close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ширкнинг таърифи ва тақсимоти

Юқоридаги ҳадисларда бир неча марта «ширк» ва «ишрок» (ширк келтириш) сўзлари келди. Шунинг учун бу ерда ширкнинг таърифи ва унинг қисмлари ҳақида сўз юритган яхши.

Юқоридаги ҳадисларда бир неча марта «ширк» ва «ишрок» (ширк келтириш) сўзлари келди. Шунинг учун бу ерда ширкнинг таърифи ва унинг қисмлари ҳақида сўз юритган яхши. «Ширк» ва «ишрок» сўзлари луғатда «шерик келтириш» деган маънони ифода қилади. Истилохда ширк деб Аллоҳ таолонинг зотида ёки сифатида кимнидир Унга шерик қилишга айтилади. Маккаликлар ва мушриклар Аллоҳ таолонинг зотига ўзларининг бут-санамларини шерик қилишар эди. Улар Аллоҳ таолонинг зотий сифатларини бошқаларга ҳам нисбат беришиб, Аллоҳ таолодан ўзгасидан ғойибона хожатларини сўрашар, сажда қилишар, «улар ғайбни билади», деб эътиқод қилишар, маълум бир ибодатларда уларга сиғинишар эди. Ҳозирги кунда ҳам айрим бидъатчи мусулмонлар қабр тепаларида бундай қилишаётганига кўзингиз тушади. Муҳаққиқ олимлар ва муфассирлар ширкнинг қуйидаги тўрт қисмини баён қилганлар:

1. Илмда шерик қилиш. Аллоҳ таолонинг зотий сифати бўлмиш «илм»ни бошқасига нисбат бериб, «У ғайбни билади», дейиш.
2. Тасарруфда шерик қилиш. Аллоҳ таолодан ўзгага оламнинг тасарруфини исбот қилиш.
3. Дуода шерик қилиш. Аллоҳ таолодан бошқа кимдандир ғойибона хожатларини сўраш.
4. Феълда шерик қилиш. Аллоҳ таолодан ўзгасининг номи билан назр-ниёз қилиш. Аллоҳ таолодан ўзгасига шаръий ибодатлардан бирини бажо қилиш. Аллоҳ таолодан бошқа кимгадир нарсаларни ҳалол ва ҳаром қилиш ҳукмини бериш.

Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг ўғли Абдулқодир раҳматуллоҳи алайҳ: Бақара сурасининг 221-ояти тафсирида ширкка бундай таъриф берган: «Дастлаб, мусулмон ва кофирлар орасида ўзаро никоҳланишга рухсат берилган эди. Мазкур ояти карима билан бунга чек қўйилди. Эр-хотиндан бири ширк келтирса, никоҳ ботил бўлиши баён қилинди. Ширк - Аллоҳ таолонинг сифатини кимгадир нисбат бериш. Масалан, кимдир борасида «У барча нарсани билади», деб ёки «У нимани хоҳласа, уни қила олади», деб ёки «Бизга яхшилик ёки ёмонлик қилиш Унинг ихтиёрида», деб билиш. Аллоҳ таолонинг таъзимини бошқасига бажо қилиш ҳам ширк ҳисобланади. Масалан, кимгадир сажда қилиш ёки ундан хожатини сўраш каби.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase