Чунки Аллоҳ таоло Ўз расулини «Албатта, сен буюк хулқ узрадирсан», дея улуғлаши бежиз эмас. Ана шундай бемисл намуна, ноёб ва комил сифатларга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирилган қуйидаги ривоят мисол бўла олади. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. Устларида дағал кийим бор эди. Бир аъробий ридоларидан қаттиқ тортганида кийимнинг чети бўйинлари билан елкалари орасида из қолдирди. Кейин: «Эй Муҳаммад, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга мана шу икки туяга юклаб бер. Албатта сен менга ўзингнинг ва отангнинг молидан юкламаяпсанку», деди. Набий соллаллоҳу алайи васаллам сукут қилдилар, сўнг: «Мол Аллоҳнинг моли, мен Унинг бандасиман», дедилар. Кейин: «Эй аъробий, қилган ишинг учун сендан қасос олинади», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Нимага?» дедилар. У: «Ҳеч қачон сиз ёмонликка ёмонлик қайтармайсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, сўнг унинг учун битта туяга арпа, иккинчисига хурмо юклашни буюрдилар».(Имом Бухорий ва Муслим ривояти. Имом Байҳақийнинг ривоятида баъзи жумлалар зиёда қилинган).
Ўтмишда ва ҳозирда, балки бундан кейин ҳам одамлардан қай бири мана шундай иш қилган ёки қила олади? У зот ёмонликка яхшилик қайтарар, ғазабини ичга ютар, озор берганлар ва зуғум ўтказганларни дарҳол кечирар эдилар. Булар Аллоҳ таолонинг «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради» (Оли Имрон сураси, 134-оят) деган сўзидаги тарбия натижасидир.
Иккинчи мисол. Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг Аллоҳнинг хурумотларидан (Фарзлар ёки Аллоҳнинг ҳақларига тегишли бажариш лозим бўлган ишлар ёки беэътибор қараш ҳаром ишлар ёки оёқ ости қилиш мумкин бўлмаган ишлар) бири бўлмаса, ҳеч қачон зулмни қўллаганларини кўрмадим. Қўллари билан Аллоҳ йўлида курашишдан ташқари на хизматкор ва на бирон аёлни урмаганлар»(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Имом Аҳмад ва Табаронийнинг ривоятида: «У зотнинг ҳузурларига бир киши олиб келинди. «Бу сизни ўлдирмоқчи бўлган», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қўрқма, ҳеч ҳам қўрқма. Агар шуни (мени қатл қилишни хоҳласанг) сенга менинг устимдан эгалик қилишга йўл қўйилмайди», дедилар. Бу сўзларида у зотни қатл қилиш имкони йўқлиги маълум қилинмоқда. Чунки Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ сени одамлардан асрайди» (Моида сураси, 67-оят) деган ваъдаси бор. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўч олиш одатидан юқори туришлариларини тасдиқлаш баробарида ҳалиги кишига омонлик ва таскин бериб, ундан хавф, безовталик ва қўрқувни кетказганликларига далолат қилади.
Учинчи мисол. Зайд ибн Саъна Исломга киришидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қарзини тўлашни талаб қилиб келди. Кийимларини елкасидан тортиб, ёқаларидан ушлади ва қўполлик қилиб: «Сиз - Абдулмуттолибнинг болалари, ваъдангизни ўз вақтида бажармайсизлар», деди. Умар розияллоҳу анҳу уни қаттиқ уришиб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб: «Эй Умар, мен билан у бундан бошқасига муҳтожроқмиз: менга яхшилик билан адо этишимни, унга хаққини чиройли тарзда талаб қилишди буюр», дедилар. Сунг: «Иккимиз келишган вақтгача уч кун қолди», дедилар. Умарга унинг молини тўлашни ва қўрқитгани учун йигирма соъ қўшиб беришни амр қилдилар. Шу ҳодиса унинг Исломга киришига сабаб бўлди (Имом Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Абу Нуъайм саҳиҳ санад билан ривоят қилишган). Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Пайғамбарлик аломатларидан ҳаммасини Муҳаммаднинг юзида кўрдим. Фақат иккитасини, яъни ҳалимлиги ғазабидан устун келиши ва жоҳиллик ғазаби ҳалимлигидан устун ёки устун эмаслигини синаб кўрмаган эдим». Зайд ибн Саъна синаб кўргач, қандай сифатланган бўлсалар, худди шундай эканликларини ўз кўзи билан кўрди ва чин пайғамбар эканликларига шубҳаси қолмади.
Тўртинчи мисол. Жуда ишончли мутавотир хабарларга кўра, у зот Қурайшнинг макр-ҳийлаларига, қаршиликларига, жоҳилият аҳли озорларига, улар томонидан етказилган қаттиқ қийинчиликларни енгиб ўтишга кўп сабр қилдилар. Аллоҳ таоло у зотга зафар бериб, нусрат ато этиб, улар устидан ҳукм чиқариш имконини яратди. Улар таг-томирлари билан ҳалок қилинишларига заррача шубҳа қилишмас эди. Лекин Расули акрам кечириш, афв этишдан бошқа чора қўлламадилар. Макка фатҳ этилгандан кейин уларнинг олдин айтган сўзларини эътиборсиз қолдирдилар. Уларга мулойим ва шафқатли эканликларига ишора қилиб: «Мен сизларга нима қиламан деб ўйлайсизлар», деганларида, улар «Яхшилик қиласиз деб ўйлаймиз. Сиз карамли биродарсиз, карамли биродарнинг ўғлисиз», дейишди. У зот: «Сизларга биродарим Юсуф айтганидек сўз айтаман. «У: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф сураси, 92-оят) деган эди. Боринглар сизлар омондасизлар» (Ибн Саъд, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган). Яъни сизларни маломат қилиш, айблаш, ҳақорат қилиш, койиш йўқ. Сизлардан ўтган ва содир бўлган гуноҳларни Аллоҳ кечиради. Кетаверинглар. Асирлик кишанидан омонсизлар.
Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бомдод намози пайтида Танъим (Маккадан уч мил узоқликдаги жой) тарафдан саксон киши Расулуллоҳни қатл қилмоқчи бўлиб тушишди. Улар қўлга олинди. Бироқ у зот уларни озод қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «У Макка водийсида сизларни улар устидан ғолиб этгандан сўнг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Фатҳ сураси, 24-оят) оятини нозил қилди.
Ибн Исҳоқнинг «Сийрати набавийя» китобида келтиришича: «Абу Суфён Хандақ жангида тарқоқ гуруҳларни у зотга қарши гиж-гижлаб бирлаштирган, амакилари Ҳамза ва асҳобларидан етмиш кишининг ўлдирилиши ҳамда жасадлари таҳқирланишига сабаб бўлган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига Абу Суфён олиб келинди. У зот уни афв этиб, юмшоқ гапирдилар-да: «Эсиз-эсиз! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканини билишинг ва бунга гувоҳлик беришинг вақти келмадими?» - дедилар. У: «Ота-онам фидо бўлсин сизга! Қандай ҳам ҳалим, карамли ва қариндошликни боғловчисиз», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратла-ри мана шундай улуғ ва ибратли эди. У зот одамларнинг ғазабдан энг узоғи ва энг тез рози бўладигани эдилар.
Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг
"Шамоилул Мустафо" китобидан
Абдулазиз Мўмин таржимаси