close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Рукудан аввал ва кейин қўл кўтариш

Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки учинчи ракатнинг қиёмига турганда қул кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар:

Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки учинчи ракатнинг қиёмига турганда қул кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар:
1. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар” - дедилар" (Имом Муслим ривоятлари).
2. "Осим ибн Кулайб отасидан, у Алҳамадан ривоят ҳилади:
“Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?" деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади" (Имом Термизий ривоятлари).
Бу борада имом Абу Жаъфар Таҳовий бир қанча ҳадисларни жамлаб рукуга боришда ва қайтишда қўл кўтармасликни қувватли эканини айтганлар.
3. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалги такбирда ҳўлларини кўтарардилар, кейин қайтармас эдилар". (Имом Таҳовий ривоятлари).
4. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз бошлаш учун такбир айтсалар қўлларини то икки бош бармоқлари қулоқ юмшоғи яқинига келгунича кўтарар эдиларда, кейин қайтармас эдилар" - дедилар (Имом Таҳовий ривоятлари).
5. Муғийра айтади: “Иброҳимга Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намоз бошлаганда, руку қилганда, рукудан бошини кўтарганда қўлларини кўтарганларини кўргани ҳақидаги ҳадисини айтган эдим, у “агар Воил (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни) шундай қилганини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ибн Масъуд ундай қилмаган [рукуга боришда ва қайтишда қўл кўтариш)ини эллик марта кўрган" деди. (Имом Таҳовий ривоятлари)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳуга нисбатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кўп бўлганлар ҳамда У зот имом бўлганларида яқинроқ турганлар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда У зотга муҳожир ва ансорлар яқин туриб, қандай намоз ўқишларини ёдда сақлаб қолишларини яхши кўрар эдилар.
6. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (намозда) муҳожир ва ансорлар (қандай намоз ўқилишини) ёдлаб олишлари учун яқинроқ туришларини яхши кўрар эдилар". (Имом Таҳовий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айнан ўша яқин бўлиши керак бўлган саҳобалардан эдилар.
7. Асваддан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади". (Имом Таҳовий ривоятлари)
Ибн Қосим айтади: "Моликнинг наздида такбири таҳримадан бошқа ўринда икки қўлни кўтариш заиф эди".
Имом Молик табаа тобеинларнинг улуғларидандир. Унинг сўзи тобеинлар замонида руку ва ундан туриш пайтида икки қўлни кўтариш тарк қилинган амал эканига далолат қилади.
Биз ҳанафийлар ҳам такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтариш суннат, дейдиганларга у ҳадислар насх бўлган, деб жавоб берамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, бу борадаги саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлиб қолса, қиёс устун қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак. Бу борада Аллоҳ таоло "Мўъминун” сурасида шундай марҳамат қилади:
"Мўминлар нажот топдилар, улар намозларида хушуъ қилган зотлардир" (1-2-оятлар).
Элликка яқин саҳоба намознинг бошида, яъни такбири таҳримада қўл кўтаришни ривоят қилишган. Улар рукуда ва рукудан бош кўтаришда қўлни кўтаришни эса ривоят қилишмаган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида: "Қўллар фақат етти ўринда кўтарилади", дейилиб шулар жумласидан намозга киришиш пайтидаги қўл кўтариш айтилган.
Демак, ҳукми суннат бўлган масалада ихтилоф чиқармаслик керак. Бундай ихтилоф чиқариш ҳаром бўлиб, кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади. Бунинг устига рафъул ядайн қилмасдан ўқиш ҳақида ҳам ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг саҳиҳ сўзлари келтириб ўтилди. Уларга амал қилиш ҳам айни суннатга амал қилишдир. Энг муҳими ҳамма ўзининг мазҳабига амал қилса, мусулмонлар ўртасида бирдамлик, якдиллик давом этади. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase