Биринчидан, қабул асоси бўлган ички амал ҳамроҳ бўлмаган ташқи амал ёлғиз Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмас. У эса ниятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Амаллар ниятлар биландир”.
Ниятдан мурод шахсий ва дунёвий рағбатлардан холи бўлган ҳолда Аллоҳ таоло учун холис бўлишдир. Зеро, Аллоҳ таоло ёлғиз Унинг Юзи учун қилинган амалнигина қабул қилар. Аллоҳ таоло айтади:
“Ҳолбуки, улар фақат Ягона Аллоҳга, У Зот учун Динни холис қилган, Тўғри Йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар.
Мана шу Тўғри (Йўлдаги маллатнанг) Динидир”. (Баййина сураси, 5-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло холис ва Аллоҳнинг юзини истаб қилинган амалнигина қабул қилар”.
Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таборака ва таоло айтади: “Мен шерикларнинг беҳожатроғидирман. Ким менга бирор нарсани шерик қилиб амал қилса, мен уни ширки билан тарк этаман”. Бошқа лафзда: “У ўша ширк келтиргани биландир. Мен эса ундан покдирман”, дейилган.
Иккинчидан, қалб инсоннинг моҳияти, унинг салоҳиятининг ёки унинг бузилишининг ўзагидир. Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламида келади: “Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у яхши бўлса жасад ҳам яхши, агар у бузилса жасад ҳам бузилади. У қалбдир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалб Аллоҳнинг назари тушадиган жой, қалбнинг амали эътиборли эканлигини баён қил-дилар. Шунинг учун у зот: “Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг жасадларингга, сурат-ларингга эмас, балки қалбларингга қарайди”, дедилар ва бармоқлари билан қалбларига ишора қилдилар. Бу ердаги қарашдан мурод қабулдир.
Қуръони Карим ҳам Охиратдаги нажот, жаннатга эришмоқ ҳам қалби ширкдан, мунофиқлиқдан, ҳалок қилувчи маразлардан саломат бўлган ҳамда ёлғиз Аллоҳ азза ва жаллага қайтган инсонгагина комил бўлишини баён қилган: Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссаломнинг тилидан қилиб айтади:
“Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин». У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”. (Шуаро сураси,87-89-оятлар)
“Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга
дейилди): «Мана шу (неъматлар) сизларга - ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган қалб билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир”. (Қоф сураси, 31-33-оятлар)
Аллоҳ таоло саломат қалб берган инсонгина Қиёмат Кунининг шармандагарчилигидан нажот топар.
Парвардигорига қайтувчи қалб билан келган инсонгина жаннатга эришар.
Аллоҳ таоло аввалги-ю охиргиларга тавсия қилган, дунё ва Охиратдаги қўлга киритилган яхшилик, фазилатларнинг асоси бўлган тақ-во шундай нарсаки, унинг тубида - моҳиятида қалбий иш ётади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида қўлларини кўкракларига уч бор ишора қилиб: “Тақво бу ердадир”, деб айтганлар.
Қуръони Карим ҳам тақвони қалбларга изофа қилиб айтади:
“(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) қалбларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Ҳаж сураси, 32-оят)
Улуғлар, тасаввуф аҳли, руҳий тарбия даъватчилари эътибор қаратган раббоний мақом ва фазилатлар, ахлоқларнинг ҳаммаси қалбга тааллуқли ишлардир: Охиратни афзал кўриб дунёдан юз ўгириш, Аллоҳга ихлос қилиш, Ал-лоҳни, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш, Аллоҳга таваккал қилиб, Унинг раҳматидан умид қилиш, Унинг азобидан қўрқиш, Унинг неъматларига шукр қилиш, Унинг балосига сабр қилиб, Унинг Қазойи Қадарига рози бўлиш, Аллоҳнинг раҳматига кўз тутиб, нафсини ҳисоб-китоб қилиш ана ўша фазилат-лар жумласидандир. Ўша мақом ва ахлоқлар дин жавҳари, унинг руҳидир. Кимнинг бундан насибаси бўлмаса ўзига ҳам, динига ҳам зиён қилибди.
Тақводан бенасиб, тоатдан маҳрум, Умрин зое қилганлар ўшадир марҳум.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимда қуйидаги уч нарса бўлса, ўша одам иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Элчиси унинг учун барча нарсадан суюкли бўлса, яхши кўрган кишисини Ал-лоҳ учун яхши кўрса ва оловга ташланиш-ни ёмон кўргандек, куфрга қайтишни ёмон кўрса”.
“Бировингларга мен унинг ота-онаси, фарзанди ва барча одамлардан суюкли бўл-магунимча, у инсон мўмин бўлмайди”.
Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Соати қачон?, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У Кунга нима тайёрладинг?, деди. Ҳалиги одам: Кўп намоз, рўза, закот тайёрламадим, лекин мен Аллоҳни, Унинг Элчисини яхши кўрдим, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен Қиёмат Кунида яхши кўрганинг билан бирга бўласан”, дедилар.
Абу Мусо ривоят қилган ҳадисда айтилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: Бир киши бир қавмни яхши кўради, лекин ўзи уларга қўшила олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши яхши кўрган қавми билан биргадир”, деб жавоб бердилар.
Демак, ҳадислар шунга далолат қиладики, Аллоҳни, Унинг Элчисини, солиҳ бандаларни севмоқ гарчи у инсоннинг кўп намоз, рўза, закоти бўлмаса ҳам уни Аллоҳ таолога яқин қилувчи улуғ сабаблардан экан.
Зеро, покиза муҳаббат қалб амалларидандирки, унинг манзилати Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Демак, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ иймоннинг комиллигидан далолат экан. Улар қалб амалларидир.
Ҳадисда келади: “Ким Аллоҳ учун севиб, Аллоҳ учун ёмюн кўрса, Аллоҳ учун бериб, Аллоҳ учун манъ қилса, дарҳақиқат, унинг иймони комил бўлибди”.
Баъзан диндорларимиз, даъватчиларимизнинг ишларини кўриб ажабланасан киши. Улар динимизда буюрилган баъзи амал ва одобларни ботинидан кўра зоҳирига, жавҳаридан кўра шаклига эътибор берадилар. Масалан, калта кийим кийиш, мўйлабни қисқартириб, соқолни қўйиб юбориш, яна бундан ташқари аёлларнинг ҳижобларининг сурати, масжиддаги минбарнинг пиллапояси кўплиги, намозда қиёмда қўлни, оёқларни қўйиш ҳолатлари бунга мисолдирки, қандай қилмасинлар, уларнинг бу ишлари диндаги афзаллик деб аталмайди.
Минг афсуски, ана ўша ишнинг зоҳирига эътибор қаратувчиларнинг кўпи (ҳаммаси деб айта олмайман) булардан кўра хатари қаттиқ-роқ, кераклироқ бўлган ишларга эътибор қаратмайдилар, масалан, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа боғлаш, омонатларни адо қилиш, ҳақларни ҳимоя қилиш, амални пухта қилиш, ҳақ эгасига ҳақни бериш, Аллоҳнинг махлуқотларига, хусусан уларнинг ичида-ги заифларга раҳмат кўзи билан қараш, ҳаром нарсалардан парҳез қилиш ва шу каби Аллоҳ таоло Қуръони Каримда - Анфол, Мўминлар сураларининг аввалида, Фурқон ва бошқа сураларнинг охирларида мўмин бандаларини сифатлаган нарсалар каби.
Америкалик даъватчи доктор Ҳассон Ҳут-ҳутнинг айтган гаплари менга маъқул бўлди. У баъзи бир кишилар ўзларига ҳам одамларга ҳам қаттиққўл, шаръий йўл билан сўйилган ҳалол гўштни ейишда ҳам эҳтиёт бўлишга чақиришдан, таомларига тўнғиз гўшти ёки ёғидан жуда оз миқдорда бўлса ҳам қўшилиб қолиш эҳтимоли борлигини айтиб огоҳлантиришдан эринмайдилар-у, аммо ўзлари эса бир кунда бир неча маротаба ўз биродарининг гўштини тириклайин еяётганига, яъни, у ҳақда ёмон гумонлар, номига туҳматлар ёғдираётганига ёки туҳмат қилмаганда ҳам биродари ҳақида қилинган туҳматларни тасдиқлаб, уни ёйиб юрганига парво ҳам қилмаётганини айтган эди.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси