Тирикларнинг ўлганлар ҳақига дуоси, истиғфори, савобини уларга бағишлаб, қилган хайр-эҳсонлари ва садақалари (уларга марҳумларга) фойда беради. Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:
“Парвардигорим, улар мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин!..” деб (ҳақларига дуо қил)” (Исро сураси, 24-оят).
“Парвардигорим! Ўзинг мени, ота-онамни, менинг куйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин!..” (Нуҳ сураси, 28-оят).
“Парвардигоро! Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтган зотларни мағфират қилгил ва қалбларимизда имон келтирган зотлар учун бирор ғилли-ғаш қилмагин!” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Саъд ибн Убодадан ривоят этилади: «Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан сўрашди: “Ё Расулуллоҳ! Саъднинг онаси вафот этди.У учун қандай садақа фойдали?” “Сув”, - дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Сўнг бир қудуқ қазилди. “Бу қудуқ Саъднинг онасига тегишли”, дедилар».
Ақоид шарҳида зикр этилганки, бир олим ёки толиби илм бир маҳалладан ўтса, Аллоҳ таоло уларнинг ҳурматидан маҳалланинг қабристонига дафн этилган (марҳум)лардан қирқ кун азобни кўтаради.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” (Ғофир сураси, 60-оят).
Дуо холис ибодатдир. Балоларнинг дуо билан даф этилиши хабарларда ворид бўлган. Киши қалбида дуо қилмоққа майл пайдо бўлган вақт дуо қилиш вақтидир. Ҳақиқатан бундай марҳамат этилган: “Кимга дуо қилиш эшиклари очилса, унга қабул эшиклари ёки раҳмат ёхуд жаннат эшиклари очилур”.
“Ақидатут таҳовия” шориҳи бундай дейди: “Тирикларнинг дуолари ва садақалари ўликларга фойда бериши ҳақида аҳли сунна олимлари иттифоқ этганлар. Мусулмонларнинг ўлганлар ҳаққига дуоси, уларнинг гуноҳларини кечирилишини сўраши ва садақа бериши марҳумларга фойда беради.
Рўза тутиш, Қуръон ўқиш ва Аллоҳ таолони зикр этиш каби баданий ибодатларнинг савоби марҳумга бағишланса, савоби уларга етади.
Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва салаф олимларининг кўпчилиги баданий ибодатларнинг савоби марҳумга етади, деганлар. Молий ибодатларнинг савоби марҳумга етишига далолат этган далиллардан бири Жобир (р.а.)дан ривоят этилган бу ҳадиси шарифдир: «Жобир (р.а.) бундай дейдилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан бирга Қурбон ҳайити намозини ўқидим. Намоз тугагач, бир қўчқор келтириб сўйдилар. Сўяётганларида: “Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар! Ё Аллоҳ, бу қурбонлик мендан ва умматимдан қурбонлик қилол Маганлар учун” дедилар”» (Бу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят этган).
Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят этган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) икки қўчқорни қурбонлик қилганларини, улардан бирини ўзлари учун, иккинчисини эса қурбонлик қилмаган умматлари учун сўйганлари баён этилади.
Сўнгра қабр ёнида Қуръон ўқиш Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Молик наздида макруҳдир (“Баҳрур Роиқ”). Чунки у суннатда келмагандир, кейин пайдо бўлган бидъатдир.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи"китобидан