close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аъроф сураси, 175-176

  • Чоршанба, Окт 03 2018
  • Муаллиф  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 175. Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер!

Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада:
«оятларимизни берганимизда», дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, у одамга Аллоҳ таоло диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у У зот оятларидан ўзини олиб қочган, яъни, илмига амал қилмаган. Шу туфайли,
«уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган».
Аллоҳнинг йўлида юрмаган, унинг оятларига амал қилмаган одамни, албатта, шайтон ўз измига солади ва иғвосига учиради. Шайтоннинг иғвосига учраган диний илмли шахс эса, шайтондан баттар бўлиб қолади. Фақат унинг ўзи Аллоҳ оятларидан қочиб қолмай, ўзгаларни ҳам қочиради, авом халққа катта салбий таъсир кўрсатади. Илмига амал қилмаган, Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочиб, шайтонга эргашганлар ер юзида лак-лакдир. Улар Исломни аввало ўз шахсларида емирадилар. Салла-чопонга бурканиб, на намоз ўқийдилар ва на рўза тутадилар. Гуноҳ ишларни эса, тап тортмай қилаверадилар. Одамларга ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб фатво берадилар. Айниқса, Аллоҳнинг эмас, ҳукмдорларнинг розилигини топиш учун уларнинг итялоғидан ҳам қайтмайдилар. Бундай шахслардан нобакор ҳокимлар Исломга қарши устамонлик билан фойдаландилар.
Шу тоифа илмига амал қилмаганларга кейинги оятда қуйидаги баҳо берилган:

176. Агар хоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшар, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.
Диний илмдан хабардор бўла туриб, унга амал қилмаганларнинг таърифи Қуръони Каримнинг ажойиб услубига хос тарзда ифодаланмоқда. Аслини олганда, диний илм Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан неъматдир. Бу илм ўша одамни, агар у ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтариши муқаррар.
«Агар хоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик».
Яъни, агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «ўша оятлар»- диний илмлар билан мартабасини кўтарар эдик. Илмига амал қилганида, инсон етиши мумкин бўлган энг юқори мартабага эришар, Пайғамбарларнинг меросхўри бўлар эди.
«Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди».
Юксалишини хоҳламади, билган илмини оёқости қилди. Ҳавои нафси ароқ ич, деса, ароқ ичди; ҳаром е, деса, ҳаром еди; ёлғон гапир, деса, ёлғон гапирди; нотўғри фатво бер, деса, нотўғри фатво берди; ҳукмдорнинг кўнгли нимани тусаса, шариатнинг оёқ-қўлини боғлаб келтирди. Бу дунёнинг чирияжак матоҳини деб ерга қапишди. Молу дунё, деди. Амал-мансаб, деди. Каттаконларнинг кўнгли, деди. Аллоҳнинг эмас, уларнинг розичилиги, деди. Ҳавои нафсининг гапига кирди. Охири бориб, ахлат уюми оралаб, тилини осилтириб юрган итга ўхшаб қолди.
«Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир».
Нима қилиб бўлса ҳам, ташланган ахлатни титиб еса бўлди.
«Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир», дейди Аллоҳ таоло оятнинг давомида.
Оятларни таълим олиб ўрганган одам, билиб туриб уларга амал қилмаса, уларни ёлғонга чиқарган бўлади. Агар уларни рост деса, амал қилиш керак эди.
Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар», дейди.
Чунки ушбу оятлар тушаётган пайтдаги қавмларга ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Ўз оятларини нозил қилаётган эди. Улар мазкур қиссани тингласалар, Қуръон оятларидан ўзларини четга олмасликларига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳол улардан кейин келадиган авлодларга ҳам то қиёмат лаҳзаларигача тааллуқлидир.

Шайх Муҳаммад  Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Тафсири Ҳилол"дан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase