close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш

Инсоннинг яратган Роббисидан ўз ҳожатларини сўраши дуо дейилади. Динимизда дуога нафақат тарғиб қилинган, балки дуо қилган бандани Аллоҳ яхши кўриши, аксинча дуо қилмай, ўз ҳожатларини Аллоҳдан сўрамасдан юрган бандага Аллоҳнинг ғазаби келиши баён қилинган. Дуо ибодатнинг мағзи экани ва яна жуда кўп фазилатлари борлигини кўришимиз мумкин.

Инсоннинг яратган Роббисидан ўз ҳожатларини сўраши дуо дейилади. Динимизда дуога нафақат тарғиб қилинган, балки дуо қилган бандани Аллоҳ яхши кўриши, аксинча дуо қилмай, ўз ҳожатларини Аллоҳдан сўрамасдан юрган бандага Аллоҳнинг ғазаби келиши баён қилинган. Дуо ибодатнинг мағзи экани ва яна жуда кўп фазилатлари борлигини кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло Ўз каломида бу улкан ибодатни қандай бажаришни, унда банда ожизлик, шикасталик билан ўзининг айбу нуқсонларини эътироф этган ҳолда туриши кераклигини, шундагина унинг дуоси тезроқ ижобат бўлишини баён қилган. Жумладан Аъроф сураси, 55-оятида Аллоҳ таоло "Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг..." дея марҳамат қилган.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуонинг ижобат бўладиган вақтларини ҳам баён қилганлар. Ана шу дуо ижобат бўладиган вақтлардан бири фарз намозлардан кейинги вақтдир. Шуни таъкидлаш лозимки, намоздан кейин қилинадиган бу каби амаллар Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида мустаҳабдир, яъни қилса савоб, бажармаса гуноҳ бўлмайдиган амалдир. Лекин, шайтон доимо мўминни солиҳ амаллардан тўсиб, уни турли бидъатларга қориштириб, амалининг ҳабата бўлишига ҳаракат қилади, жумладан, дуодан ҳам уни узоқлаштирмоқчи бўлади.
Ҳадиси шарифларда намоздан кейинги зикрлар борасида кўпгина кўрсатмалар келган. Шуни алоҳида таъкидлаб айтиш зарурки, дуо ижобат бўладиган вақтлардан бири айнан намозлардан кейинги вақтдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган:
Саҳобаи киромлар "Эй Расулуллоҳ, энг эшитилувчироқ, энг қабул бўлувчироқ дуо қайсидир?", деб сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай марҳамат қилганлар:
"Энг ижобатга яқин дуолар кечанинг охирида ва фарз намозлари кетидан қилинганларидир". (Имом Термизий Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган)
Муҳаммад ибн Аби Яҳё айтадилар: "Мен Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни кўрдим. У зот бир кишини намоздан фориғ бўлмай қўлларини дуога кўтарганлигини кўрди. Қачонки у намозини тугатгач Абдуллоҳ ибн Зубайр унга: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлмай туриб қўлларини дуога кўтармас эдилар", деди.
Имом Муслим ва имом Термизийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозидан кейин "Аллоҳумма антас салам. Ва минкас салам. Табарокта я зал жалали вал икром", дуоси миқдорича ўтирар эдилар холос" деганлар.
Демак, юқоридаги ҳадислар билан фарз намозларидан кейин дуо қилишнинг асли бор эканлиги маълум бўлмоқда. Шу жойда яна бир савол туғиладики, ортида суннат намозлари бўлган фарз намозларида дуо қачон қилинади? Суннат намозларни ҳам ўқиб сўнг дуо қилинадими ёки фарздан кейин дуо қилиб ундан кейин суннат ўқиладими?
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар китоблардан бўлмиш "Дуррул Мухтор" китобида шундай дейилади:
"Имом Бомдод ва Аср намозларидан сўнг дуога машғул бўлади. Чунки, ушбу намозлардан кейин уларга тобеъ бўлиб ўқиладиган суннат намозлари йўқ. Аммо, Пешин, Шом ва Хуфтон намозларининг фарзидан кейин узоқ ўтириб қолиш, макруҳдир. Чунки, ушбу намозларнинг фарзидан кейин суннатларига киришиш мустаҳабдир". Ҳанафийларнинг яна бир манбасида бундай келган:
"Имом фарз намозини ўқиб салом бергач, "Аллоҳумма антас-салам. Ва минкас-салам. Ва илайка яуъдус-салам. Табарокта я зал жалали вал икром" дуосини ўқиш миқдорича ўтириши мустаҳаб. Ундан сўнг суннатни адо қилиш учун туради".
Лекин, орқасида суннати бўлган намозларда тасбеҳларни суннат намозларидан кейин бажариш афзал ва авлодир (Таҳтовий, 171-саҳифа).
Баъзи уламолар фарзни ўқиб бўлгач суннатга киришишдан олдин дуо қилади, чунки ҳадисда айнан шундай кўрсатилган, дейдилар. Жумладан "Ал-Кавкабуд дуррий" китобида мана бундай келган: "Фарз намозлардан кейин суннатга киришмасдан дуо қилиш, ҳожатларини сўраш афзалдир. Чунки, бу пайтда дуонинг ижобати ҳадис билан собит бўлгандир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки фарз намоздан кейин Роббисига қўлини кўтариб юзланмаса, У Зотдан "Эй, Роббим!, Эй Роббим!” деб ҳожатларини сўрамаса, бас у нуқсондадир”, деганлар” (291-саҳифа). Аммо, бу олимларнинг гапларига Ҳанафий уламолардан Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича жавоб берганлар:
"Аммо, намоздан кейинги зикрлар бобида келган ҳадисларда зикр ва дуоларни суннатдан олдин бажариш кераклигига далолат йўқ. Балки, бу ҳадислардан зикр ва дуоларни суннатлардан кейин бажариш кераклиги тушунилади. Чунки, суннат намозлар фарзга тобе бўлувчи, унга эргашувчи ва фарзни тўлдирувчидир. (Роддул Муҳтор, 1-жилд, 552-саҳифа).
Фарз намозлардан кейин дуо қилиш маҳбуб амал эканлигини юқоридаги ҳадислардан кўриб ўтдик. Демак, унинг кайфиятида ҳам суннатга эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун ҳам уламолар намоздан кейинги дуоларни араб тилидан бошқа тилда қилиш хилофу авло, яъни афзал иш эмас дейишган. Шундай экан имкон борича суннатда келган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари таълим берган дуоларни қилиш афзал бўлади, дейдилар (Фатово Раҳимия, 6-жилд, 82-саҳифа).
Яна ҳам эслатиб қўйиш жоизки, дуонинг энг мақбул ва матлуб кўриниши махфий бўлганидир. Зотан Аллоҳ таоло Ўз каломида бизларга дуонинг одобини таълим бериб: "Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг..." дея марҳамат қилган (Аъроф сураси, 55-оят). Фиқҳий манбаларимиздан "Оламгирия” китобида қуйидагича келган: «Дуода овозни махфий қилиш суннатдир» (1-жилд, 239-саҳифа).
Имом Табароний "Мўъжамут Табароний”да келтирадилар:
Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади. У дуоси ижобат инсон эди: "Ҳабиб ибн Маслама бир кун одамларга: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: "Бир жамоат тўпланиб баъзиси дуо қилса, қолганлари "Омин, омин" деб турса, Аллоҳ албатта, уларнинг дуосини ижобат қилади" деганларини эшитганман" дедилар. Мазкур ривоятдан, намозлардан кейин имомнинг дуо қилиши, муқтадийларнинг "Омин, Омин" деб туриши мутлақ асоссиз амал эмаслиги маълум бўляпти. Шу билан биргаликда бундай қилишни фарз, вожиб, суннат ёки намознинг ажралмас бир қисми деб эмас, балки сўзимизнинг аввалида айтганимиздек мустаҳаб (қилса савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайди), деб билмоғимиз даркор. Чунки, "Мароқил Фалоҳ" китобида қуйидагича келтирилади:
Мусанниф роҳимаҳуллоҳ "Мароқил фалоҳ"да айтадилар: "Намозхон намозини адо қилгач, хоҳласа ўзининг юмушлари учун кетиши мумкин”. Чунки, Аллоҳ таоло: "Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг..." деган (Жумъа сураси, 10-оят).
Юқоридаги маълумотлардан хулоса шуки, фарз намозларида имом салом бергандан сўнг ҳар ким ўзича дуо қилиши мустаҳаб амал экан. Имом Термизий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар; “Намознинг калити таҳорат, унга киришиш такбир билан, ундан чиқиш эса салом биландир”. Ҳадиси шарифдан маълум бўляптики, имом салом бериб намозни тамомлагандан сўнг унга эргашиш ниҳоясига етади. Шундан сўнг муқтадий хоҳласа имомни кутмай суннат намозларига киришиши ёки ўзи хоҳлаганча дуолар қилиши ёхуд бошқа бир юмуши билан машғул бўлиши мумкин (Илмий ва таҳқиқий рисолалар, 6-жилд, 457-458-саҳифалар). Ҳар бир амал суннатга мувофиқ бўлсагина ибодат ҳисобланади. Акс ҳолда зоҳиран ибодатга ўхшасада суннатга зид бўлиб инсонни маъсиятга ботириши мумкин. Шунинг учун имом намоздан сўнг суннатда келган дуоларни қавмга ўргатиш, таълим бериш маъносида жаҳрий ўқиса, қолганлар уни тинглаб туришида зарар йўқ.
"Оламгирия" китобида қуйидагича келтирилган:
"Агар имом Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуоларни атрофидаги қавмга ҳам ўргатиш учун овозини жаҳрий қилиб ўқиса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ". Шундай экан намоздан кейин жамоавий дуо қилиш фарз, вожиб ёки суннат эмас, балки мустаҳабдир. Зеро, имом Нававий "Шарҳи Муҳаззаб”да шундай келтирган:
"Ҳар бир фарз намозидан сўнг дуо қилиш, имом учун ҳам муқтадий учун ҳам ёлғиз намоз ўқиган киши учун ҳам бехилоф мустаҳабдир".
Демак, имом суннатда келган дуоларни қавмга таълим бериш маъносида овоз чиқариб ўқиса, муқтадийлар унга қулоқ тутиб, махфий тарзда "Омин" деб туриши ҳамда шундай қилиш лозим деб, эътиқод қилмай гоҳ-гоҳ тарк қилиб бажаришида зарар йўқ. Шу билан бирга кимдир бу амални бажармаса уни адашганликда айблаш ва маломатлаш тўғри бўлмайди. Тавфиқ Аллоҳдан.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase