close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жуббул Ҳазан нима?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида, айниқса риё кўпроқ содир бўлиш эҳтимоли бор бўлган соҳада эҳтиёт бўлишга чақирмоқдалар.
Қуръон – Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиган одамга улкан мартабалар, чексиз ажру савоблар ваъда қилинган. Мусулмонлар қалбида Қуръони каримнинг алоҳида ўрни, ҳурмати, эъзози бор. Шунинг учун Қуръони каримга тегишли бўлган ҳар бир нарса мусулмонлар оммаси томонидан алоҳида эъзозланади, ҳурмат қилинади. Баъзи кишилар ана ўша нарсага берилиб, Қуръон ўқиш Аллоҳ учун бўлиши зарурлигини унутиб қўядилар ва риёкорликка ўтиб қоладилар.
Ҳадиси шарифда ана шу хатонинг оқибати қанчалар ёмон бўлиши айтилмоқда. Лекин бу нарса тўғридан-тўғри айтилмай, аввал эшитувчи ушбу маънони тўлиғича қабул қилишга тайёрланмоқда. Сўзнинг бошида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар».
Агар «Жуббул Ҳазан»ни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Хафалик қудуғи», дейишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга насиҳат қилиб, Жуббул Ҳазаннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрашни тавсия этмоқдалар. Жуббул Ҳазан унчалик маълум ва машҳур эмас экан. Унинг нималигини саҳобаи киромлар ҳам билмас эканлар. Шунинг учун:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қисқа жавоб бердилар.
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар».
Маълумки, жаҳаннам қўриқчилари кучли, қўпол, шафқатсиз фаришталар бўлиб, жаҳаннамийларни азоблаш ва шунга ўхшаш жаҳаннамга тааллуқли бўлган бошқа ишларни бажариб юрадилар. Ўз-ўзидан маълумки, улар унча-мунча нарсадан таъсирланмайдилар ҳам, қўрқмайдилар ҳам. Аммо Жуббул Ҳазан шундай даҳшатли ва қўрқинчли нарса эканки, унинг қўрқинчларидан ўша жаҳаннам қўриқчиси бўлмиш фаришталар ҳам ҳайиқиб, Аллоҳ таолодан ҳар куни юз марта паноҳ сўраб турар эканлар. Бу жавобдан Жуббул Ҳазаннинг нима эканлиги маълум бўлади. Ундан паноҳ сўраш лозимлиги яна ҳам равшанлашади. Шу билан бирга, унга ким кириши мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам:
«Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дедилар».
Асл мақсад ҳам шуни айтиш эди. Энди айни ҳақийқатни билдириш пайти келган эди:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Демак, Жуббул Ҳазанга Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақташлари учун, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундай қилади, бундай қилади, дейишлари учун ўқийдиган қорилар кирадилар!
Қаранг, Аллоҳнинг каломи ихлос билан эмас, риёкорлик учун ўқилса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.
Илгари билмаган бўлсак, энди билдик. Ушбу ҳадисга дарҳол амал қилишга ўтишимиз, Қуръонни фақат Аллоҳнинг розилиги учунгина ўқимоғимиз лозим. Қуръон ўқишдаги риёкорликнинг оқибати шунчалар бўлса, бошқа амаллардаги риёкорликнинг оқибати қандай экан?

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase