Яъни, Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳм-шафқатлидир.
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи Имом ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:
«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса, румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.
«Алиф. Лам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:
«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр:
«Тўғри айтади», дедилар. Улар:
«Биз билан гаров ўйнайсанми?», дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?», деб сўрадилар. Абу Бакр:
«Ўндан оз», деб жавоб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бунда шодланишди!»
(Илова: У вақтларда гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Рум «бизъа»-саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. Демак, ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бир ап бўлмаганидан хупсанд бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.)
Ҳа, мазкур оятларда айтилганидек,
«Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир».
Яъни, румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳ таоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ва:
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар».
Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ румликларга ғалаба берди. Мўминлар бундан шодландилар.
«У хоҳлаганига нусрат берур».
Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, шунга нусрат беради. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.
«Ва У азизу роҳиймдир».
Аллоҳ азиз, ҳамманинг устидан ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар тушган пайтда ҳеч бир одам боласи румликлар форсдан, мусулмонлар мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар–тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келдилар. Айни вақтда, мусулмонлар Бадр урушида ўзларига нисбатан сон ва қурол жиҳатидан бир неча марта устун бўлган мушриклар устидан инсоният тарихини ўзгартирган ғалабага эришдилар. Ҳамда Аллоҳ ваъда қилган нусратга етишиб, шод бўлдилар.
Рум сураси, 1-5 ("Тафсири Ҳилол"дан)
1. Алиф. Лам. Мийм. 2. Рум мағлуб бўлди. 3. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. 4. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. 5. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тафсирлар
|
Калит сўзлар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
роҳимаҳуллоҳ