67. Эсланг, Мусо қавмига: "Аллоҳ таоло сизларга бир сигир сўйишни буюрди" деганида улар: "Сен бизни мазах қиляпсан-ми?" дейишди. Мусо: "Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан Аллоҳ асрасин", деди.
Яъни, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмига бир сигир сўйишни буюрганида қавм истеҳзо билан "Сен бизларни мазах қиляпсанми?" дедию ўзи мазах аралаш пайғамбаридан ўша сигирнинг сифатларини сўрайверди. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш ўрнига уларни тафтиш қилиш, турли саволлар бериш каби бемаъни хислатлар жоҳил кимсаларга хос нарса. Агар Бани Исроил бир сигирни ушлаб сўйганида Аллоҳнинг амрини бажариб, мақсадлари ҳосил бўларди. Аммо улар табиатларидаги саркашликларига бориб, бундай йўл тутишмади.Ибн Аббос, Убайда Салмоний, Мужоҳид, Икрима, Мужоҳид Саъдий, Абул Олия каби муфассирларнинг айтишларича, Исроил ав-лодлари орасида бир кекса киши бўлиб, мол-дунёси беҳисоб эсада, фарзанди йўқ эди. Унинг фақир жиянлари мерос илинжида бой амакининг ўлимини интизор бўлиб кутишарди. Улардан бирининг сабри чидамай, қотилликка қўл урди: ўз амакисини ўлдириб, жасадини одамлар йиғилиб турадиган майдонга яширинча келтириб ташлади. Эрталаб йиғилган оломон бир-биридан гумон қилишга ва жанжаллашишга ўтди. Фурсатни ғанимат билган қотил одамлар олдига келиб, дод-вой қилишни ва қотилликда бошқаларни айблашни бошлаб юборди. Можаро кучайиб кетди. Шунда оқил кишилардан бири: "Катта кўчада можарони қизитмай, яхшиси Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг олдига боринглар, у муаммони ҳал этиб, қотилни аниқлаб беради", деди. Мусо алайҳиссаломнинг олдиларида ҳаммадан олдин қотил жиян пайдо бўлди ва бўлган воқеани шикоят қилди. Мусо алайҳиссалом: "Муаммо тўғри ҳал бўлиши учун қотиллик ҳақида бирор нарсани билган киши Аллоҳ розилиги йўлида гувоҳликка келсин", дедилар. Ҳеч ким гувоҳликка келмагач, ҳазрати Мусо бу муаммони ҳал этишни Аллоҳнинг Ўзидан сўраб,Унга илтижо қилдилар. Аллоҳтаоло бир сигир сўйилиши зарурлигини айтди. Мусо алайҳиссалом буни қавмга етказганларида улар: "Эй Мусо, бизни мазах қиляпсанми?" дея ажабланишди.
68. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг қандайлигини билдирсин", дейишди. "У Зот: "Қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, ўртача бир сигир", деяпти, бас, сизга буюрилганини бажаринглар", деди.
Нодон қавм Аллоҳ таолонинг амрини сўзсиз бажариш ўрнига турли саволлар билан Унинг пайғамбарига мурожаат қилаверди. Сигирни сўйиш ўрнига унинг сифатларини сўрашга тушди. "Парвардигорингдан сўрачи, у сигир қандай бўлиши керак экан" дея пайғамбарни қийин-қистовга олаверди. Итоатсиз ва саркаш кимсаларнинг қилиғи шу: "Аллоҳ ибодатни буюрган" десанг, "Мен нега ибодат қилишим керак, шусиз ҳам қалбим тоза, одамларга яхшиликлар қиляпманку", деб эътироз билдиришга тушади. "Муҳтожларга закот, садақа бериш керак", десангиз, "Нега мен ўзим машаққат билан топган мол-мулкимни ўзгаларга индамай беришим керак", дея қайсарлик қилади. Бани Исроил қавми ҳам Аллоҳ таолонинг амрига кўра сигир сўйиш ўрнига қарши саволларни бераверди. Шунда Мусо алайҳиссалом: "Аллоҳ ёши ўртача бир сигир сўяверинглар, дея буюряпти", дедилар.
69. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг ранги қандайлигини баён этсин", дейишди. "У Зот кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли сигир", деяпти", деди.
Бошқа итоатсиз кишилар каби Мусо алайҳиссаломнинг қавми у кишининг сўзидан кейин ҳам Аллоҳнинг амрини бажаришга киришмади. Қайсар қавм сигир топиб, сўйишга шошилмади, энди унинг ранги қанақа бўлиши керак, деб сўрашга тушди. Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом: "Парвардигор сигирнинг кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли бўлишини буюрди", дедилар. Бани Исроил Аллоҳтаолонинг амрини дарҳол бажаришга одатланмаган, нобакор қавмлиги аввалдан маълум эди. Аммо бу сафар уларнинг саркашлиги ҳаммасидан ўтиб тушди. Улар дастлаб Мусо алайҳиссаломдан сигир сўйиш ҳақидаги Аллоҳнинг амрини эшитишлари билан буни инкор қилиш учун гапни бошқа ёққа буриб, «Бизни масхара қиляпсанми?» дейишди. Буйруқ иккинчи марта такрорланганида эса, сўйилиши лозим бўлган сигирнинг умумий сифатини таърифлаб беришни сўрашди. Сигирнинг умумий сифати баён қилиб берилиб, илоҳий амр учинчи марта такрорланганда эса унинг ранги ҳақида савол беришга ўтишди. Пайғамбарни масхаралаш учун ҳар гал янги баҳоналарни келтира бошлашди, аммо Аллоҳнинг амрини бажаришга киришмади ҳам.
70. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, унинг қандай бўлишини билдирсин, сигирлар бир-бирига ўхшаш кўринмоқда, бизлар, Худо хоҳласа, тўғри йўлни албатта топамиз", дейишди.
Бўлиб ўтган воқеа баёнига кўра, ўша ноҳақ ўлдирилган қариянинг қотили ким эканини қавмга билдириш ва бу билан бошланиб кетадиган катта фитнанинг олдини олиш учун Аллоҳ таоло Ўз ҳикматига кўра бир чорани ирода қилган эди. Аллоҳ таоло қотилнинг сирини фош қилиш учун ўлдирилган шахсни гапиртирмоқчи бўлди ва Бани Исроилга бир сигир топиб сўйишга ва ўша сўйилган сигирнинг гўштидан бир бўлак олиб, у билан ўликни уришга буюрди. Шунда ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб туриб, қотил ким эканини айтиб бериши лозим эди. Аммо саркаш қавм пайғамбарнинг сигир ҳақидаги ҳар гапидан сўнг янги савол сўрайверди, пайғамбарнинг сигирнинг ранги ҳақидаги гапи ҳам уларни қониқтирмади. Энди яҳудийлар сигирнинг ёшию ранги билан қаноатланмай, унинг бошқа сифатларини ҳам сўрай бошлашди. Пайғамбарларини Аллоҳ таолодан сигирнинг бошқа сифатларини ҳам сўрашга мажбурлай бошлашди.
71. (Мусо): "У зот: ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, нуқсонсиз, ҳеч қандай доғ-дуғи йўқ бир сигир" деяпти", деди. Улар: "Энди тўғри гапирдинг", дейишди. Кейин улар шундай сифатли сигирни топиб, уни сўйишди. Ваҳоланки, бу ишни амалга ошира олмасликларига сал қолган эди.
Бани Исроилнинг қайсарона эътирозларидан тўйган Мусо алайҳиссалом сигирнинг жуда кўп сифатларини аниқлаб, қавмга ет-казишга киришдилар: сигир шундай бўлсинки, қўшга ҳам қўшилмаган, суғоришда ҳам ишлатилмаган бўлсин, ҳеч қандай нуқсони бўлмасин, доғ-дуғдан холи,текис сариқрангли бўлсин!" Савол сўрай-веришнинг ёмон оқибатини кўрингки, Аллоҳ буюриши билан бир сигирни сўйишганида, ҳеч қандай ташвиш, можаро йўқ эди. Энди Аллоҳ таоло томонидан буюрилган сифат, ёш, ранг ва кўринишдаги сигирни топиш машаққати пайдо бўлди. Ахтара-ахтара охири ана шундай сигирни ҳам топишди. Мусо алайҳиссалом: "Сигирни сўйиб, бир бўлак гўшти билан ўликни урилса, ким ўлдирганини ўзи кўрсатиб беради, Аллоҳ таолонинг ҳукми шу", дейди. Улар шундай қилишган эди, ўлик тирилиб, ўз қотилини кўрсатиб берди.
72. Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда жанжаллашганингизни эсланглар. Аллоҳяширган нарсангизни ошкор қилувчидир.
Эй Бани Исроил, ўша бадавлат кишини ўлдириб қўйиб, қотилни тополмай жанжаллашиб юрганингизни бир эсланглар. Агар Аллоҳ таоло яширган нарсангизни ошкор қилмаганида ҳаммани қотилликда айблаб, гумонда бўлиб юрган, қавм ичида ишончсизлик, шубҳа, саросима кучайган бўлур эди. Парвардигорингиз сизлар яширмоқчи бўлган нарсаларни ана шундай ошкора қилувчидир. Худди шу каби Унинг ваҳийларини яширмоқчи бўлганлар ёки шахсий манфаатлари йўлида уларни ўзгартиришга журъат этганлар ана шундай сирлари фош бўлиб, эл орасида шармандаликка юз тутишади.
73. Шунда: "Уни сигирнинг бир бўлаги билан уринглар", дедик. Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради. Шоядки тушунсанглар, деб сизларга Ўз қудрати белгиларини кўрсатади.
Исроил авлодлари сигирни сўйишга сўйиб қўйиб, энди бу ёғига нима қилишни билмай туришганида Аллоҳ таоло буни ҳам ўргатди, яъни сигирнинг гўштидан бир бўлагини кесиб олиб, у билан ўлдириб қўйилган жасадни уриш лозимлигини билдирди. Бу бўлак сигирнинг қайси аъзоси экани ҳақидауламолар: "бир парча гўшти", "думғазаси", "икки кураги орасидаги пайи" каби турли ривоятларни келтиришган. Бир парча сигир гўшти билан урилган ўликни тирилтирган Парвардигор учун қиёматда инсонларни қайта тирилтириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслигини инсонлар бир мулоҳаза қилиб кўришса, имонлари янада зиёдалашган бўлур эди.
Аллоҳ инсонларнинг тафаккур қилишлари учун ўликларни шундай тирилтиради, У қиёматда қабрдаги инсонларни ҳисоб-китоб қилиш учун тирилтириб, Ўз даргоҳида шундай тўплайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ учун асло машаққат туғдирмайди. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминларнинг ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига имон келтиришлари вожибдир. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳ буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўладилар. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа, 55), деган. Буни инкор қилиш Қуръонни инкор этишдир, бу эса куфри мужибдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишониш имон рукнларидан биридир.
74. Шундан кейин қалбларингиз янада қаттиқлашиб, тошдан ҳам қотиб кетди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар оқиб чиқади, баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқиб туради, баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб кетади. Аллоҳ амалларингиздан ғофил эмасдир.
Ушбу ояти каримада Исроил авлодларининг қалби тошга ўхшатилмоқда. Бу шунчаки шоирона қиёс эмас, балки Парвардигорнинг яратган бандалари дилидагию хаёлидаги ҳамма нарсани олдиндан билиб туриш қудратига кучли далилдир. Ушбу суранинг 60-оятида баён этилганидай, яҳудийлар сув сўрашганида Аллоҳ таолонинг амри билан Мусо алайҳиссалом ҳассаларини тошга урганларида улардан сув оқиб чиққанини ўз кўзлари билан кўришган эди. Шу ўринда Қуръони карим оятларининг гўзал фасоҳати намоён бўлади: худди тошдан сув чиққанидай Аллоҳдан чинакамига қўрққан кўзлардан ёш отилиб чиқади, аммо баъзиларнинг қалблари шунчалик тош қотганки, уларни ҳаётнинг оғриқли зарбалари ва машаққатларигина йиғлата олади, холос. Худди шу каби шундайин метин қоялар борки, уларни фақат кучли зилзилагина парчалай олади, айрим инсонларнинг қалби ҳам шунга ўхшайди: улар Парвардигорларига қандайдир олий мақсадлар билан эмас, фақат қўрқувдан юзланадилар. Ашаддий гуноҳкорларнинг тош қотган дилларини ҳеч бир нарса юмшата олмайди.
75. (Эй мусулмонлар), уларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб-тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди-ку?’.
Эй мўмин-мусулмонлар, қалби тош қотган кимсаларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми, ваҳоланки улар Аллоҳ таолонинг Тур тоғида Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларини эшитиб-тушуниб туриб ҳам бу сўзларни ўзгартириб юборишган. Ибн Аббос ва Муқотил айтади: 'Бу оят Мусо алайҳиссалом ўзи билан бирга Аллоҳ ҳузурига бориш учун ажратиб олган етмиш киши ҳақида нозил бўлган. Улар Мусо билан боришгач, Аллоҳ сўзини эшитишди: Аллоҳ баъзи нарсаларга буюрди ва баъзи ишлардан қайтарди. Сўнг улар қавмлари олдига келишди. Ораларидаги ростгўйлари эшитган нарсаларини бажаришди. Баъзилари эса бундай дейишди: "Биз Аллоҳнинг каломини эшитдик, У айтдики, агар қодир бўлсанглар, бу нарсаларни қилинглар, хоҳламасанглар қилманглар, бунинг фарқи йўқ", деди". Кўпчилик муфассирларнинг фикрича эса, бу оят тошбўрон қилиш амрини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган.
76. Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: "Имон келтирдик" дейишарди. Ўзлари холи қолишганда эса: "Улар Парвардигорингиз хузурида хужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлат-майсизларми?" дейишар эди.
Яҳудийлардан баъзи мунофиқлар ўз Китобларида келтирилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавсифларини мусулмонларга хушомад тариқасида баён қилиб беришарди. Бошқа яҳудийлар бундан хавотирга тушиб: "Китобингиздаги далил-исботларни нега мусулмонларга билдиряпсиз, улар воситасида мусулмонлар сизларни мағлуб қилишади-ку!", дея ўша мунофиқларга эътироз билдиришар эди. Мунофиқ яҳудийлардан бўладими, мусулмонлардан бўладими, уларнинг дилидаги нифоқ бир хил бўлади, устлари бир нарсани гапиришса, ичларида бошқа нарсани диллаб турган бўлишади. Бу очиқ-ойдин иккиюзламачиликдир, мунофиқлар асло ишончга сазовор бўлмасликлари белгисидир.
77. Аллоҳ уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билиб туришини билишмасмикин?
Аллоҳ таоло инсонларнинг дилидагию хаёлидаги нарсаларгача, уларнинг хоҳ пинҳон, хоҳ ошкора қилган ҳамма қилмишларини кўриб-билиб туради. Бу ҳақда Қуръони каримнинг жуда кўп оятлари хабар беради: "Дилингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор ҳилинг, Аллоҳ уни билади. Осмонлару Ердаги нарсаларни ҳам билади" (Оли Имрон, 29); "Аллоҳ албатта кўнгиллар сирини билувчидир" (Моида, 7); "Аллоҳ сир тутгану ошкор ҳилган нарсаларингизни билади" (Анъом, 3); "Албатта У диллардаги сирларнинг билувчисидир" (Ҳуд, 5). Яҳудийларнинг шундай "олим"лари бор эдики, улар ўзларига нозил қилинган Китобни ўз манфаатлари йўлида ўзгартирибгина қолмай, илоҳий ваҳийларни ўзларининг талқинлари, миллий тарихлари, турли ирим-сиримлар, ўзлари ўйлаб топган таълимотлар, фалсафий мушоҳадалар ва қонунлар билан бузиб юборишди. Улар ана шу тайини йўқ ёзувларни Парвардигор каломи сифатида тақдим этишди ва ҳар бир яҳудийни буларга ишонишга мажбурлашди. Ахир, Аллоҳ таоло уларнинг хоҳ ошкора, хоҳ яширин қилган барча ишларинию дилларидаги ғаразларигача яхши билиб туришини англашмасмикин?!
Шайх Усмонхон Алимовнинг
"Тафсири ирфон"китобидан