Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни англатади. Қалбнинг тез ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, «мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»
Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.
Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
«…айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!»
Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.
17. Шуни билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар.
Аллоҳни эслаш, зикр қилиш натижаси ва Қуръоннинг инсон қалбига ўтказадиган таъсири ушбу ояти каримада худди қақраб ётган ерга сувнинг таъсирига ўхшатилмоқда.
«Шуни билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур».
Қуруқ ерга сув қўйилса, у юмшаб, жонланиб, самара бера бошлаганидек, Аллоҳ эсланса ва Қуръон ўқиб, унга амал қилинса, қалб ҳам юмшаб, самарасини бера бошлайди.
«Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар».
Шунинг учун қалби қаттиқ одамлар умидсиз бўлмасдан, кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилиб, Қуръон ўрганишлари керак.
Даъватчилар ҳам, фалончиларнинг қалби қотиб кетган, деб умидсиз бўлмай, даъватни янада кучайтиришлари лозим.
Иймон туфайли қалблари юмшаган кишилар нималар қилишларини келаси оят қисман баён қилади.
18. Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор.
Яъни, бечора ва камбағалларга садақа берувчи эр ва аёллар ҳам Аллоҳнинг йўлида савоб умидида молу дунё сарқлаганларнинг мукофотига Аллоҳ таоло савобни бир неча чандон, ривоятларда келишича, еттидан етти юзгача кўпайтириб беради. Шу билан бирга, уларга карамли ажр, яъни жаннатни ҳам раво кўради.
19. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир.
Фақат Исломдагина мартаба ва мақомлар одамнинг ишига қараб берилади. Ким бўлишидан қатъи назар, иймонга келиб яхши амалларни қилса, энг юқори мақомларга эришиши турган гап.
Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар сиддиқлар деб аталмоқда.
«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир».
«Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада Пайғамбарлардан кейин турадилар.
Шоҳидлар эса ўзларининг содиқликлари билан юқори даражага эришиб, Аллоҳ ҳузурида бошқа одамлар тўғрисида гувоҳлик бериш даржасига эришганлардир.
Ушбу шоҳидлар калимаси кўпгина таржима ва тафсирларда, шаҳидлар шаклида ҳам талқин қилинган. Бунинг сабаби Қуръони Карим матнида «шуҳадау» деб келтирилган. Бу сўз жам сийғасида бўлиб, арабча икки сўзнинг: шоҳид ва шаҳид сўзларининг жами учун ишлатилади. Демак, тафсирчи ва таржиймонлар оятда келган жам сийғасидаги «шуҳадау» сўзи шоҳид-гувоҳ сўзининг жамими ёки шаҳид-Аллоҳнинг йўлидаги жангда жон фидо қилувчининг жамими эканлигида икки хил ижтиҳод қилганлар.
Биз шоҳид сўзини ихтиёр қилдик. Чунки, аввало Ҳадид сурасида ва ушбу оятда жиҳод ва шаҳидлик ҳақида бирор сўз ҳам йўқ. Иккинчидан, сиддиқлик даражасига етган кишилар Аллоҳнинг ҳузурида шоҳид-гувоҳ бўлишлари маълум ва машҳур.
«Уларнинг ажрлари ва нурлари бор».
Ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир.
Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.
«Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир».
Юқоридаги оятда зикри келган садақа ва мол сарфлаш, осон иш эмас. Мол-дунёнинг муҳаббати кишиларни мазкур ишдан қайтариб туради. Шунинг учун келаси оят бу дунёнинг ҳақиқати ва мол-дунёга унча берилмаслик ҳақида сўз юритади.
20. Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.
«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан»,
Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.
Бу дунё ҳаёти яна,
«ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».
Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.
Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.
«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.
Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.
«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».
Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.
Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.
«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».
Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.
«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».
Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.
21. Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Қуръони Карим назарида, мусобақа қилиб шошилиш бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгуга эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак.
«Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг».
Бандалар бир-биридан ўзишга ҳаракат қилиши лозим биринчи иш, Аллоҳнинг мағфирати экан. Бас, шундоқ бўлганидан кейин ўша мағфирати Роббил оламийн тақозо қилган ишларни адо этиш лозим.
Бандалар бир-биридан ўзишга ҳаракат қилиши лозим бўлган иккинчи иш, Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга эришиш учун мусобақалашиш экан. Ушбу мусобақага иштирок этишнинг асосий шарти, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган шахс бўлиши керак экан. Бу шартни ўзида мужассам қилмаган кимсалар мазкур мусабоқага иштирок эта олмас эканлар. Бас, шундоқ бўлгандан кейин мўминларнинг асосий мақсади ушбу мусобақада қатнашиб ютуққа эга бўлишдир.
«Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир».
Бас, ҳар бир банда Ўша улуғ фазл эгасининг фазлидан баҳраманд бўлиб қолмоққа ҳаракатда бўлиши лозим.
22. Бирор мусибатни пайдо қилмасамиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга етадиган ҳар бир мусибат-касаллик, очлик, камбағаллик, ўлим ва бошқалар, улар юзага чиқишидан аввал ҳам Лавҳул Маҳфузда, Аллоҳнинг илмида собит бўлишини таъкидламоқда. Шунинг учун мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзни қийнашнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш мусулмонларнинг сиймоси эканлигини ҳамма билиши керак.
Худди мусибат каби, ҳар бир хурсандчилик, яхшилик ҳам аввалдан Лавҳул Маҳфузда ёзилган бўлади. Шунинг учун бирон-бир неъмат-яхшилик етса, ортиқча хурсанд бўлиб, ўзини йўқотиб қўйиш ҳам мусулмонларга хос эмас. Ушбу ҳолатларни кейинги оят баён қилади:
23. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун, Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас.
Бу димоғдор ва мақтанчоқларни қуйидаги оят васф қилади:
24. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир.
Улар бахиллик қилиб, кишиларни ҳам бахилликка буюрсалар-да, Аллоҳга ҳеч зарари йўқ, чунки Аллоҳ беҳожат, бой ва мақталган зотдир.
Сўнгра Пайғамбар юборишдан мақсад ва темирни одамларга берилишининг баёни келади:
25. Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса) лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик-унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир.
Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар-мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин. Шунинг учун ояти каримада умумлашма сўз зикр қилинган, холос. Китоб ҳамда мезон-тарози эса, ваҳий ва одамлар ўртасида адолат ўрнатиш учун юборилган шариат аҳкомларидир.
«Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик».
Аллоҳ таолонинг темирда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар борлигини таъкидлаши ҳам улкан мўъжизадир.
«Ва темирни туширдик-унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор».
Бундан минг тўрт юз йил илгари темир жуда кам ишлатилар эди. Баъзи уй асбоблари, қилич, найза ва совутдан бошқа ўринларда темирга эҳтиёж йўқ ҳисобида эди. Темирда чиндан ҳам катта куч-қувват борлигини келгуси замонларда ёрқин намоён бўлди. Ҳозир темирсиз тинч ҳаётни ҳам, ҳарбий ҳаётни ҳам тасаввур этиб бўлмайди.
Ҳолбуки, ушбу оят вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди.
Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Ҳатто инсон жисмида ҳам темир энг зарур моддалардан ҳисобланади. Темир инсоннинг қонида, жигари, талоғи, буйраги ва пайларида ҳам бўлар экан. Агар ушбу модда камайиб қолса, одам турли касалликларга, жумладан, камқонликка учрайди.
Оятнинг охиридаги жумлада бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора бор.
«Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир».
Маълумки, Аллоҳнинг илмининг чегараси йўқ-ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўзи ҳам Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарларини кўрмасдан туриб уларни динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.
"Тафсири Ҳилол"дан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