close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Носибийлар ҳақида

Билингки, носибийлар - хорижийлардир ва ҳарурийлар деб ҳам номланади. Чунки улар Алига (розияллоҳу анҳу) Ҳаруро деган жойда қарши чиқдилар. Улар Алига (розияллоҳу анҳу) куфр билан гувоҳлик берадилар.

Билингки, носибийлар - хорижийлардир ва ҳарурийлар деб ҳам номланади. Чунки улар Алига (розияллоҳу анҳу) Ҳаруро деган жойда қарши чиқдилар. Улар Алига (розияллоҳу анҳу) куфр билан гувоҳлик берадилар. Ким Алига (розияллоҳу анҳу) куфр билан гувоҳлик берса, унинг ўзи кофир бўлади. Баъзилари айтади: “Биз Абу Бакр ва Умардан (розияллоҳу анҳумо) бошқа мўминни кофирдан ажрата олмаймиз. Биз умматдан бирон кишига мўмин ёки кофир деб гувоҳлик бермаймиз, балки барчалари мунофиқлардир”. Уларнинг бу сўзи куфр. Баъзилари айтади: “Имон номаълум, инсонлар имонни билмайди. Уларнинг барчаси мўмин эмас”. Бу куфр. Баъзилари айтади: “Мусулмонлар ва мўминлардан бирортаси жиҳодни тарк этиши жоиз эмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ камбағал, хоҳ бой бўлсин. Ким жиҳодни тарк қилса, кофир бўлади”. Бу куфр.
Баъзилари айтади: “Бирор кишига закот бериш жоиз эмас. Чунки фисқ ва мункар ишлар пайдо бўлди. Кофирни мўминдан ажратолмаймиз”. Бу куфр. Баъзилари айтади: “Аёллар райҳонлар каби бўлиб, ҳар бир кишига уларни ҳидлаши, никоҳсиз ва мулксиз уларни ватий қилиши жоиз”. Бу куфр. Баъзилари айтади: “Бирор кишидан ҳукм талаб қилиш жоиз эмас. Чунки ҳукм қилиш Аллоҳ таолонинг ҳақи, ким бирор кишидан ҳукм қилишни талаб қилса, кофир бўлади”. Улар айтади: “Али (розияллоҳу анҳу) Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ҳакам бўлишни талаб қилди ва Аллоҳга кофир бўлди”. Бу куфр.
Баъзилари айтади: “Имом ва халифа ҳақиқий эмас. Амирлар ва қозиларни тайинлаш жоиз эмас. Ҳукм, жума ва жамоат жоиз эмас. Чунки кофирни мўминдан фарқлаб бўлмайди ва имомат аҳлини ҳам танимаймиз”. Бу куфр. Баъзилари айтади: “Саҳобалар (розияллоҳу анҳум) ўзаро ихтилоф қилиб, бир-бирларига қарши чиқдилар. Бизга иш ноаниқ бўлиб қолди. Биз ҳақни ноҳақдан фарқлаб олмаганимиздан бунда тўхтаб турамиз. Ҳеч биридан юз ўгирмаймиз ва бирортасини дўст тутмаймиз”. Бу куфр. Чунки улар бу борадаги ижмодан ташқарига чиқиб, ўзларига бошлиқни зарур деб билмадилар. Шунингдек, улар амирликни даъво қилган кишига қарши чиқишни жоиз, дейдилар. Шунингдек, айтадилар: “Мўмин қачон кичик ёки катта гуноҳ иш қилса, кофир бўлади”. Бу куфр. Шунингдек, мўмин гуноҳни хоҳласа ва қасд қилса, кофир бўлади, дейдилар. Бу ҳам куфр. Бу сўзлари куфрдир. Чунки бу нассни инкор қилиш ва ижмодан ташқарига чиқишдир.
Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: У зот айтди: “Мен тўғримда икки тоифа киши, яъни ҳаддан ошиқ яхши кўрувчи ва ёмон кўрувчи ҳалок бўлди”. Ривоят қилинишича, Усмон ва Али (розияллоҳу анҳумо) биргаликда масжидга кирдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Иккови мана шундай ҳолатда жаннатга киради. Ким икковини яхши кўрса, бас, у мўминдир. Ким иккисини ёмон кўрса, бас, у кофир мунофиқдир”.
Бу тоифанинг баъзи сўзлари бидъат ва динда янгилик бўлиб, куфрни вожиб этмайди. Жумладан, тирикларнинг дуолари ва садақалари маййитларга фойда бермайди, деган сўзлари. Шунингдек, ерга бавл қилиш жоиз эмас. Чунки ер бизга масжиддир, кўзага бавл қилиб, сувга тўкиб юбориш вожиб бўлади”, деган сўзлари. Баъзилари айтади: “Ўзаро бирга овқатланиш ва аралашиб юриш жоиз эмас. Чунки пок кишидан нажас кишини ажратиб бўлмайди”. Баъзилари айтади: “Жиҳод қилиш мумкин бўладиган бирор темир нарса билан васият қилиш шарт. Ким васият қилмаса, золим бўлади”.
Баъзилари айтади: “Бадандан чиқадиган ҳид (орқадан келадиган ел)нинг асари қолади. Шунинг учун иштонларда намоз ўқиш жоиз эмас. Чунки орқадан чиқадиган ел ва шунга ўхшаш нарсалар кийимда қолади”. Буларнинг барчаси бидъат бўлиб,тавба қилишни вожиб қилади, куфрни вожиб қилмайди.

Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” китобидан
таржимон “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase