159. Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайдир. Ва лаънатловчилар лаънатлайдир.
Ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда яҳудий ва насронийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, Қуръони Карим ва Ислом ҳақида Аллоҳ таоло Таврот ва Инжилда баён қилиб берган ҳақиқатни беркитаётган эдилар. Ана ўшалар ва уларга ўхшаганларнинг барчалари, ким ва қаерда бўлишидан қатъий назар, Аллоҳ китобларида–Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонда баён қилиб берган оятларни ва ҳидоятни беркитсалар, Аллоҳ таоло уларни лаънатлайди. Яъни, ғазаб ва зажр билан қувлайди, ҳайдайди. Камига бошқа барча лаънатловчилар ҳам лаънатлайдилар. Яъни, фаришталар, мўминлар, инсу жин–лаънатлашга қобилияти бор ҳамма-ҳамма лаънатлайди. Ушбу ҳукм остига ҳақни билиб туриб айтмайдиган, нимадир сабабга кўра беркитадиган барча одамлар ҳам киради.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Абу Ҳурайра: «Агар Аллоҳнинг китобида бир оят бўлмаганида, ҳеч кимга ҳеч нарса гапирмас эдим», деган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ушбу оятни кўзда тутганлар.
Шу зотдан ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким бир илмдан сўралса-ю, уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади», деганлар.
Ушбу оят ва ҳадисларни ҳужжат қилиб, уламолар Ислом ҳақидаги илмларни тарқатишнинг вожиблиги, беркитишнинг эса ҳаромлиги ҳақида фатво чиқарганлар.
Ояти каримада Аллоҳдан келган ҳар бир илмни беркитувчиларга қаттиқ жазо белгиланади. Лекин баъзан ҳар хил сабаблар билан бу гуноҳга йўл қўйилса, кейин ҳақиқатга қайтмоқчи бўлганларга эшик батамом ёпилган эмас. Балки умид эшиги очиқ. Юқоридаги оят белгилаган жазодан қутулиб қолиши мумкин бўлганларни келаси оят баён қилади:
Бақара сураси, 159-оят тафсири
159. Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайдир. Ва лаънатловчилар лаънатлайдир.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тафсирлар
|
Калит сўзлар