Аллоҳ таоло бундан аввалги оятда учта катта гуноҳ: ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш ва зино қилишни қоралаган ҳамда бундай иш қилган кимсаларга Қиёмат куни қаттиқ азоблар борлигини айтиб таҳдид қилган эди. Мушрикларнинг эса жаҳаннамда абадий қолишларини баён қилган.
Бугун ўрганаётган оятларимизда гуноҳдан тавба қилган инсонларнинг ҳолатлари ҳақида сўз боради. Негаки, Аллоҳ инсон боласини азалий ҳикмати билан хато ва гуноҳ қиладиган қилиб яратган ҳамда унга тавба йўлларини ҳам кўрсатган.
Аллоҳ ўтган оятда гуноҳкорларни қаттиқ азоблашини айтиб, унинг сўнггидан дарҳол истисно қилади. “Бироқ тавба қилган, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган инсон бундан мустаснодир”. “...Бу ва бошқа гуноҳлардан “тавба қилган”, яъни улардан дарҳол тўхтаган, ўша ишларни қилиб қўйгани учун афсус чеккан ва қайтиб уни қилмасликка қарор қилган ва гуноҳларни тарк этишни, тоатларни бажо қилишни тақозо этадиган даражада “иймон келтирган” ва шоре буюрганидек “солиҳ амаллар қилган инсон” агар шу ишлари билан Аллоҳнинг юзини ирода этган бўлса, азобдан омон бўлади. “Ана ундай зотларнинг ёмонликларини Аллоҳ яхшиликларга алмаштириб қўяди”. Яъни уларнинг ёмонлик қилишга қаратилган ҳаракатлари ўзгаради ва яхшиликка айланади. Шундай қилиб уларнинг ширклари иймонга, гуноҳлари тоатга алмашади. Ҳар битта гуноҳга тавба қилганлари, унинг сўнггидан тоат-ибодат қилганлари туфайли – оятнинг зоҳирига қараганда – аввал қилган ёмонликларининг ўзи ҳам яхшиликка айланади. Бу борада айрим гуноҳларини Аллоҳ ҳисоб–китоб қилган одамнинг ҳадиси ворид бўлган. Аллоҳ у одамга гуноҳларини санаб кўрсатган, кейин ҳар битта гуноҳнинг ўрнига биттадан яхшилик ато қилиб қўйган эди. Шунда ҳалиги одам: “Менинг баъзи гуноҳларим бор эди, бу ерда уларни кўрмаяпман-ку”, дейди. Аллоҳ билгувчироқ.
“Аллоҳ” тавба қилган киши учун улкан гуноҳларни кечирувчи “Ғафурдир”, бандаларига меҳрибон “Раҳиймдир”. Чунки У Ўзининг муқобилига улкан гуноҳлар билан қарама-қарши келаётган бўлсалар ҳам, бандаларни тавба қилишга чақирди, тавбага муваффақ қилди, кейин улардан тавбаларини қабул этди.
“Кимки тавба қилса ва солиҳ амал қилса, бас у чиндан Аллоҳ томонга қайтган бўлади”. Яъни банда яхши билсинки, унинг тавбаси ниҳоятда мукаммал тавба бўлган бўлади. Чунки тавба Аллоҳга олиб борадиган йўлга қайтишдир. У шундай йўлки, банданинг айни саодати ва нажотидир. Бас, у тавбасида холис бўлсин, уни турли фосид ғаразларнинг арашмаларидан озод қилсин.
Бу сўзлардан мақсад тавбани мукаммал қилишга тарғиб қилиш ва унга энг афзал суратда ва ниҳоятда юксак даражада риоя қилишга даъват этишдир. Токи, банда ўзи тавба қилган Зотга интилсин ва Аллоҳ ҳам унинг ажрини тавбасининг камолига яраша тўлиқ ато этсин”. (Саъдий).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ “Ана ундай зотларнинг ёмонликларини Аллоҳ яхшиликларга алмаштириб қўяди”, деган оят тафсирида бундай ёзадилар: “Бу ҳақда икки хил қавл бор. Биринчиси. Бу бандалар ёмон ишларнинг ўрнини яхши амаллар қилиш билан ўзгартирадилар. Али Ибн Аби Талҳа Ибн Аббосдан бу оят тафсирида ривоят қилади. У киши айтганлар: “Бу бандалар мўминлардир. Улар иймон келтирмасларидан аввал ёмон ишлар қилар эдилар. Аллоҳ уларни ўша ишлардан кўнгилларини совутди ва яхши ишларга буриб қўйди. Шундай қилиб, ёмонликлар ўрнини яхшиликлар билан алмаштирди. ...Яъни аввалги ҳолатлари бошқа ҳолатга ўзгарди”. Саид ибн Жубайр айтадилар: “Аллоҳ уларни бутларга ибодат қилишдан Раҳмонга ибодат қиладиган қилиб ўзгартирди. Мусулмонларга қарши урушадиган кишилардан мушрикларга қарши урушадиган инсонларга айлантирди Мушрикларга уйланадиган инсонлардан мўминотларга уйланадиган қилиб ўзгартирди”. Ҳасан Басрий айтадилар: “Аллоҳ улардаги ёмон амалларни солиҳ амалларга айлантирди. Ширкларини ихлосга, фужурларини эҳсонга, куфрларини Исломга алмаштирди”. Иккинчи қавл. Ўтган гуноҳлар насуҳ тавбанинг ўзи билан ҳасанотларга айланади. Чунки инсон ҳар гал ўтган гуноҳларини эслаган вақтда надомат чекади, афсусланади, истиғфор айтади. Шу жиҳатдан гуноҳ тоатга айланади. Қиёмат куни гарчи ўша гуноҳларни ёзилган ҳолда кўрса ҳам, унга зарари бўлмайди ва саҳифасида турган ерида ҳасанотларга айланади. Бу ҳақда Суннатда айтилган ва солиҳ салафлардан ривоятлар келган”.
Қуртубий ёзадилар: “Агар банданинг тавбаси дуруст бўлган бўлса, ҳар бир ёмонликнинг ўрнига биттадан яхшилик битиб қўйиш Аллоҳ таолонинг карамида қийин иш эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга айтгандилар: “Ёмон ишнинг кейинидан яхши иш қилгин – ёмонликни ўчириб юборади. Одамларга эса чиройли муомалада бўл”.
Маълумки, тавбанинг учта шарти бор. Биринчиси – қилиб турган гуноҳ амалидан зудлик билан тўхташ. Иккинчиси – қилган ишига қаттиқ афсус чекиш. Учинчиси – бу ишга қайтиб қадам босмасликкка қатъий қарор қилиш. Агар гуноҳ бирор банданинг ҳаққига тажовуз қилишдан иборат бўлган бўлса, тўртинчи шарт ҳам юзага чиқади. У шарт – ўша банданинг ҳаққини қайтариш, уни рози қилиш. Агар гуноҳ Аллоҳнинг буйруқларидан биронтасини тарк этишдан иборат бўлган бўлса, тавба билан бир қаторда ўша ибодатни ўтаб қўйиш шарт.
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:
1. Агар банда чин дилдан тавба қилса, тавбанинг шартларини бажо этса, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни албатта кечиради.
2. Ёмон иш қилиб қўйган одам тавба қилиб, шу ишнинг кейинидан албатта савобли бирор иш қилиб қўйиши яхши ва фойдали иш.
3. Бир-бирларининг кўнгилларини оғритган инсонлар ўзаро кечирим сўраб, энди дилларга хурсандлик соладиган ишларни кўпроқ қилишлари яхши амаллардандир.