close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳақиқий уламолар ким?

  • Душанба, Окт 01 2018
  • Муаллиф  Ашраф Али Таҳонавий

Имом Ғаззолий айтадилар: “Аллоҳ таолога муқарраб, камёб ва нодир бўлган охират уламолари борки, қуйида уларнинг бир қанча аломатларини келтириб ўтамиз:

Биринчи аломат: Олим илм олиш ва таълим бериш воситасида дунё жамлашни ният қилмайди.
Камдан-кам олимларга насиб қиладиган мақом бу. Бунда олим дунёнинг ниҳоятда ҳақирлигини, тубан ва хорлигини, қора ва кирлигини, унинг тезда тугаб қолишини, ҳамда охиратнинг нақадар буюклигини, абадийлигини ва у ердаги неъматларнинг мукаммал эканини ҳис қилади. Яхшилаб билиб олиш лозимки, дунё ва охират иккиси бир-бирига мутлақо зиддир. Бу иккиси худди икки кундош каби, бирини рози қилсанг, иккинчиси хафа бўлаверади. Тарозунинг икки палласи каби, бир палласига оғир солсанг, иккинчиси енгил бўлади. У иккиси машриқ ва мағриб каби, бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан.
Қайси инсон дунёнинг ҳақирлигини ҳис қилмай, бу дунёнинг лаззатларига берилиб, охиратда ҳам шундай яшайман, деб ўйласа, унинг ақли ноқисдир. Тажриба ва кузатувлар натижасидан маълумки, бу дунёнинг лаззатлари кетидан қувиш нафақат бу дунёнинг ўзида, балки  охиратда ҳам машаққатлар ва қийинчиликларга сабаб бўлади. Ақли ноқис одам, олим бўла олмаганидек, охиратнинг буюклиги ва  абадийлигини билмаган киши ҳам олим бўла олмайди. Чунки, охиратга иймон келтирмаган одам динсиздир.
Кимки дунё ва охиратнинг бир-бирига зид эканини билмай, иккисининг орасини жамлашга интилса, гўёки у, бўлиши мумкин бўлмаган ва барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг шариатларига хилоф ишни талаб қилибди.
Кимки буларнинг ҳаммасини била туриб, дунёни устун кўрса, у шайтонга хизматчи бўлибди. Унинг шаҳватлари бир куни унинг ҳалокатига, охиратда эса бадбахтлигига сабаб бўлади. Бундай инсон қандай қилиб ўзини олим дейиши мумкин.
 Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга буюрдики: “Қайси олим дунёга бўлган севгисини Менинг муҳаббатимдан устун қўйса, унинг муножотларидан, зикру тасбеҳларидан ва ибодатларидан лаззатни олиб қўяман.
Эй Довуд! Кимки, дунёнинг нашъу намосига берилиб, сени ва сенга эргашган инсонларни Роббингдан узоқлашишларига сабаб бўлса, ундан ҳол сўрама, суҳбатидан узоқ бўл. Чунки у ўғридир.
Эй Довуд! Агар менинг розилигим талабида юрган кишини кўрсанг, унинг ходими бўл!
Эй Довуд! Ким мен томонга ошиқиб югурса, мен уни зийрак ва оқкўнгил, деб ёзиб қўяман. Кимни зийрак оқкўнгил, деб ёзиб қўйсам, уни азобламайман”.
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ким илму ҳикмат орқасидан дунё орттиришни ният қилиб ҳаракат қилса, унинг илмида равнақ ва ривожланиш бўлмайди”.
Саид ибн Мусаййиб раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Амирлар ва мол дунё соҳиблари атрофида ўралашиб юрган илм аҳлини кўрсанг, билгинки, у динида ўғридир”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу  айтдилар: “Қайси олим дунё ва унинг аҳлларига муҳаббатли бўлса, у дин ва унинг аҳллари орасида муттаҳамидир”.
Улуғларимиздан биридан сўрашди: “Гуноҳ қилиб ундан лаззатланадиган киши Аллоҳ таолога ориф бўла оладими?”.  У зот айтдилар: “Мен ҳеч иккиланмай айтаманки, қайси шахс дунёни охиратдан устун кўрса, у ориф бўла олмайди. Гуноҳ қилувчининг даражаси эса бундан анча пастроқ бўлади. Гуноҳ қилиб пушаймон ва тавба қилиш ўрнига, ундан лаззатланувчи киши ҳақида эса  гапириб ҳам ўтирмайман”.
Шу нарсани ҳам ёдда тутиш лозимки, инсон фақатгина мол дунёга муҳаббат қилмаслик билангина охират олими мақомига эга бўлмайди, балки, мансаб-мартабага қизиқишнинг зарарлари, олим учун мол-дунёнинг офатидан ҳам каттароқдир.
Яъни, дунё муҳаббатини дин ва охиратдан устун қўйишнинг зарарлари ҳақидаги  юқоридаги огоҳлантиришлар қанчалик аҳамиятли бўлса, мансаб мартабага қизиқиш ва унга интилиш борасида ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, мансабнинг лаззати мол-дунёникидан ҳам ширинроқдир. Шундай экан мансаб-мартабага хирс қўйишнинг зарари олим учун мол дунёникидан ҳам хатарлироқдир.

Иккинчи аломат: Олимнинг сўзи ва амали бир хил бўлади. Бошқаларни яхшиликка буюриб, ўзи унга амал қилмайдиганлардан бўлмайди.
Аллоҳ таоло айтади:
أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنْسَوْنَ أَنْفُسَكُمْ وَأَنْتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلَا تَعْقِلُونَ
“Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44-оят).
Бошқа оятда яна айтади:
كَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ أَنْ تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ
“Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафратга (сабаб)дир”. (Саф сураси, 2-оят).
Ҳотамул Аъсом айтади: “Қиёмат куни инсонларга илм ўргатган ва ўзи унга амал қилмаган олимдан кўра кўпроқ ҳасрат чекувчи инсон бўлмайди. Бу тоифа олимлар илмига амал қилмагани туфайли ҳеч вақосиз қолади”.
Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қандай ҳам ёмон илм аҳллари борки, ўзгаларни Аллоҳ таолони ёд этишга буюрадилар, аммо ўзлари эса Аллоҳни унутадилар. Бошқаларни Аллоҳдан қўрқишга ундайдилар, ўзлари эса Ундан қўрқмайдилар.  Бошқаларни Аллоҳ таолога яқинлаштирадилар, ўзлари эса Ундан узоқлашадилар. Бошқаларни Аллоҳ томон чақирадилар, ўзлари эса Ундан қочадилар”. (Бу яқин ва узоқлик маъносида эмас).
Абдурроҳман ибн Ғанам раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ўн нафар саҳобаи киромдан қуйидаги мазмундаги ҳадисни эшитдим: “Биз Қубо масжидида илм ҳосил қилиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом ҳузуримизга кириб келдилар-да: “Қанча бўлса ҳам илм ҳосил қилаверинглар, лекин, Аллоҳ таоло у илмлардан амали бўлмаганига ажр бермайди”,  дедилар.

Учинчи аломат: Олим охиратда фойда келтирадиган илм билан машғул бўлсин.
Инсон ўзи учун охиратда фойда келтирадиган ва солиҳ амалларга рағбат пайдо қиладиган илмлар билан машғул бўлмоғи лозим. Охиратда мутлақо наф келтирмайдиган ёки фойдаси жуда оз бўлган илмларга умрини зое қилмасин. Биз ўзимизнинг нодонлигимиздан, фақатгина, дунё тўплаш мақсадида ўрганганларимизни ҳам илм деб атаймиз.  Ваҳоланки, жаҳолатдан иборат қарашларимиз оқибатида, ўқиб-ёзган нарсаларимизни илм ҳосил қилиш, деб тушуниб, дин илмларини ўрганишга мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қоламиз. Камдан кам инсон илм ўқимаса ёки жуда кам ўқиган бўлса ҳам жоҳиллигини тан олади. Агар диний илмларни ўрганишга ҳаракат қилмаса, жоҳиллиги туфайли ўзини олим ҳисоблай бошлайди. Бу катта нуқсондир.
Ҳотами Асом машҳур валий Шақиқи Балхийнинг хос шогирдлари эди. Бир куни шайх шогирдини ҳузурига чақириб сўрадилар:
 Эй Ҳотам! бу даргоҳга келганинга неча йил бўлди?
-  Ўттиз уч йил.
-  Шу узоқ йиллар мобайнида нималарни ўргандинг?
-  Саккизта масалани ўргандим.
-  “Инна лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун” шундай узоқ муддатда саккизтагина масала ўргандингми? Менинг ҳам, ўзингнинг ҳам умрингни зое қилибсан-ку!
-  Ҳа  ҳазрат, саккизта масала ўргандим, ёлғон гапирмайман-ку!
-  Яхши, ундай бўлса айтақол, улар қайсилар?
Ҳотами Асом айтдилар:
Биринчи масала: Ҳамманинг кимнидир, ниманидир яхши кўришини, севишини кўрдим. (хотинини, фарзандларини, мол дунёсини, қавму қариндошларини, дўст ёрларини ва ҳакозо) Лекин, кўрдимки оқибатда буларнинг ҳаммаси қабрга кетаяпти ва севганидан жудо бўлаяпти. Шунинг учун ҳам мен яхшиликларга ва савоб амалларга муҳаббат қўйдим. Бир кун қабрга бораман ва севганларим (солиҳ амалларим) ҳам мен билан бирга бўладилар. Ҳатто, вафотимдан кейин ҳам улар мендан жудо бўлмайдилар.
Ҳазрат Шақиқ Балхий: “Жуда яхши”, дедилар.
Иккинчи масала: Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги:
وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى
“Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур”, (Назиъат сураси, 24-оят)  дея нозил қилган оятини ўргандим. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақлигига иймон келтирдим. Бас, мен Аллоҳ таолога итоатим йўлида ғов бўладиган нафсимнинг барча хоҳишларига ва орзу ҳавасларига чек қўйдим.
Учиинчи масала: Дунёда ҳар кимнинг ўзи учун ниҳоятда қимматли ва севикли нарсаси борлигини ва ўша нарсани жуда кўз қорачиғидек асраб-авайлашларини кўрдим. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ёдимга тушди:
 مَا عِنْدَكُمْ يَنْفَدُ وَمَا عِنْدَ اللَّهِ بَاقٍ وَلَنَجْزِيَنَّ الَّذِينَ صَبَرُوا أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ 
“Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”. (Наҳл сураси, 96-оят).
Ушбу ояти карима сабабли ҳузуримда нимаки мен учун қадрли нарса бўлса, уларнинг ҳаммасини Аллоҳ ҳузурига юбордим. Чунки, Унинг ҳузуридаги ашёлар ҳамиша сақланиб туради.
Тўртинчи масала: Кўрдимки барча ўзининг қайси жиҳати биландир инсонлар ичида энг шарафлиси, энг обрўлиси, энг ҳурматлиси ва энг буюги бўлишга интилар экан. Кимдир мол дунёси орқали, кимдир мансаб мартабаси воситасида, кимдир насаби сабабли, кимдир ташқи кўриниши, яна кимдир гўзал жуссаси ва либослари билан инсонлар эътиборини жалб қилишга, улардан баландроқ, олийроқ эканини исбот қилишга уринар экан. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эсладим:
إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
“Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”.  (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Шунга биноан мен тақвони ихтиёр этдим. Токи Аллоҳнинг ҳузурида шариф бир инсон бўлай.
Бешинчи масала: Инсонларни кўрдим, бири бошқасига таъна маломат тошларини отади, айб хатосини қидиради, аччиқ ва ҳақорат сўзларни гапиради. Билдимки буларнинг барига ҳасад ва бошқани кўролмаслик сабаб бўлар экан. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ёдимга тушди:
نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَرَفَعْنَا بَعْضَهُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِيَتَّخِذَ بَعْضُهُمْ بَعْضًا سُخْرِيًّا
“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз”. (Зухруф сураси, 32-оят).
Бир инсоннинг бошқасидан устун бўлишининг ҳикмати шуки, бири иккинчисини иш билан таъминласин, бири раҳбар, бошқаси ходим бўлсин. Ҳамма бирдай амир, раҳбар бўлса, ким ходим бўлади. Бундай ҳолатда дунё низоми издан чиқиб, хароб бўлади-ку! Мен ушбу ояти шарифа сабабидан ҳасад қилишни тарк этдим. Бирор банда билан ишим бўлмай қолди. Ризқни тақсимлаш ёлғиз Аллоҳнинг қўлидадир. Кимга қанча миқдорда беришни ўзи билади. Шунинг учун, бировга адоват қилишни тарк этдим. Кишининг моли кўп ёки кам бўлишида амалининг алоқаси йўқ. Бунинг барчаси Маликул мулк бўлган зотнинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам бу нарсаларга ғам чекмай қўйдим.
Олтинчи масала: Кўрдимки, дунёдаги деярли ҳар бир инсон бошқаси билан уруш жанжал қилади, бир бирига душманчилик қилади. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини мушоҳада қилдим:
إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا
“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! ”. (Фотир сураси, 6-оят).
Мен ўзимга душманлик учун шайтонни танладим ва ундан узоқ бўлишга бор куч қувватим билан ҳаракат қила бошладим. Аллоҳ таоло шайтонни инсоният учун душман, деб эълон қилгани туфайли унга қўшимча бошқа бирор кимсани душман тутмадим.
Еттинчи масала: Кўпчилик нон талабида югуриб юрганини кўрдим. Бу йўлда улар ҳатто ўзгалар қаршисида хорланишгача етиб борадилар. Ножоиз ишларни қилишдан ҳам тап тортмайдилар. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини кўрдим:
وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا
“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Ўзимга назар солдим. Ахир мен ҳам Аллоҳнинг яратган ер юзида юрган махлуқларидан бириман-ку! Шундай экан, менинг ҳам ризқимни ҳам Аллоҳнинг ўзи зиммасига олган-ку! Мен бу нарсалар билан қимматли вақтларимни машғул қилмадим,  Аллоҳ тарафга юзландим. Нимаики Унинг зиммасида бўлса, ўзимни улардан фориғ қилиб олдим.
Саккизинчи масала: Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ишонган ва суянган нарсаси борлигини кўрдим. Кимдир мол дунёсига, кимдир тижоратига, кимдир қўл остидагиларга, ошна-оғайнисига, қариндош уруғларига, яна кимдир соғлом ва қувватли жисмига суянишади. Ваҳоланки, у суянган барча нарсалар ўзига ўхшаган махлуқутлардир. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини кўрдим:
وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ
“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар”. (Талоқ сураси, 3-оят).
Шу сабабли мен Аллоҳга суяндим ва Уни ўзимга вакил қилиб сайладим.
Шақийқ Балхий айтдилар: “Эй Ҳотам! Аллоҳ сенга тавфиқ берсин! Мен Таврот, Инжил, Забур ва Қуръондаги илмларни ўрганиб чиқдим. Улардаги яхшиликларни сенинг саккиз масаланг ичида топдим. Ким мана шу саккиз масалага амал қилса, Аллоҳ таолонинг тўрт китобида мужассам бўлган мазмунга амал қилибди”.
Юқоридаги илмларга амал қилишга айнан охират олимларигина муяссар бўладилар. Дунё олимлари эса, доимо мол-дунё топиш, мансаб мартабага эришиш ва обрў-эътибор қозониш ҳаракатида бўладилар.

Тўртинчи аломат. Олим сарҳил таомлар ва гўзал ва қимматбаҳо либосларга ружуъ қўйишдан ўзини сақласин.
Охират уламоларининг тўртинчи аломати, таомларнинг энг яхшилари ва либосларнинг энг қимматбаҳо ва чиройлиларига ружуъ қўймасин. Балки, уларнинг ўртачаларини ихтиёр қилсинлар. Ҳаётлари ўтган улуғларнинг турмуш тарзларига мувофиқ бўлсин. Бу нарсаларга қанчалик кам рағбат қилсалар, Аллоҳ таолога шунчалик кўпроқ қурбат(яқинлик) ҳосил қиладилар ва охират уламоларининг баланд мақомига етадилар.
Шу ўринга бир ажиб қиссани муносиб, деб билдим. Шайх Абу Абдуллоҳ Хаввос Абу Ҳотам раҳимаҳуллоҳнинг шогидларидан эдилар. Шу киши ривоят қиладилар: Шайх Абу Хотим раҳимаҳуллоҳ билан бирга сафарда эдик. Рай деган жойда бизга 320 киши ҳамроҳ бўлди. Биз ҳаж сафарини қасд қилиб йўлга отландик. Бу одамларнинг барчаси таваккулчилардан эди. Уларда сафар учун керакли на егулик, на кийим кечак, на улов бор эди. Рай шаҳрида оддий, сода ва самимий бир савдогар яшар эди. У карвондаги ҳаммани ўз уйига меҳмонга таклиф қилди. Унинг уйида бир кеча меҳмон бўлдилар. Эртаси куни эрталаб мезбон Абу Ҳотам раҳимаҳуллоҳга: “Бу ерда бир бемор олим одам бор. Мен ҳозир у зотни кўриш учун кетяпман. Агар хоҳласангиз сиз ҳам юринг”, деди. Шайх айтдилар: “Беморни зиёрат қилиш савобдир. Агар у олим бўлса, уни кўриш ибодат ҳамдир. Мен албатта, сиз билан бирга бораман”.
У бемор Рай шаҳрининг қозиси шайх Муҳаммад ибн Муқотил раҳимаҳуллоҳ эдилар. Шайхнинг уйига етиб борганда хазрат Ҳотам раҳимаҳуллоҳ чуқур ўйга толдилар. Аллоҳу Акбар! Бир олимнинг уйи шу қадар баланд, муҳташам сарой бўлса-я! Киришга ижозат бўлди. Ичкарига кирдилар. Ҳовлининг ичи ҳам ниҳоятда гўзал, кенг ва покиза эди. У ер, бу ерда пардалар осилган эди. Шайх Ҳотам шу нарсаларни кўриб тафаккурга чўмиб борар эдилар. Шу аснода қозига яқин бориб қолдилар. Қози ниҳоятда юмшоқ пар тўшакларда ястаниб, ором олиб ётардилар. Бош томонларида бир хизматчи елпиғич билан у кишини елпиб тутарди. Савдогар қози соҳибга салом бериб, ёнларига ўтириб ҳол аҳвол сўрай бошлади. Ҳотам раҳимаҳуллоҳ тик туравердилар. Қози у кишини ҳам ўтиришга таклиф қилдилар. У киши ўтиришдан бош тортдилар. Қози:
-  Бизда бирор гапингиз борми? 
Шайх Ҳотам:
-  Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим.
-  Сўранг.
Қози соҳиб ҳизматчилари ёрдамида ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Шайх Ҳотам: “Турманг, овора бўлманг. Бемалол ўтираверинг”, дедилар ва савол беришни бошладилар:
-  Сиз илмни кимдан олгансиз?
-  Мўтабар уламолардан.
-  Мўтабар уламолар кимдан ўрганганлар?
-  Улар саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлардан ўрганганлар.
-  Саҳоба розияллоҳу анҳумлар кимдан олганлар?
-  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан.
-  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кимдан олганлар?
-  Ҳазрат Жаброил алайҳиссаломдан.
-  Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом кимдан олганлар?
-  Аллоҳ таолодан.
-  Ҳақ таолодан Жаброил алайҳиссалом воситасида Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишидан саҳобаи киромларга, улардан мўтабар уламоларга, улардан сизгача етиб келган илмларда: “Баланд, ҳашаматли уйларда яшасанг, шунчалик Аллоҳ таолога яқин бўласан, Унинг наздида юксак даражаларга эришасан”, дейилганми?
-  Йўқ. У илмларда бундай келмаган.
-  Агар йўқ бўлса, у илмларда нима дейилган?
-  У илмларда: “Кимки дунёга рағбат қилмаса, охират амалларига рағбат қилса ва фақирларни яхши кўрса, Ундай инсоннинг Аллоҳ таоло хузуридаги мақоми юксак бўлади”, дейилган.
-  Хўп! Ундай бўлса, сиз кимга эргашдингиз, кимнинг йўлини ўзингизга лозим тутдингиз? Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киром роҳияллоҳу анҳумларнинг йўллариними, ёки Фиръавн ва Намрудларнинг йўлиними?
Эй ёмон олимлар! Агар сиз шундай бўлсангиз, дунёга муккасидан кетган, жоҳил, молпарастлар сизларни кўриб: “Олимларимизнинг ҳоли шу бўлса, биз унданда баттарроқ бўламизда!”, дейишмайдими?
Шу сўзларни айтиб Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ у ердан чиқиб кетдилар. Бу суҳбатдан кейин қози соҳибнинг аҳволлари янада оғирлашиб қолди. Ўртадаги бу суҳбат одамлар орасида шов-шув бўлиб кетди. Ҳазрати Ҳотамга: “Қазвин деган жойда Танафусий деган бир олим бор. У қози Муҳаммад Муқотилдан ҳам кўра дабдабалироқ шохона ҳаёт кечиради”, дейишди. (Қазвин Рай шаҳридан 27 фарсах, яъни, 81 мил узоқликда жойлашган шаҳар.)
Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Танафусийга насиҳат қилиш мақсадида Қазвинга йўл олдилар. Танафусийнинг хузурига боргач: “Хузурингизга бир ажамий (араб бўлмаган) одам (яъни, ўзларини назарда тутяптилар) дин илмларини ибтидосидан, яъни, таҳорат, намоз масалаларидан бошлаб ўрганиш мақсадида келди”, дедилар. Танафусий: “Бажону дил ўргатаман”, дедилар ва таҳоратга сув сўрадилар. Сувни олиб келишди. Танафусий раҳимаҳуллоҳ таҳоратни мукаммал қилиб амалий тарзда Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳга кўрсатиб бердилар. Шайх Ҳотам раҳимаҳуллоҳ: “Мен ҳам сизнинг олдингизда таҳорат қилсам, сиз кузатиб турсангиз, янада яхшироқ ёдимда қоларди”, дедилар. Танафусий хазратлари таҳорат ўрнини бўшатиб: “Марҳамат”, дедилар. Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ ўтириб, таҳоратни бошладилар ва икки қўлларини тўрт мартадан ювдилар. Танафусий раҳимаҳуллоҳ: “Бундай қилсангиз исроф бўлади, уч мартадан ювинг”, дедилар. Шунда Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ: “Субҳаналлоҳил азийм! Мени бир ҳовуч ортиқча ишлатган сувим исроф бўлади-ю, сизнинг ҳузурингиздаги шунча ортиқча мол дунё, зеб зийнат, ҳашамат ва дабдабали ҳаёт исроф эмасми?”, дедилар. Танафусий хазратлари бу инсоннинг мақсади илм ўрганиш эмас, балки мана шу нарса (яъни насиҳат қилиш) эканини  англади.
Сўнгра Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Бағдод шаҳрига етиб бордилар. Аҳмад ибн Ханбал раҳимаҳуллоҳ у кишининг ҳолатларидан (яъни илму тақволаридан) хабардор эдилар. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ у киши билан учрашиш мақсадида қўналғаларига ташриф буюрдилар. Ҳотам раҳимаҳуллоҳдан сўрадилар: “Дунёдан саломат ҳолда ўтишнинг қандай тадбири бор?”. Шайх Ҳотам айтдилар: “Сизда тўрт сифат топилмас экан, дунёдан саломат чиқолмайсиз. Улар:
1. Инсонларнинг сизга қилган жоҳиллик ва озорларини кечиб юбормагунингизча;
2. Ўзингиз бировларга нисбатан жоҳилона муносабатларни тарк этмагунингизча;
3. Қўлингиздаги ўзингиз учун суюкли бўлган нарсаларни бошқалар учун ҳам сарф қилмагунингизча;
4. Бошқаларнинг қўлларидаги нарсалардан умидворлик ва таъмагирликдан халос бўлмагунингизча дунёдан саломат бўлолмайсиз”.
Шундан сўнг Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Мадинаи Мунавварага сафар қилдилар. Шаҳар ниҳоятда кўркам, баланд баланд муҳташам иморатлару саройлар билан тўлиб тошган эди. Бу кишининг келганлари ҳақидаги хабарни эшитиб шаҳар аҳли зиёрат учун хузурларига йиғилдилар. У зот шаҳар аҳлидан сўрадилар: “Бу қандай шаҳар?”. Улар: “Бу Росулуллоҳ сав нинг шаҳарлари”, деишди.
-  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саройлари қаерда? Менга кўрсатинг. У ерга бориб, зиёрат қилиб, икки ракаат намоз ўқиб келай.
-  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саройлари йўқ. Ул зотнинг кичкинагина, пастак уйлари бор холос.
-  Саҳобаларнинг саройлари қаерда? Мен уларни бир бориб кўриб келай.
-  Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумнинг ҳам қасрлари бўлмаган. Уларнинг ҳам уйлари кичкина ва пастккина кулбалардан иборат.
-  У ҳолда бу Фиръавннинг шаҳри эканда.
Одамлар ғазабланиб, Ҳотам раҳимаҳуллоҳни тутиб шаҳар амирининг хузурига олиб бордилар ва айтдилар: “Бу одам Мадинаи тоййибани Фиръавн шаҳри деяпти”. Амир шайхга юзланиб: “Бу қандай гап?”, деди. У зот айтдиларки: “Шошилманг! Аввал гапимни тўлиқ эшитинг! Мен бир ажамий одамман. Шаҳарга кирган чоғимда бу одамлардан: Бу қандай шаҳар”, деб сўрадим дедилар ва ўртадаги бўлган мунозарани тўлиқ баён қилиб бердилар. Сўнг ушбу оятни ўқидилар:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Яъни, ҳар бир гап сўзида ва амалида ўзига: “Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилгандилар?”, деб савол берсин ва Расулуллоҳга эргашсин. Сизлар ҳам ўзингизга: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашяпмизми, ёки Фиръавнгами?”, деб савол беринглар. Шундан сўнг шаҳар аҳли чуқур ҳаёлга чўмдилар ва бирор сўз демай Ҳотами Асом хазратларини қўйиб юбордилар.
Шу ўринда бир нарсага эътиборни қаратиш лозим. Мубоҳ нарсалардан лаззатланиш ёки уларда кенгчиликка эришиш гуноҳ ёки харом иш эмас. Лекин, неъматнинг кўпайиб кетиши туфайли у нарсаларга қалбда муҳаббат пайдо бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Агар қалбда бундай иллат пайдо бўлса, ундан қутулиш осон бўлмайди. Бундай инсоннинг зеҳнини фақат қандай қилиб бўлса ҳам мол дунё тўплаш йўлларини қидириш, тўпланган мол дунёни кўпайтириш, сармоясинининг камайиши ёки қўлдан бой бериб қўймаслик чора тадбирлари ҳақидаги ўй  фикрлар банд қилиб қўяди. Натижада қалби дунё билан буткул машғул бўлиб қолади.
Кимнинг қалби фақатгина дунё истаклари билан банд бўлиб қолса, динида сустлашиш ва орқага кетиш бошланади. Бора-бора у инсоннинг гуноҳ ишларга қўл уришига ҳам навбат келиб қолиши мумкин. Агар дунёнинг ичига кириб, унинг тегирмонида чарх уриб, унинг муҳаббатидан, ёмонликларидан қалбни сақлаб қолиш осон бўлганида эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қадар дунёга рағбат қилмасликка буюрмаган ва ўзларини ҳам бунчалик дунёдан сақламаган бўлардилар. Эгниларига нақшинли қимматбаҳо тўн кийдириб қўйишганида уни тезда ечиб ташламаган бўлардилар.
Яҳё ибн Язид Навфалий раҳимаҳуллоҳ Имом Молик раҳимаҳуллоҳга бир мактуб ёздилар. Ҳамду сано ва саловотдан сўнг айтдилар: “Менга хабар етишича сиз нафис либослар киярмишсиз. Юпқа нонлар ер экансиз ва юмшоқ тўшакларда ухлармишсиз. Дарвозангизда доимий қўриқчи турар экан. Ваҳоланки, сиз уламоларнинг улуғларидан бўлсангиз. Узоқ-узоқлардан инсонлар илм олиш учун сизнинг ҳузурингизга келишади. Сиз имомсиз,  барчага намунасиз, одамлар сизга эргашадилар. Сиз ниҳоятда эҳтиёт бўлишингиз керак. Мен бу хатни холисона ёздим. Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг бу мактубдан хабари йўқ. Вассалом!”
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу мактубга қуйидагича жавоб ёздилар: “Сизнинг мактубингиз менга етиб келди. Ушбу хатни мен ўзим учун насиҳатнома, шафқатнома ва танбеҳ сифатида қабул қилдим. Аллоҳ таоло тақво билан сизни манфаатлантирсин ва ушбу насиҳатингиз учун яхшилик билан мукофотласин. Аллоҳ таоло менга амал қилишимга тавфиқ берсин. Яхшиликларга амал ва ёмонликлардан омонда бўлиш фақат Аллоҳ таолонинг тавфиқи билангина бўлади. Сиз мени айблаб юқорида санаб ўтган ишлар ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам содир бўлган. Айбга буюрмайсиз-у, лекин буларнинг ҳаммаси жоиз бўлган нарсалар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
 قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ 
“Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз”. (Аъроф сураси, 32-оят).
Лекин, мен бу нарсаларни (қимматбаҳо кийимлар кийиш, сарҳил таомлар ейиш, ҳашаматли уйларда яшаш ва ҳк.) ихтиёр қилишдан кўра ихтиёр қилмаган афзал ва яхши эканини яхши биламан. Келажакда ҳам ўз муборак мактубларингиздан бизни баҳраманд этиб туринг. Мен ҳам хат ёзиб тураман. Вассалом!”
Имом Моликнинг жавоб услублари қандай ҳам гўзал. Мактубда мубоҳ нарсаларни ихтиёр қилиш жоизлигиг ва уларни ўзига мутлақо харом қилиб олмаслик кераклиги борасида фатво ҳам бор. Яна бу нарсалардан сақланиш ва дабдабаларни тарк этиш афзал ва яхшироқ эканлигига иқрор ҳам бор.

Бешинчи аломат: Олим султонлар ва ҳокимлардан узоқ бўлсин.
Охират уламоларининг бешинчи аломати заруратсиз ўринларда султонлар ва ҳокимлардан узоқ бўлсинлар. Уларнинг ҳузурига ҳаргиз бормасинлар. Балки ҳокимларнинг ўзлари олим хузурига келсинлар. Улар билан кам мулоқот қилсинлар. Чунки, улар билан кўп мулоқотда бўлиш, уларга ҳушомад ва розиликларини топиш мақсадида такаллуф кўрсатишдан холи бўлмайди. Султон ва ҳокимлар кўпинча золим ва ножоиз ишларга берилган бўладилар. Уларни бундай ишларини инкор қилиш, зулмдан қайтариш ва ножоиз ишларига танбеҳ бермоқ лозим. Уларга сукут қилиш динда таназзулга юз тутишдир. Уларнинг хурсандчилиги учун мақтаб, таърифу тавсиф қилиш очиқ ёлғончиликдир. Агар олим мол дунё умидида уларга майл кўрсатса ва тамаъ қилса, бу ножоиз ишдир. Ҳар қандай ҳолда ҳам уларга аралашиш муфсид ишларнинг калитидир.
 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг яшаши ўрмонда бўлса, у қаттиқ табиатли бўлиб қолади, тараққиётдан орқада қолиб кетади ва (ҳамма нарсадан) ғофил бўлиб қолади. Ким подшоҳнинг олдига кўп кириб-чиқаверса, у фитнага дучор бўлади”.
Хузайфатул Ямоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўзингизни ўзингиз фитналар ўрнига қўйишдан сақланинг!”, дедилар. Бир қиши сўради: “Фитналар ўрни қаер?” Ул зот: “Амирларнинг дарвозаларидир. Кимки уларнинг ҳузурига бораверса, уларнинг нотўғри ишларини ҳам тасдиқлайдиган, уларни йўқ сифатлар билан мақтайдиган бўлиб қолади”, дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Олимларнинг ёмони ҳокимлар ҳузурига борадиганидир. Ҳокимларнинг яхшиси эса олимларнинг хузурларига келадиганидир”.
Ҳазрат Самнун раҳматуллоҳи алайҳ (Сиррий Сақотий раҳмаҳуллоҳнинг шогирдларидан) айтадилар: “Қачонки бир олимни дунёга муҳаббат қўйганини эшитсангиз, уни дини борасида муттаҳам, деб билинг! Мен ўз тажрибаларимдан англадимки, қачон подшоҳларнинг ҳузурига бориб, улар билан бирга ўтирсам, қалбимга назар соламан ва унда бир оғриқ ва шикастланишни ҳис қиламан. Ваҳоланки, сизлар подшоҳлар билан қаттиқ қаттиқ гаплашганимни, уларнинг раъйларига юрмаслигимни, у ердан ўзим учун бирор манфаат кўзламаслигимни, ҳатто у ернинг сувини ҳам ичмаслигимни гувоҳи бўлгансиз”.
Олимларимиз ичида Бани Исроил уламоларидан ҳам ёмонроқлари ҳокимлар ҳузурига бориб, уларга лаганбардорлик қилиб, кўнглини чоғ қилиш фикрида бўлганларидир. Улар: “Агар ҳокимларнинг ҳузурида уларнинг зиммасидаги вазифаларини соф, тўғри айтсам, улар мени ҳайдаб юборади, деб ўйлайдилар”. Ҳақиқатни гапиришда уламолар учун Ҳақ таолонинг ҳузурида нажот бор. Уламолар султонларнинг ҳузурига бориши жуда катта фитнадир ва шайтоннинг иғволарига воситадир. Қачонки, олим  у ерга боришдан иккиланса, шайтон айтадики, сенинг боришингда улар учун ислоҳият бор. Сен сабабли улар зулмни тарк этадилар ва сен диний шиорларни ҳимоясичиси бўласан. Натижада, олим уларнинг ҳузурига боришни диний вазифа, деб ҳисоблай бошлайди. Ваҳоланки, уларнинг хузирига бориб, кўнглини олиш учун баландпарвоз сўзларни айтиш, уларни йўқ сифатлари билан мақташда дин учун ҳалокат бор.
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга: “Менга халифалик ишларида ёрдам бериш учун муносиб инсонлар керак”, деган мазмунда мактуб ёздилар. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дин аҳллари (яъни охират олимлари) сизнинг ҳузурингиза бормайдилар. Дунё аҳлларини эса сиз хоҳламайсиз (яъни дунё олимлари сизга керак эмас). Чунки, улар мол дунёга ҳарис, таъмагир кишилардир. Ўзларининг очкўзликлари билан ишларни хароб қиладилар. Сиз яхшиси насаби улуғ кишиларни чорланг. Улар ўзларининг улуғ насаблари шарофатидан, ҳурматларига футур етиб қолишдан сақланиш учун ҳам ундай кир, жирканч ишлардан сақланадилар”, деб жавоб бердилар.
Халифа Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳга ёзилган бу мактуб, у зотнинг келажакда зуҳду тақвода, адлу инсофда халқ орасида зарбул масал бўлишларига сабаб бўлди. Ҳаттоки одамлар у кишини иккинчи Умар, деб атай бошладилар.  Бу Имом Ғаззолийнинг фикрлари эди.
Лекин, тўғри фикрда, бирор диний мажбурият туфайли ёки ўз жонининг ҳимояси талабида подшоҳларнинг ҳузурига боришнинг зарари йўқ. Аммо ўзининг шахсий манфаати учун, мансаб обрўга эришиш ва мол дунё орттириш мақсадида бормасин. Фақатгина мусулмонларнинг эҳтиёжларини раво қилишни мақсад қилиб бориш жоиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
وَاللَّهُ يَعْلَمُ الْمُفْسِدَ مِنَ الْمُصْلِح
“Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади”. (Бақара сураси, 220-оят).

Олтинчи аломат: Олим фатво беришда шошилмасин.
Охират уламоларининг олтинчи аломати фатво беришда шошилмасликдир. Ҳаттоки, яхши билган масалалари бўлса ҳам, уни айтишдан эҳтиёт бўлишлари, агар бошқа илм аҳллари бўлса, масала айтишни уларга ҳавола қилишлари марғубдир.
Абу Ҳафс Нишопурий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳақиқий олим шундай бўладики, бирор масала айтаётганда жуда қўрқади. Ҳар бир фатво айтаётганида, “бу айтган гапимга  қиёмат кунида қандай жавоб бераман”, деган андиша билан сўзлайди".
Баъзи уламолар айтадилар: “Саҳобалар розияллоҳу анҳум қуйидаги тўрт нарсадан жуда эҳтимом билан сақланардилар:
1. Имомликка ўтиш;
2. Васийлик қилиш;
3. Омонат сақлаш;
4. Фатво бериш.
Улар асосан қуйидаги беш нарса:
1. Қуръон каримни тиловат қилиш;
2. Масжидларни обод қилиш;
3. Аллоҳ таолонинг зикр қилиш;
4. Яхши сўзлар ила насиҳат қилиш;
5. Ёмон сўзлардан тийилиш билан машғул бўлишар эди”.
Ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Баъзи одамлар шундай тез фатво бериб қўядиларки, агар шу масала Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳавола қилинганида эди, Бадр аҳлидан бўлган буюк саҳобаларни йиғиб, улар билан машварат қилиб, кейин жавоб айтган бўлар эдилар”.
Қадри улуғ саҳобийлардан, Пайғамбар алайҳиссалом хонадонларида ўн икки йил хизматда бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бирор масала сўралса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга (машҳур фақиҳ ва сўфий тобеъин) жўнатар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан масала сўралса (у зот машҳур саҳобий ва раисул муфассирийндир) Жобир ибн Язид розияллоҳу анҳуга (фатво берувчи тобеъин) жўнатар эдилар. Ҳазрат Абдуллоҳ бин Амр (машҳур фақиҳ саҳоба) розияллоҳу анҳудан бирор масъала сўралса, Ибн Мусайяб розияллоҳу анҳуга (тобеъин) ҳавола қилардилар.

Еттинчи аломат: Олим ботиний илмга, яъни, сулукка жуда эҳтимом билан жидду жаҳд қилсин.
Охират уламоларининг еттинчи аломати сулукка, яъни, ботинини ва қалбини поклашга қаттиқ киришсин. У ўз қалбини ва ички дунёсини ислоҳ қилишга ҳаракат қилса, бу нарса унинг зоҳирий илмлари тараққий этишига ҳам васила бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўз илмига амал қилса, Аллоҳ таоло унга ўқиш ва ёзиш воситасисиз ҳам илм беради”. Яъни, бундай илм илми Раббоний дейилади.
Аввалги анбиёларнинг китобларида келади: “Эй Бани Исроил! Сиз илм осмоннинг устида, уни олиш учун ким у ерга чиқарди, ёки илм ернинг илдизида, ким ҳам уни юзага олиб чиқарди, ёки илм денгизнинг нариги қирғоғида, у ёққа ким ҳам ўтиб уни олиб келарди деманг. Балки илм қалбингиз ичрадир. Сиз руҳоний ҳаётингизни одоб билан сиддиқларнинг ахлоқига мувофиқ қилинг. Шунда қалбингизда илм зоҳир бўлганини кўрасиз ва илм сизни қамраб, ўраб олганини ҳис қиласиз”.
Тажрибалардан шу нарсага гувоҳ бўлдикки, Аллоҳ таоло аҳлуллоҳларга шундай илму маърифатни ато қиладики, уни китоблардан топа олмайсиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан қудусий ҳадисда марҳамат қилади: “Менга бирор бандам фарз амалларни адо этганчалик маҳбуб бўла олмайди. (Яъни, ҳеч бир амал билан банда намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа фарз амалларни адо қилиб, Аллоҳга муқарраб бўлганчалик яқин ва севимли бўла олмайди). Бундан кейин қайси банда нафл ибодатни адо қилса у ҳам менга яқин ва суюкли бўлади. Бу маҳбублик охир оқибат шу даражага етадики,  натижада Мен бандамни яхши кўриб қоламан. Мен кимни яхши кўриб қолсам, ўша бандамнинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Яъни унинг юриш туриши, кўриши, эшитиши Менинг розилигимга мувофиқ бўлади. Агар у бандам Мендан бирор нарса сўраса, тўла тўкис қилиб бераман. Агар Мендан бирор нарсадан паноҳ сўраса, унга паноҳ бераман”. 
Баъзи ҳадисларда қуйидаги мазмундаги жумла келади: “Кимки Менинг валийларимдан бирортасини душман тутса, у Менга қарши жанг эълон қилибди”. Чунки Аллоҳнинг авлиёлари руҳан ва тафаккур жиҳатидан Аллоҳга яқиндирлар. Қуръони карим илмларининг дақиқ жойлари ва сир асрорлари уларга равшан бўлади. Чунки, бундай инсонлар Аллоҳ таолонинг зикру фикри билан ҳар вақт машғул бўлишади. Ҳар бир шахсга амали ва сайъ ҳаракатига яраша тавфиқдан насиба берилади.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир узун ҳадисда охират уламоларининг васфи келади. Ушбу ҳадис Ибн Қаййумнинг “Мифтаҳу даруссаъадаҳ” китобида ва Абу Наъиймнинг “Ҳиля” китобларида келган. Шу ҳадисда айтилишича: “Қалб худди идиш кабидир. Қалбларнинг энг яхшиси яхшиликларни ўзида кўпроқ жамлаганидир. Илм жамлаш мол жамлашдан кўра яхшироқ. Илм сени ҳимоя қилади, молни эса сен ҳимоя қиласан. Илм сарфлаган саринг кўпаяди, мол эса сарфлаганинг сари камайиб бораверади. Молнинг фойдаси уни сарфлашинг билан тугаб қолади. Лекин илмнинг фойдаси ҳамиша боқийдир. Ҳатто, бир олим бу дунёдан ўтганидан кейин ҳам унинг ваъзлари, ёзган китоблари орқали унга узлуксиз равишда ажру савоб етиб туради”.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир чуқур хўрсиниб айтдилар: “Менинг кўксимда илм бор. Кошки унинг аҳллари бўлсайди, уларга берсам. Лекин мен дин илмларини дунё топишга сарфлаётганларни кўряпман. Яна шундай инсонларни кўряпманки, улар лаззатлар ичра шўнғиб, шаҳватлар занжирига ўралашиб қолдилар ёки мол тўплашнинг ортидан югуриб кетдилар”. Хуллас, ушбу узун ҳадисдан баъзи қисмларини бу ерда зикр қилиб ўтдик.

Саккизинчи аломат: Олимнинг яқийн илми ва Аллоҳ таолога бўлган иймони мустаҳкам бўлсин.
Охират уламоларининг саккизинчи аломати ундаги яқийн илми ва Аллоҳ таолога бўлган иймон-ишончи кучли бўлиши учун бутун вужуди билан ҳаракат қилмоғидир. Яқийн  роъсул мол, яъни дастмоя, деганидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яқийн бу тўлиқ иймондир”, дедилар. Яна: “Яқийнни ўрганинглар”, деганлар. Яъни яқийн аҳллари билан бирга ўтиришни одат қилинглар. Уларнинг баракасидан сизларда ҳам яқийн бобида етуклик пайдо бўлади. У билан банданинг Аллоҳ таолонинг қудрати ва комил сифатларига бўлган иймон ишончи  худди қуёшнинг ва ойнинг борлигига иймони комил бўлгани каби мустаҳкам бўлади. Бу яқинлик натижасида  унинг қалбида ҳар бир ишни қилувчи фақат биргина пок Зот борлиг, дунёдаги ҳамма сабаблар унинг иродасигагина бўйинсундирилган, деган эътиқод шаклланади. Қачонки, банданинг қалбида таваккул, ризо, таслим хислатлари шаклланса, унда яқийн пайдо бўлади ва шу нарса ундаги ризқ масаласини фақатгина Аллоҳнинг ўзигина зиммасига олгани, унинг бандасига тақсим қилган ризқи ҳар қандай ҳолатда ҳам албатта етиши, тақсим қилмагани эса банда ҳар қанча уринса ҳам хеч қачон етмаслигига, ишонч бўлади. Бу эътиқод банданинг ризқ талабида мўътадиллигига сабаб бўлади. Эга бўла олмаган нарсасига ранж алам чекиш, хирс, таъмагирлик унинг қалбини тарк этади. Инсондаги яқийн шуни тақозо қиладики, Аллоҳ таоло бандадан содир бўлган ҳар бир яхшилик ва  ёмонликни кўриб туради. Зарра миқдорича яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳ таолонинг илмидан ташқарида эмас. Уларнинг эвазига бандага мукофот ёки жазо албатта етади. Яхшиликка савоб етишига худди кишининг қорни очганда нон егач, тўйишига ишонганидек, ёмонликка азоб берилишига худди илон чаққандан сўнг заҳри баданга ёйилишига ишонганидек яқийн комил иймон келтиради. Натижада банда эзгу амалларга оч қолган одам лаззатли таомларга харис бўлганидек мойил бўлиб қолади ва ёмон амаллардан эса илон ва чаёндан узоқ бўлишга интилганидек қочади. Шундагина банда бор имконини фақат яхшиликни қўлга киритиш учун ва ёмонликлардан узоқ бўлиш учун ишлатадиган бўлиб қолади.

Тўққизинчи аломат: Олимнинг ҳар бир ҳаракати ва сукунати Аллоҳдан бўлган қўрқинчини ифодалаб турсин.
Охират олимлариннг тўққизинчи аломати шуки, унинг ҳар бир ҳаракоту саканотида Аллоҳ таолодан бўлган қўрқинчи билиниб турсин.  Роббисининг азамати, жалолати ва ҳайбатининг асари банданинг ҳар бир ишида зоҳир бўлсин. Унинг либоси ҳам, одатлари ҳам, сўзлаши ҳам, сукути ҳам, ҳаттоки ҳаракатланиши ёки сакинати ҳам Роббисидан бўлган хавфни ўзида акс эттириб турсин. Унинг сурати шундайки, банда ҳамиша Роббисининг ёди билан машғул бўлади. Унинг табиатини хотиржамлик, тавозеъ, виқор эгаллайди. Беҳуда, бекорчи, такаллуфга қоришган гаплардан узоқ бўлади. Чунки бундай гаплар фахрланиш ва кибр аломатларидандир ва Аллоҳ таолодан хавф қилмасликка далилдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Илм ўрганинг, илмни сокинлик ва виқор билан ўрганинг! Илм қаршисида ниҳоятда товозеъли бўлинг! Жабр ва зулм қилувчилардан бўлманг!”
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг яхшилари жамоатнинг ичида бўлганларида Аллоҳнинг неъматлари ва раҳматини зикр қилиб, хушнуд бўладиганлари ва ўзи ёлғиз қолганида Аллоҳнинг азобидан қўрқиб кўп йиғлайдиганларидир. Ундай одамнинг жисми замин узра бўлса ҳам, қалби осмон билан боғланган бўлади”.

Ўнинчи аломат: Олим амалларга тааллуқли бўлган масалаларга жуда эътиборли бўлсин.
Охират уламолариннг ўнинчи аломати шуки,  амалларга тегишли бўлган масалаларга жуда эътиборли бўлсин (жоиз ножоиз амаллар, фалон амални қилиш зарур, фалон амалдан сақланиш зарур, фалон нарса бу амални зоеъ қилиб қўяди, масалан фалон нарса намозни бузади, мисвок ишлатишда фалон фалон фазилатлар бор ва ҳоказолар каби). Бундай масалаларда кўп баҳс қилмасин, акс ҳолда олимнинг табиатида риё, кибр, димоғдорлик каби иллатлар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Натижади унинг фикрига, “мени одамлар фақиҳ, ҳаким ва файласуф деб ўйласинлар”, деган ҳаёллар келиб қолиши мумкин.
 Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши сўради: “Амалларнинг энг яхшиси қайси?”  Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ножоиз ишлардан сақланмоғинг ва тилинг ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан нам бўлиб турмоғидир”.
Яна бир киши сўради: “Дўстларнинг энг яхшиси қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар яхши амалдан ғафлатда қолсанг, сенга танбеҳ берадиган ва агар яхши амал ёдингда бўлса, у ишда сенга ёрдам берадиганидир”.
Бошқа бир киши сўради: “Дўстларнинг энг ёмони қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар яхши амалдан ғафлатда қолсанг, сенга танбеҳ бермайдиган ва агар яхши амал ёдингда бўлса, у ишда сенга ёрдам бермайдиганидир”.
Бир киши сўради: “Олимларнинг энг яхшиси қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Олимларнинг энг яхшиси Аллоҳдан энг кўп қўрққувчироғидир”.
Яна бир киши сўради: “Орамизда энг юқори мақомда турадиган киши ким?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолони ёд этадиган кишидир”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Охират куни энг ғам ташвишсиз бўладиганларингиз дунёда охиратнинг ғамини кўп чекканларингиздир. Охират куни энг кўп куладиганларингиз дунёда (охират азобидан қўрқиб) кўп йиғлаганларингиздир”.

Ўн биринчи аломат: Олим илм ҳосил қилиши мобайнида барча нарсага басират кўзи билан қараш малакасини ҳосил қилсин.
Охират олимларининг ўн биринчи аломати ўз илмида басират кўзи билан қарашга одатлансин. Ҳеч қандай далилсиз фақат инсонларнинг қилаётган амалларига ва гап сўзларига тақлидан амал қилмасин. Балки, ҳар бир амалнинг ҳақиқатини илм билан далилларга асосланган ҳолда амалга жорий қилсин. Ҳақиқий иттибоъ (эргашиш), тақлид қилиш Пайғамбар алайҳиссаломга ва ул зотнинг ҳузурларида бўлиб, амалларига кўзлари билан гувоҳ бўлган ва ҳадисларини қулоқлари билан эшитган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларгадир. Ҳар бир қилаётган амали ва гапираётган сўзларида, “менинг ушбу сўзим ёки амалим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига ёки феълларига мувофиқми ёки хилофми”, деб ўзини ҳамиша юксак эҳтимом билан тафтиш қилиб борсин.

Ўн иккинчи аломат: Олим бидъатлардан қаттиқ сақлансин.
Охират олимларининг ўн иккинчи аломати бидъат амаллардан қаттиқ сақлансин.  Кўпчилик одамлар умумий равишда қилаётган ишларнинг ҳаммаси ҳам тўғри, мўътабар ва савобли амал бўлавермайди. Балки, асл эргашиш ва тақлид қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган, ҳар бир ҳаракоту саканотларини ўз кўзлари билан кўрган, сўзларини ўз қулоқлари билан эшитган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларгадир. Бунинг учун инсон ўша улуғ зотларнинг амалларини, ҳаётий ҳолатларини ўрганиб, намуна олиб, ўз ҳаёт тарзига айлантиришга ҳаракат қилмоқлари лозим.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Икки тоифа инсон бидъатчидир. Улар исломда икки хил сабабга кўра бидъатни пайдо қиладилар. Уларнинг бири диний билимсизлиги туфайли асоссиз баъзи нарсаларни диндан деб тушунади. “Бас дин шудир, нажот шундадир”, деб эътиқод қилади. Амалларини ана шу эътиқодига мувофиқ бажаради.
Иккинчи тоифа бидъатчилар қилаётган амали бидъат эканини, диндан эмаслигини очиқ билади. Аммо улар дунёга сажда қилувчи ёки дунё тўплашни ҳаётларининг асосий мақсади қилиб олган кишилардир. Улар дунёси кўпайса хурсанд бўладилар. Агар дунёси қўлдан кетса хафа бўлади.лар Динни ҳам ўз нафсларига мувофиқ ўзгартириб, ўз манфаатларига йўлида бидъату хурофотларга тўлдириб ташлайдилар”.
Бу икки тоифа одамлар жаҳаннам учун ёқилғидирлар. Аллоҳ таоло бизларни бу икки тоифа бидъатчилардан бўлиб қолишдан ва уларга тобеъ бўлиб адашиб қолишдан сақласин.
Бунинг йўли энг аввало улуғ уламоларга эргашиш, уларнинг тутган йўлларини, мазҳабларини тутиш, айтганларини маҳкам ушлаш билан бўлади. Бу ишда инша Аллоҳ буюк ажр бордир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар ҳозир нафсий хоҳишлар илмга тобеъ бўлган замонда яшаяпсиз. Яқинда шундай замон келадики, у вақтда илм ҳавойи хоҳишларга тобеъ бўлади”. Яъни қайси нарсага нафслари мойил бўлса, динда унга мувофиқ бир ҳукм яратадилар.
Улуғларимиздан баъзилари айтадилар: “Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар замонасида шайтон ўз лашкарини тўрт томонга жўнатарди. Кечга бориб улар битта-битта бўлиб, ғамга ботиб, ҳориб чарчаб қайтиб келишарди. Шайтон улардан: “Бу қандай ҳол?”, деб сўраса, улар: “Одамлар бизни жуда паришон қилдилар. Биз уларга мутлақо ўз таъсиримизни ўтказа олмаяпмиз. Улар сабабли биз ниҳоятда машаққатга дучор бўлдик” дердилар. Шунда: “Қўрқманглар, ҳозир уларнинг орасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бор. Улар унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб турибдилар. Ҳозир  уларга таъсир ўтказишингиз мушкул. Яқинда шундай инсонлар келадики, улар устида сизнинг мақсадингиз тўлиқ ҳосил бўлади”.
Сўнгра тобеъинлар замони келди. У даврда ҳам шайтон лашкарларини ҳар тарафга инсонларни алдаб, васваса қилиб, бахтсиз қилиш учун юборди. Ўшанда ҳам улар хафа ҳолатда ноумид қайтдилар. У яна: “Бу қандай ҳол?”, деб сўради. Улар айтишди: “Бу инсонлар ҳам бизни роса диққат қилишди. Бу инсонлар шундай ажиб эканларки, биз не машаққатлар билан уларни васваса қилиб озгина гуноҳ қилдирамиз. Шом вақти киргач эса, улар шундай тавба қиладиларки, натижада кун бўйи қилган гуноҳлари йўқ бўлиб, барча ҳаракатларимиз барбод бўлиб кетяпти”. Шайтон айтади: “Хафа бўлманг, яқинда шундай инсонлар келадики, улар сиз учун кўз қувончи бўлишади. Улар ўз нафсларининг хоҳишларини дин, деб ушлаб олишади. Улар бу иллатга  шундай гирифтор бўладиларки, уларнинг тавба қилишлари учун тавфиқ ҳам насиб бўлмайди. Улар баднафслари истакларидан ўзлари учун дин ясаб олишади”. Шундай замонлар ҳам келди, ораларимизда шундай инсонлар ҳам пайдо бўлдилар. Шайтон уларнинг қалбларига шундай бидъатларни илҳом қилдики, натижада уларга тавба қилишлари учун тавфиқ ҳам насиб бўлмай қолди.
Ушбу ўн икки аломат китобимизда мухтасар тарзда зикр қилинди.  Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ тўлиқ баён қилган эдилар. Аллоҳ таолодан, охират кунининг шиддатидан уламоларнинг қўрқинчлари омма халқникига нисбатан ўзига хос тарзда  кучлироқ бўлмоғи лозим. Чунки уларнинг ҳисоблари қаттиқроқ бўлади. Уларнинг зиммаларига буюк омонат юкланган. Аллоҳ таоло фақат ўзининг фазли карами билан уларни ҳисоб кунининг оғирлиги ва шиддатидан асрасин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: يَا ابْنَ آدَمَ تَفَرَّغْ لِعِبَادَتِي أَمْلَأْ صَدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ وَإِلَّا تَفْعَلْ مَلَأْتُ يَدَيْكَ شُغْلًا وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِي
Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй, одам боласи, қалбингни менинг ибодатим учун бўш қил, кўксингни бойлик билан тўлдираман ва сендан фақирликни кетказаман. Агар шундай қилмасанг, қўлингни машғуллик билан банд қилиб қўяман ва сендан фақирликни зойил қилмайман”. (Термизий ривояти).

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг “Охират уламоларининг аломатлари” китобидан
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Алий” жоме масжиди имоми ноиби Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase