close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Албатта, мен Аллоҳ азза ва жалла йўлида қон тўккан биринчи кишиман...

Саъд ибн АбуВаққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, мен Аллоҳ азза ва жалла йўлида қон тўккан биринчи кишиман. Албатта, мен Аллоҳ йўлида ўқ отган биринчи кишиман. Ўзимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир гуруҳда душманга қарши курашаётганимни кўрганман. Ўшанда биз дарахт ва ток баргларидан бўлак ҳеч нарса емасдик. Ҳатто оғизларимиз чети яра бўлиб кетган. Ҳар биримиз худди қўй ва туя каби ҳожат чиқарарди. Бани Асад мени динда маломат қила бошлади! (Агар улар айтаётган гап рост бўлса,) у ҳолда мен (яхшиликдан) аниқ маҳрум бўлибман, зиён кўрибман, амалим бекор кетибди”.

(Санади саҳиҳ. Бу ҳадисни Бухорий (3828, 5413, 6453) ва Муслим (2966) “Саҳиҳайн”да, Термизий (2365), Ибн Можа (131) ва Доримий (2420) “Сунан”да, Аҳмад “Муснад”да (1/174, 181, 186) ривоят қилган).
Шарҳ. Буюк саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Аллоҳ йўлида ғаним билан курашиб биринчи қон тўккан, душманларга қарши камондан биринчи ўқ отган кишидир. Саъд бу гапни мақтаниш, фахрланиш учун эмас, ўз шаънини ҳимоя қилиш мақсадида айтган.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан юборилган жангчи гуруҳда рақиблар билан курашиб, оғир кунларни бошдан ўтказишган. Ҳатто ейишга ҳеч вақо топа олишмаган. Иложсизликдан дарахт ва ток баргларини ейишган. Барг оғизлари четини қийиб юборгани учун яра-чақа бўлиб кетган. Чорва ҳайвонлари ейдиган нарса еганлари учун худди қўй, эчки ва туяникига ўхшаш ахлат чиқаришарди.
Бани Асад қабиласи Басра амири Саъд ибн Абу Ваққос устидан шикоят қилган, у намозни яхши ўқимаётганини айтган. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Куфа аҳли Саъд устидан Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. Умар ўша заҳоти уни мансабидан олиб, уларга Амморни закот йиғувчи қилиб тайинлади. Улар шикоят қилишди. Ҳатто (Саъд) намозни чиройли ўқимаётганини зикр қилишди. Умар Саъдга мактуб йўллаб, “Эй Абу Исҳоқ, булар айтишича, сен намозни чиройли ўқимаётган экансан?” деди. Шунда Абу Исҳоқ (яъни, Саъд ибн Абу Ваққос): “Менга келсак, Аллоҳга қасамки, мен улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини ўқир эдим, ундан бирон нарсани камайтирмасдим. Хуфтон намозини ўқисам аввалги икки ракатини узунроқ, кейинги икки ракатини қисқароқ қилардим”, деди. Шунда Умар: “Эй Абу Исҳоқ, сен ҳақингда гумон шундай эди”, деб айтди...” (Бухорий ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос Бани Асад шикоятига муносабат билдириб: “У ҳолда мен (яхшиликдан) аниқ маҳрум бўлибман, зиён кўрибман, амалим бекор кетибди”, деган. Яъни, агар улар айтаётганидек, Диннинг устуни бўлмиш намозни чиройли адо этмаётган бўлсам, зарар кўрибман, қилган амалларим бекор кетибди.
Аслида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақ бўлган, айримлар ёлғон ва туҳмат тарқатиб, одил етакчи устидан амиралмўмининга шикоят қилишган. Жамиятда бундай кимсалар исталганча топилади. Улар эътиборли, илмли, салоҳиятли инсонлар номини булғаш учун ёлғон маълумотлар тарқатишади, устидан шикоятлар қилиб, зарар етказмоқчи бўлишади. Бу мусибат кўпроқ илм аҳллари, ҳақ йўлдаги, жонкуяр кишилар бошига тушади.

Зиёуддин Раҳимнинг
"Шамоили Муҳаммадия" таржима ва шарҳи китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Мунофиқлар Илми калом таназзули »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase