close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ҚУРБОНЛИК ҲАҚИДА

...Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу ноқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир...

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган.
Шарҳ: «Кавсар»ни тафсирчиларимиз «кўп яхшилик» деб айтишлари, бу эса Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлардан иборатлиги ва бошқалар тўғрисида юқорида гапирилди.
«Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй».
Кавсарни берган Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса шунча оз, холис АллоҳнингЎзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. Атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир»-деганларини эшитдим». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «атийра» ҳақида ўтган фаслда батафсил сўз юритилди. Ражаб ойида жоҳилият ишларини аралаштирмай сўйиш сўйиб ўзи еб, камбағалларга берса, ҳечқиси йўқлиги баён қилинди.
Юқорида келган «Кавсар» сурасининг оят ва ушбу ҳадис Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деган гапларига ҳужжатдир.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса:
«Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган.
Бошқалар қурбонлик қилишни «суннати муаккада» деганлар. Уларнинг ҳам ўзларига яраша далиллари бор.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўлари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

    1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити намозини масжидда эмас, намозгоҳда ўқиганлари.
    2. Ийд намозидан кейин хутба қилиниши.
    3. Ийд намози хутбаси минбарда қилиниши.
    4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликка қўчқор сўйганлари.
    5. Қурбонликни эгаси ўз қўли билан сўйса, афзаллиги.
    6. Қурбонликни сўйишда «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар!» демоқ кераклиги.
    7. Қурбонликни сўйиш пайтидан кимданлигини айтиш мумкинлиги.
    8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилмаган умматлари номидан қурбонлик қилганлари.

Ибн Умардан қурбонлик ҳақида «у вожибми?» деб сўралди. У киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар қурбонлик қилганлар», деди.
Бас, сўровни яна қайтарди. Бас, у киши: «Ақлингни ишлатяпсанми?! «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар қурбонлик қилганлар», деди». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан қурбонлик вожиб ёки вожиб эмаслигини аниқлаш қийин, ҳамма нарса Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ниятларига, нимани қасд қилганларига боғлиқ, дейди баъзи уламоларимиз.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам сўровчи иккинчи марта яна қайтадан сўраган бўлса керак.
Лекин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар қурбонлик қилганлари таъкидли иш экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар. Бир киши: «Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди. У зот: «Йўқ! Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами ҳақида, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтдилар:
«Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар».
Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. Одамлар ўзларича маслаҳат қилишиб қарор қилмаган эканлар. Ҳаттоки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг фикрлари ёки қарорлари ҳам эмас, балки, Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган амри экан.
Худди шу нуқта Исломий байрамлар билан ноисломий байрамлар орасини фарқловчи нуқтадир. Исломий байрамлар Аллоҳ таолонинг амри билан, ноисломий байрамлар эса, баданинг амри билан бўладиган байрамлардир.
Аллоҳ таоло Ислом умматидан бошқа умматга бунга ўхшаш байрам қилмаган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу баёнотларни эшитган саҳобалардан бирлари рағбати қўзиб кетиб савол берди:
«Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди».
«Манийҳа» биров томонидан соғиб ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвондир.
Афтидан, савол берувчи киши қурбонлик қилишга ўта қизиққан одамга ўхшайди. Имкони бўлса, бировнинг молидан бўлса ҳам, қурбонлик қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан урғочи манийҳани бўлса ҳам қурбонлик қилиш ҳақида сўраб олмоқда. Агар У зот, бўлади, десалар, бировнинг ўзига соғиб ичиб туриш учун берган соғин ҳайвонини қурбонлик қилиб юбормоқчи. Албатта, бировнинг мулкини қурбонлик қилиб бўлмайди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга:
«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва ортидан қурбонлик қилишга моддий имкони йўқ кишиларнинг кўнгилларини кўтарувчи ажойиб гап айтдилар:
«Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».
Албатта, қурбонлик қилган кишилар ҳам, ушбу шахсий тозаликка оид ишларни байрамдан олдин қиладилар. Аммо, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан қурбонлик қила олмай кўнгли ўксиган камбағал кишиларнинг кўнгилларини кўтариш учун, уларнинг ушбу ҳамма учун лозим бўлган шахсий тозалик ишларини қурбонлик ўрнига ўтадиган даражага кўтардилар. Бу эса, унча бунча илми нафс мутахассисининг хаёлига ҳам келмайдиган ишдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш масалаларни жуда ажойиб услуб ила ҳал қилганларига ҳамма тан беради.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

    1. Қурбон байрами кунини ийд қилиш Аллоҳ таолонинг амри эканлиги.
    2. Қурбон байрами Ислом уммати учун хос қилингани.
    3. Биров соғиб ичиб туриш учун берган ҳайвонни қурбонлик қилиш мумкин эмаслиги.
    4. Эркак кишилар байрамга таёргарлик қилиш жараёнида сочини олдириб ёки текислатиб, мўйлабини қисқартиб, тирноқларини ва ҳаром мўйларни олиши кераклиги.
    5. Мазкур ишларни амалга ошириш қурбонлик қила олмайдиган камбағаллар учун қурбонлик қилган ўрнига ўтиши.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қурбонлик қандоқ бўлган эди?» деб сўралди. Бас, у киши:
«Киши ўз номидан ва аҳли байти номидан бир қўй қурбонлик қилар эди. Ўзлари ҳам еб, ўзгаларга ҳам берар эдилар. Энди бўлса, кўриб турганингдек, одамлар орасида фахрланишга айланиб кетди», деди».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

    1. Илмли ва тажрибали кишилардан аввал бўлиб ўтган нарсаларни ўрнак олиш учун сўраб туриш караклиги.
    2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида риёкорлик бўлмагани.
    3. Оила бошлиғи бир дона қўйни қурбонликка сўйса, ҳамма оила аъзолари номидан ўтиши.
    4. Қурбонликнинг гўштидан уни қилган одам ўзи ҳам еса жоизлиги.
    5. Қурбонликнинг гўштидан бошқаларга бериш кераклиги.
    6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин амали билан фахрланиш бошлангани.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини қурбонлик қилишга тарғиб қилмоқдалар.
«Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас».
«Сўйиш куни» арабчада «Явмун Наҳри»-наҳр куни деб айтилади. «Наҳр» туя сўйишга ишлатиладиган сўз эканини олдин ўрганганмиз. Арабларда қурбонликка одатда кўпроқ туя сўйилгани учун ушбу истилоҳ ишлатиладиган бўлиб қолган.
Демак, қурбон ҳайитининг биринчи куни Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб иш-қурбонлик сўйиш экан.
Бу куни қурбонликка сўйилган ҳайвонлар эса, шундоққина сўйилиб кетавермас, балки,
«Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар».
Ва қурбонлик қилган банда фойдасига гувоҳлик берурлар. Аммо, бу қилинган қурбонликнинг савоби қиёмат куни аниқланади дегани эмас.
«Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур».
Қурбонлик қилинаётган ҳайвон томоғига пичоқ тортилганда чиққан қон ерга тушмасдан туриб унинг савоби Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги маконга етиб боради. Бас, шундоқ экан,
«Уни чин кўнгилла чиқарингиз».
Ўша қон чиқаришни сидқи дилдан, ихлос ила амалга оширингиз.
Ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир имконини топган мўмин-мусулмон қурбонлик қилиши нақадар савобли иш экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибдир. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир»-дедилар. Абу Бурда сўйиб бўлган эди. Бас, у: «Менинг мусиннадан яхшироқ жазаъам бор?» деди.
«Уни сўй! Аммо, сендан кейин, бирор кишидан кифоя қилмас», дедилар у зот».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда қурбон ҳайити куни бажарилиши лозим ишлар тартиби ва уларга оид баъзи тафсилотлар баён қилинмоқда. Бу баён эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томондан бўлмоқда:
«Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир».
«Ушбу кунимиз»дан қурбон ҳайит куни ирода қилинган. Чунки, сўйиш сўйиладиган байрам куни ўша кундир. Демак, у кунда биринчи қилинадиган иш ийд намозини ўқиш бўлмоғи лозим экан. Бу ийдга ўзига хос, салобат, салмоқ ва руҳонийлик беради. Исломда ҳар бир иш Аллоҳнинг зикри билан бўлади. Байрам ҳам бундан мустасно эмас. Бундоқ бўлишлиги мусулмонларнинг байрами нақадар улуғ байрам эканлигини изҳор этади. Бошқалар ўз байрамларини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш билан ўтказсалар, мусулмонлар байрамдан ҳам савоб олишдек улуғ бахтга муяссар бўлганлар.
«Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз».
Яъни, ийд намозини ўқиб бўлганимиздан сўнг, намозгоҳдан уйимизга қайтамиз ва қурбонлик сўямиз. Бу намоздан кейин иккинчи ўринда қиладиган ишимиздир.
«Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибдир».
Яъни, ким олдин намозни ўқиб, кейин қурбонлк сўйса, биз мусулмонларни суннатига амал қилибди. Ўзининг молявий ибодатини адо этибдир.
«Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир».
Яъни, ким намоз ўқишдан олдин қурбонлик сўйса, унинг сўйган қурбонлиги ибодат ўрнига ўтмайди. Унга қурбонлик сўйганлик савоби берилмайди. Ўша хато ишни қилган одам оддий ҳолатда аҳли аёли учун гўштга сўйиш сўйгандек бўлади, холос. Чунки, ҳар бир ибодатни шариат кўрсатмасига мувофиқ қилмоқ керак. Ҳар ким ўзича қилишига рухсат йўқ.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гапларни айтиб бўлишлари билан, уларнинг тасдиғига мисол ҳам тайёр тургани маълум бўлди.
Саҳобалардан Абу Бурда розияллоҳу анҳу намоздан олдин қурбонликни сўйиб бўлган эди. Бас, у:
«Менинг мусиннадан яхшироқ жазаъам бор?» деди».
Қурбонликка туянинг мусинна номли турини сўймоқ лозим эди. Абу Бурда розияллоҳу анҳу мусиннани намоздан олдин сўйиб қўйган эдилар. У сўйганлари қурбонлик ўрнига ўтмаслиги аён бўлди. Қайта сўйишга мусинна туя йўқ. Лекин жазаъа туридаги туя бор. Ўша жазаъани мусинна ўрнига қурбонликка сўйса, бўлаверадими? Абу Бурда розияллоҳу анҳунинг бу саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни сўй! Аммо, сендан кейин, бирор кишидан кифоя қилмас», дедилар».
Демак, бу рухсат Абу Бурайда розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос бўлган.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

    1. Ийддан олдин олим кишилар кўпчиликка, унга оид ҳукмларни яхшилаб баён қилиб беришлари лозимлиги.
    2. Қурбон байрами куни биринчи қилинадиган иш ийд намозини ўқиш бўлиши кераклиги.
    3. Намоздан қайтгандан сўнг қурбонлик қилишга киришмоқ яхши эканлиги.
    Қурбонликни ҳайит кунлари ичида қилса бўлаверади. Аммо, энг афзали биринчи ҳайит куни намоздан кейин қилинмоғидир.
    4. Олдин ийд намозини ўқиб, кейин қурбонлик сўймоқлик мусулмонларнинг суннати эканлиги.
    5. Ийд намозидан олдин сўйилгани гўшт ўрнига ўтиб, ибодат ўрнига ўтмаслиги.
    6. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сифатини биладиган кишилардан сўраб олиш кераклиги.
    7. Намоздан олдин сўйган одам, қайта қурбонлик сўймоғи лозимлиги.
    8. Абу Бурайда розияллоҳу анҳунинг фазллари.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга сўйиш куни, намоздан кейин хутба қилиб: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва қурбонлигимизни қилса, намоз ўқилмасидан олдин сўймасин!» дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўтган ривоятдаги маънони яна ҳам таъкидлаб келмоқда.

ҚУРБОНЛИККА КИФОЯ ҚИЛАДИГАН ВА КИФОЯ ҚИЛМАЙДИГАН НАРСАЛАР

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита шохли ола қўчқорни қурбонлик қилдилар. Уларни ўз қўллари билан сўйдилар, тасмия айтдилар, такбир айтдилар ва оёқларини бўйнига қўйдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васфи келаётган ҳайвонлар қурбонлик учун энг муносиб ҳисобланади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганлари шундоқ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита шохли ола қўчқорни қурбонлик қилдилар».
Иложини топган одам шохли ола қўчқор қурбонлик қилса яхши. Бўлмаса, кифоя қиладиган қандай ҳайвон бўлса ҳам, бўлаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима учун битта эмас иккита қўчқорни қурбонлик қилганлари ҳикмати кейинроқ аён бўлади.
«Уларни ўз қўллари билан сўйдилар»
Демак, сўйишни биладиган одам қурбонлигини ўз қўли билан сўймоғи афзалдир.
«тасмия айтдилар, такбир айтдилар»
Сўйиш пайтида, «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар!» демоқ керакдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
«ва оёқларини бўйнига қўйдилар».
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оёқларни қурбонликка сўйилаётган қўчқорнинг бўйнининг ўнг томонига қўйдилар. Чунки, сўйиладиган ҳайвонни секин, лутф ила чап биқинига ётқизилади. Сўювчи ўнг қўли билан пичоқни, чап қўли билан ҳайвоннинг бошини ушлаб туриб сўяди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар. Бас, уни қурбонлик қилиш учун келтирилди ва У зот: «Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!» дедилар. Мен ўшандоқ қилдим. Бас, у зот уни олдилар. Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқазиб, сўйдилар ва: «Бимиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммадддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар ва уни қурбонлик қилдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан қурбонликка оид бир неча масалаларни ўрганамиз.
1. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар».
Ривоятдаги «қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган» дегани, оёғи қора, қорни қора ва кўзининг атрофи қора, деганидир. Демак, ушбу васфга эга қўчқорни қурбонлик қилиш афзалдир. Шунингдек, ўша васфдаги ҳайвонни излаб топишга уриниш ҳам афзал.
Ривоятдаги «амр қилдилар» деган иборадан қурбонликни бировга айтиб олдириш мумкинлиги чиқади.
2. «Бас, уни қурбонлик қилиш учун келтирилди»
Муқтадо, машғул кишиларнинг қурбонликларини қўлидан шу иш келадиган кишилар келтириб беришлари мумкинлиги ушбу иборадан англанади.
3. «У зот: «Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!» дедилар».
Аёлларга қурбонлик сўйишда керак бўладиган пичоқни қайраб, олиб беришни топшириш мумкинлиги. Шунингдек, жонлиқ сўйишдан олдин пичоқни қайраб олиш лозимлиги.
4. «Мен ўшандоқ қилдим. Бас, У зот уни олдилар».
Муслима аёллар эрларига бошқа ишларда бўлгани каби, қурбонлик сўйишда ҳам фаол ёрдам беришлари.
5. «Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқазиб, сўйдилар»
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонни ёнбошига ётқазиб сўймоқ кераклиги.
6. «Бимиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммадддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар».
Қурбонлик сўядиган киши бошқа вақтлардаги сўйишдаги каби «Бисмиллаҳи»ни айтмоғи шартлиги.
Қурбонлик қилувчи киши Аллоҳ таолодан ўз қурбонлигини қабул этишни сўрамоғи кераклиги.
Қурбонлик қилувчи киши аҳли аёлининг номидан ҳам қилса яхши бўлиши.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари номидан ҳам қурбонлик қилганлари.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларни Ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. У зот: «Уни сен қурбонлик қил», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан икки нарсани истифода қиламиз:
Биринчиси: Бошлиқ-раҳбар одам ўз одамларига қурбонлик қилиш учун жонлиқ олиб тарқатиши мумкинлиги.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳуга бир неча адад қўй-эчкиларни бериб, саҳобаи киромларга қурбонлик қилиш учун тақсимлаб беришга амр қилишлари шуни кўрсатади.
Иккинчиси: Бир ёшли улоқчани қурбонлик қилиш мумкинлиги.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларга тақсимлаб бўлганларидан кейин бир ёшли улоқча ортиб қолганининг хабарини берганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уни, сен, қурбонлик қил» дейишлари шунинга далолати.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: «Мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир.
«Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкидан бўлса, олти ойлиги бўлади.
Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўё-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилаверади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик». Абу Довуд, Муслим ва Термизийлар ривоят қилган.
Шарҳ: «Ҳудайбия» Маккаи Мукаррамага яқин бир жойнинг номи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Мадинаи Мунавварадан умра учун келганларида мушриклар йўлни тўсганлари учун ўша ерда туриб қолганлар. Орада сулҳ тузилиб, унда бу йил мусулмонлар Маккаи Мукаррамага кирмай қайтиб кетадилар, деган банд бўлгани учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аталган қурбонликларини шу ернинг ўзида сўйиб, саҳобаларни ҳам шундоқ қилишга амр этганлар.
Ана ўшанда Жобир розияллоҳу анҳунинг айтишларича, етти кишидан битта туя ёки қорамол сўйилган экан. Ана ўша нарса шариатимиз ҳукмидир. Туя ва қорамол қурбонлик қилинадиган бўлса, улардан ҳар бирига етти киши шерик бўлса, бўлаверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Қурбон байрами келиб қолди. Бас, шерик бўлиб бир қорамолни етти киши ва бир туяни ўн киши сўйдик». Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда бир сигирни етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши дуруст эканлиги таъкидланмоқда. Аммо, бир туяда ўн киши шерик бўлишини мўътабар мазҳаблардан бирортаси ҳам олмаган.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, бармоқларим У зотнинг бармоқларидан қисқа, бармоқ учларим У зотнинг бармоқ учларидан кичкина: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас; ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ровий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг, бармоқларим у зотнинг бармоқларидан қисқа, бармоқ учларим у зотнинг бармоқ учларидан кичкина, деган мўътариза жумлалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида тик туриб гапираётганларида жуда ҳам яқинларида турганига далолатдир. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўта яқин турганларидан ўз бармоқларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари билан, ўз панжа учларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари учлари билан солиштириб, ўзларининг бармоқлари ҳам, бармоқ учлари ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламникидан кичик эканлигини аниқлаб олганлар.
Ушбу ривоятдан қурбонлик қилиниши кўзланган ҳайвон нафақат ёш жиҳатидан, балки, соғлик ва кўриниш жиҳатидан ҳам талабга жавоб бериши, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлиши лозимлиги билинади.
«Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас»
Яъни, тўрт хил айбга эга ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
1. «ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон»
Демак, кўзида очиқ-ойдин билиниб турадиган ғилайлиги бор ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар сезилар-сезилмас бўлса, майли, дейди уламоларимиз. Модомики, сезиларли даражада ғилай бўлган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмас экан, ундан кўра каттароқ айбга эга бўлган, мисол учун, кўзи кўр бўлган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмаслиги турган гап бўлади.
2. «беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон»
Яъни, кўрганда касаллиги билиниб турадиган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиб бўлмайди. Бас, шундоқ экан касаллиги туфайли ўрнидан тура олмай қолган ва шунга ўхшаш ҳолдаги ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмаслиги аниқ бўлади.
3. «чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон»
Юришидан чўлоқлиги аниқ билиниб турадиган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар чўлоқлиги билинар-билинмас бўлса, қурбонлик қилса бўлаверади.
Ҳайвоннинг оёқларидаги нуқсони очиқ-ойдин чўлоқликдан юқори, мисол учун, бир оёғи кесик бўлса, мутлақо қурбонлик қилиб бўлмайди.
4. «мияси чатоқ ҳайвон»
Миясида нуқсони бор ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиб бўлмайди. Кўпинча чорвадорлар бундоқ ҳайвонларни «айланбош» деб атайдилар.
Демак, қурбонлик қилиш учун ҳайвон танлаш пайтида мазкур камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор бермоқ лозим экан.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: «Муқобала нима?» дедим.
«Қулоғининг бир томони кесилган», деди.
«Мудобара нима?» дедим.
«Қулоғининг учи кесилган», деди.
«Шарқо нима?» дедим.
«Қулоғи ёрилган», деди.
«Харқо нима?» дедим.
«Қулоғи белги учун йиртилган», деди». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Қурбонлик қилиниши кўзланган ҳайвоннинг кўзидаги айби қанчалик эътиборда эканини аввал гапириб ўтилди. Бу ҳадиси шарифда асосан қурбонлик қилишга олинадиган ҳайвоннинг қулоғидаги айбларига эътибор бериш ҳақида кетмоқда.
Уламоларимиз, агар қурбонлик қилинадиган ҳайвон ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган барча айблардан холи бўлса, айни муддао бўлади, қурбонлик баркамол бўлади, деганлар.
Шу билан бирга, мазкур айблардан баъзиси бор ҳайвонларни қурбонлик қилса, бўлади, ҳам деганлар. Баркамол бўлмайдию, лекин қурбонлик ўрнига ўтади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ:Бу масалага муҳаддислар, агар қулоғининг ярмидан кўпи кесик ва шохининг ярмидан кўпи синиқ бўлса, деган изоҳни киритишган. Фақиҳлар эса, бу ҳадиси шарифда гап баркамоллик ҳақида кетмоқда. Шунинг учун ҳам кифоя қилса, бўлди, дейдиган бўлсак, қулоғи кесик ва шохи синиқ ҳам кифоя қилаверади, дейдилар.
Ушбу, қурбонликка танланган ҳайвоннинг баркамол бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан иккита ҳикматни мулоҳаза қиламиз.
Биринчи ҳикмат: Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари.
Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу ноқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.
Иккинчи ҳикмат: Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.

ҚУРБОНЛИКНИНГ ОДОБЛАРИ ВА УНИ САҚЛАШ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўйиш куни иккита шохли, ола, бичма қўйни сўйдилар. Иккисини юзлантирганларидан сўнг: «Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, Иброҳимнинг миллатида бўлган, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонларданман. Эй, бор Худоё, бу Сендан ва Сенга Муҳаммаддан ва унинг умматидан. Бисмиллаҳи ва Алоҳу Акбар», дедилар сўнгра сўйдилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси ширифдаги янгилик гаплардан бичилган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиш мумкинлиги ҳақидаги ҳукмни таъкидлашимиз лозим.
Иккинчи нарса эса, қурбонлик сўйиш вақтида ўқиладиган дуо. Ана ўша дуони ўрганиб олиб қурбонлик сўяётганда ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сўядиган қурбонлиги бўлса, Зул-Ҳижжанинг ойи кўрингандан бошлаб, то қурбонлик қилгунича, сочидан ҳам, тирноғидан ҳам ҳеч нарсани олмасин», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Қурбонлик сўйишни ният қилган одам ва унинг оила аъзолари Зул-Ҳижжа ойи кирган кундан бошлаб, то қурбонлик қилингунча сочлари ва тирноқларини олдирмай юришлари лозим. Ким бу ишни, яъни, соч ва тирноқ олдиришни қилса, макруҳ ишни қилган бўлади. Зул-Ҳижжа ойининг биринчи ўн кунида соч ва тирноқларни олмай юришнинг сабаби эса, қурбонлик қилганда ундан кўпроқ аъзо иштирок этсин, токи, қиёматда Аллоҳ таоло қурбонлик сабабидан уни дўзахдан озод қилганда кўпроқ аъзоси озод бўлсин, деган яхши умиддир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир киши ўз қурбонлигидан уч кундан сўнг емасин», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф вақтинчалик ва маълум сабабга кўра айтилган бўлиб, қурбонлик қилган киши уч кун ичида ўзи емаса, қурбонлик гўштини садақа қилиб юборишни тақозо қилади.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот: «Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ман қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб тўқчилик бўлганда эса, ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.
Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.

ҚУРБОНЛИК ҲАҚИДА ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР

    Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир.
    Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик «Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир».
    Қурбонлик шариатга иккинчи ҳажрий санада киритилган.
    Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир.
    Қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
    Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади. Фақат қурбонликни ҳайит намозини ўқиб бўлгандан кейингина қилина бошланади.
    Агар қурбонликка аталган ҳайвон қочиб кетиб ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси ҳам топилиб қолса, иккисини ҳам сўйилади.
    Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase