12.Кофир бўлганлар имон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга юринглар, гуноҳларингизни биз кўтарамиз», дейишади. Ҳолбуки, улар буларнинг гуноҳларидан бирор нарсани кўтарувчи эмаслар. Улар албатта ёлғончилардир.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга ато этилган ақл ҳидоятга олиб борувчи воситалардан биридир. Инсон ақл воситасида эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва қабиҳлик, ҳақиқат ва ботил фарқларини ажратиб олади. Ҳур фикрли ва ташқи таъсирларга дучор бўлмаган ақл атроф коинотга назар ташларкан, сўзсиз унинг хулосаси Аллоҳ маърифати билан ниҳояланади. Ваҳоланки, Аллоҳ коинотдаги собит ҳақиқатларга ақл кўзи билан қараб, ундан мантиқий ҳукм чиқармаган кимсаларни мазаммат қилади, яъни қоралайди. Аллоҳ бундай кимсаларни гоҳида ҳеч нарса тушунмайдиган гумроҳ, гоҳида ақлсиз ҳайвон, балки ундан ҳам адашганроқ, гоҳо эса илмга мурожаат қилмайдиган кўр, кар, гунг-соқов деб атайди. Зеро, ақлсиз кишилар учун шаръий таклифлар ҳам собит бўлмайди. Бундай жоҳил кимсалар кофирларнинг найрангларини пайқай олмайдилар, уларнинг алдовига осонгина учадилар, “Бизнинг йўлимизга юрсанглар, қанча гунохларинг бўлса ҳам кўтарамиз” деган сафсаталарига учиб, имонлари, эътиқодларини хавфда қолдирадилар. Кофирлар доимо иғволари билан мўминларни тўғри йўлдан уриб, ўз йўлларига солиш, эътиқодларидан чалғитиш пайида бўлишади. Бошда мўминлар уларнинг тутган иши хато эканини, бу эса гуноҳ бўлишини айтиб, уларга эргашишдан бош тортишади. Ана шунда кофирлар иғволарини янада кучайтириб, алдовларини авжга чиқариб, яна ҳам қаттиқроқ ташвиқот қилишга ўтишади. Улар мўминларга: «Сизлар йўлимизга эргашаверинглар, агар шу йўл хато бўлиб, унга гуноҳ бериладиган бўлса, ўша хато ва гуноҳни сизлар эмас, биз кўтарамиз», деб лақиллатишга ўтишади. Бунга ўхшаш гапни аввалги кофирлар ҳам айтган, ҳозиргилари ҳам такрорлашдан эринмайди. Ваҳоланки, улар мўминларнинг ҳамма хатолари тугул, лоақал бирортасини ҳам кўтаришга қодир эмаслар. Улар бировнинг хатосини кўтариш ўрнига ўз хатоларининг ҳисобини қилишсин. Улар ёлғончи бўлгани учун мўминларни йўлдан уриш, улар орасига фитна солиш, ҳақ йўлдан ботил сари буриб юбориш учун ёлғон, фитна ва макрнинг ҳар қандай туридан ҳам ҳазар қилишмайди.
13.Улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтаришади. Қиёмат куни ўзлари тўқиб олганлари ҳақида албатта сўралишади.
Ушбу оятдаги «юк» сўзи гуноҳни англатади. Одатда ўз юкини машаққат билан кўтариб кетаётган бир кишига бошқа бир одам ўз юкини юклаб, кўтартириб юборса, юкли одам қандай аҳволга тушиб қолишини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ўзиники ва бошқанинг юки бирданига елкасига ортилган киши уларнинг оғирлигидан эзилиб-қийналиб кетади. Худди шу каби қиёматда кофирлар ўз гуноҳлари юкини аранг кўтариб туришганда уларнинг устига ўз иғволари, фитналари билан йўлдан урган одамларининг гуноҳлари ҳам ортиб қўйилади. Ўз гуноҳларининг жазосини олмай туриб, энди бошқаларнинг ҳам гуноҳини зиммага олишларига тўғри келади. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким адашувга даъват қилса, унга эргашганларнинг гуноҳи қадар гуноҳ заррача камаймаган ҳолда унга ҳам бўлади», деганлар. Бошқаларнинг гуноҳига шерик бўлганлари етмагандай энди қиёмат куни ўзлари тўқиб олган ширклари ҳақида ҳам албатта сўроққа тутиладилар. Ҳар ким экканини ўради, деганларидай, охиратда ҳар бир киши ўз қилмишлари учун албатта жавоб беради, имонли ҳолда солиҳ амал қилганлар жаннат билан мукофотланишса, ўзи гуноҳ қилган ва бошқаларни ҳам гуноҳга чорлаган кимсалар икки томонлама азобга қолишади.
Шайх Усмонхон Алимовнинг
"Тафсири ирфон"китобидан