Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан икки тоифа учун Исломда насиба йўқдир: муржиа ва қадария», дедилар (Имом Термизий ривоят килган ва бу ҳадис ғариб, деган).
Шарҳ: Аслида тақдир масаласида учта мазҳаб мавжуд: аҳли сунна вал жамоа, муржиа ва қадария.
Аҳли сунна вал жамоанинг қадар борасидаги эътиқоди шуки, қадарга иймон келтирмагунча инсон мўмин бўла олмайди. Бунга бир неча далиллар бор:
Биринчиси, Жаброил ҳадиси. Унда сўралган саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олти масалани баён қилдилар. Улар орасида қадар ҳам бор эди.
Иккинчиси, юқоридаги Алий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Унда ҳам иймонни юзага чиқарадиган тўрт нарса айтилди. Улардан бири қадар эди. Худди шунингдек, юқорида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ҳам ҳадис ривояти келган. Унда ҳам қадарга иймон келтириш қанчалик аҳамиятли экани баён қилинади. Бундан ташқари қадарга иймон келтириш борасида бир қанча далиллар бор. Шунга биноан аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида қадарга иймон келтириш лозимдир.
Қадарга иймон келтиришнинг иккита маноси мавжуд:
Биринчиси, «Вужудга келишидан олдин уларга тегишли бўлган азалий илм ва уларнинг Лавҳул Маҳфузда битиб қўйилишига эътиқод қилишдир». Оламдаги барча ҳодисалар. яхшию ёмон бўлган бандаларнинг феъллари азалдан Аллоҳ таолонинг илмида бўлган. Ана шу азалий илмига мувофиқ у нарсалар ўз вактида зоҳир бўлади.
Савол: Барча ишлар азалда Аллоҳ таолонинг илмида бўлса ва улар бирин-кетин зоҳир бўлишидан банда мажбур деган гап келиб чиқмайдими?
Жавоб: Инсон мажбур эмас. Чунки такдир зоҳир қилгувчи саналади, мажбурлагувчи эмас. Сабаби, инсонда ихтиёр ва қасд бўлади. Амалга ҳам зарурат бор. Бир нарсанинг илмидан маълум ҳам худди шундай бўлиши керак, деган гап келиб чиқмайди.
Савол: Сабабларни ихтиёр қилиш қадарга хилоф бўлмайдими?
Жавоб: Сабабларнинг ўзи ҳам қадар саналади. Мусаббаб муқаддар бўлгани каби, сабаблар ҳам муқаддар бўлган. Бир нарсани билиниши ўша нарсани вужудга келишини лозим тутгувчи бўлмайди. Одамлар қиладиган ишларнинг илми Аллоҳ таолонинг ҳузурида мавжуд. Илм маълумотга тобе бўлади. Аммо маълумот илмга тобе бўлмайди.
Фойда: Тақдирга иймон келтиришнинг энг катта фойдаси бу қалбнинг хотиржам бўлишидир. Бундан ташқари инсонда журъат. шижоат ва ботирлик пайдо бўлади.
Қазо ва қадарнинг фарқли жиҳатлари. Қазо ва қадар ўртасида маълум фарқ бўлиб, бу борада икки хил қавл бор:
Биринчи қавл, иккиси бир маънода, бири ўрнида иккинчиси ишлатилаверади. Иккиси суянадиган ўрин Аллоҳ таолонинг азалий илмидир.
Иккинчи қавл жумҳур уламоларнинг сўзи бўлиб, унга кўра, қазо ва қадар алоҳида-алоҳида маънога эга. Бу борада ҳам бир неча қавл зикр қилинган:
Биринчиси, қазо деб, куллий ҳукм, азалий ижмолийга айтилади. Қадар деб, куллий ҳукм азалийнинг жузлари ва тафсилотларига айтилади.
Иккинчиси, қазо деб азалий ҳукмга, қадар деб ана шу азалий ҳукмга мувофиқ нарсаларга, уларнинг зоҳир бўлишига айтилади. Зеро, ояти каримада «Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик» дейилган (Қамар сураси, 49-оят).
Учинчиси, иккинчи қавлнинг акси, яъни қадар азалий ҳукм, қазо эса унинг тафсилотидир. Чунончи, ояти каримада «Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди...» дея марҳамат қилинган (Фуссилат сураси, 12-оят).
Худди шунингдек, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг ҳадисида ҳам «Утган қадардан» деган лафз келди.
Савол: Калом илмида қазога рози бўлиш вожибдир, деган масала ўрганилади. Ваҳоланки, барча нарса қазонинг остига дохил бўлади. Ҳидоят ҳам, куфр ҳам, залолат ҳам. Бу билан куфрга ҳам рози бўлиш юзага келмайдими? Ахир куфрга рози бўлиш куфр эканига уламолар ижмо қилганлар. Шу эътибордан бу масалага қандай изоҳ бериш мумкин?
Жавоб: Бу ерда иккита ҳолат мавжуд:
Бири, куфрни қазо эканига рози бўлиш.
Иккинчиси, куфрни ўзига рози бўлиш.
Калом илмидаги қазога рози бўлиш куфрнинг ҳам қазодан бўлишига рози бўлишдир. Куфрнинг айни ўзига рози бўлиш эмас. Қазо алоҳида нарса, унга тааллуқли бўлган нарса алоҳида ҳисобланади.
Қадарга иймон келтиришнинг иккинчи мафхуми шуки, ҳар нарсанинг Холиқи Аллоҳ таоло, деб эътиқод қилишдир. Аклий муҳол нарсалар ундан мустасно. «Ҳар нарсани яратган» деганда бандаларнинг феълларини ҳам Аллоҳ таоло яратиши тушунилади. Улар яхши, ёмон, залолат, ҳидоят ва куфр бўлишидан қатъий назар. Барчасининг Холиқи Аллоҳ таолодир.
Савол: Куфр ва маъсиятларни ҳам Аллоҳ таоло яратган бўлса, у ҳолда уларга бериладиган жазо қандай тартиб топади?
Жавоб: Жазо ва сазонинг тартиб топиши бандаларнинг ўзлари турли ёмон ишларни касб қилганлари эътиборидан бўлади.
Такдир масаласидаги иккинчи мазҳаб муржиалар тоифаси бўлиб, уларнинг эътиқоди бўйича банда ўзининг феълларида тўлиқ мажбурий саналади. У борада унга бирор ихтиёр берилмайди. Яъни феълни бандага нисбатлаш гўёки қаттиқ жисмга феълни нисбатлаш кабидир. Уларга раддия ўларок аҳли сунна вал жамоа тарафидан қуйидаги эътирозий саволлар берилади:
Савол: Банданинг феълларида уларга ихтиёр берилмас экан, унда қандай қилиб унга жазо ва сазо берилади? Улар жавоб тарзида қуйидаги ояти каримани келтирадилар:
«Уни килган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар» (Анбиё сураси, 23-оят).
Яъни Аллоҳ таоло мутлақ Моликдир. Хоҳласа ҳисоб-китоб қилади, хоҳламаса ундай қилмайди. Жазо ва мукофот бериш Ўзининг ихтиёрида бўлади.
Бу тоифа вакиллари муржиа, жабария деб аталадилар. Сабаби, муржиа сўзи лафзидан олинган бўлиб, у «ортга суриш» маъносини англатади. Улар банда ўз ихтиёри билан амал қилиши ҳақидаги насс (далил)ларни ортга сурганлари сабаб шундай ном билан аталганлар. Аҳли ҳақнинг наздида бу тоифанинг гапи ақлан ҳам, нақлан ҳам, бадоҳатан ҳам, виждонан ҳам, ботилдир. Нақлан ботиллигига далил:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (Бақара сураси, 286-оят).
Бу оят бандада қасд ва ихтиёр мавжудлигини ифода этади. Яна бир оятда:
«Ва Аллоҳ хоҳласагина сизлар ҳам хоҳлайсизлар» (Инсон сураси, 30-оят).
Бу ерда ҳам хоҳиш бандаларга нисбат берилмоқда. Гарчи бу ихтиёр Аллоҳ таолонинг хоҳишига тобе бўлсада, бандада ҳам ихтиёр бор. Яна бир оятдан далил:
«Сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди» (Мулк сураси, 2-оят).
Бу оятда синов борлиги айтилди. Бандада касд ва ихтиёр бўлмаса, синовга ҳожат қолмаган бўларди.
Муржиаларнинг қарашларини бадоҳатан ҳам ботил ҳисобланади. Буни мисоли шуки, қўли қалтирайдиган одам билан калтирамайдиган одам ўртасида заруратан фарқ бор. Қўли калтирайдиган инсондаги ҳаракат ихтиёрсиз, қўли калтирамайдиган инсонда эса ихтиёрли.
Уларнинг қарашлари виждонан ҳам ботил. Сабаби, агар йўлда кетаётган бўлсангиз, беҳосдан коқиниб кетсангиз. кокинган нарсангизга ғазаб қилмайсиз. Чунки унда ихтиёр йўк. Аммо сизни бирор ерга итариб юборган одам билан жанжал киласиз. Сабаби унда ихтиёр бўлади.
Қадар масаласидаги учинчи мазҳаб қадарий тоифасидир. Уларнинг эътиқодига кўра, оламдаги барча нарса яхшию ёмон феъллар қазо ва қадарнинг натижаси эмас. Улар янгитдан пайдо бўлган ишдир. Иймон келтирган вақтда банда мўмин бўлади. Бу нарса унинг такдирида ёзиб қўйилмаган, дейдилар. Улар такдирни инкор қилиб, банда ўз феълини ўзи яратади, деган эътиқодни илгари сурадилар.
Савол: Улар қадарни инкор килсалар, нима учун қадария деб номланганлар? Аслида тақдирни исбот килгувчилар шу ном билан аталиши керак эмасми?
Биринчи жавоб: Улар қадар борасида шу даражада кўп баҳс ва мунозара қилганларки, натижада қадария номи уларга белги ва нишон бўлиб қолган.
Иккинчи жавоб: Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобида қуйидагиларни зикр қилган: «Наҳв қоидасига кўра, муштоқ исмнинг истеъмоли иштиқоқ манбаи у билан қоим бўлган зотга нисбатан бўлади. Масалан, урувчи муштоқ исм. У иштиқоқ манбаи «уриш» билан қоим бўлган зотга нисбатан қўлланилади. У урувчидир. Шу асосда олим деб илм эгасига айтилади. Шу сабабдан биз аҳли ҳақ қудратни ўзимиздан инкор қилиб, унинг нисбатини Аллоҳга берамиз. Бу қадария фирқаси эса, қудратни Аллоҳ таолодан инкор қилиб, ўзларига нисбат берадилар. Яъни қадардан мурод қудратдир. Шу сабаб улар қадария дея номландилар». Бундан келиб чиқадики, такдирни инкор қилгувчилар ўзлари учун мустақил қудратни исбот қилдилар. Такдирни исбот қилгувчилар эса ўзларидан қудратни инкор қиладилар.
Қадарияларнинг ўз қарашларига бир неча далиллари бор. Уларнинг айтишича, агар бандаларнинг феълини Аллоҳ таоло яратади дейилса, Аллоҳ таолога кабиҳликнинг нисбатини бериш лозим келиб қолади. Бу эса, ғирт беодоблик. Ўша қабиҳ ишни бандани ўзи яратди, дейиш керак дейдилар.
Бу қараш зоҳиран яхшидек туюлади. Аммо уларнинг йўллари тўғри эмас. Ахди сунна вал жамоа уламолари тарафидан уларга ҳам илзомий ва таҳқиқий тарзда жавоб берилади.
Илзомий жавоб шуки, бу ёмонликларнинг манбаи шайтондир. Ваҳоланки, сизлар ҳам шайтонни Аллоҳ таоло яратган дейсизлар. Бундай дейиш ҳам Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлмайдими? Бу саволга улар нима деб жавоб берсалар, аҳли ҳақнинг ҳам жавоби ўша бўлади.
Яна бир жавоб шуки, маъсият воситаларини ҳам Аллоҳ таоло яратган дейишади. Агар бу каби нарсаларни Аллоҳ таолога нисбатлаш беодоблик бўлса, нима учун ўзлари ҳам уларни Аллоҳ таоло яратган деб даъво қиладилар!?
Таҳқиқий жавоб шуки, банданинг феълида икки хил нарса бор: халқ (яратиш) ва касб. Банданинг феълини Аллоҳ таолога нисбатлаш халқ дейилади. Банданинг феълини банданинг қудратига нисбатлаш эса, касб дейилади. Бошқача айтганда, халқ бирор воситага муҳтож бўлмайди. Касб эса муҳтож бўлади.
Халқ қилиш ҳар ҳолатда хайрлидир. Бу яратилиш Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда ҳам ва Абу Жаҳлда ҳам топилади. Қабихнинг Яратгувчиси қабиҳ эмас. Бунинг мисоли шундайки, қуёшнинг нури боғдаги гулларга ҳам ва худди шунингдек, ахлатхонада ётган нажосат ва ахлатларга ҳам тушади. Бундан қуёш нурининг камолига бирор нуқсон етмайди. Қилич Абу Жаҳлни бўйнини кесса ҳам ёки бирор аҳли ҳақнинг бўйнини кесса ҳам унинг кескирлиги мақтайверилади. Шу сабаб халқ қилиш ҳар эътибордан хайрлидир. Зеро, махлуқнинг яхшилик ва ёмонлик билан сифатланишидан яратишнинг яхши ёки ёмонликка нисбатланиши лозим келмайди.
Касб борасида айтиладики, агар касб қилинган нарса яхшилик қабилида бўлса, касб ҳам яхши бўлади ва унга ажру савоб етади. Агар касб ёмонлик қабилида бўлса, унга ёмонлик ва жазо ёзилади.
Хулоса шуки, касб яқин иллат, халқ эса узоқ иллатдир. Қадарийлар яқин иллатни кўриб шу йўлга кирди. Узоқ иллатга назар солганлар жабарийлардан бўлди. Аҳли сунна вал жамоа уларнинг ўртасидадир. Гапнинг хулосаси шуки, ахди ҳақ қабиҳликнинг нисбати Аллоҳ таолога берилишдан беодоблик юзага келади, демайдилар. Чунки банданинг халқи (яратилиши) қабиҳ бўлишидан Холиқнинг қабиҳ бўлиши юзага келмайди. Фақат банданинг қабиҳлиги лозим бўлади, холос. Аллоҳ таолонинг яратиши ҳар эътибордан хайрли бўлади.
Савол: Қадарий ва Жабарийлар кофир дейиладими ёки йўқми?
Жавоб: Бу борада иккита қавл бор. Баъзи уламолар наздида такфирга нисбатланади. Жумҳур уламолар такфирга нисбатланмайди, дейдилар. Сабаби, улар ўзларини куфрдан сақлаш учун шу гапларни айтганлар.
Савол: Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Улар учун Исломда насиба йўқ», дедилар. Буни қандай тушунилади?
Биринчи жавоб: Ҳадисдаги насибадан мурод комил насибадир. Яъни насиба бор. Фақат комил насиба йўқ маъносида бўлади.
Иккинчи жавоб: Муболаға жиҳатига кўра зажр қилишга йўналтирилади.
Учинчи жавоб: Бу оҳод хабар. У билан бирор кишининг кофир бўлишига ҳукм қилинмайди.
Савол: Бу икки тоифа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида пайдо бўлмаган эди. Нима учун у зот буни олдиндан айтиб беряптилар?
Жавоб: Бу нарса ғайбдан хабар бериш бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий воситасида хабар берилган.
Савол: Бу икки фирқа қачон зоҳир бўлган?
Жавоб: Улар саҳобаи киромларнинг охирги замоналарида пайдо бўлганлар. Бир куни Каъбада ёнғин чиқади. Шунда бир киши «Бу қазо ва қадар натижаси» деб юборади. Мана шу ердан қазо ва қадар масаласи кўтарилган. У одамнинг исми Сусон бўлган. У кейинчалик такдирни инкор қилган. Кейин яна Абу Маъбад Жуҳаний деган инсон ҳам қадарни инкор қилгувчиларнинг етакчиларидан бўлган.
Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан