close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

...Ким хоҳласа, имон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин...

28. Эртаю кеч Парвардигорларининг “юзи”ни истаб, Унга дуо қилувчилар билан бирга сабр қилинг. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан кўзларингизни четлатманг. Қалбини зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилманг.

Исломнинг илк даврида Макканинг мулкдор, бадавлат ва ашроф кишилари ҳақ динга чақираётган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан атрофларидаги фақир ва ночор кимсалардан узоқлашишни сўрашди, ана шундагина улар янги динга кириш ҳақида ўйлаб кўришларини маълум қилишди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, эртаю кеч Парвардгорларига итоат ва ибодатда бўлиб, Унинг розилигини топишга интилаётганлар билан биргаликда қийинчиликларга сабр қилинг, Бизнинг ҳузуримизда уларнинг даражаси анави аслзодаларникидан устундир. Дунё ҳаётининг зийнатлари деб улардан узилиб қолманг.
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида «Тафсири Кабир»да қуйидагилар ривоят қилинади: «Қурайш раҳбарлари тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва: «Агар сенга имон келтиришимизни истасанг, анави фақир одамларни ҳузурингдан ҳайдаб юбор, дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб каби камбағал, ночор мусулмонларни назарда тутишган эди. Қурайшликлар яна: «Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга бизлардан ташқари алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло «Эртаю кеч Парвардигорларининг “юзи”ни истаб Унга дуо қилувчилар билан ўзингизни бирга тутинг» оятини нозил қилди».
Бу оят Аллоҳнинг ўлчовида инсоннинг қадр-қимматини эълон этиш учун нозил бўлди. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва-саллам кимларга эътибор бериб, кимлар билан суҳбат қуришлари, кимларга эътибор бермай, гапига кирмасликлари лозимлиги баён этилди. Гарчи фақир ва назарга тушмаган кишилар билан қийин бўлса ҳам албатта ҳамиша улар билан бирга бўлинг. Чунки улар имонлари сабабли ана шу эътиборга ва эҳтиромга сазвор кишилардир. Улар эртаю кеч Парвардигорларининг розили-гини топиш учун Унга ибодат қилмоқдалар, Унинг зикри билан машғул бўлмоқдалар. Улар назарга тушмаган, камбағал, жамият    машҳур бўлмаган эсада, аммо уларни бошкалардан ажратиб турган катта фарқ бор: улар фақат Парвардигор розилигини истаб ҳаёт кечиришяпти. Пайғамбарнинг вазифаси аслзода ва ашроф кишилардан кўра ана шундай Аллоҳ суйган бандалар билан бирга бўлишдир. Анави шарт қўяётган одамлар дунё зийнатига ғарқ бўлиб, Аллоҳнинг зикридан ғофил қолаётган бебахт кимсалардир. Улар каби ўткинчи нарсани деб боқий саодатдан маҳрум бўлиб қолманг. Ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳга бўйсунмаган, Унинг ваҳийларига итоат қилмаётган, ҳавойи нафсининг йўлига юриб, охират ишларини унутганларга итоат қилманг. Чунки Аллоҳнинг йўлини қўйиб, ҳавойи нафсига берилиб кетганлар яхшиликни билмайди. Исломда қадр-қимматни ўлчашда инсоннинг имон-эътиқоди, Аллоҳ таолога бўлган боғланиши, Унга итоати ва ибодати ҳисобга олинади. Ислом тарозиси бўйича ҳақ фақат бир томонда бўлади.

29.    «Ҳақ Парвардигорингиздандир. Ким хоҳласа, имон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», деб айтинг. Биз олимларга алангаси уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган ёғ каби юзларии қовурувчи сув берилади. Нақадар ёмон ичимлик у ва нақадар ёмон жой у!

Эй Пайғамбарим, одамларга айтинг: Ҳақ, яъни Қуръони карим парвардигорингиз ҳузуридан нозил қилинган илоҳий амрдир. Ким унга имон келтирса, амрларимизга бўйсунса, қайтарган ишларимиздан четда бўлса, демак булар нажот топишибди. Улар ни охиратда ҳеч нарса маҳзун қилмайди, ҳеч бир парса ташвишга солмайди. Аммо оятларимизга куфр келтирган, бу билан ўз жонига зулм қилганларнинг охиратдаги аҳволи ниҳоятда аянчли, қўрқинчли бўлади. Биз бундай золимларга ловуллаган алангаси бутун вужудларини ўраб-чирмаб оладиган дўзах оловини тайёрлаб қўйганмиз. Агар ташналикдан қийналиб, салқинлагани жой ахтариб ёрдам сўрашгудай бўлса, уларга эритилган ёғ каби юз-таналарининг жизғанагини чиқариб қовуриб юборадаган қайноқ сув билан “ёрдам” берилади. Дўзах аҳлининг баданларидан оқаётган бадбўй йирингни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин. Улар ўзларидан чиқаётган сассиқ йирингга ғарқ бўлишади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Агар жаҳаннам йирингидан бир челаги дунёга тўкилгудай бўлса, бутун ер аҳли унинг бадбўй, сассиқ ҳидига кўмилиб кетган бўларди” (Термизий ривояти).

Муфтий Усмонхон Алимовнинг
"Тафсири Ирфон" китоби, Қаҳф сурасидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase