Намозда такбири таҳрима айтаётган пайтда қўл кўтариш суннат амаллардан. Лекин кўлни қаергача кўтариш ҳақида мазҳаблар ўртасида ихтилоф бор. Албатта, агар ҳамма ўз мазҳабига амал қилса, муаммо йўқ. Аммо минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келаётган юртда туғилиб-ўсган кишилар, ота-боболарининг мазҳабига хилоф қилишгани муам-мо келтириб чиқаради. Бир-иккита ҳадисларни билиб олиб, қолган хаммани, айниқса, қилаётган амалларига далил келтира олмайдиганларни бидъатчига чиқариб тураверадилар. Қуйида қўлни қулоққача кўтариш тўғрисидаги далиллар ва бошқаларнинг эътирозларига жавобларни келтирамиз.
Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима - "Аллоху акбар" лафзини айтиб намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади. Шу ўринда баъзи намозхонлар қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томонини Қиблага эмас, балки қулоқ томонга қаратадилар, яна баъзилар қулоқнинг юмшоқ жойини ушлаган ҳолда намозга киришадилар бу эса суннатга хилоф ҳолатдир.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Яъни: "Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни нскмозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим” - дедилар (Имом Муслим ривояти).
Яъни: "Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини кулоклари баробарига кўтарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: "Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш"дан мақсад - уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир", - деганлар. Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган:
Яъни: "Ҳадисдаги тенглаштиришдан мурод - икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқжойига теккизишади".
Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида "Дуррул Мухтор" китобида қуйидагилар айтилади:
Яъни: "Икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизиб такбир айтиш - ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди".
Хулоса қилиб айтганда, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.
Такбири таҳримада қўллар елка баробаригача кўтарилишига ҳанафийларнинг жавоби
Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган. Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар: совуқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг куйидаги ривоятлари далолат қилади:
Яъни: “Воил ибнҲужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ҳузурларига) борганимда У Зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайгамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини қўкрак баробаригача кўтардилар" (Имом Таҳовий ривояти).
Машхур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:
Яъни: "Демак, Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир. Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” ("Шарҳ маонил-осор" китоби).
Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди сабаби, барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради. Валлоху аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан