Аллоҳ таоло ушбу ояти қаримани аввалги ояти каримадаги мушрикларнинг васфида келган маънони рад қилиш билан бошлаб:
«Йўқ!!!», демоқда ва ундан сўнг мушрикларнинг хатосини баён қилишга кришмоқда.
Мушрикликнинг асосий сабаби шулки:
«Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос».
Агар илмни ишлатиб, ҳавойи нафсга эргашмаганларида Аллоҳга ширк келтирмас эдилар. Лекин улар «илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар». Натижада мушрик бўлиб улкан зулм содир этдилар. Ҳавойи нафсларига эргашиб, зулм қилганлари учун Аллоҳ уларни залолатга гирифтор этди.
«Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди?!»
Ҳеч ким сола олмайди. Албатта, ундоқ кимса бу дунёдан адашган ҳолида ўтади.
«Ва уларга нусрат бергувчилар бўлмас».
Аллоҳнинг қаҳрига учраган кимсага ким ҳам нусрат берувчи бўла оларди?
Шу ўринда Аллоҳ таоло ҳавойи нафсига эргашганларни қўйиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилади:
Эй Пайғамбар!
30. Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
Биз «ҳаққа мойил бўлиб» деб ўзбекчага ўгирган ибора ояти каримада биргина «ҳанийфан» сўзи билан ифода этилган. Араб тилида «ҳаниф» сўзи ёмонликдан яхшиликка, ботилдан ҳаққа юзланиш маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу оятнинг мазмуни, барча ёмонликлардан юз ўгириб, ҳақ динга юз тут, бўлади. Яъни, бошқа ҳамма динлар, эътиқод ва тузумларни қўйиб, Исломга ихлос ила юзлан, демакдир. Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзлариникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан, деган маъно чиқади.
«Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир».
Яъни, турли-туман динларга эмас, Исломга юзланиш табиати инсонларнинг асил табиатидир. Аллоҳ уларни ана шу асил табиати ила яратган.
Аллоҳ одамларнинг асил табиатларига Исломни, ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса, инсоннинг асил табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир фарзанд асил табиат ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади», деганлар.
Бу дин асил табиатидан узоқлашган одамларни асил табиатига қайтаради.
«Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас».
Яъни, асил табиатни ўзгартиришга уриниш ноўрин чираниш бўлади.
«Ушбу тўғри диндир».
Ислом энг тўғри диндир. Ундан бошқа динга эътиқод этган киши нотўғри йўлда юрган бўлади.
«Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».
Шунинг учун ҳам илмсиз равишда ҳавоий нафсларига эргашиб, турли-туман динларга кирадилар.
Ушбу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса ҳам, барча мўминлар кўзда тутилгандир. Шу сабабли кейинги оятда хитоб умумлашади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Тафсири Ҳилол”, Рум сурасидин