close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жаннатга кириш тақдирга ёзилган бўладими?

Савол: Жаннатга Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини киритишини баён этган. Жаннатга кириш ҳам тақдири азалда ёзилганми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Савол: Жаннатга Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини киритишини баён этган. Жаннатга кириш ҳам тақдири азалда ёзилганми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта ҳар бир иш тақдирда битилгандир. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"Ҳар бир нарса қадар биландир. Ҳатто ожизлик ва уддабуронлик ҳам", деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шу жумладан, жаннатга тушадиганлар ва дўзахга тушадиганлар ҳам Аллоҳ таолонинг тақдирида маълумдир.
Бу ўринда энг асосий нарса тақдир тушунчасини тўғри англашдир. Шунда бизга мавҳум ёки муаммоли бўлиб қолган барча нарсалар ўз ечимини топади. Кўпчилик инсонлар "тақдир" сўзининг маъносини янглиш тушунадилар.
Аллома Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кўпчилик инсонлар қазо ва қадарнинг маъносини Аллоҳ таоло бандаларини ўзи олдиндан тақдир қилиб битган ва ҳукм қилган нарсага мувофиқ яшашга мажбурлашидир деб тушунадилар. Лекин қазо ва қадарнинг маъноси улар ўйлагандек эмас. Балки тақдир дегани Аллоҳ таолонинг бандалар эндиликда қиладиган ишларини олдиндан билиши ва ана шу ишлар Аллоҳ таолонинг ўлчови остида амалга ошишидир».
Ибн Ҳажар Ҳайсамий қазо ва қадарга қуйидагича таъриф берганлар:
“Қазо бу Аллоҳнинг барча нарсаларни эндиликда қандай бўлишини аввалдан билишидир. Қадар эса ана шу билган нарсаларини мазкур илмига мувофик, пайдо қилишидир".
Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий "Куброл яқинийат ал-кавния" китобида: "Қазо бу Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни келажакда қандай бўлишини билишидир. Қадар эса Аллоҳ таоло мазкур нарсаларни амалда (воқеда) ўзининг азалий илмига мувофиқ пайдо қилишидир", деб таърифлаган.
Мазкур таърифлардан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ таоло тақдир орқали ҳеч бир инсонга босим, мажбурият юкламайди. Шунинг учун банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқиб, динимизда буюрилган солиҳ амалларни қилиши, қайтарилган ишлардан буткул четланиши зарур. Тақдир бу Аллоҳ таолонинг азалий илмидан иборат нарсадир. Яъни бандаларнинг нима қилишларини Аллоҳ таоло олдиндан билади ва шу сабабли улардан қайсилари жаннатга лойиқ ва қайсилари дўзахга лойиқ эканини ҳам билади. Аллоҳнинг илмида кимлар жаннатий ва кимлар дўзахий экани маълум. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase