Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.
Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида менга: «Инсонларни жим қилгин», деб бундай дедилар: «Мендан кейин бир-бирларингни бўйнига (қилич) урадиган кофир бўлиб кетманглар».
Шарҳ:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат билан видолашув ҳажида: «Кейинги йил сизлар билан учраша олмай қолишимиз мумкин», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хутбани қурбонлик куни Минода ўқиганлар. Хутба қилганларидан уч ой ўтиб, ҳижрий 11 йил 12 рабиъул аввалда вафот этганлар.
(истансит ан-наса) сўзидаги «син» ва «та» ҳарфлари муболаға учун бўлиб, аслида у (инсот) бобидан «жим қилиш» маъносида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мендан кейин», деган сўзлари орқали вафотларига ишора қилганлар. Пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида фитна бўлмаган. Вафот этганларидан кейин эса муртадлик фитналари ёйилиб кетган. Мусулмон бошқа бир мусулмонга қарши қурол кўтариши ҳам Пайғамбаримиз замоналарида бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин бу фитна ҳам бошланди ва ҳозиргача давом этмоқда.
(куффорун) сўзи (кафирун) сўзининг кўплиги бўлиб, «бир-бирларингни бўйнига (қилич) урадиган» деган гапнинг баёни. Яъни бирингиз иккинчингизнинг гарданига қилич уриб кофир бўлиб қолмасин.
Мусулмон мусулмонни ўлдириши гуноҳи кабира. Буни қандай қилиб кофир дея оламиз?! Аҳли сунна вал жамоа наздида бундай киши кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Мўътазилийлар ва хорижийлар наздида кофир ва икки манзил орасида бўлади.
Бундай саволларга юқорида бир хил жавоб бир неча бор такрор келтирилди. Китобхонлар малолланиб қолмаслиги учун уни яна такрор келтирмаймиз. Лекин Аллома Нававий амални иймоннинг таркибига киритиб, иймонни зиёда бўлишини исботлашдан чарчамади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо наздида бир киши қайсидир мусулмонни қасддан қатл қилса, у кофир бўлади. Масалан, бир киши бир мусулмонни ёки бир олимни қатл қилишни қасд қилиб, эътиқодимда уни ўлдириш менга мумкин деган ақийдаси бўлса, бундай киши кофир бўлади.
Кейинги ҳадисларда келадиган: «Ҳолингизга вой бўлсин. Шўрингиз қурисин» деб таржима қилинган гаплар аслида бир-бирига синоним. Бу гап таажжуб ва ҳамдардлик маъносида ишлатилади. Аслида араблар уни дуойи бад маъносида ишлатиш учун тузишган. Лекин таажжуб ва раҳм-шафқат маъносида ишлатилиб кетган. «Вайл» сўзида бироз шиддатли маъно, «вайҳ» сўзида эса юмшоқлик маъноси бор. Шунингдек, «вайл» сўзи ҳалокатга тушган кишига нисбатан ишлатилса, «вайҳ» сўзи ҳалокатга тушувчи инсонга нисбатан ишлатилади.
Ибн Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан юкоридаги ривоятнинг ўхшашини ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида: «Ҳолингизга вой бўлсин! - (ёки Шўрингиз қурисин!») Мендан кейин бир-бирларингни бўйнига (қилич) урадиган кофир бўлиб кетманглар», дедилар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. Бу Шуъбанинг Воқиддан қилган ривоятига ўхшайди.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан