close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Гуноҳи кабира қилганларнинг дўзахда бардавом қолмасликлари

Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваххид ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллохга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин дўзахда абадий қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хохиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади. Аллоҳ Ўз Китобида: «Ундан (ширкан) бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят). Агар хоҳласа, уларни Ўз адли ила дўзахда азоблайди. Сўнгра уларни Ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса жаннатига юборади. Бу Аллоҳ таоло Ўз аҳли маьрифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчиларга, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганларга ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Аллоҳим, эй Ислом ва унинг аҳлининг дўсти, бизни Исломда собит қил, токи Сенга у билан рўбарў бўлайлик.

Шарҳ: Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлган гуноҳи кабира қилган одам тавҳидга эътиқод қилган ҳолида ўлса, дўзахда абадий қолмас. Яъни дўзахда абадий азобланмас. Гарчи ўлимидан олдин қилган гуноҳи кабирасига тавба қилмаган бўлса ҳам. Аммо Роббига рўбарў бўлганда иймонли бўлган одамлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва ҳукми остидадирлар. Агар У Зот хоҳласа, Нисо сурасининг 48-ояти далолат қилганидек, уларни мағфират қилиб, Ўз фазли ила афв этади. Агар хоҳласа, уларни дўзахда азоблайди. Бу эса Унинг адлидандир. Сўнгра уларни Ўз раҳмати ва фазли ила шафоатсиз ёки аҳли тоатнинг шафоатларидан кейин дўзахдан чиқаради. Гуноҳкорлар эса ҳеч кимни шафоат қила олмайдилар. Мағфират ёки шафоатдан кейин эса уларни жаннатга юборади. Бу эса Аллоҳ таоло иймон аҳлини яхши кўрганидан, уларга нусрат берганидан, уларни икки дунёда кофирларга ўхшатмаганидандир. Чунки кофирлар Аллоҳнинг ҳидоятидан ноумид бўлган, У Зотнинг муҳаббатига ва нусратига сазовор бўлмаганлардир.
Муаллифнинг «Дўзахда абадий қолмаслар», деганидан хаворижларнинг «Гуноҳи кабира қилганлар дўзахда абадий қолурлар», деган гаплари ботил экани билинади. Худди муаллифнинг «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз», дея юқорида ўтган гапларидан билинганидек.
Муаллифнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира ахллари...» дегани дўзахда абадий қолмаслик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан гуноҳи кабира аҳлларига хос эканига далолат қилади. Аслида ундай эмас. Чунки Бухорий ва Муслим ривоят қилишган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбида зарра оғирлигича иймони бор одам дўзахдан чиқарилишининг хабарини берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан гуноҳи кабира аҳлларини хосламадилар. Барча иймон аҳлини зикр қилдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
«Ақийдатут-Таҳовия» шарҳининг талхийси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase