close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳидоят ва залолат ҳақида

Аллоҳ таоло бандалар феълларининг холиқи экани собит бўлгач, бандаларда ҳидоят ва залолат феълини У зот яратгани маълум бўлади. Яъни, тўғри йўлга бошлаш ва адаштириш ҳам У зотдан вужудга келган.

Аллоҳ таоло бандалар феълларининг холиқи экани собит бўлгач, бандаларда ҳидоят ва залолат феълини У зот яратгани маълум бўлади. Яъни, тўғри йўлга бошлаш ва адаштириш ҳам У зотдан вужудга келган.
Муътазилийлар наздида Аллоҳ таоло бандалар феълларини яратиши жоиз бўлмагач, У зот ҳидоят феълини ҳам, залолат феълини ҳам яратмаган бўлади. Муътазилийлар айтишади: «Аллоҳ таолога нисбати бериладиган ҳидоят феълидан дин йўлини баён этиш маъноси ирода қилинади. Ундан ҳидоят феълини яратиш маъноси ирода қилинмайди. У зотга нисбат бериладиган адаштириш, оғдириш, ёрдамсиз ўз ҳолига ташлаб қўйиш, қалбларини муҳрлаш ва ўз ҳолига қўйиб бериш феълларидан уларнинг сабаблари ирода қилинади. Худди қуйидаги оятларда келгани каби: “Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйди”(Тавба сураси, 93-оят.) ва «Аллоҳуларни “мазах қилади” ва уларнинг шу ҳаддан ошганларича адашиб юришларига (маълум муддатгача) қўйиб беради»(Бақара сураси, 15-оят.). Қудрат ва асбоблар каби бандалар феълларининг сабаблари Аллоҳ таолодандир. Гоҳида феълларнинг нисбати мусаббибга (сабаб эгасига) берилади. Шунингдек, ҳидоят ва исмат (гуноҳсизлик)нинг нисбати ҳам шу йўсинда сабаб эгасига берилади».
Гоҳида муътазилийлар бу борада бундай дейди: (адаштириш, оғдириш, ёрдамсиз ўз ҳолига ташлаб қўйиш, қалбларини муҳрлаш ва кўйиб бериш каби) феълларнинг нисбати Аллоҳ таолога берилади. Худди нарсаларни шартларига нисбатини бергани каби. Яъни, шартлар топилган пайтда нарсалар вужудга келади. Чунки қийинчилик ва таклиф бўлмаганида, улардан бу маънолар вужудга келмасди. Таклиф вақтида улардан ушбу маънолар вужудга келади, кейин Аллоҳ таолодан улар борасида бирор-бир феъл бўлмаса-да, уларнинг нисбати У зотга берилади. Худди қуйидаги ояти каримада ҳидоят феълининг нисбати Қуръони каримга берилгани каби: “уларнинг имонларини янада зиёда қилди”(Оли Имрон сураси, 173-оят.) ва “ифлосликлари (куфрлари)га яна ифлослик (куфр) қўшилади”(Тавба сураси, 125-оят.).
Куйидаги ояти каримада адаштириш феълининг нисбати санамларга берилгани каби: “Эй Раббим! У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди”(Иброҳим сураси, 36-оят.).
Гоҳида муътазилийлар мазкур мавзуни куйидагича баён қилишади: “Юқоридаги салбий феълларнинг нисбати Аллоҳ таолога берилади. Чунки мазкур салбий феъллар Аллоҳ таоло пайдо қиладиган ҳолатлар ортидан содир бўлади. Натижада У зотнинг қудратини билишлари билан бирга кофирларга неъмат ато этиш ва муҳлат бериш каби ҳолатлар уларни мазкур салбий ишларга ундайди”.
Муътазилийлар эътиқодига кўра, ким жазолашга қодир бўлган зотга осийлик қилса, осийлик қилган кишига муҳлат бермайди, балки уни тезда жазолайди.
Шу ўринда муътазилийларга шундай эътироз билдирамиз: “Аллоҳ таоло кофирларни жазоламади, балки уларга муҳлат берди, муҳлат бериш билан кифояланмади. Ҳатто уларга неъматларини мўл-кўл қилиб берди ҳамда муруввати ва неъматларига эга ҳолда, уларни ўз ҳолига қўйди. Кофирлар бу нарсаларни Аллоҳ таоло уларнинг ишига розилигидан ва уларнинг мазҳабини яхши деб ҳисоблашидан, деб гумон қилдилар. Ҳатто буни Аллоҳ таоло бизга буюрган, деб даъво қилдилар. Яъни, «(Мушриклар) бирор фаҳш иш қилсалар: “Ота-боболаримизни шу (одат) узра топганмиз, уни бизга Аллоҳ (Ўзи) буюрган”, дейдилар»(Аъроф сураси, 28-оят.). Оқибатда бу кофирларни куфр эътиқоди тўғри эканига ҳужжат қилиб ушлашга ундагувчи бўлади. Натижада Аллоҳ таолога куфрнинг нисбати берилади, худди инсонлар дунёдаги гўзаллик ва шоду хуррамлик билан алданиб қолгани учун дунёга алдаш феълининг нисбати берилгани каби”.
Кўпинча муътазилийлар шундай дейди: “Аллоҳ таолога нисбати бериладиган ҳидоят феълидан охиратда яхши инсонларга жаннат йўлини кўрсатиб қўйиш маъноси ирода қилинади”. Бу таъвил Жуббоийдан ҳам нақл қилинган. Муътазилийлар яна шундай дейди: “Аллоҳ таолога нисбати бериладиган “адаштириш” феъли “залолат” феълини яратиш билан бўлмайди, балки уни адашган деб номлашдан иборат. “Азаллаҳу” жумласи “саммоҳу золлан (уни адашган деб номлади)” маъносида бўлади. Шоир Камитнинг қуйидаги шеъри ҳам шу маънода келган:
Бир тоифа инсонлар сизларни яхши кўрганим сабабли кофирга чиқардилар, бошқа бир тоифа инсонлар эса ёмон иш қилувчи ва гуноҳкорга чиқардилар.
Шоир Тарафа айтади: «Дўстим мени ёмон инсон деб айтмагунича, тонг отгунича ичиб чиқардим».
Муътазилийлар айтишади: “Азаллаҳу”-нинг маъноси “важадаҳу золлан (адашган ҳолатда топди)” “Абхалту фулонан ва аж-набтуҳу ай важадтаҳу бахилан ва жуббонан (уни бахил ва қўрқоқ ҳолатда топдим)”.
Биз юқорида Аллоҳ таоло бандалар феълларининг Яратувчиси эканига далил келтирганимизда, У зот ҳидоят феълини яратгани учун Ҳидоят қилувчи ва залолат феълини яратгани учун Музил (адаштирувчи) экани маълум бўлганди.
Муътазилийларнинг юқоридаги барча таъвилларини бекор қилувчи далил Аллоҳ таолонинг Пайғамбар (алайҳиссалом)га хитоб қилган ояти: “(Эй Муҳаммад!) Сизўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур”(Қасас сураси, 56-оят.). Агар ҳидоятдан мурод баён қилиш бўлса, Пайғамбар (алайҳиссалом) яхши кўрган кишисини ҳидоят қила оларди. Бу оятда баённинг ортида бошқа бир ҳидоят бор эканига далолат қилади. Бошқа ҳидоят эса биз айтган нарсадир. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди”(Анъом сураси, 125-оят.). Агар ҳидоятдан мурод даъват ва йўлни баён қилиш бўлганида “Кимни Аллоҳ таоло имонга чақирса ва унга дин йўлини баён қилса, унинг қалби кенг очилган бўлади”, деб айтиш лозим бўларди ҳамда Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ёлғон, ботил бўларди. Бу эса куфрдир. “Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб кўяди”(Анъом сураси, 125-оят.).
(Агар муътазилийларнинг сўзи тўғри бўлса) Аллоҳ таоло адашган деб номлаган ва адашган ҳолатда топган ҳар бир кишининг қалби тор ва сиқиқ бўлиши лозим. Аллоҳ таоло ҳар бир кофирга дин йўлини баён қилди, сўнг у мусулмон бўлмаса, Аллоҳ таоло уни адашган ҳолатда топади ва уни адашган деб номлайди, натижадаунинг қалби тор ва сиқиқ бўлиши лозим. Натижада Аллоҳ таоло ҳар бир кофирни ҳидоят қилгани (яъни, дин йўлини баён қилиб бергани) учун унинг қалби кенг бўлиши ва уни адаштиргани (яъни адашган деб номлагани) учун қалби сиқиқ ва тор бўлиши лозим. Бунда Аллоҳ таолони мумкин бўлмаган феъл билан васфлаш бор.
Шунингдек, Аллоҳ таоло махлуқотларни икки қисмга, бири қалби кенг, иккинчиси қалби тор бўлувчиларга тақсимлаши ҳам ботилдир. Буларнинг барчаси куфрдир.
Жуббоийнинг “ҳидоят” феълини охиратда жаннат йўлини кўрсатиш, деб таъвил қили-ши ботилдир. Чунки Аллоҳ таоло “...балки Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларни ҳидоятга йўллагай”(Бақара сураси, 272-оят.). Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига жаннат йўлини кўрсатмайди, балки имон билан вафот этган бандасига жаннат йўлини кўрсатади.
Муътазилийлар эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло имон билан вафот этган ва катта гуноҳ қилмаган ёки тавба қилган кишини жаннатга киритиши лозим. Агар жаннатга киритмаса, золим бўлади. Кофир бўлган ёки катта гуноҳ қилган ва тавба қилмасдан вафот этган кишини Аллоҳ таоло жаннатга киритиши жоиз эмас. Бунда Аллоҳ таолонинг машиати (хоҳиши) қаерда қолади? Аллоҳ таолонинг ҳидоятни ато этишида хоҳиши бор эканига қуйидаги ояти карима далолатдир:
“Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик”(Сажда сураси, 13-оят.). “Ҳидоят” феълини жаннат йўлини кўрсатиш маъносида қўллаш жоиз эмас.
Аллоҳ таоло: “Агар хоҳлаганда эди, ҳаммангизни ҳидоятга йўллаган бўлур эди”(Анъом сураси, 149-оят.) дея марҳамат қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло барча махлуқотни жаннатга бошламайди-ку. Агар Аллоҳ таоло мана шу ишни қилса, муътзилийлар наздида Аллоҳ таоло нодон бўлади.
Аллоҳ таоло “Лекин У, ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишиларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилур”(Нахд сураси, 93-оят.), деб марҳамат қилган. Бу оятдаги “ҳидоят” феълини жаннат йўлини кўрсатиш маъносидалигини тасаввур қилиб бўлмайди. Мана шу далиллар билан муътазилийларнинг “адаштириш феълидан адашган деб номлаш ёки уни адашган ҳолатда топиш”, деган сўзи ботил бўлади. Чунки бу маъноларни Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлаш тўғри эмас. Балки кимдан залолат феъли вужудга келса, у адашган деб номланади ва адашган ҳолатда топилади. Кимдан залолат феъли вужудга келмаса, адашган деб номланмайди ва шундай ҳолатда топилмайди. Бу худди Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисини қора деб номлайди ва бўйи новча ҳолатда топади, дейишга ўхшайди. Бу хатодир. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!
Муътазилийларнинг мазкур мавзудаги қарашларининг ботиллиги қуйидаги шаклда таҳқиқ қилинади: «Муътазилийлар ўзларининг қарашлари ботиллигини билади. Юқоридаги ояти карималардаги “ҳидоят” феълини биз айтган маънога буради. Оятдаги “хоҳиш”ни мажбурий хоҳиш маъносида тафсир қилишади. “Ҳидоят” феълининг маъноси биз айтган маънода бўлганида, оятдаги “хоҳиш”ни мажбурий хоҳиш маъносига буриш учун далил келтиришга эҳтиёж сезилади. “Ҳидоят” феъли дин йўлини баён қилиш, “адашган” деб номлаш, адашган ҳолатда топиш ва охиратда жаннат йўлини кўрсатиш маъносида эмас. Дарҳақиқат, биз юқорида оятлардаги “хоҳиш” калимасидан мажбурий хоҳиш маъносини ирода қилиш ботил эканини баён қилган эдик».
Салбий феълларнинг нисбати Аллоҳ таолога берилиши тўғрисидаги ояти карималар билан мазкур феъллар нисбатини сабаб, шарт ёки унга ундовчи ҳолат жиҳатидан муътазилийларнинг Аллоҳ таолога боғлаши бекор бўлади. Чунки бу маънолар барча инсонлар ҳақида умумийдир. Натижада муътазилийлар наздида ҳидоятдаги кишининг ҳидоят қилиниши ва залолатдаги кишининг залолатда юриши Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ бўлмайди. Булар Аллоҳ таоло хоҳишига боғлиқ бўлишининг бирор маъноси йўқ. Юқоридагилардан ишнинг моҳияти биз айтгандек экани маълум бўлади. Юқоридаги ояти карималар бизнинг сўзимиз саҳиҳлигини ва муътазилийлар сўзлари ботил эканини исботламоқда. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!
Ушбу масала бандалар феъллари махлуқлиги масаласининг айнан ўзи бўлгани учун у ҳақда баҳсни чўзиб ўтирмаймиз ва умматнинг салафлари келтирган нақлий ва ақлий далилларни зикр қилмаймиз.
Агар муътазилийлар Қуръони каримда келганидек “ҳидоят” ва “залолат” феълларининг нисбатини Аллоҳ таолога беришни қабул қилишганида ва дуализм тарафдорларининг шубҳаларини даф этишни аҳли ҳақдан ўрганишганида, ўзларига яхши бўларди. Ваҳоланки, Ҳаким зот қабиҳ иш қилмайди. Уларнинг шундай қилишлари дуализм тарафдорлари шубҳаларига ёпишиб олиб, уни Куръони каримга қонун қилишларидан кўра яхшироқ бўларди. Кейин муътазилийлар ўз шубҳаларига мувофиқ келмайдиган далилларни ёмон маъноларга бурдилар ва нотўғри таъвиллар қилдилар. Натижадаулар калималарни маъноларидан ўзгартириб, нассларни маъноларидан узоқлаштирдилар ҳамда рубубият ҳикматларини хаёлларидаги гумонларига тенглаштиришни қасд қилдилар. Ёрдамсиз ташлаб қўйилишдан Аллоҳ таолодан паноҳ беришини сўраймиз. Ундангина ёрдам сўралади ва Унгагина таваккал қилинади.

Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase