Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин "омин” айтиш суннат ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Қачон имом: "Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооллийн", деса: "Аамийн", денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади", дедилар". (Имом Бухорий ривоятлари]
Ҳанафий мазҳаби ва моликий мазҳабида намозхон "омин”ни овоз чиқармай, ўзи эшитадиган даражада айтади. Бунинг ҳукми барча фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
"Намоз ўқигувчи "Фотиҳа" сурасини қироат қилишдан фориғ бўлса, "омин” дейди. "Омин” дейишдаги суннат махфий қилмоқликдир. "Муҳит" китобида шундай баён қилинган. Оминни ёлғиз ўқигувчи ҳам, имом ҳам, муқтадий (Фотиҳа сурасини) эшитадиган бўлса, муқтадий ҳам айтади” ("Оламгирия" китоби).
Ҳанафий ва моликий мазҳабида "омин"ни махфий айтиш суннатлиги айтилган бўлса, Шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш суннатлиги таъкидланган.
Шофеий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари ўзларининг сўзларига қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилиб келтиришади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон имом "Омин" деса сизлар ҳам "Омин" денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар". (Имом Бухорий ривоялари)
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо қилувчилар "Омин"ни имомнинг "Омин"ига қўшиб айтишларини айтмоқдалар. Бу эса орқадагилар имомнинг "Омин"ини эшитганликларига далолат қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
"Одамлар "Омин”ни тарк қилишди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон "Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооллийн", айтсалар: "Аамийн", дердилар. Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар, у билан масжид ларзага келарди".
Оминни овоз чиқармасдан айтиш суннат деган уламолар бу ҳадисларга қуйидагича жавоб берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачон имом "Омин" деса сизлар ҳам "Омин" денглар, деган гапларида очиқ ойдин оминни овоз чиқариб айтишга далолат йўқ. Уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги: "Қачон имом "Омин" деса сизлар ҳам "Омин" денглар, деган сўзларини мажозга ҳамл қилишади. Яъни имом омин дейишни ирода қиладиган ўринда "Омин" денглар, деган маъно тушинилади. Чунки юқорида ўтган бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон имом: "Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооллийн", деса: "Аамийн" денглар", деганлар. Бу икки ҳадисни ўртасини жамлайдиган бўлсак, имом “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн"ни айтиб, "омин"ни айтадиган ўринда муқтадий ҳам "омин"ни айтади.
Бир иш қилишни ирода қилган кишига нисбатан ўша ишни қилди ёки ўша ишни қилса, деб мажозан айтиш Қуръонда ҳам мавжуд.
Аллоҳ таолонинг "Моида" сураси 6-оятида:
"...қачон намозга турсанглар...”, деган сўзига ўхшайди. Бунда қачон намозга туришни ирода қилсанглар”, деган маънони тушунилади. Бу ояти карима таҳорат ҳақида бўлиб, намоз ўқишга турган одам таҳорат олмайди, балки намоз ўқишни ирода қилган киши таҳорат олиб сўнг намоз ўқигани туради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Омин” деганларини биринчи саф эшитиб, масжид ларзага келиши ҳақидаги ҳадиснинг санадида ҳам матнида ҳам муаммо бор. Унинг санадида Бишр ибн Рофеъ бўлиб, Имом Бухорий: "Унинг ҳадисига эргашилмайди”, деганлар.
Ҳадиснинг матнидаги муаммога келсак: "У билан масжид ларзага келарди”, деган жумла "Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар эди", деган жумлага хилофдир. Чунки масжид ларзага келадиган даражада овоз бўлса, уни фақат биринчи сафдагилар эшитмаган бўлар эди.
Имомга яқин турган ёки унинг ёнида турган муқтадий имомнинг махфий ўқиган нарсаларини гоҳида эшитиши мумкин. Бу билан жаҳрий қироат қилди дейилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга пешин намозини ўқиб берганларида баъзан Фотиҳадан кейинги суранинг бир ёки икки оятларини эшиттириб қўярдилар. Маълумки, махфийликнинг энг ками ўзи ва ўзига яқин турган кишининг эшитишидир. Агар бир ёки икки киши эшитса, у жаҳрий бўлавермайди. Бизнинг наздимизда бу борадаги барча ҳадислар "Омин"ни таълими учун айтилганига ёки ровийнинг баъзилар эшитганини мутлақ қилиб ривоят қилганига ҳамл қилинади.
Оминни овоз чиқармасдан айтиш афзал деган уламолар юқоридаги далиллардан бошқа далиллар ҳам келтирганлар ва бу далилларига оминни овоз чиқармасдан айтиш суннат дейдиган уламолар бирма-бир жавоб бериб чиққанлар. Биз бу ерда барча эътироз ва раддияларни келтирмадик.
"Омин”ни махфий айтиш суннатлигига саҳобаи киромларнинг сўзлари ва амаллари ҳам далил бўлади.
Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
Яъни: Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар "(Намоз ичидаги) Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, "аъуузу"ни ҳам, "омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар" (Имом Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг "омин”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади.
Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам "омин”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънода, бошқа саҳобаи киромларнинг ривоятларни ҳам келтирганлар.
Уламоларимиз "Омин"ни махфий айтиш суннат эканига ақлий далиллар ҳам келтиришган.
"Омин" лафзи дуодир. Унинг маъноси "ижобат қил", яъни "дуони қабул қил", демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
Яъни: "Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай" [Аъроф сураси, 55-оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дедилар:
Яъни: "Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади" (Имом Абу Шайх ривояти).
Муҳаддис Ибн Ҳиббон ўзларининг “Саҳиҳ”ларида марфуъ ҳолда шундай ривоят қилганлар: яъни: "Дуонинг яхшиси махфийсидир".
Демак, "омин"ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.
"Омин" лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. "Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам "Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди "омин"ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!
Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар "омин"ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У Зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб "омин”, деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса, имомга иқтидо қилган кишиларнинг "омин"ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига мувофиқ ибодат қилишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан