close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жумъанинг фарзлиги ҳақида

Аллоҳ жалла шаънуҳу «Жумуъа» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Қачон жумъа куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган (9-оят).
Ушбу ояти карима Жумъа намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайди.

Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким писанд қилмай уч Жумъани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», – дедилар». «Сунан» эгалари ва  Ҳоким ривоят қилишган.
Энди «Мухтасари Виқоя»да бу ҳақда келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.
Жумъанинг фарз бўлиши шартлари:
Бошқа намозларда бўлган шарт, рукн ва суннату одобларнинг барчаси Жумъа намозида ҳам бор.
Шу билан бирга, Жумъа намозининг ўзига хос шартлари ҳам бор. Бу ерда ўшалар ҳақида сўз боради.
Жумъа намози фарз бўлиши учун унинг ташқарисида мавжуд бўлиши лозим шартлар бор. Уларни «жумъанинг фарз бўлиши шартлари» деб аталади. Ана ўша шартлар қуйидагилар:

1. Мисрда яшамоқ.
«Миср» энг катта масжидига аҳолиси сиғмайдиган аҳоли яшайдиган жойдир. Бу каби истиқомат масканлари авваллари «шаҳар» дейилган. Аммо ҳозирги кичикроқ қишлоқлар ҳам аввалги шаҳарлардан катта бўлиб қолган. Мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод, Жумъа намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир.
Демак, қай бир аҳоли яшайдиган жой бўлса-ю, унинг энг катта масжидига Жумъа ўқиши фарз бўлган одамлари сиғмаса, ўша ер «миср» бўлади ва унда Жумъанинг фарз бўлиш шартларидан бир шарт вужудга келган бўлади.
Миср бўла олмаган аҳоли яшаш жойларининг аҳолисига Жумъа фарз бўлмайди.
Шунингдек, яшаш жойидан сафарга чиққан одамга ҳам Жумъа фарз бўлмайди. Агар мусофир бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ яшашни ният қилса, мусофирлиги қолмайди ва Жумъа ўқиши фарз бўлади.
Пешин вақти киришидан олдин шаҳарнинг иморатларидан айрилиб чиққан одам бўлса, жумъа куни сафар қилса, ҳечқиси йўқ. Тўғриси, заволдан олдин сафар қилса, жоиз.
2. Соғлик.
Бемор одам Жумъага бориши оғир бўлганидан, уни афв этилган.
3.  Ҳурлик.
Бу қадимги замоннинг шарти. Ўша вақтларда қуллар бўлган. Улар хожаларининг мулки бўлгани ва улар берган топшириқларни бажаришлари лозим бўлгани учун, Жумъага боришдан афв қилинганлар. Аммо ҳур кишиларнинг эрки ўзида бўлгани учун, Жумъага боришлари фарз бўлган.
4. Эркаклик.
Аёл кишиларнинг уй юмушлари кўп бўлгани учун, болаларга қарашлари керак бўлгани учун, уларга енгиллик яратиш мақсадида, Жумъадан афв этилганлар. Эркаклар эса, бу юмушлардан озод бўлганлари ва бошқа масъулиятларини адо этишларидан эҳтиёжлари борлиги учун, Жумъага боришлари фарз қилинган.
 5. Балоғатга етганлик.
Барча шаръий таклифларда асосий шартлардан бири бўлгани каби, балоғатга етганлик ҳам Жумъанинг фарз бўлиши учун асосий шартлардан биридир. Балоғатга етмаган болаларга Жумъа ўқишлик фарз эмас.
6. Кўз ва оёқнинг саломат бўлиши.
Кўзи тамоман кўрмайдиган шахсларнинг етакловчиси бўлса ҳам, Жумъа фарз бўлмайди.
Ўзи юра олмайдиган даражада оёғи нуқсонли бўлган кишиларга ҳам Жумъа фарз бўлмайди.
Аллоҳ таоло «Ва сизларга дийнда ҳеч танглик қилмади», деган. Дийнда танглик қилмаслик Исломнинг осонлик дийни эканлигининг асосидир.
Исломда танглик йўқлиги ҳақида гап кетганида инсонга тоқатидан ташқари нарсани амр қилмаслик англанади. Инсон ўзининг дангасалиги сабабли хоҳламаган нарса танглик ҳисобланмайди.
Аллоҳ таоло Жумъа намозини фарз қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъа намозини тарк қилганларга қаттиқ таҳдид маъносидаги ҳадисларни айтдилар. Лекин, шу билан бирга, узрли кишилардан Жумъа намози фарзлиги соқит бўлади.
Имом Абу Довуд Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат ила Жумъа (ўқимоқ) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир. Илло, тўрт тоифа бундан мустасно: мамлук қул, аёл киши, ёш бола ва бемор», деганлар.
Бу шартларни ўзида мужассам қилмаган одам Жумъа намозини ўқиса, фарзни адо этган бўлади.
Мисол учун, мисрда яшамайдиган, мусофир, бемор, қул, аёл, балоғатга етмаган ёш бола, кўзи ожиз ёки оёғи чўлоқ кишилар Жумъа намозини ўқисалар, фарзни адо этган бўлаверади.
Чунки, юқоридаги шартлар машаққатни кўтариш ва енгиллик яратиш учун қўйилган. Рухсати бор шахслар ўзларининг ихтиёри билан имкон топиб Жумъани ўқисалар, уларга фарзни адо этганлик мартабаси етаверади. Худди, мусофир рўза тутса ёки фақир ҳаж қилса бўлаверганидек.

Жумъани адо қилиш шартлари:

Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари Жумъанинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Миср ёки унинг чети бўлмоғи.
Миср нима экани ҳақида сал аввалроқ ҳам эслаб ўтилган эди. Энди эса, матннинг ўзида миср ҳақидаги тушунча тақдим қилинмоқда.
Миср энг катта масжидига аҳолиси сиғмайдиган аҳоли яшайдиган жойдир.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод ҳамма аҳоли эмас, балки, Жумъа намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир.
Абу  Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Йўллари ва бозорлари бор, зулмларни қайтариб турадиган волийи бор, пайдо бўлган масалаларга жавоб айтиб турадиган олими бор юрт мисрдир», деганлар.
Мисрнинг чети унга боғланган ва унинг фойдаси учун хизматга тайёрланган макондир.
Мисрга ёпишиб турган ва унинг фойдаси учун хизмат қиладиган карвонсаройлар, кушхоналар каби нарсалар бор жойлар ҳам шаҳар четига киради. У ерларда ҳам Жумъа ўқиса, бўлади. Аммо миср билан унинг орасида узилиш бўлмаслиги керак. Мисол учун, миср тугагандан кейин экинзорлар, боғу роғлар келиб туриб, кейин аҳоли яшаш жойи келса, мисрнинг чети бўлмайди.
Агар битта мисрда бир неча жойда Жумъа ўқилса, нима бўлади, деган саволга мазҳабда тўртта жавоб бор. Биринчиси Абу  Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимодан ривоят қилинган ва энг тўғриси ҳисобланади: «Икки ёки ундан кўп жойда бўлса ҳам, жоиз. Чунки, Жумъанинг бир неча жойда бўлмаслигида қийинчилик бор».
Шу билан бирга, бир неча ерда Жумъа ўқиш мумкин эмаслигига далил йўқ.
2. Султон ёки унинг ноиби.
Ёки Жумъани ўтказишга изн олган тараф бўлиши шарт.
3. Пешиннинг вақти.
Пешин намозининг вақти кириши билан Жумъанинг вақти ҳам киради. Пешиннинг вақти чиқиши билан Жумъанинг вақти ҳам чиқади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъани доимо Пешин вақтида ўқиганлар.
4. Вақтида бир тасбиҳча бўлса ҳам хутба.
Хутба Жумъа намозининг асосий шартларидан биридир. Хутбасиз Жумъа намози бўлмайди.
Аллоҳ таоло «Жумуъа» сурасида:
«Эй, иймон келтирганлар! Жумъа куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир», деган (9-оят).
Бу оятдаги «Аллоҳнинг зикри» хутбадир.
«Бир тасбиҳча бўлса ҳам» деганидан «Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ!» каби зикрларни айтиш билан ҳам хутба адо этилган бўлади.
Шу билан бирга, Жумъанинг хутбаси Пешиннинг вақти кирганда бўлиши шарт. Агар заволдан олдин хутба қилиб ундан кейин намоз ўқиса, бўлмайди.
Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жумъа кунининг аввалги нидоси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Нидо–азон Пешиннинг вақти кирмасдан олдин айтилмайди. Шунинг учун, Пешин вақтидан бошқада хутба қилинмаган.
5. Изни ом.
«Изни ом» дегани жомеъ масжиднинг эшикларини очиб қўйиб, хоҳлаган одамнинг киришига умумий изн берилишидир. Жумъа ўқимоқчи бўлганларни бирор шахс манъ қилмаслигидир.
Жумъа намози Исломнинг шиорларидан бир шиордир. Уни ўқиш одамлар орасида машҳур ҳолда бўлиши лозим.
Бир масжидга махсус жамоат кириб олиб, эшикларини ёпиб олсалар, уларнинг ўқиган Жумъалари тўғри бўлмайди.
6. Жамоа, яъни, имомдан бошқа уч киши бўлиши ҳам Жумъани адо қилиш шартларидандир.
Бу жумладаги ҳукм қуйидаги ҳадисдан олинган:
Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат ила Жумъа (ўқимоқ) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир», – дедилар». Абу Довуд, Байҳақий ва  Ҳоким ривоят қилишган.
Агар имомнинг саждасидан кейин жамоа кетиб қолса, унинг ўзи намозни тугатади.
Бундан жамоат бир ракъат ўқигунча турса, Жумъа тўлиқ бўлади, деган маъно чиқади. Имом билан бирга уч киши Жумъани ният қилиб намоз бошласа, биринчи ракъатнинг саждасидан кейин жамоат кетиб қолса ҳам, имом ўзи намозни охиригача ўқиб қўйса, Жумъа ўрнига ўтади.
Агар саждасидан олдин кетиб қолсалар, имом Пешин ўқишни бошлайди.
Бунда жамоат намознинг бир ракъати қайд бўлгунча турмагани учун, Жумъа ҳақийқий намоз бўлмайди. Шунинг учун, имом мазкур намозни бузиб, Пешин ўқишга мажбур бўлади.
Узрли шахснинг ва бошқаларнинг мисрда Пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир.
Бу ҳукм макруҳи танзиҳий–унча оғир бўлмаган макруҳдир. Чунки, улар Жумъа ўқишлари лозим эди. Улар Жумъа намозига бормай жамоатнинг озайишига сабаб бўлдилар. Айбни қилиб қўйиб, яна, ўзлари жамоат бўлишлари дуруст эмас.
Шунингдек, узрли бўлмаганларнинг Жумъадан олдинги Пешинлари ҳам макруҳдир.
Бу ҳукм макруҳи таҳримий–ҳаром ўрнига ўтадиган макруҳдир. Чунки, булар Пешиннинг фарзидан кўра кучли бўлган Жумъанинг фарзини узрсиз тарк қилдилар. Модомики, ҳали Жумъа ўқилмаган экан, унга бориб қўшилиш пайидан бўлишлари керак. Аммо мазкур ишни қилишнинг ўрнига жамоат бўлиб Пешин ўқишлари Жумъага бориш ниятлари йўқлигини кўрсатади. Бу эса, умуман мумкин эмас. Жумъани ўқиб бўлинганда унга бориб қўшилишнинг имкони қолмаган бўлади.
Агар Пешинни ўқиган одам Жумъага ҳаракат қилганда имом Жумъада турган бўлса, Пешини ботил бўлади.
Биров Жумъадан олдин Пешинни ўқиб олди. Кейин Жумъага боришга ҳаракат қилиб қолди. Агар у ҳаракатни бошлаганда имом Жумъанинг амалларини бажариб турган бўлса, ҳалиги одамнинг ўқиган Пешини ботил бўлади.
Жумъани ташаҳҳудда ёки саҳв саждасида топган одам охиригача ўқиб олади.
Биров қавм Жумъа намозининг ташаҳҳудини ўқиб турган ёки саҳв саждасини қилаётган пайтда қўшилса ҳам, Жумъа намозини топган бўлади.
Қачон биринчи азон айтилса, кишилар савдони тарк қиладилар.
Жумъа намози учун биринчи азон қандоқ жорий бўлгани қуйидаги ривоятдан билинади:
Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жумъа кунининг аввалги нидоси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди. Усмон (халийфа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроънинг устида учинчи нидони зиёда қилди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Бошқа бир ривоятда: «Иш шундоқ собит қолди», дейилган.
Ушбу ҳадисдаги нидодан мақсад–азон. Нидони учта дейиш эса азон ва иқома эътиборидандир. Бу ривоятдаги «учинчи» деб аталган азон амалда ҳар Жумъа куни биринчи айтиладиган азондир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва икки халийфалари: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умари Одил даврида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида иқома айтилар ва намоз ўқилар эди.
Аммо ҳазрати Усмон халийфа бўлганларида Ислом диёри кенгайган, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққандан кейин азон айтиб, хутба қилиб, ундан сўнг Жумъа намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кеч қоладиган бўлиб қолди.
Чунки, у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақти кирганини азон айтилганидан билар эдилар.
 Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кеч қолаётганлари мулоҳаза қилинганидан кейин, уларни олдинроқ хабардор қилиш учун, Жумъа намози вақти кириши билан, бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.
Бу азонни Мадийнаи Мунавваранинг бозори ичидаги «Завроъ» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиб, бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитганларидан сўнг Жумъа намозининг вақти кирганидан хабардор бўлиб, ишларини йиғиштириб, тоҳарат қилиб масжидга тўпланар эдилар.
Пешин намозининг ҳақийқий вақти бўлганда эса, имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар вақтидаги каби азонни айтар ва одатдагидек давом эттирилиб кетар эди.
Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Кишилар Жумъа намозига кеч қолмайдиган бўлиб қолдилар. Шунинг учун, ҳаммага маъқул келиб, Жумъа намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди.
Биринчи азон айтилиши билан савдони тарк қилиш ҳукми қуйидаги далилдан олинган:
Аллоҳ таоло «Жумуъа» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар, қачонки, жумъа куни намозга нидо қилинса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг…», деган (9-оят).
Биринчи азонни эшитиш билан савдо қилиш ҳаром бўлиб қолади. Жумъадан тўсадиган бошқа ишлар ҳам шундай.
Қачон имом минбарга чиқса, то у хутбасини тугатгунича, намоз ва калом ҳаром бўлади.
Имом хутба қилиш учун минбарга чиққанда намоз ўқиш ҳаром бўлишига далил:
Абдулҳақ Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом хутба қилиб турганда намоз ўқиманг», деганлар.
Имом хутба қилиш учун минбарга чиққанда гапириш ҳаром бўлишига яна бир далил.
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Жумъа куни имом хутба қилаётганида қачон ўз шеригингга, «жим тур!» десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан»,– дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида келтиришича, Али, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ва гапиришни макруҳ кўрар эдилар.
Қачон имом минбарга ўтирса, унинг олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар унга юзланиб қулоқ осадилар.
Бу ҳукмнинг далили қуйидагича: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар, биз у зот томон юзланар эдик». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Имом минбарга чиққанда азон айтилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан буён борлиги ҳақидаги ривоятни яқинда ўрганиб ўтдик.
Имом хутба қилаётганда ҳамма нарса ўша хутбани эшитишга қаратилиши лозим. Шунинг учун, хутбани эшитишга халақит берадиган ҳар бир нарса хутба пайтида манъ қилинади.
Жумъага ҳозир бўлганлар ичида беҳуда гап-сўз айтиб, беҳуда хатти-ҳаракат қилиш манъ қилингандир.
Шунингдек, хутбани эшитмай дуо қилиш ҳам мумкин эмас.
Ўзидан олдин масжидга келганларнинг елкасини туртиб, олдинга ўтиб жой топишга ҳаракат қилиш ҳам яхши эмас.
Жумъа намозига борган одам ҳеч кимга, ҳеч қандай озор бермасликка ҳаракат қилиши лозим.
Акса урган одамга соғлик тилаш ҳам жоиз эмас.
Саломга алик олиш ҳам дуруст эмас.
Қуръон қироати ҳам мумкин эмас.
Хулласи калом, ҳамма эҳтимом билан хутба тингласин.
Имом тоҳаратли ва тик турган ҳолида иккита хутба қилади. Иккисининг орасида ўтиради.
Қачон иккиси тамом бўлса, иқома айтилади ва имом одамлар билан икки ракъат намоз ўқийди.
Ушбу жумлаларда келган ҳукмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий қилган амалларидан олинган. Умуман, Жумъа хутбаси ҳақида билиш лозим бўлган маълумотлар билан батафсилроқ танишиб қўйсак яхши бўлади. Улар суннат бўлиб қуйидагилардан иборат:

1. Хатибнинг тоҳаратли бўлиши.
2. Хатибнинг аврати сатрли бўлиши.
3. Хутбани минбарда туриб қилиш.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берайми? Менинг дурадгор қулим бор», – деди.
«Агар хоҳласанг, минбар қил», – дедилар у зот».
Учовлари ривоят қилишган.
Ўша ҳимматли саҳобиянинг исми Оиша бўлган экан. Дурадгор ғуломнинг исми эса Маймун.
Ушбу суҳбатдан кейин Маймун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғоналик минбар ясаган ва унинг хожа ойими мазкура Оиша розияллоҳу анҳо олиб келиб ўрнатган. Ўшандан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур минбарда туриб хутба қилганлар.
Бу минбар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам узоқ вақт турган. Кейинчалик масжидга ўт кетганда куйиб кетган.
Минбарни меҳробнинг ўнг томонига ўрнатиш ҳам суннатдир. Минбар билан меҳробнинг ораси бир ёки икки аршин бўлгани яхши.
Минбарнинг иложи бўлмаганда баланд нарсада туриб хутба айтилади.
Имом, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, минбарнинг устидан бир поғона пастда туради.

4. Хутбани бошлашдан олдин минбарга ўтириш.
Бу қуйидаги ҳадисга биноан бўлади:
Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жумъа кунининг аввалги нидоси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

5. Имом ўнгга ёки чапга қарамасдан қавмга қараб туриши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қавмга юзланиб туриб хутба қилганлар.

6. Битта муаззин азон айтмоқлиги.
7. Хутбани Аллоҳга ҳамду сано билан бошлаш.
8. Хутбада икки шаҳодатни айтиш.
9. Хутбада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш.
10. Хутбада ваъз-насиҳат қилиш.
11. Хутбада Қуръондан бир оят бўлса ҳам қироат қилиш.
12. Хутбани иккита қилиш.
13. Икки хутбанинг орасида ўтириш.
14. Иккинчи хутбанинг аввалида ҳамду сано ва саловотни қайтариш.
15. Хутбада мўминлар ҳақига дуо қилиш.
16. Хутбани баланд овоз билан қилиш.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва ғазаблари шиддатли бўлиб, худди, душман сизга эрталаб ёки кечқурун келиб қолади, деб лашкарни огоҳлантирувчи кишига ўхшаб қолар эдилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
17. Хатибнинг хутба давомида чап қўлидаги асо, камон ёки қиличга суяниб туриши.
Ал- Ҳакам ибн  Ҳазан Кулафийдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳайъат ила бордим. Бир неча кун турдик. Ўша кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жумъада ҳозир бўлдик. Ул зот камон ёки асога суяниб Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, ёқимли, енгил, муборак сўзлар ила хутба қилдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур нарсаларга суяниш хатибга яхши имкон яратади. У ўнг қўлини минбарга суяб туради.
18. Икки хутбани қисқа қилиш.
Аммор розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, кишининг намози узун ва хутбаси қисқа бўлиши фақиҳлигининг аломатидир. Бас, намозни узун, хутбани қисқа қилинглар. Албатта, баёнда сеҳр бордир», деганларини эшитдим».
Имом Муслим ривоят қилган.
Хутба балоғатли сўзлардан тузилган бўлиб, хатиб ўзи амал қилган нарсасини гапириши керак. Шунда одамларга унинг гапи таъсир қилади.
19. Имомнинг минбардан тушиши.
Имом меҳробдан тушиб, муаззин иқомани тугатиши билан намозга такбир айтишни йўлга қўяди.

Хутбанинг макруҳлари:

1. Мазкур суннатлардан бирортасини тарк қилиш.
2. Хутбани узун қилиб юбориш.
3. Хутба чоғида одамларни оралаб ўтиш.
4. Имом хутбани бошламасидан олдин, бировга тегмасдан, кийимини босмасдан, оралаб ўтса, бўлади.
5. Хутба давомида тиланчилик қилиш ёки унга садақа бериш ҳам макруҳдир.

Жумъанинг суннатлари:

1. Жумъа учун ғусл қилиш.
Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
« Ҳар бир эҳтилом бўлувчига Жумъага бориш лозимдир.  Ҳар бир Жумъага борувчига ғусл лозимдир», – дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Афзали–намозга яқин қолганда ғусл қилиш. Аслида, ўша куннинг тонги отганида қилса ҳам, бўлади.
2. Хушбўй нарсалар суртиш.
3. Чиройли кийимлар кийиш.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Жумъа куни ғусл қилиб, иложи борича пок¬ланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган Жумъадан бунисигача бўлган нарсалари мағфират қилинади», – дедилар».
Абу  Ҳурайра: «Уч кун зиёдаси билан. Чунки, ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», – деди».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Ким Жумъа куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса, ундан суртса, сўнгра Жумъага бориб, одамларнинг елкасига турт-маса, кейин ўзига битилган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (Жумъа) билан ундан олдинги Жумъа орасидаги нарсага каффорот бўлади», дейилган.
4. Жумъага виқор ва сакийна билан эрта бориш.
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Жумъа куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Қачонки, имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
5. Жумъа куни баданни тозалаб, ҳайъатни гўзал қилиш.
Бу иш тирноқни олиш, соч олдириш, соқолни тўғрилаш, қўлтиқ остини ва бошқа ерларни жунлардан тозалаш ва бошқа шахсий озодалик ишларини қилиш билан бўлади.
Соч ва тирноқни Жумъа намозидан олдин олиш тавсия қилинган.
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар жумъа намозга чиқишдан олдин тирноқларини ва мўйлабларини олар эдилар».
Баззор ва Тобароний ривоят қилишган.
6. Жумъа куни «Каҳф» сурасини қироат қилиш.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Каҳф» сурасини жумъа куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб осмону фалакни ёритади ва унинг икки жумъа орасидаги хатолари кечирилади», – дедилар».
Абу Бакр ибн Мурдавайҳ ривоят қилган.
Қиёмат жумъа куни қоим бўлади. Жумъада қиёматга ўхшашлик бор, одамлар жамъ бўлади. «Каҳф» сурасида қиёмат даҳшатлари зикр қилинади.
7. Жумъа куни ва кечаси дуони кўп қилиш.
Чунки, шу вақтда дуо ижобат бўладиган соат бор.
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъа кунини зикр қилдилар ва:
«Унда бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У зот унга ўшани бергай», – дедилар ва қўллари билан ўша (соат)нинг озлигини кўрсатдилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
8. Жумъа куни ва кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтиш.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, афзал кунларингиздан бири жумъа кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда унинг жони қабз қилинди. Унда пуфлаш бордир. Унда қаттиқ қичқириқ бордир. Бас, унда менга саловотни кўп айтинглар. Чунки, саловотларингиз менга арз қилинур»,– дедилар. Саҳобалар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сиз чириб кетган бўлсангиз, қандоқ қилиб бизнинг саловотимиз сизга арз қилинур?» – дедилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла ерга Анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилгандир», – дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
9. Имом биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин «Жумуъа» сурасини ва иккинчи ракъатда «Мунофиқун» сурасини қироат қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъа намозида «Жумуъа» сурасини ва «Мунофиқун» сурасини ўқир эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
10. Жумъа куни Бомдод намозида « Ҳаа мийм сажда» ва « Ҳал атаа алалинсани» сураларини қироат қилиш суннатдир.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
Бу ҳақда имом Муслим ибн Аббос ва Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ҳадис келтирган.
11. Жумъа намозининг фарзидан аввал ва кейин тўрт ракъатдан суннат намози ўқимоқ.
«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Жумъадан олдин тўрт ракъат, Жумъадан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар».
Термизий ривоят қилган.
12. Жумъада мудраган одам бошқа ерга ўтиб олиши.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан биров масжидда туриб мудраса, ўша ўтирган жойидан бошқа жойга ўтиб олсин», – дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Қачон сиздан бирингиз Жумъа куни мудраса, ўтирган жойидан ўтиб олсин», дейилган.

Жумъа куни макруҳ бўлган ишлар:

1. Жумъа куни Пешин намозини жамоат бўлиб ўқиш макруҳи таҳримийдир. Бу ҳукм ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
2. Жумъа азони айтилиб, имом минбарга чиққанидан сўнг савдо-сотиқ қилиш ҳаромдир.
Чунки, Аллоҳ жалла шаънуҳу:
«Эй, иймон келтирганлар! Қачон жумъа куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган («Жумуъа» сураси, 9-оят).
3. Жумъага борган одам одамларни оралаб олдинга ўтиши макруҳдир.
4. Жумъада бировни турғазиб ўрнига ўтириш ҳаромдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши ўз биродарини ўтирган еридан турғазиб, унга ўзи ўтириб олмасин»,– дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

"Кифоя", Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « ҚУРБОНЛИК ҲАҚИДА ШИРКНИНГ ЗАРАРЛАРИ »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase