close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сағира гуноҳлар ҳақида

Халқимизда: “Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни”, – деган      нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий оқибатларга олиб бориши табиий. Уламолар гуноҳларнинг тури кўп бўлсада уларни иккига тақсим қилганлар. Кабира ва сағира яъни: катта – кичик. Биз иккиси ҳақида ҳам сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки кичик гуноҳларга оид, билишимиз муҳим бўлган нуқтага эътибор қаратмоқчимиз, халос.

  Сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Ўша сағирани бардавом қилиш билан унга кабира ҳукми берилади. Уламолар эса, олтитита нарса сабабли сағира кабирага айланади, деганлар:

1.    Сағирани доимий қилиш билан;
2.    Уни бепарво қилиш билан;
3.    Хурсанд бўлиб қилиш билан;
4.    Одамларга фахрланиш билан;
5.    Ошкора қилиш билан;
6.    Олим ёки муқтадолардан содир бўлиш билан.

Мана шу олти сабаб сағира гуноҳни кабира гуноҳга айлантирар экан. Демак, улардан ҳамиша эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сабабларни яхши тушуниб олишимиз учун уларга бироз шарҳ бериш мақсалга мувофиқ кўринди.

    1. Сағира гуноҳларни доимий қилиш билан кабирага айланади.
    Юқорида айтиб ўтганимиздек, сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Гуноҳ каттами – кичикми барибир, у гуноҳ. Оқил инсон ўзини доим гуноҳлардан эҳтиёт қилиб бориши лозимдир. “Амалларнинг Аллоҳ таолога маҳбуби оз бўлса – да бардавом бўлаганидир”, дейилган ҳадисда. Шундай экан, сағира гуноҳларни бардавом қилиб, одатга айлантириб олишдан сақланмоқ лозим.
Банда қилган гуноҳини кичик санагани сари у Аллоҳнинг наздида катталашиб кетаверади. Гуноҳни катта ҳисоблагани сари у кичайиб бораверади. Чунки гуноҳни катта санаш ўша хатога қалб рози бўлмаслигидан келиб чиқади. Икки саҳиҳда:“Мўмин гуноҳини тоғни тепасида турган, қулашидан қўрқадигандек  билади. Фожир эса, гуноҳларини бурни устига қўнган пашшадек кўради. Мана бундай қилади. (Қўли билан хайдайди.), – дедилар”.
Бухорийнинг саҳиҳида: “Сизлар (баъзи) ишларни сочдан ҳам ингичка биласиз. Биз эса, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳалок қилувчилардан ҳисоблар эдик”, – дейилган.
    Ҳадисларда: “(Гуноҳга) истиғфор айтиш билан катталигича, доимий қилиш билан эса, кичиклигича турмайди”, – дейилган.
    Шариат тарозусида тортилаётган гуноҳ кичик бўлгани билан унга ҳаёсизлик, Аллоҳдан хавф қилмаслик қўшилса вазни ортиб кабира гуноҳ сафига ўтиб қолади. Уламоларимиз: “Битта кабира гуноҳни кечирилиши доимий қилинадиган сағирани кечирилишидан осонроқ. Бунга бир мисол: тошга бирданига қуйилган сувнинг таъсири бўлмайди. Лекин доимий оқизиб қўйилган томчилар тошни тешиб юборади”, – деганлар.  
    
2. Сағира гуноҳни бепарво қилиш билан кабирага айланади;
Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Билол ибн Саъднинг: “Хатонинг кичиклигига қарама. Балки кимга осий бўлаётганингга қара, деганини эшитдим”.
    Ташла сағира – ю кабирани ана шу тақво,
Юргин эҳтиёт, оҳиста нишли ерлардан.
   Ҳақир санаб, “сағира”, деб қилма мосуво,
   Тоғлар ҳам иборатдир майда тошлардан!
   
    3. Сағира гуноҳни хурсанд бўлиб қилиш билан кабирага айланади.
    Гуноҳ қилган инсон хатосига афсус, надомат қилиши лозим. Гуноҳ қилиб хурсанд бўлиш эса, ўша гуноҳга нисбатан бепарволик қилиш, менсимаслик, демакдир. Ҳаётимизда бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Кўрдингми, “палончини қандай мот қилдим – а?”, “хатоларини айтганимда роса хижолат бўлди – да!” каби сўзларни айтиб хурсанд бўлишга ўхшаш.
    
    4. Сағира гуноҳни одамларга фахрланиб қилиш билан кабирага айланади.
    Фахрланишнинг ўзи гуноҳ. Лекин мана шу ифтихор сағира гуноҳ қилаётган инсондан содир бўлса унинг кичик хатоси ҳам кабирага айланиб қолади.
    Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Таърифот”ида: “Фахрланиш – одамларга қилган яхшиликларни санашга интилиш”, – деганлар.
    
    5. Сағира гуноҳни ошкора қилиш билан кабирага айланади.
    Ёмон саналган кашф (очиш) – у  ошкоралик ва истеҳзо кўринишида бўлганидир. Савол ва фатво сўраш кўринишдагиси эмас. Рамазонда аёлига яқинлик қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган кишининг саволини инкор қилмаганликлари далил. Бояги кишининг қилган иши ёмон, албатта. Лекин фатво сўраш учун ошкора айтишга рухсат берилади. Шояд жавоб олиб тавба қилса!?
Ҳадиси шарифда:“(Гуноҳни) ошкор қилувчилардан бошқа умматим офиятдадир”, дейилган. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Бухорий ривояти)
“Фатҳ ал Борий”да (10/486): “Ошкор қилувчи – маъсиятни кўрсатиб, Аллоҳ беркитган нарсани очиб, айтиб юрадиган кишидир”.
    Имоми Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Гуноҳ қилишга мубтало бўлган киши уни бошқага айтиши макруҳ бўлади. Лекин ундан тийилимоғи, надомат қилмоғи ва қайтмасликни қасд қилмоғи лозим. Агар устози ёки шунга ўхшаш инсонларга ундан қутилиш йўлини ўргатиш, яна такрорлаб қўйишдан сақланиш, мубтало қилган сабабни билдириш ёки ҳаққига дуо қилиш ва шу каби бошқа нарсалар мақсадида айтса чиройлидир. (Ўринли) маслахат бўлмаса макруҳ бўлади”.
    
    6. Сағира гуноҳ олим ёки муқтадолардан содир бўлиши кабирага айланади.
    Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимнинг аслида кичик ҳисобланган гуноҳ ила тойилиши кабира бўлади”, – деганлар.
    Олимнинг зиммасида икки вазифа бор. Бири гуноҳларни тарк қилиш. Иккинчиси гуноҳ қилиб қўйса яшириш. Унга яхшиликда эргашилганда ҳасанотлари зиёда бўлгандек, хатода ҳам салмоғи зиёда бўлади. Олимга либоси ва нафақасида мўътадил бўлмоғи лозим. Одамлар унга қараб тургани боис озроғига мойил бўлсин!
    Олим ва муқтадо кишилар ҳаммага ўрнак бўлишлари лозим. Улуғ инсонлардан содир бўладиган кичик гуноҳлар жоҳил инсонларга ҳужжат бўлади. Кўпинча бу ишни қилманг ёмон бўлади десак, дархол хўп дейиш  ўрнига “палончи олим ёки пистончи улуғ одам ҳам қилади – ку!”, – дейди. Уларга айтамизки, одам боласи хато – камчиликдан холи эмас. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида айтиб қўйганлар: “Одам боласи борки хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшилари сертавбаларидир”. Шунчалар эргашгингиз келса ана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг! Чунки Аллоҳ таоло каломида у зотда гўзал ўрнак борлигини айтиб қўйган.
    Усул китобларимизда: “Олимнинг бир ҳаром ишни қилиши уни ҳалолга айлантириб қўймайди”, дейилган.

Равшанбек Ўринбоев

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase