close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Истиғфор (гуноҳни кечишни сўраш) ва унинг таъсири

Ҳеч шубҳа йўқки, «ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди» деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам бўлади. Лекин гоҳида адашиб баъзи бир нолойиқ ишларни қилиб қўйса, дар-ҳол Аллоҳни эслайди, хатосини тан олади, надомат чекади, истиғфор айтиб, иккинчи бу ишни такрорламасликка аҳд қилади.

Исломда гуноҳни ювиш учун дин арбоблари ҳузурида эътироф этиш (тан олиш)нинг ҳожати йўқ. Шунингдек, қилган гуноҳи кишига доимо ёпишиб юради, ундан қочиб қутулиб бўлмайди, деган эътиқод ҳам йўқ. Ҳар бир мусулмон бевосита Аллоҳга дуо қилиб, ўз надоматини изҳор қилиб, гуноҳидан ўтишини сўраш имконига эга. Қуръони Каримда шундай дейилган:
«Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳимли зот эканини топади» («Нисо» сураси, 110-оят).
 Аллоҳ таоло ўзининг мағфиратига сазовор бўладиган мўминларни сифатлаб шундай дейди:
«Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфиратдир» («Оли Имрон» сураси, 135, 136-оятлар).
Аллоҳ таоло тавба қилиб ўзига ёлворганларнинг гуноҳларини албатта кечади. Бу ҳақда «Зумар» сурасида шундай дейилган:
«Сен менинг тарафимдан: «Эй, ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир», деб айт» (53-оят).
Уламолар: мўмин кишининг умидини кучлантирувчи оятларнинг энг зўри мана шу оятдир, деганлар. Ислом динида гуноҳлардан халос бўлиш, ўз-ўзини поклаш имкони эзгулик йўлидаги ишларга чамбарчас боғлиқдир. Эзгу ишлар гуноҳни ювиши оят ва ҳадисларда алоҳида таъкидланган Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган («Ҳуд» сураси, 114-оят). Бошқа бир жойда Аллоҳ эзгу амаллар мағфиратга олиб боришини айтади:
«Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли зотдир» («Тавба» сураси, 102-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: «Ёмон ишнинг ортидан яхши иш қилсанг, ёмонликни ювган бўлади». Имом Бухорий ривоят қилган.
Зеро, инсон «Аллоҳ барча гуноҳларни кечади, мен ҳақиқий тавба қилсам, қабул қилади» деб қатъий ишонмоғи лозим. Ҳозирги кунда тиббиёт илми муҳтож бўлиб турган асаб касалликларини даволаш воситаларидан энг кучлиси ҳам ана шу. Психология олимлари, хусусан, машҳур Фрейднинг фикрича, асаб касалликларининг асосий сабаби руҳий тушкунлик бўлиб, унинг давоси фақат асаб касалликлари бўйича мутахассис кишининг олдида ўз хатоларини тан олиш билан бўлади.
Бу нарса, мутахассисларнинг айтишича, руҳий, мантиқий бир иш бўлиб, касалнинг хатоларини очиб ташлайди, у ўз хатоларини кўриб, ҳис қилади. Шунда унинг руҳи билан виждони орасида ўзаро келишув пайдо бўлади. Виждон кечиради, инсон эса ўзини руҳи олдида мусаффо ҳис қилади, шу билан асабий тугун йўқолади.
Асабий тугунлар хаёлий нарса бўлмай, балки кўпгина касалликларнинг сабабчиси ҳамдир. Масалан: бош оғриғи, юрак нотинчлиги, қон босими ва ҳозирги кунда тарқалган кўпгина касалликлар...
Бунинг давоси табиб ҳузуридаги эътироф бўлса, табиб ҳузурида эътироф қилди нимаю, Аллоҳнинг ҳузурида эътироф қилди нима? Аллоҳнинг кечириши билан виждоннинг соф бўлиши орасида қандай фарқ бор?
Аслида, табиб ҳузурида ёки ёлғиз ҳолда ўз виждони олдида тазарруъ қилаётган одам ўзи билиб-билмаган ҳолда Аллоҳга юзланиб илтижо этаётган бўлади. Зеро, виждон «Ал-Мийсоқ»дан қолган диндорлик туйғусининг айни ўзидир.
Хатони тан олиш назарияси Қуръоннинг ҳикматларидан бўлиб, унинг инсон учун фойдаси жуда ҳам каттадир. Мисол учун, Қуръон Юнус алайҳиссаломнинг ўз хатоларини тан олганлари оқибатида ғам-ғуссадан қутулиб, нажот топганларини айтиб ўтади:
«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» («Анбиё» сураси, 87, 88-оятлар).
Бу оятдаги «мўминларга шундай нажот берурмиз» жумласи барча мўминларни юқоридаги йўлдан боришга ва оғир, ноқулай ҳолатга тушиб қолганда, ўз гуноҳларини тан олиб, Аллоҳдан ёрдам сўрашга даъват этади. Қуръон яна бошқа бир мисол келтириб, Одам ато ва Момо Ҳаво Аллоҳнинг буйруғига бўйсунмай, гуноҳ қилганларида, бу гуноҳни тан олиб, дуо қилганларини эслатади:
«Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳим қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз» («Аъроф» сураси, 23-оят).
Қуръон гуноҳларни кечишни сўрашни ва уни қайта такрорламасликни, «Аллоҳнинг раҳматига етишиш воситаси» дейди.
«Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур» («Ҳуд» сураси, 3-оят).
Ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бир киши келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати Умар унга «истиғфор айтинглар» деб жавоб берибдилар. Иккинчи бир киши келиб камбағалликдан шикоят қилибди. Унга ҳам «истиғфор айтинглар» деб жавоб берибдилар. Учинчи бир киши бефарзандликдан шикоят қилибди! Унга ҳам «истиғфор айт» дебдилар. Яна бир киши камҳосилликдан, бошқа-си эса сув танқислигидан шикоят қилибди. Уларга ҳам истиғфор айтишни буюрибдилар. Шунда, ҳазрати Умар билан ўтирганлардан бири:
«Эй, мўминларнинг амири, турли кишилар келиб, турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса барчасига «истиғфор айт» дедингиз, бу қандай бўлди?» деганида, ҳазрати Умар юқоридаги оятни ўқиган эканлар.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата:
«Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас», деган («Анфол» сураси, 33-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этганларида баъзи саҳобалар: «Бизни Аллоҳнинг азобидан сақлаб турувчи икки нарса бор эди, бири пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар, энди иккинчиси, истиғфор қолди, у ҳам кетса, ҳалокатга учраймиз», дейишган экан.

Тавба

Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларнинг кечирилиши осон экан, деган хаёлга келиши мумкин. Аслида эса, ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайдилар, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат қилиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилмоқлик ҳам зарур.
Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба дегани–қайтиш деганидир. «Инсон тавба қилди» дегани «хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал қилган гуноҳларига надомат (афсус) қилди» деганидир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда эслатиб ўтади:
«Ким зулмидан кейин тавба этса ва яхши амал қилса, Аллоҳ, албатта, тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли зотдир» («Моида» сураси, 39-оят).
«Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра, ундан кейин тавба қилиб, яхши амал қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳимли зотдир» («Анъом» сураси, 54-оят).
Кўпинча, Қуръони Каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра унга тавба қилинг» каби. Чунки, тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфи-ратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки, гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмаса, мағфират талаб қилмоққа имкони йўқ. Демак, истиғфор зарур нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажарилиши керак. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида:
«Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», дейилган (17-оят).
Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:

1. Ёмонликни билмасдан қилиш.
2. Тезда тавба қилиш.

Аммо, инсон ёмонликни ўзига одат қилиб олса ва ажали яқинлашганда тавба қилса, тавба қабул бўлмайди. Бу ҳақда «Нисо» сурасида шундай де-йилган:
«Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, «энди тавба қилдим» деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят).
Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади:
«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» («Тоҳа» сураси, 82-оят).
«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган зотдир» («Фурқон» сураси, 70-оят).
Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзини ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади. Голландиялик ёзувчи Франц Сталл бир журналга ёзган мақоласида Исломдаги ахлоқий таълимотлар билан Европадаги ахлоққа чақирувчи ташкилотларнинг таълимотини қиёслаб кўриб, шундай дейди: «Ислом динида тавба кишиларнинг ўз-ўзини тарбиялаш воситасидир. У улкан ахлоқий қуролдир, унда надомат, ўзгариш ва яхшиликка ўтиш бирлашиб келади».

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase