«Ёнбошлаб, таяниб ёки (суянган нарсаси) олиб ташланса, йиқилиб кетиши мумкин бўлган нарсага суяниб ухлаш тахоратни бузади». Чунки ётиб ухлаш бўғимларнинг бўшашишига сабаб бўлади. Бу ҳолатда бирор нарсанинг чиқиши тайиндир. Одатда собит бўлувчи нарса аниқ нарса кабидир. Ўтирмасдан, ёнбошлаб ётиш ҳушёрлик таянчини кетказади ва ёнбошлаб ётиш би-лан бадан тўлиқ бўшашади. Лекин ёнбошлаш уни йиқилишдан сақлаб туради. Йиқилишдан сақласа ҳам, таҳорати бузилади. Намозда ва ундан бошқа ўринларда тик туриб ухлаш, (масалан) қаъда, рукуъ ва сажда ҳолатида ухлаш таҳоратни бузмайди. Чунки бу ҳолда ўзини тутиб туриш ҳолати оз бўлса-да, мавжуд бўлади. Ушбу ўзини тутиш ҳолати бўлмаганида, албатта, йиқилар эди. Зикр қилинган турган, ўтирган, рукуъ ҳамда сажда қилган ўринларда бадан комил ҳолатда бўшашмайди. Бу борада далил - Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тик турган, ўтирган, рукуъ ёки сажда қилган ҳолда ухлаб қолган кишига таҳорат қилиш йўқ, таҳорат фақатгина ёнбошлаб ухлаб қолган киши учундир. Чунки ёнбошлаб ухлаган вақтда унинг бўғимлари бўшашади», деган сўзларидир.
Шарҳ: Таҳоратни бузувчи сабаблардан яна бири ёнбошлаб, таяниб, бир нарсага суяниб ухлашдир. «Ҳидоя»нинг матнида келган «таянган ҳолида» лафзи араб тилида ёнбошнинг бир қисмига таяниб ухлаш маъносини англатади.
«Иноя» китобининг соҳиби айтади: «Ёнбошнинг бир қисмига суяниб ухласа, уламолар иттифоқига кўра таҳорат бузилади. Олиб ташланса, йиқилиб кетадиган даражада бирор нарсага суяниб ухлаш ҳам таҳоратни бузади. Бу икки хил кўринишда бўлади:
Биринчиси: Агар орқаси ердан кўтарилган бўлса, билиттифоқ таҳорат бузилади. Агар бирор нарсага суяниб ухлаганда орқаси ерга тегиб турса, имом Таҳовий, имом Қудурий раҳимаҳуллоҳлар: «Таҳорат синади, чунки суянгани сабабли бўғимлар бўшашади», дейишади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бу ҳолда таҳорат синмаслиги ривоят қилинган. Чунки орқанинг ерга тегиб туриши ел чиқишига тўсқинлик қилади. Агар суяниб ухлаётган нарса олиб ташланса, йиқилиб кетмайдиган даражада ухласа, таҳорати синмайди.
Ёнбошлаб ухлаганда таҳорат синишининг асосий иллати бўғимларнинг бўшашишидир. Одатда бу ҳолатда ухлаганда ел чиқиш эҳтимоли катта. Зеро, қоидага кўра одатда содир бўладиган нарсага аниқ содир бўлганлик ҳукми берилади. Шундан келиб чиқиб, ён-бошлаб ухлаганда ел чиқди дейилади ва таҳорат синди, деб ҳукм қилинади. Уйқунинг ўзи таҳоратни синдирувчи эмас, лекин баъзи уламолар уйқунинг ўзи таҳоратни бузувчи, деганлар.
Иккинчиси: Икки ёнбошидан бирига таяниб ухлаш.
Намоздаги қиём, қаъда, рукуъ ҳамда сажда ҳолатларида ухлаб қолиш билан таҳорат синмайди. Бу ҳукм намозда бўлса ҳам, намоздан ташқарида бўлса ҳам, бир хил бўлади. Саҳиҳ ҳукм («Зоҳирур ривоя») мана шу. Бу масаланинг далили шуки, бундай ҳолларда маълум бир суратда ўзини тутиб туриш мумкин. Чунки агар тўлиқ ўзини тутиб туриш мумкин бўлмаганида, йиқилиб тушиши керак эди. Ииқилиб кетиш топилмагач, тўлиқ бўшашиш топилмайди ва таҳорат синмайди. Бу ҳукмнинг асл далили матнда баён қилинган ҳадисдир.
Абу Довуд ва Термизий раҳимаҳумуллоҳ ўз «Сунан»ларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят килинган қуйидаги ҳадисни келтирадилар:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сажда қилган ҳолда ухлаётганларини, ҳатто у зот хуррак отганлари ёки пуфлаганларини, сўнгра туриб, намозни давом эттирганларини кўради. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ухладингиз», дедим. У зот: «Таҳорат фақат ёнбошлаб ухлаган кишига вожиб бўлади, чунки киши ёнбошлаб ухласа, бўғимлари бўшашади», дедилар».
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан