close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фотиҳа сураси (Қуръони Азим тафсиридан)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Маълумки, Қуръони Карим бир қанча суралардан ташкил топган. Қуръонда бир юз ўн тўрт (114) сура бор. Бу саноқ Оллоҳ таолонинг Амри билан Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан белгилаб берилган. Ҳар бир суранинг ўз ичида қамраб олган алоҳида маз-мунмоҳияти бор.
Қуръони Каримдаги биринчи сура «Фотиҳа» сурасидир. «Фотиҳа» сўзининг луғавий маъносидан англашилганидек, бу сура Қуръонни очувчи-дир. Яъни, Қуръоннинг аввалида келгани ва ўзи қисқагина - етти оятдан иборат бўлса-да, бутун Қуръони Карим мазмун-моҳиятини ўз ичида мужассам қилгани учун ҳам Қуръоннинг мазмунини «Очувчи» деган номга эга бўлган.
Энди бу суранинг Оллоҳ таоло ҳузуридаги мақом-мартабасига келсак, улуғ саҳобалардан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилганлар: «Бир куни жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Сенга Қуръондаги энгулуғ сурани айтиб берайми», дедилар. «Айтинг, ё Расулуллоҳ», дедим. «БуАлҳамдулиллаҳи роббил аламийн» сурасидир, дедилар». Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом бу сўзлари билан «Фотиҳа» сураси Қуръ-ондаги энг улуғ сура деб баҳо бердилар.
Муслим, Насоий ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Жаброил алайҳиссалом билан ўтирган эдилар, юқоридан, самодан келган бир овозни эшитдилар. Шунда Жаброил осмонга кўз тикиб: “Эй Муҳаммад, бу самодан тушаётган бир малакдир. У ҳеч қачон Ерга тушмаган эди”, деди. Сўнгра у малак оҳиста Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, салом берди ва деди: “Мен Сизга икки Нурнинг хушхабарини келтирдим. Улар Сиздан аввал бирон пайғамбарга берилган эмас.У икки нур “Фотиҳа”сураси ва “Бақара”сурасининг сўнгги оятларидир.У иккисидан бир ҳарф ўқисангиз ҳам Сизга ўқиганингиз - сўраганингиз берилади”.
Ҳақиқатан, юқорида таъкидлаганимиздек, Оллоҳ таоло ушбу буюк сурага - мана шу етти оятга Ўз Қудрати билан Қуръондаги бутун мазмунни мухтасар қилиб жойлаб қўйган экан. Шунинг учун ҳам бу энг улуғ сурадир. Шу сабабдан бу сура ҳар бир мусулмоннинг тилида, дилида ва намозларининг ҳар ракъатида бор бўлган сурадир. Ҳатто Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа” сураси ўқилмаса, намоз комил бўлмайди», деганлар. Демак, бу сура намозимизнинг ҳар ракъатида бизга ҳамроҳ бўлган ва доимий тилимиздан тушмайдиган сурадир.
Агар эътибор қилсак, «Фотиҳа» сурасидаги яна бир Илоҳий сирси-ноатга гувоҳ бўламиз. Намозхон одам ҳар куни беш вақт намозида ўттиз икки марта шу сурани ўқийди. Энди 70-80 га кирган инсон ушбу сурани неча минг марта ўқиганлигини тасаввур қилинг. Яна нафл ибодатларни ҳам адо қиладиган ва намозлардан ташқари бу суранинг ўзини мудом такрорлаб ўқиб юрадиган кишилар ҳам бор. Лекин ажабки, сизнинг айта-диган сўзларингизнинг ичида шу сурадан кўра сизга суюклироқ, севиклироқ сура, суюклироқ бир сўз йўқдек.
Яъни, ҳар қандай сўз ҳам такрорлайверсангиз, эскириб қолади, зерикасиз, озгина ўқимай турсам, дейсиз. Лекин Оллоҳнинг Каломи бўлган бу буюк Сўзни - «Фотиҳа» сурасини ҳар куни неча бор такрорламанг, зерикмайсиз, билъакс, роҳатланасиз, ором оласиз, дилингиз равшан тортади очилади, чунки бу сура «Очувчи» сурадир.
Бу суранинг яна бир номи «Уммул-Қуръон»дир. Яъни, “Қуръоннинг онаси”дир. Бутун Қуръоннинг маъносини ўз ичига олгани учун ҳам шу номни олгандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу сура Қуръоннинг онасидир, у Китобни Очгувчидир, у Етти такрорлангувчидир”, деб марҳамат қилдилар.
Шунингдек, ушбу сурайи карима “Шифо” сураси деб ҳам аталади. “Сиҳоҳи ситта”да (олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг ҳаммасида) Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам бизни - ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишларини сўраган эдик, истамадилар. Шунда баногоҳ уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” руқия - у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У кўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бўлинглар”, дедилар.
Аҳмад ва Байҳақий “Шуъабул-иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайинми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расу-луллоҳ”, деган эди, айтдилар: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”.
Яна Оллоҳ таоло бу сурани «Сабъул-масоний», деб ҳам атайди. Яъни, бу - доим такрорланувчи етти оят, деган мазмунни билдиради. Куръони Каримда Оллоҳ таоло жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, хдр бир ракъат намозда такрорланадиган “Фотиҳа” сурасини) ва Улуғ Куръонни ато этдик», дейди. (Ҳижр сураси, 87-оят). Яъни, Оллоҳ таоло ушбу улуғ сурани «Қуръон»нинг ёнида алоҳида таъкидлаб айтади. Такрорланувчи дегани, хар ракъат намозимизда такрорланиб тургани сабаблидир. Баъзи уламолар такрорланувчи дейилганининг сабаби бу сура Куръони Каримдаги бошқа суралардан фарқли ўлароқ, икки бор нозил бўлган деб ҳам тафсир қиладилар. Яъни, аввал Маккайи мукаррамада, сўнг Мадинайи мунавварада иккинчи марта нозил бўлган, шунингучун такрорланувчи деган номга эга, дейдилар.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
1.Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан.
Етти оятдан иборат бўлган ушбу муборак суранинг аввалги ояти «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» оятидир. Бу ояти карима 114 та сурадан 113 тасининг аввалида келиши билан бирга мана шу биринчи суранинг илк оятидир. Фақат «Бароат - Тавба» сурасидан бошқа 113 та суранинг олдида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» келади. Бу кўпчилик уламолар наздида «Алҳамду» сурасининг биринчи оятидир. Айрим уламоларимиз: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» Оллоҳнинг оятидир, лекин сураи Фотиҳанинг биринчи ояти эмас, балки ҳар бир сура олдида келадиган алоҳида оятдир» дейдилар.
Ушбу ояти карима «Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан», деган маънони англатади ва бу билан Оллоҳ таоло бизга ҳар ишни ёлғиз Унинг номи билан бошлашимиз зарур эканини таълим беради. Яъни, биз мўмин-мусулмонлар қиладиган ҳар бир ишимизни ўз номимиздан қилмаймиз, ёки ўзимизга ўхшаган инсонлардан бўлган кишининг номидан ҳам қилмаймиз, ёки бирор миллат ёки мамлакат номидан ҳам эмас, балки бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Оллоҳ номи билан қиламиз. «Бисмиллоҳ», деганимиз, Оллоҳ номи билан, деганимиздир.
Ҳазрати Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадисларида: «Ҳар бир муҳим, аҳамиятли иш Оллоҳнинг номини зикр қилмас-дан бошланар экан, у иш охирига етмайди, балки чала бўлиб, кесилиб қолади», деганлар. Мана шунинг учун ҳам биз Шариати Исломийя буюрган, ижозат берган ҳар бир ишни Оллоҳ номи билан бошлаймиз, биз мусулмонлар мана шундай шарафга эгамиз. Бу мақом ҳар бир ишини «бисмиллоҳ» билан бошлаш эътиқодида бўлган инсондан фақат «бисмиллоҳ» деб бошлайдиган ишларни, яъни, ҳалол, покиза ва савобли амалларни қилишни тақозо этади.
Демак, Оллоҳтаоло ҳаром қилган, Оллоҳнинг номи билан бошлаб бўлмайдиган ишларга мусулмон одам қадам босмаслиги лозим. Аммо кимда-ким Оллоҳ таоло ҳаром қилган, Шариатимиз манъ қилган, Динимиз қайтарган нотўғри, гуноҳ жиноят ишларни Оллоҳнинг номи билан бошласа, ундай кимса диндан чиқиб, кофир бўлади. Чунки Оллоҳнинг номи билан фақат ҳалол ишларни бошлашга буюрилганмиз, ҳаром иш учун «бисмил-лоҳ» деган одам диндан чиқади. Масалан, Оллоҳ таолонинг ароқни ҳаром қилганини билиб туриб кимдир уни «бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб ичса, бу одам кофир бўлади. Аммо бу сўзни айтмай ичса, кофир эмас, гуноҳкор бўлади, бас, қилмишидан тавба қилиб, кейин бу ҳаромга қайта яқинлашмаса, Оллоҳ унинг бу гуноҳини кечиши умид қилинади. Лекин шу ҳаромнинг истеъмолини Оллоҳ номи билан бошлаши, бамисоли, Оллоҳ таоло буни ҳалол қилган, дегани бўлиб, ақидамизга кўра, ҳаромни ҳалол ёки ҳалолни ҳаром деган киши диндан чиқиб, кофир бўлади.
«Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан».
Оллоҳ таоло бу ояти каримасида ҳар бир хайрли ишни Ўзининг номи билан бошлашимизга амр қилар экан, нафақат номи билан, балки У Зотнинг улуғ сифатларини ҳам номига кўшиб айтишга буюради. Ҳа Оллоҳ таоло Ўзининг Раҳмон ва Раҳийм исмсифатларини айтишга буюрди. Нега? Эътибор беринг, Оллоҳ таолонинг сифатлари жуда ҳам кўп. Оллоҳ таолонинг ҳамма нарсадан ғолиб, кофирларни азобловчи, деган маънодаги «Қаҳҳор» сифати бор, шунингдек, қаттиқликка далолат қилувчи яна бошқа сифатлари ҳам мавжуд. Лекин бизларга «Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан», деб бошлашимиз буюрилди. Бу билан, биринчи навбатда, биз бандаларга Яратганнинг Меҳрибон, Раҳмли Зот экани намоён бўлса, шу билан бирга Ҳақ таолонинг бу улуғ сифатини бандалари ҳам ўзлаштириши лозим экани буюриляпти. Зотан, уламоларимиз Оллоҳнинг хулқи билан хулқланишга тарғиб қилганлар. Оллоҳтаолонинг хулқи, бири Раҳмонлик ва яна бири Раҳиймлик, яъни, меҳрибонлик ва раҳмлиликдир.Демак, меҳрибонлик ва раҳмлилик мусулмон инсонда энг кўриниб турадиган сифат бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар куни, ҳар соатда Қуръондан бир сура ўқисак, Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан бошлайман, деб тилимизда, тилимиз орқали бутун вужудимизда шу меҳри-бонлик ва раҳмлилик фазилатлари сингиб кетиши учун Раббимиз ҳар бир ишни Ўзининг мана шундай гўзал сифатлари билан бошлашимизга буюрган. Уламолар: «Биргина «бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деган оят-нинг ўзи кишини иймон келтириб, мусулмон бўлиши учун етарлидир»дейдилар. Яъни, бунда ҳам Оллоҳнинг исми ҳамда У Зотнинг Раҳмон ва Раҳим каби сифатлари зикр қилинди. Қарангки, биргина сўз билан биз Парвардигоримизнинг зотини ва сифатларини танидик. Энди кенгроқ тушунишга бир ҳаракат қилайлик: меҳибонлик - Раҳмон сифати қандай сифат?
Бизлар Оллоҳнинг бу улуғ сифатини чегарасига, ниҳоясига етиб-англашдан ожизмиз. У Зот шу қадар Меҳрибондир. Жаноб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан келган бир ҳадиси муборакда айтиладики: «Дунёдаги ҳар бир нарсага Оллоҳ таоло Ўзининг меҳридан улашган». Масалан: ҳар бир ота-она у хоҳ инсон бўлсин, хоҳ ҳашорат бўлсин, хоҳ ҳайвонот бўлсин, ўзининг фарзандига меҳрибондир.
Агар дунёда меҳр бўлмаса, дунёнинг ўзи бўлмайди. Бутун дунёни ушлаб турган нарса меҳр-оқибатдир. Мана шу меҳр Еру осмонга Меҳрибон Оллоҳ таоло томонидан улашилгандир. Оллоҳ таоло бир муборак ҳадиси Қудсийда «Мен меҳрибонлик сифатини юзга бўлиб, шундан бир қисмини бутун оламга тарқатдим, қолган тўқсон тўққизини Ўзимда олиб қолганман», дейди. Кўрамизки, барча инсонлар ўз яқинларига меҳрибонлик қиладилар, хусусан ўз фарзандларига қанчалар меҳрибон эканини кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам ҳайвонотми, ҳашоратми,барча-барча жонзотлар ўз болаларига меҳрибондир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси муборакларида: «Чопиб кетаётган от ҳам оёғини ерга қўйишда боламни босиб олмай, деб бир ерга қараб олади. Бу Оллоҳ таоло мана шу отнинг дилига солиб қўйган меҳрнинг аломатидандир»,-деганлар.
Ёхуд, масалан бирон товуқни ҳайдайдиган бўлсангиз, у сиздан қўрқиб нарироқ кетиши мумкин. Лекин агар унинг ёнида жўжалари бўлса-ю, сиз уларга тегинадиган бўлсангиз, товуқ ўз жонини хатарга кўйиб, сизга даф қилади. Бу ҳам ўша жониворнинг ўз болаларига бўлган меҳрибонлигидан - Оллоҳнинг бутун оламга тарқатган бир қисм меҳридандир. Бундай меҳрни Яратганнинг ҳар бир махлуқида кўрасиз. Буларнинг барчаси ўша бир қисм меҳрдан бўлиб, қолган тўқсон тўққизини Оллоҳ таоло Охират Куни учун олиб қўйди. Бандаларим - Менга иймон келтирган, Мени таниган, ҳаётларини Менга ибодат ва яхши амаллар қилиш билан ўтказган бандаларимни Қиёмат Кунида мана пгу Меҳрим билан сийлайман, гуноҳларини кечираман, Менинг мангу зиёфатхонам бўлган жаннатга мана шу Меҳрим билан киритаман, деб, юздан тўқсон тўққиз фоиз меҳрини Охират Кунига олиб қўйди.
Оллоҳ таолонинг Раҳмон сифати бутун дунёдаги мўмину кофир, яъни„ Оллоҳни танигану танимаган, ҳатто Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканини инкор қилган инсонларга ҳам баробар дахлдор сифатдир. Яъни, Оллоҳтаоло дунёда мўминларни фойдалантиргани каби кофирларни ҳам фойдалантираверади. Яхши инсонларни фойдалантиргани каби жуда ёмон жиноятчиларга ҳам бу ҳаётдан насиба бериб қўйган. Оллоҳ таоло бу дунёдаги меҳрини ҳаммага улашар экан. Уламолар Оллоҳ таолонинг бу сифатини барча мўмину кофирга тааллуқли деб тафсир қиладилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг Раҳийм - Раҳмлилик сифатига келсак, Оллоҳ таоло Охиратда фақат мўминларгагина раҳм-шафқат кўрсатади. Оллоҳ таоло айтади: «У мўминларга Раҳмли бўлган Зотдир». (Аҳзоб сураси, 43-оят). Бас, Қиёмат Кунида Оллоҳнинг Раҳму Шафқатига, Меҳру Раҳматига бу дунёда покиза иймон ва соф эътиқод билан яшаб ўтган одамларгина етадилар.
Демак, Оллоҳ таоло бу дунёда ҳаммага Меҳрибон, Охират диёрида эса, фақат мўминларгагина раҳм-шафқат Эгаси бўлган Зотдир. Шунинг учун бизлар бу дунёдан бир мўмин одам сафар қилса, Оллоҳ раҳмат қилсин деймиз, яъни, энди Охират диёрида Оллоҳнинг Раҳматига сазовор бўлсин, деганимиз бўладики, бу Раҳматга фақат мўминлар муяссар бўладилар.
الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ
2.Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир.
Айрим уламолар, юқорида айтиб ўтганимиздек, «Бисмиллоҳ»ни сураи Фотиҳадан биринчи оят десалар, бошқа олимлар, хусусан бизнинг Ҳанафий мазҳаб уламолари сураи Фотиҳанинг биринчи ояти «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн»дир, деб бунга далил келтирадилар. Масалан, улуғ муфассирлардан Табарий «Жомиул-баён» тафсирларида шундай дейди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб Оллоҳнинг Раҳмон ва Раҳим сифати зикр қилинганидан кейин бир оят ўтказибоқ, яна Раҳмон ва Раҳим сифати зикр қилиниши аввалги «Бисмиллоҳ» «Фотиҳа» сурасидан ташқаридаги бир оят эканлигига далилдир».
Демак, «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» ояти айрим уламолар наздида сураи Фотиҳанинг биринчи оятидир. Бошқа уламолар иккинчи ояти, дейдилар. Бу билан маъно ўзгармайди, лекин биз, модомики, Куръони Карим тафсирини ўрганишга ҳаракат қилар эканмиз, уламоларнинг бу тафсирини ҳам билиб ўтишимиз фойдадан холи бўлмас.
«Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» оятининг мазмуни - «Ҳамд, сано, мақтов, олқиш Ёлғиз Оллоҳ учундир. У Оллоҳ бутун оламларнинг Хожаси, Парвардигори, Эгасидир», дегани. Яъни, ҳамду санони, мақтов-олқишни Ёлғиз Оллоҳ учун қилишимиз керак.
«Алҳамду» калимаси «барча мақтов, барча ҳамду сано билан мақтайман, ҳамд айтаман» деган маънони билдиради. Яъни, бирон мақтов йўқки, ўша мақтов билан Оллоҳ мақталмаса. Ҳар бир мақтов Ёлғиз Оллоҳнинг ҳаққидир.
«Лиллаҳи» - «Ёлғиз Оллоҳникидир, Оллоҳ учундир» деган маънони англатади ва бу табиий ҳолдир. Чунки Оллоҳ таоло - бутун оламларнинг Эгаси бўлган Парвардигоримиз мақтовга лойиқ бўлган танҳо Зотдир. У Зотни мақтаб шукрона қилишимизга сабаблар жуда кўп. Оллоҳнинг бизга берган неъматлари ҳам беҳад ва беададдир. Қуръони Каримда Оллоҳ таоло: «Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангизлар, уларнинг саноғига етолмайсизлар», дейди. (Иброҳим сураси, 34-оят).
Ҳақиқатан, бизга саноқсиз неъматларни ОллоҳнингЎзи бериб қўйган. Бунинг учун эса албатта бу неъматларни бизга берган Зотга ҳамд айтишимиз керак. Ҳамд Эгаси бўлиш Ёлғиз Оллоҳнинг ҳаққи! Чунки у Зот бутун оламларнинг Парвардигоридир. Роббимиз бизларни инсон қилиб яратди. Инсонлар орасидан бизга марҳамат кўрсатиб, Ўзининг Йўлидаги, мусулмон бандалари қаторида Тўғри Йўлга Ҳидоят қилиб кўйди. Бунинг учун биз албатта Оллоҳтаолога ҳамду сано айтамиз. Ҳар бир ишимизда, ҳар олган нафасимизда, бизлар учун бутун оламни хизматкор қилиб кўйганлиги учун, ўз вужудимиз ҳам, атроф-жавонибдаги барча жонли-жонсиз нарсалар ҳам Оллоҳнинг Амри билан биз - инсонларга бўйинсуниб, хизмат қилиб тургани учун, Оллоҳга шукр қиламиз.
Ахир тасаввур ва тафаккур қилсак, биз нафас олаётган лекин ҳеч ким кўзи билан кўриши мумкин бўлмаган ҳавонингўзи Оллоҳнинг бизга берган бир буюк неъматидир. Бу ҳавони бандалардан биронтаси ишлаб чиқараётгани йўқ. Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандалари нафас олишлари учун мана шу ҳавони ортиқчаси билан таъмин этиб турибди. Ёки бизларни тоза бўлишимизга сабаб бўлган сув ҳам Оллоҳнинг неъматидир. Тасаввур қилинг, ўша сиз билан биз истеъмол қиладиган, фойдаланади-ган, ичиб ташналигимизни қондирадиган, бизга таом бўладиган, кир бўлсак бизни тозалайдиган сув, мана шу Оллоҳ таоло яратган ерда - заминда турибди. Ахир ҳар қандай тупроққа сув қуйилса сингиб кетадику, лекин Оллоҳтаоло шу бандаларим фойдалансинлар деб ўша ерга: сен устингдаги сувни сингдирмасдан сақлаб турасан, деб буюрган. Бу бизга катта неъматдир. “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у мушрикларга) айтинг: «Хабар берингизчи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (Ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда (Оллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Оллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)” (Мулк сураси, 30-оят).Ёки айрим жойларда дарёларга, денгизларга қаралса, ёнма-ён, ўрталарида кўзга кўринадиган тўсиқ бўлмай дарё-денгиз ёнма-ён бўлган жойлари бор экан. Оллоҳ таоло Қуръони Каримда ўша дарёларнинг бирини шўр, бирини чучук қилиб қўйганлигини бизга миннат қилади, яъни,, бандаларим фойдалансин деб, ҳалиги шўр сувнинг тузи чучук сувга ўтмасдан турсин деб, уларнинг ўрталарига кўз билан кўриб бўлмайдиган, лекин ўта мустаҳкам бир тўсиқ қўйганини зикр қилади: “(Оллоҳ) икки денгиз-дарёни буниси чучук - ширин, униси шўр - аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида (бир-бирларига аралашиб кетишдан тўсиб турадиган) тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир.” (Фурқон сураси, 53-оят). Мана бу бизларга Оллоҳнинг неъмати эмасми?
Ёки ўзимизнинг вужудимиздаги ҳар бир аъзога қарасак, Оллоҳнинг Амри билан ишлаб турибди, сиз ва бизни ақлимиз билан эмас, кувватимиз билан ҳам эмас, илмимиз билан ҳам эмас, балки, Оллоҳнинг Буйруғи билан бизларга хизмат қилиб турибди.
Масалан, ҳаётимиз белгиси бўлган, тинмасдан уриб, ишлаб турган юрагимиз ҳақида бир фикр юритайлик. Буни биз ўзимиз ақл билан ишлатиб турган бўлсак, ухлаб қолганимизда, юрак уриши ҳам тўхташига тўғри келарди. Тасаввур қилайлик, агар юрак беш дақиқа урмаса нима бўлади? Лекин Оллоҳ таоло унга ишлаб турасан, деган буйруқни берди, сени ўша бандамнинг ичига жойлаган эканман, у ҳаёт бўлиб, ҳаракат қилиб яшаб туриши учун сен доим ишлайсан, у билса ҳам, билмаса ҳам, у уйғоқ вақтида ҳам, ухлаётганида ҳам, унинг хушида ҳам, тушида ҳам, ҳар ҳолатда ишлайсан деган буйруқни бердики, энди уни ҳеч ким тўхтатолмайди, фақатгина Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи хоҳлаган пайтида тўхтатади.
Атрофимиздаги оламга қараб, ўз вужудимизга назар ташлаб, Оллоҳ-нинг сон-саноқсиз неъматларига гувоҳ бўламиз ва албатта: «Алҳамду лиллаҳи роббил-аламийн,» яъни, “Оллоҳга ҳамд бўлсин”, деймиз.
Роббил аламийн - барча оламларнинг Парвардигори. Роб деган сўз Хожа, Эга, Парвардигор деган маънони билдиради.
Оламийн - оламлар дегани. Яъни, барча оламларнинг Хожаси, Парвардигори бўлган Оллоҳга ҳамд бўлсин. Оламлар Парвардигори ибораси бошқа бир сурада: «Осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори», деб тафсир қилинади. Демак, осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг барчаси олам ҳисобланар экан.
Қадим манбаларда «ўн саккиз минг олам» деган ибора қўлланади. Буни фаразан, шундай тушуниш мумкин: сиз билан биз бир инсоният оламимиз. Атрофимизда бошқа оламлар ҳам бор. Масалан: Паррандалар олами, Даррандалар олами, Наботот олами, Жамодот олами, Тоғу тошлар ва ҳоказо.
Биз кўра оладиган оламлар саноқлик, лекин биз билмайдиган оламлар ҳам борки, шу боис қадимдан уламолар Оллоҳ таоло ўн саккиз минг олам Эгаси деган иборани қўллайдилар. Биз мана шу оламларнинг ҳаммасини Эгаси бўлган Ёлғиз Оллоҳга ҳамд айтамиз. Ҳамдга лойиқ бўлиш Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимнинг, жумладан бирорта инсоннинг имконида иўқ нарсадир. Чунки инсонга қандай шараф, катта мансаб ё бошқа бир мартаба ато қилинмасин, ўша фазилати учун мақтайлик десак, унинг бошқа юзта нуқсони бизни хижолат қилиб қўяди. Шундай экан, Яратган Парвардигор - барча оламларнинг Эгасигина мақтовга лойиқ Зотдир.
«Оламлар» калимаси араб тилида «аломат» сўзи билан ўзакдошдир. «Аломат» сўзи ўзбек тилида белги деган маънони англатади. Яъни, ўн саккиз минг оламдан ҳар бир олам ўзининг Яратгувчиси - Ёлғиз Оллоҳнинг Бор ва Бир эканига аломат - белги экан. Ҳақиқатан, энг кичкина заррани қарасак ҳам ёки жуда катта бир сайёрага назар солсак ҳам уларнинг ҳар бири ўзининг Яратувчиси, парвариш қилиб, бошқариб турувчиси бор эканига далолат қилиб туради.
Энди, ўз тамаддуни билан фахр қилаётган бугунги кунимизга бир назар ташлайлик. Инсоният онги шиддат билан ўсиб, илму фан суръат билан ривожланяпти. Дунёвий муносабатлар ҳадди аълосида тараққий топиб, хилма-хил асбоб-анжом, жиҳоз ва ускуналар бутун қулайликлари билан оламни тўлдирди. Қани айтингчи, мана шу тараққиёт билан инсон бир пашшанинг қанотини ярата олдими? Йўқ, асло! Биз инсонлар учун бунинг имкони йўқ. Миттигина пашшанинг қанотидан тортиб, энг улкан сайёраларгача барча-барчасини яратиш - йўқдан бор қилиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг измидаги иш. Демак, бутун инсоният тўпланиб бир пашшанинг қанотини ярата олмаса, ўша пашшанинг қаноти ҳам Оллоҳнинг Яратувчининг борлигига далолат қилиб турадиган бир аломат - белги эмасми?!
الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
3.(У) Меҳрибон, Раҳмлидир.
Бу ояти кариманинг маъноси юқорида айтиб ўтилди. Оллоҳ таоло шундай Меҳрибон ва Раҳмли Зот. Оллоҳ таолонинг ушбу буюк сифатлари «Бисмиллоҳда» ҳам келиб, яна бу ўринда қайта такрорланишининг сирри сабаби тўғрисида муфассир уламолар шундай дейдилар: «Сиз билан биз - инсонлар ўзимизнинг ожизлигимиз, бепарволигимиз, илмсизлигимиз сабабидан умримизнинг кўп қисмини ибодатсиз, итоатсиз ўтказиб, нотўғри ишларга сарф этиб, ёшимиз бир жойга етиб борганида тавба тазарруъ қилиб, ибодат йўлига ўтайлик десак, шайтон дилимизга васваса солиб: «Сен шундай гуноҳлар қилдингки, энди сени Худо ҳеч ҳам кечирмайди», деб алдаганида ноумидликка тушиб қолмаслигимиз учун Оллоҳ таоло яна бир бор бизларга: «Мен Меҳрибонман ва Раҳмлиман», деб сура ўртасида қайта таъкидламоқда».Бошқа бир оятда: «Оллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўлманглар», дейилади. Яъни, Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, айтадики: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Менинг (турли гуноҳ маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир.” (Зумар сураси, 53-оят).
Оллоҳ таоло мазкур оятида ўзининг Раҳмонур-Раҳийм эканини таъкидлаш билан сизларнинг вужудингиз, тақдирингиз барчаси Ёлғиз Менинг Қўлимда, агар Мен раҳматимга олсам, ҳеч қайси гуноҳ Менга писанд эмас, кечираман деган маънони англатади. Шунинг учун Раҳмонур-Раҳийм сифатларини Оллоҳ таоло бу суранинг ўртасида яна бир таъкидлаб ўтади.
Ҳақиқатан, Буюк Парвардигориизнинг Раҳмон сифати - меҳрибонлик ҳамма махлуқотга нисбатан мавжуд. Нафақат Ерда ҳатто осмонда ҳам. Зотан, осмондаги қушларни тутиб турган ҳам Раҳмондир. Бу ҳақда Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни Ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани Кўриб тургувчидир.” (Мулк сураси, 19-оят).
Осмондаги қушни Оллоҳ ушлаб турибди, буни кўзимиз билан кўриб турибмиз, бунга ақлимиз етади. Лекин биз турган Ер ҳам осмонда турибди, яъни,, фазода айланиб турган сайёра, сиз билан биз неча миллиард инсоннинг ва барча жонзотларнинг ҳаёти ўтаётган мана шу заминимиз - мана шу Ерни ҳам Раҳмон ушлаб турибди. Оллоҳ таоло бир қушни осмонда ушлаб турганига ҳайрон бўлсаг-у, бу қадар буюк сайёрани ҳавода муаллақушлаб турган Раҳмон ва Раҳим бўлган Оллоҳтаоло эканини унутиб қўйсак, бу ишимиз инсофдан бўлмас!
Демак, Раҳмон бўлган Оллоҳимиз мана шундай Меҳрибон, гуноҳларни Кечгувчи, тавбаларни Қабул қилгувчи ва бутун оламни Ўз Ҳикмати билан Бошқариб тургувчи Меҳрибон Зотдир.
Ибодатларимиз, яхши амалларимиз жуда оздир. Борлари ҳам жуда нуқсонлидир. Биз бу амалларга суяниб, ҳеч нарсага етолмаймиз. Зотан, бу амалларга бизни қодир қилган ҳам ўша Меҳрибон Оллоҳдир. Лекин Оллоҳнинг Ўзи бизларнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечираман деса, ҳатто мана шу нуқсонли амалимизни ҳам қабул қиламан деса, у Раҳмоннинг ихтиёридаги ишдир.
“Саҳихул-Бухорий”да Оллоҳ таоло тавба қилган бандасини қанчалар яхши кўриши ва гуноҳларидан ўтиши хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом жиҳод вақтида асир тушган кишилар орасида бир аёл шу асирларнинг гўдак-чақалоқларини эмизаётганини кўрсатиб, саҳобаларига: «Мана бу хотин ўзининг боласидан бошқа чақалоқларни ҳам эмизяпти, шу аёлга ўз болангни ўтга ташла, деб буюрилса, ташлайдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ўзини ўтга ташласа ташлайдию, лекин ҳеч қачон боласини ўтга ташламайди», дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: «Оллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди. Бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Оллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳри буюкроқ, улуғроқдир» дедилар.
Ёки яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Туя миниб кетаёган бир мусофир чарчаб, истироҳат қилгани тушиб, озгина дам олиб, кўзини очса, миниб келган туяси устидаги бор нарсалари билан йўқ эмиш. Чор атрофдан қидириб, ҳеч қаердан тополмасдан чарчаб, ҳориб келиб, яна ухлаб қолибди. Бироз вақт ўтгач уйғониб қараса, йўқолган туяси қайтиб келиб қолган экан. Ўша инсон шу пайтда қанчалар хурсанд бўлади? Сиз билан биз гуноҳларимизга тавба қилиб Оллоҳга қайтсак, Меҳрибон Оллоҳимиз бундан ҳам кўпроқ хурсанд рози бўлади».
Ҳар бир яхши амалингиз учун мукофотлар ато этаман, тавбаларингизни қабул қиламан, ҳар қандай гуноҳларингизни кечираман, деб турган Зотдан ҳам меҳрибонроқ ким бор? Шунинг учун ҳам бу сураи каримада Оллоҳ таолонинг Раҳмонур Раҳим деган сифати яна бир бор зикр қилинди.
مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ
4.Дин-Жазо Кунининг Эгасидир.
«Дин» сўзи жазо-мукофот маъносини англатади. «Явмуддин» - Жазо Куни деганидир. «Малики явмид дин» - Жазо Кунининг Эгаси - Подшоҳи деганидир. Бу Ёлғиз Оллоҳ таологагина тегишли сифатдир. Бу дунёда подшоҳларнинг тури кўп. Уларнинг яхшилари ҳам бор, ёмонлари ҳам, адолатлилари ҳам бор, золимлари ҳам. Уларнинг подшоҳликлари саноқли муддатда, яъни, шу дунёнинг ўзидаёқ тугашини ҳам кўриб турибмиз. Қанчадан-қанча подшоҳлар бу дунёдан ўтиб - йўқ бўлиб кетганларига гувоҳмиз. Демак, булар барчаси шу дунёнинг муваққат мансаб лавозимлари экан.
Лекин ҳақиқий дунё бўлган Охират диёрида битта Подшоҳ бор - У Оллоҳдир. Жазо Кунининг Эгасиман - Подшоҳиман, дейди Оллоҳ таоло.
Биз «дин» сўзи жазо деган маънода келишини айтдик. Диндор дегани ўша жазо борлигига ишонадиган инсон деганидир. Мана, диндор билан динсизнинг фарқи шу сўзнинг ўзида аён бўлади. Фақат бугунни ўйлайдиган, ҳозирнинг хузурини кўзлайдиган, келажакда - Охират диёрида нима бўлиши ҳақида тафаккур қилмайдиган, балки Охират борлигига иймон келтирмайдиган кимсани динсиз дейилади. Яъни, ундай кимса қилаётган иши савобми, гуноҳми эканлигига ҳам ёки бировларга манфаатми, зиёнми эканлигига ҳам қарамайди. Ҳозир роҳат қилиб қолсам, ҳозир топиб қолсам, айшу ишрат қилиб қолсам бўлди дейди. Мана шу кимса динсиздир. Диндор инсон деганда эса худди рўзадор деганда рўзани ушловчини тушунганимиз каби, диндор деб динни тутувчини тушунамиз. Динни ушлаб турган диндор инсон ҳар бир ишида шу ишни қиляпман, Эртага шунинг жазоси бор, ўлганимдан кейин Қиёмат Кунида Оллоҳ олдида шу ишимга жавоб бераман деб ишонадиган инсондир. Бошқача айтганда, ҳақиқий инсон диндор бўлади. Масалан, ҳайвон хоҳлаган ишини қилиши мумкин, уни биров айбламайди. Чунки Оллоҳ нга яхши-ёмонни ажратадиган ақл бермаган. Аммо инсонга эса Оллоҳт оло ақл-фаросат неъматини ато этганки, агар у шу ақли билан иш тутмаса, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан ажратмаса, у инсон ҳайвондан фарқсиз бир махлуққа айланади. Диндор инсон эса ҳар бир ишини эртага Оллоҳ олдидаги жазо, масъулиятни ўйлаб қилади. Мана шу диндорликдир, мана шу ҳақиқий инсонликдир.
«Явмуд-дин» - Жазо Куни дедик. Бу сўз шундоқ, осонгина айтиб қўйиляпти, лекин бу Кунни сиз билан биз тўла тасаввур қила олмаймиз. Бу ҳақда бошқа бир оятда Ҳақ таоло шундай дейди: “(Эй инсон), сен Жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?! Сўнгра (яна такрор айтаманки), сен Жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?! У Кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни, бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиённи кетказишга) эга бўлмас! У Кунда барча иш Ёлғиз Оллоҳники бўлур!” (Инфитор сураси, 17-19-оятлар).
Яъни, биз юқоридаги ояти каримадан ва яна бошқа кўп оятлардан ўрганиб, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан эшитиб, Жазо Куни бор, деб иймон келтирамиз, лекин уни бутун ҳолатида, бутун хатари билан, бутун кўлами билан, бутун даҳшати билан билолмаймиз, то бориб кўрмагунча тўла ҳис қилолмаймиз. Оллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ бандасига, энг яқин Дўстига, бутун оламлар учун Раҳмат қилиб юборилган энг сўнгги Пайғамбарига «Сиз ҳам билмайсиз, фақат Мен биламан», дейди.
Оллоҳ таоло у Кун ҳақида яна: «Жазо Куни - ҳеч бир жон бирон жон учун бирон иш қилишга эга бўлолмайдиган Кундир», деди.
Яъни, бу дунёда бирор хато қилсак, бизни тўғри йўлга йўллаб қўядиганлар топилади, уларнинг қўллаб-кувватлашлари билан айрим жазолардан қутулиб ҳам қоламиз. Лекин у Кунда ҳеч ким бировнинг орасига туша олмайди.У Кунда Ёлғиз бир Подшоҳ бўлади, у Менман, дейди Оллоҳ таоло.
إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ
5.Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз.Мана бу Илоҳий Сўзлар билан биз ҳар куни, намозимизнинг ҳар ракъатида ўқийдиган ушбу сураи каримада Оллоҳтаолога илтижо қилиб - Ёлғиз Сенгагина ибодат қиламиз. Чунки ҳамду санога Лойиқ Ўзингсан, Оламларнинг Хожаси Ўзингсан, энг Меҳрибон ва энг Раҳмли ҳам Ўзингсан, бу дунёгина эмас Охират Кунининг - Жазо Кунининг Эгаси ҳам Ўзингсан, бас, Сендан бошқа кимга ибодат қиламиз, албатта Ёлғиз Ўзингга ибодат қиламиз, Ёлғиз Ўзингдан мадад сўраймиз, деб ваъда берамиз.
Ийяка наъбуду - калимаси ҳар бир кишининг мўмин бўлиши ва динга киришининг калити ҳисобланган «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадурра-сулуллоҳ» калимасининг маъносидир. «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир. Ва Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг Элчисидир», деб иймонга кирган эканмиз, «ийяка наъбуду» деган сўзимиз ҳам худди шу маънони билдиради. Яъни, Сендан бошқа ҳеч қандай худо йўқ, Сен ўзинг Ёлғизсан, Сендан бошқа сиғинадиганимиз йўқ, Сендан бошқа суянадиганимиз йўқ, Сендан бошқа биров бизга ёрдам ҳам беролмайди.
Ва ийяка настаъийн - Ёлғиз Ўзингдангина мадад сўраймиз. Демак, биз эътиқод қиламизки, бизларга мадад берадиган биргина Зот бор, У Зот Ягона Оллоҳдир. Оллоҳ хоҳламаса, ҳеч ким бизга бирон яхшилик қилол-майди, Оллоҳ хоҳламаса, ҳеч ким бизга ёмонлик ҳам қилолмайди.
Шу ўринда мазкур ояти каримадаги яна бир гўзал ва теран нуктага эътибор берайлик. Оллоҳтаоло бизга аввало, У Зотга ибодат қилиб, сўнгра Ундан ёрдам мадад сўрашимиз тўғри бўлишини уқтиради. Акс ҳолда, Оллоҳга ибодатсиз, Расулига итоатсиз кимсаларнинг дуо-илтижолари мустажоб бўлмаслигига, бошқача айтганда, Жаноби Ҳақ динсизларга мадад-ёрдам бермаслигига ишора қилади.
Табароний “Авсот” китобида келтирган ҳадисда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Фотиҳа” сурасини ўқидилар, сўнгра дедилар:“Парвардигорингиз айтди: “Эй Одам боласи, Мен сенга етти оят нозил қилдимки, ундан учтаси Мен учун, учтаси сен учун, биттаси эса Мен билан сенинг ўртамиздадир. Мен учун бўлган оятлар: “1- Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. 2- (У) Меҳрибон ва Раҳмлидир. 3- Дин - Жазо Кунининг Эгасидир”.
Мен билан сенинг ўртамизда бўлган оят: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”, оятидир. Демак, сен томонингдан Менга ибодат қилиш, Менинг зиммамда эса сенга мадад бериш бордир.
Энди сен учун бўлган оятлар: “1- Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин. 2- (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (ҳидоят қилгин)ки, Сен Ўзинг уларга (Тўғри Йўлни) инъом қилгансан. 3- Улар (Сен томон-дан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар - адашмаганлар”, оятларидир.Мана, бизлар Оллоҳнинг номи билан бошлаб, ҳамду сано билан Оллоҳнинг сифатларини айтиб, Унинг Ўзи бу дунё ва Охират Эгаси эканлигини эътироф этиб, Ўзигагина ибодат қилиш, Ўзидангина мадад сўраш ваъдасини бериб, навбатдаги ояти каримани ўқиймиз:
اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ
6.Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин.
Бу оят сураи Фотиҳанинг юрагидир. Оллоҳ таоло мана шу дуони қилишимиз учун бизларга ушбу сурани ўқишни буюрган. Яъни, «Ўзинг бизларни Тўғри Йўлга Ҳидоят қилгин». Бизнинг Оллоҳдан тиланчимиз, дуойимиз, илтижойимиз, ёлвориб сўрайдиган нарсамиз шудир.
Сирот - бу йўлдир. Мустақим - тўғри деган маънони англатади. Иҳдина калимаси - бизни Ҳидоят қилгин, йўллагин, бошлагин, етаклагин деган маънодадир. Ушбу оятда бизлар бу дунёдаги ҳаётимизни адашмасдан, эгри йўлларга кириб кетмасдан, адашиб залолатга тушиб қолмасдан ўтиб олишимиз учун ҳар куни, ҳар соатда, намозимизнинг ҳар ракъатида «Ўзинг бизни Тўғри Йўлга Ҳидоят қилгин», деб сўраб туришимиз барча оламларнинг Парвардигори, Жазо Кунининг Эгаси бўлмиш Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ таоло томонидан бизга буюрилди. Демак, бизлар ўзимизнинг илмимизга ёки ақлимизга ёки яна бошқа нимадир нарсамизга суяниб, Тўғри Йўлни топаман десак, мана шу адашганимиздир. Чунки бизни Оллоҳ ҳидоят қилсагина, Тўғри Йўлни топамиз.
Сиротул-мустақим деган сўзни тафсир қилиб, Сирот бу Қуръондир, дейди баъзи уламолар. Яъни, бизларни Тўғри Йўлга бошлагин дегани бизларни Ўзингнинг Каломингга бошлагин, ҳаётимизни Сенинг Каломинг андозасида, Сен буюрган ишларни адо қилиб ўтказишга муваффақ қилгин, деганимиз бўлади.
Бошқа баъзи уламолар эса, Сирот бу Исломдир дейдилар. Яъни, адашиб, динсиз бўлиб, нотўғри ишларни, нотўғри йўлларни дин қилиб олиб, залолатда ўтиб кетмаслигимиз учун Ўзинг бизларни Исломингга, ҳақиқий Дининг, сўнгги мукаммал Динингга эриштиргин, ҳидоят қилгин, деганимиз бўлади, деб ҳам тафсир қиладилар. Мана шу бизлар доим Оллоҳдан сўрашимиз лозим бўлган нарсадир. Чунки Оллоҳнинг Йўлига кириш осон эмас. Бу Ёлғиз Оллоҳнинг Ҳидояти билан бўлади. Агар биз астойдил сўрасак, ҳаракат қилсак, Оллоҳ таоло бизни Ўзининг Тўғри Йўлига йўллайди.
Мана шу Ҳидоятдир. Яъни, Оллоҳтаоло бутунлай бошқа йўлда юрган, бошқа тарафни истаб юрган одамларни, бу Тўғри Йўлга мажбуран буриб қўймайди, балки Ўзи истаган инсонларни, Ўзидан Ҳақ Йўлни сўраган инсонларни Тўғри Йўлга бошлайди.
Бизни Ҳидоят қилгин деганимиз бизларни ҳам ўша Тўғри Йўлингни излаган одамларнинг қаторида қилгин, деганимиздир. Чунки, мусулмонларининг орасида ҳам Тўғри Йўлга юришдан узоқда бўлган кишилар йўқ эмас.
Одамлар ёзган нарсаларни Қуръондан кўра афзалроқ деб ўйлаётган кишилар ҳам йўқ эмас. Бошқа ҳар қандай китоб Оллоҳнинг Китобига қандай баробар келади?! Нега улар адашадилар? Шуни билмайдиларми, деб сўрарсиз? Билмайдилар, чунки, уларни Оллоҳ ҳидоят қилган эмас. Буни Оллоҳ ҳидоят қилса биламиз.
Биз оддий инсонлар Қуръон нақадар улуғ Китоб эканини сўз билан етказиб беролмаймиз. Тўғри Йўлда бўлишимиз учун Исломнинг асоси бўлган Қуръоннигина ушлашимиз керак эканини Ёлғиз Оллоҳдан бошқа ҳеч ким бизга етказиб беролмайди. Агар Оллоҳтаоло Ўз Инъоми - Марҳамати билан кимнинг онггига, вужудига, қалбига Тўғри Йўлга бўлган муҳаббатни сингдирар экан, мана шу Оллоҳнинг Ҳидоятидир. Қуйидаги ояти каримада ана ўша Оллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлар ҳақида сўз боради.
صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ
7.(Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (ҳидоят қилгин)ки, Сен Ўзинг уларга (Тўғри Йўлни) инъом қилгансан - улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар - адашмаганлар.
Яъни, «Эй Парвардигор, бизларни Сенинг ғазабингга дучор бўлмаган, залолатга кетмаган, Тўғри Йўлдан озмаган бандаларингга инъом қилган Йўлингга Ҳидоят қилгин». Хўш Оллоҳ таолонинг Инъомига кимлар сазо-вор бўлган? Бу ҳақда бошқа бир сурада хабар берилишича, улар пайғамбарлар, сиддиқлар - чин иймон, ихлос эгалари, Оллоҳ Йўлида қурбон бўлган шаҳидлар ва Оллоҳнинг буюрган амалларини адо қилган солиҳлардир: “Кимда-ким Оллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Оллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар - пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақрост иймон эгалари), шаҳидлар ва солиҳлар (фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар) билан бирга бўлурлар. Ана ўшалар энг яхши дўст-ҳамроҳлардир.” (Нисо сураси, 69-оят).
“Маолимут-танзил” ва “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирларида ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг озод қилган қуллари бўлмиш Савбон розияллоҳу анҳу тўғрисида нозил бўлган. У Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни қаттиқ севар, у зотни кўрмаса тура олмас эди. Бир куни ранглари ўзгарган, юзига ғам соя солган ҳолда келди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом:‘ Эй Савбон, нега бунча рангинг ўзгариб кетди”, деб сўрадилар. У деди: “Ё Расулуллоҳ, мен касал эмасман, ҳеч қаерим оғриётгани йўқ. Фақат мен агар Сизни кўрмасам то кўргунимча дунёдаги энг ёлғиз одамга айланиб қоламан. Энди бўлса Охират ёдимга тушди. Қўрқаманки, у жойда мен Сизни кўра олмасам керак. Чунки Сиз пайғамбарлар билан бирга энг юксак мақомда бўласиз. Мен эса агар жаннатга кирган тақдиримда ҳам Сизнинг манзилатингиздан жуда ҳам паст жойда бўламан. Агар жаннатга кира олмасам, у ҳолда Сизни ҳеч қачон кўра олмайман”. Мана шу вақтда ушбу оят нозил бўлди.
Қатода айтади: “Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг асҳобларидан айримлари: “Жаннатдаги ҳолимиз қандай бўлади? Сиз энг баланд манзилатда, биз эса Сиздан жуда пастда қолиб кетамизку? У жойда Сизни қандай кўрамиз?” дейишганида ушбу оят нозил бўлди”.
Ояти каримада Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни севадиган, жаннатдау зот билан бирга бўлишни орзу қиладиган мўминларга бу орзуларига етиш йўлини кўрсатади: Ким зиммасидаги фарзларни адо қилиш билан Оллоҳтаолога итоат этса, суннатларга амал қилиш билан Расу-луллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этса, мана шу икки сифатга эга бўлган кишилар алабатта Охират диёрида Оллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлар - энг гўзал-яхши ҳамроҳлар - дўстлар билан, яъни, пайғамбарлар, чин ихлос ва садоқатли, айтган сўзлари қилган ишларига рост келадиган сиддиқлар (Улар Абу Бакр Сиддиқ бош бўлган улуғ саҳобалар), Оллоҳ Йўлида жонларини фидо қилган шаҳидлар ва солиҳ - яхши кишилар (иймон билан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўминлар) билан бирга бўладилар.
Икрима: “Ояти каримадаги пайғамбарлардан мурод Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламдирлар, сиддиқлардан мурод Абу Бакр, шаҳидлардан мурод Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳум, солиҳлардан мурод барча саҳобалардир”, деб тафсир қилган.
Демак, Оллоҳ ва Расулига итоат этиши банданинг ҳақиқий мўмин эканига ҳамда Оллоҳ ва Расулини яхши кўришига энг ишончли далилдир. Шу боисдан итоатли мўминларга жаннатга кириш ва у Улуғ Манзилда Улуғ Инсонлар билан бирга бўлиш бахти ваъда қилинди.
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад”да келтирган ҳадиси шарифда зикр қилинишича, бир аъробий (саҳройи араб) Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қиёмат Соати қачон?” деб сўради. Шунда Пайғамбар алаҳиссалом: “Сен У Кун учун нима (яъни, қандай яхши амаллар) тайёрлаб қўйдинг?” дедилар. Аъробий: “Ҳеч нарса тайёрлай олмадим. Фақат мен Оллоҳ ва Расулини севаман”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ўзинг севган киши билан Охират диёрида бирга бўлурсан”, деб марҳамат қилдилар.
Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни ва Умарни яхши кўраман ва умидворманки, уларга бўлган меҳр-муҳаббатим сабабли (жаннатда) улар билан бирга бўлурман”.
Дарҳақиқат, саҳобайи киромнинг Ҳазрати Расуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари ҳавас қиларли ва то Қиёмат қадар дунёга келадиган барча мусулмонларга намуна - ибрат бўларлидир. Ҳатто улуғ ансорий саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида ўта қайғуга ботиб: “Оллоҳим, Ҳабибимдан кейин ҳеч нарсани кўришни истамайман. Ўзинг то мен (жаннатда) Ҳабибимни кўргунимча кўзларимни кўр қилиб қўйгин”, деб дуо қилгани ва ўша онда кўзи ожиз бўлиб қолгани ривоят қилинади.
Мазкур Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушига азон кирган саҳобийдир. Оллоҳ таоло мусулмонларга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан одамларни намозга қандай чорлаш тўғрисида маслаҳат қилдилар. Ҳар ким ҳар хил фикр айтади, аммо Пайғамбар алайҳиссалом бу фикрларни тасдиқламайдилар. Эртаси тонг саҳарда Абдуллоҳ ибн Зайд келиб тушида биров унга азонни таълим берганини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга етказиб, ҳозирда ҳам бутун дунёда жорий азон калималарини ўқиб берганида Пайғамбар алайҳиссалом унга Оллоҳ таоло билдирганини айтиб, беш вақт намоз олдида мана шу азонни айтишни буюрадилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни нақадар севишларига яна бир мисол: “Анас розияллоҳу анҳу: “Биз ҳеч нарсадан Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Сен (Охиратда) севган кишинг билан бирга бўлурсан”, деган сўзларидан севинганча севинган эмасмиз”, дейди. Расулуллоҳни севиш уларни Оллоҳ таолонинг севгисига сазовор қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: “Агар сизлар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир”. (Оли Имрон сураси, 31-оят).
У ҳолда Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлганлар кимлар эди? Муфассир олимлар жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ривоятлар қиладиларки, Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлар - яҳудлар эди.
Залолатга кетганлар кимлар эди? Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедиларки: «Насоролар - адашганлардир».
Яҳудлар нега Оллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлдилар? Бунинг сабаби, улар Оллоҳ таолони таниган кишилар эдилар. Оллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган эдилар. У зотга нозил бўлган Таврот Китобида уларга Оллоҳнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-салом келиши ҳақидаги хабар ҳам нозил бўлган эди. Пайғамбар алайҳис-салом дунёга келишларидан, ҳали Пайғамбар бўлишларидан илгари яҳудийлар «Ҳали бир Пайғамбар келади, биз унга ёрдамчи бўламиз», деб даъво қилар эдилар. Лекин Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-саломни яҳудлардан эмас, араб қавмидан чиқарганида, булар бирдан тўнларини тескари кийиб, кофир бўлдилар.
Оллоҳ таоло Бақара сурасида айтади: “Қачонки уларга Оллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб келганда (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил бўлиб, у зот Пайғамбар бўлганларида) - ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар - бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар. Кофирларга Оллоҳнинг лаънати бўлғай. Оллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган зотга (Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга) Ўз Фазлу Карами билан (ваҳий) туширганига ҳасад қилиб, Оллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар (яҳудийлар) ўзлари-ни энг ярамас нарсага сотдилар. (Яъни, иймон ўрнига куфрни сотиб олдилар). Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. (Яъни, Тавротни бузганлари сабабли Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлишган эди, энди Муҳаммад алайҳиссаломга кофир бўлишлари сабабли яна бир ғазабга ги-рифтор бўлдилар). Кофирлар учун хор қилувчи азоб бордир.” (Бақара сураси, 89-90-оятлар).
Илоҳий Китобимиз Қуръони Каримнинг эса бирорта ҳарфига ҳам заҳа етмасдан, йўқолмасдан - мана қўлимизда турибди. “Албатта бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.” (Ҳижр сураси, 9-оят). Шунинг учун Қуръонни тафсир қилганимизда бизларнинг тафсир-таржималаримизни хато ёки тўғрилигини аслига солиштириб, билиб олиш мумкин. Аммо Инжил таржималарини солиштирадиган асл нусха йўқ. Демак, насронийлар йўлдан озиб, адашиб, Тўғри Йўлни истасалар ҳам тополмайдиган даражага тушдилар. Биз мўмин-мусулмонлар ана шундай адашган кимсаларнинг йўлларидан узоқ қилишини сўраб, Оллоҳга дуо қилишимиз керак. Яъни, ғазабингга дучор бўлмаган ва адашмаган бандаларингга инъом қилган йўлинг бўлган Тўғри Йўлга бошлагин деб Оллоҳтаолога илтижо қилишимиз - ушбу муборак суранинг қалбидирки, бизларга Парвардигоримиз мана шундай дуони қилишимизни буюради. Савол туғилади: нега Оллоҳ таоло тўғридан-тўғри яҳудийлар, насронийлар демасдан, улар ҳақида ғазабга дучор бўлганлар, адашганлар, деган ибораларни қўллади? Бунинг сабаби шундаки, кимда-ким ўша яҳудларга ўхшаб билганларига амал қилмаса ёки насронийларга ўхшаб Оллоҳга ширк келтирса, ундай кимсалар қайси миллатдан бўлишидан қатъий назар, Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва йўлдан озган - адашган ҳисобланадилар. Шу боисдан биз Оллоҳ таолога илтижо қилиб сўраймиз: «Парвардигоро, Сен бизларни ғазабга дучор бўлган кимсалар йўлини тутувчилардан қилмагинки, улар Ҳақни таниб туриб, унга амал қилмаган яхудийлар ва уларга ўхшаган кимсалардир. Яна бизларни йўлдан озганлардан қилмагинки, улар Тўғри Йўлни топмасдан адашган насронийлар ва уларнинг изидан эргашган кимсалардир».
Ушбу дуода мусулмон қалбни бўйинсунмаслик, нодонлик ва йўлдан тойиш иллатларидан халос қилгувчи шифо бор ҳамда Исломдек Буюк Илоҳий неъматга далолат бор. Бас, ким Ҳақни яхши билгувчи ва унга доимо эргашувчи бўлса, ана ўша инсон Тўғри Йўлга ҳақдорроқ бўлади. Шубҳасиз, ўтган пайғамбарлардан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ушбу неъматга энг лойиқ кишилар эдиларки, юқоридаги оят ана ўша зотларнинг фазилатларига ва улуғ манзилатларига далолат қилди. Оллоҳулардан рози бўлғай!
Ўқувчи учун «Фотиҳа» сурасини ўқигандан ёки эшитгандан сўнг «Омин», дейиши чиройли амал саналади. Чунки ушбу сурайи карима тў-ласича Ҳақ таоло бандаларига таълим берган энг буюк дуо - фотиҳадирки, одатда ҳар бир дуо сўнггида “Омин”, дейилади.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон имом “валаззоллин” деганида сизлар “Омин”, денглар. Чунки кимнинг бу сўзи малоика-ларнинг “Омин” дейишларига тўғри келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб буюрганлар. (Абу Ҳурайра розияллоллоҳу анҳудан Бухорий ривояти). «Омин»нинг маъноси: «Оллоҳим ижобат қилгин» демақдир. Уламолар «омин» сўзининг «Фотиҳа» сурасидан бир оят эмаслигига иттифоқ қилишган. Шунинг учун ҳам уларнинг барчалари «Омин»ни Мусҳаф - Қуръон Китобларига ёзилмаслигига қарор қилганлар.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Фотиҳа сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Шайх Алоуддин Мансурнинг
"Қуръони Азим тафсири"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase