Ҳар бир киши ўзига ўзи шу саволни бериши, рўзани фойдали ўтказиши учун бор имконидаги чораларни кўриши лозим. Умрлар Аллоҳ қўлида. Балки бу Рамазон унинг учун охиргисидир, ким билсин...
Рамазон фойдали кечиши учун баъзи муҳим тавсиялар:
1. Ниятни тўғрилаш. Киши рўзани фақат охирати учун, Аллоҳ ҳузурида даражага эга бўлиш учун, тақвоси, Ҳақ таолодан қўрқинчи зиёда бўлиши учун тутиши зарурлигини ёддан чиқармаслик керак. Рамазон озиш учун, чиниқиш учун тутиладиган жисмоний риёзат эмас.
2. Овқатланиш, таомни мўмин киши ҳар доим ҳам, хусусан, Рамазонда меъёрида қилиши, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳаромлигини эсда тутиши керак. Рамазон овқат, емак-ичмакда кимўзди қилиш учун эмас, балки бунинг тамоман акси – тоат-ибодатда, Аллоҳнинг каломини ким кўп тиловат қилишда, ким ортиқ садақа, ифторлик бериш, намоз ўқиш, эътикофда туриш, етим-есир, бева-бечораларга мурувват ва бошқа эзгуликларни қилишда от чоптириш учундир. Вақтини овқат турини кўпайтириш, еб-ичишга сарфловчилар Рамазондек буюк мавсумни беҳуда ўтказувчи, беҳуда ўтказувчигина эмас, ўз зарарига ишловчи бахтсиз кимсалардир. Шундай бахтиқаро кишилардан бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин.
3. Рамазони каримни ҳар бир шахс шахсан ўзи Қуръони каримни иложи борича кўпроқ тиловат қилиб ўтказишга ҳаракат қилсин. Салафларимиз Рамазон келса, ҳамма Қуръон тиловатига шўнғир эди. Оддий кунларда ҳафтада бир, ўн кунда бир, ойда бир хатм қилиб юрувчилар бу муборак ой кириши билан тез-тез хатм қилишга киришар эдилар. Кўпчилик икки-уч кунда бир хатм қилишга эришсалар, Аллоҳ ёрлақаган кишилар ҳар куни бир бор ўқиб тугатар эдилар. Баъзи мўътабар зотлар кунда икки маҳал хатм қилишга улгурар эдилар. Имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий раҳимаҳумаллоҳ ва бошқалардан бу нарса таржимаи ҳолларида айтиб ўтилган. Мусулмон одам Қуръон ўқишни билмайман, мусҳафдан тиловат қилиш қўлимдан келмайди, дейиши узр бўлмайди. Ўз Яратувчисининг каломини индирган тилида ҳеч бўлмаса ўқиб қўйишни ўрганишга вақт топмаслиги уятли ҳол. Ўрганмаганлар ҳозирдан ўрганишга ҳаракат қилишлари зарур. Ижтимоий тармоқларда ўргатувчи дастурлар, видеолар ҳозир етарли даражада.
4. Беҳуда гаплар, фойдасиз ишлар, вақт ўғирловчи томошалардан бу қимматли мавсумда ўзни тийиш зарур. Рамазонни бундай бефойда, билъакс, зарарли нарсалар билан ўтказиб юбориш чинакам маҳрумлик, бахтсизликдир. Бундай ҳолга тушиб қолмасликка қаттиқ ҳаракат қилайлик.
5. Ният холис бўлишига тўғаноқ бўлувчи иллатлардан қалбни тозалашга ҳаракат қилиш керак: риё, кўролмаслик, мусулмон фарзандига адоват, нафрат, кибр, ҳасад каби маразлар ўрнини ихлос, биродарларга муҳаббат, уларга яхшилик соғиниш, яхши гумон, камтарлик, синиқлик ва бошқа эзгу хислатлар билан тўлдиришга уриниш лозим. Қуръонни кўп тиловат қилиш бу ўринда жуда катта ёрдамчи бўлади.
6. Ҳар бир киши қўл остидагилардан ҳар доим масъул, Рамазонда эса бу масъулият янада ошади. Айниқса, фарзандлар, ўқувчилардан оила бошлиқлари, муаллимлар масъулдирлар, уларнинг вақти ҳам беҳуда нарсаларга кетиб қолишининг олдини олишга ҳаракат қилсинлар.
7. Эркаклар аёлларидан "бугун нима пиширдинг?" деб эмас, "бугун неча пора ўқидинг? Нима эзгулик қилдинг" деб сўрашлари мақсадга мувофиқ бўлади.
8. Рамазонда ишлайдиганлар устидан масъул бўлганлар Аллоҳдан қўрқсинлар, бу ойда ишларини енгиллатишга ҳаракат қилсинлар, иложи бўлса, масъулларга мурожаат қилиб иш соатларини бироз қисқартиришга эришсалар нур устига нур бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом "Ким бир мўмин бошидан мушкулини аритса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг мушкулини аритади" дейдилар. Рўзадор мушкулини осон қилиб, унга енгиллик беришдан ҳам афзалроқ яна қандай хислат бўлиши мумкин?
9. Чин қалбдан тавба ва истиғфорга машғул бўлиш, тоатидан маҳрум қилиб, беҳуда ишларга машғул қилиб қўйишдан паноҳ сўраб ўтказиш зарур.
Валлоҳу аълам.
Айтилмоқчи бўлган нуқталар сероб. Назаримда муҳим деб билганларимни санаб ўтдим. Аллоҳ таоло барчамизни бу улуғ ойни муносиб ўтказишга муваффақ қилсин. Омин.
Сайфуллоҳ НОСИР