close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жаннатга беҳисоб кирадиганлар

У ёки бу нарсалар бахтсизлик келтиришига ишониш - ботил динларнинг бир бўлаги бўлиб, ёлғон уйдирмадан иборатдир. Афсуски, бу иллат мусулмон жамиятида ҳам тарқалган. Ислом таълимотига - бундай ирим-сиримлардан ҳолидир. Чунки,  Ислом - тавҳид дини ҳисобланади.

Мусулмон яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан деб билади, шунга иймон келтирган. Шунинг учун ҳам ҳеч бир нарса яхши ва ёмон аломатига эга эмас. Исталган нарса манба ёки сабаб бўлиши мумкин, холос. Агарда ўша манбани эзгулик йўлида ишлатилса, у - яхшилик учун, ёвуз мақсадларда фойдаланилса,  у - ёмонликка сабаб бўлиши мумкин.
Бирор нарса ёки ҳолатни  салбий воқеалик белгиси, деб тахмин қилаётганлар бу масалада Аллоҳга мурожаат қилишни унутиб қўйишади.  Бу эса оламларнинг роббиси Аллоҳ таолога ҳурматсизликдир. Мисол учун, агар инсоннинг ишлари сешанба куни юришмай қолса, сешанбани у бахтсиз кун деб ҳисоблайди. Ёки уй томига қўнган бойқушни - кулфат белгиси,  итнинг бевақт увлашини қариндошларидан бирининг ўлими аломати, деб тушунади.
Бундай тушунчаларнинг ҳақиқатга қандайдир алоқаси бор? Мусулмон эътиқодига зид бўлган бундай уйдирмалар чуқур адашишдан ўзга нарса эмас. Араблар жоҳилият даврида қушларни ҳуркитиб, қайси томонга учишини кузатишган. Агарда қушлар чап тарафга учишса, буни ёмон аломат деб санашган.  Шунингдек, бойқуш ўлган инсон руҳидан вужудга келади, деб ишонишган. Ҳаттоки ўта муҳим ва жиддий масалаларни ҳал қилишда ҳам будпарастлар шундай белгиларга катта аҳамият беришган. Ва уларнинг барча нуқтаи назарлари эътиқодлари билан бир-бирига тўғри келарди.
Ислом  башорат қилиш, сеҳр-жоду, фол очишни ҳам таъқиқлаган. Чунки буларнинг барчасида ҳеч қандай асос йўқ, улар ёлғон ишонч ва тавҳидга зиддир.

Бухорий, Муслим, Аҳмад, Термизий, Насоий, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадис бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Менга умматлар кўрсатилди. Бир пайғамбарни кўрдим, у билан бир неча киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим, у билан биргина киши бор эди. Яна бир пайғамбарни кўрдим, у билан икки киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим, у билан бирон киши йўқ эди. Тўсатдан менга катта бир қоралик кўринди. Улар менинг умматим бўлса керак, деб ўйладим. Шунда менга: «Бу Мусо ва унинг қавми. Лекин сиз уфққа қаранг», дейилди. Қарасам, жуда катта бир қоралик кўринди. Менга: «Шу сизнинг умматингиз, улар ичидан етмиш минги борки, жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз кирадилар», дейилди».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, уйларига кириб кетдилар. Саҳобалар жаннатга беҳисоб кирадиган ўша кишилар ҳақида баҳсга шўнғиб кетдилар.
Баъзилар: «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлар (саҳобалар) бўлса керак», дейишди.
Бошқалари: «Улар Исломда туғилиб, Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаганлар бўлса керак», дейишди. Ва ҳоказо, бир қанча нарсани зикр қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузурига чиқиб: «Нима ҳақида баҳслашаяпсизлар?» дедилар. Улар (ўрталарида бўлган баҳсдан) у зотни хабардор қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар руқя қилдирмайдиган (дам солдирмайдиган), куйдириб даволанмайдиган, шумланмайдиган ва Раббиларига таваккул қиладиган кишилардир», дедилар. Шунда Укоша ибн Миҳсон ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ўшалардансиз», дедилар. Кейин яна бир киши туриб: «Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга Укоша сиздан ўзиб кетди», дедилар...”

Ушбу ҳадисда учта муҳим тақиқ борлигининг гувоҳи бўляпмиз: дам солдирмаслик, ирим (шумланиш) ва Аллоҳ таолодан ўзга нарсалардан шифо кутиш...
Аллоҳ таоло адаштирмасин!

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим

 

-----------

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ изоҳлари:

Бу ерда гап дам солиш ва куйдириш деганда жоҳилият даврида, Исломдан аввалги пайтдаги услублар ҳақида бормоқда. Жоҳилият даврида дам солишни бутларга хизмат қиладиган коҳинлар амалга оширар эдилар. Улар орага ширк аралаштиришар, турли бидъат-хурофотларни қўшиб, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога ширк келтирадиган даражадаги нарсаларни айтиб, дам солишар эди.
Бундай қилганлар ўша етмиш минг бахтиёр зотлар қаторига кира олмайдилар.
Куйдириб даволаш одатда яра-чақаларга нисбатан муолажа қилинар эди. Бунда мишқос деб номланувчи асбобни оловни қиздириб туриб, қизиб турган темирни яранинг устига босиб, даволашар эди. Ҳадисда айнан мана шу услуб танқид қилинмоқда, яъни бу ерда умуман тиб ҳақида, даволаш ҳақида сўз кетаётгани йўқ.
Чунки бошқа кўплаб ҳадисларда шарҳий маънода дам солишнинг борлиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ўзларига ҳам, набираларига ҳам, бетоб бўлиб қолган саҳобаларга ҳам дам солганлари ҳақида мутавотир ривоятлар бор. Бир қанча ривоятлар келганки, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. ("Ал-адаб ал-муфрад"дан)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Ҳақиқий уламолар ким? Аъроф сураси, 175-176 »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase