close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Рамазоннинг ҳикматлари

Рамазон улуғ ой бўлиб, унинг кунлари баракотлидир. Рамазон ўн бир ойнинг султони ҳисобланади. Бунинг сабаби шуки, Рамазон ойи бошидан то охиригача тоат-ибодатларга бой бўлганлигидир. Бошқа ҳеч қайси ойда бундай ҳол кузатилмайди. Бу раҳмат ва мағфират, дўзахдан озод этилиш бўлган Рамазон ойида Аллоҳ таолодан барчамизнинг гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ бу ойнинг рўзасини фарз қилди. Бу ойда осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Аллоҳ таолонинг бу ойда бир кечаси бор. Бу кеча минг кечадан афзалдир. Ким бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, у кўп нарсадан маҳрум бўлибди» дедилар (Имом Аҳмад  ва Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисни уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон кириб келиши билан қилган табриклари дейишган. Қандай қилиб бу ой билан киши бир-бирини табрикламаслиги мумкин. Ахир, бу ойда ҳар бир қилинган амал бир неча маротаба кўпайтирилади, шайтонлар кишанбанд қилинади, гуноҳлар мағфират этилади. Мусулмон одам бундай кунда хурсанд бўлмаса, қачон хурсанд бўлади?!
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).
Рўза бандани тақвога бошлайди. Қолаверса, Аллоҳ таоло билан муроқаба қилишга чорлайди. Яъни инсон Аллоҳ таолога маълум бўлган ҳолда барча шаҳватлардан ўзини тияди. Муроқаба эса ана шундай ҳолдагина пайдо бўлади. Бу эҳсон юзасидан олинганда ҳам улкан бир мартабадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом келиб: «Эҳсон нима ё Расулуллоҳ» деб сўрадилар. Эҳсон бу – Раббингни кўриб турганингдек ибодат қилишингдир. Сен Уни кўра олмасанг-да, аммо У сени кўриб турибди” дедилар.
Бу ҳадис биз мусулмонларга улкан қоидани баён қилиб берган. Биз бу қоидани ҳар бир ишимизда татбиқ қилишимиз лозим. Яъни ҳар бир қиладиган ишимиз ва ибодатимизда Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис қилишимиз керак. Шунда ҳар бир амалимиз риёдан холи бўлади.
Шунингдек, Рамазон нафс тарбияси ойидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
«Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиб яратилиши билан қасам» (Шамс сураси, 7-оят);
«Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди». (Шамс сураси, 8-оят);
«Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришади». (Шамс сураси, 9-оят);
«Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлади» (Шамс сураси, 10-оят).
Нафсни Аллоҳ таоло ҳеч бир камчиликсиз яратди. Ким ўз нафсини тийса нажот топади. Аксинча бўлса, банда нафсининг қулига айланади.
Рўза инсонни сабр қилишга ундайди. Сабр уч хил бўлади. Булар:

1) Аллоҳ таолинг тоати учун;
2) Алллоҳ таолога нисбатан қилинадиган гуноҳлар учун;
3) Аллоҳ таолонинг тақдирга сабр қилиш.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
«…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
Қиёмат куни барча амалларга ўрнатиладиган тарози сабрга нисбатан ўрнатилмайди. Сабрнинг мукофоти беҳисоб қилтб берилади. Рўза инсонни мискин ва фақирларнинг ҳолини ҳис қилишга ундайди. Бизнинг ифторлик ва саҳарлик дастурхонимизда турли ноз-неъматлар ястаниб ётган бир пайтда бошқа бир жойда кимлардир очликдан жон беряпти. Биз бир неча соат оч қолиб турганимизда, икки ёки уч кунлаб туз тотмаётганларнинг ҳолини ҳис қилишга сабабчи бўлади. Рўза мана шундай муборак ва ибрат ойи ҳисобланади. Бу ойда ҳар бир инсон ўз нафсини тарбиялаб, бахилликдан тийилса ва бу ҳолни давомий қилса, албатта, нажот топади.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase