close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Омин»ни жаҳрий айтиш ва «рафъул ядайн» қилиш масаласида Шоҳ Абдулқодир ва Шоҳ Исмоил Шаҳиднинг баҳси ва суннатни тирилтиришнинг саҳиҳ тафсири

Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий айтадилар: «Мавлоно Муҳаммад Исмоил Шаҳид баъзи ҳанафийларнинг ҳаддан ошганини кўриб, «Омин»ни жаҳрий айтишни, рафъул ядайн қилишни бошладилар. Шоҳ Абдулқодир у кишига шундай дедилар: «Омин»ни жаҳрий айтиш ва рафъул ядайн қилиш шак-шубҳасиз суннат билан собит бўлган, жуда кўп мужтаҳид имомлар бунга амал ҳам қилганлар. Кимдир бунга амал қилса, умуман олганда, ҳеч бир зарар йўқ. Лекин аҳолининг барчаси ҳанафий бўлган жойда бунга амал қилиш одамлар орасида фитна ва ихтилофга сабаб бўлади. Бундан сақланиш керак».

Мавлоно Муҳаммад Исмоил Шаҳид шундай дедилар: «Ҳазрат, ҳадисда «Ўлган суннатни тирилтирган кишига юзта шаҳиднинг савоби берилади», дейилган. Бизнинг юртимизда мана шу суннатлар ўлган. Шунинг учун мен уларни тирилтирмокдаман».
Шоҳ Абдулқодир айтдилар: «Исмоил, биз сени катта олим деб билар эдик. Шуни ҳам тушунмайсанми? Суннатнинг ўрнини бирор бидъат иш эгаллаган бўлса, ана шунда суннат ўлган ҳисобланади. Қайси ўринларда суннатнинг муқобилида бошқа бир суннат бўлса, мужтаҳид имомларнинг орасида ихтилоф бўлиб, бирлари бир суннатни қувватлаб, унга амал қилса, бошқалари бошқа суннатни қувватлаб, ўшанга амал қилса, бу ўринда ҳар икки амал ҳам суннат ва фақат суннатдир, бирортаси бидъат эмас. Демак, бу ерда суннат ўлган ҳисобланмайди. Шундай экан, суннатни тирилтириш деган гап қандай қилиб бу ўринга тўғри келади?»
Суннатда «омин»ни овоз чиқариб айтиш ва рафъул ядайн қилиш (ҳар такбир айтганда икки қўлни кўтариш) собит бўлганидек, «омин»ни махфий айтиш ва рафъул ядайн қилмаслик ҳам суннат билан собит бўлган. Уларнинг қай бири рожиҳ (афзал, қувватли), қай бири маржуҳ (афзал эмас, қувватсиз) эканини ажратиш мужтаҳид имомларнинг ишидир. Баъзи имомлар «омин»ни жаҳрий айтиш ва рафъул ядайн қилишни таржиҳ қилган бўлсалар, яна баъзилари оминни махфий айтиш ва рафъул ядайн қилмасликни рожиҳ деб ҳисоблаганлар. Бундай ўринда бирорта иш ҳам бидъат эмаски, суннат ўлган, деб айтилса.
Камина (Шафеъ Усмоний) айтаманки, тўрт имомнинг иттифоқли усулларидан шу нарса собитки, қайси масалада ижтиҳод қилиш жоиз бўлса ва мужтаҳид имомлар ўзлари тўғри деб ҳисоблаган фикрга кўра бирор хос кўринишни танлаб, ўшанга амал қилсалар, булардан бирор томон ҳам мункар ҳисобланмайди, иккала томон ҳам маъруфнинг бир кўриниши саналади. Шунинг учун банда бундай ҳолатда амр бил маъруф ва наҳий анил мункар қилишга буюрилмайди. Киши ўзи танлаган мазҳабга тескари амал қилаётган бошқа кишини «Сен суннатни тарк қиляпсан», деб туҳмат қилиши ёки уни фосиқ деб ҳисоблаши ҳеч бир имомнинг наздида жоиз эмас. Аҳли илм дўстларимиз ҳадис имоми, ҳофиз Ибн Абдулбаррнинг «Жомеъул илм» асарида бу ҳақда нақл қилган гапларини ҳамиша ёдларида сақлашлари ва дил саҳифасига нақшдек ёзиб олишлари лозим. Шунда бугунги кунда жуда кўп олимлар мубтало бўлган фасодлардан сақланиб қоладилар. Улар ижтиҳодий масалалардаги ихтилофга биноан бир-бирларини кофир ёки фосиқ дейишгача етиб боряптилар, улуғ олимларнинг шаънига беодоблик қилмоқдалар. Натижада мусулмонлар ўзаро жанжаллашиб, яна қанчадан-қанча каттаю кичик гуноҳларга мубтало бўлмоқдалар, буни Аллоҳ билади.

Муҳаммад Шафеъ Усмонийнинг
"Мажолиси ҳакимул умма" китобидан
Ёрқинжон Фозилов таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase