close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир...

Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эру хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, Пайғамбарликка танланган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Ойиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкин эдими?!
Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.
«Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир».
Уларга бу дунёда мағфират–гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ–жаннат бордир.
Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.
Нур сурасининг бошидан то шу еригача жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган бузғунчиликлар, зино, зинода айблаш, беайб одамлар ҳақида бузуқи миш-мишлар тарқатиш хусусида, уларнинг жазоси, оқибати ҳақида сўз кетди. Эндиги оятларда эса, ўша бузғунчиликларнинг олдини олиш, уларнинг Ислом жамиятида юз беришига йўл қўймаслик чоралари баён этилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)
Тафсири Ҳилолдан, Нур сураси, 26-оят

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase