«Бомдод намозида азон ва иқомат ўртасида икки марта «Ҳайя ъалас-солаҳ» ҳамда «Ҳайя ъалал-фалаҳ», деб тасвиб қилиш яхшидир». Чунки бомдод уйқу ва ғафлат вақтидир.
«Бошқа намозларда тасвиб қилиш макрухдир». Тасвиб деб, бир марта эълон қилгандан сўнг яна қайта билдиришга айтилади. Тасвиб қилиш одамларнинг урфига биноан бўлади. Тасвиб асҳоби киромлар замонидан сўнг инсонларнинг ҳолати ўзгаргани сабабли Куфа уламолари тарафидан жорий этилган. Улар бомдод намози вақтини тасвиб билан хослаганлар. Бунинг сабаби юқорида зикр қилинди. Мутааххир уламолар эса инсонларда диний ишларга нисбатан сусткашлик зоҳир бўлгани боис, барча намозларда тасвиб қилишни маъқул кўрганлар.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен барча намозларда муаззин амирларга қарата: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, эй амир! «Ҳайя ъалас-солаҳ», «Ҳайя ъа-лал-фалаҳ». Аллоҳ сизга раҳм қилсин!» дейишида бирор зарар бор деб билмайман».
Лекин Имом Муҳаммад рахимахуллох бундай қилишни тўғри бўлмайди, деган. Чунки инсонлар жамоат ишларида баробардирлар.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ тасвибни амир ва ҳокимлар учун хослаганига сабаб шуки, улар кўпроқ мусулмонларнинг ишлари билан машғул бўладилар. Улар жамоат намозидан қолиб кетмасликлари учун (тасвиб қилинади). Қози ва муфтий ҳам амирнинг ҳукмида бўлади.
Шарҳ: «Тасвиб»нинг луғавий маъноси «қайтариш»дир. Савоб лафзи ҳам шу калимадан олинган бўлиб, инсоннинг қилган амалларидан бирор манфаат қайтишига савоб дейилади.
Шаръий истилоҳда тасвиб деб, бир марта эълон қилгандан сўнг яна қайта эълон қилишга айтилади.
Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Азон ва иқомат ўртасида намозни эълон қилишга тасвиб дейилади».
Тасвиб икки қисмга бўлинади:
Биринчиси - тасвиби қадим. Унга бомдод намозида айтиладиган «Ас-солату хойрум-минан-навм» калимаси мисол бўлади. Фахрул ислом раҳимаҳуллоҳ наздидаги саҳиҳ қавл шуки, бомдоддаги бу тасвиб азондан кейин бўлган. Яъни бу калима азон ва иқомат ўртасида айтилган. Бу қавл «Китобул осор»да Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган. Лекин кейинги давр уламолари бу калиманинг азонда «Ҳайя ъалал-фалаҳ» калимасидан кейин айтилишини жорий қилганлар. Бу калима ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу тарафидан айтилгани учун уни энг қадимий тасвиб деб эътироф этадилар.
Иккинчиси - тасвиби мувдас (янги пайдо бўлган тасвиб). Унда азон ва иқомат ўртасида «Ҳайя ъалас-солаҳ», «Ҳайя ъалал фалаҳ» ёки урфда шунга далолат қилувчи лафзлар ишлатилади. Яъни бу турдаги тасвиб учун махсус калималар қайдланмаган. Мисол учун, «Ас-солат, Ас-солат» ёки «Иқомат, иқомат» каби лафзлар. Ҳаттоки «Намоз вақти бўлди» дейиш ёки томоқни қириб кўйиш билан ҳам тасвиб қилиш мумкин. Хуллас, одамлар ўртасидаги урфда кайси бир калима намозга чорлашга далолат қилса, ўша лафз тасвиб ҳисобланади.
Иккинчи турдаги тасвиб мухдас (янги пайдо бўлган) деб аталишига сабаб шуки, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида ҳам, асҳоби киромлар замонасида ҳам мавжуд бўлмаган. «Ас-солату хойрум-минан-навм» калимаси эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан иқрор қилинган. Асҳоби киромлар замонасида ҳам бу калима азон ва иқомат ўртасида айтилган. Шу эътибордан у мухдас саналмайди. Тасвиби мухдас эса тобеъинлар замонасида жорий этилган. Чунки уларнинг давридан бошлаб одамлар ўртасида диний ишларда сусткашлик намоён бўла бошлаган. Шу эътибордан Куфа уламолари буни жорий этганлар. Мутааххир уламолар уни ҳасан деб ҳисоблашган.
Савол: Тасвиби мухдас фақат бомдод намозига хосми ёки бошқа намозларда ҳам тасвиб қилса бўладими?
Жавоб: Мутақаддим уламолар тасвиб фақат бомдод намозида жоиз бўлади, деганлар. Чунки бу вақт уйқу ва ғафлат вақтидир. Бошқа намозларда тасвиб қилиш дуруст бўлмайди. Сабаби, улар ғафлат вақти ҳисобланмайди. Бу борада «Сунани Термизий» ҳамда «Сунани Ибн Можа»да Билол розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бомдод намозидан бошқа бирор намозда тасвиб қилмасликка буюрдилар».
Яна бир ривоятда келтириладики, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бир муаззиннинг хуфтон намозида тасвиб қилаётганини кўради ва:
«Бу бидъатчини масжиддан чиқаринглар», дейди.
Мутааххир фуқаҳолар наздида тасвиби мухдас барча намозларда жоиздир. «Айнул ҳидоя» соҳиби «Шарҳун-Ниқоя» китобининг ҳаволаси билан қуйидаги қавлни зикр қилади: «Мутааххир уламолар наздида шом намозидан ташқари барча намозларда тасвиб қилиш ҳасан ишдир. Бунга далил шуки, инсонларда диний ишларга нисбатан сусткашлик зоҳир бўла бошлаган. Ана шу сусткашлик эътиборидан бошқа намозларда ҳам тасвиб килиш жоиз бўлади».
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида қози ва ҳокимлар учун бомдод намозидан бошқа намозларда тасвиб қилиш мустаҳаб бўлади. Уларга қуйидаги лафзлар билан тасвиб қилинади: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, эй амир! Ҳайя ъалас-солаҳ, Ҳайя ъалал-фалаҳ. Аллоҳ сизга раҳм қилсин!»
Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эса бундай қилиш тўғри бўлмайди. Чунки шариат ишларида ҳамма одамлар баробар бўлади. Шу эътибордан амир ва ҳокимларни тасвиб учун хослаш тўғри бўлмайди.
Бу борада Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг далили шуки, амир ва ҳокимлар мусулмонларнинг юмуши билан машғул бўладилар. Шунинг учун уларга азондан сўнг намоз вақтини алоҳида эълон қилиш лозим бўлади. Шу йўл билан улар жамоат намозларидан қолиб кетмасликларига аҳамият қаратилади. Мусулмонларнинг ишларига масъул бўлган бошқа мансаб эгалари ҳам шу ҳукм остига киради. Масалан, муфтий, қози ва ҳоказо.
Фойда: Азондан кейин қирқ оят ўқиш мумкин бўлган микдоргача туриб, кейин тасвиб қилиш афзал бўлади.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан