Аллоҳ таолонинг муташобиҳ сифатларидан қай бирини уламолар араб тилидан бошқа тилда зикр қилишган бўлсалар, фақат уларни араб тилидан бошқа тилда айтиш (таржима қилиш) мумкин. Лекин Аллоҳ таолонинг “йад” сифатини арабчадан бошқа тилда айтиш (таржима қилиш) мумкин эмас. Ташбиҳсиз (ўхшашсиз) ва кайфиятсиз (қандайлиги билинмайдиган) сўзларини қўшиб, яъни “Аллоҳ таолонинг бирор нарсага ўхшамайдиган, қандайлиги билинмайдиган юзи учун”, дейиш мумкин.
Шарҳ: Важҳ (юз), айн (кўз) каби Аллоҳ таолонинг муташобиҳ (қандайлиги билинмайдиган) сифатларини уламолар турли луғатларда зикр этганларидек, бизлар ҳам зикр этишимиз, улар айтишгандай айтишимиз мумкин. Аммо мазкур сифатларни зикр қилганимизда албатта ташбиҳ ва кайфиятсиз (яъни бирор нарсага ўхшамаган, қандайлиги билинмайдиган) сўзларни қўшиб зикр қилишимиз лозим. Лекин Аллоҳ таолонинг “йад” сифатини Китоб ва Суннатда келганидай зикр қилмай, бошқа тилга таржима қилиб айтиш жоиз эмас. Чунки салафи солиҳлар Аллоҳ таолонинг “йад” сифатини таъвил (таржима) қилмасликка иттифоқ қилишган.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан