close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ваъз-насиҳат қилиш одоблари

Амру-маъруф ва наҳий мункар динимизда фарз қилинган амаллардан ҳисобланади. Бундай улкан ибодатнинг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд. Ҳар бир ваъз-насиҳат қилувчилар бунинг одобларидан хабардор бўлсалар, қилаётган насиҳатлари манфаатли ва таъсирли бўлади. Қуйида воиз сифатланиши лозим бўлган сифатлар ва билиши ўта муҳим бўлган одобларни баён қиламиз.

1. Тақволи бўлсин.
 Воиз сифатланиши лозим бўлган сифатлардан бири тақводир. Тақво –  доим Аллоҳнинг назоратида эканлигини ҳис қилиб, ҳаромдан четланиб, ҳалолни қасд қилишликдир. Воизнинг насиҳатлари тингловчиларга таъсирли бўлиши учун ўзи ҳам айтганига амал қиладиган тақводорлардан бўлсин. Чунки инсонларни яхшиликка буюриш қийин эмас, лекин уларнинг насиҳатни қабул қилишида воизнинг айтаётганига ўзи ҳам амал қилиши лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва “Албатта, мен мусулмонларданман!” деган кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!”.  (Фуссилат;33)
2. Ихлосли бўлсин.
Воиз ниятини тўғри қилиши керак. Қилаётган ваъзини холис Аллоҳ учун деб қилмоғи лозим. Чунки ихлос қилишлик иймоннинг асоси, исломнинг тақозосидир. Аллоҳ таоло ихлоссиз қилинган амални қабул қилмайди.
“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга буюрилган эдилар. (Баййина;5) Шунинг учун одамлар мени мақтасин, илмли экан десин, деган ниятдан узоқда бўлиши керак.
3. Илмлик бўлсин.
Воизнинг илмлик бўлиши сабабли унинг қилаётган ваъз ва насиҳатлари ҳар хил тўқима ҳадис, ёлғон қиссалар ва бидъатларнинг қўшилиб кетиши ва одамларни адаштириб юборишдан сақланади. Қуръони каримда шундай дейилган:  “Aйтинг: "мeнинг йўлим шу! мeн вa мeнгa эргaшгaнлaр aниқ ҳужжaт билaн Aллoҳгa дaъвaт этaмиз. (ҳaр қaндaй шeрикдaн) Aллoҳни пoк дeб билaмaн. (зeрo,) мeн мушриклaрдaн эмaсмaн.” (Юсуф;108) Демак воиз ўзи чақираётган нарсада басиратли, билимли бўлиши керак.
4. Юмшоқ муомалали ва очиқ чеҳрали бўлсин.
 Чунки инсонлар очиқ чеҳрали, тавозеъли ва юмшоқ муомалали инсонларни хуш кўрадилар. Аксинча жеркиб берувчи ва қўполлардан эса қалблар нафратланади. Шунинг учун жоҳил ёки бузғунчи  инсонларнинг ҳам қалбларини ўзига ром этиш, уларни ҳам ҳидоятланиши, Аллоҳнинг азобидан нажот топиши учун қандай бўлмасин, уларга имкон қадар, дунё матоҳларидан бирор нарса бериб бўлса-да, яхшилик қилинмоғи тавсия қилинади. Ҳатто пайғамбар с.а.в. янги динни қабул қилганларга уларнинг ҳидоятда боқий қолишлари учун бирор нарса бериб бўлса ҳам таъсир ўтказар эдилар. Демак воиз жафокаш бўлмасин, аксинча юшоқ муомалали, ўзини катта олмайдиганлардан бўлсин. Сўзлаётган нутқида ўзини катта оладиган сўзларни қўшиб гапирмасин. Масалан: “Мен”, “Менимча бундай” ёки “Мен тўғри деб топганим мана шу”, деган сўзларнинг ўрнига “Ўйлаб кўрилса мана шу нарса зоҳир бўлади”, “Тўғрироғи мана шу бўлса керак”, деб ўзига нисбат бермасдан, камтаринликни ифода қилувчи сўзлар билан гапирса, сўзи таъсирли ва одобдан бўлади.
5. Сабр ва ҳилм сифати билан сифатланган бўлсин.
Воизлар бу сифатларга ўта муҳтождирлар. Чунки улар кўп ҳолатларда ғазаби қўзғаладиган, кайфияти бузиладиган ҳолатларга дуч келадилар. Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилиб шундай деган: “Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил...” (Луқмон;17). Бу ерда зикр қилинган мусибатлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган пайтда етадиган мусибатлардир. Баъзилар унинг гапини қабул қилмаслиги, уни мазаҳ қилиши ёки унга рад жавобини бериши ҳам мумкин. Воиз ана шундай мусибатлар етишига тайёр бўлиши ва сабр ва ҳалимлик билан ўзини тутиши лозим бўлади. Чунки у ваъз қилаётган жамоат мисоли касаллар бўлса,  воиз улар учун табибдир. Табиб уларнинг инжиқликларига бардош бера олиши керак бўлади. Ҳилм соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган зот Расулуллоҳ с.а.в. ҳам ўзи тарбиялаётган саҳобаи киромларни мазкур ҳилм сифати билан ўзларига жалб қилдилар. Агар у зот ҳилмнинг зидди яъни қўпол, қалби қаттиқ, дарғазаб бўлганларида эди, атрофларига жамланган саҳобалар тарқалиб кетган бўлардилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади. “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт.”. (Оли Имрон;159) Чунки, одамлар бир оғиз бўлса ҳам, яхши сўзнинг гадоси. Киши яхши сўз эшитган жойига, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Лекин бу дегани ваъз-насиҳат қилувчи ҳамиша ҳалимлик йўлини тутсин дегани эмас. Балки ҳикмат билан иш кўрсин. Қаерда қандай гапириш керак эканини билиши лозимдир. Албатта ҳикмат кимга берилса, унга кўп яхшилик берилибди.
6. Воиз исроф қилмаган ҳолда гўзал кўринишда бўлсин.
Яъни, кийим кечаги, юриш-туриши гўзал бўлсин. У динини гўзал қилиб кўрсатсинки, натижада бошқалар унга ҳавас билан қарашсин, тақлид қилишсин ва эргашишсин. Инсонга кийимнинг таъсири катта. Масалан: ёш болаларга эътибор беринг, агар уларга ҳарбийларнинг кийимини кийдирсангиз юришлари ўзгаради. Шахдам-шахдам қадам ташлаб юради. Ёки бирор эртак қаҳрамонларининг кийимини олиб берсангиз, эртак қаҳрамонлари каби ҳатти ҳаракат қилишади.
7. Мақтов сўзларни ишлатсин, лекин  тилёғламаликдан узоқда бўлсин.
8. Ваъзга таёргарлик кўриб чиқсин.
Хусусан ваъз қилиши таъйин бўлган жойларга тайёргарлик кўриб борсин. Масалан: жума, никоҳ тўйи, ақиқа ва шунга ўхшаш маросим ва йиғинларга. Чунки бунда шу жойга ташриф буюрган жамоатнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Гапираётганда қалбдан гапирсин. Чунки тилнинг гапи қулоққа киради, қалбнинг гапи эса қалбга етиб боради.
9. Ваъз қилиш ватқига риоя қилсин ва об-ҳавони ҳам ҳисобга олсин.
Яъни, эшитувчиларга малол келадиган даражада узоқдан узоқ гапирмасин. Шу билан бирга уларнинг шавқи ва завқини ошириш учун узликсиз эмас, балки вақти-вақти билан ваъз қилиб турсин. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ҳар пайшанба одамларга ваъз қилар эди. Шунда бир киши: Эй Абу Абдуллоҳ, ҳар куни ваъз қилишингизни истардим, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: Сизларни малоллантириб қўйишни хуш кўрмаслигим буни ман қилиб турибди, пайғамбар с.а.в. ҳам бизга малол келиб қолишидан қўрқиб вақти-вақти билан мавъиза қилар эди, деди. Шунинг учун воиз қавмга машаққат бўладиган ёки уларнинг малолланишига сабаб бўладиган даражада суҳбатни узоқ қилиб юбормасин. Дуода ҳам ҳаддан ошмасин. Саъд ибн Абу Ваққос р.а.нинг ўғлидан ривоят қилинади: У киши айтади: Отам менинг “Аллоҳим Сендан жаннатни, унинг неъматларини, хурсандчиликларини ва фалон-фалон нарсаларини сўрайман ва Сендан дўзахдан, унинг занжирлари, кишанлари ва фалон-фалон нарсаларидан паноҳ сўрайман”, деётганимни эшитиб, “Эй ўғилчам, мен пайғамбар с.а.в.нинг “тезда дуода ҳаддан ошувчи қавмлар пайдо бўлади”,(Яъни, дуода муболаға қиладиган, сўрашда ҳаддан ошадиганлар) деганини эшитганман. Сен ана шулардан бўлиб қолишдан сақлан. Агар сенга жаннат берилса, ундаги барча яхшиликлар ҳам берилади. Агар сен дўзахдан қутилсанг ундаги барча ёмонликлардан ҳам қутиласан,” деди. Ваъз қилувчи ҳавога ҳам эътибор қилсин. Чунки гоҳо ҳаво жуда иссиқ ёки совуқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда узоқ мавъиза қилиш  эшитувчиларга машаққат туғдиради. Жума куни иш куни бўлган ўлкаларда жума хутбасини қисқароқ қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Хусусан одамлар масжиддан чиқишга шошилиб турган пайтларда уларни танг ҳолатга қўйиб ушлаб турмаслик лозим бўлади.
10. Эшитишга рағбати бўлмаган кишига ваъз қилмасин.
Чунки бунда илмни зое қилиш бўлади.
11. Агар эшитувчилардан малолланишни сезса ваъзни қисқартирсин ёки тўхтатсин.
12. Мулойим сўзлар билан гапирсин, азият берадиган сўзларни тарк этсин.
Чунки мулойим сўзлар қалбларни улфатлантиради. Юмшоқ сўз кофир кишини ҳам, туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Аллоҳ таоло Мусо а.с.ни Фиръавннинг олдига бориб уни гўзал услубда ҳидоятга чақиришга буюрди: “Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди. Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса”. (Тоҳа;43-44) Яна бир оятда эса шундай дейилади: “Бас унга айт: “Сенда покланишга (рағбат) борми? Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (Ундан) қўрқсанг”, деб”. (Нозиат; 18-19) Мусо а.с. буйруқ билан айтиладиган сўз ўрнига сўроқ ва таклиф оҳангида хитоб қилди. “Мен сени поклашим учун рағбатинг борми?” дейиш ўрнига, покланишни Фиръавннинг ўзига нисбат бериб “Сенда покланишга (рағбат) борми?”, деди. Ва Фиръавн Аллоҳнинг борлигини билгани, яратган, тарбиялаган, неъматлантирган ва ризқлантирганига ишонган  бўлгани учун “Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам” деб, Уни робб эканини биласанку дейишни ифодалаш учун “Роббинг” сўзини ишлатди. Ваъз ана шундай одоб, кенгбағирлик, қалбларни  жалб қиладиган, эшитганларнинг қалблари таскин топадиган ва уларни мулоҳаза қилишга ундайдиган кўринишда бўлиши лозим. Буйруқ феъли билан буюриш лозим бўлган ишни уламоларнинг ҳаётидан мисол қилиб “Фалон зот бундай қилар эди”, деб келтириш мумкин. Бунда буйруқ феъли ишлатилмайди, лекин тингловчида “сен ҳам шундай қилгин” деган тушунча ҳосил бўлади. Қайтариқлар ҳам худди шундай бўлиши мумкин.
13. Танқиди бир киши ёки бир қавмга нисбатан қаратилган бўлмасин.
Балки танқидни умумий қилиб, ўзини ҳам шуларнинг ичига қўшиб, “Бизга нима бўлди, бундоқ қиляпмиз”, “Биз шундоқ қилишимиз керак”, деб хитоб қилиши лозим. Гап эгасига етиб бораверади, лекин унинг шахси зикр қилинмай обрўси сақланиб қолади.  Агар бир шахснинг ўзига айтилиши лозим бўлган насиҳат бўлса, ёлғиз ҳолатда, аввал у кишини мақтаб, сўнгра насиҳатини айтсин. Имом Шофеий р.а. шундай деганлар:
Насиҳат қил менга ёлғиз қолганда,
Сақлан насиҳатдан жамоат жойда.
Жамоатда менга қилсанг насиҳат,
Насиҳат эмас бу, бу танбеҳ албат.
 Шунда у киши жамоатнинг ичида шарманда бўлмайди. Бундай услубдаги хитобда тингловчиларга лутф кўрсатиш ва шу билан бирга ўзига яхши кўрганни уларга ҳам яхши кўриш бордир.
14. Тингловчиларнинг ҳиссиётини риоя қилсин.
Воиз буйруқ сўзини кўп ишлатмаслиги лозим. Хусусан агар воиз тингловчилардан кўра ёшроқ ёки тингловчиларга нотаниш бўлса. Шу билан бирга тингловчиларга азият берадиган, уларни танқид қиладиган ва улар хуш кўрмайдиган сўзларни ишлатмаслиги керак бўлади. Аксинча воиз тингловчиларнинг қадрини кўтариб, уларда бор яхши хусусиятларни эслатиб, уларнинг қалбини очсин. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда бирор нарсани ҳаром қилса, ёки бирор нарса фарз қилса, “Эй иймон келтирганлар” деб, бандаларига ёқимли сўзни ишлатиб, уларнинг мўмин эканини билдириб, хитоб қилган. “Эй рибохўрлар” ёки “Эй ароқхўрлар” демаган. Шунинг учун воизлар ҳам бунинг риоясини қилиб, тингловчиларга ёқадиган сўз билан, масалан уларнинг ота-онасини ёки аждодларини мақтаб, ё тингловчиларнинг баъзи бир қилган яхши ишларини ўзларига эслатиб хитоб қилса, унинг насиҳати таъсирли бўлади.
15. Айтаётган сўзларни шошилмасдан дона-дона, тартибига риоя қилиб айтсин.
Қайси ўринда қайси сўзни айтиши лозимлигига эътибор қилиб, тартиблаб чиқсин ва шу тартиб бўйича гапирсин. Керак жойда бир ё икки сония сукут ҳам қилсинки, бу билан тингловчиларнинг диққатини ўзига қаратиб олади.
16. Барча ишларда ўзининг фикрини билдиравермасин ва билганларининг ҳаммасини гапиравермасин.
Яъни, фақат ўзининг фикрини келтиравериш қавмга нисбатан ўзини билимдон қилиб кўрсатишга ўхшаб қолади. Бунинг ўрнига қавмга машҳур, сўзи эътиборли бўлган уламоларнинг сўзларидан келтириб, уларнинг ҳаволаларидан қўшиб гапирсин.
17. Аввал муқаддима қилиб, сўнг тадрижий давом эттирсин, хусусан машаққатли ишларда.
Қуръони каримдаги рўзанинг фарз бўлишининг баёни бунга мисол бўлади. Яъни, рўзанинг фарз бўлишида “Эй иймон келтирганлар”, деб аввал мўминлар учун ёқимли бўлган сўз ишлатилиб, иймон ўртага қўйилди. Сўнгра “Сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби”, деб уни қабул қилиш бандаларга оғир бўлмаслиги учун бу рўза фақат мусулмонларга эмас, балки олдинги қавмларга ҳам фарз қилингани баён қилинди. Воиз ҳам тингловчиларга насиҳатни қабул қилиш машаққат бўлмаслиги учун мана шундай услублар билан гапириши лозим. Хатоба уламолари воизнинг ваъзи манфаатли бўлиши учун ваъз учта таркибий қисмдан иборат бўлсин дейишади. 1. Муқаддима, 2. Мавзу, 3. Хотима. Буни “Воқеа” сураси мисолида келтиришади.  Яъни, аввал 1-10 оятларда уч тоифа ҳақида муқаддима қилинган. Сўнгра 11-56 оятларда мавзу батафсил баён қилинган. Сўнгра 83-96 оятларда хотима қилиниб, мавзу якунланган.
18. Тингловчиларнинг ақлини риоя қилиб, ҳолатнинг тақозосига кўра турли хитоб услубларини қўллаб гапирсин.
Тингловчиларнинг ақли кўтармайдиган гапларни гапирмаслик керак. Чунки бу ҳам суҳбатни зерикарли қилади ва тингловчиларга суҳбат малол келади. Шунинг учун воиз вақтни риоя қилиб, тингловчиларнинг илмий савиясини, уларнинг ёшини эътиборга олиб, ҳолатнинг тақозасига кўра, қавм нима сабабдан жамланганини ҳисобга олиб мавзу танлаб гапирсин. Баъзи ҳолатларда воизлар тарафидан холатнинг тақозосига эътибор қилинмай айтилган сўз диннинг  мазаҳ қилиниши ёки сўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Бунинг сабабидан мусулмон киши динидан чиқиб қолиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло бундан қайтариб шундай дейди: “Aллoҳдaн ўзгaгa сиғинaдигaнлaр (бутлaри)ни сўкмaнгиз! Aкс ҳoлдa, улaр ҳaддaн oшиб, билмaсдaн Aллoҳни сўкиб юбoрaдилaр.” (Анъом;108) Воиз шундай нарсаларга сабаб бўлиб қолишдан сақлансин.
19. Гўзал бошлаб, гўзал якунласин.
Чунки гўзал бошлашлик билан тингловчиларнинг эътиборини ўзига жалб қилади. Воизнинг охирги сўзи эса тингловчиларнинг қалбида ўрнашувчироқ бўлгани учун мавзуни умумий қилиб, гўзал якунласин.
20. Овознинг оҳангига эътибор берсин.
Яъни, керак ўринда овозини баланд, керак ўринда эса пасайтириб гапирсин. Чунки бир оҳанда гапиравериш ҳам тингловчининг зерикиши ва хаёли бошқа нарсага кетиб қолишига сабаб бўлади.
 21. Зарур ўринда баъзи гапларини такрор гапирсин.
Чунки баъзи масалаларни бир гапирганда англаб олиш ёки ёдда сақлаб қолиш қийин бўлади. Шунда такрор гапиришга эҳтиёж сезилади.
22. Маърузани Қуръон оятлари, ҳадис шариф, таъсирли воқеий қиссалар, гўзал ҳикматлар билан бойитсин ва зарбулмасаллар келтирсин.
23. Арабий ибораларни ўқишда грамматик қоидаларга риоя қилиб ўқисин, лаҳн қилишдан сақлансин.
Яъни, ҳадис ёки бошқа бирор арабий ибора ўқиганда эъробини тўғри ўқишга риоя қилсин. Оятларни ўқиганда эса лаҳн қилиб юборишдан сақлансин.
24. Суҳбатнинг баъзи жойларида маънога муносиб ҳиссий имо-ишоралар ишлатсин.
Бу ҳам маънога жило беради. Мавъиза таъсирли бўлади ва унинг сурати тингловчининг хотирасида сақланиб қолади. Пайғамбар с.а.в. керакли ўринларда маънога муносиб ишоралар қилиб ваъз қилар эдилар. М: Абу Мусо р.а. Пайғамбар с.а.в.: “Мўмин мўмин учун бири бирини мустаҳкам тутиб турувчи бинодекдир,” дедилар ва бармоқларини бир бирига бирлаштирдилар, деб ривоят қилган. (Бухорий ва Муслим)
25. Эшитувчиларга савол тариқасида ҳам маъруза қилсин.
Яъни, аввал савол ташлаб, сўнг жавобини ҳам ўзи тўлиқ айтиб берсин. Чунки савол берганда тингловчиларнинг диққатини ўзига жалб қилади. Саволнинг жавобига уларнинг шавқи ошади. Натижада ваъз-насиҳат зеҳнга мустаҳкам ўрнашади. Пайғамбар с.а.в. бу услубни кўп қўллар эдилар.  “Биласизларми, ҳозир қайси ой?” ёки “Биласизларми, Роббингиз нима деди?” каби саволлар бериб, сўнгра ўзлари жавобини тўлиқ айтиб бериб ваъз қилар эдилар.
26. Фойда ва зарарни ҳисобга олиб гапирсин.
Гапираётган ваъз-насиҳати оят ва ҳадисга мувофиқ бўлишининг ўзи кифоя қилмайди. Балки бу ваъзнинг ортидан бирор фитна ёки ихтилофлар келиб чиқиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олсин. Шунинг учун шу жойнинг олимлари, фақиҳлари ва басират соҳибларининг фикрларини ўрганиб, сўнг гапирсин. Шайх Саъдий  Аллоҳ таолонинг “Бaс, эслaтмa фoйдa бeрсa, (кишилaргa) эслaтинг!” (Аъло;9) оятига: “Агар ваъз-насиҳат зарар берадиган бўлса, ваъз-насиҳат тарк қилинади”, деб тафсир берганлар.
27. Ўзида ёлғон тавқони кўрсатишдан сақлансин.
Модомики тақвоси Аллоҳ учун бўлмас экан, унинг айтаётган сўзининг таъсири бўлмайди.
28. Хавф ва умиднинг ўртасини жамласин.
29. Бирор ишдан қайтаришда ҳам муболаға қилиб юбормасин.
Бунда тингловчининг нафратланиши ва ҳақни қабул қилмай қўйишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
30. Тингловчилардан мақтов ёки бирор дунё матоҳларини кутмасин, балки Аллоҳдан ажр умид қилсин.
