарз» берсангиз, албатта, гуноҳларингизни кечаман ва остидан анҳорлар оқадиган боғлар (жаннат)га киритурман. Шундан кейин ҳам сизлардан кимки куфрга кетса, тўғри йўлдан бешак озган бўлур» (Моида сураси, 12-оят).
Бундан ташқари, шу маънодаги бошқа оятлар ҳам бор.
Иккинчиси, У Зот ҳар кимнинг хилқатида Узининг ягоналигига гувоҳлик берувчи аломатларни яратган.
Учинчиси, уларга ақл, фаҳм ато этиб, нима фойда, нима зарар эканини ажратадиган қилди. Шу даражада мукаммал қилиб яратилган инсоният унутилган бўлиши ёки беҳуда ташлаб қўйилиши мумкин эмас.
Баъзи таъвил аҳлининг: «Упарни Одам алайҳиссалом пушти камаридан чиқариши», деган қарашларининг бўлиш эҳтимоли бор. Аммо биринчи маъно ҳақиқатга яқинроқдир.
Аллоҳ таолонинг «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Раббингизга имон келтиришга чақириб турибди», деган сўзи Аллоҳ ва Унинг расули - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин имон келтирган, пайғамбар бўлиб келгач эса имондан тонган аҳли китоблар ҳақида бўлиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло шундай демоқда: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ таолони ва ўзингиз имон келтирган пайғамбарни тан олмаяпсизлар. Батаҳқиқ. у зот сизлардан аҳд олиб, Раббингизга имон келтиришга чакирмоқда-ку?!» Валлоҳу аълам!
Оят зоҳиран имон келтириб, аслида имондан йироқ бўлган мунофиқлар ҳақида бўлиши ҳам мумкин. У Зот: «Сизларга нима бўлди, Аллоҳга чин дилдан имон келтирмайсизлар, ахир Пайғамбар Парвардигорингизга сидқидилдан имон келтиришга чақирмоқда-ку, демокда. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Аллоҳнинг оятлари сизларга ўқиб турилган, ораларингизда Унинг пайгамбари турган бир пайтда қандай қилиб (динни) инкор этасиз?!» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Яъни «Сизларга Аллоҳ ва Расулига куфр келтириш ҳамда иккисига имон келтирмасликка ҳеч қандай узр йўқ». Юқоридаги оят ҳам худди шу мисол кабидир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Агар имон келтирувчи бўлсаларингиз...» деган сўзи «Унинг оят-мўъжизалари, ҳужжатларга имон келтирувчи бўлсангиз», маъносида бўлиши мумкин. Ёки Аллоҳ таоло буни шарт маъносида эмас, таъкид маъносида зикр қилган. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мисол бўлади:
«Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас» (Бақара сураси, 228-оят).
Чунки ўша аёллар имонга бош эгган бўлсалар, бачадонларидаги нарсани яшириш уларга ҳалол бўлмайди.

9. У Зот сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўз бандасига равшан оятларни туширади. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У Зот Ўз бандасига равшан оятларни туширади», деган сўзидаги «оятлар»нинг маъноси ҳақиқатда аломатлардир. Лекин «оятлар» ҳужжатлар деб тафсир қилинган, чунки оятлар халойиқ томонидан тўқиб чиқарилган уйдирмалар эмас, балки Аллоҳ таолодан келган ҳужжатлардир. У Зотнинг [баййинат] деган сўзи «аниқ-равшан» деган маънони билдиради. Чунки улар махлуқотлар тарафидан эмас, Аллоҳ ҳузуридан келган. Ёки буйруғи, қайтариғи уларга нима фойда, нима зарар экани ҳақида, нимани қилиш, нимадан четланиш борасида очиқ-равшандир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун...» деган сўзи тафсирига келсак, Аллоҳ таолога нисбат берилган «чиқариш» икки хил маънодадир. Биринчиси, «чиқариш» ўзининг ҳақиқий маъносида бўлиб, бандаларни имонга муваффақ қилиб, уларга ёрдам ато этиб, залолатдан сақлашдир. Бас, зикр қилинган нарса орқали куфрдан имонга чиқадилар. Иккинчиси, амр этиш, имонга чақириш маъносида бўлиб, ҳақиқий чиқариш маъносида эмас. У Зотнинг «...сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун...» деган сўзи бунга мисол бўлади. Қуйидаги оятда «чиқариш» ўзининг ҳақиқий маъносида келган:
«Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради» (Бақара сураси, 257-оят).
Шунга кўра, ҳидоятни Аллоҳ таолога нисбат бериш тавфик ва ҳидоят ишини инсонларда яратиш маъносида бўлади. Иккинчиси эса даъват ва баён қилиш маъносидадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир» ояти «Албатта, Аллоҳ зулматлардан нурга чиққанларга шафқатли ва раҳмлидир» маъносида бўлиши жоиз. Шунда бу мўминларга тааллуқли бўлади. У Зотнинг шафқати ва раҳмати барчагадир, деб сифатланиши ҳам мумкин. Яъни Аллоҳ сизларга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни юбориш, Китоб (Қуръон)ни нозил қилиш билан «...сизларга шафқатли ва раҳмлидир». Китоб нозил қилмаса ва Пайғамбар юбормаса ҳам, аслида ўзингиз ва ақлингиз Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва рубубиятини танишингизга кифоя эди. Лекин У Зот уларга кўмак бўлсин, даъват қилинаётган ҳақиқатларни тезроқ идрок этсинлар, шубҳаларни даф этиб, ҳеч бир узр қолдирмаслик учун Уз фазли ва раҳмати ила пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилди. Валлоҳу аълам!

10. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан олдин эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир» сўзи икки маънода келган. Биринчиси, таъвил аҳли айтганидек: «Албатта, махлуқотларнинг барчаси йўқ бўлиб кетади ва Аллоҳ таологина боқий қолади». Бу маъно Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида шундай баён этилган:
«Албатта, Биз Ўзимиз бу Ерни ва ундаги бор жонзотни мерос қилиб олурмиз» (Марям сураси, 40-оят).
Аллоҳ таолонинг «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар?» деган сўзи ҳам ана шу маънода. Яъни «Мулкингиз завол топиб, Аллоҳ таолонинг меросига айланишидан олдин нега Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайсизлар?» Аллоҳ азза ва жалланинг «Ҳолбуки, осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир» деган сўзи бандаларнинг бир-бирларидан мерос олиши жиҳатдан Аллоҳ таолога нисбат берилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки улар У Зотнинг қуллари ва чўриларидир, қулнинг моли эса хожасиники бўлади. Гўё У Зот: «Бошқаларнинг меросига айланиб кетишидан олдин ўзингиз учун ва ўзингизга манфаат келтирадиган йўлда инфоқ қилмайсизларми?», демоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир» деган сўзи тафсири ҳақида баъзи муфассирлар шундай деган: «Сизлардан ҳеч ким Макка фатҳидан олдин имон келтирганларга тенг бўла олмайди. Чунки фатҳдан олдин имон келтирганларга ҳалокат хавфи ва турли уқубатлар бўлган. Сабаби, ўша пайтда ғалаба кофирларники эди. Шунинг учун улар орасида фатҳдан олдин имон келтирганлар билан фатхдан кейин имон келтирганлар тенг бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам шу маънодадир. У зот айтганлар: «Агар Абу Бакрнинг имони билан уларнинг имони ўлчанса, албатта, унинг имони огир келади(Имом Байҳақий ривояти.). У зот (розияллоҳу анҳу) Исломга эргашганларга катта хавф бор вақтида имон келтирган эди. Ёки у киши имон келтириши туфайли кўпчилик имон келтиргани учун ана шундай юксак мақомга муносиб бўлган. Чунки у киши уларнинг сардори эди. Шунингдек, ўша вақтдаги инфоқ-эҳсон афзал ва улуғроқ эди. Негаки ўша вақтда қилинган инфоқ-эҳсон ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашганларга кўмак эди. Ёки фатҳдан кейин инфоқ-эҳсон қилишда садақалар (закотлар) ва ўлжалардан манфаат ва эвазни қўлга киритиш илинжи бўлган. Фатхдан олдин эса бу маънолар бўлмаган. Ҳаммаси холис, эвазсиз ва тамасиз берилар эди. Валлоҳу аълам!
Баъзилар оятни тафсир қилиб: «Ҳижрат қилганлар ва ҳижрат қилмаганлар тенг бўлмайди, Макка фатҳидан сўнг ҳижрат йўқдир. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бугундан кейин ҳижрат йўқ, лекин жиҳод ва ният бор»(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.) ҳадиси ворид бўлган», дейдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган» оятининг маъноси шуки, Аллоҳ икки тоифага - фатҳдан олдин (инфоқ қилганларга) ҳамда (фатҳдан) кейин инфоқ қилганларга ҳам жаннат, гўзал мукофотни ваъда қилган. Баъзи таъвил аҳли: «Ушбу оят Ҳудайбия фатҳи ҳақида нозил бўлган», дейди. Баъзи саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бу фатҳми?», дейишди. У зот алайҳиссалом: «Ҳа, улуғ фатҳдир», дедилар. Қатода (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилинишича, у Макка фатҳидир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир» деган сўзида рағбат килинадиган нарсаларга тарғиб ва қўрқиладиган нарсалардан қайтариш бор.

11. Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У Зот унга бир неча марта кўпайтириб кайтаради ва унга карамли ажр бор.
(Ушбу оят) Аллоҳ азза ва жалла бандаларнинг мол-мулклари ва жонларининг ҳақиқий эгаси сифатида эмас, ўзларининг жонлари ва молларида ҳақи йўқ, ҳамма нарсадан мосуво бўлган (ожиз) бандааларига Ўзининг буюк фазлу карами билан муомала қилганини кўрсатади. Бу хусусда юқорида ҳам айтиб ўтдик. Аллоҳ таолонинг Ўзига қарз бериш ҳақидаги, жаннат эвазига бандаларидан жонлари ва молларини сотиб олиш ва амалларига берилажак ажр ҳақидаги оятларини бунга мисол қилиш мумкин. Ҳолбуки, улар У Зотнинг бандалари, ўзлари учун қиладиган амалларини худди У Зот учун қилаётгандек баҳолаган. Зарурат вақтида ўзларига асқатиши учун сақлаб, захира қилиб қўйган амалларини «қарз» деб номлаган. Абадий ҳаёт, боқий неъматларни қўлга киритиш учун қиладиган амалларидан уларнинг ўзларигина фойдаланадилар. Воқеликда ҳеч ким ўзининг молини бошқа бировдан эваз бериш шарти билан қарзга олиб, кейин бунинг учун унга мукофот бермайди. Буларнинг барчаси халойиқнинг одати, табиати, бир-бирлари билан қиладиган ўзаро муносабатларига хилофдир. Аллоҳ таоло эса бандаларига Ўзининг карами ва сахийлигига муносиб муомала қилган, ўзларига фойда бериши учун ҳозирлаётган амалларига бир неча баробар зиёда ажр-мукофот ваъда қилган. Керак пайтда уларга фойда бериши мақсадида тайёрлаб қўйган амалларини фақирлар ва ҳожатмандларга берганларини миннат қилмасликлари учун «қарз» деб атаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллох таоло уларнинг табиатларида миннат қилиш (иллати) борлигини билади. Ёки эҳтиёжлари тушгунга қадар ўғрилик, мажбуран тортиб олиш ва бошқа турли талафотлар хавфидан ҳимоя килиш машаққатини улардан кетказишни «қарз бериш» деб атаган. Валлоҳу аълам!
Таъвил аҳли Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва унга карамли ажр бор» деган сўзини: «гўзал ажр», деб тафсир қилганлар. Валлоҳу аълам. Уни «карамли» деб номлаш ҳам жоиз, чунки унга эришган киши карамли бўлади ёки улар учун мана шу умид қилинади. Воқеликда карамли деб, барча яхшилик умид қилинадиган ва кутиладиган кишига айтилади. Валлоҳу аълам!

12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингизда, сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир (дейилур).
У Зотнинг «...нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда...» деган сўзи «уларга охиратда берилган китоблари» маъносида бўлиши мумкин. Чунки муқарраб ва пешқадам бандаларнинг амаллари ёзилган китоби олд тарафларидан, бошқа мўминларнинг китоби ўнг тарафларидан, ширк аҳлининг китоби ортларидан берилади. Буни Ҳафса (розияллоҳу анҳо)нинг қироати қўллаб-қувватлайди. Унга кўра оят: [нууруҳум ясъаа байна айдиҳим ва фи айманиҳим] тарзида ўқилган. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшашдир:
«Бас, кимнинг китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилса» (Иншиқоқ сураси, 7-оят).
«Нур»дан мақсад дунёдаги имонларининг нури ё амал қилиб яшаган динларининг нури бўлиши ҳам мумкин. Зикр қилинган «нурлари» сўзи уларнинг юрадиган йўлларига нисбат берилган бўлиши мумкин. Дунёда тутган йўлига қараб, пешқадамлар олдиларини, бошқа мўминлар эса ўнг томонларини кўрадилар. Ширк аҳли чап тарафлари билан, мунофиқлар эса ортларидан кўрадилар. Аллоҳ таолонинг «...ўнг тарафларида...» деган сўзи «ўнгидан келиш», «барака»га нисбат берилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ўнг томон билан бахт ва баракаларга эришилгани учун ҳам шундай номлаган. Таъвил аҳлининг: «Улар учун нур кўтарилади ва ўша нур ёғдусида юрадилар» деган қарашлари тўғри бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сизларга бугунги куннинг хуш-хабари, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз (дейилур)» деган сўзи жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киришидан олдин айтилади. Бу эса мазкур нурнинг жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киришидан олдин зоҳир бўлишига далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг «Бу эса, айнан улкан ютуқдир» деган сўзи (мўминларга) ундан кейин ҳалокат ва жавобгарлик йўқлиги, мангулик борлигига далолат қилади.
«Мўмин ва мўминаларни... кўрган кунингизда...» деган сўзи фақат Пайғамбар алайҳиссалом у нурни кўриб, бошқалар кўрмайди, дегани эмас, балки уни барча мўминлар кўрадилар. Бу билан «Бир нарсага иқтибос келтириш ўша нарсани хослаш ва бошқасини инкор килишни билдиради» дейдиганларнинг сўзи йўққа чиқади. Қатода (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилинади: «Бизга зикр қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминлардан баъзиларининг нури Мадинадан Адангача (бўлган масофани) ёритади, баъзилариники Санъо ваундан берироққача ёритади. Ҳатто шундай мўминлар бўладики, нури оёги остини ҳам ёритмайди. Мўминларнинг даражалари амалларига қараб бўлади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган баъзи хабарларда келишича: «Уларнинг олдиларида нурлари ҳаракат қилади» оятидан мурод мўминларнинг вафот этган (норасида) болаларидир».

13. Мунофиқ ва мунофиқалар имонлиларга: «Кутиб туринглар, биз ҳам нурингиздан бироз олайлик», деганлар ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон урилур. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида-олдида азобдир.
Аксар қироат имомлари оятни [ааману-нзурууна] тарзида алифи васлия билан ўқиган бўлсалар, айримлар [анзирууна] тарзида, қатъий ҳамза билан қироат қилган.
Абу Убайд айтади: «Васлали ҳамза билан ўқиш биз учун яхшироқдир. Шунда унинг таъвили, валлоҳу аълам, «Бизни кутиб туринглар» маъносида бўлади. Араб тилида:    [назорту фуланан анзуруҳу] - «фалончини кутдим, кутяпман», дейилади. Бошқа қироатга кўра, бу сўз «муҳлат бериш», «кечиктириш» маъносидандир. [анзорту фулаанан унзируҳу] - «фалончига муҳлат бердим, муҳлат бераман», дейилади. Аммо бу ерда кечиктириш, муҳлат бериш маъноларини муносиб деб билмайман. Абу Авсажа шундай деган: [анзор-туҳу ва назортуҳу] - «уни кутдим» деган маънони билдиради.
[назороҳу назиротан] - «кутмоқ» маъносида келган. Оят мунофиқлар мўминлардан узоқда бўлиб, уларнинг нурларидан фойдалана олмасликларига далолат қилади. Лекин нурни узоқдан кўриб: «Кутиб туринглар, биз ҳам нурингиздан бироз олайлик», деганларидан маълум бўладики, агар яқин бўлганларида ёки нурларидан фойдаланаётган бўлганларида улардан тўхтаб туришни ва нурларидан бироз олишни сўрамаган бўлар эдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг» деган сўзини баъзи муфасирлар: «Бу гап бошқа оятда зикр этилган истеҳзодир. Чунки Аллоҳ таоло уларни истеҳзо қилиши ҳақида:
«Аллоҳ уларни истеҳзо қилади» (Баҳара сураси, 15-оят) деган. Мазкур оятда келган гап ана шу истеҳзодир», дейишади.
Биз эса У Зотнинг «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг» деган сўзи ҳақида шундай деймиз: «Аллоҳ таоло уларни истеҳзо қилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларни масхара қилганликлари учун уларни жазолаши маъносидадир».
Аллоҳ таолонинг «Ортингизга қайтинг», деган сўзи ортга қайтариш ва нур қидиришга амр эмас, танбеҳ ва таъна маъносида бўлиши мумкин. Яъни нурни ушбу кундан эмас, бу куннинг ортидан, яъни ушбу кундан олдин қидирилади, деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон урилур. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида-олдида азобдир» деган сўзидаги ораларига урилгани зикр қилинган девор (қўрғон) Аъроф сурасида зикр қилинган нарса бўлиши мумкин. У Зот шундай марҳамат қилган:
«Ўрталарида тўсиқ (бордир). Аъроф (деворлар) узра... ...кишилар (бўлур)» (Аъроф сураси, 46-оят).
У Зот зикр қилган «аъроф» дўзах ва жаннат аҳли ўртасидаги тўсиқдир. Мўминларнинг нурларидан кофирлар манфаат олмасликлари учун ўртада кўтарилган девордир.
Аллоҳ таолонинг «Эшиги бор... унинг ичида раҳмат, ташқарисида-олдида азобдир» деган сўзи (тафсирига келсак), У Зотнинг «Эшиги бор...» сўзи ҳақиқий эшик маъносида эмас, йўлдан киноя бўлиши мумкин. У Зот айтмоқда: «У шундай йўлки, ким ундан юрса, бу йўл уни раҳматга олиб боради, ким ундан (четга чиқса) ташқарида юрса, уни азобга олиб боради». Эҳтимол, дўзахдан жаннат томон эшик очиб қўйилиши ва дўзахилар бошига тушган азобни кўришлари, шунингдек, дўзах аҳли жаннат аҳлига берилган неъматларни кўришлари ва ҳасрат-надоматлари зиёда бўлиши учун эшик очиб қўйилиши ҳам мумкин. Ёки эшикдан эмас, зикр қилинган девор ва аърофдан қарашлари ҳам мумкин. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидаги каби:
«Сўнгра ўзи (ҳам ўша таниши томонга) қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди» (Соффот сураси, 55-оят) [ал-иттилоъ] сўзининг зоҳирий маъноси баланд ва юқори жойдан нишабликка қарашдир. Валлоҳу аълам!

14. Уларга: «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хомхаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди», (дерлар).
Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларга: «Биз сиз билан бирга эмас-мидик?!» - деб нидо қилурлар» деган сўзи маъноси шуки, мунофиқлар мўминларга «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» - деб нидо қиладилар. «Улар: «Худди шундай», дейдилар. Уларнинг «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деган сўзлари мусулмонларни дунёда алдаганларидек, қиёмат кунида ҳам алдаш маъносида бўлиши мумкин. Дунёда ёлғон гапирганларидек, охиратда ҳам ёлғон гапиришлари ҳақида хабар бериб, Аллоҳ таоло шундай дейди:
«У кунда (қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганида, улар худди сизларга ҳозир қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар» (Мужодала сураси, 18-оят).
У Зот мунофиқларнинг қасамлари ёлғон эканини хабар берган. Шунга биноан, уларнинг «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деган сўзлари мусулмонларни алдаш учун бўлиши мумкин.
Сўнгра, (14-оятдаги) мўминларнинг «Худди шундай» деган сўзларида чигаллик бор. Батаҳқиқ, мўминлар улар билан бирга бўлмаганларини шак-шубҳасиз билганлар, қандай қилиб «Худди шундай», дейдилар? Айтамизки, мўминларнинг жавоби уларнинг хитоби ва муроди аслида нима эканини билганлари ҳолда берилган жавобдир. Ёки уларнинг «Худди шундай», деган сўзлари «Сизлар: «Албатта, биз сизлар биланмиз», дер эдингизлар Лекин аслида биз билан бирга эмасдингизлар», деган маънодадир. Ёки мўминларнинг жавоби ишнинг ҳақиқатини эмас, уларнинг фақат зоҳирини кўриб, айтилган сўз маъносида бўлиши ҳам мумкин.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Лекин сизлар ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз» деган сўзи бир неча маъноларни билдиради. Биринчиси, сизлар учун кимда манфаат бўлса, ўшанга мурожаат қилиш билан ўзингизни синадингиз. Яъни «Ўзингизни синаб, қаерда фойда ва манфаат бўлса, ўша ерни кўзладингиз». Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Одамлар орасида Аллоҳга шак узра ибодат қиладигани ҳам борки, унга яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирор бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур» (Ҳаж сураси, 11-оят). Яъни қийинчилик етса, юз ўгириб кетади.
Қутабий айтади: «Ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз. Яъни ўзингизни гуноҳга гирифтор қилдингиз».
Аллоҳ таолонинг «...кўз тикиб кутдингиз...» деган сўзи икки хил маънодадир. Биринчиси, ишларнинг оқибатини кўз тикиб кутдингиз ва ишларнинг натижасига қараб иш тутишни кўзладингиз, маъносида бўлиши мумкин. Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тез орада ўлади ёки у зот Исломдан воз кечиб, анави кофирларнинг динига қайтади деб, кўз тикиб кутдингиз, деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ азза ва жалланинг «...шубҳа қилдингиз...» деган сўзи «Гарчи сизларда шак-шубҳа ва гумонларни кетказадиган далиллар бўлса-да, шубҳа қилдингиз» маъносидадир. Аллоҳ таолонинг «...ва сизларни хомхаёллар ғурурга кетказди» деган сўзи маъносига келсак, «хомхаёллар» икки хил маънони билдиради. Биринчиси, зикр қилганимиз - кутган манфаатлари кетидан эргашишларидир. Қандай бўлмасин, мақсад ортидан қувиш маъносида. Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларини, ҳалок бўлишларини ёки у зот уларнинг динига қайтишларини хаёлпарастларча орзу қилишлари маъносидадир.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг амри келгунча» деган сўзи «Ҳалокатига амр қилиш ёки қиёмат қоим бўлиши», «Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди» деган сўзи эса «Сизларни Аллоҳнинг динидан шайтон алдаб қўйди», маъносидадир.

15. «Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиз-дир. Қандай ҳам ёмон борар жой» (дерлар).
Аллоҳ азза ва жалланинг    - «Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас» деган сўзидаги [лаа йуъхозу] сўзи [йа] ҳарфи билан ҳам [та] ҳарфи билан ҳам ўқилган. Аксар қироат эгалари [йа] ҳарфи билан ўқиганлар. Иккисининг ҳам маъноси битта. Яъни ўша кунда улар учун тўлов йўқ ва улардан тўлов олинмайди ҳам. Ёки борди-ю, уларда тўлаш учун бирор тўлов бўлса ҳам, барибир улардан қабул қилинмайди, дейилмокда. У Зот охират иши дунё ишларига хилоф бўлишини хабар бермоқда. Зеро, дунёда балони бир гал товон тўлаш билан, иккинчи гал (ўртага) воситачиларни аралаштириш билан даф қилиш мумкин. Аллоҳ азза ва жалланинг «Жойларингиз жаҳаннамда» деган сўзи «Сизлар жаҳаннамдан бошпана топасизлар», деган маънодадир. «У сизнинг эгангиздир». Яъни у сизларга авлороқ ва ҳақлироқдир. У Зотнинг «Қандай ҳам ёмон борар жой» деган сўзи «Сизлар борадиган жой қандай ҳам ёмон нарса» маъносидадир.
Ушбу оятда мўътазилийларнинг гуноҳи кабира қилганлар дўзахда абадий қолиши ҳақидаги қарашларини йўққа чиқаришлик бор. Чунки Аллоҳ таоло одамларни уч гуруҳга бўлиб, уларни уч даражага қўйди: мунофиқлар, кофирлар - куфрлари аниқ бўлганлар ва мўминлар. Жаҳаннамни эса кофирлар ва мунофиқлар учун қилган, улардан бошқалар учун эмас. Уларнинг наздида гуноҳи кабира қилганлар мунофиқ ҳам, кофир ҳам эмас. Шунингдек, Аллоҳ таоло одамларни уч қисмга бўлган: пешқадамлар, ўнг томон эгалари ва чап томон эгалари. Чап томон эгалари ёлғонга чиқарувчилардир. Гуноҳи кабира қилганлар эса уларнинг наздида ёлғонга чиқарувчи эмас. Дўзах фақат ёлғонга чиқарувчилар учундир. У Зот у (Воқеа сураси)нинг охирида нима деганига қаранг:
«Бас, агар ўша (вафот этган киши Аллоҳга) яқин зотлардан бўлса, (унинг учун) роҳат, райҳон (бўйи) ва неъматлар жаннати бордир. Энди, агар у ўнг томон эгаларидан (ўртаҳол солиҳ бандалардан) бўлса, бас, (эй саодатли банда!) Сенга ўнг томон эгаларидан салом! Борди-ю, у (динни) инкор этувчи гумроҳлардан (чап томон эгаларидан) бўлса, бас, (унга) қайноқ сувдан иборат «зиёфат» ва дўзахда куйиш бордир» (Воқеа сураси, 88-94-оятлар).
У Зот жаннатни Ўзига яқин бандалар ва ўнг томон эгалари учун яратган, дўзахни эса ёлғонга чиқарувчилар учун хос қилган, бошқалар учун қилмаган. Ким дўзахни улардан бошқалар учун яратган деса, юқоридаги оятларга хилоф қилган бўлади. Валлоҳу аълам!

16. Имон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоғда, олдин китоб берилган, сўнг узоқ муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Имон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш вақти келмадими?» деган сўзи тафсирига келсак, [ва маа назала] сўзи ташдидли ва ташдидсиз қироат қилинган. Ким ташдид билан ўқиган бўлса, олдинда «Аллоҳ» лафзи зикр қилингани туфайли ташдид қилган, ташдидсиз қироат қилганлар феълни «ҳақ» лафзига тегишли қилганлар. Оят бир неча маъноларни билдиради. Биринчиси, баъзи таъвил аҳли айтганидек, «Ушбу оят имонни зоҳир қилиб, куфрни яширган мунофиқлар ҳақида нозил бўлган». «Вақти келмадими?» жумласи зоҳиран имон келтирган, ўзини мўмин қилиб кўрсатганларга «Аллоҳнинг зикрига қалблари юмшаш вақти келмадими?» деганидир. Яъни Аллоҳ зикр қилинганида, «нозил бўлган ҳаққа...», яъни уларга Қуръон тиловат қилинганида қалблари эриб, унга имон келтиришлари вақти келди-ку. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фалокатлар келишини кутиб туришар ва у зот ҳалок бўлишларини орзу қилишарди. Аллоҳ таоло мўминларни ушбу хавфдан омонда қилди, у зот алай-ҳиссалом ҳақларида кутаётган офатларидан мунофиқларни ноумид қилиб: «Зоҳиран имон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва Қуръонга қалблари юмшаш вақти келмадими?», деди. Яъни Қуръон учун қалблари юмшаб, унга имон келтириш вақти келмади маъносидадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...сўнг узоқ муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик (вақти келмадими?!)» деган сўзи ҳам шу таъвилга кўра тушунилади. Яъни сизлар узоқ вақт ўтгани сабабли залолат ва қалби қаттиқликда давом этган ва китобларга назар солишни тарк этган анави кимсалар каби бўлманглар.
Иккинчиси, оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот пайғамбар этиб юборилишларидан олдин имон келтирган аҳли китоблар ҳақида бўлиши ҳам мумкин. У Зот айтмоқдаки, пайғамбар этиб юборилишидан олдин унга имон келтирганлар учун қалблари Аллоҳнинг зикрига, яъни ўзларининг китобига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш вақти келмадими?! Бу нозил бўлган ҳақ Қуръондир. Китобларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини топган пайтларида имон келтирганлари каби у зот келганларидан кейин имон келтиришлари вақти келмадими? Аллоҳ азза ва жалланинг «...сўнг узоқ муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик (вақти келмадими?!)» деган сўзи: «Сизлардан олдин ўтган аҳли китобларга ўхшаманглар». «Узоқ муддат ўтиши билан», яъни китобларига назар солмаслик муддати анча чўзилиб, уларга назар солишни узоқ вақт тарк этишлари сабаб уларнинг «қалблари қотиб қолган», деган маънодадир. Валлоҳу аълам!
Учинчиси, оят Аллоҳ ва Расулига ҳақиқий имон келтирган мўминлар ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Бу икки хил маънода бўлади. Биринчиси, «Имон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига қалблари юмшаш вақти келмадими?» Яъни имон келтирганларга Аллоҳ зикр қилинганида мулоҳаза юритиш ва тафаккур қилиб, мана шу нарса уларнинг қалблари юмшашига ундайдиган вақт келди. Масалан, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби:
«Мўминлар - Аллоҳ (номи) зикр этилганида - диллари-да қўрқув бўладиган, ояглари уларга тиловат қилинганида - имонлари зиёда бўладиган зотлардир» (Анфол сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбларини сифатлаб, У Зотни зикр этганларида тақво-қўрқувлари, У Зот ҳақида ўйлаб, тафаккур этиб, оят-мўъжизаларини тушунганида имон ва ишончлари зиёда бўлишини баён қилган. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, имон келтирганларга нафсоний хоҳишлари ва дунёдаги хомхаёллари кесилиб, қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшаш вақти келмадими? Батаҳқиқ, келиб бўлди. «...олдин китоб берилганларга ўхшамаслик вақти келмадими?» Яъни Аллоҳнинг Китоби ва зикридан ғофил бўлманглар. Олдин китоб берилган, унга назар солиш ва тафаккур қилишни тарк этганлар каби сизлар ҳам унга назар солиш ва тафаккур қилишни тарк этманглар. Сизлар уларга ўхшаманглар. Акс ҳолда, уларнинг қалблари қотгани сингари сизларнинг ҳам қалбингиз қотиб қолади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...кўплари фосиқ бўлганлар...» сўзи: «Китоб берилганларнинг кўпчилиги китобга назар солиш (уни тафаккур қилиш)ни тарк этганлари учун фосиқ бўлдилар», маъносида. Аллоҳ таолонинг «...кўплари фосиқ бўлганлар...» сўзи «Кўплари қайсарлик қилувчилардир, улардан (ҳаққа) эргашувчилари камдир», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Уларнинг аксарияти эса, ҳақиқатни ёмон кўрувчилардир» (Муъминун сураси, 70-оят).
Яъни қайсарлик қилувчилардир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилган ва қарши чиққан йўлбошчилар ва бошлиқлардир. Улардан жуда озчилик бўйсуниб, (ҳаққа) эргашган.

17. Шуни билингларки, албатта, Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки, ақл юритсангизлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Шуни билингларки, албатта, Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур» оятининг тафсирига келсак, бу уларнинг Аллоҳ таоло ўлик ерни тирилтиришини билмаганликларига далолат қилмайди. Балки улар буни билишарди. Лекин бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг» (Муқаммад сураси, 19-оят) дея хитоб қилганига ўхшаш услубда келган. Яъни ҳар вақт, ҳар соатда қалбингиз билан Аллоҳ азза ва жалланинг рубубияти ва ваҳдониятини ҳис қилинг. Аллоҳ таолонинг «Шуни билингларки, албатта, Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур» деган сўзи ҳам ана шу маънода. Аллоҳ таоло илоҳ, Раб эканини, ибодат Унинг Узигагина қилиниши кераклигини, нолойиқ бўлган, махлуқотлар сифатланадиган нуқсонлардан Унинг поклигини, беайблигини қалбингизга ҳар вақт ҳис қилдиринг. Зеро, сизлар У Зотнинг ўлик ерни тирилтиришини биласизлар. Бас, сизларни турли синовлар ила имтиҳон қилишини билинглар. Зеро, зикр қилинган нарсага бефойда ва беҳикмат жон киргизиши, сизларни беҳуда тарк қилиши мумкин эмас. Еки оят маъноси ҳақида яна шундай деймиз: «Батаҳқиқ, сизлар Аллоҳ таоло ўлик ерни тирилтиришини билдингиз ва сизлар У тирилтирган нарсаларга рағбат қиласиз, ундан насибадор бўлиш ва унга эришиш учун жидду жахд қиласизлар. Бас, боқий ҳаётдаги доимий баракаларга эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилинглар». Ёки: «Аллоҳнинг ўлик ерни тирилтиришга қодир эканини билган экансиз, У Зотнинг (ўлимдан сўнг) қайта тирилтиришга қодир эканини ҳам билинглар». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки, ақл юритсангизлар» деган сўзи тафсирига келсак, батаҳқиқ, биз юқорида [лаъалла] - «шоядки» сўзи Аллоҳ таоло тарафидан бўлса, лозим қилиш маъносини билдиришини айтдик. Лекин ушбу сўз бу ўринда ақлни оятлар ва уларни тушуниш учун умид қилдириш маъносидадир. Агар уларга назар солсалар ва тафаккур қилсалар, уларнинг Аллоҳ таолодан эканини англайдилар. Ёки бу хос инсонларга тегишли бўлиши мумкин. Агар [лаъалла] - «шоядки» сўзи умид қилиш эмас, «лозим қилиш» маъносида бўлса, унда улар Унинг оятлари экани ҳақида ақл юритиб, имон келтиришлари қазои қадарда битилган зотлар назарда тутилган бўлади. Валлоҳу аълам!

18. Албатта, садақа қилувчи эркагу аёллар ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор.
Аллоҳ азза ва жалланинг    [иннал муссоддиқийна вал муссоддиқоти] деган сўзи [сод] ва [дал] ҳарфлари ташдидли тарзда ҳамда [сод] ҳарфи ташдидсиз [дал] ҳарфи ташдидли ҳолатда ҳам ўқилган. Ким уни ташдидли ўқиган бўлса, [ат-тасоддуқ] ўзагидан олинган деб ҳисоблайди. Яъни «садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар» маъносида. [та] ҳарфи [сод] ҳарфига идғом қилинади. Худди [ал-муззаммил] ва [ал-муддассир] каби [ал-муссоддиқийн] шаклига айланади. Буни Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)нинг қироати ҳам қўллаб-қувватлайди. У киши ушбу лафзларни [иннал мутасоддиқийна вал мутасоддиқоти] деб қироат қилганлар. Ташдидсиз ўқиганлар эса уни тасдиқ ва имондан келиб чиққан дейишади. У Зотнинг «...ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор» оятининг таъвилини юқорида зикр қилдик.

19. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Раббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар, ана ўшалар, сиддиқлардир» деган сўзи тафсирига келсак, У Зот мўминларни «сиддиқлар» деб номлади. Сиддиқ деб тасдиқи кўп бўлган кишига айтилади. Ҳар бир мўминнинг тасдиқи битта бўлса ҳам, аслида у кўп бўлиши мумкин. Мисол учун, киши Аллоҳ таолони тасдиқласа, гўё у пайғамбарларнинг Аллоҳ таолодан келтирилган рисолатини, даъватларини ва Аллоҳ таолодан деб одамларга етказган нарсаларини тасдиқлаган бўлади. Шунингдек, ким Аллоҳ таолони тасдиқласа, Аллоҳнинг ягоналиги ва илоҳлигига шоҳидлик берувчи барча махлуқотларни тасдиқлаган бўлади. Бу Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг битта тасбеҳ ёки таҳлил билан хутба жоиз, деган қарашларини қувватлайди. Аслида улар (тасбеҳ ва таҳлил) қисқа сўз. Лекин агар тафсир қилинса, муфассал баён қилинса, узун хутбага айланади. Валлоҳу аълам!
Агар: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» номи билан умматнинг бошқа кишиларидан афзал бўлган, агар мўминлардан бошқа бирортаси ушбу номга лойиқ бўлганида, у киши бу фазилат ила хосланмас эди», дейилса, бунга шундай жавоб берилади:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» деб аталган. Бошқа саҳобалар ва мўминлар ичида шу ном хосланган. Бу хосланиш у кишининг уммат орасидаги хусусияти эътиборидандир. Бошқа мўминлар бутун Ер аҳли орасида «сиддиқлар» деб номланганлар. Бироқ Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан қиёсланса, улар бундан истисно. У киши улар орасида бу ном билан хосланган. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларга таққосланса, ундай эмас. У кишининг афзаллигининг маъноси шу. Афзаллик қиёсланганида маълум бўлади.
У зот розияллоҳу анҳуга тегишли ушбу хослик ҳам эътиқод, ҳам муомала учун бўлиши мумкин. Бошқа мўминлар фақат эътиқод туфайли «сиддиқлар» дейилган. Икки иш (эътиқод ва муомалот)ни тўла-тўкис бажарган киши бир ишни тўлиқ бажарган кишидан афзал бўлади.
Айрим муфассирлар Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва Раббилари ҳузуридаги шоҳидлардир» деган сўзини (исмий гапда) эга қилган ва «ана ўшалар, сиддиқлардир» сўзларидан ажратганлар. Айримлар уларнинг ораларини ажратмай, бир-бирига боғлаган. Ким уларни алоҳида жумла деб ажратган бўлса, Аллоҳ таолонинг:
«Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!» (Нисо сураси, 41-оят) оятига биноан «гувоҳлар»лардан мурод пайғамбарлардир», деган бўлади.
Кейин уларга ажр ва нур борлигининг хабарини берган. Ким (бу жумлаларни ажратмай) ўқиса, «мўминлар одамларга гувоҳдирлар», деган бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи худди шунга ўхшайди:
«Сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз учун...» (Бақара сураси, 143-оят).
Аллоҳ таоло мўминларни бошқа умматларга «гувоҳлар» деб номлади. Валлоҳу аълам!
Мўътазилийларнинг ушбу оятга ҳам осилган жойи бор. Улар: «Агар Аллоҳ таоло мўминларни мутлақ ҳолда зикр қилса, ортидан уларга ваъда қилган иззат-икромлар, улкан савоб-мукофотларни зикр қилади. Агар уларни гуноҳ-жиноятлари билан зикр қилса, улар учун тахдид, азобни зикр қилади», дейдилар. Бунинг кетидан азоб-уқубатлар зикр этилишини банданинг имондан чиққанига далил қиладилар. Лекин бу улар учун далил эмас, чунки У Зот мўминларни улуғлаш муқобилида кофирлар учун жаҳаннамни зикр қилган. Валлоҳу аълам!

20. Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У, худди, ўсимлиги кофирларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайди. Кейинрок бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасиз. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетади. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга нарса эмас.
Аллоҳ таолонинг «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир» деган сўзи тафсирига келсак, бу ва бунга ўхшаш оятларда зикр қилинган нарсалар зоҳирида динсизларга жуда катта таъна-танбеҳ бор. Чунки улар: «Агар дунё ҳаёти ўйин-кулгу, кўнгил эрмагидан иборат бўлса, Аллоҳ нега ўйин-кулгу ва кўнгил эрмагини яратади, ахир Ундан ўзга яратувчи йўқ бўлса?», дейдилар ва шу жиҳатдан таъна қиладилар. Шунингдек, уларнинг яна оятлар маъноси бир-бирига зид деган даъволари ҳам бор. Зеро, баъзи оятларда шундай дейилган:
«Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб (беҳуда) яратганимиз йўқ» (Духон сураси, 38-оят).
«Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни шунчаки беҳуда яратган эмасмиз» (Сод сураси, 27-оят).
Ушбу ва бошқа оятларда эса: «Албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмагидан иборат», дейилган.
Биз айтамизки, ушбу оятнинг бир неча маънолари бор. Биринчиси, гапда сўзларни яшириш билан бирга олдин-кейин ҳам келтириш қоидаси ишлатилган. Аллоҳ таоло гўё шундай демокда: «Билингларки, дунё ҳаёти, унинг зийнати, фахрланишда бир-биридан ўзиш, (баъзи нарсаларнинг) кўплиги билан ғурурланиш, ўйин-кулгу, одамлар зийнатланадиган беҳуда нарсалар билан чалғиш, уларнинг бола-чақа, мол-мулк билан фахрланишлари, кўнгил эрмаги ва ўйин-кулги бўлган нарсалар худди ниҳолларни ундирган ёмғир кофирларни ажаблантиришига ўхшайди. Сўнгра у ўсимлик оятда зикр қилинганидек, қуриб фойдасиз ҳолатга келади. Дунё ҳаёти ҳам шунга ўхшайди». Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, «Албатта, дунё ҳаёти сизлар тутган ва ўйлаган қарашга кўра, бу дунёдан кейин қайта тирилиш ва бошқа ҳаёт йўқ бўлса, уни яратиш беҳуда иш ва ўйин бўлар эди». Агар улар ўйлаганидек бўлса, дунё ҳаёти фақат йўқотиш ва ҳалок қилиш учун яратилган бўлади. Мустаҳкам бинони айнан йўқ қилиш учун қуриш эса аҳмоқлик, эсипастлик ҳисобланиб, беҳикмат иш бўлар эди. Аллоҳ таоло айтади:
«Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни шунчаки беҳуда яратган эмасмиз. Бу (беҳуда яратилган деган гап) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир» (Сод сураси, 27-оят).
Уларнинг гумони шуки, бу дунёдан кейин қайта тирилиш ҳам, ҳаёт ҳам йўқ. Уларнинг гумонига кўра, дунёни яратиш ўйин ва беҳуда ишдир. Тавҳид аҳлининг наздида эса дунё ҳаёти ҳикмат, ҳақиқат ва тўғриликдир. Динсиз (даҳрий)лар наздида эса дунё ҳаёти беҳуда ва ботил нарсадир. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло уларнинг гапларини ушбу сўзи билан рад этган:
«Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!» (Муъминун сураси, 115-оят).
Аллоҳ таолонинг «Албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмагидан иборат» деган сўзининг маъноси шундай бўлиши ҳам мумкин: «Агар дунё ҳаёти охират ҳаёти билан қиёсланса. ўйин ва кўнгил эрмаги бўлиб қолади». Чунки дунё қисқа муддатда фонийлик, тугаш ва завол топишга маҳкум, охират эса абадийлик, боқийликка қурилган. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида ўз ифодасини топган:
«Айтинг: «Дунё лаззати қисқадир. Тақволи кишига эса, охират яхшидир» (Нисо сураси, 77-оят).
Чунки охират боқий, дунё эса фонийдир. Ёки бундай деймиз: Албатта, дунё ҳаёти фақат шу дунё учунгина бўлса, у ўйин, кўнгил эрмаги бўлади. Яъни ким дунё ҳаётини шу дунё учунгина яратилган деб ҳисобласа, уни ўйин ва кўнгил эрмаги деб билади. Ким дунё ҳаётини охират учун зоди роҳила ва унинг учун восита қилиб олса, бу унинг учун ўйин эмас. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Уларнинг бу дунёда (риёкорлик билан) қилган эҳсонлари изғиринга ўхшайди: ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилур» (Оли Имрон сураси, 117-оят).
У Зот дунё учун қилинган инфоқнинг изғиринга ўхшашини хабар берган. Дунёда охират учун қилинадиган нафақа ҳақида эса шундай деган:
«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва (чексиз) билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У, худди, ўсимлиги кофирларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайди» деган сўзи тафсирига келсак, ундаги чигаллик шуки, бу ўсимликлар айнан кофирларни ўзига тортиб, уларни ажаблантирди, дейилмокда. Ҳолбуки, ўсимликлар имон аҳлини ҳам ажаблантириши мумкин-ку! Биз айтамизки, кофирларга фақат бу ўсимликларнинг ташқи кўриниши ва уларга қараб, роҳатланиш ёқади. Бироқ уларнинг моҳиятида нима яширингани, оқибат (охират) учун қандай манфаатлар уларга жо қилинганини кўра олмайдилар. Балки уларнинг зоҳирига қарайдилар, холос. Мўминларни эса ўша ўсимликларнинг оқибатдаги манфаати ажаблантиради. Шунга кўра, уларнинг қарашлари фақат зоҳирига назар солишдан иборат бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло кофирларнинг инфоқини бир қавмнинг изғирин уриб кетган экинига ўхшатди. Чунки улар инфоқ-эҳсон қилиш билан сарфлашнинг ўзидан бошқа нарсани кўзламайдилар. У Зот имон аҳлининг қилган инфоқ-эҳсонини эса «Ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарадиган» донга ўхшатган. Чунки мўминларнинг инфоқ-эҳсон қилишдан мақсадлари инфоқнинг ўзи эмас, унинг оқибатидир.
Кофирлардан мурод деҳқонлар бўлиши ҳам мумкин. Луғат аҳлидан айримлари шундай шарҳлаганлар. Бу Аллоҳ таолонинг:
« ...деҳқонларни ажаблантирадиган...» (Фатҳ сураси, 29-оят) деган сўзига ўхшайди. Ушбу таъвилга кўра, у барчага тегишли бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Охиратда эса, қаттиқ азоб бор» деган сўзининг маъноси бундай: «Дунёни охират учун захира ва восита қилмай, ўйин-кулгу, кўнгил эрмаги қилиб олган, ўзаро фахрланиш, (матоҳларнинг) кўплиги билан ғурурланишга айлантирган анави кимсаларга (охиратда) қаттиқ азоб бор».
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳдан мағфират ва розилик бор», деган сўзидаги хушхабар дунё ҳаётини охират учун восита қилиб олган, назар солиш, тафаккур ва мулоҳаза юритиш учун уларга баён этган оятларни англаган, уларни ўз ўрнига қўйган мўминлар учундир. Валлоҳу аълам!
«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга нарса эмас» ояти Аллоҳ таолонинг «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмагидан иборатдир» деган сўзи борасида зикр этганларимиздек таъвил қилинади.
Имомул ҳуда - ҳидоят имоми (Аллоҳ ундан рози бўлсин,) Аллоҳ таолонинг «Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга нарса эмас» деган сўзи борасида шундай деган: «Албатта, дунё ҳаёти ва уни (инсон) ўз фойдаси учун, уни яратиш, пайдо қилишдан кўзланган мақсадни назарда тутиб яхши кўрса, бу ғурур эмас, ҳикмат, ҳақиқат ва сурурдир. Аммо уни устун қўйиб, бошқа (нарсалар)га восита бўлгани учун яхши кўриш, уни яратиш ва пайдо қилишдан кўзланган мақсаддан бошқа йўлда ишлатиш - алданиш, ўйин ва кўнгил эрмагидир. Чунки ким бир нарсани яхши кўрса, уни кўпайтиради, ўзи учун сақлайди, талафот етишидан, зое бўлишидан асраб-авайлайди. Зарурат вақти ва ҳожати тушадиган кун учун олиб қўяди. Шунга кўра, ким дунёни ўзига фойдаси тегиши учун тўпласа, яхши кўрса ва изн берилган ва буюрилган йўлда ишлатса - бундан мақсад уни охират учун захира ва восита қилишдир - агар мана шуни англаса, Аллоҳнинг ҳузурида муҳтожлик вақти (охират) ни ўйлаб, уни кўпайтиради. Ким охират учун уни яхши кўриб, шу мақсадда ихтиёр этса, бу ғурур ҳам, ўйин ҳам эмас, балки сурур ва шодликдир. Кимки уни бошқа мақсадда талаб қилиб, яратиш, пайдо қилишдан (кўзлангани эмас, балки) бошқа мақсадда ишлатса, айтилганидек, ғурур ва ўйин бўлади». Демак, Аллоҳ таолонинг «Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга нарса эмас» деган сўзининг маъноси бандалар қандай мақсадда уни ихтиёр этишлари ва яхши кўришларига қараб, турлича бўлади. Аллоҳ таоло биз учун ушбу неъматларни яратиб, шундай деган:
«У шундай Зотки, сизлар учун ердаги барча нарсаларни яратди» (Бақара сураси, 29-оят).
«У Ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйсундирди» (Жосия сураси, 13-оят).
Бунга енгил санаш ва беписандлик билан эмас, улуғлаш ва ҳурмат ила қараш лозим. Кўрмайсизми, ердаги подшоҳлардан бири кимнидир бирор нарса билан икром қилса ва унга бирор ҳадя берса, сўнг берган ҳадясини менсимаганини билса, ҳадяни олиб қўйиб, таҳқирлайди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг неъматини беписандлик билан эмас, улуғлаб, қадрлаб, чиройли қабул қилиш лозим.
Шунингдек, одамлар иккига бўлинади. Биринчиси, дунё неъмати, уни жамлаш ҳамда уни Аллоҳ таоло ҳузуридаги муҳтожлик ва эҳтиёж кунига захира ҳамда озиқа қилишга рағбат этувчи одам. Иккинчиси, Аллоҳ таолога ибодатда камчиликка йўл қўйиш ва Унинг ҳақларини бажара олмай, машғул бўлиб қолишдан қўрқиб, дунё неъматидан юз ўгирган киши. Яъни дунё неъматлари уни Аллоҳнинг ҳақларини адо қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларда у зотга (чинакамига) эргашишдан тўсади. Унинг учун Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламда гўзал намуна бордир.
Аммо ким дунёни ва ундаги Аллоҳ таоло яратган неъматларни енгил санаб ва беписандлик билан тарк этса, у Аллоҳ таолонинг неъматларини арзимас санаган жоҳил, дунё нима учун яратилганидан ғофил кимсадир. Бу ҳам, дунёни дунё учун талаб қилган кимса ҳам ёмонлангандир, уни ўз фойдаси учун охиратга озиқа ўлароқ талаб этганлар ва (Аллоҳга қурбат мақсадида) ундан зухд қилганлар эса мақталгандир. Валлоҳу аълам!
«Дунё муҳаббати ҳар бир гуноҳнинг бошидир»(Байҳақий «Аз-Зуҳд» китобида келтирган.) деган ривоят ҳам ана шу маънодадир. Ким дунёни (Аллоҳга розилигидан) бошқа нарса учун восита қилиб, уни яратишдан кўзланган мақсаддан бошқа нарса учун яхши кўрса, у учун дунё ҳар бир гуноҳнинг боши бўлади. Ким уни (ҳалол йўлда) ўз фойдаси учун яхши кўриб, охират учун озиқа қилса, дунё унинг учун ҳар бир яхшилик ва тоатнинг боши, асоси бўлади. Валлоҳу аълам!

21. Раббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннат учун мусобақалашинг. Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Аллоҳ азза ва жалла «Раббингизнинг мағфиратига... мусобақалашинг» деган сўзида шундай демоқда: «Мол тўплаш ва фарзандларни кўпайтириш учун эмас, Раббингиз мағфирати ва Унинг жаннати учун ўзаро мусобақа қилинг». Кофирлар дунёда мол-дунё йиғиш, улар билан фахрланиш, кўпайтиришда мусобақа қиладилар. Бас, У Зот имон аҳлига шундай демокда: «Сизлар Аллоҳнинг мағфирати ва жаннати талабида ўзаро мусобақа қилинглар». Валлоҳу аълам!
Оят «Мағфират қилинишингизга сабаб бўладиган амалларда вафотингизга қадар бир-бирларингиз билан мусобақа қилинглар», деган маънода бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалла «...кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннат...» деган сўзида жаннатнинг кенглигини зикр қилган. Чунки «кенглик» бир нарсанинг мўл-кўллигини айтишда қўлланади. У Зот жаннатдаги кенгчиликни зикр қилиб, шундай деган:
«Кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир» (Воқеа сураси, 32-33-оятлар)
«У жойда кўнгиллар тусайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир» (Зухруф сураси, 71-оят). Жаннатдаги кенглик ва кенгчилик ҳақида шунга ўхшаш бошқа оятлар ҳам бор. Валлоҳу аълам!
Сўнгра, жаннатнинг кенглиги осмонлару ер орасича деб зикр қилиниши, унинг кенглигини осмонлару ер орасича деб аниқ чегаралаш эмас, балки инсонлар тасаввурида бу иккисининг орасичалик кенгроқ нарса йўқлиги учундир. Бу У Зотнинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Модомики (охиратдаги) осмонлар ва ер бор экан, (улар) у ерда мангудирлар» (Худ сураси, 107-оят).
Зеҳнларда улар (осмонлар ва ер)дан кўра кўпроқ турувчи ва давомли нарса йўқлиги сабаб унинг давомийлиги зикр қилинган, лекин у иккиси (осмонлару ер) фонийдир.
У Зотнинг «...кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннат...» деган сўзи «Осмону ернинг барчаси улар учун жаннатга айланади», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. У Зот жаннатни кенглик билан васф қилган, дўзахни эса торлик билан васф қилиб шундай деган:
«Қачонки, кишанланган ҳолларида унинг тор жойига ташланганларида, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тилаб қолурлар» (Фурқон сураси, 13-оят).
Дўзахнинг белгиланган миқдордан зиёда бўлишида азобланувчига етадиган фойда йўқлиги учун у тор қилиб қўйилди. Жаннатнинг ҳожат миқдоридан зиёда бўлишида эса лаззат, сурур ва манфаат борлиги учун у кенг қилинган. Валлоҳу аълам!
Сўнгра, жаннатни Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб қўйганини хабар берди. Аллоҳга имон Унинг ягоналиги ва илоҳлигига гувоҳлик берадиган барча нарсани, пайғамбарларига имон келтириш эса уларнинг Аллоҳ таолодан келтирган барча хабарларини тасдиқлашдир. Гуноҳи кабира қилган инсон мазкур нарсаларни тасдиқлар экан у мўмин-дир. Бу мўътазилийларга қарши ҳужжатдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради» деган сўзига келсак, оят шунга далолат қиладики, У Зот бандаларига берадиган савоб Унинг фазлидир, гарчи уни ажр-мукофот деб атаган бўлса ҳам. Чунки Аллоҳ таолодан уларга шунчалар кўп яхшиликлар ва неъматлар ато қилинганки, одамнинг умри қанчалик узоқ бўлиб, қиладиган амаллари ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир энг кичик неъматнинг ҳам шукрини адо эта олмайди. Шундай бўлгач, инсон қандай қилиб қилаётган бу амаллари эвазига мукофот ва савоб талаб қила олади? Лекин У Зот бу амалларга Ўзининг фазли марҳамати ила савоб ва мукофот ато этади. Тавфиқ Аллоҳдандир!

22. Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир.
Яъни қандай мусибат бўлса, уни Китобда зикр қилган. Ўша китоб бу мусибатларни пайдо қилишидан, яъни яратишидан олдин бўлган. Зеро, яратилишидан олдин мусибатларнинг айнан ўзи китобда бўлиши мумкин эмас. Демак, бундан Китобда мусибатлар зикри бор деган маъно келиб чиқади. Қуйидаги оят бунга мисол бўлади:
«...ва Қуръонда лаънатланган дарахтни...»(«Биз Сизга кўрсатган тушни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни одамлар учун фақат синов қилдик» (Исро сураси, 60-оят).) (Исро сураси, 60-оят). Қуръонда ўша дарахтнинг айнан ўзи эмас, балки унинг зикри келган.
Қуйидаги ҳадисда келтирилган ривоят ҳам мана шу маънода тушунилади. У зот алайҳиссалом: «Қуръон билан душман ерига сафар килишдан қайтардилар». Яъни у зот алайҳиссалом ичига Қуръон ёзилган нарса билан сафар қилишдан қайтарганлар. Лекин ўша мусҳафдаги нарса айни Қуръоннинг ўзи эмас эди. (Оятда) зикр қилинган мусибатлар ҳам ана шундай. Бу ҳақиқат эмас, мажозга кўра бўлади. Валлоҳу аълам!
У Зотнинг «(Бирор мусибатни) пайдо қилмасимиздан олдин...» деган сўзи борасида ихтилоф қилинган. Баъзи муфассирлар: «Уша мусибатларни яратишдан олдин», деган. Улардан айримлари: «Шахслар ва Ерни яратишдан олдин», деганлар. Аввалгиси зоҳирроқдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир» деган сўзи икки хил маънодадир. Биринчиси, халойиқнинг молу жонларига кўп мусибатлар етказиш Аллоҳга ҳеч бир қийинчилик туғдирмайдиган осон иш. У Зот ердаги подшоҳларга ўхшамайди. Чунки мулозим ва хизматкорларига мусибат етиши улар учун оғир бўлади. Зеро уларнинг барқарорлиги мулозимлар ва хизматкорлар сабаблидир. Подшоҳлар учун уларда манфаат бор. Аллоҳ таоло эса Уз Зоти билан олийдир. Махлуқотларнинг боқий қолиши, кетиши ва фоний бўлишида Унга ҳеч қандай зарар йўқ. Шунинг учун бу иш У Зот учун осондир.
Иккинчиси, ҳали бўлмаган, яратилмаган нарсаларни битиш, бў-лишидан олдин уни билиш Аллоҳ учун осон ва енгилдир. Бу оятда У Зот ҳар бир нарсанинг ўз вақтида бўлишини азалдан яхши билувчи эканини, бирор нарсанинг яратилиши ва юзага чиқишидан олдин билиш Унинг учун машаққат ва қийин эмаслигини, лекин бу иш халойиққа қийин ва машаққат эканини хабар бермокда. Валлоҳу аълам.
Оятда бандаларнинг феълларини яратишига далил бор. Чунки «мусибатлар» сўзи халойиқнинг касби билан бўлган ҳамда уларнинг касби билан бўлмаган нарсаларга ҳам ишлатилади. Сўнгра, Аллоҳ таоло у (мусибат)ларни яратишни мутлақо Узига нисбат бериб: «Уни пайдо қилмасимиздан олдин» деган. Бу оят эса бандаларнинг феълларини Аллоҳ таоло яратганини билдиради. Халойиқнинг қўллари билан етадиган нарсани Аллоҳ таоло «мусибат» деб номлаганига қарамайсизми? У Зот шундай деган:
«Айтинг: «Сизлар биз учун икки хайрли ишдан бири (бўлиши)ни кутмоқдасиз. Биз ҳам сизлар учун Аллоҳнинг Ўз ҳузуридан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга (етадиган) бирор мусибатни кутмоқдамиз» (Тавба сураси, 52-оят)
Бошқа оятда шундай амр қилган:
«Улар (Макка мушриклари) билан урушингиз, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлларингиз билан азоблайди...» (Тавба сураси, 14-ояти).
Мўътазилийлар айтади: «Халойиқнинг касби бўлмаган ишларда [асобанаа казаа] - «бизга шундай мусибат етди», дейилади. Халқнинг касби бўлган нарсаларда эса [асобнаа] - «мусибатга дучор бўлдик», дейилади». Лекин бу гап фосиддир. Чунки сенга (бошқа биров томонидан) етган ҳар бир нарса ҳақида [асобтаҳу] дейиш, сен ўзинг қилган нарса ҳақида [асобака] дейиш жоиз. Чунки сенга нима етса, сен унга дучор бўлган бўласан. Бу луғат эътиборидан жоиздир. Валлоҳу аълам!

23. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун. Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун» деган сўзининг тафсири шуки, Аллоҳ таоло халойиқнинг табиатига қўлларидан кетган неъмат, бошларига тушган бало-мусибат сабабли маҳзун ва ғамгин бўлиш, қўлга киритган неъматлар туфайли қувнаб, шод-хуррам бўлишни жо қилиб қўйган. Булар инсонларнинг табиатида пайдо қилинган ва яратилгандир.
Неъмат кетганида қайғуга тушиш ва маҳзун бўлиш, неъмат етганида хурсанд бўлиб, қувонишдан қайтариш бир неча маънода тушунилади. Биринчиси, валлоҳу аълам, У Зот айтмокдаки: «Қўлларингиздан кетган нарсага кўп ҳам қайғу чекиб, маҳзун бўлманглар. Бу сизларни Аллохдан шикоят қилишга олиб боради». «...Келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун», яъни жуда кўп хурсанд бўлиб, севиниб кетманглар. Бу сизларни туғёнга ва душманчиликка ундайди. Бу борада ҳадисда шундай дейилган: «Аллоҳдан унуттирувчи фаҳирлик ва тугёнга кетказувчи бойликдан паноҳ тилайман». Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, У Зот айтмоқда: «Қўлларингиздан кетган неъматга ғам чекиш ва пушаймонлик билан овора бўлиб, унинг бир неча баробаридан маҳрум бўлманглар». Бундан сабр қилганларга ажр-мукофот ваъда қилингани маълум бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби:
«Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. Сабр қилувчиларга хушхабар беринг» (Бақара су-раси, 155-оят).
Сўнг яна, шундай деб марҳамат қилган:
«Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 157-оят).
Безовталик ва бесабрлик сизларни У Зот ваъда қилган салавот (мағфират), раҳмат ва ҳидоятдан ҳаргиз машғул қилиб, чалғитиб қўймасин. Шунинг учун: «Мусибат вақтидаги безовталик мусибатнинг ўзиданда оғирроқдир», дейилади. У Зот яна шундай демокда: «Берилган неъматларга ҳаддан ташқари хурсанд бўлиб, қувониб кетишингиз сизларни шукр қилишдан чалғитмасин. Оқибатда зиёдаликдан бенасиб қолманг». Чунки Аллоҳ таоло Узининг ушбу сўзи ила шукр қилинса, неъматларга зиёдаликни ваъда қилган:
«Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят). Валлоҳу аълам!
Учинчиси, У Зот айтмокда: «Кетган нарсага қайғурманглар, балки бу неъматлар кетгунга қадар ўзингиздан ўтган гуноҳ-маъсиятларга қаранглар. У Зот шундай огоҳлантиради:
«Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир» (Шўро сураси, 30-оят).
У Зот айтмоқда: «Кетган нарсага қайғурманглар, балки Аллоҳнинг ҳақларини адо этишда йўл қўйган камчилигингизга назар солинглар ва бу ишдан қайтинглар». Шунинг учун У Зот айтади: «Келган нарсадан хурсанд бўлманглар, балки Аллоҳнинг сизларга ато этган яхшиликларига қаранглар». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун» деган сўзи шундай маънода бўлиши мумкин: «Лекин Аллоҳ сизларни нима билан имтиҳон қилиши ва синашига қаранглар. Зеро, У Зот баъзиларни машаққат ва балолар ила имтиҳон қилиб, бунга сабр қилишга буюрган, баъзиларни эса мўл-кўллик ва фаровонлик билан имтиҳон қилиб, бунга шукр қилишга амр этган. Агар неъматлар кетиб, мусибатларга дучор бўлсангиз, сабр қилинглар, безовталикка тушманглар. У Зотга шукр қилинглар. Неъматга эга бўлганда эса манманлик ва такаббурликка ўтиб қоладиган даражада хурсанд бўлманглар».
Ёки У Зот, кетган нарсага қайғурманглар, демокда. Чунки сизлардан олиб қўйилган нарса ҳақиқатда ўзингизники эмас, бошқаники. Кимда бировнинг моли бўлса ва эгаси уни олиб қўйса, бунинг учун маҳзун бўлиш керак эмас. Келган нарсадан хурсанд бўлманглар, чунки сизларга келган неъмат ҳам ўзингизники эмас, бошқаникидир». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг    [ва лаа тафроҳуу бимаа аатакум] оятидаги [аатакум] сўзи [алиф]ни чўзиб ҳам, чўзмасдан ҳам қироат қилинган. Ким уни мад (чўзиш) билан қироат қилган бўлса, феълни Аллоҳ таолога қайтарган бўлади. Ким чўзмасадан қироат қилган бўлса, Аллоҳ таолонинг [алаа маа фаатакум] сўзига мувофиқ бўлиши учун феълни ўша нарсанинг ўзига чеклаган. Аллоҳ таоло унда [афаатакум] демаган.
Аллоҳ таолонинг «Токи, кетган нарсага қайғурмайсиз» деган сўзининг ҳам бир неча маънолари бор. Биринчиси, мусибатлар кўпинча одамлар қўлида жорий бўлиб, уларга бир-бирлари томонидан етказилади. У Зот: «Токи, кетган нарсага қайғурмайсиз», деди. Яъни бу иш одамлар кўлида жорий бўлмади. Бой берилган нарсани улардан кўрмасинлар, бу адоват ва бир-бирини ёмон кўришга олиб боради. Балки бу ишларни Аллоҳ таоло томонидан ўз такдирларига ёзилган деб билсинлар. Халойиқ қўллари воситасида уларга бериладиган неъматларни ҳам, айтилганидек, одамлардан деб билмасликлари лозим. Акс ҳолда, бу уларни Парвардигорнинг шукрини бажо келтиришдан чалғитиб кўяди. Аллоҳ таолонинг фазли карамидан деб билиб, Унга шукр қилсинлар.
Иккинчиси, маҳзунликдан қайтариш хурсандчиликка амр бўлиши ҳам мумкин. Яъни қўлингиздан кетган нарсага қайғурманглар, аксинча, кетгани учун хурсанд бўлинглар. Чунки ўша нарса улардан кетмаганида (мўминларни) Аллоҳ таолонинг ҳақларини бажариш ва зиммаларидаги фарзларни адо этишдан машғул қилиб қўярди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «...хурсанд бўлманглар...» деган сўзида маҳзунликка амр бор. Гоҳида бир нарса зикр қилиниб, унинг зиддини исбот қилиш назарда тутилиши мумкин. Масалан, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги каби:
«Бу савдолари фойда қилмади» (Бақара сураси, 16-оят), яъни уларнинг тижоратлари зиёнга учради. Аллоҳнинг неъматлари икки маънода қабул қилиниши лозим.
Биринчиси, уларни гўзал қабул қилиш, улуғлаш ва неъмат берувчига шукр қилиш. Зеро, У Зот бу неъматлар билан одамлар қўлидаги нарсалардан тама қилишдан, уларга муҳтож бўлишдан беҳожат қилди. Бу энг буюк неъматлардандир.
Иккинчиси, бу неъматни истидрож ва имтиҳон ўлароқ берган бўлишидан қўрқилади. Зотан, моллар фитна, бало бўлиши ёки бандани зиммасидаги вазифаларни адо этишдан машғул қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, қўлдан кетган нарса учун банда икки жиҳатдан хурсанд бўлади. Агар ўша (қўлдан кетган) нарса, унинг учун истидрож, бало-мусибатга сабаб бўлса, ундан олиб қўйилади. Ёки ўша нарсанинг кетиши туфайли фарз ибодатларни адо этишга мушарраф бўлади. Олдин эса ўша нарса унга тўсқинлик қилаётган эди. Икки жиҳатдан хафа бўлади. Биринчиси, эҳтимол мулкнинг қўлдан кетиши одамлар қўлидаги нарсага муҳтож қилиб қўйиши мумкин. Аввал эса улардан беҳожат эди. Ёки Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби, йўл қўйилган камчиликка жазо бўлиши ҳам мумкин:
«Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир» (Шўро сураси, 30-оят). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло бандалар эришган неъматларни Узига нисбат бериб: «У Зот берган нарсадан хурсанд бўлманглар», деган. Аммо улардан кетган нарсани Узига нисбат бермаган. Яъни у бошқа бир оятда айтилганидек маънодадир:
«Сизга қандай яхшилик етса, у Аллохдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир» (Нисо сураси, 79-оят).
У биз зикр қилган нарса бўлиши, яъни улардан кетган неъматлар хато ва уларнинг бирор камчилиги сабабли бўлиши ҳам жоиздир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас» деган сўзининг (таъвили шуки), У Зот бунинг зидди ва хилофини яхши кўради. [ал-мухтал] - «димоғдор», «мутакаббир» дегани, У тавозеъли ва итоаткор бандаларни яхши кўради. [ал-фахур] - «мақтанчоқ» эса Аллоҳ таоло туҳфа этган нарсаларни кўз-кўз қилиб, одамларга мақтанадиган кимсадир. Берган неъматлари эвазига Узининг бандаларига кенгчилик қилиш ила шукр қилувчи бандани Аллоҳ таоло яхши кўради.
Буларнинг барчаси ўта ношукр кимсанинг сифати бўлиши ҳам мумкин. Гўё У Зот шундай демоқда: «У ўта ношукр кимсани суймайди». Худди «Ҳар бир сабр қилувчи ва шукр қилувчиларни яхши кўради», деганидек. Яъни У Зот мўминни яхши кўради, чунки мўмин мусибатларга сабр қилувчи, Унинг неъматларига шукр қилувчи бўлади. Валлоҳу аълам!

24. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир.
Бу оят Аллоҳ таолонинг «У барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас» деган сўзига узвий боғлиқ бўлиб, унинг тафсири ёки Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи каби, янги гап бўлиши ҳам мумкин:
«(Эй Муҳаммад! Қавмингиз орасида) кофир бўлган кимсалар устига ҳам Раббингизнинг (азоби тўғрисидаги) лафзи мана шундай муқаррар бўлгандир - албатта, улар дўзах аҳлидирлар. Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар...» (Ғофир сураси, 6-7-оятлар). У Зотнинг
[аллазийна яҳмилуунал арша] сўзи алоҳида жумла бўлиб, оятнинг бошланиши билан боғлиқ эмас. «Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар», деган сўзи ҳам худди шундай.
Аллоҳ таолонинг «Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар» оятида айтилган уларнинг бахилликлари бошқа оятда зикр қилинган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Қачонки, уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» - дейилса, кофир бўлган кимсалар имон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзи озиқлантирадиган кишиларга бизлар таом берамизми?» (Ёсин сураси, 47-оят).
Олий мақом ва раёсат ўзларида қолиши учун мўминларга инфоқ қилишдан ёки ўзларига эргашганларга инфоқ қилишдан зиқналик қилишарди. Баъзи таъвил аҳли айтган нарса бўлиши ҳам мумкин: «Бу аҳли китобларнинг бошлиқлари ҳақида нозил бўлган. Улар китобларидаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён этишдан бош тортдилар. Узларига ўхшаганларга, ҳамжинсларига уни беркитишни буюрдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир» деган сўзи маъноси шуки, ким инфоқ-эҳсон қилишдан юз ўгирса, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир. У сизларнинг ибодатингиздан ҳам, сизларни даъват этаётган нарсадан ҳам беҳожатдир. Зеро, У сизларни нимага даъват қилган бўлса, унга эҳтиёжи бўлгани учун даъват этмади. Чунки Аллоҳ Уз зоти ила беҳожатдир. У феъллари ила мақталгандир. Шундай экан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатини рад этишингиз Аллоҳнинг ишини мақтовга лойиқликдан чиқариб юбормайди. Душманларга қилган иши учун У Зот мақталмаган бўлиб қолмайди. Валлоҳу аълам!

25. Дарҳақиқат, Биз пайғамбарларимизни равшан (нарса) лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллох кучли ва азиздир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Дарҳақиқат, Биз пайғамбарла-римизни равшан (нарса)лар ила юбордик» деган сўзи икки хил маънони билдиради. Биринчиси, «Биз пайғамбарларни улар Аллоҳнинг пайғамбарлари эканини баён қилувчи, очиқ-ойдин кўрсатиб турувчи мўъжизалар билан юбордик. Аллоҳ ҳузуридан улар келтирган бу оят-мўъжизалар ўзлари тўкиб чиққан нарса эмас, балки инсон тоқатидан ташқари нарсалардир». Иккинчиси, пайғамбарлар ўзлари келтирган хабарларда ростгўй эканларини, ҳукмларида адолатли эканларини баён қилувчи нарсалар билан, деган маънода. Ёки оят пайғамбарлар одамларга нима фойда, нима зарар эканини баён қиладиган кўрсатмалар (билан юборилди, маъносида бўлиши ҳам мумкин).
Аллоҳ азза ва жалланинг «ва улар ила китоб ҳамда одам-лар адолатда туришлари учун мезон туширдик» деган сўзи тафсирига келсак, У Зот бошқа бир оятда шундай деган:
«Аллоҳ чиндан ҳам Китобни ва тарози (адолат)ни нозил қилган Зотдир» (Шўро сураси, 17-оят).
«Мезон» сўзи одамлар ўртасидаги ҳақлар тўла-тўкис адо қилинадиган ҳаммага маълум тарозилар бўлиши мумкин. Улар орасидаги молларга тегишли ҳақлар ва уларнинг чегара-миқдорлари улар билан бекаму кўст адо этилади. Агар шу нарса ирода қилинган бўлса, У Зот шундай демоқда: «Ва улар ила китоб юбордик. У билан дин ва унинг чегаралари муҳофаза қилинади, ва мезон (ҳам юбордик), у билан молларнинг чегара-миқдорлари муҳофаза қилинади, муайян ҳақ зиёда ҳам, кам ҳам қилинмайди». Валлоҳу аълам!
«Мезон»дан мурод ҳикмат бўлиши ҳам мумкин. Зеро, уни «Китоб»нинг изидан зикр қилган. Масалан, У Зотнинг ушбу сўзи каби:
«Унга Китоб ва ҳикматни таълим беради» (Оли Имрон сураси, 48-оят).
Аллоҳ таоло (оятда), валлоҳу аълам, шундай демокда: «Улар билан бирга Китоб ва ҳикматни нозил қилдик». Китоб амаллар ва сўзлар чегарасини муҳофаза қилади. Ҳикмат одамлар орасида адолат ўрнатадиган нарсадир. Ёки Китобга жо қилинган маънолар ҳикмат бўлади. Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) Аллоҳ таолонинг «Унга Китоб ва ҳикматни таълим беради» ояти ҳақида: «У Китоб ва ҳикмат битта нарса», деган.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...одамлар адолатда туришлари учун» деган сўзи ҳам икки хил маънодадир. Биринчиси, У Зот одамлар зиммасига адолат ўрнатишни мажбурият сифатида юклаш учун Китоб ва мезонни туширди. Китоб ва мезонни тушириб, ҳадлар-чегараларни баён этиш билан уларга риоя этишни мажбурият қилиб юклади. Иккинчиси, зикр қилинган нарсалар (Китоб, мезон)ни одамлар адолатда туришлари учун нозил қилди. Бундан адолатни барпо қилувчилар мавжудлиги назарда тутилади. Агар оятдан мавжудлик ирода қилинган бўлса, бу махсус инсонларга тегишли бўлади. Агар у лозим қилиш маъносида бўлса, барчага тегишли бўлади. У Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи кабидир:
«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Агар оятдан ибодат мавжудлиги маъноси назарда тутилган бўлса, хос одамларга тегишли бўлади. У Зотнинг «фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина» деган сўзидан «уларни буюришим ёки уларга лозим қилишим учун» деган маъно ирода қилинса, у ўз ичига барчани қамраб олади. Чунки уларни амр қилиш, маълум масъулиятни уларга мажбурият сифатида юклаш учун яратган. Ҳақиқатан, уларга амр этди, (маълум бир ҳукмларни) бажаришни лозим қилди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор» деган сўзи тафсирига келсак, Аллоҳ таоло бошқа нарсалар орасида темирга катта куч-қувват ато қилгани учун уни хослаб зикр қилди. Аслида, ҳимояланиш, санчиб тешиш, зарба бериш, урушлар ва жангларда (душманга) зарар етказиш учун қўлланиладиган бошқа нарсалар ҳам бор. Шунга қарамай, икки сабабга кўра айнан темир зикр қилинган:
Биринчиси, тешиш, ўткирлик ва жароҳат етказиш хусусияти бошқа нарсаларда ҳам бор, лекин бу борада темир мукаммалдир. Шу сабабли одамлар ундан жанговар ва ҳарбий қурол сифатида фойдаланишга одатланганлар. Ана шу жиҳатдан унда куч-қувват кўпроқ бўлади. Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига биноан (темирдан) совут ясаб, ҳимояланилгани учун (хослаб) зикр қилинган:
«Унга (Довудга) сизларга зиён етишдан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик» (Анбиё сураси, 80-оят). Шунинг учун темирни хослаб келтирган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «...ва одамлар учун манфаатлар (бор)» деган сўзига келсак, Аллоҳ таоло темирга бошқа нарсаларда бўлмаган фойдаларни жо қилиб қўйган. Ундан (танани) ҳимоя қиладиган, тўқиладиган бошқа нарса чидаш бермайдиган пойабзаллар ва бошқа нарсалар ясалади. Шунингдек, бошқа меҳнат турлари, тижорат, зироат, қурилиш ишлари ва одамларнинг бошқа эҳтиёжлари ҳам темирга суянади. Яна унда синовларга тегишли хусусият ҳам бор. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи билан баён этилган жанг фарз қилинганида ошкор бўладиган ҳақиқий имон эгасининг содиқлиги ва шубҳа қилувчининг мунофиқлигидир:
«Уларга жанг фарз қилингач эса, бир қисми худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам кўпроқ одамлардан қўрқа бошладилар» (Нисо сураси, 77-оят). Ва шу каби бошқа оятлар.
Жангларда ёлғончидан ростгўй ажралади. Албатта, бу темир иштирокида юзага чиқади. Демак, у синов ва бошқа манфаатлар борасида хосланган. Ҳатто ҳаётдаги бирор иш усиз ўз ўрнига тушмайди. Шунинг учун ҳам у алоҳида зикр қилинган. Валлоҳу аълам!
Таъвил аҳли айтади: «У Зот осмондан болға, сандон ва ом-бурни туширган». Бизнингча, «осмондан тушириш» ўзининг ҳақиқий маъносида эмас. Аллоҳ таолонинг «Ва темирни ту-ширдик» деган сўзи «Яратдик» деган маънони билдиради. Бунга У Зотнинг ушбу сўзи мисол бўлади:
«Ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди» (Зумар сураси, 6-оят). Яъни уларни яратди. Аллоҳ таоло айтади:
«Сизларга авратларингизни беркитадиган либосни туширдик» (Аъроф сураси, 26-оят).
Маълумки, либос қандай бўлса, шундайлигича осмондан туширилмаган, бироқ оят: «У Зот сизларга либос қилиб яратди», деган маънодадир. Бу (темир) ҳам худди шундай.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ ким Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун» ояти (тафсирига келсак), У Зотнинг «Ким Ўзига ёрдам бераётганини...» деган сўзи «Унинг динига» маъносидадир. Ёки ёрдамни Ўзига нисбат бериб, Расули - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларига ёрдамни ирода қилган. Пайғамбарларга ёрдам бериш аввало улар буюрган кўрсатмаларни қавмларига етказиш билан бўлади. Улар эса бу йўлда ёрдам бериб, уларни қўллаб-қувватлайдилар. Аллоҳнинг динига ёрдам бериш эса уни халойиқ орасида изҳор этиш, унинг аҳлини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам беришдир. Мана шу маънода бўлиши эҳтимоли бор. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам шу маънодадир:
«Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур» (Муҳаммад сураси, 7-оят). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло ёрдамни Узига изофа қилишидан имон аҳлига ва уларнинг динларига ёрдам бериш ирода қилинган бўлиши мумкин. Зеро, улар бундан манфаат оладилар. Ушбу фойда ва кўмакка улар ноил бўладилар. Лекин У Зот Ўз фазлу карами билан буни «ёрдами» деб атаб, Ўзига нисбат берди. Бу улар ўзлари учун қиладиган амалларига савоб ваъда қилиб, бунинг эвазига ажр-мукофот беришни айтганига ўхшайди. Гўё улар амалларни У Зот учун қилаётгандек бўлсада, аслида, амаллардан уларнинг ўзлари манфаат кўрадилар. Уларга фақат ўзлари муҳтождирлар. Шу эътибордан, улар ўзлари учун қилган амалларини Аллоҳ таоло «ёрдам» деб атаган бўлиши мумкин. Агар бу ёрдам улар учун бўлса ҳам, аслида У Зот барчанинг ёрдамчисидир. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Агар сизларга Аллоҳ мадад берса, ҳеч ким сизларга ғолиб бўлмас» (Оли Имрон сураси, 160-оят).
У Зот агар уларга ёрдам берса, уларга Аллохдан ўзга ғолиб йўқ эканини хабар бермоқда. Агар ўз ҳолларига ташлаб қўйса, У Зотдан бошқа ёрдам берувчи йўқ. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ ким Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун» деган сўзи ҳам икки хил маънони билдиради. Биринчиси, Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми билан (расулларига) ким ёрдам беришини билган бўлса, уни ёрдам берувчи ҳолида билиши учун. У Зот ғайбда (ҳали рўёбга чиқмасдан) ким мавжуд бўлишини билган бўлса, уни мавжуд ва воқеликка чиққан ҳолида билиши учун, деган маънода. Узгариш (Аллоҳнинг) илм(и)да эмас, билинган нарсада бўлади. Иккинчиси, илм билан маълум (билинган нарса)ни ирода қилган, бу луғатда ҳам жоиздир. «Илм» ва «феъл» сўзларини зикр қилиб, маълум (билинган) ва мафъул (қилинган) нарсани назарда тутган. Масалан, [ас-солаату амруллоҳ] - «Намоз Аллоҳнинг амридир», дейилади. Бундан намоз Аллоҳнинг амри (иши) эмас, балки У Зотнинг амри (буйруғи) билан, деган маънода тушунилади.
Аллоҳ азза ва жалла «Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир» деган сўзидан мурод шуки, У Зот курашиш ва ёрдам бериш каби амрларини Узининг эҳтиёжи учун буюрмаган. Қайси ўринда ёрдам ва кўмак сўзларини ишлатган бўлса, улар (бандалари)дан Ўз манфаати учун фойдаланишни ирода қилмаган. Бу билан Ўзи учун азизлик касб қилмоқчи ҳам бўлмаган. Зеро, У Зоти ила кучли, Зоти ила азиз эканини хабар берди. Лекин нимани буюрган бўлса, уларга қандай амал қилишни таклиф этган бўлса, барчаси (бандалар) ўзларига ёрдам беришлари, ўзларининг қувватлари учундир. Валлоҳу аълам!

26. Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарликни ва китобни икковларининг зурриётига хос қилдик. Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
Аллоҳ таоло оятда Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломни зикр қилиб, икковларининг зурриётини китоб ва нубувватга мушарраф этганини хабар қилди. Бошқа пайғамбарларнинг ҳаммасини Ўзининг ушбу сўзида зикр қилиб: «Дарҳақиқат, Биз пайғамбарларимизни равшан (нарса)лар ила юбордик» (Ҳадид сураси, 25-оят), деган. Нуҳ ва Иброҳим алай-ҳимуссалом ҳам Аллоҳ таолонинг «Дарҳақиқат, Биз пайғамбарларимизни равшан (нарса)лар ила юбордик» деган сўзи замирига кирадилар. Сўнг улардан, яъни қавмидан ҳидоят топганлар борлиги ва уларнинг кўпчилиги фосиқлар эканини ушбу оятда зикр қилган:
«Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир». У Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган пайғамбарларнинг қавмидан уларга эргашганлар ҳидоят топганининг хабарини бермоқца. Ораларида уларга эргашмай, Аллоҳнинг амридан чиққанлар ҳам бор бўлиб, улар фосиқ бўлганлардир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломни сабрга чақириб, қалбларига таскин бўлсин учун айтмокдаки, «Худди сизнинг қавмингиздаги каби ўтган пайғамбарлар қавмида ҳам ўз пайғамбарлари даъватини қабул қилганлар ҳам, қабул қилмаганлар ҳам бўлган. Яъни сиз ёлғончига чиқарилган, ўжарлик ва қайсарлик ила сўзи рад этилган биринчи пайғамбар эмассиз». Аллоҳ ҳидоят берувчидир.

27. Сўнгра уларнинг ортидан пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини талаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан имон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир.
«Сўнгра уларнинг ортидан пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик» деган сўзида Аллоҳ таоло икковлари (Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссалом) зурриётларини нубувват ва китоб ила сийлаб, улардан расуллар юборганининг хабарини берган. Биринчи оятда икковларининг зурриётларига нубувват ва китоб ато қилганини зикр қилган, рисолатни зикр қилмаган эди. Ушбу оятда эса улар ва зурриётлари орасида рисолатни ҳам зикр қилган. Яъни пайғамбар ортидан пайғамбар юбордик ва бири ортидан бошқасини эргаштирдик, деди. [қоффайнаа] сўзи [қофаа, яқфуу] феълидан олинган. Сўнг улар ортидан Исо ибн Марямни юборганини зикр қилди. Чунки Исо алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссалом авлодидандир. Кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. У зот эса Исмоил алайҳиссалом авлодларидандир. Баъзи таъвил аҳли [қоффайнаа] сўзи «кетма-кет юбордик» деган маъно англатишини таъкидлаганлар. [қоффайту фулаанан] дейишади. Бу ибора «фалончини тайинладим ва номладим», деган маънода.
[қофавтуҳу, ақфууҳу қофван ва қуфувван, иқтафайту биҳи] сўзлари «уни лозим тутдим» деган маънони билдиради.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик» деган сўзида Аллоҳ таоло пайғамбарларга эргашганлар ва уларга имон келтирганларни ўзаро меҳрибонлик ва раҳмдиллик билан сифатлаган. Бошқа бир оятда шундай зикр қилган:
«Ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйганини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
«Албатта, имон келтириб, эзгу (иш)ларни қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни пайдо қилур» (Марям сураси, 96-оят).
«...кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисба-тан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ сураси, 29-оят).
«...мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўз-ларини) юқори тутувчи...» (Моида сураси, 54-оят). Шунга ўхшаш бошқа оятлар ҳам бор. Чунки уларни бирлаштирган сабаб - битта, у ҳам бўлса, тавҳид ва Исломдир.
Агар «Қандай қилиб улар ўртасида адоват ва бир-бирини ёмон кўриш рўй берди? Ахир якдиллик сабаби бор-ку? Хорижийлар ва мўътазилийларга ўхшаган тоифалар бир-бирлари билан уруш қилишни ҳалол санаган?» дейилса, бунга шундай жавоб берилади:
«Гарчи бирлашиш сабаби бўлса-да, ораларида шу нарса рўй берди. Чунки бу ошнолик ва меҳрибонлик Аллоҳ таолонинг лутфи билан эди. Ушбу лутф-марҳамат кетди ва кўтарилди. Натижада ораларида нима бўлса бўлди». Ёки айтамизки, хорижийлар кўп нарсаларни ўзларидан тўқиб чиқаришди, ҳатто мусулмон-ларни гуноҳи кабира қилганлари сабабли кофирга чиқариб, улар билан урушдилар ва жанг қилдилар. Мўътазилийлар ҳам гуноҳи кабира қилганларни фосиқ ва фожирлар деб атаб, куфр ва имон орасига даражага қўйдилар. Ким бошқани кофир ва фосиқ деса, шубҳасиз, орада адоват ва нафрат пайдо бўлади. Биз билан улар орасида пайдо бўлган адоват улар бизни гуноҳи кабира туфайли фосиқ, фожир ва кофирга чиқарганидандир. Гарчи наздимизда бирлашиш сабаби бўлса-да. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини талаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан имон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир» ояти (тафсирига келсак), қиссада зикр қилинишича, Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлари орасида Бани Исроилда Таврот ва Инжилни ўзгартирган подшоҳлар ҳукмронлик қилган. Уша даврларда Исо алайҳиссаломга имон келтирган ва китоблардаги нарсаларни биладиган кишилар бор эди. Ҳалиги подшоҳлар ўзларига эргашишдан бош тортганлари ва ўзларининг (эътиқодий) йўналишларида собит бўлганлари учун уларни ўлдирмоқчи бўлганлар. Шунда улар зулмдан қутулиш умидида ажралиб чиқиб, роҳиб бўлиб олганлар. Аллоҳ таолонинг «Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик» деган сўзининг маъноси шуки, «Биз уларга роҳибликни фарз қилмадик, бунга буюрмадик ҳам. Аммо уларга умумий тарзда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ фарз қилинган, битилган эди. Улар эса Аллоҳнинг ризосини умид қилиб, роҳибликни тўқиб чиқардилар». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло «Лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар», оятида, (Аллоҳ таоло) уларнинг ўзларига фарз қилинмаган нарсани тўқиб чиқарганлари хабарини бериб, сўнг унинг ҳақиқий риоясини қила олмаганларини зикр қилди. Узлари тўқиб чиқарган нарсанинг риоясини қилмаганликлари учун уларни мазаммат қилди. Бунда ким ўзига фарз бўлмаган намоз, рўза ва шу каби Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларни бошласа-ю, сўнг уни тўлиқ бажармаса, ҳаққига тўкис риоя қилмаса, уларга етган мазаммат унга ҳам етишига далолат бор.
Аллоҳ азза ва жалла «Бас, улардан имон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир» оятида, аҳли китоблардан имон келтирган ва имонида собит бўлганларга ажрларини ато этганини хабар берди. «Лекин уларнинг кўпи фосиқлардир», яъни кофирлардир, деб таъкидлади. Шунингдек, Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг қироатида [ва касийрун минҳум каафируун] - «Уларнинг кўплари кофирлардир», деб ўқилган. Айтилишича, уларнинг баъзилари роҳиб бўлганларидан кейин роҳибликка сабр қилолмай, бу йўлдан қайтиб, бошқатдан ўша подшоҳлар динига кирганлар. Валлоҳу аълам!
Қутабий айтади: «Роҳибликни...», яъни ибодатни, айнан хавфни (ўзлари чиқариб олдилар)». Аллоҳ таолонинг «Ўзлари чиқариб олган (роҳиблик)ни...» деган сўзи маъноси шуки, [ибтидаъ] сиздан олдин бўлмаган ишни қилишингиздир.
[абдаъта, ибтадаъта, бадаъта] дейилади. [ар-роҳбанийяту] сўзи [ар-роҳбату] - «қўрқув», «хавф» сўзидан олинган мабний исм бўлиб, ҳаддан ошилгани учун ана шундай аталган. Аллоҳ таоло Узининг ушбу сўзи ила бундан қайтарган:
«Динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз!» (Нисо сураси, 171-оят)
«Аллоҳнинг дини қусурга йўл қўювчи ва ғулувга кетувчи ўртасидадир», дейилади. Аллоҳ таолонинг «Биз буни уларга фарз қилмаган эдик» деган сўзи «Биз буни уларга амр қилмаган эдик», деган маънодадир. Валлоҳу аълам!

28. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар. У Зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса беради ва сизларнинг юришингизга нур беради ҳамда сизларни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли Зотдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар» деган сўзини баъзи таъвил аҳли: «Эй Исо ибн Марямга имон келтирганлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиринглар», деган маънода дея таъвил қилган. Лекин бу қараш заифдир. Чунки ким Исо алайҳиссаломга имон келтирса, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларга ҳам имон келтирган бўлади. Зеро, пайғамбарлардан бирига имон келтириш барча пайғамбарларга имон келтиришдир. Оятнинг таъвили шундай: «Эй ишора ва тафсирсиз барча пайғамбарларга имон келтирганлар! Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора ила имон келтиринглар. Чунки пайғамбарларга ишорасиз имон келтириш осон иш. Кўрсатилган кишига имон келтириш қийин ва машаққатли бўлади. Айнан кўрсатилганга имон келтиргач, унга, унинг буйруғига эргашиш ва қайтариғидан қайтиш лозим бўлади. Яна, унга дўст бўлганларни дўст тутиш, унга душман бўлганлар, унинг буйруқ ва қайтариқларига хилоф қилганлар, унга эргашишни тарк этганлар гарчи болалари, оталари ва боболари, яхшилиги теккан кишилар бўлса-да, уларга душман бўлишни тақозо қилади. Узи учун энг маҳбуб, энг яқин ва энг яхшилиги кўп инсон бўлса ҳам, мана шу лозим бўлади. Бу (мўмин киши) ишора ила имон келтирган пайғамбарга нисбатан муомаладир, албатта, бу машаққатли ва қийин бўлади.
Аммо умумий ва қайдламасдан имон келтириш осон иш. Бунда ҳар бир ростгўйни тасдиқлаш ва ҳар бир ёлғончини ёлғонга чиқариш бор, холос. Ҳамма одам аслида ростгўйни тасдиқлаш ва ёлғончини ёлғончига чиқариш эътиқодида бўлади. Умумийлик ва қайдламасликда фақат шу бор. Тайин қилиш эса имтиҳонни тақозо этади ва у орқали мунофиқларнинг мунофиқлиги, ҳақиқий мўминларнинг ростгўйлиги намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам шу маънодадир:
«Балки, дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар. Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) адоватларни ошкор қилмас, деб ўйлагандирлар?! Агар хоҳласак, албатта, Сизга уларни (мунофиқларни) кўрсатиб (танитиб) қўйган бўлур эдик» (Муҳаммад сураси, 29-30-оятлар). Расулуллоҳга ишора қилиб, у зот билан бирга жиҳодга чиқишга буюрилганларида мунофиқликлари намоён бўлди. Масалан, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида айтилганидек:
«Улар орасида: «Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз», - деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор. Аллоҳ уларга фазлидан берганида эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар» (Тавба сураси, 75-76-оятлар).
Аллоҳ таоло фазлу карами билан мана шунча берса, албатта садақа қиламиз, деб умумий ваъда берган эдилар. Сўраганлари берилиб, садақа қилишга буюрилганларида, (айнан шунчасини деб) кўрсатилганида бундан бош тортдилар.
Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар» ояти «Эй, барча пайғамбарларга, имон келтирганлар кўрсатилган мана шу пайғамбарга ҳам имон келтиринглар», деган маънода бўлиши мумкин. Чунки бунда қийинчилик бор. Унинг натижасида у зот алайҳиссаломга мухолиф бўлган, эргашмаганларни гарчи энг яқини бўлса ҳам, дўст деб билмаслик лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобалар имон келтирганларида яқинлари ва қариндошларига шундай муомала қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзлари, оталари, болалариданда севимлироқ бўлганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мухолиф бўлган ва у зотга эргашмаган барча қариндошларини ўзларига дўст билмадилар. Бунда улуғ аломат бор, шунинг учун биринчи чиқиши-да имон келтирганларнинг имони ўша вақтдан кейингиларнинг имонидан афзал деб баҳоланган. Куч-қувват Аллоҳдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У Зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир» оятидаги «Сизларга берадир» деган сўзи «сизларга бериши муқаррар»дир, деган маънода. «У Зот Ўз раҳматидан икки ҳисса» деган сўзи эса икки ажр маъносидадир. Яъни (бири) барча пайғамбарларга умумий имон келтириш ажри, (иккинчиси) ишорага кўра ва муфассал тарзда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га имон келтириш ажри. Бу ўринда «Ўз раҳматидан икки ҳисса» деб зикр қилинди. Бошқа бир оятда шундай марҳамат қилинган:
«Ана ўша зотларга (имон йўлида) сабр қилганлари сабабли мукофотлари икки баробар ато этилур» (Қосос сураси, 54-оят).
У Зотнинг [кифлайни] - «икки ҳисса» деган сўзи «икки марта» маъносини билдиради. [марротайни] - «икки баробар» деган сўзи эса «икки ҳисса» маъносидадир. Уларнинг бири бошқасини тафсир қилади. Сўнг, бу ўринда уларга Ўз раҳматидан ажр беришни зикр қилди. Бошқа ўринда (Қосос сураси)да эса ажрни мутлақ зикр қилган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, амалларига бериладиган ажр улар лойиқ бўлганлари учун эмас, балки Аллоҳнинг фазлу марҳамати эканини билишлари учундир. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Айтилган икки марта бериладиган ажрнинг бири дунёда. бошқаси охиратда бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Бу дунёда чиройли иш қилганлар учун чиройли мукофот бўлур. Лекин шубҳа йўқки, охират диёри янада яхшироқдир» (Наул сураси, 30-оят).
«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир» Юнус сураси, 64-оят). Валлоҳу аълам!
Айтилган икки марта бериладиган ажр охиратга қолдирилган ваъда бўлиб, [марротайни] ёки [кифлайни] сўзлари «икки баробар, икки ҳисса» маъноларида бўлиши ҳам мумкин. Яъни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги каби: «Бас, У Зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор» (Ҳадид сураси, 18-оят).
У Зотнинг «икки ҳисса» деган сўзини таъвил аҳлининг кўпчилиги «икки ажр» деганлар. Уларнинг баъзилари: «Икки насиба, икки улуш», деганлар. Аллоҳ таоло кафил бўлгани учун [кифл] деб атаган бўлиши ҳам мумкин. Зулкифл (сўзи)га аҳамият берсангиз, айтилишича, бошқа бировларни кафилликка олгани боис у киши шундай ном билан аталган. Шунга биноан
[кифл] деб аташ ҳам жоиз. Чунки у (шартни бажарганларга) кафил бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва сизларнинг юришингизга нур берадир...» деган сўзи икки хил маънодадир. Биринчиси, «нур» кўришга сабаб бўладиган ва равшанликка нисбат берилса, «юриш» эса ишларга нисбатдир. Аллоҳ айтмоқдаки, валлоҳу аълам: «У Зот сизларда шундай хусусият пайдо қиладики, у билан йўлни (аниқ) кўрасизлар, ишлар ойдинлашади ва шубҳалар бутунлай кетади». Демак, «юриш» ишларга, «нур» эса кўришга нисбат берилгандир. Валлоҳу аълам! Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичидаги кимсага ўхшайдими?!» (Анъом сураси, 122-оят). Яъни улар баробар эмас. Бу очиқ-ойдин баён қилиш эмас, балки биз зикр қилган нарсадан киноядир. Иккинчиси, «юриш»нинг ҳақиқий маъноси ирода қилинган ва «нур» ҳам ўзининг ҳақиқий маъносида. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида айтилганидек, охиратда бўлади:
«Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй Раббимиз! Узинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», - дерлар» (Таҳрим сураси, 8-оят).
Таъвил аҳли айтадики, бу ўриндаги нур Қуръони каримдир. Яъни У Зот сизларга яхшилик йўлига бошлайдиган Қуръонни берди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ҳамда сизларни мағфират қилади» деган сўзидаги «мағфират» сатр (гуноҳларни беркитиш) маъносидадир. Гўё У Зот:: «Ораларингизда ёмонликларингизни яшириб, унуттириб юборади», демоқда. Чунки ёмонликларни айтиш уларга неъматлар тотини кетказади ва уларни Раббилари ҳузурида уялтиради. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ кечирувчи, раҳмли Зотдир» деган сўзи «Уларга раҳм қилади ва уларни абадий жаннатида қолдиради», маъносидадир.

29. Токи аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини, фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган кишисига беришини билсинлар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Таъвил ва луғат аҳли бу оятдаги [лаа] ҳарфининг зиёда (маъно берилмайдиган) ҳарф эканига ижмо қилганлар. Яъни «аҳли китоблар билиб қўйсинлар», маъносида. Баъзан гапда [лаа] ҳарфи зиёда қилинади, зиёдалиги боис тушириб қолдирилиши мумкин. Буни ҳикмат ва фиқҳ аҳли биладилар. Аллох таолонинг ушбу сўзи бунга мисолдир:
«Янглишиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга баён этади» (Нисо сураси, 176-оят). У Зот бизга адашиб кетишимиз учун баён қилиб бермайди, балки билишимиз ва ҳидоят топишимиз учун баён қилади. Ҳаким ва фақиҳлар бу ўринда [лаа] ҳарфи тушириб қолдирилганини биладилар. Шунга биноан, бу ўринда У Зотнинг [лиал лаа яълама] сўзидаги [лаа] ҳарфини зиёда (ҳарф) дейдилар. Унинг маъноси шундай: «Токи аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини билсинлар». Сўнгра, У Зотнинг «Токи аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини...» деган сўзи уларга бу борада жавоб шаклида бўлиши учун уларнинг олдин бирор гап айтмаган бўлишлари мумкин эмас. Лекин биз бир нарсани айтамиз. Ана шунда Аллоҳ таолонинг сўзи улар томонидан айтилган гапнинг жавобига ўхшайди. У аҳли китоблар китоб ҳақида билимга эга эдилар. Бу билан ўзларини бошқалардан азфал деб ҳисоблар, ўзларидаги хусусият бошқаларда йўқ деб ўйлардилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уларга ҳамда барча одамларга пайғамбар этиб юбориб, у зотга Китоб нозил қилди. Ҳолбуки, у зот улар наздида омонатдор эдилар. Аллоҳ таоло у зотга нозил қилган Китобида уларнинг китобларида бор бўлган нарсаларни зикр қилди. Уларни у зотга эргашиш, бўйсуниш ва итоат этишга амр қилди. Барчаларини у зотга ҳамда Китобидаги нарсага муҳтож қилди. Улар эса Аллоҳ таолонинг у зот алайҳиссаломга ато этган фазлу карами, яхшилигини тан олмадилар. Шунда У Зот: «Токи аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини, фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган кишисига беришини билсинлар», деди. Яъни У Зот хохдаган бандасини хоҳлаганидан афзал қилиб қўяди, бу (имконият) уларга берилган эмасдир.
Сўнгра, У Зотнинг «Токи аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини билсинлар», деган сўзида мўътазилийларнинг «Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга Унинг барча фазилатлари ва яхшилигини қўлга киритиш имкониятини берган», деган даъволарини рад этишга далил бор. У Зот аҳли китоблар Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини очиқ-ойдин хабар берди. Мўътазилийлар эса: «Балки, улар қодир бўладилар», дейишади. Бу эса оятнинг зоҳирига хилофдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаганига беради», деган сўзи ҳам бошқа тарафдан мўътазилийлар фикрини рад этишга далилдир. Чунки У Зот «хоҳиш»ни фазлу марҳамат кўрсатишга ҳам, адолатини жорий қилишга ҳам мумкин бўлган ўринда зикр қилиб: «Фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган (кишиси)ига беради», деди. Адолатини жорий қилиш ўрнида, зулм ва жабр ҳақида сўз кетганида «хоҳиш»ни зикр қилмади, балки бу борада сўзни мутлақ қилиб, шундай деган:
«Раббингиз бандаларга зулм қилувчи эмасдир» (Фуссилат сураси, 46-оят).
«Ҳолбуки, Аллоҳ бандалари учун зулм қилишни истамас» (Ғофир сураси, 31-оят).
«Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай» (Нисо сураси, 40-оят).
«Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм қилмайди» (Юнус сураси, 44-оят). Ва булардан бошқа оятларда Аллоҳ таоло Узи томонидан бирор кишига зулм ва жабр етишини инкор қилади. Токи ҳидоят қилган, тўғри йўлга бошлаган бандаларига ҳидоят Ундангина етишини, адаштириш Унинг адолати эканини билсинлар. Шунинг учун У Зот бундай деб таъкидлаган:
«Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Узи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Муддассир сураси, 31-оят). Яъни ким ҳидоят ва тўғри йўлга ноил бўлса, У Зотнинг фазлу раҳмати билан ноил бўлади. Ким залолатга кетса, бу Унинг адолатидир. Шу сабабли У Зот бундай огоҳлантиради:
«Билингизки, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Хужурот сураси, 17-оят). Ҳидоят берувчи Аллохдир, ҳидоят ҳам, тавфиқ ҳам Ундандир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase