204. (Эй Муҳаммад), одамлар ичида шундайлари ҳам борки, унинг дунё ҳаётидаги гаплари сизга ажиб туюлади. У Исломга ашаддий хусуматда бўлгани ҳолда дилидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади.
Аллоҳтаоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, одамлар ичида шундайлари бор: уларнинг дунёдаги гаплари сизга ажабланарли туюлиши мумкин. Бундайларнинг сиз олиб келган динга хусумат ва душманликлари шунчалар қаттиқки, улар дилидаги нарсага Парвардигорингизни гувоҳ қилади. Ато розияллоҳу анҳу: "Оятдаги "ан-нас" сўзи "ал-ҳайвон” маъносида", деган (Бухорий ривояти). Мазкур ояти каримада зикр этилган шахс Ахнас ибн Шурайқ ас-Сақафий исмли бир мунофиқ эди. У Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар ҳузурида Исломга кириб, ўзининг имони мустаҳкам экани ҳақида жуда ажойиб гапларни гапириб, ҳаммани ишонтиради. Мусулмонлар олдидан чиқиб, ўз қабиласига қайтиб кетаётганида эса, мусулмонларга қарашли далаларга ўт қўйди, уларга тегишли туяларни сўйиб ташлади. Бундай кимсаларнинг Ислом динига ва мусулмонларга қаттиқ хусумати Аллоҳ таолодан асло яширин қолмайди. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳ энг ёмон кўрадиган одам адовати қаттиқ кишидир", деганлар (Бухорий ривояти).
205. У юз ўгирганидан сўнг Ер юзида бузғунчилик ҳамда экин ва наслларни ҳалок қилиш мақсадида ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни ёмон кўради.
Ахнас каби мунофиқ кимсалар ҳар қадамда мусулмонларга бирор зарар етказиш пайидан бўлади: уларнинг экинзорларини пайхон қилиб, далаларига ўт қўяди, ҳайвонларини ёки бола-чақаларини ўлдиради, юртларини вайрон қилади. Ана шундай ёвузликлар ва фитналар қилиш учун чор атрофга зир югуради. Аммо Аллоҳтаоло бузғунчиликни ёмон кўргани учун уларнинг бу зулм ва кирдикорларига яраша жазоларини беради. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса, айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса, унинг тескариси бўлади. Ҳеч бир кишини Аллоҳ таоло икки қалбли қилиб яратган эмас, яъни, киши бир пайтнинг ўзида ҳам динли, ҳам динсиз бўла олмайди. Бир қалбга бир нарса сиғади: ё имон ёки куфр ёхуд нифоқ. Очиқ инкорчи кофир дейилади, таши бошқа, ичи бошқа одам мунофиқдир. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг ҳар зарраси учун мукофот ёхуд жазо олишига ишонмаган одамдан яхшилик чиқиши, аҳдига вафо қилиши қийин иш. Бу ҳақиқатни мусулмонлар яхши тушуниб олишган. Динсиз, ихлоссиз, фисқу фужурга берилган, ёлғончи, ибодатсизларни гап-сўзи, юриш-туришидан билиб олса бўлади.
206. Унга "Аллоҳдан қўрқ!" дейилганида ҳам ғурури гуноҳга бошлайверади. Унга жаҳаннам кифоядир, у ниҳоятда ёмон жойдир.
Бу мунофиқнинг ҳолати бўлиб, у ташида хушомад билан ҳар сўзига Худони гувоҳ қилади ва: "Менинг дилимда ҳам Исломга муҳаббат бор", дейди. Мунофиқ гоҳ имонга, гоҳ куфрга яқинлашиб туради. Торози палласи имон тарафга босиб қолса, имонга яқинлашади, куфр тарафига оғса, у ҳам куфрга яқинлашади. Мунофиққа ваъз-насиҳат қилсанг, қулоғига илмайди. Аллоҳни эслатсанг, кибр ила ўзини юқори тутади. Гуноҳи, хатоси ва камчиликлари билан гердаяди, Аллоҳдан уялмайди ҳам. Ҳолбуки, кунда-кунора: «Юрагимдаги нарсага Аллоҳ гувоҳ!» деб қасам ичади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмон. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг энг чуқур ерига ташланади. Мунофиқнинг Исломга душманлиги бошқаларникидан қаттиқроқдир, иложи бўлса, ҳамма ёқда бузғунчилик қилиб, Ер юзидаги экинларнию ва инсон ҳамда ҳайвон наслларини йўқ қилиб ташласа! Бундайларга насиҳат қилинса, унинг зиддига иш тутади. Саодат асрида яшаган Ахнас исмли ўша мунофиқда юқори-даги сифатларнинг ҳаммаси мавжуд эди. Бу кимса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан худди шундай муомала қилар эди.
207. Одамлар орасида Аллоҳ розилиги учун жонларигача ти-кадиганлари ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.
Бу комил мўминлар сифатидир, улар Аллоҳ розилиги йўлида, керак бўлса, жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр туришади. Муфассирлар ушбу ояти карима ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳақида нозил бўлган, дейишади. Пайғамбаримизнинг амакиваччалари ва куёвлари бўлган бу зот ёш бўлишларига қарамай, Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлар ва умрлари охиригача шу диннинг равнақи йўлида фидокорлик кўрсатганлар. Ҳазрати Алий Табук ғазотидан бошқа барча ғазотларда Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлдилар. Табук ғазотида эса Пайғамбарнинг ўзлари ҳазрати Алини Мадинада амир қилиб қолдирган эдилар. Алининг бошларидан кўп синовлар ўтган, кўплаб ғазотларда байроқдор бўлганлар, Ислом душманларига қарши мардона жанг қилганлар. Алий ибн Абу Толиб тириклигида жаннат башорати берилган ўн саодатманд саҳобанинг (ашараи мубашшаранинг) бири эдилар. Олтмиш уч ёшларида хаворижлар қўлида ҳалок бўлганлар.
Бошқа баъзи муфассирлар эса бу оят Суҳайб Румий исмли саҳобий ҳақида нозил бўлган, дейишади. Суҳайб Маккадан Мадинага кетаётганида йўлда уни Қурайш одамлари таъқиб қилишди. У туясидан тушди ва ўқдонига ишора қилиб: "Эй Қурайш жамоаси, менинг камонда отишга қанчалик моҳир эканимни яхши биласизлар, барча ўқларимни отиб бўлгунимча ҳам менга бирорта ўқ теккизол-майсиз. Яхшиси, мени ўз ҳолимга қўйинг, Маккада қолдирган барча молларимнинг турган ерини сизларга айтиб берай", деди. Қурайш жамоаси рози бўлди. Суҳайб Мадинага эсон-омон етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Суҳайб тижоратда катта фойда қилди" деб башорат бердилар" (доктор Абу Халил Шавқий. "Атласул-Қуръан”, Байрут, 2001 йил, 312-бет).
208. Эй имон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир.
Баъзи муфассирлар (масалан, Замахшарий ва Розий) ушбу ояти карима янги мусулмон бўлган Аҳли китобларга қаратилган, дейишади. Яхудийлардан бир гуруҳи мусулмон бўлган эди. Улар Исломда туриб ҳам Таврот хукмларига амал қилишарди, чунончи шанба куни ибодат қилишар, туя гўшти ва сутини ҳаром деб эътиқодда бўлишар, Таврот ҳам тиловат қилиб туришар эди. Юқоридаги ояти карима шулар хусусида туширилиб: "Исломга кирсангизлар, бу дин ҳукмларига мукаммал итоат қилинглар, баъзисига амал қилиб, баъзисини тарк этманглар" деб буюрилмоқда.
Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасигаучиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига буғзу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея улуғларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудо-тларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бунданда осийлик борми?!
209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари орқали инсонларга ваҳийларини юборди, фақат Ўзига сиғинишни, ягона Илоҳга бошқа бут-санамларни, ўзга нарсаларни шерик қилмасликни буюрди. Яна Ў зот имон ва куфрни, ҳидоят ва залолат йўлларини ажратиб берди, ҳалол ва ҳаромни англатди, яхши ишларга амр этди, ёмонликлардан қайтарди. Оқил инсонлар ибрат олсинлар, хулоса чиқарсинлар, дея кўп мўъжизаларни, далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Агар шундан кейин ҳам инсонлар ҳақ йўлдан тойиб кетишадиган бўлса, у ҳолда улар Парвардигорнинг аламли жазоси, абадий қийноқларга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло буюк қудрат ва ҳикмат эгаси бўлгани учун ҳам оятлари орқали инсонларни мана шундай огоҳлантириб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: "УАллоҳни кўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсаларга илтижо ҳилур. Бу ҳаттик, адашишнингўзидир. У зарари фойдасидан яқинрок, бўлган "кимса"га илтижо крлур. У нақадар ёмон "дўст" ва накрдар ёмон "ошно"дир" (Ҳаж, 12-13).
210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир.
Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин амр-фармонларини кўра-била туриб ҳам қайсарликлари туфайли уларни бажаришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам бор. Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришмаган, Қуръонга ишонишмайди. Бунинг устига улар "Агар Аллоҳ ўз фаришталари билан олдимизга тушсайди, ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо ва танбеҳини берса, бўладиган иш бўлақолсайди", деб бетоқат бўлишади. Парвардигор марҳамат этадики, ҳамма иш Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади, ҳаммага муносиб муомалани Унинг Ўзи қилади, қачон қилишини ҳам ёлғиз Ўзи билади, инкор этувчилар бетоқат бўлавермасинларки, улар имонсизликларининг қаттиқ азобини тотишлари муқаррардир!
211. Бани Исроилдан уларга қанчалаб очиқ далилларни берганимизни сўранг. Ким Аллоҳ неъматлари келганидан кейин уларни ўзгартирса, Аллоҳ албатта қаттиқ жазо берувчидир.
Аллоҳ таоло тариҳда шаккоклиги ва итоатсизлиги билан машҳур бўлган Бани Исроил қавмини ҳидоятга йўллаш учун уларга жуда кўп мўъжизаларни, очиқ-ойдин далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Масалан, уларга юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга ато этган мўъжизаларнинг ўзи бир нечадир: у киши қўлларини қўлтиқларига тиқиб олсалар, кўрганни хушнуд этадиган даражада оппоқ бўлиб чиқар эди; Фиръавн сеҳргарларини мағлуб этиш учун ҳассаларини ерга ташлаганларида у илонга айланиб, сеҳргарларнинг илонларини ютиб юборди; Мусо алайҳиссалом ҳассалари билан харсанг тошга урсалар ўн икки булоқ отилиб чиқиб, ташналикда қолган қавм сувга сероб бўлди. Аллоҳ таоло қавмнинг ўзини ҳам бутун тарихи давомида турли неъматлар, имтиёзлар билан сийлаган: қаттиқ иссиқдан ҳимоя қилиш учун улар устига булутларни соя ташлаш учун юборган, осмондан ширинлик ва бедана гўшти тушириб турган, фиръавн аскарлари ўлдириш мақсадида таъқиб қилиб, етай деб қолганида денгизни иккига бўлиб, уларни қутқарган ва ҳоказо. Аммо итоатсиз қавм шунча неъматларга шукр қилмади, ҳидоят йўлидан юрмади. Бани Исроилга ўхшаб инсонлар Аллоҳ ҳукмидан чекингудай бўлишса, Исломга Аллоҳ буюрганидай тўлалигича киришмаса, уларни оғир мусибат кутиб турибди. Аллоҳ таоло берган имон ва илмни ўзгартириб, инсонларни ҳақ йўлдан адаштирувчилар эса, Аллоҳ азза ва жалланинг қаттиқ азобига учрашлари аниқ!
212. Кофирларга дунё ҳаёти зийнатлаб қўйилди, улар мўмин-ларни масхара қилишади. Ҳолбуки тақводорлар қиёмат куни улардан устундир. Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ берур.
Куфр келтирганлар имонсиз бўлгани учун ҳам дунё ҳаётига қаттиқ кўнгил қўйган. Улар бу борада мўминлар устидан кулиб юришади, уларни дунё ҳаётидан завқлана олмасликда, берилган имкониятлардан фойдаланмасликда айблаб, масхара қилишади. Чунки имондан йироқ кимсаларга дунё ҳаёти чиройли кўрсатиб қўйилган. Улар берилган умрни фақат айшу ишратда, кўнгилхушликларга кўмилиб ўтказишни исташади. Улар ҳаёт мазмунини базми-жамшидлар, ичимликлар, бузуқликлар, ғаройиб кўнгилочар ишлар, роҳат-фароғат, лаззатларда деб билишади. Дин ва эътиқодни ортиқча иш санашади.
Буларнинг ҳаммаси ҳавойи нафсга қулликдан, икки дунёда ҳам бахтсиз бўлишдан бошқа нарса эмас! Қорнинг очмай туриб, асло тўя олмайсан, тўйиб овқат есанг сени бесаранжомлик, жиззакилик, шунингдек лоқайдлик ва бўшашувчилик босади. Наҳотки аёлнинг оғуши барқарор бахт бўла олса? Қалб ва ҳирс ҳеч қачон барқарор бўла олмайди. Маъшуқалар мақтов ва хушомадга, совға ва ҳурмат-эътиборга ўч бўлишади. Севишганлар қўшилгач, бир-бирларидан ҳафсаласи пир бўлиб, кўнгли совийди. Бу муҳаббатни бахтли деб ҳисоблай олмаймиз. Чунки уларнинг ҳар бири бошқасини охиригача таниб, у ҳақда ўйлаган хаёллари, орзу-умидлари чилпарчин бўлгач, ундаги комил жозиба бир зумда ғойиб бўлади. Шу каби ҳаддан ташқари бадавлат бўлиш ҳам мол-мулкка қул бўлиш эмасми? Инсон ўзини мол-мулк хизматига топшириб, фақат уни тўплаш ва йиққанини асраш билан овора бўлиб қолганда ўз бойлигининг қулига айланиб, бир қурол бўлиб қолмайдими? Ҳар қандай бойлик ва мол-дунё инсонга вақтинчалик бериб қўйилганини, унга қалбдан муҳаббат қўйиш катта кулфат келтиришини асло эсдан чиқармаслик керак. Бу каби кимсалар ҳақида Қуръони карим бундай дейди: 'Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари егандек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур" (Муҳаммад, 12). Кўнгил хотиржамлиги, одамлар ўртасидаги, инсон ва Аллоҳ ўртасидаги келишув, мана шулар ҳақиқий бахт-саодат эмасми? Бу фароғат, руҳий таскин, келишиш инсон ўз кучини, мол-мулкини бошқалар хизматига сарфлагандагина чинакамига амалга ошган бўлади. У эзгу ниятлар ва ҳаракатлар билан эзгу ҳаёт кечирсагина бунга эришади. У Аллоҳ билан ибодат ва итоат воситасида маҳкам боғлансагина Аллоҳ унинг хотиржамлиги ва фароғатини кўпайтириб қўяди, ёрдамини ва бераётган атоларини зиёдалаштириб қўяди. Имондан ташқарида бу бахт бўлиши мумкинми?
Шайх Усмонхон Алимовнинг
"Тафсири ирфон"китобидан