Яъни, қилган ваъз учун мол-дунё, обрў, мансаб, ва мартабаларни умид қилмасин. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарларининг тилидан гапириб шундай таълим беради: “Мeн сизлaрдaн бу (дaъвaтим) учун мукoфoт сўрaмaймaн. мeнинг мукoфoтим фaқaт oлaмлaрнинг пaрвaрдигoри зиммaсидaдир.” (Шуаро;109)
31. Тингловчилардан бирон натижани сезмаса ҳам умидини узмасин.
Чунки воизнинг ваъз-насиҳати солиҳ амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса бандаларининг солиҳ амалларини зое қилмайди. Аллоҳ таолодан яхшилигини умид қилсин. Бу пайғамбарларнинг суннатидир. Чунки Нуҳ а.с. тўққиз юз эллик йил пайғамбарлик қилди. Шунчалик узоқ муддат бўлса ҳам иймон келтирганлар жуда озчилик бўлди. Қуръони каримда шундай дейилган: “Вaҳoлaнки, у билaн биргa имoн кeлтиргaнлaр oзчиликдир.” (Ҳуд;40) Демак воиз бундай ҳолатларда тушкунликка тушмасин.
32. Тингловчилардан тушган саволларга жавоб беришга ёки бирор масала юзасидан фатво беришга шошилмасин.
Уламолар: Бугунги кундаги ёшлар фатво беришга жуда шошилмоқда. Аслида улар фатво бераётган масалалар ҳазрати Умар р.а.га тақдим қилинганида, у киши бу масалага жавоб бериш учун Бадр аҳлини жамлаган бўлар эди, дейишади. Имом Молик р.а.га қирқта масала тақдим қилинганида у киши саккизтасига жавоб бериб, қолганини билмайман, деганлар. Демак воиз фатвога ва саволнинг жавобига шошилмасин. Билмасдан фатво беришдан кўра билмайман дейиш минг маротаба яхши. Чунки билмасдан фатво беришга журъат қилувчи киши дўзахга журъат қилувчи кишидир. Пайғамбар с.а.в.: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деганлар. (Имом Доримий ривояти)
33. Маъсият, фасод ва айб ишлардан қайтаришда уларни узундан-узоқ, батафсил, қайта-қайта такрорлаб гапирмасин.
Чунки содир этилаётган гуноҳлар тингловчиларга такрор-такрор айтилаверса, улар учун мазкур гуноҳлар оддий ҳолга айланиб, бунинг натижасида шу гуноҳларга ўрганиш ва бепарво қараш юзага келади. Аксинча, суҳбати гуноҳни зикр қилишга эмас, балки унинг муолажасига қаратилган бўлсин. Уламолар айтадилар: Ҳақни уни зикр қилиш билан тирилтиринглар, ботилни эса ундан ҳижрон қилиш (яъни, гапиришдан сақланиш) билан кетказинглар. Яна айтадиларки: Қоронғини лаънатлама, балки унинг ўрнига шаъмни ёқгин. Ваъз одобидан бехабар баъзи воизлар гуноҳни қачон бўлгани, кимлар тарафидан бажарилгани, қаерда эълон қилинганини тўлиқ зикр қилиб ўтишади. Уни эшитган қалби заиф тингловчилар эса унга қизиқиб, уни қидириб топишга уриниб кўради. Натижада гуноҳдан қайтариш ўрнига бошқаларни ҳам гуноҳкор қиладилар. Аслида воизнинг мақсади нима бўлиши керак?
34. Воиз қилаётган ваъз-насиҳатини овоз ёзувчи мослама билан ёзиб ўзи ҳам эшитиб турсин.
Шунда ўзининг хато ва камчиликларини тўғирлайди. Баъзи бир такрор айтадиган сўзларидан четаланди. Яна ҳам гўзалроқ гапиришга ҳаракат қилади. Шу билан бирга дўслари ва устозларидан ўзининг камчиликлари борасида доимо сўраб туриши лозим бўлади. Чунки дўстлари воизга тўғридан тўғри айта олмаслиги мумкин. Воизнинг ўзи сўраб турса, улар ҳам бемалол айтиша олади. Бошқа уламоларнинг қилган ваъзларини ҳам эшитиб турсин. Бунда уларнинг тажрибаларидан фойдаланади.
35. Кундузи инсонларга ваъз-насиҳат қилса, кечаси ўзини ва инсонларни дуо қилсин.
Яъни, Аллоҳ таолодан кундузи қилган ваъз-насиҳатини қабул қилишини, ундаги хато камчиликларни авф қилишини ва бу насиҳатларни инсонларга манфаатли бўлишини сўраб дуо қилсин.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase