close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

"Ихлос" сурасининг сирлари

"Ихлос" сураси Аллоҳнинг ўзини бандаларига танитиш фармонидир. Агар Аллоҳ деган тушунчага "Ихлос" сурасининг унсурлари йўналишида ёндаша олсак, илмнинг асос ғояларини ўзлаштирган бўламиз.

"Ихлос" сураси, айни чоғда, жамики борлиқларнинг чегара чизиқларидир. Аллоҳ тушунчасига хос хусусиятга эга бўлмаган ҳар нарса яратиқлардир.
Ҳар ҳолда "Ихлос" сураси коинотдаги яратиқларнинг физик ҳусусиятларини фарқлаб айириб кўрсатгандир.
Бу жиҳатдан олинганда "Ихлос" сураси бутун илмнинг тугал баёнидир.
Олдин "Ихлос" сурасини Аллоҳнинг таърифи тарзида тадқиқ қиламиз, сўнгра тескари тарзда барча яратиқларнинг асос хусусиятларини яна "Ихлос" сурасидан ўрганамиз:
"Айтингки: У Аллоҳ Аҳаддир.
У Аллоҳ Сомаддир. У туғмади ва туғилмади. Ва фақат унга ҳеч бир куфур бўлмади" (куфур - шерик, тенг, эш, ўхшаш, мисл ва ҳоказо).
"Ихлос" сурасини бундан бошқача қилиб, ўринсиз калималар билан таржима қилиш, менимча, мумкин эмас.
Чунончи, "У Аллоҳ бирдир", деёлмаймиз. Чунки "бир"ни "воҳид" калимаси ифодалайди, "аҳад" таъбири эса "воҳид"дан фарқлидир.

Кўринадики, Аллоҳ ўзини бандаларига таърифларкан, тўрт унсурини:

а) Аллоҳ Аҳаддир,
б) Аллоҳ Сомаддир,
в) У бировни туғмади ва бировдан туғилмаган,
г) унинг терси ва ўхшаши йўқ, деб уқтиради.

Бу тўрт унсурни изоҳлашдан олдин иллоҳ калимасининг маъноси устида тўхталгим келади.
"Аллоҳ" калимаси фақатгина Қуръонда учрайдиган махсус бир сўздир. Ҳеч бир тилда унинг тенги йўқ. “Тангри", "дизу", "год" калималари "илоҳ" калимасининг тенгидир. Инглизча ва французча Қуръони карим таржималарида ҳам бу ҳолга эътибор берилган ва "Аллоҳ" калимаси айнан ўз ҳолида сақлаб қолинган.
Юракнинг сўл аортасида (энг катта томирида) кафтларимиздаги собит чизиқлар сингари хатлар билан "Аллоҳ" деб ёзилгандир.
Аллоҳ, оламнинг энг танланган мавжудоти бўлмиш инсоннинг юрагига ўз имзосини биологик бир муҳрдай уриб қўйган. "Аллоҳ" калимаси Аллоҳнинг билинмас зотиятининг исмидир. Шунинг учун уни "Ихлос" сурасининг 4 асосий воситаси ичидагина қамрай оламиз.
Мана, айниқса, Аҳадият ва Сомадият сири яхши билиб олинса, илмда жуда муҳим ва қимматли ҳақиқатлар ҳам қамраб олинган бўлади.
Лекин шуни унутмаслик керакки, "Ихлос" сурасига оид бу шарҳимиз фақат асос илмлар нуқтаи назаридандир.

Аҳад сири:
Аллоҳнинг зотига оид ўта ўзига хослик, яъни тоқлик ҳикматини тушуниб етмоқ учун ваҳдоният ва аҳадият маъноларини тушуниб олмоқ керак. Чунки илмий жиҳатдан ҳам бу маънолар фавқулодда аҳамиятлидир.
Ваҳдоният биз билган тоқлик (бирлик) унсури демакдир. Бу тоқлик маълум сифатлар жиҳатидан бўлиши мумкин. Масалан, барча нафслар тоқдир. "Куллу нафсин воҳида", яъни нафслар эҳтирос, зулм, манфаатпарастлик нуқтаи назаридан бир хил хусусиятларга эгадирлар, демакдир.
Бутун электронлар ваҳдоният сирига эга. Чунки ўз хусусиятлари билан улар айнан бир-бирларини такрорлайдилар. Кўплик атом мағзидаги протон миқдоридан вужудга келади. Лекин аслида протонлар ҳам, мустақил ҳолда экан, ваҳдоният, яъни тоқлик сирига соҳибдир.
Демак, физик унсурларга кўра жуда кўп унсурлар ўзида тоқлик сирини ташийди. Тоқликнинг зидди бўлган кўплик умуман бир-бирига зид жуфтлар тарзидаги сажиядан туғилади. Бу жиҳатдан физика ҳам тоқлик сирига эга, Кўз ўнгимиздаги ҳар бир элемент ўзининг зид жуфти туфайли кўпликни тамсил этади.
Элементлардаги тоқлик кўриниши илоҳий қудратнинг ваҳдоният сиридан туғилади.
Лекин, унутмаслик керакки, Қудрат-и Илоҳий бир сифатнинг акс этишидир ва Аллоҳнинг зотига оид бўлган Аҳадиятдан фарқланувчи тоқликдир. Янада очиқроғи бу бирлик ашёда, зид жуфтлар низомига кўра, истаганча кўплик шаклида кўрина олади, бу - ваҳдониятдан туғилган тоқликнинг сиридир.
Аҳадиятга келинса, у, физик ва математик хусусиятлардан ташқаридаги бирликдир ва ашёда, яъни яратилган нарсада бор бўлолмайдиган бирликдир. Аҳадият шахсан бир сифат жилваси бўлган ваҳдоният шаклига ҳам киролмайди.
У ҳолда аҳадият тоқлиги қандай тоқликдир? Бу саволнинг жавобини яна "Ихлос" сурасининг ўзи сўнгги оятида билдиради: "Ўхшаши ва зидди бўлмаган тоқлик"дир. Шундай бўлгач, гал-гали билан билган маъноларимизни тадқиқ қилайлик: қайси мезондаги тоқлик бу? Ажабо, қудрати чексиз бўлган қувватни Аҳадият деса бўлармикан? Йўқ, унинг зидди (тенги) бор: кучсизлик.
Ўлчовлар, вақт, квант, атомлар, галактикалар, янги юлдузлар - буларнинг ҳаммаси зидди ё ўхшаши бор бўлган борлиқлардир. Булар қайсидир бир жиҳатдан ваҳдоният сирини ташийдилар, аммо аҳадият сирини ташимайдилар (жозиба ва магнитик таранглик).
Шу туфайли буларнинг ҳеч бири Аллоҳ бўлолмайди. "Ихлос" сураси Аллоҳ маъносини тушунтираркан, илк оятидаёқ билганларимизнинг ҳеч бири Аллоҳ бўлолмаслигини таъкидлайди ва буларнинг барчасининг нариги ёғида мутлақ бир тоқлик борлигини, бу тоқликнинг ўхшаши ва зидди бўлолмаслигини уқтиради.
Математик жиҳатдан 1 сони ҳам аҳадият сирига эга эмас, чунки-1 бор.
Квант ҳам физик жиҳатдан аҳадият сирига эга эмас, чунки ҳандаса (геометрия) амалиётида ундан ҳам кичик Ҳилберт макони бор.
Координатлар, яъни нуқтанинг жойи ҳам геометрик жиҳатдан доимо зид ўхшашлик фарқни кўрсатгани туфайли аҳадият сирини ташиёлмайди.
Аммо ҳар учаласида ҳам ваҳдоният сири бор.
Шундай бўлгач, Аҳадият, бу - ёлғиз Аллоҳга, унинг зотига хос бир мутлақ тоқликдир. Зеҳнларда пайдо бўлган ҳар бир ўрнак, илм билан ўзини изоҳлаб, маъно чегарасини чексизлаштиради. Бир-биридан фарқланувчи ҳар хил тоқлар, Аллоҳни билиб бўлмаслигининг муҳташам бир кўргазмасидир.
Ҳаммасини кўриб, билиб бўлгач Аллоҳ бундайлардан эмас, дейсиз. "Ихлос" сураси кўрсатган илк илмий мўжиза мана шудир.

Сомад сири:
Сомад - шонли, улуғ, барча ғоялар манбаи, нуқсонсиз, ҳар нарсадан тўқ (ҳеч нарсага муҳтож эмас) маъноларини билдиради. Лекин энг асосий маъноси: ҳар қандай борлиқ унга муҳтож, ундан мадад олмай туролмайди, у олий қудрат демакдир.
Коинотда ҳар борлиқ, коинотнинг ҳар нуқтаси сомад сирига муҳтождир. Сомад сирини, китобимизнинг тафсир тарзи нуқтаи назаридан, яъни физик томонидан шарҳлагим келади:
Ажабо, инсон Сомад сирига қанчалик муҳтож экан?
Маълумки инсон ўз навбатида атомлардан молекулаларга, молекулалардан ҳужайраларга, ҳужайралардан тўқималарга ва ундан аъзолар тизимига ўтувчи бир жисмоният соҳибидир.
Бир атом мағзи, интер акцион жозибаси сабабли, бир сонияда ўн миллиард марта мувозанат титроғи беради. Бу мувозанатни сақлаш учун бир сонияда ўн миллиард марта сомад сирига муҳтож бўлади.
Бир инсон вужудида 7х1028 атом мағзи, тахминан 14х1(Р электрон бор. Демак, инсон ўзидаги атом ва электронлар туфайли бир сонияда атом мағзи жиҳатидан 7х1028 ва электронлар жиҳатидан 14х1028 марта сомад сирига муҳтождир.
Бу дегани - биз бир сонияда миллиард карра миллиард карра миллиард карра миллиард бора сомад сирига муҳтож бўламиз. Сомад бизга лутф этмаса, биз бир бомбадай портлаймиз. Атомдан молекулагача, у ердаги роппа-роса 2000 биохимия фабрикаси ҳужайрасигача сомад сирига муҳтожлиги шу қадар каттаки, ҳар бир инсоннинг вужуди, бутун борлиғи, ҳеч шубҳасиз, бир сонияда чексизга яқин миқдорда сомад сирига сиғинишга мажбурдир.
Шундай қилиб, "Ихлос" сураси аҳад сири орқали Аллоҳни билиб бўлмаслигини таъкидлар экан, айни чоғда сомад сири орқали ҳар ҳодиса, ҳар қурилма нақадар Аллоҳга боғлиқлигини тушунтиради.
Аллоҳ маъносига илмий ёндошувни шу тариқа аниқ ифода қила олиш яна фақат Аллоҳга хос санъатдир.
"Ихлос" сурасининг илк икки ояти ҳам Қуръони каримнинг илоҳий калом эканлигини исботлаш учун етарлидир.

"Ихлос" сурасининг бундан кейинги бўлими, яъни қолган 3 ояти - инсоннинг ҳатто илмда ҳам йўл қўйиши мумкин бўлган хатолари ҳақида ҳукм юритгандир:
"У туғмади ва туғилмади"
Маълумки, барча инсонларда туғиш ва туғилишнинг икки маъноси бор.
1. Биз билган туғиш ва туғилиш.
2. Вужудга келиш ва вужудга келтириш. Илмий жиҳатдан:
Аллоҳнинг бир нарсани ўзидан бирон улуш қўшиб вужудга келтирмаслиги амри жуда ҳам муҳимдир.
На кванту, на юлдузлар, на-да, галактикалар Олоҳнинг улуши, бир парчаси эмас. Улар ва барча яратилган мавжудотлар Аллоҳнинг зотига тегишли бирон хусусиятга эга эмаслар. Унинг сифатларидан бири ё бир нечасини акслантирадилар.
Аллоҳнинг илмий қудратлари унинг сифатлари, бу кўринишлар, жилваланишлар, коинотларга акс тушириб, бир бичим бергандир.
Ҳар борлиқ, Аллоҳнинг сомадоният ва аҳадоният сири ташқарисидаги бир кўплик системасидир. Яна ислом метофизикаси таъбири билан айтсак: Аллоҳ жамики оламларни яратган, ўзидан бирон нарса камайиб қолмагандир.
"Туғмади" ҳукми ҳам илмий томондан жуда муҳимдир. Аллоҳ бирон нарсадан вужудга келмади, зеро бор бўлган, борлиги хаёл қилиниши мумкин бўлган ҳар нарсани у яратди. Илмни, ақллардаги тушунчани ва тасаввурни у яратди. Бу чегарасиз ҳақиқат автоматик тарзда аҳадият сирига бориб тақалади. Ва "Ихлос" сураси сўнгги ояти билан, олдинги уч оятнинг сирини англашда қийналган зеҳнларга янги чироқ киритган: "Ва фақат унга ҳеч бир куфув бўлмади".
"Куфуван аҳад" жумласидаги "куфув нинг икки тарафли бир маъноси бор. Бу бир маъно ичида: а) тенг бир ўхшаши, б) тенг зидди деган тушунчалар яширинган. Буни, яхшиси электр мисолида кўрайлик.
Қ5 потентсиал билан -5 потентсиал куфувдир. Бир жойдан ўтган 5 амперлик оқимда яна -5 амперли оқим куфув бўла олади.

"Ихлос" сурасида, шу тариқа таърифи ва маъноси тушунилиши қийин бўлган Аҳад калимасининг изоҳи, бу сўнгги оятда ўзини топгандир. Яратилган ҳар нарсанинг бир куфуви, яъни зидди ва ё ўхшаши бўлган ҳолда, Аллоҳнинг на зиддию, на ўхшаши бор. Тепароқдаги баҳслардан баъзи бирларини ёдга олиш орқали парите назарияси, коинотдаги ҳар нарса жуфт яратилганини, зидди ва ўхшаши борлигини тўла-тўкис бир шаклда очиб беради. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар блак ҳолес ("қора туйнуклар") каби изоҳи қийин борлиқларнинг ҳам зидди борлигини, яъни квазарлар мавжудлигини тасдиқлагандир. Буюк галактикаларнинг ҳам айнан ўхшашлари ва ё зидлари, ҳеч шубҳасиз бордир.
Мана, Ҳақ-Таоло, "Ихлос" сурасида ҳам учинчи оят ёрдами билан, ҳам тўртинчи оят ичида аҳадият ҳақиқатини кўрсатган катта маънолари шулардир:
а) яратилганларнинг ҳеч бири Аллоҳдан парча эмасдир;
б) яратилганлардан ҳеч бири Ҳақ-таолога на зидлик жиҳатидан, на-да эшлик жиҳатдан ўхшаш бўлолмайди.
Шубҳасиз, "Ихлос" сурасининг ҳадсиз маъновий сирлари бор. Лекин китобимизнинг мақсади "Ихлос" сурасининг илмий жиҳати бўлганлиги учун бошқа тафсилотларга тўхталмадик.

Холуқ Нурбоқийнинг
"Қуръони каримнинг илмий мўжизалари" китобидан
Туркчадан МИРАЗИЗ АЪЗАМ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase