close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Икки ҳайит намози

Рамазон ҳайити куни масжидга кетишдан олдин бирор ширинлик ейиш, тишларни тозалаш, ғусл қилиш, хушбўйланиш, энг чиройли кийимларни кийиш ва агар вожиб бўлса, ҳайит намозидан аввал фитр садақасини бериш, ҳайит намози ўқиладиган масжидга эртароқ ва илдам юриб бориш динимиз тарафидан тарғиб қилинган ишлардандир. Масжидга кетаётиб оҳиста такбир айтилади. Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқилмайди.

Рамазон ҳайити куни масжидга кетишдан олдин бирор ширинлик ейиш, тишларни тозалаш, ғусл қилиш, хушбўйланиш, энг чиройли кийимларни кийиш ва агар вожиб бўлса, ҳайит намозидан аввал фитр садақасини бериш, ҳайит намози ўқиладиган масжидга эртароқ ва илдам юриб бориш динимиз тарафидан тарғиб қилинган ишлардандир. Масжидга кетаётиб оҳиста такбир айтилади. Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқилмайди.
Ҳайит намозининг вожиб бўлиши ва адо этилишига қўйилган шартлар жума намози учун қўйилган шартлар билан бир хил. Фақат хутба ўқиш бундан истисно қилинган. Хутба ўқиш жума намозини адо этилиши учун қўйилган шартдир, аммо ҳайит намозларида эса суннатдир, шарт эмас, шунинг учун ҳам ҳайитнинг хутбаси намоздан кейин бўлади.
Ҳайит намозининг вақти қуёш чиққанидан тахминан ўттиз дақиқа ўтганидан бошлаб то заволигача бўлган вақтдир.
Ҳайит намозига ният қилиб, такбири таҳрима айтилади. Сўнгра қўллар боғланиб Сано ўқилгач, уч марта такбир айтилади ва ҳар бирида қўллар кўтарилади, биринчи ва иккинчи такбирларда қўлни пастга қўйиб юбориб, учинчисидан сўнг боғланади.
Сўнгра имом махфий тарзда «Аъузу» ва «Бисмиллаҳ»ни айтгач, овоз чиқариб Фотиҳа ва зам сура ўқийди, руку қилади. Иккинчи ракатда қироатдан кейин уч марта такбир айтилади. Учала такбирда ҳам қўллар кўтарилгач, ёнига қўйиб юборилади ва тўртинчи такбирда рукуга борилади. Намоз ўқиб бўлингач, имом хутба ўқийди. Ҳайит намозини имом билан бирга ўқий олмаган киши кейин қазосини ўқимайди.
Рамазон ҳайити намозини ўқиш бирор узр туфайли, масалан, булут туфайли ойни кўриб бўлмади, кейинги кунга кечиктирилиши мумкин.
Қурбон ҳайити намозининг ҳукмлари айнан Рамазон ҳайити намозининг ҳукмлари кабидир. Фақат намоз ўқилгунича таом ва сувдан ўзини тийиши мустаҳабдир. Масжидга кетаётганда йўлда овоз чиқариб такбир айтилади. Имом хутбада қурбонлик ҳукмларини тушунтиради. Намоз бирор-бир узр туфайли ёки узрсиз уч кунгача кечиктирилиши мумкин.
Арафа куни бомдод намозидан бошлаб, ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача(Аср намози билан биргаликда 23 вақт. Агар ҳайит намозини ҳам қўшиб ҳисобласа, 24 вақт.) мустаҳаб бўлган жамоат билан ўқилган фарз намозидан сўнг, шаҳарда яшовчи муқим одамга, эркакка иқтидо қилган аёлга(Аёллар такбирни овоз чиқармай, оҳиста айтадилар.) ва муқимга иқтидо қилган мусофирга ташриқ такбири айтиш вожибдир. Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқисалар, намоздан сўнг такбир айтмайдилар. Ташриқ такбири қуйидагича:
«Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил ҳамд!»
Мазкур такбир бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган ишлар тушмаслиги керак. Агар имом бу такбирни унутиб айтмай қолса ҳам, эргашганлар айтаверадилар. Чунки имомга эргашиш фақат намознинг ичида бўлади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase